+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Оилавий ажримларнинг олди олинмоқда

Қорасувда шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан "Биз оилавий ажримларга қаршимиз" мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди.

Шаҳар хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари етакчилари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари, отинойилар, фуқаролар йиғинлари қошидаги "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмалари, Яраштириш комиссиялари раислари, фаол хотин-қизлар иштирок этди.

Йиғилишда шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Наргизахон Холматова сўз олиб, оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш, шаръий никоҳларга йўл қўймаслик хусусида гапирди.

Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида 30 та жанжалли оиладаги муаммолар бартараф этилганлиги, шаръий никоҳ билан яшаётган 18 оиланинг никоҳи қонуний расмийлаштирилганлиги, аёллар билан боғлиқ жиноятчилик ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кескин камайганлиги, шунингдек, 126 нафар ишсиз аёлнинг бандлиги, шу жумладан, жазони ижро этиш муассасасидан қайтган 2 нафар аёл иш билан таъминланганлиги қайд этилди.

Йиғилишда мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, муаммоларнинг асосий омилларини аниқлаш ва бартараф этиш, тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтириш юзасидан таклиф, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Келгусида ажримларга йўл қўймаслик, оилаларни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

 

 

Сирожиддин ҲАСАНОВ

ТУРМУШ ЎРТОFИНГИЗНИ ЯХШИ БИЛАСИЗМИ?

Психологик тест

Бу нарса айниқса, аёлларимиз учун жуда муҳимдир. Чунки узоқ йил бирга яшаб ҳам, баъзан эрингизни тушунмай қолишингиз мумкин. Ёнингиздаги эркакни атрофлича билишингиз ўртадаги никоҳнинг абадий сақланиб қолишидан бир даракдир. Ушбу тест ёрдамида ўзингизни текшириб олинг.

Ўзингизга ҳар бир "ҳа" жавоб учун 5 балл, "йўқ" жавоб учун 0 баллдан қўйинг.

 

1. Турмуш ўртоғингиз сиз билан ички сирлари ҳақида ўртоқлашадими?

2. Унинг ёқтирган рангини биласизми?

3. Турмуш ўртоғингиз асабийликдан қай йўл билан чиқишини биласизми?

4.Унинг вазни қанча эканидан хабардормисиз?

5. Турмуш ўртоғингиз дунёда нимани кўпроқ ёқтиришини биласизми?

6. У сизнинг қай жиҳатингизни хуш кўрмаслигидан хабарингиз борми?

7. Турмуш ўртоғингизнинг севимли овқати нима эканини биласизми?

8. Унинг ожиз тарафлари сизга маълумми?

9. Турмуш ўртоғингизнинг жамиятда қандай ишлар билан бандлигидан хабардормисиз?

10. У кўпроқ нимадан қўрқишини биласизми?

 

НАТИЖАЛАР:

40-50 БАЛЛ.

Сизни табриклаймиз! Сиз ҳақиқатан ёстиқдошингизни яқиндан биларкансиз. Бу албатта биргаликдаги ҳаётингиз абадийлигидан яна бир даракдир.

30-35 БАЛЛ.

Натижангиз ёмон эмас. Умуман, уни яхши биласиз. Лекин ҳали ўзингизга маълум бўлмаган жиҳатлари ҳам борга ўхшайди. Шуларни ҳам ўрганиб қўйсангиз фойдадан холи бўлмасди.

20-25 БАЛЛ.

Сиз турмуш ўртоғингизни юз фоиз биласиз, дея олмаймиз. Илтимос, унга кўпроқ эътибор қаратинг.

20 БАЛЛ дан кам.

 

Кечирасиз-у, бирга яшаб туриб у билан умуман қизиқмас экансиз. Йўқ, бу ишингиз нотўғри. Қачонки, эр-хотин бир-бирига эътибор берса, ҳеч кимга маълум бўлмаган жиҳатларини чуқур ўргансагина оилавий ҳаёт тотли ва мустаҳкам кечади.

ҚИЗ ТАРБИЯЛАШ ОСОН ЭМАС

руҳшунос минбари

 (оталарга маслаҳатлар)

Замонамиз руҳшунослари оилада қиз фарзанди бўлган оталар амал қилиши лозим бўлган қатор қоидаларни ишлаб чиқишди. Аслида бу қоидалар аввал ҳам бўлган, уларнинг сони мингдан ҳам кўп. Айрим қоидалар бизнинг шарқона тарбия усулларимизга ҳам тўғри келавермайди.Бироқ умумлаштирилган қоидалар борки, уларни билиш ва амал қилиш оталарнинг қизлари билан боғлиқ турли вазиятларда ўзларини рисоладагидек тутишлари, муаммоларнинг олдини олишларида асқотиши мумкин.

