+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

АЖДОДЛАРДАН МЕРОС АЗИМ ЮРТДИР БУ

Киндик қоним томган муқаддас тупроқ,

Кўзимга тўтиё саждагоҳимсан.

Соғинчинг қийнайди кетсам гар йироқ,

Отам, онам юрти-қиблагоҳимсан.

 

Шу замин бағрида етиб камолга,

Тарих саҳифасин атадик ибрат.

Қадамни ташладик дадил ва олға,

Ёруғ келажакнинг ҳар йўли ҳикмат.

 

Аждодлардан мерос азим юртдир бу,

Миллат шаъни улуғ, азиздир бунда.

Чўлпон, Фурқатларнинг дилидаги орзу,

Истиқлол юз очар ҳайрат, фусунда.

 

Ватаним, ўзбегим, ифтихоримсан,

Бир кафт тупроғингда яшайди дунё.

Фахримнинг илдизи - номус, оримсан,

Ҳатто номинг ўзи таратар зиё.

 

Маҳлиё АБЛАЗОВА.

Ҳарбийлар ўртасида "Энг яхши ёш китобхон" танлови ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Шарқий ҳарбий округ қисм ва муассасалари миқёсида "Энг яхши ёш китобхон" кўрик-танлови бўлиб ўтди.

Қизиқарли ва баҳс-мунозараларга бой танлов иштирокчилари белгиланган шартлар асосида китобхонлик борасидаги билим ва салоҳиятларини намойиш этди. Танловнинг якуний натижаларига кўра, Андижон шаҳридаги ҳарбий қисм муддатли ҳарбий хизматчиси, оддий аскар Равшанбек Шермонов биринчи ўринга сазовор бўлиб,  танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

 

 

Ойгул ЭШМУРОДОВА

Ижод аҳли қалбига шукуҳ бағишлаган танлов

З.М.Бобур номли вилоят театрида "Энг улуғ, энг азиз" танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Танлов ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбирда сўз олган Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори Лазиз Тангриев, "Тасвирий ойна" ижодий уюшмаси раиси Исфандиёр Латипов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Серобиддин Исмоиловлар  мамлакатимизда истиқлол йилларида эришилган улкан ютуқлар,      бунёдкорлик ишлари, халқимиз маънавиятини юксалтиришга ижод аҳлининг қўшаётган беқиёс ҳиссаси, юртимизда ижодкорларнинг самарали ижод қилишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлигини таъкидлашди.

Танловда "Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!" ғояси, шунингдек, "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси доирасидаги ишлар - истиқлол неъмати, мустақиллик йилларида юртимизда, хусусан, Андижонда қўлга киритилаётган улкан ютуқлар мазмун-моҳиятини,    бунёдкорлик ишларини, бой тарихимиз, халқимизнинг урф-одат, миллий қадриятларини акс эттирган шоир ва ёзувчиларнинг, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларининг, мусаввир, халқ амалий санъати вакиллари ҳамда фотограф ва дизайнерларнинг 1 минг 300 дан зиёд ижодий ишлари кўриб чиқилди.

- Танлов кўргазмаларида намойиш этилган ижодий ишларнинг ўзига хослиги,  мазмунан бойлигини, ранг-баранглигини алоҳида эътироф этиш жоиз, - дейди Андижон вилояти матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Абдуғулом Султонов. - Қолаверса, танловнинг барча йўналишлари бўйича  иштирокчилар сони ўтган йилдагидан анча кўп эканлиги эътиборга молик.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, адабиёт йўналиши бўйича Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Фарид Усмон биринчи, ёзувчи Омина Тожибоева иккинчи, шоира Мунаввара Тиллабоева учинчи, телерадио йўналиши  бўйича Андижон вилояти телерадиокомпаниясининг "Ахборот" дастури ижодий жамоаси биринчи, "Ёшлар" телерадиоканали тасвирчиси Ўткирбек Ўзганов иккинчи, Андижон вилоят телерадиокомпанияси мухбири Эльмира Раҳмонова учинчи,  босма оммавий ахборот воситалари таҳририятлари ва ижодкорларининг журналистик ишлари бўйича "Андижоннома" газетаси бўлим мудири Акбаржон Назаров биринчи, "Андижон тонгги" газетаси таҳририяти иккинчи, "Водий гавҳари" журнали таҳририяти учинчи ўринга,  тасвирий санъат, фото ва дизайн йўналиши бўйича "Тасвирий ойна" ижодий уюшмаси вилоят бўлими дизайнери Темурмалик Абдуллаев биринчи, мусаввир Азизбек Жабборов иккинчи, "Иқбол" газетаси фотомухбири Зуҳриддин Умрзоқов учинчи ўринларни қўлга киритди.

