+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

"БОЛАЛАР КИТОБИ" IV РЕСПУБЛИКА ФЕСТИВАЛИ ДОИРАСИДА ТАДБИРЛАР БЎЛИБ ЎТМОҚДА

"Соғлом ва маънавий етук авлод - юрт келажаги" шиори остида ўтказилаётган "Болалар китоби" IV республика фестивали доирасидаги тадбирлар вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларидаги таълим муассасалари, "Болалар ижодиёти" марказларида юқори кўтаринкилик билан бўлиб ўтмоқда.

З. М. Бобур номли вилоят ахборот-кутубхона марказида вилоят ҳокимлиги, Матбуот ва ахборот, халқ таълими  бошқармалари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган асосий тадбирда ёзувчи-шоирлар, адабиётшунос олимлар, ёш ижодкорлар, ёшлар, ёш китобхонлар иштирок этди.

- Фестиваль доирасида адабий-бадиий ярмаркалар,    китоблар тақдимоти, мушоиралар, ўқувчи ёшларнинг ёзувчи-шоирлар билан учрашувлари, китоб тарғиботига бағишланган турли танловлар ва бошқа қатор тадбирлар бўлиб ўтмоқда, - дейди вилоят Матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Абдуғулом Султонов. -   Булардан кўзланган асосий мақсад, ёш авлодни китобга бўлган муҳаббатини ошириш, маънавиятини юксалтиришга кўмаклашишдир.

Андижон вилояти "Китобсавдо" масъулияти чекланган жамияти тасарруфидаги савдо ташкилотлари томонидан ташкил этилган китоблар савдо ярмаркаси, З. М. Бобур номли вилоят кутубхонасининг китоблар кўргазмалари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.

Ёш ижодкорларнинг янги китоблари тақдимотида ёш иқтидор соҳибларини қўллаб-қувватлаш борасида мамлакатимизда ибратли ишлар олиб борилаётганлиги, бунинг самараси ўлароқ, биргина жорий йилда республикамизнинг турли нашриётларида андижонлик ёшларнинг китоб ва тўпламлари чоп этилганлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан ўтказилган ёш ижодкорлар мушоирасида Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф номли она тили ва адабиётига ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари ҳамда "Бобур издошлари" ёш ижодкорлар тўгараги аъзоларининг чиқишлари барчада катта таасурот қолдирди.

З. М. Бобур номли вилоят ахборот кутубхона марказида таниқли ижодкорларнинг ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Қизиқарли савол-жавоблар тарзида ўтган тадбирларда китобнинг инсон ҳаётидаги, жамият тараққиётидаги ўрни, роли ва аҳамияти ҳақида иштирокчиларга, хусусан, ёшларга кенг тушунчалар берилди. Фаол иштирок этган ўқувчиларга         китоблар совға қилинди.

Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан фестиваль тадбирлари давомида 20 миллион сўмлик 1 минг донадан зиёд турли китоблар ўқувчиларга совға тариқасида тарқатилди.

  Катта тантана билан ўтган "Болалар китоби" фестивали аҳоли, айниқса, ёшлар ва болалар ўртасида китобхонлик, мутолаа маданиятини юксалтириш ва кенг тарғиб қилишга хизмат қилди.

 

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

БОЛАНГИЗ МАКТАБГА БОРИШНИ ИСТАМАСА...

Ота-оналарга тавсия

Фарзанди 1-синфга қадам қўйган ота-оналар ўқисин

Эрталаб ҳамма ишга, ўқишга шошмоқда. Йўл четида бир аёл ўғлини мактабга етаклаб кетаяпти. Кийим-боши, портфелидан болакай 1-синф ўқувчиси эканлиги кўриниб турибди. Эътиборимни тортган нарса, унинг йиғлаб кетаётгани эди. Бола  тинмай хархаша қилар, ортга тисарилиб онасининг қўлидан юлқиниб чиқишга уринарди. Аёл нима қилишни билмас, болакайга гоҳ яхши гапирса, гоҳ асабийлашиб, дўқ урарди. Бошланғич синф ўқитувчиси бўлганим учун, бу ҳолат менга яхши таниш. Кўпинча 1-синфга борган болаларда шундай ҳолат бўлиб туради.

- Ие, кап-катта йигит ҳам онасини шунақа қийнайдими? - дедим яқинлашиб. Ҳамма ўртоқларинг мактабда сени кутиб ўтиришибди-ку. Бормасанг, улар, устозинг хафа бўлади. Кеч қолсанглар, аянг устозинг олдида изза бўлади, ўғлим!

Болани ширин гаплар билан алдаб мактабга олиб кириб кетдим.

Бошланғич синфда кузатиладиган бундай ҳолатлар биринчи навбатда боғчага бормаган болаларга хос. Улар доим онаси ёнида бўлмаслигига, нотаниш одамлар билан гаплашишга кўникмаган, синфдошларининг эса ҳар бирини ўз табиати ва хоҳиш-истаги бор. Шунингдек, бола бинонинг ичида адашиб қолиш ёки нотўғри иш қилиб қўйишдан қўрқиши мумкин.