- Катта, ўртанча, кенжа қизингиз айтган ҳар бир гап аҳамиятли. Вақтингизни сарф этиб, гарчи унинг сўзлари сиз учун қизиқ бўлмаса-да, уларни эшита билинг. Агар бирини   бошқасидан камроқ тингласангиз, унга етарлича меҳр бера олмаётганингиздан хафа бўлади.

- Дунёда бор жамики қизалоқлар гўзал ва ширин бўлишади, ана шуни уларга ҳар куни такрорлаб туринг.

- Сиз қизингиз учун онаси эмассиз. Сиз - отасиз. Онаси бўла туриб она ўрнини босишга ҳаракат қилманг. Оилада отанинг ўз вазифаси бор. Сиз уларни қисман биласиз.

- Овозингизни баланд кўтариб гапирманг. Агар шундай қилсангиз, келажакда шаллақи қизнинг отасига айланасиз. Асабига тегиб, хафа қилдингизми, кечирим сўранг.

- Ўйинчоқларнинг кўпи ёки ками бўлмайди. Агар сиздан янги ўйинчоқ олиб беришни сўраса, олиб беринг. Бироқ аввал, эски ўйинчоқлардан бир нечтасини бошқа болаларга ўйнашлари учун совға қилишни таклиф қилинг.

- Ҳар бир қиз ўзини малика деб билади. Унга шуни исбот қилинг ва тарбияли қизни вояга етказинг. Бу жуда оғир меҳнат, б-Қизингизни қучоқлаб, уни бағрингизга босиб туринг. Ахир у ҳали кичкина, атрофда унга нотаниш бўлган даҳшатли олам бор. Баъзида бу оламдан уни онаси ҳам ҳимоя қила олмайди. Кенжа қизингиз 18 га кирган бўлса ҳам ўз номи билан у кичкина.

- Агар ўғил болалар қиладиган ишларни қилишда қизингиз сизга ёрдамлашишни истаса, қаршилик қилманг. Шунда, орадан бир неча ўн йил ўтса ҳам, ёнингизда ёрдамчи ва ҳамроҳ бўлади.

- Баъзи ишларни фақат сиз билан қилишига ўргатинг. Масалан, бирга ўтин арралаш, футболни бирга томоша қилиш… Бу жуда муҳим.

- Қизингиз уни отаси доимо ҳимоя қила олишини билиши керак. Ҳар қандай вазиятда, қандай низога аралашган бўлмасин, унинг айби бор ёки йўқлигидан қатъи назар уни сиз ҳимоя қила олишингизни билсин. Келишмовчиликларнинг асл негизи кейин ўрганилади, асосийси у сизга ишонсин.

- Ютуқ ва камчиликлар ҳақида сўз борганида "биз" деб гапиришни унутманг. "Биз адашдик", "Биз уддасидан чиқа олмадик", "Биз буни уддаладик", "Биз енгдик"!

- Қизларнинг кўнгли нозик бўлади. Агар у бирор муаммо туғилганида сизнинг ёнингизга келиб йиғлаб, дардини айтмаса, ҳайратланманг. Бу сизнинг ёмон ота эканингизни билдирмайди. Кўз ёшлари сабабини бироз вақт ўтиб ўзи айтади.

 - Агар қизингиз сиз айтган эртакларни эслаб юрсин десангиз, ўз қаҳрамонларингизни ўйлаб топинг ва давомий, узундан-узоқ, қисмларга бўлинган эртак айтинг. Унинг бир неча ой, йил давом этишидан чўчиманг. Бу қизингизнинг хотирасида бир умр қолиши аниқ.

- Қизингизни "нозикойим" қилиб тарбияламанг. Агар у ҳам ўғил болалар қила оладиган баъзи шўхликларни уддалай олмаса, ундан ҳақиқий инсон чиқмайди. Фақат назорат қилиб турсангиз бас.

- Қизингизнинг хавфсизлиги ва бахти учун баъзи қоидаларни тузиб олишингиз керак. Масалан: "Машиналар ўтадиган йўлдан фақат менинг қўлимни ушлаб ўтишинг керак, ахир ҳамма қизимнинг қанчалар чиройли эканини кўриши ва менга ҳавас қилиши керак-ку", "Боғчага борганда йиғламаслик керак, уйдагилар келгунига қадар малика ўз шаҳрида яшаши керак"…

- Қизларнинг тарбиясида энг муҳим омил - бу оила бошлиғининг яхши ота бўлишга бўлган ҳаракати ва интилишидир. Сиз яхши ота бўлишга ҳаракат қилишингиз баробарида, қизингиз яхши қиз бўлишга интилади.

