+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ҲУҚУҚИНИ БИЛГАН ҲАЁТДА ҚОҚИЛМАЙДИ

Мутахассис минбари

Инсон дунёга келар экан, унинг шахс сифатида тарбияланиши, камол топиши учун энг аввало, ота-она масъул ҳисобланади. Фарзандлар вояга етишлари давомида келгусида оила қуришга ҳам тайёрланадилар. Табиийки, ҳаётда ҳар биримиз қайсидир жамоа таркибида бўламиз.

Ўқиймиз, ишлаймиз, қайсидир йўналишда фаолият юритамиз. Шахсимизни тасдиқловчи ҳужжатлар эса бизга доимо ҳамроҳ. Баъзан, ана шу ҳужжатларни вақтида расмийлаштирмаслигимиз, ҳуқуқий билимларимизнинг етарли эмаслиги, бепарволигимиз оқибатида турли муаммоларга дуч келамиз.

Ҳамкор ташкилотлар вакиллари, маҳалла фаоллари билан биргаликда хонадонларга кириб, оилаларнинг турмуш шароитлари, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш жараёнида фарзанди туғилганига анча вақт бўлган бўлса-да, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олмай юрган ёки шаръий никоҳ асосида яшаб келаётган оилаларнинг борлигига гувоҳ бўлдик. Минг афсуски, орамизда шаръий никоҳ асосида яшаб, маълум вақт ўтгандан сўнг ажрашиб, фарзандларини аро йўлда қолдираётган кимсалар ҳам бор.

Ана шундай ноҳуш ҳолатларга йўл қўймаслик, умуман, аҳолининг мазкур йўналишдаги ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришга қаратилган ишлар самарадорлигини оширишда Юртбошимизнинг 2018 йил 12 июндаги "Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизимини янада таколмиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу ҳужжат аҳолига мазкур соҳада сифатли давлат хизматлари кўрсатиш борасидаги ишларни янада юқори    босқичга кўтармоқда.

Туманда юқоридаги қарор ижросини таъминлашга қаратилган қатор ишлар олиб борилмоқда.  Жумладан, маҳаллалардаги ҳар бир оила хатловдан ўтказилди, оилалардаги ФҲДЁ идораси билан боғлиқ ҳужжатларда камчилик ёки муаммоси бор оилалар, фуқаролар аниқланиб, уларга зарур тавсия ва маслаҳатлар берилиб, амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Яқинда туманимиздаги маҳаллалардан бирида ёши 20 дан ошган, мактаб ва коллежни тамомлаган бир қиз туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олмагани маълум бўлди. Ота-онаси, атрофидагиларнинг лоқайдлиги сабабли ўз вақтида олинмаган ҳужжат ёзилиб, қизимизга топширилди. Бироқ шу вақтга қадар на ота-она, на таълим муассасалари қизнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси мавжуд эмаслигигига бепарво қарагани  бизни таажжубга солди.

Маҳалла мутасаддилари ҳар бир оиладаги ўзгаришлар (фарзанд туғилиши, ўлим ҳолати, турмуш қураётганлар, ажримлар) дан доимо бохабар бўлишлари лозим.  Шу маънода бўлимимиз маҳалла фуқаролар йиғинлари, "Оила" илмий-амалий  тадқиқот маркази билан ҳамкорликни янада кучайтирмоқда. Айниқса, эрта ва шаръий никоҳларнинг олдини олиш, никоҳ ўқишга ваколати бўлмаган норасмий муллалар фаолиятига чек қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 Оила қуриш - буюк мақсадлар олдидан бирлашиш учун илк қадам. Аммо, унинг давом этиши ўзидан-ўзи, осон кечмайди. Бу, қолаверса, одамларнинг ҳаётда турли муаммолар гирдобига тушиб қолмаслиги  кўп жиҳатдан фуқароларнинг тарбияси, одоб-ахлоқи, билими ва албатта, ҳуқуқий саводхонлигига боғлиқ. Шу боис ҳам юртдошларимиз, айниқса, опа-сингилларимизнинг ҳуқуқий билимларини юксалтириш доимий эътиборимиздаги масаладир.

