+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Минг ойдан яхшироқ кеча

Муборак Рамазон ойида Ислом таълимотининг асосий манбаи - Қуръони карим нозил бўлган. Аллоҳ таоло муборак китобнинг "Бақара" сурасида: "Рамазон ойи - одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир", деб марҳамат қилади.

Ояти карима баёнида Имом Хозин ўз тафсирида қуйидаги ривоятни Абдуллоҳ Ибн Аббосдан нақл қилади: "Қуръони карим тўлалигича Рамазон ойида, Қадр кечасида Лавҳул-Маҳфуздан нозил қилиниб, дунё осмонидаги Байтул-иззага қўйилди. Сўнгра Жаброил (а.с.) Муҳаммад (с.а.в.)га оятларини муқтазои ҳол тақозосига мувофиқ бўлак-бўлак қилиб олиб келди", дедилар.

Демак, муборак Қуръони каримнинг пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га нозил бўлиши Рамазон ойидан бошланган. Яна бу кунларнинг улуғлигига сабаб шуки, унинг ичида Қуръон оятлари нозил қилинган кеча - Қадр кечаси яширинган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: "Албатта, Биз у (Қуръон)ни қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад), Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорнинг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир", деб марҳамат қилган ("Қадр" сураси, 1-5 оятлар).

Оятдаги улуғ кеча Рамазон ойининг 27- кечаси эканлигига далолат қиладиган ҳадислар бор. Қадр кечаси Рамазон ойининг қайси кечасида эканини Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган эди. Лекин саҳобалар Пайғамбаримиз (с.а.в)дан уни аниқлаб беришларини кўп сўрашганидан кейин дастлаб ойнинг учинчи ўн кунлигидан, кейинроқ эса учинчи ўн кунликни тоқ кечаларидан излаш кераклигини айтганлар. Охири у кечанинг аломатларини айтганларидан сўнг Рамазон ойининг 27-кечаси экани маълум бўлган. Ибн Умар (р.а.) ривоят қиладилар: "Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) бир қанча саҳобалари Лайлат-ул қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида бўлишини тушларида кўришган экан. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Сизларнинг тушларингиз Лайлат-ул қадр Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида эканига мувофиқ келади, деб ўйлайман. Ким Лайлат-ул қадрни кутмоқчи бўлса, Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида кутсин!" дедилар".

Ойша (р.а.) ривоят қилган бошқа бир ҳадисда: "Расулуллоҳ (с.а.в.) Лайлат-ул қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунларида кутинглар, деб айтдилар" дедилар. Демак, Рамазон ойининг ҳар бир кунини ғанимат билиш, уни тоат-ибодат, кишиларга яхшилик қилиш, мурувватли бўлиш, хайрли ва савобли амалларни кўпроқ амалга ошириш, рўзадорларга ифторликлар қилиб бериш (шариат чегарасидан чиқмасдан) каби яхши амаллар билан бирга, унинг охирги ўн кунлигида тоат-ибодат қилишга қаттиқ киришиш ҳам мақсадга мувофиқ бўлади. "Лайлат-ул қадр" сўзи "белгилаш кечаси", яъни йил давомида турли амал, ҳукм, ризқ, тақдир белгиланадиган кеча деган маънони билдиради. Сизу бизларни олдимизда турган муборак Қадр кечасида бизга ушбу оятлардан кўриниб турган уч хил фазилатни англашимиз мумкин.

1. Муборак Лайлат-ул қадр кечасининг минг ойга баробарлиги ва ундан ҳам ортиқлиги.

2. Бу кечада осмон фаришталари Жаброил (а.с.) билан бирга ер юзига тушиб, мўмин-мусулмонларга салом айтиб, дуоларига омин деб туришлари.

3. То субҳи тонгигача аҳли иймон бандаларига Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилиб туриши.

Мана шу сабабдан ҳам ҳадиси муборакларда: "Ҳар ким Лайлат-ул қадр кечасида чин ихлос ва имон билан Аллоҳ учун бедор бўлса, ўтган жамики гуноҳлари мағфират қилинур,"-деб баён қилганлар. Демак, барчаларимиз бу кечани ғанимат билиб эзгу мақсадларимизни сўраб, дуолар қилишимиз зарур. Оиша онамиз (р.а.) дедилар: "Ё Расулуллоҳ (с.а.в.), агар Қадр кечаси қачон бўлишини билсам, у кечада қандай дуо қиламан?" Расулуллоҳ (с.а.в.) жавоб бердилар: Эй Аллоҳ, сен авф этгувчи зотсан ва авф қилишни яхши кўрасан. Менинг гуноҳларимни авф қилгин", деб дуо қилгин, дедилар.