- Қизингизни ҳар бир яхши иши учун мақташга ва унинг яхши ишига урғу беришга ҳаракат қилинг. Ишонинг, бу у учун жуда муҳим.

- Ёлғон гапирманг. Қизалоқлар катталарга, айниқса, онаси ва отасининг сўзларига ишонишади. Агар бирор вазиятда алдашни истамасангиз, кейинроқ бу ҳақда айтиб беришингизни айтинг.

- Уни ўзингизга ёқадиган тарзда кийинтиришга ёки кийинишга мажбур қилманг. Агар одоб доирасидан четга чиқмаган, об-ҳавога мос кийим бўлса, қизингизнинг истагини рад этмаганингиз маъқул.

 -Қизингизнинг сизга ишониб айтган сирларини ҳеч кимга ошкор қилманг. У ўша сирни ўзи ҳаммага аён қилиши мумкин, аммо сизнинг ҳаққингиз йўқ.

 

Маҳфуза АЛИМОВА

Эрларидан узоқроқ яшайди

Биласизми?

Япония соғлиқни сақлаш ва меҳнат вазирлиги статистикасига кўра, японларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги ўсишда давом этмоқда ва янги тарихий рекорд қайд этилган. Бу ҳақда "Синьхуа"га асосланиб "Glavkom.ua" хабар тарқатди.

Демак, статистика ўтган йили Японияда кўрсаткичлар тегишли равишда 0,13 ва 0,11 йилга яхшиланиб, аёллар ўртача 87,26 йил, эркаклар 81,09 йил яшаётганини кўрсатди.

Япония матбуоти рўйхатда келтирилган мамлакатлар ва ҳудудлар орасида япон аёллари узоқ яшаш бўйича фақат Сянган (Ҳонконг) аёлларидан ортда қолаётгани ва уч йилдан бери 2-ўринни банд этиб келаётганини ёзган.

Япон эркаклари эса узоқ умр кўриш борасида Сянган ва Швейцарияда яшовчи эркаклардан ортда қолишяпти, улар ҳам ўтган йили рейтингда 2-ўринда эди.

Дарвоқе, япон аёллари эрларини ҳурмат қилиш борасида ҳам дунёда етакчи ўринда туришади.

 

Умида ҳОЛМИРЗАЕВА

АЁЛЛИК - УЛУF МАРТАБА

Ҳаёт - мураккаб. Оиласиз, яқинларингнинг руҳий далдаларисиз яшаш қийин. Агар оилада эр-хотин муносабатлари меъёрида бўлса, яъни эр ҳам, аёл ҳам ўз вазифаларига сидқидилдан ёндошса, бир-бирларини тушунишса, ҳар қандай муаммони осонлик билан, ақл билан иш тутиб, ҳал қилиш мумкин, чунки ҳар куни бизни қайсидир ташвиш ёки муаммо безовта қилиши турган гап.

 "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази Асака тумани бўлими хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла фаоллари, жамоатчилик ёрдамида оилавий муносабатларни ўрганиш борасидаги ишларни самарали йўлга қўймоқда. Турли касбда меҳнат қилаётган, шу билан бир қаторда намунали оила бекалари сифатида тилга олинаётган аёллар кўпчиликни ташкил қилади. Ҳар бир оиланинг ўзига хос  тутуми, яшаш тарзи бор.

Оила мустаҳкамлигини таъминлаш, фарзандлар тарбиясидаги ота-она масъулиятини ошириш, оилавий қадриятларни қарор топтириш, жамиятда тинчлик ва барқарорликни сақлашда оиланинг тутган ўрнини тарғиб қилиш мақсадида қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Жумладан,  30-50 йилдан ортиқ бирга яшаётган, фарзандларини  она юртга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида соғ-лом ва баркамол қилиб тарбиялаётган, жамоат ишларида фаол иштирок этаётган оила вакиллари билан учрашувлар ташкил қилинди. Уларнинг ҳаётий тажрибаларини бошқаларга намуна қилиб кўрсатиш учун учрашув маросимларининг аксарияти "Қайрағоч", "Кужгон", "Қора тепа" каби йирик маҳаллаларда ташкил қилинди.

