+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ТАРБИЯ ҚАНЧАЛИК ГЎЗАЛ БЎЛСА...

Азал-азалдан аждодларимиз қолдирган маънавий мерос моҳиятига назар солар эканмиз, киши қалбини эзгуликка чорловчи, инсонни инсон бўлишида комилликка етакловчи, гўзал ахлоқий фазилатларга ундовчи ҳикматлар бисёрлигига амин бўламиз.

Дарҳақиқат, ҳар бир давлат маълум қонун-қоидалар доирасида яшайди. Ҳуқуқий томонлама ахлоқ нормалари бизнинг давлатда ҳам албатта, йўқ эмас. Аммо, миллатга хос ёзилмаган ахлоқий қоидалар борки, қонун шаклида ёзилмаса-да унга амал қилиш олий фазилатдир.

Зеро, бу бизнинг миллий қадриятимиз одоб-аҳлоқимиздир. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, ана шу ноёб ахлоқ одобимизга раҳна солувчи, ёшларимиз онгини заҳарлашга қаратилган иллатлар, Юртбошимиз таъкидлаганларидек, "оммавий маданият"ни ниқоб қилиб олганларга қарши туришимиз муҳимдир.  Турли кинофильмлар, интернетдаги  расм ва мақолалар бизни янада огоҳ ва сергак бўлишга ундайди. Қолаверса, биз фарзандларимизга уларнинг зарарли эканлигини тушунтира олмаслиги керак. Шундагина ёш авлоднинг келажагига раҳна солувчи,  ёшларимиз онгини заҳарлашга уринаётганлар қабиҳ ниятига етаолмасликлари учун кучли таъсир қилган бўламиз.

Кўп ҳолларда чет давлатлардан кириб келаётган, ишга таклиф қилиш орқали алдаш каби  маънавий таҳдидлар ёшларимизнинг руҳий дунёсини издан чиқаришга қаратилган. Ачинарли ҳол шундаки, матбуот ва оммавий ахборот воситалари    орқали алданганлар ҳаётидан ҳикоя қилинмоқда, қанча-қанча ёшларимиз ёлғоннинг қурбони бўлмоқдалар, шунга қарамай минглаб ҳамюртларимиз фирибгарларнинг найрангларига ишонмоқдалар.

Шу ўринда бобокалонимиз Амир Темурнинг, "Ишон, аммо шубҳа қил" деган ҳикматини кундалик ҳаётимизга дастуриламал қилиб олсак мақсадга мувофиқ бўларди. Бу сўзнинг замирида жуда катта маъно бор. Зеро, ҳар кимнинг гапларига ишониб қолмаслик, пул, бойлик ортидан қувиб, натижада алданиб қолишдан ўзимизни тиймоғимиз даркор.

Бу борада ёшларимиз ўртасида турли давра суҳбатлари, семинарлар ўтказилиши мақсадга мувофиқдир. Ёшларимизнинг янада маънавий баркамол бўлиб етишишида миллий истиқлол ғоясининг ҳам ўрни беқиёсдир.

Аксарият ёшлар ўртасида пайдо бўлаётган интернет кафеларида ноўрин дастурларни ўрганишларига йўл қўйиш, интернет касалига дучор бўлишнинг олдини олиш ҳам муҳим омиллардан бири. Биз қанчалик эътиборли бўлсак, ёшларимиз ҳам ўзларига пухта ва эътиборли бўлиб вояга етадилар. Бунда биз катталар уларга ўрнак бўлмоғимиз, болалар тарбияси билан мунтазам шуғулланмоғимиз, миллатимиз, маданиятимизга ёт бўлган унсурлардан уларни асрамоғимиз даркор. Токи улар енгил йўл билан пул топиш йўлларини ахтармасинлар. Интернетдан эса тўғри фойдаланишга ўргансинлар.

Оддийгина саломлашишни олсак, ёшларимиз ўртасида турли хил имо-ишоралар, одамнинг ғашини келтирадиган қилиқлар билан саломлашиш урф бўлиб қолган, бу эса бизнинг шарқона одоб-ахлоқимизга зид бўлиб,  ёшларимиз онгини заҳарлайдиган маънавий таҳдиддир. Зотан, биз фарзандларимиз тарбияси учун масъул эканмиз, уларнинг баркамол, комил инсон бўлиб етишишлари учун уларга тўғри тарбия бермоғимиз зарур. Зеро, Абдулла Авлонийнинг "Тарбия биз учун ё ҳаёт-ё мамот, ё нажот-ё ҳалокат, ё саодат-ё фалокат", деб айтганлари ҳам бежиз эмас. Тарбия қанчалик гўзал бўлса, унинг ҳосили ҳам шунча тотли бўлади.