Аллоҳим, барчаларимизни Рамазон ойида пок ниятлар билан тутаётган рўзаларимизни, адо этаётган ибодатларимизни ва қилаётган дуоларимизни ўзининг лутфи карами ила қабул қилсин. Юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо айлаб, билиб-билмасдан қилган гуноҳларимизни ўзи мағфират айласин.

 

Махбубахон Қосимова,

 

Жалақудуқ тумани бош отинойиси.

Ким қандай кулади?

инсон руҳияти

Кишининг кулишига қараб, унинг феъл-атври, дунёқараши ҳақида баъзи бир нарсаларни билиб олиш мумкин экан. Психологлар олиб борган тадқиқотларидан келиб чиқиб, қуйидаги хулосаларга келган. Демак:

Кулаётганда оғзини қўли билан тўсиб олган киши журъатсиз ва у қадар ўзига ишонмайдиган ҳисобланади. Ундай инсонлар тез-тез саросимага тушади, имкон қадар эътибордан четда бўлишга ҳаракат килади. Ундай инсонлар "ичимдагини топ" тоифасидагилар бўлиб, уларни тушуниш бироз қийин.

* * *

Кулаётганда бошини орқага ташлаб кулса, бироз лақма, аммо бир вақтнинг ўзида кенг феъл-атворли кишилар саналади. Хушига келиб қолса, улар кутилмаган хатти-ҳаракат, қилиқлар қилади.

* * *

Кулаётганда юзига, бошига қўл теккизиб кулса, у хаёлпараст одам. Бу тоифа кишилар ҳеч қачон орзу-хаёлларини амалга ошира олмайди.

* * *

Оғзини очиб, қаттиқ кулган кишилар жўшқин одамлар тоифасига киради. У кўп гапиришни ёқтиради, аммо тинглашни билмайди.

* * *

Кулишдан олдин бошини эгиб оладиган кишилар самимий, виждонли, ҳар қандай вазиятга, одамларга кўника олади. У ўз ҳис-туйғулари ва хатти-ҳаракатларини ҳамиша назорат қила олади. Улар ҳеч қачон, ҳеч кимни ранжитмайди, озор            бермайди.

Кулаётганда қовоқлари қисиладиган кишилар вазмин, ўзига ишонган ва зукко инсонлар бўлади. Бундай одамлар фаол, қатъиятли, баъзида ҳаддан ташқари  тўғрисўз ва ўжардир.

Маълум кулиш тарзига эга бўлмаслик  шахсиятпарастларга мансуб. Ҳар қандай ишда улар ўзининг фикр-мулоҳазасини, манфаатини устун қўяди.  Бошқаларнинг қарашларини менсимайди.

 

 Ҳувайдо Деҳқонбоева тайёрлади.

"Менинг ҳуқуқим - бахтли болалигим" акцияси доирасидаги тадбирлар болаларга чексиз қувонч улашди

Акция

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Андижон шаҳар адлия бўлими ташаббуси билан Андижон шаҳридаги Болалар боғида "Менинг ҳуқуқим - бахтли болалигим" акцияси ўтказилди. Унда умумтаълим мактаблари ўқувчилари, кам таъминланган оилалар фарзандлари, мактабгача таълим муассасалари ҳамда Андижон шаҳридаги "Болалар шаҳарчаси" тарбияланувчилари иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда ёш авлодни ҳар жиҳатдан етук, соғлом ва баркамол вояга етказиш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Акция давомида болажонларга боғдаги аттракционлар бепул хизмат кўрсатди. Иштирокчиларга "Бола ҳуқуқлари тўғрисида"ги Конвенция, Ўзбекистон Республикасининг      Конституцияси, "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонундан лавҳалар, шунингдек, болаларнинг ҳуқуқлари акс этган флаерлар, буклет ва адабиётлар тарқатилди. Адлия бўлими мутахассислари томонидан ҳар бир бола мустақил шахс эканлиги, ҳуқуқнинг пайдо бўлиши ва унинг нима учун кераклиги содда ва болалар тилида тушунтириб берилди.

Тадбир доирасида болажонларнинг ҳуқуқий ҳамда бола ҳуқуқлари борасидаги билим ва тушунчаларини бойитиш, асфальтга расм чизиш сингари қатор йўналишларда  викторина, танловлар ўтказилиб, фаол иштирокчилар ва ғолиблар муносиб рағбатлантирилди. Ёш дизайнер-чеварларнинг либослар кўргазмаси барчада катта таассурот қолдирди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари иштирокчиларга мактабдан бўш    вақтларни мазмунли ўтказиш, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш юзасидан  сабоқлар берди.