Оила институтини мустаҳкамлаш, "Соғлом оила-соғлом жамият", "Оила ва давлат" концепцияларини ўз ичига олган маънавий-маърифий учрашувлар ўтказиш анъанага айлантирилди. Туманда комил    фарзандлар тарбиялаган, ҳозирда улуғ ёшга кириб, фарзандлари эътибори, эъзозида яшаётган кекса отахон, онахонлар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказиб турилади.

Баъзан ёшлар ўртасида оила этикаси, психологияси қоидаларини яхши билмаслик натижасида келишмовчиликлар, бир-бирларини тушунмаслик, майда икир-чикирлардан катта муаммолар ясаш ҳолатлари ҳам кузатилади. Шу тариқа "Оила мактаби", "Аҳил оила куни", "Соғлом оила-соғлом жамият" каби тадбирлар орқали маслаҳатлар бериб бориш йўлга қўйилди. Бу билан низоли оилалар сони анча камайди.

"Мен ҳам ишлашни хоҳлайман", дея истак билдирган кўплаб аёллар тадбиркорликка, жамоат ишларига, кийим-кечак ишлаб чиқариш цехи, фабрикаларга ишга жалб этилдилар. Уйда бўш ўтирган кўплаб аёлларнинг бандлиги таъминланди.

"Ҳар бир оила-тадбиркор" йўналиши бўйича ўз уйларида ҳайвон, парранда боқаётган,  деҳқончилик, боғдорчилик ишларини йўлга қўяётган оилаларда аёлларнинг ташаббуси, ташкилотчилиги сезилади. "Қайрағоч" маҳалла фуқароси Гулчеҳра ая Дадаеванинг тўрт нафар келини бор. Улар бир-бири билан аҳил, ҳамжиҳат. Шунинг учун оилаларида барака бор. Вояга етиб, турмуш қураётган ёшлар деярли мустақил ҳаётга тайёр бўладилар. Уларнинг яшаш тарзи, ҳаётига, бошлаётган ишларига  билиб-билмай аралашавериш ҳам оила бузилишига сабаб бўлиши мумкин.

Марказимизнинг аралашуви билан апрель-июль ойларида 94 та ажрашиш арафасидаги оилалар яраштирилиб, оилалардаги носоғлом муҳит меъёрлаштирилди. Маҳаллаларда қатор тадбирлар ўтказиб бориш анъанага айланди.  Ҳафта кунларининг ҳар чоршанбаси "Аҳил оила куни" деб белгиланган.

Истаймизми, йўқми, биз оила бағрида бўламиз. Яқинларимизга илиқлик, меҳр улашамиз. Меҳр бизнинг кўзимизда, сўзимизда, қадамларимизда, ҳаракатларимизда акс этади, ахир биз-аёллармиз!

 

  Оминахон ИБРОҲИМОВА,

 

"Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази  Асака туман бўлими раҳбари.

Оила қуриш - умумбашарий қадрият

Замонавий тиббиёт хулосасига кўра, янги дунёга келган чақалоқнинг келгусида ақлий жиҳатдан комилликка эришиб, улуғ аллома бўлиб етишмоғи учун бўлган имкониятлари саксон фоиз туғма бўлар экан.

Қолган йигирма фоизи туғилгандан кейинги олажак таълим-тарбияси, қиладиган меҳнатига боғлиқ экан. Бундан англанадики, фарзанднинг қандай инсон бўлиб етишмоғи унинг ҳали она вужудида эканидаёқ деярли аниқ бўлади.

Бўлажак онанинг руҳий ва жисмоний ҳолати, ҳис-туйғулари фарзандга ўтар, агар аёл пок табиатли, диёнатли, фазилатли бўлса, бу хислатлар бутунича фарзандда ҳам бўлар экан. Ва онанинг фарзанд тақдиридаги бошқа роллари ҳам кўпки, бу ҳақда сизу биз қанча гапирмайлик, сўзга нуқта қўйиш маҳол. Фақат шуни айтиш мумкинки, бугун мамлакатимизда нима учун оналар ва болалар саломатлиги, аёлларнинг оила ва жамиятдаги ролига алоҳида эътибор берилаётгани сабабини мулоҳаза қилган одам тушунади.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда хотин-қизлар манфаатини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, она ва бола саломатлигини муҳофаза этиш, оилалар мустаҳкамлигига эришиш юзасидан кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Қонун ҳужжатлари, давлат дастурлари қабул қилиниб, изчиллик билан амалга татбиқ этилаётир. Буларнинг барчаси замирида энг аввало, аёлни она, келажак авлод давомчиси ва тарбиячиси сифатида эъзозлаш, унга зарур шарт-шароитларни яратиб бериш мақсади мужассам.