Ана шундай ҳол кузатилганда, болага албатта, ёрдам бериш, фақат яхши гап, чиройли муомала билан унинг мактабга кўникишига кўмаклашиш зарур. Болага синфдошлари билан дўстлашишида ёрдам беринг. Янги дўсти билан у ўзини ёлғиз ҳис қилмайди, қўрқуви камаяди.

1-синфга бориш бола ҳаётининг муҳим даврларидан биридир. Илк ўқув кунларида ўқувчиларнинг кўпчилигида стресс ҳолатлари юзага келиб, бу    даврда руҳий кечинмалар устунлик қилади. Бу руҳий кечинмаларни енгиш боладан кучли ирода (ўзига бўлган ишонч, қатъиятлилик, юксак мақсад в.ҳ.) ни талаб қилади.

Тан олиш керак, мактаб кўнгилочар муассаса эмас. Болалар боғчасидан фарқли равишда бу ерда болани овқатни охиригача еб қўйганлиги ёки ухлагани учун мақташмайди ҳам. Болалар мактабга билим олиш учун боради ва бу жараён кўчада ўйнаш ёки мультфильм томоша қилиш каби мароқли эмас.

Агар фарзандингиз мактабга боришни истамаса, бунинг сабабларини аниқлаб, муаммо ечимини топишга ҳаракат қилишингиз лозим. Ахир бола учун ҳеч нарсанинг қизиғи бўлмаслиги мумкин эмас. Унинг мактабдан ташқари бирор қизиқарли машғулотини аниқланг ва уни мактаб фанлари билан боғланг.

Болани тез-тез мақтаб туриш, унинг кичик ютуқларидан қувониш, руҳлантириш, у билан фахрланишингизни айтишингиз керак.

Ўқишни истамасликнинг яна бир сабаби, маълумотларни ўзлаштиришдаги қийинчилик бўлиши мумкин. Агар бола    дарсларда гап нима ҳақида бораётганлигини тушунмаса, у зерикиш, ноқулайликни ҳис қилади. Шу сабабдан маълум бир фанни ҳам ёқтирмай қолади!

Бу вазиятни унинг ўқитувчиси билан муҳокама қилиб кўринг. Қўшимча машғулотлар пайтида болангизга кўпроқ вақт ажратиши ва уни фанга қизиқтиришини илтимос қилинг! 

Ўқув жараёнига қизиқишнинг йўқолишига бунинг акси - билимларнинг жуда осон ўзлаштирилиши ҳам сабаб бўлиши мумкин. Масалан, биринчи синфга ўқишни билиб борган болалар тенгдошларининг ҳарф ўрганишидан зерикиши мумкин. У қизиқишини бутунлай йўқотмаслиги учун турли фойдали  машғулотлар, клуб ва тўгаракларга йўналтириш лозим. 

Айрим болалар эрталаб уйқудан уйғонишга қийналганликлари учун мактабга боришни исташмайди. Тадқиқотларга кўра, 5-6 хафтадан кейин бола янги кун тартибига кўникиб кетади. Фарзандингиз кун тартибига қатъий риоя қилишини, барвақт уйқуга ётишини назорат қилинг!

Агар болангиз ўшанда ҳам мактабга боргиси келмаса - бунга жиддий сабаблар бўлиши табиий. Эҳтимол, мактабда уни ажратиб қўйишар ва у ўзини ёлғиз ҳис қилар. Бундай ҳолатда сабабни топиш муҳим. Фақат уни сўкманг ва таҳдид қилманг, ўзингиз эса асабийлашмай болангиз билан  дўстона гаплашинг.

Боланинг ўзига хос жиҳатларини эътиборга олиб, уни қўллаб-қувватлабгина ўқишга бўлган қизиқишини қайтариш мумкин.

Энг муҳими, болангизга ҳар қандай вазиятда ҳам меҳр кўрсатинг. Мактабга кузатаётиб юзларидан ўпиб, омад тиланг!

Нигорахон

МАҲАМАДАЛИЕВА,

Булоқбоши туманидаги

14-умумтаълим мактаби

 

 бошланғич синф ўқитувчиси.

Коррупция иллати - аср муаммоси

Огоҳлик!

Айни кунда дунёдаги барча мамлакатларда коррупция, порахўрликка қарши кураш олиб борилаётган бўлса-да, ушбу иллат билан боғлиқ муаммо бирор бир давлатда тўла барҳам берилган эмас.

Ҳар бир давлатнинг қонунчилигида порахўрлик ижтимоий хавфли қилмиш сифатида қораланади ва бунинг учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Ҳатто БМТ томонидан коррупцияга қарши курашга оид махсус конвенция қабул қилинган. Ўзбекистонда ҳам порахўрлик давлат ва жамиятни емирувчи хавфли жиноятлардан бири ҳисобланади.