Андижон давлат университетининг "Андижон ёшлари" жамоаси, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари бадиий жамоалари томонидан намо-йиш этилган дастурлар, вилоят қўғирчоқ театри актёрларининг саҳна кўринишлари барчага хуш кайфият улашди.

Зебохон Исмоилова , Пахтаобод туманидаги

29-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

Яхшилик қилсанг, яхшилик қолади

Ҳаёт - ибрат мактаби

Оила - муқаддас даргоҳ. Инсон учун оила бунёд этиш, фарзандларини чин инсон қилиб вояга етказиш ҳам фарз, ҳам қарздир.

Ёш ниҳол катталарга ҳурмат-эҳтиромни, кичикларга меҳр-шафқатни, она табиатни эъзозлашни ва кўз қорачиғидай авайлашни, киндик қони тўкилган она тупроғи, жонажон Ватани олдидаги бурчларни оила қучоғида ўрганади.

Руҳшунос олимларнинг таъкидлашларича, инсонга хос қобилият-иқтидор, фазилату-иллатларнинг 80 фоизи 5 ёшгача бўлган даврда   шаклланар экан. Демак, ана шу даврда оилавий муҳитнинг соғломлиги катта аҳамият касб этади.

Ёш боланинг қандай инсон бўлиб етишиши кўпроқ оналарга боғлиқ. Она гўдакни оқ сутига меҳрини қўшиб эмизади. Ана шу меҳр чақалоқнинг бутун жисмига сингиб кетади. Оналар ўз алласи билан ҳам фарзандларига ўз меҳрини беради. Алла болага бериладиган руҳий озуқа, илк тарбия воситасидир. Фарзанд тарбиясида ана шу жиҳатларга катта эътибор бермоқ лозим.

Бир киши донишманддан насиҳат қилишни сўрабди. Доно унга: "Ҳовли-жойинг, илму-одобинг кимдан қолган? - дебди. У киши: "Отамдан", - деб жавоб берибди. Доно унга: "Шунинг ўзи насиҳатдир", дебди ва давом этиб: "Агар сен яхшилик қилсанг, яхшилик қолади, ёмонлик қилсанг, ёмонлик қолади", деган экан.

Анора FАФУРОВА,

 

педагог.

АХБОРОТ ХУРУЖИ ВА ЁШЛАР

Муносабат

Бугунги глобаллашув жараёнида оммавий ахборот воситаларининг барча тур ва йўналишлари шиддат билан ривожланиб бормоқда. Қолаверса, ахборот оқимининг тезлиги, мавзу қамровининг жуда кенглиги кишилар ҳаётида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айни кунда инсонлар электрон оммавий ахборот воситалари, хусусан, интернет тармоғи таъсирига тобора чуқур тушиб бормоқда. Биргина юртимизда интернетнинг "Facebook", "Twitter", "Telegram", "Instagram", "Однокласники" каби тармоқларидан фойдаланувчилар сони 10 миллион нафардандан ошганлиги, фойдаланувчиларнинг аксариятини ёшлар ташкил этаётгани фикримизга мисолдир.

Бугун ўз олдига ғараз мақсадларни қўйган айрим кишилар  кўлами ва таъсири ортиб бораётган интернет   орқали вайронкор ғояларни  тарқатиш, ёшлар орасида зўравонлик, шавқатсизлик, ҳаёсизликни тарғиб этаётганлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Ахборот қуроли орқали кабинетда ўтирган ҳолда сиёсий можаро ва фитналар қўзғаш кўп жойларда иш бера бошлади. Чунки электрон  коммуникациялар бугун чегара билмас қудратга эга, улар қисқа муддатда минг йиллик маданиятни оёқости, бадном қила олиш имкониятига эга. Ахборот таҳдидлари билан боғлиқ яна бир ҳолат шуки, аксарият давлатлардаги иқтисодий танглик, ишсизлик ва қашшоқликдан фойдаланган қабиҳ кимсалар ўша давлатларда тинчлик ва барқарорликни издан чиқариш орқали бойлик орттиришни касб қилиб олмоқда. Хориждаги айрим мафкуравий марказлар суянчимиз ва таянчимиз бўлган ёшлар йўлига ҳар қадамда турли маънавий ва ахборот кўринишларида тузоқ қўймоқда. Бундан ташқари, интернетдаги виртуал ҳаёт туфайли баъзи бир ёшларимиз бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолмоқда. Натижада фарзанд ва ота-она, диний-миллий қадриятларга бўлган муносабатлар таназзулга юз тутмоқда.