Танловда "Иқбол" газетаси таҳририяти рағбатлантирувчи мукофот билан тақдирланди.

Якунда барча йўналиш ҳамда номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Улуғнорда хотин-қизлар жиноятчилиги камайди

Улуғнор туманидаги "Обод" маҳалла фуқаролар йиғинида "Маҳалламизда жиноятчиликка йўл қўйилмайди" мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди.

Туман хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ўтказилган тадбирда ички ишлар бўлими ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари, отинойилар иштирок этиб, туманда хотин-қизлар жиноятчилигининг олдини олиш хусусида атрофлича фикр алмашдилар.

- Бу борада олиб борилаётган тарғибот ишларимиз ижобий натижалар бермоқда, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Нигорахон Жабборова. - Шу боис ҳам жорий йилнинг 1-ярмида аёллар томонидан содир этилган фақат 1 та жиноят қайд этилди. Мақсадимиз, туманда умуман, хотин-қизлар жиноятчилигини бартараф этишдир.

Тадбирда мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасида тегишли вазифалар белгилаб олинди.

 

Шаҳноза МАМАДАЛИЕВА,

 

туман хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси.

Хайрли акция

Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясининг "Саховат - беназир қадрият" акцияси доирасида партиянинг Асака туман кенгаши ҳамда  "Асакадонмаҳсулотлари" корхонасидаги бошланғич ташкилоти  томонидан  "Сизга суянамиз, азизлар" деб номланган акция ўтказилди.

Акция давомида кам таъминланган оилалар вакиллари, имконияти чекланган кишиларнинг яшаш шароитлари ўрганилиб, уларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоялаш, саломатликларини яхшилаш юзасидан қатор тадбирлар ўтказилди. Жумладан,  имконияти чекланган фуқаролар - Тувадоқ маҳалласида яшовчи Ферузахон Юсуповага ҳамда         Файизобод маҳалласида яшовчи Раҳимахон Ҳасановаларга тикув машиналари берилиб, уларнинг бандлиги таъминлади. Энди улар чеварлик билан шуғулланиб, ўз оилаларига қўшимча даромад киритиш имконига эга бўлдилар.

Акция доирасидаги бу каби хайрли ишлар давом этмоқда.

Меҳринсо КАРИМОВА,

 

"Адолат" СДП Асака туман кенгаши раиси.

Маҳалла гузарида чевархона

Избоскан туманидаги "Шинам" маҳалла фуқаролар йиғини гузарида тадбиркор Гулжаҳон Зайнобиддинова томонидан тикув цехи ташкил этилди.

"Ҳар бир оила тадбиркор" Дастури доирасида кўплаб маҳалладошларимиз имтиёзли кредитлар олиб, ўз тадбиркорлигини йўлга қўймоқда. Жумладан, ёш тадбиркор, чевар   Г. Зайнобиддинова ҳам банкдан имтиёзли кредит олиб, 5 та замонавий тикув дастгоҳини сотиб олди ва маҳалла гузарида фойдаланилмай турган бўш бинода тикувчилик цехини ташкил этди. Бу ерда тикилаётган болалар ва аёллар либослари харидорларга манзур бўлмоқда.

Энг асосийси, ёш тадбиркор 5 нафар маҳалла қизларига "Устоз-шогирд" анъанаси асосида чеварлик ҳунарини ўргатмоқда.

Ф.  Ибрагимова,

 

"Шинам" маҳалла фуқаролар йиғини раиси.

ҚУЁШДА ТОБЛАНИШ ФОЙДАЛИМИ?