Аслида таъмагирлик ила қўлга киритилган ҳар қандай бойлик коррупция ҳисобланади. Масалан, бирон бир ташкилотга ишингизни битказиш учун бордингиз.  Ишингиз ҳадеганда битавермади ва сиз ходимларга пул бермоқчи бўлдингиз. Пулни "тушлик қиларсизлар", дея ташлаб чиқасиз. Бу қилмишингиз меҳмондўстлик ниқоби остида яширинди. Бироқ, сиз бу билан пора берувчи шахсга, пулни олган ходим эса порахўрга айланади.

Коррупция иллатини фуқароларнинг ўзлари келтириб чиқарадилар. Ахир ҳамма ҳам муаммоларини жуда тез фурсатда, қийинчиликсиз барҳам топишини истайди.

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш юзасидан изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Соҳадаги ислоҳотларни амалга оширишда  халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон Республикаси 2008 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенциясини ратификация қилган. 2010 йилда Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти Коррупцияга қарши курашиш тармоғининг Истамбул ҳаракат дастурига қўшилган.

2017 йил 3 январда   Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонуни қабул қилингани шу йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Қонунда фуқароларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш масаласи алоҳида ўринни эгаллайди. Хулоса қилиб айтганда, қонун нафақат коррупцияга қарши курашиш механизми мустаҳкамланиши, балки ҳар бир раҳбар, ҳар бир фуқаронинг ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан, ҳалол адо этишини талаб этади. Бу мамлакатимизда соғлом муҳит қарор топишига, ижтимоий-сиёсий барқарорлик янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Муҳитдин РАҲМОНОВ,

Вилоят ИИБ ТЖХТБ тергов бўлинмаси бошлиғи, капитан.

Адҳамжон АБДУЛЛАЖОНОВ,

ТЖХТБ ХПГ инспектори, лейтенант.

НОГИРОН НАБИРАМНИ КЎРИБ, ЭЗИЛИБ КЕТАМАН

Пушаймонлик

 

   Ҳаётда шундай воқеалар борки, киши тузатиб бўлмас хатога йўл қўяди. Натижада бир умр азият чекади, унинг азобини тортишга мажбур бўлади. Аслида ана шундай хатога йўл қўймаслик мумкин эди. Аммо…

Ўн йилдирки, Назира опанинг ичига чироқ ёқса ёришмайди. Набираси Гўзалой тўққиз ёшга тўлди ҳамки, гапира олмайди. Қизча баъзан узуқ-юлуқ сўзлари билан ўз фикрини тушунтиролмай қийналиб, аламдан ўкириб йиғлайди. Ер тепиб, ўзининг кўксига муштлаб қайсарлик қилади. Шундоқ ҳам адойи тамом бўлган Назира опа бундай манзаралардан кейин касал бўлиб ётиб қолади. Бир қизи Нодиранинг кўзига термулса, бир набирасига қараб эзилади. Ёлғизгина қизини бахтсиз қилиб қўйганини ўйлаб ўзини кечиролмайди.

Ўшанда қаерданам акасининг гапига рози бўлган экан-а...

Назира опанинг акаси Мираҳмад акадан бошқа яқини йўқ. Ота-онасидан барвақт жудо бўлганликлари, ҳаётда кўп    қийинчиликлар кўрганликлари туфайли бир-бирларига қаттиқ суянар эдилар.

Мираҳмад ака жияни Нодиранинг ақлли-хушли, саранжом-саришта, бунинг устига қўлида гулдай ҳунари борлигини кўриб, уни келин қилиш ниятини хотинига айтди. Қайнсинглисидан ёмонлик кўрмаган, ўз опаси каби қадрдонига айланган покдомон аёл билан қуда бўлиш Азиза опага ҳам ёқди. Ёшларнинг "Биз ака-сингилмиз-ку" дея қилган қаршиликлари катталарнинг ниятларига тўсқинлик қилишдан ожиз эди. Ҳатто, шифокорларнинг огоҳлантириши, насиҳатлари уларга кор қилмади.

Шундай қилиб, тўй бўлиб ўтди. Нодира ўз тоғасиникида яйраб-яшнаб хизмат қилди. У билан куёви Хурсандбек ўртасидаги меҳр чин муҳаббатга айланди. Орадан бир йил ўтиб-ўтмай Гўзалой туғилди. Икки ёш бахтли эди. Уларни кўриб қудаларнинг ҳам севинчи ичига сиғмасди...