 

Муяссархон ХОЛИҚОВА,

Андижон шаҳридаги

 

 8-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

Оилаларимиз мустаҳкам бўлсин

Мушоҳада

Машҳур қирғиз адиби, Чингиз Айтматов шундай ёзган эди: "Одамларнинг ўзига қилган энг катта яхшилиги-оиласида муносиб фарзандларни тарбиялаб етиштирганидир".

Дарҳақиқат, қобил фарзанд энг аввало, ота-онасига, сўнгра жамиятга наф келтиради. Оилада аввало, ота-она маънавиятли бўлсагина, фарзандлар ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб камол топишади. Акс ҳолда...

Бир аёлни танирдим. Ёш бўлишига қарамасдан бирор фойдали иш билан шуғулланмайди. Кўча бошида ўтириб олиб, ўтган-кетганга гап сотади. Бировларнинг ғийбатини қилиб, кун ўтказади. Уч нафар қизининг олди бўйга етиб қолди. Турмуш ўртоғи эртаю кеч ишлаб рўзғорини бутлаш учун жон койитади. Аёл эса лоақал эрининг уст-бошига ҳам қарамайди. Доимо кир-чир, дазмолсиз кийимда юради.

Қизлар ҳам оналаридан "ўрнак олишиб" кўчадан бери келишмайди. Катта қизи маҳаллада бемалол йигитлар билан учрашади, ҳеч кимдан тап торт-майди. Қўлидан телефон тушмайди.  Қизнинг тарбияси бузилаётганидан ташвишга тушган маҳалла фаоллари коллеж ўқитувчилари билан бир неча бор хонадонга келишиб ота-она билан суҳбатлашмоқчи бўлишди, лекин аёлга гап уқтириб бўлмади. Аёл уларни қувиб солади.

Орадан кўп вақт ўтмади. Аёл шу қизининг юриш-туришини бошқаролмай қолди. Қиз уйига кеч келадиган одат чиқарди. Шунда аёл коллеж жамоаси, маҳалла йиғини устидан юқори идораларга "Ўз вазифаларига совуққонлик билан қараб, ёшлар тарбияси билан шуғулланишмаяпти", деган мазмунда арзнома ёзди. Коллеж мутасаддиларидан бирини ишдан бўшаттирди. Қиз билан юрган йигитни топиб гаплашдик. Йигитда инсоф бор экан, ўша қизга уйланди. Бироқ аёл қизининг рўзғорига ҳам аралашавериб, куёвини ҳам тинч қўймаяпти.

Бу каби оналар оғриқли нуқтамиз. Оналик масъулиятини ҳис этишлари учун  улар билан кўпроқ ишлашимиз, бундай оилаларда маънавий муҳитни қарор топтириш йўлида тинимсиз изланмоғимиз керак. Айниқса, қиз бола тарбияси билан жиддий шуғулланмоғимиз лозим. Нега деганда, улар эртага авлодлар давомийлигини таъминлайди, миллатимиз келажагини белгилайди.

Албатта, шу пайтгача оилаларни мустаҳкамлаш борасида эришган натижаларимиз салмоқли. Аммо, амалга оширажак вазифаларимиз ҳали бисёр. Зеро, Президентимиз айтганларидек, халқчил, адолатпарвар жамият пойдеворини энг аввало, меҳнат қадрини биладиган, маънавий соғлом ва маданий савияси баланд минглаб ва миллионлаб оилалар ташкил этади. Демак оилаларимиз   мустаҳкам бўлса, жамиятимиз ҳам мустаҳкам бўлади. Бунинг учун  астойдил ҳаракат қилмоғимиз керак

 

Маҳфуза АБДУКАРИМОВА, Балиқчи тумани.

 

ТИНЧЛИКДА ЗИЙНАТ, ХАВФДА ҚАЛҚОНДИР

Дунёда шундай инсонлар бор, улар бир-бирлари билан ҳақиқий ака-укалар  каби аҳилликда, иттифоқликда яшайдилар. Ўзига нима яхшиликни хоҳласа дўстларига ҳам илиниб, яхши кўрган нарсаларини чин дилдан бир-бирларига тортиқ қиладилар.

Динимиз таълимотларида ҳам дўстликка алоҳида эътибор берилган бўлиб, Аллоҳ таоло: "Мўъминлар ва мўъминалар  баъзиларининг дўстларидурлар, яхши ишга буюрадилар ва мункар ишдан қайтарадилар" дея марҳамат этади ("Тавба" сураси, 71-оят).