Фуқароларимиз қачонки, ўз ҳуқуқ ва бурчларини яхши англаб етса, ҳуқуқий саводхон бўлса, мавжуд қонунларга қатъий амал қилиб яшаса, ҳаётда қоқилмайди, оилада, жамиятда ўз ўрнини топа олади. Биз - ФҲДЁ идораларининг асосий мақсади ҳам айнан ана шунга эришишдир.

 

Светлана УСМАНОВА,

 

Булоқбоши тумани ФҲДЁ бўлими мудираси.

"АЁЛЛАР - ИННОВАЦИОН РИВОЖЛАНИШ ТАРАФДОРИ"

2018 йил - фаол тадбиркорлик ва инновацион технологияларни қўллаб-қувватлаш йили

Тошкент давлат аграр университети Андижон филиалида "Инновацион технологияларни ривожлантиришда таълим, фан ва бизнес тизимлари ўзаро алоқаларига оид долзарб масалалар" мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси вилоят кенгаши, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, "Олима" уюшмаси ҳамкорлигида партиянинг "Аёллар - инновацион ривожланиш тарафдори" лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбирда халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари депутатлари, вилоятдаги олий ўқув юртлари, илмий марказларда фаолият юритаётган олималар, докторант, ихтирочи, муҳандис ва конструкторлар, тадбиркор ва фермер хотин-қизлар, иқтидорли талабалар иштирок этди.

Вилоятда инновацион технологияларни ривожлантиришда таълим, фан ва бизнес соҳаларининг ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаш, мазкур йўналишда фаолият юритаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, қолаверса, тадбиркорлик ва фермерликни ривожлантиришда хотин-қизлар фаоллигини ошириш, инновацион лойиҳалар, ғоя ва ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга кўмаклашиш мақсадида ўтказилган тадбирда олималарнинг илғор ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар кўламини кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 сентябрдаги "Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори мазмун-моҳияти, ушбу ҳужжатда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашдаги муҳим масалалар, шунингдек, олима аёлларнинг инновация йўналишидаги фаолиятига, улар томонидан яратилган илғор технологияларни амалиётга татбиқ этишга тўсиқ бўлаётган муаммолар, олиб борилаётган фундаментал тадқиқотлар кўлами ва сифатини ошириш хусусида фикр алмашилди.

Семинар доирасида фан, таълим ва маданият йўналишларида хотин-қизлар, иқтидорли талабалар томонидан ишлаб чиқилган инновацион лойиҳалар кўргазмаси ташкил этилди. Қатор янги лойиҳалар, рационализаторлик таклифларининг тақдимоти ўтказилди, уларни амалиётга татбиқ этиш бўйича таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

- Семинарда жамоамизнинг олти нафар вакиласи инновацион ғоя ва илмий ишланмалари тақдимотини ўтказди, - дейди Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали профессори, вилоят "Ихтирочи аёллар" уюшмаси раиси Махфузахон Юсупова. - Қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлигини, ҳашорат ва зараркунандаларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга оид ишланмалар иштирокчилар, айниқса, фермерларда катта қизиқиш уйғотди.

Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.

Умидахон ИСАЕВА,

ЎзЛиДеП вилоят кенгаши "Аёллар қаноти" раҳбари.

"Соғлом аёл ойлиги" юқори савияда ўтказилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан мамлакатимизда 20 сентябрдан 20 октябргача "Соғлом аёл ойлиги" ўтказилмоқда. Ойлик доирасидаги тадбирлар вилоятимизда ҳам юқори савияда бўлиб ўтмоқда.

Ойликни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, тиббиётимизнинг муҳим ютуқларидан ҳар бир инсонни баҳраманд этиш, ўсмир қизлар ва фертиль ёшдаги аёлларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтиришдан иборат.