Кунларнинг бирида Гўзалойни участка педиатри кўригига олиб борган Нодиранинг дунёси остин-устун бўлиб кетди. Текширувларда аниқланишича, боласи туғма соқов экан... Шу кундан бошлаб иккала оиланинг ҳам тинчи бузилди. Гўзалойни олиб бормаган шифохона, кўрсатмаган докторлари қолмади. Лекин булардан ҳеч бир натижа чиқмади. Қаерга боришмасин, шифокорлар томонидан "яқин қариндош ўртасидаги никоҳ оқибатида..." деган  ташҳис такрорланаверарди...

- Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ камдан-кам ҳолларда яхши натижа беради, - дейди Андижон вилояти 1-туғруқ мажмуаси акушер-гинекологи, олий тоифали шифокор Дилрабо Нишонова. - Бундай никоҳнинг оқибатида наслий касалликларнинг такрорланиш хавфи юқори бўлади. Бунга сабаб   ресессив генларнинг бир-бири билан тўқнашиш тасодифининг кўпайишидир. Бундай олиб қараганда, турмуш қурувчи қариндошларнинг ҳар иккиси ҳам соппа-соғ бўлиши мумкин. Аммо уларнинг  фарзандларида турли ирсий касалликлар юзага келиши мумкин. Яъни, ўлик туғилиши, чала ёки ногирон бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг оқибатида ҳар тўрт боладан бири ана шундай тақдирга маҳкум бўлмоқда.

Аниқроқ қилиб айтиладиган бўлса, қариндошлардан туғиладиган болаларда қуйидаги касалликлар пайдо бўлиши мумкин:

Клайнфелтер хасталиги. Бу касаллик кўпроқ ўғил болаларда учрайди. Дастлаб сезилмасдан, бола ўспиринлик даврига етганда бўйининг тез ўсиши, озғинлик ва қўл-оёқларнинг ҳаддан зиёд узунлиги юзага келади. Сўнгра аёллар каби кўкрак катталашуви, таносил аъзоларининг ривожланмай қолиши мумкин. Айрим ҳолларда семириб кетиш, ақлдаги нуқсон, бепуштлик ҳам кузатилади.

Тернер хасталиги. Бу дард қизларда учрайди. Ушбу хасталикка йўлиққан қизларда қўл ва оёқларнинг калта бўлиши, кўкракнинг ривожланмаслиги, ҳайз кўрмаслик ва фарзандсизлик рўй бериши мумкин.

Шизофрения (телбаворлик). Ушбу хасталик ҳам кўп учрайдиган оғир руҳий дард ҳисобланади. Касаллик кучли бош оғриғи, ҳолсизлик,    сержаҳллик билан кечади. Бундай беморлар тушунарсиз овозлар чиқаради, ғайриоддий қилиқлар қилади.

- Муқаддас каломимиз Қуръони каримда ҳам яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларга йўл қўймаслик хусусида қатор оятлар бор, - дейди Андижон шаҳридаги "Абу Ҳурайра" жоме масжиди имоми Шаробиддин Мусабоев. - Қолаверса, кўп ҳолларда бундай никоҳлар оқибатида фарзандларнинг ногирон туғилиши ўша оилани бахтини кемтик қилади, қувончдан маҳрум этади. Яна айрим ҳолларда ногирон фарзанд туғилгач, қуда бўлган қариндошлар ўртасига совуқлик тушиб, бир-бирлари билан юз кўрмас бўлиб кетиш ҳолатлари борлигидан ҳам минг афсуски, кўз юма олмаймиз. Бу каби ҳолатлар бизга сабоқ бўлиши керак.

Инсон ҳаётга бир марта келади. Шундай экан, у албатта, бахтли бўлиши керак. Бахт эса ўзидан соғлом зурриётлар қолдириш, уларнинг фазлу камолини кўришда эмасми? Кўра-била туриб таваккалчилик қилиш, ўз келажагини, насли тақдирини хавф остида қолдиришдан кимга наф?! Сўнгги пушаймондан эса фойда йўқ. Шунинг учун ҳам турмуш қуриш, никоҳ масаласига ҳаёт-мамот масаласи, деб қараш, айниқса, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳга асло йўл қўймаслик лозим.

 

Барнохон ҲАЙДАРОВА

Қайнона-келин ўртасидаги уй можароси

Жараён

Андижон шаҳридаги "Соғлом авлод" маҳалла фуқаролар йиғинида Фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилоят судининг сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди.

Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди судьяси Р. Қорабоев раислигида бўлиб ўтган суд мажлисида "Соғлом авлод" маҳалласида яшовчи қайнона Хосиятхон ҳамда келини Саломатхон (исмлар ўзгартирилган) ўртасидаги уй билан боғлиқ можаро кўриб чиқилди.

Турмуш ўртоғининг бевақт вафотидан сўнг 2 нафар ёш бола билан қолган Саломатхонни қайнонаси уйдан чиқиб кетишини талаб қилган. Уруш-жанжал, ўртадаги можаро ойлаб давом этди. Қўни-қўшни, маҳалла-кўй аралашуви ҳам масаланинг ҳал этилишига ёрдам бермади.