Ҳа, мўминлар холис Аллоҳ ризолиги учун дўстлик ришталарини боғлайдилар, аввало. Сўнг улар шунчаки номигагина дўстмиз деб кифояланмайдилар, аксинча бир-бирларининг ҳолидан ҳамиша хабардор бўладилар. Ва ҳар қачон дўст манфаати йўлидан чекинмай эзгу амалларда саъй-ҳаракат қиладилар. Дунё ва охират саодатига элтувчи пок йўлларида ҳам биргаликда интиладилар. Шунингдек, икки дунёда бандани хор қилгувчи амаллардан  нафақат ўзлари четланадилар, балки, дўстларини ҳам ёмон амаллардан қайтарадилар. Бу албатта, жамият учун ҳам энг тўғри йўлдир.

Мавзу билан боғлиқ воқеани сўзлаб, бир йигит шундай дейди: "Болалигимдан бирга ўсган яқин дўстим бор. Доим бир-биримизни авайлаб-асраб яшаймиз. Айниқса, моддий-молиявий томондан ҳар қанча ёрдам зарур бўлса, ҳеч иккиланмай кўмакдош бўламиз.

Бир куни тўсатдан онам қаттиқ бетоб бўлиб қолди. Зудлик билан шифохонага ётқизишимизга тўғри келди. Бироқ уйда қурилиш ишларини бошлаб олганим сабаб маблағ томондан бироз оқсаб турган пайтим эди. Роса ўйландим, сўнг минг истиҳола билан дўстимга қўнғироқ қилиб шароитимни тушунтирдим. Оғайним ташвишланмаслигимни айтиб, кечроқ дараклашамиз, деди. Минг афсус... кечга яқин унга қўнғироқ қилсам телефонини ўчириб олган экан. Телефон рақамларини қайта-қайта теравердим. Йўқ... жавоб бўлмади. Ўзимни жуда ёмон ҳис қила бошладим. Сўнг, бошқасидан бўлса ҳам қарз сўрашни хаёл қилдим, лекин шунча катта пулни бирданига ким ҳам бера оларди, дея ўйланиб ўйимга етолмадим. Аёлим эса кечга овқат тайёрлаб қўйган экан, уни олиб ноилож онамдан хабар олишга ёнига чопдим.

...Хонага кириб, не кўз билан кўрайки, дўстим онам ёнида ўтирган экан, ёнидаги столда эса бир қанча қути ичида дори-дармонлар турганди.

Кейин билсам, дўстим қўл телефонини сотиб дарҳол шифокорга учрабди ва  рўйхатдаги барча дориларни етказиб келибди.

Оғайним дўстлигимиз ҳурмати, онам соғлиги учун қайғуриб,  молидан ҳам воз кечиб ҳожатимизни чиқарибди. Буни билиб унга нисбатан меҳрим янада ошди. Ожиз бандалармиз-да, болаликдан ишончли дўстим бўлган инсонга кўнглимда гумон-шубҳа уйғонишига оз қолди.

Лекин ҳаммаси ортда қолди. Онам тез орада соғайиб оёққа турди, ҳеч қанча вақт  ўтмай муштипаримнинг қадами оиламизга яна файз киритди..."

Мўминнинг дўстлиги чин бўлади, бир-бирига ҳар вақт садоқат билан жавоб қайтаради. Улар бир-бирини ҳеч қачон қийин кунда ташлаб қўймайди. Аксинча, яхши кунда дилдош, ёмон кунда елкадош бўлади. Бироқ, чин дўстлик алоқаларига гумон аралаштирмаслик жоиз.

Дарвоқе, бу борада Расулуллоҳ (с.а.в.): "Ростгўйлар билан дўстлашинглар. Улар тинчликда зийнат, хавфда қалқондур" дея марҳамат қилганлар.

 

Ихтиёржон АБДУРАҲИМОВ,

Улуғнор туманидаги "Овулмат" масжиди  имоми.

 

 

ЧУМОЛИ ИБРАТИ

ҳаёт - ибрат мактаби

Болалигимдан бувимнинг ўгитларини эшитиб улғайганман. Айниқса, эрта туришнинг фазилатлари улуғ эканлиги қалбимга сингиб кетганлиги учун ҳамиша тонг саҳардан туришга одатланганман. Бугун ҳам одатдагидай барвақт уйғондим. Онам эса аллақачон боғимиздаги дарахтлар орасига экилган картошкаларни кавлаётган эди.

Боғ томондан унинг овози эшитилди:

- Қизим, картошкаларни йиғиб олишга ёрдам бериб юбор!