- Ойликни самарали, аниқ ва тизимли ўтказиш бўйича аниқ чоралар ишлаб чиқилган, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш   бошқармаси оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Гулнахор Абдуллаева. - Бунинг учун ҳар бир умумий амалиёт шифокори ва патронаж ҳамширага ўз ҳудудидаги туғруқ ёшидаги аёлларни қайта хатловдан ўтказиш, уларни аниқ режа асосида тиббий кўрикка чақириш тавсия этилган. Вақти белгиланган чақириқ варақалари патронаж ҳамшира ва "Саломатлик мактаби" аъзоси томонидан ҳар бир аёлга шахсан тақдим этилади ва кўрикдан бир кун олдин, аёлга яна бир бор эслатилади. Тиббий кўрикка аёллар тартиб билан, режа асосида "Саломатлик мактаби" фаоллари ёрдамида жалб этилмоқди.

Айни кунларда қишлоқ врачлик пунктлари, қишлоқ оилавий поликлиникалари ва шаҳар оилавий поликлиникалари, туман ва шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникалари томонидан ойлик доирасидаги тадбирлар, тиббий кўриклар талаб даражасида ва юқори савияда ўтказилмоқда.   Тиббий кўрикларни самарадорлигини ошириш мақсадида  олимлар, малакали шифокорлар ҳамда патронаж ҳамширалар ҳам жалб этилган.

Ойлик доирасида 700 мингдан зиёд фертиль ёшдаги аёллар ва ўсмир қизларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш режалаштирилган. Мактаб, коллеж ва лицейларда ҳам тиббий кўрик ва соғломлаштириш акциялари ташкил этилади. Аёллар ўртасида репродуктив саломатликни асраш, исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш, бехатар оналик, ўсмир қизлар ўртасида учрайдиган тиббий муаммоларнинг олдини олиш борасида мулоқот ва суҳбатлар уюштирилади.

Тиббий кўриклар жараёнида аниқланган касалликлар амбулатор ва стационар шароитда даволанишга йўналтирилмоқда.  Ихтисослашган тиббий ёрдамга муҳтожларни вилоят ва республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ва уларнинг вилоят филиалларида соғломлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Отинойилар ҳиммати

Пахта-2018

Бўз туманидаги "Сариқ жўга" маҳалла фуқаролар йиғини отинойиси Жанонхон Зокирова ташаббуси билан тумандаги барча отинойилар пахта теримида фаол қатнашмоқда. Айни кунда улар Манноп Жалолов массивидаги "Нурафшон нуфузи" фермер хўжалиги пахта далаларида жонбозлик кўрсатмоқдалар.

- Отинойиларнинг эзгу ташаббусидан барча мамнун, - дейди туман бош отинойиси Муаззамхон Жўраева. -Туманимиздаги мавжуд 25 маҳалла отинойилари ушбу хайрли ишга камарбаста бўлиб, пахта хирмонининг юксалишига баҳоли қудрат ёрдам бермоқда. 

Пахта - халқимизнинг миллий бойлиги. Отинойилар барча хашарчилар қатори ана шу бойликни нест-нобуд қилмай, бир мисқоли қолгунча териб олишга астойдил бел боғлаганлар.

 

 

Илҳомжон ТОЖИБОЕВ

"Менинг ўрним оилада, жамиятда"

танлов

"Уз Донг Янг Ко" Ўзбекистон-Корея қўшма корхонасида "Менинг ўрним оилада, жамиятда" деб номланган кўрик-танлов бўлиб ўтди.

Танловда корхонанинг 5 нафар ишчи аёллари ўзларининг ишда ва оилада қанчалик фаол, зукко, уддабурон ва оқила эканликларини намойиш этиб, ғолиблик учун ўзаро беллашдилар. 

- Корхонамизда 170 нафардан зиёд хотин-қиз меҳнат қилади, - дейди қўшма корхона бошланғич хотин-қизлар ташкилоти раиси Шоҳистахон Назирова. - Уларни нафақат ишлаб чиқаришда самарали меҳнат қилиши, балки, ишдан бўш вақтларини ҳам мазмунли ўтказиши, оиласи тинч ва фаровон бўлиши учун ҳаракат қилаяпмиз. Ходимлар бепул тушлик билан таъминланади, корхонамиз тиббиёт пунктида уларнинг саломатлиги доимий равишда текшириб борилади. Касаба уюшма қўмитаси томонидан сиҳатгоҳларга йўлланмалар, ҳайит-байрамларда мукофотлар ажратилади. Оиласида турли муаммоси бор аёлларга маънавий, амалий ёрдамлар кўрсатамиз.