Ушбу масала бўйича Саломатхоннинг судга қилган мурожаати сайёр судда кўриб чиқилди. Қайнона-келин муносабатлари, халқимизнинг одоб-ахлоқ мезонларига зид нохуш ҳолат кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилинди. Масала атрофлича ўрганилиб, адолатли ҳукм чиқарилди. Суд ҳукмига кўра, уй баҳоланган сумманинг 60 фоиз қисми келинга, 40 фоизи эса қайнонага тегадиган бўлди.

Сайёр суд мажлисида ҳуқуқшунослар оилаларни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини юксалтириш, қонун устуворлигини таъминлаш, турли иллатларга барҳам бериш, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар келиб чиқишининг олдини олиш бўйича суҳбатлар ўтказдилар.

 

Ойгул ЭШМУРОДОВА,

 

жамоатчи мухбир.

Она ва бола саломатлиги - миллат келажагини белгилайди

Саломатлик - туман бойлик

Ҳар бир миллат келажагини жисмонан ва руҳан соғлом авлодлар белгилайди. Шу маънода кейинги йилларда мамлакатимизда тиббий хизмат сифатини ошириш, аҳоли, айниқса, оналар ва болалар  саломатлигини муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада қатор фармон ва қарорлар қабул қилиндики, ана шу ҳужжатлар мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда. 

Хусусан, туғиш ёшидаги аёлларнинг саломатлигини асраш, туғиш интервалини сақлаш, исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш, ҳар бир оилада, аёллар ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини    шакллантириш орқали соғлом оилани вужудга келтириш борасида бутун юртимизда бўлгани каби туманимизда ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда. Чунки соғлом ва барқарор оила ҳаёт абадийлигини, эртамиз эгалари бўлган фарзандларимиз саломатлигини, авлодлар давомийлигини, миллий анъана ва удумларимиз умрбоқийлигини таъминлайдиган муқаддас маскандир.

Қўрғонтепа туманида айни кунда  102 минг нафардан зиёд хотин-қиз истиқомат қилади, уларнинг  41 минг нафардан зиёдини туғиш ёшидаги аёллар ташкил этади. Жорий йилнинг ўтган даврида фертиль ёшидаги аёлларнинг 4 минг 378  нафари, шунингдек, 4679 нафардан ортиқ ўсмир қизлар режа асосида тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик давомида турли хасталиклари аниқланган 3 минг нафардан ортиқ хотин-қизлар даволанишга жалб этилди.

Баъзан шундай ҳолларга дуч келамизки, янги чақалоғи бўлган келиндан аввалгидек уй-рўзғор ишларини бажариш талаб қилинади. Унинг овқатланишига эътибор берилмайди. Натижада ёш она чақалоқ парваришида қийналади. Бу эса кичкинтойнинг тез-тез касалланишига, нимжон ўсишига олиб келади. Бундай ҳолатларда баъзи қайноналар келинини  ношудликда айблайди.

Маҳаллалар, меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида ана шу каби ҳолатларга йўл қўймаслик, хотин-қизлар саломатлигини сақлаш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини   шакллантириш, уй бекалари, ёш оналарнинг тиббий билим ва саводхонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, тиббиёт ходимлари иштирокида "Она ва бола саломатлиги - муҳим масала", "Соғлом онадан соғлом бола туғилади", "Соғлом турмуш тарзи саломатлигимиз гарови", "Тиббий кўрик  ва никоҳ", "Эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари" сингари қатор мавзуларда тадбирлар ўтказилмоқда. Тадбирларда соғлом турмуш тарзи опа-сингилларимиз ҳаётнинг муҳим жиҳати эканлиги, бунда улар ўзининг ва атрофидагиларнинг соғлиғини сақлаш, мустаҳкамлаш ва келиб чиқиши мумкин бўлган турли касалликларнинг олдини олиш, шахсий гигиена ва тўғри овқатланиш қоидаларига амал қилиш билан боғлиқ зарур маълумотларга эга бўлмоқдалар. Бу борада "Янги ҳаёт", "Fайрат", "Маъмуробод", "Навбаҳор", "Нодира",  "Қизилтўқай" маҳаллаларида амалга оширилган ишлар эътиборга молик.

Туғруқлар орасидаги белгиланган интервалга риоя қилиш - оила таянчи бўлган аёл соғлигини асраш ҳамда унинг соғлом болани дунёга келтиришида муҳим роль ўйнайди. Ана шуни ҳисобга олиб, тиббиёт ходимлари томонидан исталмаган хомиладорликнинг олдини олиш, туғруқ интервалини таъминлаш бўйича ҳам тушунтиришлар олиб борилмоқда.

Олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари ўзининг ижобий самараларини бермоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида эрта туғруқ, исталмаган хомиладорлик, оналар ва болалар ногиронлиги, ўлими билан боғлиқ ҳолатлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бирмунча камайди.