Мустаҳкам оила жамиятда миллатимиз маънавий қиёфасини кўрсатувчи, ўтказилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва танлаган йўлимизнинг нурли манзилларга олиб борувчи асосий омилларидан биридир.

Оила ҳақида гап кетганда, кўпинча аёл биринчи бўлиб кўз ўнгимизга келади. Нега шундай? Эътибор берганмисиз, кишилар ўз аёллари ҳақида гапирганда хотиним ё рафиқам деб эмас, "оилам" деб гапиради. Чунки аёлсиз оила оила бўлмайди-да!

Оила қуриш - улкан воқеа. Бу миллий эмас, умумбашарий қадрият. Пайғамбаримиз (С.А.В.)нинг оила қуришга, уйланишга даъват этганларида, ота-боболаримизнинг бўлажак келин ё куёвнинг аждодларини суриштиришларида, ҳам жисман, ҳам руҳан баркамол келин ё куёв танлаш масаласига нақадар жиддий эътибор қаратилганини кўрамиз. Айниқса, қизларнинг бу борада кўпроқ ва жиддийроқ "имтиҳон"га солинишлари замирида буюк ҳикмат бор.

Бугуннинг аёли ҳақида сўзлаганда, ҳаётдан мамнун, келажакка ишончи юксак хотин-қизлар ўз-ўзидан кўз олдимизга келади. Негаки, мамлакатимизда соғлом онадан соғлом фарзанд туғилиши, ақл-заковатли, маърифатли, билимли оналаргина комил инсонларни тарбиялашга қодир бўлишидек ҳақиқатни англаган ҳолда аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, салоҳиятли, маънан ва жисман етук ёш авлодни вояга етказишга қаратилган чора-тадбирлар изчиллик билан амалга ошириляпти. Бу саъй-ҳаракатларнинг ўз ижобий самарасини бераётгани янада қувонарли.

 

 

Барно ҲАЙДАРОВА

ҲАЙДОВЧИЛАР ЙЎЛОВЧИЛАРНИНГ ҲАЁТИГА ЖАВОБГАР ЭМАСМИ?

мушоҳада

Бир куни зарур юмуш билан вилоят перинатал марказига боришимга тўғри келди.3-йўналишдаги "Дамас" автомашинасига ўтирдим.Ҳайдовчи 25-30 ёшлар атрофидаги йигит экан. Орқада жой бўлмагани сабабли, олд ўриндиқни эгалладим. Ҳалиги машинада кетаяпману, ўзимни игна устида ўтиргандай ҳис қиламан. Йигит автоуловни жуда қўпол бошқарар, ҳуда-беҳудага ёнидаги машиналарни қувиб ўтаверарди. Бир пайт унинг қўл телефони жиринглаб қолди. Йигит телефонни олди, бамайлихотир, худди уйидаги диванда ёнбошлаб гаплашаётгандай, гаплашиб кета бошлади. 5-6 дақиқа ўтиб бўлди ҳамки, йигит телефонини қўяй демайди. Орқа ўриндиқда ўтирган аёл ҳайдовчи йигитни тартибга чақирган бўлиб сўз қотди:

-"Ука, йўлингизга қаранг, бугун ўзи шундай ҳолатга гувоҳ бўли-и-б келаяпман. Опам ўтирган автомашина мана шу матоҳни деб, аварияга учрабди. Ўзингиз "телефонда қисқароқ гаплашинг!" деб ёзиб ҳам қўйибсиз, ўтин ташиб кетаётганингиз йўғ-у", деди.

Бу гап ҳайдовчига ёқмади. У йўлнинг чеккасида шартта тўхтаб олиб, ҳалиги аёлга "ёқмаса, ана, катта кўча, тушинг машинадан, берадиган минг сўм пулизга хўжайинлик қиласиз-а?!" деди.

Ундай кейинги воқеаларни, жанжал пайти оғиздан чиққан хунук сўзларни сиз сўраманг, мен айтмай. Хуллас, яхши кайфиятда кўчага чиқиб, уйга асабий, ёмон кайфиятда қайтдим.