Иштирокчи аёллар таништирув, савол-жавоб, пазандалик, эркин мавзу шартлари асосида ўз билим ва маҳоратларини намойиш этдилар. Моҳидил Бўтаеванинг моҳирона тугилган чучваралари, Шаҳноза Умаржонованинг қуш уяси шаклидаги салати, Нигора Эсонованинг барча саволларга зукколик ила жавоб қайтариши, барча келинлар иштирокидаги  саҳна кўриниши  ҳакамлар хайъати томонидан юқори баҳоланди. Якунда ҳар бир иштирокчи аёл "Моҳир келин", "Пазанда келин", "Билимдон келин" каби қатор номинациялар бўйича фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

Зилола ИБРАГИМОВА

Мукофотлар муборак, қадрли опа-сингиллар!

Президентимизнинг 2018 йил 28 сентябрдаги "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида" ги Фармонига асосан юртимиздаги бир гуруҳ таълим-тарбия тизими фидойилари фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирландилар. Мукофотланганлар орасида вилоятимиз вакилалари ҳам бор. Улар қуйидагилар:

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи» фахрий унвони билан:

Юлдашева Гулчеҳрахон - Андижон туманидаги  "Гумбаз" маҳалла фуқаролар йиғини раиси.

"Меҳнат шуҳрати" ордени билан:

Кадирова Равшаной Исмаилжановна - Андижон шаҳридаги 14-умумий ўрта таълим мактаби инглиз тили ўқитувчиси.

"Дўстлик" ордени билан:

Туйчиева Холидахон Рўзиевна - Қўрғонтепа туманидаги "Мурувват" ногирон болалар учун интернат уйи тарбиячиси.

"Шуҳрат" медали билан:

Пулатова Зиёда Турсуновна - Андижон туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси.

Саттарова Адинахон Мамадалиевна - Бўз туманидаги 15-умумий ўрта таълим мактаби география фани ўқитувчиси.

 

 Мукофот соҳибаларини газетамиз муштарийлари номидан муборакбод этамиз.

ИЗТИРОБ

Қалб  туFёни

 

Хиёнат. Бу сўз замирида дил оғриғи, кечирилмайдиган гуноҳ, ишончни йўқотишдек азоб ётаркан. Хиёнат инсонни ширин орзу-ҳаваслари, қувончу шодлигини бир ондаёқ зулмат қаърига ғарқ этаркан...". Суҳбатдошим бу сўзларни минг бир азоб билан айтар экан, беихтиёр кўзларидан ёш қуйилди. Шу онда унинг дарди, афсус-натоматга тўла ғамли нигоҳи юрак-бағримни эзиб юборди. У ҳозир шундай тушкун аҳволдаки, кимнингдир кўмагига муҳтож.  Англадимки, унинг кўнглини кўтаришим, унга кўмак беришим зарур. Ундан гап нимада эканлигини сўрадим.

"Турмуш ўртоғим, фарзандларимнинг отаси Салим акани ер-у кўкка ишонмасдим, менинг энг яқин инсоним, суянчиғим, дея меҳр қўйгандим. Одамларнинг узунқулоқ гаплари, миш-мишларига қулоқ солмасликка ҳаракат қилардим, телефондаги смс-у, тинчимни бузадиган қўнғироқларга аҳамият бермасликка уринардим.

"Ойни этак билан ёпиб бўлмайди" деганларидек, ойни юзидаги доғи мени ўзига тортди: Суҳроб ака - Хиёнаткор. Ҳа, у хиёнаткор, оилага, фарзандларига ва суйиб турмуш қурган аёлига ҳиёнат қилди. Биласизми, кўча-кўйда учрашиб, кўришиб юрганлари етмаганидек, у юзи қора аёл уялмай Салим аканинг келин тушираётган яқин дўстиникига тўйга келибди, гўё эримга вафодорлигини изҳор қилгандай. Буни эшитиб, юрагим тилка-пора бўлди, кўчада бош кўтариб юролмай қолдим. Ўттиз йил бирга яшаган турмуш ўртоғим менга бегонадай туюлди.