Четдан бўлаётган ана шу каби таҳдидларни тўхтатиш, тақиқлаш осон эмас. Асосий масала - ҳар қандай ғоявий, ахлоқий таҳдидга қарши аҳоли, айниқса, ёшларимизда маънавий иммунитетни шакллантиришимиз зарур.  Интернетдан фойдаланувчилар ҳар бир ахборотни, маълумотни ақл тарозисида тортиб, маънавият элагидан ўтказиб, ажратиб олишга ўрганишлари лозим.  Шундан келиб чиқиб, ота-оналар, педагоглар, умуман, кенг жамоатчилик биргаликда ана шу жараённи шакллантириш ва мустаҳкамлаш бўйича қатъий иш олиб бориши мақсадга мувофиқдир.

Ахборот хуружлари, виртуал ҳаёт билан боғлиқ таҳдидларни ўз вақтида бартараф этмасак, у яқин йиллар ичида тузатиб бўлмас даражада талафотлар келтириб чиқариши мумкинлигини унутмаслигимиз керак. Бу борада жамиятнинг ҳар бир аъзоси масъулиятни ҳис этиб, уларни бартараф этиш жараёнида фаол қатнашиши лозим.

Саидахон ХЎЖАЕВА,

 

Андижон педагогика коллежи ўқитувчиси.

"Сеҳрли тузоқ" тўрига тушиб қолманг

Одам савдоси

Орамизда одам савдоси жиноятидан жабр кўрган инсонлар оз эмас. Одам савдоси билан боғлиқ ҳолатларга эътибор қаратсак, одам савдоси қурбонига айланганлар катта миқдорда, осон пул топиш ҳақидаги ёлғон ваъдаларга осонлик билан ишониб қолаётганига ҳайрон қоласан, киши. Гўё "сеҳрли тузоқ" уларни осонликча ўз домига тортиб олаётгандай. 

…Маҳалладошимиз Акмал ака ҳам ана шундай тузоққа интилганлардан бири бўлди.

- Онаси, келаси ҳафтада чет давлатга  ишлагани  кетаман, - деди  Акмалжон кечки  овқат  маҳалида хотинига. Гап орасида йўлкирага пул топиш кераклигини ҳам айтиб ўтди. Бироз ўтиб,

- Бозор  куни  новвосни  сотамиз, - деди. 

- Қўйинг, у ёқларда нима қиласиз, борманг. Қўлингизда ҳунарингиз бор. Шу ерда ишласангиз ҳам тирикчилигимиз ўтяпти, - дея  эътироз билдирди турмуш  ўртоғи Раъно опа. - Одамларни сотиб  юборишаётганини кўп эшитяпмиз, мана яқинда телевизорда ҳам кўрсатишди. Худо кўрсатмасин, сиз ҳам ўшандай ҳолга тушиб қолманг, дадаси.

- Ҳеч  хавотир  олма,  бизни  қўшни  маҳалладаги  Рустам  ака  олиб кетяпти. Ахир, бегона эмас, ёшликдан бирга катта бўлганмиз.

- Вой, кимга ишоняпсиз, ахир у ўғри, банги эканлигини яхши биласиз-ку? - деди Раъно опа. - Йўқ, бормайсиз, - деди норози бўлиб.

- Бас қил, менга ақл ўргатма. Бўлмағур гапларни гапириб, бошимни қотирма. Биз бир неча киши келишиб қўйдик. Иш яхши экан, алоҳида бригада бўлиб ўрмонда дарахт кесамиз экан. Бу қийин иш эмаску!

 Шундай қилиб, Акмал ака ва тўрт нафар маҳалладошини қўшни маҳалладаги Рустам  Россияга ишлагани олиб кетди.

Россиянинг узоқ ўлкасида иш бошлашди. Рустам эса қайтиб кетди. Орадан икки ой ўтди,  лекин иш ҳақидан дарак бўлмади. Хўжайинидан қачон ойлик беришини сўраганларида:   

- Булар билан келишганман, йўлкираларига пул тўлаб олиб келганман, деб уч ойлик иш ҳақларингни Рустам олиб кетган. Уч ойдан кейин иш ҳақларингни бераман, - деди.