Тўғри, "Дамас" автоуловлари манзилимизни яқин қилаяпти. Ҳатто кечга қолиб кетсангиз ҳам машина тўхтаб қолишидан хавотирга тушмайсиз. Аммо, инсонда, айниқса, ҳайдовчида озгина сабр-тоқат, йўловчиларга ҳурмат, муомала маданияти деган тушунчалар бўлиши керак. Бу мен гувоҳ бўлган биргина ҳолат. Бошқалар ҳам шунга ўхшаш воқеаларга гувоҳ бўлгандирлар, эҳтимол.

"Дамас" ҳайдовчиларнинг аксарияти ёшлардан иборат. Улар гап кўтармайдилар, панд-насиҳатни қулоққа олмайдилар, ниҳоятда асабий ва беқаноатлар. Энг ёмони, арзимаган пул учун гоҳида йўловчиларни ўсал қиладилар. Биронтаси билан баҳслашгудек бўлсангиз, пулингизни юзингизга отади, ва сизни ярим йўлда ташлаб кетади. Айрим киракашлар йўл ҳаракати қоидаларидан яхши хабардор эмаслар. Биронта йўловчи қўл кўтариб тўхтатиб қолса, бўлди, орқа-ўнгига қарамай тўхтайдилар, бир-икки марта пиёдалар ўтиш чизиғи устига тўхтаб олган ҳайдовчилар билан уришиб кетган пайтларим ҳам бўлган.

Наҳотки одам ташиш фаолияти билан шуғулланувчи шахс мана шунақа бўлса?! Наҳотки ҳайдовчилар учун йўловчиларнинг заррача қадр-қиммати ва ҳурмати бўлмаса?! Кейинги  пайтларда содир бўлаётган кўплаб йўл транспорт ходисалари айнан ҳайдовчиларнинг уқувсизлиги, эътиборсизлиги, шошқалоқлиги, машина бошқариш пайтидаги масъулиятсизлиги сабаб юз бермоқда. Ачинарлиси, бахтсиз ҳодисалар оқибатида уларнинг ўзигина эмас, бегуноҳ кишилар ҳам жабр чекаяптилар.

 

Саидахон АҲМЕДОВА,

Избоскан туманидаги

 

28-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

СЕМИЗЛИКНИ ҚЎЙ КЎТАРАДИ

Мулоҳаза

Семизлик - бугун инсоният олдида турган долзарб муаммолардан бири. Статистик маълумотларга қараганда, бугунги кунда дунё аҳолисининг қарийб 30 фоизи ёки 2,1 миллиарддан ортиғи ортиқча вазнга эга ёхуд семизликка чалинган.

Афсуски кейинги пайтларда, бизнинг юртимиз фуқаролари ҳам семизлик муаммосига дучор бўлмоқда. Семиришдан азият чекаётганлар орасида айниқса, аёлларимизнинг кўплиги, кишини ҳайратлантиради. Ахир аёл тиниб-тинчимас зот, бола-чақа, рўзғор ташвиши деб, жони ҳалак-ку. Нима учун шундай гўзал ва беназир хилқат, нафосат маликалари эртаклардаги дангаса, бақалоқ маликаларга ўхшаб қолмоқда.

Менимча, аёллар орасидаги семиришга турмуш даражасининг ошиши, замонавий технологияларнинг кириб келиши билан оғир юмушларнинг енгиллашиши, аёллар орасида "гап-гаштак"ларнинг урфга кириши ва бунинг оқибатида хотин-қизларнинг гриль, табака, фаст-фудларга ружу қўйиши, ёш қайноналарнинг келин олганидан сўнг умуман иш қилмай қўйиши, яъни камҳаракатлилик сабабдир.

Халқимизда "Семизликни қўй кўтаради", деган мақол бор. Бу бежиз айтилмаган. Семизлик инсон учун, айниқса аёллар учун эмас. Қорин қўйиш, бақбақаларнинг осилиши яхшиликка олиб келмайди. Семизлик ортидан ҳаракатланиш янада қийинлашади, қон айланиш сустлашади, қон қуюқлашади, инсульт, инфаркт хавфи ортади, қўйингки, барча ички аъзоларни ёғ қоплайди. Енгил ҳаракатлана олмайсиз, сал нарсага хансирайсиз, юрагингиз зўриқади.

Келин олиш, унга рўзғор юмушларини топшириш, оёқ-қўлни узатиб дам олиш яхши, бироқ бу - мутлақо "ҳаракат қилмай ётиш керак", дегани эмаску. Аёлларимиз уйда иш тополмасалар, бадантарбия билан шуғуллансинлар. Фитнесс, шейпинг залларига қатнасинлар, агар бундай жойларда шуғулланишга уялсалар, ҳеч бўлмаса уйда машқ қилсинлар.