Бундай хиёнатга энди чидаб туролмайман. Бу эримнинг, ўша аёлнинг юзсизлиги, буни яна қандай аташни билмайман. Хўп, улар шундай тубанликка борибди, уларнинг атрофидагилар, эримнинг дўстлари бунга нима учун эътиборсиз, нима учун гуноҳ йўлда уни қайтармади? Мен нима гуноҳ қилдим, қаерда ҳато қилдим, билолмаяпман?

    У шу сўзларни айта туриб, юм-юм йиғлади. Мени ҳам йиғлатди. Бу аёлга нима деб далда беришга ожиз қолдим. Ўзимни тутиб, унга иродали бўлиши, фарзандлари учун қаддини тик тутиши лозимлиги, бир кун келиб турмуш ўртоғи қилган қилмишлари учун жазосини олишини, қилмишларидан пушаймон бўлиб,  бош эгишини айтиб ҳамдард бўлдим.

Суҳбатдошим исмини ҳам айтмади. "Бу менга берилган жазо", дея кўз-ёшларини яширишга уринди.

Бу жазо эмас, сизга берилган синов. Бу ҳаётда нималар бўлмайди, бу синовдан сабр-тоқат билан ўта олсангиз, ўзингизнинг оқилалигингизни, аёлнинг улуғлигини кўрсата олган бўласиз. Оилангиз шаънини юксакларга кўтарган бўласиз! Ялтироқ тош ёниб ўчганидай, бундай нохуш ҳолатлар кун келиб ўз-ўзидан барҳам топади. Шунда турмуш ўртоғингиз Сизни нақадар буюк аёл эканлигингизни англаб етади, қилган ишларида пушаймон бўлади. Ишонаманки, сиздан албатта, кечирим сўрайди. 

 

 

Ойгул ЭШМУРОДОВА

Бахиллик - гуноҳга етаклайдиган одат

Инсоннинг қалб касалликларидан бири - бу бахилликдир. Энг ёмон хулқлардан бири ҳам айнан бахилликдир. 

Уламоларнинг айтишича, бахиллик икки турга бўлинади: бири ўзида бор бўлган нарсага бахиллик қилиш, иккинчиси ўзгада бор нарсага бахиллик қилиш. Бахилликнинг энг ёмони кишини ўзига-ўзи бахиллик қилишидир. Бундай иллат билан хасталанган кишилар нафақат, ўзига, балки ўзга инсонларга, жамиятга ҳам зарар етказади.

Ислом таълимотига кўра, инсоннинг қўлидаги мол унга Аллоҳ ўз фазлидан берган омонатдир. Шунинг учун ҳар қандай орттирилган бойлик ва молни Аллоҳнинг розилиги йўлида  сарфлаш керак. Аммо, бахиллик қилиб, уни ҳеч бир нарсага сарфламай тўпласа, охир-оқибат яхшиликка олиб келмайди. Мол-давлат ортгани сайин у керакли жойга ёки муҳтож кишига сарфланмас экан, гуноҳлар ортиб бораверади.

Бухорий ривоят қилади: Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в): "Аллоҳ кимга мол берса-ю, у закотини бермаса, қиёмат куни мол унга икки каллали улкан илон бўлиб кўринади ва бўйнига ўралади, сўнгра икки чаккасидан тишлаб туриб мен молингман, мен сен тўплаган хазинангман, дейди", дедилар. Сўнг яна: "Аллоҳ ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қилганлар ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар", деб айтдилар.

Ривоят қилинишича, бир куни араб аёлларидан бири Оиша (р.а) онамиз ҳузурига келди.

Унинг бир қўли шол бўлиб қолган эди. Оиша онамиз қўли нима сабабдан шол бўлиб қолганлигини сўради. Аёл жавоб берди: "Кундуз ухлаб ётиб, туш кўргандим. Унда гўё қиёмат куни экан, ўртага мезон тарозуси қўйилган. Халқ бир ерга жамланган бўлиб, улар савол-жавоб қилинмоқда эди. Яна бир тўда одамлар зулматда, яна бошқа тўда одамлар нур билан чўмилган. Баъзилар қаттиқ азобланмоқдалар, яна бир хилгилари роҳатда эмиш. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳавзи кавсар ёнида сув билан косаларни тўлдириб, қақраб қолган мўьминларга улашмоқда.