Уйидаги тўй қиламиз деб боқаётган новвосни сотиб йўлкира қилиб келган Акмал ака уч ой текинга ишлади. Тўртинчи ойга ўтиб соғлиги панд бера бошлади. Уйга қайтай деса, йўлкирага пул йўқ, уч ой давомида еган овқати учун анчагина қарз ҳам бўлиб қолган эди.

Бир куни ҳамма ишга кетди, оғриётганлиги учун ўша куни Акмал ака ишга бормасдан ётоқхонада қолган эди. Тасодифни қарангки, ўша куни Рустам бу ерга яна бир неча ёш йигитларни бошлаб келди.

- Рустам, аблаҳ. Сен бизни алдаб, бу ерга олиб келиб, сотиб кетибсан, - дея унинг ёқасидан олди. 

- Ишга олиб келганим учун уч ойлик ҳақларининг оламан-да, ана энди ишлаб пул топавер, - дея бўш келмасди. Лекин жаҳл отига минган Акмал ака уни дўппослай кетди. Вазиятни бундай тус олишини кутмаган Рустам, «хўп сизни пулингизни бераман, дея ялинишга тушди. Келинг, алоҳида гаплашиб оламиз», деди.

Бу ҳолатни кўрган йигитлар бу ерда қолмасликларини айтди.   Рустамнинг ҳақиқий башараси фош бўлди. Иш берувчи ҳам «менга бундай жанжални кераги йўқ, бу ердан кетинглар» деди.  Рустам Акмал акага, «мана буни олинг», деб йўлкирага етадиган пулни берди-да, мен ҳозир яна пул олиб келаман, дея қочиб кетди. Яхшики, у янги келган йигитлар устидан пул олишга улгурмади. Улар иш берувчи билан келишиб, иш бошлашадиган бўлди. Бошларига шундай кун тушиши мумкин бўлган йигитлар Акмал акага раҳмат айтишиб, оз-оздан пул йиғиб беришди. Бу пулларга ўзига уст-бош олиб, уйига аранг қайтиб келди. Уч ой у ёқларда ишлаб соғлигини йўқотди, қолаверса,  тўйга деб боқаётган новвосидан айрилди.

Уйига эсон-омон қайтиб келган куннинг эртасигаёқ, Акмал ака ички ишлар бўлимига бориб бўлиб ўтган воқеалар, Рустамнинг қилмишларини айтиб, унинг устидан ариза ёзиб берди. Ўзи билан бирга кетган, у ёғда қолган шерикларининг оила аъзоларига хабар етказди.

 Одамфуруш, ўз маҳалладошлари, юртдошларини сотиб, шунинг ортидан мўмай пул ишлаётган Рустамнинг кирдикорларига нуқта қўйилди. У суд ҳукми билан ўз жазосини олди.

Лекин, Акмал ака ва у каби алданган инсонларнинг бефойда ўтган умри, тортган азоб-уқубатлари, йўқотган саломатлиги ўз ўрнига қайтиб келармикан?

Акмал ака яхшиямки, Рустамга тасоддифан рўпара келиб, уйига келиб олди. Уни учратмаганида яна бир неча юртдошимиз одам савдосининг қурбонига айланарди, ўзи эса яна қанча вақт совуқ ўлкаларда юриши мумкин эди. 

Балки, ушбу ёзганларим кимларгадир сабоқ бўлар. Нима бўлганда ҳам, ўзга юртга ишлагани бормоқчи бўлганлар Рустам сингари одамфуруш кишиларнинг ёлғон ваъдаларига ишонмасликлари, аниқ ва ишончли бўлмаган жойларга бормасликлари керак. Акс ҳолда Акмал ака сингари оғир кунларни бошларидан ўтказиши, сарсон-саргардон бўлиши, умрларини зоя кетказиши мумкин.

 

Феруза ЭРГАШЕВА,

 

АДУ талабаси.

Қайнсинглим - сирдошим

Мулоҳаза

Кейинги пайтларда оилавий муносабатлар, оила мустаҳкамлигида қайнона, келиннинг ўрни, эркакнинг масъулияти хусусида кўп гапирилмоқда. Айниқса, қизларимизнинг шошқалоқ ва бесабрлиги, эркалиги-ю уқувсизлиги, қайноналарнинг адолатсизлиги оила пойдеворининг емирилишига сабаб бўлаётгани айтилмоқда.

Менинг фикримча, оиланинг мустаҳкам бўлиши биргина келин ёки қайнонага боғлиқ эмас. Оила тинчлиги-тотувлиги йўлида оиланинг ҳар бир аъзоси ўз ҳиссасини қўшиши керак. Қайнсингил, қайноға умуман, ҳамманинг ўзига яраша бурч ва масъулияти бор. Аксарият оилаларда қайноталарнинг келинини ҳимоя қилгани, доимо унинг тарафини олиб, қайнонани инсофга чақириб тургани ҳақида эшитаман. Мен эса қайнсингилдан ёлчиганман.