САЛОМАТЛИК

Ёҳуд ТАНАМИЗНИ D ВИТАМИНИ БИЛАН БОЙИТИШНИНГ БЕЗАРАР УСУЛИ ҳАҚИДА

Тиббиёт илми мутахассислари фикрларига кўра, қуёш нурида тобланишимиз - танамизни 90 фоизга қадар D витамини билан озиқлантиради. Қолган 10 фоизини эса овқатланишимиз тўлдирар экан. Шунинг учун ҳам ер шарининг айрим ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли ана шундай фойдали дармондорига муҳтожликни бошдан кечиради.

Бироқ, кейинги йилларда бундай дармондорининг муқобил воситалари - сут, йогуртлар, пишириқлар, қуруқ нонушта, турли хил нон маҳсулотлари тўлдириб улгурган. Бу маҳсулотларнинг ёрлиқларидаги " D витамини билан бойитилган" деган жумлани синчков харидор, албатта, ўқиши аниқ. Нархи қиммат бўлган бундай маҳсулотларга пул сарфласак, харажатимиз шунга арзийдими? Қуёшда тобланишдан оладиган дармондори билан озиқ-овқатлардаги витамин тенглаша оладими?

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ультрабинафша нури воситасида танамиз D3 витаминини ишлаб чиқаради. Худди шу витамин гўшт маҳсулотларида ҳам бор. Ўсимликлардан тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотларида эса D2 дармондориси мавжуд. Инсон D витаминини қуёшдан ёки озиқ-овқатдан олишидан қатъи назар, у организм учун фойдалидир.

- Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ҳар икки дармондори жигарга ўтиб, кальцитриол моддасига айланади, яъни, инсон   соғлиғи учун фойдали озиқ бўлади, - дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Валерий Кузнецов.- Бироқ бунинг яна бир бошқа жиҳати бор. Агар кальций моддаси жуда кам ёки бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотлари D витамини билан бойитилса, бу ҳолатда остеопорозни - суякнинг емирилиши хавфини кучайтиради. Айниқса, бу ҳолат сут маҳсулотларини камдан-кам истеъмол қиладиган одамларда кўп учрайди. Гап шундаки, D витамини инсон вужудидаги кальцийни ўзлаштиришга ёрдам беради... Умуман айтганда, D витамини билан тўйинтирилган сут ниҳоятда фойдалидир.

Очиғи, тиббий жиҳатдан ҳеч қандай монеълик бўлмаса, ёз фаслида табиий равишда D витаминини қуёшда тобланиш орқали олиш мумкин. Қуёш нуридан фойдаланиш ҳафтада атиги уч маротаба бўлиши, яъни, 10-15 дақиқа тобланиш етарлидир. Шуни ёдда тутиш лозимки, қуёшдан сақлайдиган суртма (крем)лардан фойдаланилганда, танада D витамини вужудга келишини буткул тўсиб қўяди.

Бошқа бир тавсия шундан иборатки, D витамини билан танани бойитиш учун тиббий препаратларга мурожаат этиш мумкин. Бунда бир ёшгача бўлган гўдакларга ҳар куни маълум миқдорда бериб борилади. Мактаб ёшигача бўлган болалар, кекса ёшдагилар ва бошқа ичак касалликлари бор беморларга бу витаминни қанча миқдорда истеъмол қилиш, албатта, тиббиёт соҳаси мутахассиси томонидан тавсия қилинади.

Ўзбекистон қуёшли юрт саналади. Юртдошларимиз эрта баҳордан кеч кузгача қуёш нуридан баҳра оладилар. Айниқса, ёз фаслининг айни иссиқ палласи каттаю-кичикни соя-салқин жойларга - чўмилиш ҳавзаларига чорлайди. Танани яйратадиган сувда чўмилгач, қуёш нурида тобланишни ҳамма ҳам хуш кўради, албатта. Аммо шуни унутмаслик керакки, қуёшда тобланишдан аввал мутахассис шифокор тавсиясини олиш соғлиғимиз учун ниҳоятда зарур. Хусусан, куннинг биринчи ярмида ультрабинафша нурларининг фойдали жиҳатлари борлигини ҳамма ҳам бирдек тушунмайди. Куннинг иккинчи ярмида қуёш тиғида қолиш - инсон соғлигини хавфга қўйиши мумкинлигини ҳам унутмаслик керак.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам биринчи галда қон таҳлили ўтказилиб, бу витаминга бўлган муҳтожлик мутахассислар томонидан аниқланиши зарур.