Туманда никоҳланувчи ёшларнинг тиббий кўрикдан ўтишига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган саккиз ойи давомида 1662 нафар йигит-қиз никоҳдан олдин белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтди. Кўрик давомида турли касаллиги бўлган 6 нафар ёшлар даволанишга юборилди. Натижада келиб чиқиши мумкин бўлган  кўнгилсизликларнинг олди олинди.

Хотин-қизлар саломатлигини сақлаш борасида эришилган натижаларни яхшилаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини тарғиб этиш, ҳар бир аёлда ўз соғлиғи учун масъуллик ҳиссини кучайтириш, оилаларда рационал овқатланиш маданиятини юксалтириш, аёлларнинг  жисмоний фаоллигини янада кучайтириш муҳимдир.

Миллат давомчилари бўлган опа-сингилларимизнинг тиббий билим ва маданиятининг етарли бўлмаслиги болаларнинг нуқсонлар билан туғилиши ҳамда бунинг оқибатида ногирон бўлиб қолишига олиб келиши мумкин. Шу боис ҳам ҳар бир аёл соғлом турмуш тарзи ҳақида зарур маълумотларга эга бўлиши, ўз саломатлигига эътиборли бўлиб, тез-тез шифокор кўригидан ўтиб туриши лозим. Энг муҳими, аёлларимиз ўзларининг, фарзандларининг саломатлиги миллат келажаги билан боғлиқ эканлигини унутмасин.

Ферузахон АБДУЛЛАЕВА,

Қўрғонтепа тумани ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси.

 

 

Нотариат соҳасидаги ислоҳотлар - фуқаролар манфаатларига хизмат қилади

Ҳуқуқшунос минбари

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш, жамиятда қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш учун муҳим пойдевор бўлди, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратди.

Бугунги  кунда ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар замирида инсон манфаати, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, фаровон ҳаётини таъминлашдек эзгу мақсад мужассамлигини кўрамиз. Бош қомусимиз ва бошқа қонун ҳужжатларида инсон манфаатлари олий қадрият сифатида белгиланган. Жумладан, кейинги йилларда нотариат соҳаси фаолиятини такомиллаштириш, янада юқори босқичга кўтариш борасидаги ислоҳотлар ҳам фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, малакали  нотариат хизматларидан эркин фойдаланишларига имкон яратмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 25 майдаги "Низоларнинг олдини олишга қаратилган институт сифатида нотариат тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ҳам юқоридаги фикрларнинг амалдаги тасдиғини таъминлашга қаратилган муҳим ҳужжатдир.

Барчамизга маълумки, аҳолига кўрсатилаётган нотариал хизматлар сифати ва тезкорлигининг паст даражадалиги, нотариал идоралардаги навбатлар, давлат божлари ва бошқа йиғимлар ундиришнинг шаффоф эмаслиги, шунингдек, мавжуд бюрократик тўсиқ ва ғовлар аҳолининг эътирозларига сабаб бўлаётган эди. Мазкур қарор юқоридаги муаммоларни бартараф этиши билан бирга, соҳанинг истиқболини белгилаб беради.

Ушбу ҳужжатнинг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, унга мувофиқ, 2019 йил 1 январдан бошлаб нотариал идоралар бутун нотариал хизматларни комплекс шаклда хизмат кўрсатиш, яъни фаол хизмат кўрсатиш тизимига ўтади. Бунинг моҳияти шундаки, фуқаролар нотариал идораларга мурожаат қилганда биринчи навбатда асосий ҳужжатни тақдим этади, қолган барча ҳужжатларни тўплаш нотариал идораларнинг зиммасида бўлади.

Қарорда нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахсларнинг шахсини аниқлаш бармоқ изларини сканер қилиш ва уларни паспортдаги биометрик маълумотлар билан солиштириш орқали амалга оширилади. Бу албатта, нотариал хизматларнинг ишончли ва тез бажарилиши, аҳоли билан ишлашнинг сифат жиҳатдан янги самарали тизимини шакллантиришда муҳим омил бўлади. 

Барчамизга яхши маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам қонун устуворлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда нотариат институтининг роли ва аҳамиятини ошириш, шунингдек, аҳолига кўрсатилаётган нотариал хизматларнинг сифатини яхшилаш муҳим вазифа қилиб белгиланган. Президентимизнинг мазкур қарори стратегияда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш билан бирга аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада яхшилашнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, қарорда белгилаб берилган вазифалар нотариал идораларнинг жисмоний ва юридик     шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Шаҳодат ҚОДИРОВА,

 

Андижон шаҳридаги 3- сон давлат нотариал идораси нотариуси.