Сўнг тўсатдан онам жаҳаннамда кийимсиз, чанқоқ ҳолатда туриб, дод-фарёд қилаётганини кўрдим. Бу ҳолга ҳеч ким парво қилмас эди. Шу пайт отам ҳам қўлларида коса, одамларга сув улашиб юрибди. Мен: Эй, ота-онамга қўлингиздаги сувдан беринг, дедим. Отам: сен билмасмидинг, онанг бахил аёл эди. Умрида бир маротаба ҳам фақирларга садақа бермаган, оч, муҳтож кишиларга ёрдам қўлини чўзмаган. Энди онанг қисматида бу шаробдан насиба йўқ, деб жавоб бердилар. Онамга раҳмим келиб, отам қўлидан косани тортиб олдим ва онамга сув олиб бориб ичирдим. Сўнгра менга хитоб келди. Эшитдимки, "ким бахилни чанқоғини қондирса, қўли шол бўлиб қолади". Қўрқиб уйғониб кетдим. Не кўз билан кўрайки, бир қўлим шол бўлиб қолибди", деди.

Қиссадан ҳисса шуки, бахиллик кишига бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик келтирмайди.

Аллоҳ барчаларимизни бахиллик иллатидан йироқ бўлишимизни насиб этсин.

Лобархон Раҳимова,

 

Қўрғонтепа тумани бош отинойиси.

"ИҚРОР" - КЎНГИЛ БИТИГИ

Китоб жавонингизга

"Андижон нашриёт-матбаа" масъулияти чекланган жамияти босмахонасида вилоятимизнинг фаол ва иқтидорли ёшларидан бири Мадинабону Ҳабибуллаеванинг "Иқрор" деб номланган китоби нашрдан чиқди. Тўпламдан ёш ижодкорнинг Ватан, дўстлик, табиат гўзалликлари, юксак инсоний фазилатлар, миллий қадриятларимиз тараннум этилган шеър, бадиа ва мақолалари ўрин олган.

Машҳур ёзувчиларимиздан бири, "Бадиий ижод кўнгилнинг маҳсули" деган эди. Ёш ижодкор Мадинабону ҳам кўнгил кечинмалари - битикларини ўзига хос тарзда тараннум этишга интилган.

"Дарз кетган осмон", "Иқрор", "Гўдаклар қисмати", "Ўзбегим", "Бахтим пойдевори" каби шеър ва бадиаларида ёрқин мисралари, ўзига хос қарашлари билан ўқувчини мушоҳада қилишга ундайди.

Ишонамизки, мазкур мўъжаз тўплам ёш китобхонларга манзур бўлади.

 

Барно ҲАЙДАРОВА

СЕНТЯБРЬ - ГЕОГРАФИЯ ФАНИ ОЙЛИГИ "ҚИЗИҚАРЛИ ГЕОГРАФИЯ"

Маълумки, умумтаълим мактабларида "Сентябрь - география фани ойлиги" деб эълон қилинган. Ойлик доирасида мактабларда кўплаб тадбирлар, очиқ дарс машғулотлари ўтказилмоқда.

Марҳамат туманидаги 29-умумтаълим мактабида ҳам юқори синф ўқувчилари иштирокида "Қизиқарли география" деб номланган тадбир ташкил этилди. Тадбирда ўқувчилар географияга оид билимларини "савол-жавоб", "қизиқарли тест" машғулотлари орқали синовдан ўтказдилар.

Қатор синфларда кўргазмали воситалар, интерактив усуллар ёрдамида ўтказилган очиқ дарслар ўқувчиларнинг география фанига оид билим ва тушунчаларини, қолаверса, эркин фикрлаш борасидаги кўникмаларини янада бойитди.

Тадбир ва очиқ дарс машғулотларида фаол қатнашган ўқувчилар рағбатлантирилди.

 

Абдуманноб ДАДАБОЕВ,

 

география фани ўқитувчиси.