Пиёда юриш,  югуриш, велосипед миниш саломатлик учун ҳам, атроф-муҳит учун ҳам фойдали.

"Аёллар "гап"ларга бормасин", деган мулоҳазадан ҳам йироқман. Чунки, бу гап айтилгани билан, ҳеч ким амал қилмайди, қолаверса "гап-гаштак" кейинги пайтда қариндош-уруғ, қадрдонларни боғлаб турувчи риштага айланиб қолган. Бироқ, ана ўша қариндош-уруғ, эски қадрдонлар даврасини ҳам уйда, организмга маъқул келадиган парҳез таомлар, фойдали салатлар билан кузатса бўлади.

Демоқчи бўлганим, семиз ва ўзини эплолмайдиган аёл ҳеч кимга ёқмайди. Шундай экан, азиз аёллар, саломатлигингизни асранг, вазнингиз ортишига йўл қўйманг. Семизлик сизнинг нафосату назокатингизга путур етказмасин.

 

Матлуба МАМАЖОНОВА, вилоят ФВБ ходими.

ТОНГНИ УЙFОТГАН НИЯТ

Кечаги ўтмиши, бугунги амали ибрат бўлиб тилга тушган улуғ  асига бурилар эканман, кўча бошиданоқ тандирдан узилган иссиқ ноннинг иси димоғимга урилди. Бу ҳид тонг саҳардан пешинга қадар ҳавода айланиб юради. Маҳалланинг болажон аёллари фарзандлари уйқудан уйғотгунча нонни тандирдан узган бўладилар.

Ҳовлига кирганимда Ўринчахон ая ўзини кўриш учун келган қизи билан айвондаги дастурхон атрофида гаплашиб ўтирарди. Яқинларидек кўришдик, она аввалги йилларга қараганда анча кексайибди. Ўтган йили турмуш ўртоғи Мирзақанд ота 94 ёшида оламдан ўтди.

Ўринчахон ая Жумаева Тошкечик маҳалла фуқаролар йиғинининг Етти капа кўчасида яшайди. Етти капа - бевосита Булоқбоши тумани тарихи билан боғлиқ ном. Кексаларнинг айтишича, бу ердаги қамишзор жойларга қадимда одамлар кўчиб келишиб, еттита капа тикиб ўтиришган экан. Қамишзорлар йўқотилиб кейинчалик экин битадиган бўлибди. Ҳозир маҳаллада улуғ ёшдагилар талайгина.

Салкам тўқсон ёшни қарши олаётган Ўринчахон ая ўн нафар фарзанд - икки ўғил, саккиз қизларнинг дуогўйидир.

Дарвоқе, "Қиз бола тушган жойида азиз бўлсин", дейишади. Бу азизу мукаррамлик қизнинг келин бўлиб тушган жойини қадр-қиммат қилиши, оила аъзоларни ҳурмат қилиши, остонасини топтамаслигида кўринади. Аянинг турмуш ўртоғи Мирзақанд отанинг болалиги оғир кечган. Ота-онаси эрта вафот этганидан кейин, ёлғиз  опаси Тожихон ая қўлида қолган. Тожихон ая укасини вояга етказиб, ўзи уйлантирган.

-Менга опамиз қайнонам ўрнида бўлди, - дейди Ўринчахон ая. - Билмаганимни ўргатди. Рўзғори яқинимизда бўлгани учун доим биздан хабар олиб турарди. Бир куни келмай қолса, йўл қарардим, чунки ниманидир сўраб, ўрганиб олишим зарур бўларди.

Ўринчахон аянинг далада ишлаши билан бирга қизларни тарбия қилиши осон бўлмаган. Шу боис, бир жигаргўшасига зарурат сезган, қизларининг тарбиясини маҳкам тутган.

Катта қизи Мавлуда 1951 йилда туғилган бўлса, энг кичик қизи Муножотхон ундан йигирма  уч  ёш кичик. Мунаввархон, Зиёдахон, Мўттихон, Майрамхон, Манзурахон, Малоҳатхон қизларининг барчаси ўз қизиқишларига хос касбга эга бўлишди. Бир жойда муқим ишлаб катталари нафақага чиқишди. Муножотхон ҳозирда Хўжаобод тумани фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимининг мудири вазифасини бажарувчи бўлиб ишлайди. Ўғиллари Мансурбек ва Муҳаммаджонлар тадбиркор, уларнинг турмуш ўртоқлари Дилором ва Зиёдахонлар тумандаги 5-умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчи бўлиб ишлайди. Барчасининг тутумида ҳалолликка амал ва таҳсин бор. Мирзақанд ота бир умр деҳқончиликдан ризқ-насиба топган. Ўринчахон ая  турмуш ўртоғи билан 67 йил бирга умргузаронлик қилди.