Оилада олти ўғилдан кейин туғилган ёлғиз қиз эдим. Ота-онам айтганимни муҳайё қилиб, эрка  ўстирган. Бунинг устига жуда ёш турмушга узатилганман. Табиийки, ота уйимда қилмаган юмушлар, бирин-кетин туғилган болаларим парвариши мени ҳолдан тойдирарди. Баъзан ҳаммасига қўл силтаб, болаларимни олиб отамникига кетиб қолаверардим. Ҳозир ўша кунларимни эсласам, қилган ишларимдан уяламан.

Қайнсинглим олий маълумотли, педагог бўлгани учун, ёш бўлсада, менга бошқалардан фарқли муносабатда бўларди. Турли масалаларда ота-онасининг эмас, менинг тарафимни оларди. Ҳеч қачон бақириб-чақирганини эслолмайман. Шунинг учунми, унинг сири бор эди. Ҳатто, жаҳл билан бақириб турган эрим ҳам синглисининг олдида индамай қоларди. Турмуш ўртоғим ёки қайнонам билан жанжаллашиб қолсам, Ҳабибахон ўртада эди.

Ҳамма қийинчиликлардан ўтиб, бугунгидай бахтли кунларга етишимда қайнсинглимнинг ҳиссаси жуда катта бўлган. Қайнсинглим менинг яқин дугонам, сирдошим эди ва ҳозиргача шундай. Турмуш ўртоғим билан 54 йил бирга ҳаёт кечирдик, 7 фарзандли, 16 набирали бўлдик. Қайнсинглимнинг ҳам 5 фарзанди, ўнлаб набиралари бор. Қайнона-қайнотам, турмуш ўртоғим оламдан ўтиб кетган. Аммо қайнсинглимни ўз синглимдек яхши кўраман, бир-биримизни тез-тез йўқлаб турамиз. Агар     қайнсинглим ўша пайтларда мен билан уришган, мени тушунмаганда эди, ўртамиздаги меҳр балки бугунгичалик қайноқ бўлмасди.

Демоқчи бўлганим, қиз бола келин бўлиб тушган хонадонига дарров кўникиб кетмайди. Янги оилада палак ёзиши, тош бўлиб қотиши учун йиллар силсиласидан ўтиши керак. Бунинг учун биргина келин эмас, унинг оила аъзолари ҳам сабрли бўлиши, унга имкон қадар ёрдам беришлари керак, назаримда.

 

Хосиятхон Акбарали қизи

 

Андижон тумани.

Меҳр, сабрлилар яшар элимда

Орамиздаги аёллар

Меҳрнинг баҳоси ҳам, миқдори ҳам йўқ. Боиси, меҳр юракда бўлади. У ҳар бир инсоннинг қалбида, маънавиятида яшайди. Меҳрнинг ҳам фаслга ўхшаш баҳори, гуллаши, мева бериши бор. Бундай ҳолатлар меҳрли кишининг онгига буйруқ беради, юрагида яшайди. Кимнидир соғинса, кўргиси келса, суҳбатлашгиси, эҳсон бергиси, дийдорлашгиси келса, ўша томон талпинади, йўқлайди. Кўнглига хайрли ишлар келдими, бас, барча зарур юмушларини йиғиштиради. Яхшиликни кечиктирмай қилишга шошилади.

Мен таниган, билган аёлнинг исми Табассумхон. Исми жисмига монанд  Табассумхон ҳам яхши-ёмон кунларда иродаси, иймонига, ақли-ю сабрига бўйсунган аёл. У камолга етган маҳалласидаги ён қўшнисига келин бўлди. Бодомқовоқ, истарали, очиқкўнгил келин ҳаммага ёқди. Келинчак меҳнаткаш, эпчил, фаросатли, тиришқоқ, айниқса, савдо соҳасига уқуви баланд эди.

Кўп йиллар шу соҳанинг этагидан тутиб, ризқ топди. Савдода фақат ҳалоллик, меъёр, кимларгадир асқотиш, кўмаклашиш билан иш юритди. Бир сўз билан айтганда, Табассумхон оиланинг бахтли бекасига айланди. Уйи ўғил-қизлар билан тўлди. Уларга Жамилахон, Бахтигул, Шокиржон, Нодиржон деб исм қўйди. Болаларига яхши тарбия берди. Ўқитди, ҳунарли қилди. Энг муҳими, одамларга меҳр-муҳаббатли бўлиб яшашни, ота-она, туғилган жойини севишни, катталарга ҳурматда, кичикларга иззатда бўлишни ўргатди.