- Ая, бу картошкаларингизни тушгача йиғиштириб бўлмаймиз-ку, ахир. Бугун дугонамнинг туғилган куни бўлса, - дедим эринибгина.

Дугонам Дилоромнинг уйига эртароқ бормоқчи эдим. Онам кўнглимга қаради:

- Ҳа, майли, қизим, ўзинг биласан, - деди-да, картошка кавлашга тушиб кетди. Мен эса ҳовлимизни супуриш учун челагимни уйимиз орқасидан оқиб ўтаётган ариқдаги сувга тўлдирганча атрофга қарадим. Ҳовлимизнинг бир четига экилган гуллар уйимизнинг кўркига кўрк бағишлаб юборибди. Дилим яшнаб, қўлимда турган сув тўла челакни ҳовлига сепиш ўрнига гулларга қуйганимни билмай қолибман.

Барқ уриб очилган гуллар, садарайҳонлар бирам чиройли ва хушбўйки, ифоридан дилинг маст бўлади. "Ҳали бу ерни капалаклар ва асаларилар қоплаб олса керак", - дея ўйладим.

Гулларга сув қуяр эканман, бирдан барг ёзган райҳон устида тезлик билан юриб кетаётган чумолига кўзим тушди. Демак, шу яқин ўртада ини бўлса керак. "Инлари устига сув қуйиб юбормадиммикин", дея хавотирга тушиб, чумолилар ошиёнини излай бошладим. Чиндан ҳам райҳон тагида чумолиларнинг  ини бор экан. Уларни бир муддат кузатгим келди. Чумолилар хас-чўпларни кўтарганча, инлари томон элтар эдилар. Лекин бир чумоли ортидаги чўпни судраб юришга ҳаракат қилар, аммо чўп унинг жуссасидан каттароқ бўлгани учун кучи етмас эди. Шунда олдинга қараб юриб кетаётган бошқа бир чумоли унинг ёнига келди. Ва иккиси бир зумда чўпни манзилга етказдилар.

Чумолилар ўртасида юз берган бу воқеани кузатиб, беихтиёр онам томонга юзландим. Челакни кўтариб унга ёрдам беришга шошилдим. Онам картошка кавлар, мен эса уларни челакка солиб омборхонага элтар эдим. Иккимиз ҳаш-паш дегунча ҳосилни йиғиб олдик. Куч бирликда эканлигига яна бир бор иқрор бўлдим. Демак, ҳатто шу миттигина меҳнаткаш чумолилар ҳам инсон учун ибрат мактабини ўташи мумкин экан.

 

Нилуфар ТУРСУНБОЕВА,

Асака туманидаги 3-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

МАЪРАКАЛАРНИ ЎТКАЗИШДА ТЕНГЛИК БЎЛСИН, - дейди Избоскан туманидаги Қораянтоқ МФЙ отинойиси Фаридахон Ҳошимова

Табиатан мулоҳазали, босиқ, камтар ва сабру қаноатли бўлган Фаридахоннинг ҳамқишлоғи Фозилжон билан турмуш қурганларига 53 йил тўлди.Ота-онасидан эрта айрилиб, акаси ва келинойиси қўлида тарбия топган меҳнатсевар, Фозилжон қишлоқдаги тўй-маъракаларда ошпазлик қилиб, маҳалла корига яраб келади. Ширинсухан Фаридахон эса болалигидан диний илм олишга катта эътибор қаратди.

- Уй юмушлари, дала ишлари билан бир қаторда,  китоб ўқиб, диний илмни ҳам қунт билан эгаллаб бордим, - эслайди Фаридахон Ҳошимова. - Аллоҳга минг шукр, мана бугун маҳалла отинойиси сифатида элимиз, юртимизга хизмат қилиб келмоқдаман. Қишлоқдаги барча маросимларни ўтказишда уй эгалари билан ёнма-ён тураман. Ҳамқишлоқларимни янгиликлардан воқиф қилишга, уларни қийнаётган саволларга жавоб беришга, оилалардаги айрим келиша олмаётган қайнона ёки келинлар ўртасидаги муаммоларни бартараф этишга ҳаракат қиламан. Яхши ҳадислардан айтиб бераман. Бу нафақат ёшларимизни тарбиялашда, балки, нотўғри фикрлайдиган катталар фикрини ўзгартиришда ҳам қўл келади.

Бугун ҳар бир отинойи диний ва    дунёвий илмларни пухта билиши ва одамларнинг саволларига аниқ жавоб бера олиши лозим. Фаридахон ая Ҳошимова ҳам маърифатли, диний илмни дунёвий илмлар ила бойитиб яшайдиган, ишлайдиган фаол отинойилардан бири.