Бошланғич ташкилотларимиз фаоллиги янада ортади

"2018 йил - Фаол тадбиркорлик, инновацион Fоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"

Айни кунда Улуғнор туманида 28 минг нафардан зиёд хотин-қиз истиқомат қилади. Қўмитамиз томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда жорий - "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" йили Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини, шунингдек, маҳаллалар, ҳар бир хонадонда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга, айниқса, опа-сингилларимизнинг муаммоларини ўрганиш, ҳал этиш ва уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

Қўмитамизнинг 99 та    бошланғич ташкилоти етакчилари, туман ФХДЁ бўлими, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази туман бўлими ходимлари, мавжуд 19 маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари, йиғинлар қошидаги қатор комиссиялар фаоллари, умуман, кенг жамоатчилик ҳамкорлигида аёлларнинг саломатлигини сақлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини, ҳуқуқий, тиббий билимларини оширишга, тадбиркор опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, ижтимоий муҳофазага муҳтож, имконияти чекланган аёлларга кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида оилаларни мустаҳкамлаш, ажримлар, эрта ва шаръий никоҳларнинг олдини олишга қаратилган кўплаб тадбирлар ўтказилди. Хусусан, ажрашиш ёқасида турган 158 оила яраштирилди. Шаръий никоҳ асосида яшаб келаётган 29 оиланинг никоҳи расмийлаштирилди. Бундан ташқари, имконияти чекланган, қийин шароитларда яшаётган кўплаб аёлларга моддий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, 70 та кам таъминланган оилалар бекаларига маиший техника жиҳозлари, 6 нафар аёлга бепул даволаниши учун йўлланмалар, 9 нафар аёлга тикув машинаси берилди. Бундан ташқари, 25 оиланинг уйи таъмирланди, 27 нафар аёл эса уй-жой билан таъминланди.

Шунингдек, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг олдини олиш борасида ҳам зарур ишлар олиб борилмоқда. Натижада хотин-қизлар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6 тага камайди.

Туманимизда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, томорқадан унумли фойдаланиш борасида ҳам ибратли ишлар олиб борилмоқда. Туман бандликка кўмаклашиш маркази, "Тадбиркор аёл" уюшмаси туман бўлинмаси билан ҳамкорликда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича семинарлар ўтказилди. Опа-сингилларимизга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, имтиёзли кредитлар олиш сингари қатор масалаларда зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди. 

жорий йилда 120 нафар тадбиркор, ҳунарманд опа-сингилларимиз банклардан  имтиёзли кредитлар олиб, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди ёки фаолиятини янада кенгайтирди. Ана шу ҳисобига кўплаб янги иш ўринлари яратилди. Умуман, айни кунга қадар 134 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Бу борада "Обод", "Шаҳриобод", "Улуғбек" маҳаллаларида олиб борилган ишлар эътирофга сазовор.

Маълумки, шу кунларда бошланғич ташкилотларимизда ҳисобот йиғилишлари бўлиб ўтмоқда. Юқорида таъкидланганидек, мавжуд 99 бошланғич ташкилотимиз ўз сафига 600 дан зиёд хотин-қизларни бирлаштирган. Йиғилишларда бошланғич ташкилотлар фаолиятини кучайтириш, етакчилар фаоллигини янада ошириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинмоқда. Тумандаги 6-умумтаълим мактаби, 12- мактабгача таълим муассасаси, "Sof tekstil" ип-йигирув корхонаси бошланғич ташкилотлари раислари Кўпайхон Йўлчиева, Дилором Дадамирзаева, Шахноза Хўжаева томонидан олиб борилаётган намунали ишлар алоҳида эътироф этилди. Уларнинг илғор иш тажрибаларини оммалаштириш мақсадга мувофиқ, деб топилди.

Тўғри, фаолиятимизда хато ва камчиликлар ҳам йўқ эмас. Иш бор жойда камчиликлар бўлиши табиий. Қатор йўналишлардаги ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп. Бундан буён фаолиятимизни янада самарали олиб бориш, туманимиз хотин-қизларининг турмуш фаровонлигини юксалтириш, яшаш шароитларини яхшилаш учун бор имкониятларимизни ишга солиб меҳнат қиламиз.

Нигорахон ЖАББОРОВА,

Улуғнор тумани

 

ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Масъулиятли палла бошланди

Пахта - 2018

Шу кунларда деҳқонларимизнинг машаққатли меҳнати эвазига етиштирилган пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишлари бошланди. Бўз тумани пахтакорлари ҳам йиғим-терим мавсумига астойдил тараддуд кўрдилар. Туманда 69 та терим  отряди ташкил этилди.

 Туманнинг Улуғбек массивида жойлашган "Шоҳруҳбек замин саховати" фермер хўжалигининг умумий экин майдони 40 гектар бўлиб, шундан 20 гектарида пахта етиштирилди.  Айни кунда хўжаликда пахта йиғим-теримига пухта ҳозирлик кўрилиб, теримчилар учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

- Барча агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилди, - дейди ёш фермер Шоҳруҳбек Исомиддинов. - Бунинг самараси ўлароқ, хўжалигимиз аъзолари 20 гектар майдонда парваришланган "Андижон-35" навли ғўзадан мўл ҳосил олишга эришди. Айни кунда эса йиғим-теримни уюшқоқлик билан ўтказиш учун зарур барча ишлар амалга оширилди.