Орадан йиллар ўтди. Табассумхоннинг фарзандлари уйли-жойли бўлди. Онанинг бағри невараларга тўлди. Энди у умр йўлдоши Абдураҳимжон билан келинлари Наргизахон, Муҳайёхонлар ардоғида яшаркан, маҳалласи, дўст-ёрони, қариндошлари учун меҳрини, саховатини аямади. Кимнидир кўз ёшини артгиси, кўнглини кўтаргиси, бошига мусибат тушса ёнида тургиси келади. Айниқса, яқинларидан айрилган қўшниларига меҳрибон, ҳамдард. Дарров иссиқ таом тайёрлайди. Ками-кўсти бўлса тўлдиради. Кўнгли шу қадар кенгки, қўшнисини ғами олдида ўз муаммосини унутади. "Мен бугун шу вақтда унинг олдида бўлишим, кўнглини кўтаришим керак", дейди.

Ҳаёт бир хил давом этмайди. Кун ва тун бўлгани каби Табассумхоннинг ҳам умр довонларида паст-баландликлар бўлди, бошига кўргиликлар тушди. Аммо бу кунларни кўрсатганига яратганга шукроналар айтиб, дардини ичига, юрагига ютди. Ичидан не ўтса ўзи билди. Синовли, бахтиёр кунларида ҳам бир қўлида эҳсони, тилида лутфи, юрагида бир дунё меҳри бисёр бўлди. Оғир кунларни     сабрга ошно бўлиб енгди.

Табассумхон китоб мутолаа қилишни яхши кўради. Фарзандларини ҳам шунга ундайди. Ҳамиша яхшиликка, кенг феълликка ўргатган. Умри давомида қилган эзгу амаллари рўёбини кўрди. Бир неча йил олдин умр йўлдоши билан Ҳаж сафарига бориб келди. Энди у дуогўй она. Ҳамон меҳнатдан, ҳаракатдан чекинмайди. Шунинг учун ҳам хонадонида файз, барака бор. Онасига меҳр берганди, болалари ҳам унга меҳрибон чиқди.

Дарҳақиқат, берганга худо беради, дейдилар. Табассумхоннинг ўзи ҳам, фарзандлари ҳам ана шундай меҳри бир дунё, яхшиликлар учун жоннисор кишилардир. Кекса устозлари, қон-қариндошлари, қўшниларига меҳр-мурувват кўрсатиб кўнгилочар жойларга, зиёратгоҳларга олиб боради. Одамларга меҳру қувонч бахш этиб ўзи яйрайди. Яхшилик қилгани сари дардлари аригандай, ёшаргандай бўлади. Унинг қилаётган эзгу, хайрли, савобли ишлари кучига куч қўшади.

Шукрки, дунёда асакалик Табассумхон Ботировага ўхшаган меҳри бисёр, сабрга ошно, дийдорга ташна инсонлар кўп. Улар бор экан, юртимиз гўзал, янада файзли.

Кел мунисим, дардингга

ўзим дармон бўлайин,

Яхши-ёмон кунингда

ёнгинангда туройин.

Сенга меҳр-муҳаббат,

қадр-қиммат сўройин,

Уйнинг чироғи бўлиб, ёниб тургин

сен, аёл!

 

Мукаррама FАНИЖОН қизи,

 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Норасмий имом беш суткага қамалди

Жиноят жазосиз қолмайди

Бўз туманида ваколати бўлмаган норасмий имом ноқонуний тарзда шаръий никоҳ ўқиганлиги учун ана шундай жазо олди.

Бўз туманида жиноят, маъмурий ва фуқаролик ишлари бўйича ўтказилаётган сайёр суд мажлислари фуқароларни янада     ҳушёр ва огоҳ бўлишга чақирмоқда.

Суд идоралари томонидан судлов жараёнида қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Жиноят ишлари бўйича Бўз тумани судининг сайёр суд мажлисларида 34 та жиноят иши кўриб чиқилди.

- Жиноят ҳеч қачон жазосиз қолмайди, - дейди жиноят ишлари бўйича Бўз туман суди раиси Хусниддин Камолов. - Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида судимиз томонидан 34 та жиноят иши ҳамда 8 та жазони ўташдан муддатидан олдин шартли озод этиш ҳақидаги ишлар қонунлар доирасида, адолат принциплари асосида кўриб чиқилиб, тегишли тартибда   ҳукмлар чиқарилди. Жиноят ишларининг асосий қисми сайёр судларда кўриб чиқилди.