Ўғил-қизлар ўзлари ҳам рўзғор тутиб, ота-она қадрини билдилар. Ўғиллар ҳамжиҳатликда ота-онани Ҳаж сафарига юбормоқчи бўлишди. Бу фарз амали Ўринчахон аяда чин оналик меҳрини янада уйғотиб юборди. Ҳамма йиғилганлар ўз истагини айтдилар.

-Опам турганда мен бу улуғ йўлга отлансам, ҳурматсизлик бўлар, - деди Ўринчахон ая. - Қайнопам мен учун ҳудди қайнонам ўрнида яшаяпти. Унга ҳурматим қайнонамникидан кам эмас. Шунинг учун Ҳажга менинг ўрнимга Тожихон опам борсин!

Бу гапни эшитганлар кўнглида гўё тонгни уйғотгандек бўлди. Шундан сўнг  Мирзақанд ота опаси Тожихон ая билан Муборак Ҳаж амалларини адо этиб келдилар.

Ўринчахон ая ҳозирда жуда бахтиёр - 30 набира, 27 чевара қуршовида тинч ва хотиржам умргузаронлик қилмоқда. Бир инсон учун бундан-да ортиқ қувонч, шодлик бўлмаса керак...

 

Тўхтахон ДАВРОНОВА

ЁЗ - ТАЪТИЛЛАР МАВСУМИ

таътил - 2018

Ёз-таътиллар мавсуми. Айниқса, саратон чилласида ҳамма ўзини соя-салқин, оромбахш дам олиш масканларига уради. Ана шундай сўлим ва оромбахш гўшалардан бири Пахтаобод туманида жойлашган "Маданият" сиҳатгоҳидир.

Сиҳатгоҳда юрак қон-томир, ўт-тош касалликлари, асаб тизими, ички  ҳамда ҳаракат таянч касалликлари билан оғриган беморлар шифобахш маъданли сув ёрдамида ҳамда Хитой игнаси, тиббиёт зулуги, массаж, шифобахш доривор гиёҳли ванна, физиотерапея ва  тиббиётнинг бошқа самарали даволаш усуллари билан даволанадилар. Масканга республикамизнинг турли вилоятларидан ҳар йили минглаб дам олувчилар ташриф буюришади. Ҳавосининг мусаффолиги, шароитларнинг қулайлиги, хоналарнинг ёзда салқин, қишда иссиқ бўлиши айниқса, фахрий дам олувчиларга маъқул келмоқда.Сиҳатгоҳ бош шифокори Қобилжон Саттиев ҳар бир ходимдан дам олувчиларнинг кўнглига қараш, ширин сўзли бўлиш, ўз ишини сидқидилдан бажаришни талаб этади. Яқинда Бухоро, Самарқанд вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон республикасидан  бир гуруҳ фахрийлар дам олиш ва даволаниш масканида хордиқ чиқардилар.

-Бўғимларимдаги оғриқ мени хассасиз юришга қўймасди, - дейди Бухоро вилояти Олот туманидан Бозорбой Қурбонов. - Бу ердаги муолажалардан сўнг ўзимни анча енгил ҳис қилмоқдаман.Оғриқлар қолди, ҳаракатланишда қийналмаяпман. Саломатлигимни тиклашда ёрдам кўрсатган шифо маскани ходимларидан миннатдорман.

"Маданият" сиҳатгоҳида 2650 метр чуқурликдан шифобахш маъданли сув сизиб чиқади. Бу ерда сиҳатгоҳ барпо этиш ғояси ҳам айнан шу маъданли сув асосига қурилган. Келгусида ташриф буюрувчиларга янада қулайликлар яратиш, даво муолажалари сонини кўпайтириш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш кўзда тутилмоқда.

-Мақсадимиз нафақат касалликларни даволаш, балки, уларнинг олдини олиш, сиҳатгоҳга келувчиларнинг мароқли хордиқ чиқариб, тоза ҳаво, сўлим гўшада сайру саёҳат қилиб кетишларини ҳам таъминлашдир, - дейди бош шифокор Қобилжон Саттиев.

 

Шуҳратбек КЕЛДИЕВ