Маҳаллада, айниқса аёл-қизлар ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга алоҳида эътибор қаратади. Ёрдамга муҳтож оила ва ёлғиз аёлларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга ҳам моддий, ҳам маънавий ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш, ўз жонига қасд қилиш, жиноятчилик ва   бошқа салбий ҳолатларга қарши тушунтириш ишларини олиб боришда албатта, Фаридахон аянинг алоҳида ўрни бор. Айниқса, тўй-издиҳом, маърака ва маросимларни рисоладагидек ўтказишда унинг роли катта.

- Маҳалламизда "Бир болага етти қўшни ота-она" мақолига катта эътибор қаратилади, - дейди Фаридахон Ҳошимова. - Шукрки, юртимиз тинч, замонамиз осуда, аммо шу ўринда бир нарсани айтиб ўтиш жоиз. Қишлоғимизда сеп-сидирғаларни ўз ўрнига қўйиш муаммоси ҳали ҳамон кўп оилаларни қийнаб келмоқда. Тўғри, ҳар бир инсон орзу-ҳавас билан яшайди, унга интилади. Афсуски, айрим аёлларимиз сеп-сидирға борасида ҳамон меъёр тушунчасини  англаб етганлари йўқ. Қизларига ҳаддан ташқари кўп либос, буюм олиб бериш, куёв томонга қуллуқ қилиш билан оворалар. Қизларимизнинг обрўсини, қадр-қимматини оналаримизнинг ана шундай ҳаддан зиёд   "меҳр"лари тушириб қўймоқда.

Фаридахон ая нафақат тўйларни, балки эҳсонларни ҳам ихчам, камчиқим ўтказишга астойдил ҳаракат қилади.

-"Эҳсоннинг кўпи ҳам ози ҳам эҳсон. Муҳими, ана ўша эҳсон Яратганнинг даргоҳида қабул бўлсин!", - дейди отинойи.

Ҳар бир хонадоннинг тутуми ўзгача. Ҳар бир жойнинг ўзига яраша тош-тарозиси бор. Кимгадир камчиқим маросим, шовқинсиз издиҳом ёқади, кимдир дабдабани орзу қилади. Фаридахон отинойи эҳсон ва маъракаларни ўтказишда ҳам тенгликни сақлашга, қишлоқдошларининг ҳам кўнглини қолдирмасликка, ҳам шариат аҳкомларига мос келадиган тадбирлар ўтказишга ҳаракат қилади. Бу йўлда у биринчи навбатда, аёлларни йўлга солишга уринади.

- Қишлоғимиз аёллари ақлли, меҳнатсевар. Ҳаммаси ўз ишининг моҳир усталари, - давом этади у. - Шукрлар бўлсинким, бизда бекорчи аёллар йўқ. Ҳаммаси қайсидир иш билан банд. Уйда дўппи, кашта тикувчи чеварларимиз ҳам талайгина.Ўқувчи қизларимиз ёзги таътил бошланиши биланоқ, дарров тикувчи опалари ёнига шайланадилар. Кимдир бичиш-тикишни ўрганса, кимдир пазандачилик сир-асрорларини ўрганади. Юртбошимизга раҳмат, ёшларимиз учун алоҳида эътибор қаратмокда. Ўша имкониятлардан улар кенг фойдаланмоғи лозим. Ҳозир фақат дангаса, ишёқмас, ўз устида ишлайдиган ёшларимиз қийналмоқда, холос. Аммо ғайратли, эпчил, меҳнатсевар ёшлар учун барча эшиклар очиқ.

Маҳалла отинойиси, шунингдек, ибратли қайнона ҳамдир. Фаридахон ая уч келинини ўз қизларидай кўради. Учаласи ҳам ақлли, одобли, меҳнатсевар.Фаридахон ая  уларни дуо қилишдан чарчамайди. Ширинтой набираларининг тарбиясига доимо эътибор қаратади. Уларга ҳадислар, эртаклар, аллалар айтиб беришни ёқтиради.

-Ота-оналар кўпроқ фарзандларининг тарбиясига эътибор қаратсалар, фарзандлари, набиралари учун кўпроқ вақт ажратсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди. Турли бадиий китоблар олиб берсинлар, урф-одатларимизга, она-Ватанга  ҳурмат, эътиқод тушунчаларини сингдириб борсинлар. Бекор қолдирмасликка ҳаракат қилсинлар. Шунда ишонаманки, меҳр билан, эътибор  билан ул-ғайтирган фарзандларимиздан ҳеч ҳам ёмонлик чиқмайди.