«Дўстлик» маҳалласида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида Ўзбекистон Республикасига давлат чегарасидан ўтиш тартибларини бузган, вояга етмаган қизни алдов йўли билан Қирғизистон Республикаси олиб чиқиб, сотиб юборган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ушбу маҳаллада яшовчи Малика Рўзиматова, Қизлархон Рўзиматова ҳамда Маданият маҳалласида яшовчи Шоирахон Аҳмедованинг жиноий иши кўриб чиқилди.

Судланувчи М. Рўзиматова Қирғизистон Республикаси Жалолобод областида яшовчи Д. Толибовга турмушга чиққан. Унинг ёнига синглиси Қизлархон, яқин таниши Шоира билан тез-тез бориб турган. Лекин чегарадан ўтиш қоидаларини мунтазам бузиб келганлар. Айнан ана шу жиноят учун Қ. Рўзиматова, Ш. Аҳмедова аввал ҳам судланган бўлиб, уларга жазо тайинланган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг амнистия актларига асосан улар жазодан озод этилган. Минг афсуски, бу аёллар ҳукуматимиз томонидан билдирилган ишонч ва имкониятни суи-истеъмол қилиб, ўзларига тегишли хулоса чиқармадилар.

Ўрганган одатларини давом эттириб, Қирғизистон Республикасига бориб қайтаётганларида, яъни чегарани айланма йўллар орқали бузиб ўтаётганларида чегарачиларимиз томонидан қўлга олинган. Қолмишига улар официантлик қиласан, дея алдов йўли билан бирга олиб кетишган маҳалладоши, вояга етмаган М. исмли қизни Қирғизистондаги танишларига фоҳиша сифатида фойдаланиши учун қолдириб келган эдилар.

Суд ушбу ишни кўриб чиқиб, судланувчи аёлларга нисбатан муносиб жазо тайинлади. Маҳалла аҳли эса маҳалладошларининг жирканч ишларидан огоҳ бўлди. 

Бўз тумани маъмурий судининг «Гузар» маҳалласида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида эса тумандаги Чашма маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи норасмий имомга нисбатан очилган маъмурий иш ҳам кўриб чиқилди.

Норасмий имом тегишли гувоҳнома ва ваколатга эга бўлмагани ҳолда Гулистон маҳалласида яшовчи, никоҳ гувоҳномаси йўқ, яъни қонуний тарзда никоҳдан ўтмаган  С. ва З. исмли фуқароларга шаръий никоҳ ўқиб, мамлакатимизда бу борада белгиланган тартибларни бузган. Суд содир этилган ҳуқуқбузарлик учун норасмий имомга нисбатан 5 сутка қамоқ жазоси тайинлади.

Бўз туманида ўтказилаётган сайёр суд мажлислари аҳолини ҳушёр ва огоҳ бўлишга даъват этмоқда. Қолаверса, мазкур жараёнда фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини юксалтириш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Энг фаол ёш ички ишлар ходими аниқланди

Андижон вилояти ички ишлар бошқармасида "Энг фаол ёш  ички ишлар ходими" кўрик-танлови  бўлиб ўтди.

Ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишига бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш мутахассисларни аниқлаш, касбий маҳорати ва билим даражасини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида, Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгаши ташаббуси билан ўтказилган кўрик-танлов саралаш босқичида ички ишлар тизимида фаолият юритаётган 8 нафар илғор, ташаббускор ва ижодкор ёш ходимлар  иштирок этдилар.           

Танловда иштирокчиларнинг касбий билим даражасига, инновацион ғоя, лойиҳа ва технологияларни ҳаётга татбиқ этишигa, юксак маънавий-ахлоқий фазилатлари ҳамда ташаббускорлигига эътибор қаратилди.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, Андижон вилояти  ИИБ Транспортда жамоат     хавфсизлигини таъминлаш бўлими ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспектори        Адҳамжон Абдуллажонов 1-ўринни эгаллаб, "Энг фаол ёш  ички ишлар ходими" деб топилди. Балиқчи тумани  ИИБ ходими Яҳё Маҳмудов иккинчи, вилоят ИИБ кадрлар бошқармаси инспектори  Ихтиёр Абдуллаев учинчи ўринга сазовор бўлди.

 Fолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

 

Севара ҲОШИМОВА,

Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Андижон шаҳар кенгаши раиси.