Зеро, ҳар нарсада меъёрнинг бўлиши фойдадан ҳоли бўлмайди.

 

Феруза МИРЗАОЛИМОВА тайёрлади.

 

Электр энергиясидан фойдаланиш бўйича масъул шахс тайинланг!

Мутахассис минбари

Бугун юртимиз тараққиёти, ҳаётимизда электр энергетика соҳасининг ўрни муҳим аҳамият касб этади. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни истаймизми, уй-жой қурамизми бунинг учун албатта, бизга электр энергияси зарур бўлади. Ёки бир неча кун электр энергиясиз яшаш қанчалар муаммолар келтириши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас.

Шунда корхонангизда муаммолар юзага келмайди

Шундай экан, ҳар бир истеъмолчи электр энергиясидан оқилона, белгиланган норматив ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилган ҳолда фойдаланиши лозим. Айниқса, турли мулкчилик шаклидаги хўжалик субъектларида бу масалага алоҳида эътибор қаратиши зарур.

Хусусан, ҳар бир корхона, ташкилот ва муассасада алоҳида буйруқ билан электр энергияси ишлатилишини, ундан оқилона, тежаб фойдаланишни назорат қилиш бўйича масъул шахс тайинланиши мақсадга мувофиқ. Бу албатта, ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга, электр энергияси тўлови учун сарфланадиган маблағни тежашга ёрдам беради. Умуман, электр хўжалиги бўйича жавобгар шахс корхонада соҳадаги қоида ва йўриқномаларга амал қилинишини,  электр жиҳозлари ишлатилишини доимий назорат қилиб боради.

Электр хўжалигига масъул шахс албатта, муайян билим ва малакага эга, тегишли тартибдаги йўриқномалардан хабардор бўлиши шарт. Шу ўринда таъкидлаш керакки, жавобгар шахсга электр хавфсизлиги бўйича мутасадди ташкилот томонидан тегишли малака гуруҳи берилгандан сўнггина унга ишлашга рухсат этилади. Жавобгар шахс белгиланган малака гуруҳига эга булмаган ёки унинг билими ҳар йили бир марта  "Ўздавэнергоназорат" ДИ Андижон ҳудудий бўлими инспектори иштирокида синовдан ўтказилмаган бўлса, истеъмолчиларнинг электр қурилмаларини эксплуатация қилиши таъқиқланади.

2018 йилнинг биринчи ярмида "Ўз-давэнергоназорат" ДИ Андижон ҳудудий бўлими мутахассислари томонидан 188 нафар жавобгар шахс билими синовдан ўтказилди, уларга тегишли тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Таъкидлаш жоизки, етарли билим ва малакага эга бўлмаган электр хўжалигига жавобгар шахс корхонадаги электр қурилмаларининг, қолаверса, энергия таъминоти ташкилоти жиҳозларини ишдан чиқишига ёҳуд одамлар ҳаётига хавф соладиган ҳолатлар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Бу хўжалик субъектлари учун ортиқча сарф-харажат ва муаммоларни юзага келтиради.

Фуқаролар, хўжалик   субъектлари соҳадаги мавжуд салбий ҳолатлар, турли муаммоларнинг олдини олиш буйича  "Ўздавэнергоназорат" ДИ Андижон ҳудудий бўлимида ҳар ойнинг биринчи сешанбасида ўтказиладиган "Очиқ эшиклар куни"га ташриф буюришлари ёки (0374) 223-49-72 рақамли "Ишонч телефони"га қўнғироқ қилишлари мумкин.

 

Фарҳодбек САТИМБОЕВ,

 

"Ўздавэнергоназорат" ДИ Андижон ҳудудий бўлими инспектори.

Андижонлик аёлларнинг фахри эди

Ўтганларнин охирати обод бўлсин!

Ўзбекистон Қаҳрамони, Олтинкўл туманидаги "Олтин водий гулшани" фермер хўжалиги раҳбари,    Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бошқаруви аъзоси, вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошидаги "Фермер аёллар" жамоатчилик уюшмаси раиси Сиёсатхон Абдуллаева 78 ёшида вафот этди. У бугун орамизда йўқ бўлса-да, ўзининг камтарин ва меҳнаткашлиги, мазмунли ва ибратли ҳаёт йўли, амалга оширган эзгу ва хайрли ишлари билан андижонлик аёлларнинг фахрига айлана олди, ўзидан яхши ном қолдирди.