«Инсон эътиқодли бўлиши, яхши яшаш учун ҳамиша ҳаракатда бўлиши керак». Бу - Фаридахоннинг севимли ибораси. Ҳамқишлоқлари уни айнан мана шундай эътиқодли, меҳнаткаш, мулойим бўлганлиги учун ҳам яхши кўришади, ҳурмат қилишади.

Гулнора МАҲКАМОВА,

 

Избоскан тумани.

БОЛАЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШИБ...

Шифокорлик - машаққатли касб. Бироқ болалар шифокори, айниқса, болалар невропатологи бўлиш ундан-да мураккаб ва заҳматлидир. Катталар-ку, дардини баён эта олади. Лекин ҳали тили чиқмаган болалар бетоб бўлса, уларга тўғри ташҳис қўйиш ва даволаш доктордан кучли билим, катта тажриба талаб қилади.

Шукрки, орамизда ана шундай касб эгалари жуда кўп. Балиқчи туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли поликлиникасининг Чинобод ҳудудий бўлими болалар невропатологи Мушарраф Холмирзаева улардан бири.У Балиқчининг Олимбек қишлоғида туғилди. Ёшлигидан болалар шифокори бўлишни орзу қилган Мушаррафнинг эзгу истагини ота-онаси  ҳам хурсанд бўлиб қаршилашди ва қизларининг чуқур билим олишига кўмаклашишди.

Мушарраф опа тиббиёт институти талабаси бўлган кунни бир умр унутмайди. Мана, орадан 33 йилдан зиёд вақт ўтди. Институтни тугаллаб,  болалар шифохонасида интернатурани ўтаган кезларидаёқ, касбига қаттиқ меҳр қўйди. Ёш шифокор унга беғубор нигоҳларини  тиккан бемор болаларнинг шифо топиши йўлида бор куч-салоҳиятини сарф этишга ўз-ўзига сўз берди ва бунинг уддасидан чиқмоқда.

Чақирувларга, тиббий кўрикларга борган пайтида ҳар бир боланинг саломатлиги унга боғлиқ эканини янада теранроқ ҳис этиб, ўз ишига масъулият билан ёндошади. Тиббиётнинг илғор тажрибаларини даволаш услубларини, ўрганишга интилади. Қўли енгил шифокорни излаб қўшни туманлардан, вилоятлардан ҳам келишади.

Бир гал Фарғонадан бир ярим  ёшли бемор боласи билан келган эр-хотин шифокордан нажот кутиб, докторлар умид йўқ дейишганини айтишди. Бироқ Мушарраф опа ёзиб берган муолажалардан 1 ҳафта ўтиб, бола оёққа турди. Бир ой ичида аввалги ҳолига қайтди. Шундан буён бу оила шифокорни ўз яқинлари каби қадрлайди.

Мушарраф опанинг меҳнат дафтарчасида биргина ёзув бор. У ҳам бўлса, болалар поликлиникасига шифокор этиб тайинлангани ҳақидаги буйруқ. 27 йил бир даргоҳ, бир жамоада меҳнат қилишнинг ўзи бўлмайди.

- Жамоани оилангдек қадр-ласанг, касбингга меҳринг ошиб бораверса, бу сенга ёрдам беради, - дейди Мушаррафхон опа. - Болалар асаб тизимини тиклашдек хайрли ишнинг уддасидан чиқаётганимга шукр қиламан. Баъзида ойлаб шифо топмаётган бемор болалар учун кўз ёши тўккан кунларим ҳам бўлган. Гоҳида боласи соғлигига бепарво бўлган оналарга қаттиқ гапирганман ҳам. Асаб касалликларининг 90 фоизи 5 ёшгача бўлган болаларда учрамоқда. Бунинг сабаблари эколо-гиянинг ёмонлашуви, она қорнидаги нохуш ҳолат, шунингдек, туғруқ жараёни билан боғлиқ муаммолардир. Бундан  ташқари, онадаги камқонлик, унинг ҳомиладорлик даврида юқумли касалликлар билан оғриши, ирсий касалликлар, отанинг зарарли одатларга ружу қўйиши оқибатида боланинг асаб тизими шикастланади. Ҳар бир ота-она буларни билиши, зурриёдларини      соғлом ва баркамоллиги учун масъулиятни ҳис этиши лозим.

Касбимда неки муваффақиятга эришган бўлсам, барчаси учун устозларимга, менинг шифокор бўлишимни орзиқиб кутган дадажоним ва онажонимга миннатдорчилик билдираман.