Таъкидлаш керакки, хўжалик ғалла топшириш режасини ҳам туманда биринчилардан адо этган. Ишонамизки, хўжалик аъзолари давлатга пахта топшириш режасини ҳам туманда илғорлар қаторида бажаради ва вилоятимиз "оқ олтин" хирмонини юксалишига муносиб ҳисса қўшади.

Дарҳақиқат, юқори агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш ҳосил салмоғини оширишга ва самарадорликни таъминлашга хизмат қилади. Бу ўз навбатида ҳозирданоқ "оқ олтин" хирмонига мустаҳкам замин ҳозирлаши шубҳасиз.

 

Илҳомжон ТОЖИБОЕВ,

 

жамоатчи мухбир.

"Биринчи ёрдам - ҳаёт хавфсизлигининг муҳим шарти"

Турли ҳолатлар, вазиятлар бўладики, инсон    кимнингдир ҳаётини сақлаб қолиш учун биринчи ёрдам кўрсатиш ёки ўзи ана шундай ёрдамга муҳтож бўлиб қолиши мумкин. Шу боис, яшаш жойи, миллати, дини, эътиқодидан қатъи назар сайёрамиздаги ҳар бир киши биринчи ёрдам борасида зарур билим ва кўникмага эга бўлиши лозим.

Биринчи ёрдамнинг аҳамияти ва долзарблигидан келиб чиқиб, жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳар йили сентябрь ойида "Халқаро Биринчи ёрдам куни" кенг нишонланланиши белгиланган.  Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой ҳаракати ҳузуридаги Глобал маълумотлар марказининг "Биринчи ёрдам ва ҳаёт хавфсизлигини таъминлаш" лойиҳаси доирасида ўтказиладиган тадбирларда биринчи ёрдам бўйича фаолиятнинг муҳим ва устувор йўналишлари ўз ифодасини топади.

Жумладан, ушбу сана мамлакатимизда ҳам ўзига хос    тарзда нишонланади, турли тадбирлар ўтказилади. Яқинда ана шу сана муносабати билан Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти вилоят ташкилоти томонидан Андижон шаҳар маиший хизмат касб-хунар коллежида "Биринчи ёрдам кўрсатиш  ва инсон ҳаёти хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб масалалари" мавзусида семинар-тренинг ўтказилди. 

Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ходимларининг биринчи ёрдам кўрсатиш борасидаги билим ва кўникмаларини бойитиш мақсадида ўтказилган тадбирда Андижон шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари иштирок этди.

Иштирокчиларга семинарнинг мазмун-моҳияти, Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти фаолиятининг устувор йўналишлари, ташкилотнинг эзгулик, хайру-саховат, меҳр-оқибат ва инсонпарварлик ғоялари, уларни тарғиб қилиш бўйича Жамиятнинг вилоят ташкилоти томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида кенг маълумотлар берилди. 

Семинар дастурига мувофиқ амалий машғулотлар ўтказилди. ҚЯОЖ вилоят ташкилотининг мутахассиси, халқаро тоифадаги тренер И. Садовникова томонидан симуляцион ўқув машғулотлари ўтказилди. Хусусан, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар содир бўлганида жабрланган     шахсларга биринчи ёрдам  кўрсатиш, айниқса, зилзила, сув    тошқини, сел келиши, ёнғин ҳамда  йўл-транспорт ҳодисаси туфайли содир этилган ҳолатлар, халокатларда, шунингдек, сувда чўкиш, куйиш, тутқаноқ,    овқатдан заҳарланиш, ҳашорат чақиши ва ҳайвон тишлаши оқибатида юзага келган тан жароҳатларини  бартараф этишда қандай ҳаракатланиш зарурлиги ҳамда бажариладиган ишлар кўргазмали воситалар, амалий машғулотлар орқали намойиш этилди.

Семинар-тренинг иштирокчиларини қизиқтирган барча саволларга тадбир ташкилотчилари ва мутахассислар батафсил жавоблар берди.

Худди шундай тадбир меҳнат жамоалари, таълим муассасалари, кенг жамоатчилик иштирокида Андижон шаҳридаги А. Навоий номли маданият ва истироҳат боғида ҳам ўтказилди.

 Ўтказилган тадбирлар иштирокчилар, қолаверса, аҳолининг мазкур йўналишдаги билим, кўникма ва амалий тажрибаларини бойитишга ёрдам берди.

 

Холидахон МИРЗАРАҲИМОВА,

 

Қизил Ярим Ой Жамияти вилоят ташкилоти раиси.