С. Абдуллаева 1940 йил 11 майда Олтинкўл туманида таваллуд топган. Меҳнатда тобланиб вояга етди. Фаолияти давомида қишлоқ хўжалигининг билимдони сифатида эл-юрт орасида ҳурмат қозонган опа Андижон қишлоқ хўжалиги институтининг сиртқи бўлимида таҳсил олди.

Дастлаб ширкат хўжалиги тасарруфидаги мактабгача таълим муасассасида тарбиячи, мудира  бўлиб ишлаган Сиёсатхон Абдуллаева кейинчалик ширкат хўжалигида бош пудратчи, фермер хўжалиги раҳбари сифатида янада самарали фаолият юритди. Айниқса, мустақиллик йилларида фермер хўжалиги раҳбари бўлиб ташкилотчилиги, ташаббускорлиги, ўз ишининг малакали мутахассиси эканлигини намоён этди. Қишлоқ хўжалиги, хусусан, пахтачилик соҳасида илғор тажриба мактабини яратди. Опа етакчилигидаги фермер хўжалиги пахта, ғалла етиштириш бўйича кўп йиллар давомида республикамиздаги энг илғор хўжаликлар қаторидан ўрин олди. У кишининг ташаббуси билан шаклланган илғор иш услублари пахтачилик ривожида муҳим аҳамият касб этганлигини алоҳида эътироф этиш ўринли. 

Сиёсатхон Абдуллаева меҳнат фаолияти, ҳаёти давомида  жуда  кўп хайрли ишларга бош-қош бўлди, ибратли оила бекаси, меҳрибон она, садоқатли дўст,  эл-юрт ишига камарбаста инсон сифатида жамиятда муносиб ўрин топди. Хусусан, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бошқарувининг аъзоси сифатидаги фаолияти алоҳида эътирофга муносибдир. Жамоат ишларидаги фаоллиги, хотин-қизларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлидаги самарали ишлари билан кенг жамоатчилик ҳурмат-эътиборини қозонди.

Сиёсатхон Абдуллаеванинг эл-юрт равнақи йўлидаги самарали меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланди. У 1995 йили "Дўстлик" ордени билан тақдирланди, 2008 йилда эса "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвонига сазовор бўлди.  

Камтар, самимий ва фидойи инсон, умри давомида эл-юрт равнақи йўлида самарали меҳнат қилган Сиёсатхон опа Абдуллаеванинг порлоқ хотираси ҳамиша ёдимизда қолади.

 

 

Андижон вилояти хотин-қизлар қўмитаси.

Қайтар дунё

Ҳикмат

Бир йигит ўз отасини ҳақорат қилиб урганини кўрган одамлар нафратланиб, у адабсиз ўғилга ҳужум қилмоқчи бўлдилар. Йигитнинг отаси одамларни тўхтатиб:

- Биродарлар, ўғлимга ҳужум қилманг, бу ишда ўғлим эмас, ўзим айбдорман. Йигитлик вақтимда кунлардан бир кун худди мана шу ерда отамни ҳақорат қилиб урган эдим. Отамга қилган адабсизлигим жазосини энди кўриб турибман, отамга қандай муомала қилган бўлсам, бугун ўшандай муомала ўз ўғлимдан қайтди. Нимани эксанг, шуни ўрасан, деб жуда тўғри айтганлар. Мен ота-онамни ҳурмат қилмадим, дилларини оғритдим, у муборак зотлар мендан норози бўлиб кетдилар, энди ўғлим айбдор эмас, биродарлар, айб ўзимда, - деб ўксиниб-ўксиниб йиғлади.

Йигит отасининг сўзларидан таъсирланиб, дод-фарёд қилиб кўз ёшларини тўкди. Дарҳол отасини қучоқлаб, ўпиб, ундан узр сўради. Ота эмасми, у ҳам ўғлининг гуноҳини кечирди, унинг кўз ёшларини артиб, қучоғига олиб эркалади. Бу воқеанинг гувоҳи бўлган халқ ҳам таъсирланиб кўзларига ёш олдилар.

 

Бўз тумани бош отинойиси

 

 Муаззамхон Жўраева тайёрлади.