Шифокор икки ўғилни  камолга етказиб, қаторга қўшди. Ҳозир улар тадбиркорлик билан шуғулланиб, жамиятга наф келтиришмоқда. Мушарраф Холмирзаева умри давомида юзлаб болаларга саломатликдек бебаҳо неъматни ҳадя қилаётганидан, қанчадан-қанча оилаларнинг қувончу ташвишига шерик бўлаётганидан мамнун. Ота-онаси, қолаверса, эл ишончини оқлаётганига шукрона келтиради.    

 

Барно ҲАЙДАРОВА

 

КИЙИНИШ МАДАНИЯТИ ВА ЁШЛАР

Кейинги пайтларда ёшларнинг ахлоқ-одоби, кийиниш маданияти ҳақида кўп гапириляпти. Бироқ, оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар, ёши улуғ онахон ва отахонларнинг панду насиҳатлари гўё ҳавога учаётгандек  таъсир қилмаётгани, замонавий ёшларнинг "қийқириқ" модалар кетидан қувишдан қолмаётгани кишини ўйлантиради.

Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази шаҳар бўлими ҳамда "Тараққиёт" телерадиокомпанияси  ҳамкорлигида бўлиб ўтган "Оилам - бахтим менинг" ток шоуси мавзуси ҳам кийиниш маданиятига бағишланди. Давра суҳбатида маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича  мутахассислари, бошланғич хотин-қизлар қўмиталари раислари, отинойилар, педагоглар, нуроний онахонлар ва ёшлар иштирок этдилар.

Азалдан Шарқ маданияти Fарб маданиятидан кўп жиҳатлари билан ажралиб туради. Аёл ва эркак, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар, ҳурмат ва меҳр-оқибат туйғулари, шунингдек, кийиниш маданияти ҳам. Шарқона тарбия - одоб-ахлоқ, ибо ва ҳаё, иззат-эҳтиром, катталар олдидаги андишалилик, уят каби тушунчаларни ўз ичига олади.

Давра суҳбатини "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази Андижон шаҳар бўлими раҳбари Ҳабибахон Жўрабекова олиб борди.

Кўрсатувда мушоҳада юритган Андижон шаҳар отинойиси Шоирахон Нуралиева, 11-умумтаълим мактабининг маънавий-маърифий масалалар бўйича директор ўринбосари Муносиб Аҳмадалиева, Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали ассиссенти Одинахон Ҳасанова, Ўзбекистон Адолат социал-демократик партияси шаҳар кенгаши раиси Улуғбек Қобиловлар кийиниш    маданиятида тарбиянинг аҳамияти, болаликдан одоб-ахлоқли, андишали этиб тарбияланган ёшлар маънавиятда юксак, маданиятда намуна бўлишлари, ҳозирги ёшларнинг мода кетидан кўр-кўрона қувишлари,  бунинг оқибатида миллий менталитетимизга хос бўлмаган янги-янги урфларнинг пайдо бўлаётгани ҳақида гапирдилар.

- Кийиниш маданияти инсоннинг ташқи кўриниши, маънавий дунёси, эстетикаси, ахлоқий сифатлари ва салоҳиятини очиб беради, - дейди Ҳабибахон Жўрабекова. - "Европа модаси" деб, урф бўлган бемаъни кийимларни     кийиб, ўзини "бугуннинг замонавий ёшлари", деб ҳисоблайдиган йигит-қизлар қаттиқ адашадилар. Улар ўзларининг маънавияти, тафаккури, дунёқараши қанчалик саёз эканлигини замонавий либослари орқали намоён этишмоқда. Бу ерда ота-оналарнинг ҳам айби бор. Танасига ёпишиб турувчи, ёки калта ва очиқ кийимларини ўз қизларига олиб бераётган ота-оналар бунинг салбий оқибатларга олиб келишини билишармикан?!

Давра суҳбатида шунингдек, йигитларимиз орасида йўқолиб бораётган андиша, орият, ғурур каби тушунчалар ҳақида сўз борди. Турли бемаъни ёзув ва расм-лар туширилган футболка, калта ёки тор шимларда юришга уялмаётган йигитлар эртага    ўз фарзандларига салбий намуна бўлишлари айтиб ўтилди. 

Энг аввало, ота-оналарнинг фарзандлари кийинишига эътибор бериши, доимий назорат қилиши зарурлиги таъкидланди.

- Истаймизки, ёшларимиз    кийиниш маданияти ҳам миллийлигимизнинг ажралмас бўлаги,  юксак қадрият эканлигини ёдда сақлашса, қизларимиз ибо-ҳаёда намуна бўлиб, йигитларимиз ҳақиқий ўзбек ўғлони номини оқлашса нур устига аъло нур бўларди, - дейди Андижон шаҳар отинойиси Шоирахон Нуралиева.

 

 

Ойгул ЭШМУРОДОВА

Кеча вилоятимизда олий ўқув юртларига кириш учун тест синовлари бошланди

Мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани каби кеча вилоятимизда ҳам олий ўқув юртларига кириш учун тест синовлари бошланди.

- Жорий йилда вилоятдаги тўртта олий ўқув юртига 47 минг 432  нафар йигит-қиз талаба бўлиш ниятида ҳужжат топширган, - дейди. Ўзбекистон Республикаси Давлат тест маркази Андижон вилоят бўлими раҳбари Ҳусниддин Алиев. - Улар 64 та бакалавриат таълим йўналишлари бўйича 3390 та талаба ўрни учун ўз билимларини синовдан ўтказадилар. Албатта, ўз йўналишлари бўйича энг билимдон ёшлар талабалик бахтига сазовор бўлади.

Дарҳақиқат, рақамларга эътибор қаратилса, вилоят бўйича бир ўринга 13,9 та абитуриент тўғри келган. Биргина Андижон давлат университетига 26 минг нафардан зиёд абитуриент ҳужжат топширган. Андижон давлат тиббиёт, машинасозлик институтлари, шунингдек, Тошкент аграр университети Андижон филиалида ўқиш истагидаги ёшлар ҳам салмоқли.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 ноябрдаги "Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида Андижон олимпия захиралари коллежи манежи тест синовларини ўтказиш учун танлаб олинди ва белгиланган талаблар асосида тест қабул қилиш учун тайёрланди.

Таъкидланганидек, бу йил тест синовлари ҳар йилдагидан ўзгача тарзда ўтмоқда. Мазкур жараённинг юқори савияда, шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаш учун тест синовлари ўтказилаётган Андижон олимпиа захиралари коллежида 2040 нафар  абитуриент бир   вақтнинг ўзида синов топшириши учун зарур барча шароитлар яратилди, бино совутиш ва вентиляция жиҳозлари билан таъминланди. Шунингдек, бинога 6 дона айланма кузатув, 46 дона кузатув, 5 дона шахсни идентификация қиладиган камералар ўрнатилди Тест жараёни онлайн тарзда интернет орқали кўрсатиб борилади, кўчага ўрнатилган катта экранда ота-оналар, кенг жамоатчилик жараённи бевосита кузатиб бориш имконига эга. 

Об-ҳавонинг иссиқлиги ҳисобга олиниб, тест синови ўтказилаётган бино олдида   салқин ичимликлар савдолари, кутиш ва дам олиш жойлари ташкил этилган.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Боғи Бобурда саховат тадбири

Андижон шаҳридаги Бобур номли истироҳат боғида Мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрами ҳамда  яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайити муносабати билан саховат тадбири бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги "Кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида Андижон туман тиббиёт бирлашмаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирга тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи 150 нафарга яқин ёлғиз кексалар, имконияти чекланган фуқаролар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар вакиллари таклиф этилди.

Тадбирда сўзга чиққан туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Нодирахон Зокирова, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Бахтиёржон Патиддинов, бирлашма касаба уюшма қўмитаси раиси Баҳодиржон Эгамбердиевлар кексалар, ногиронлар ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мамлакатимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, турмуш даражасини яхшилаш йўлида амалга оширилаётган ишлар, яратиб берилаётган имкониятларга тўхталдилар.

Туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари томонидан тадбир қатнашчилари тиббий кўрикдан ўтказилди. Соғлигида муаммолари бор фуқароларга тиббий муолажалар тавсия этилди.

Тадбир иштирокчилари тўкин дастурхон атрофида гурунглашиб, мароқли куй ва қўшиқлардан баҳраманд бўлдилар.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Дастлабки гуруҳ ҳаж сафарига жўнаб кетди

Наманган - Мадина авиа-йўналиши бўйича вилоятимиз зиёратчиларининг 234 нафар кишидан иборат дастлабки гуруҳи муқаддас ҳаж зиёратига жўнаб кетди.

Кузатув маросимида зиёратчиларга ҳаж сафарига доир тушунча ва маълумотлар берилди. Файзли дастурхон тузалиб, уларга диний идора, кенг жамоатчилик вакиллари томонидан оқ йўл тиланди.

Бу йил ҳаж сафарида 989 нафар ҳамюртимиз муқаддас сафарда бўлади. Уларнинг сафида табаррук онахонларимиз ҳам кўпчиликни ташкил этади.

 

 

Ойгул ЭШМУРОДОВА