+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Табиатнинг ўзи шифокор

Саломатлик туман бойлик

Кунлар исиб, гуллар очилиши, уларнинг ҳидлари ҳавога тарқалиши натижасида айрим кишиларда аллергик касалликлар қўзғалиши мумкин. Гул ҳиди ва кукуни танадаги турли қўзғатувчиларни ҳаракатга келтиради. Бу жараён жуда тез содир бўлади. Бу даврда инсон ўз танасига ёрдам бериш учун ўта ёғли  овқатларни истеъмол қилмаслиги, бирданига тўйиб     овқатланмаслиги керак.

Айниқса, баҳор ойларида кучли овқатлар ейишни камайтириш, ўрнига сабзавот, кўк пиёз, саримсоқ пиёз каби дармондорига бой маҳсулотларни истеъмол қилиш, кўпроқ жисмоний ҳаракат қилиш, пиёда юриш керак.

Қуёш нури Д витамини ва терида меланин (терини саратондан ҳимоя қилувчи модда) пигменти ҳосил қилади. Кўпчилик қуёшдан сақловчи кремлардан фойдаланади. Бу эса терида пигмент ҳосил бўлишига тўсқинлик қилади, натижада танадаги турли шишларнинг катталашуви, саратон ҳужайраларининг ёйилишига сабаб бўлади.

Таъкидлаш керакки, ҳар қандай хасталикка табиатнинг ўзи шифодир. Масалан, қуёш нури таъсирида терлаш ортади ва овқатланишга эҳтиёж камаяди. Зарарли моддалардан терлаш орқали қутилиб, кўпроқ мева, қовун, тарвуз, янги сабзавотлардан ейиш кўпроқ фойда беради. Ялангоёқ юриш, табиатда сайр қилиш, чўмилиш саломатликни янада мустаҳкамлайди.

Ёз фаслида юртимиз иқлим шароитидан келиб чиқиб, киши эрталаб соат 8.00 дан 11.00 гача ҳамда 17.00 дан кейин қуёшда тобланиши мумкин. 11.00 дан 17.00 гача бўлган  вақтда қуёш нурлари соғлиқ учун зарарлидир.

Ҳасанбой РАЗЗОҚОВ,

 

 вилоят ФВБ шифокори. 

Кафиллик шартномаси ва уни расмийлаштириш тартиби

Ҳуқуқшунос минбари

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексида кафиллик шартномаси ва уни расмийлаштириш тартиблари белгиланган. Жумладан, Кодекснинг 292-моддасида: "Кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади.

Кафиллик шартномаси келгусида вужудга келадиган мажбуриятни таъминлаш учун ҳам тузилиши мумкин.

Кафиллик шартномаси ёзма шаклда тузилиши керак. Ёзма шаклга риоя қилмаслик кафиллик шартномасининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади" деб белгиланган.

Кафиллик шартномалари икки томоннинг ўзаро келишуви ҳамда наториат идораларда қонун доирасида белгиланган тартиблар асосида расмийлаштирилади.

Шунингдек, мазкур Кодекснинг 293-297- моддаларида "Кафилнинг жавобгарлиги", "Кафилга нисбатан даъво қўзғатилган тақдирда унинг ҳуқуқ ва   бурчлари" , "Мажбуриятни бажарган кафилнинг ҳуқуқлари", "Қарздор мажбуриятини бажарганлиги ҳақида кафилни хабардор қилиш", "Кафилнинг хизматларига ҳақ тўлаш" билан боғлиқ масалаларни амалга ошириш тартиблари белгиланган.

Кафилликнинг бекор бўлиши Кодекснинг 298-моддасида белгиланган тартиблар асосида амалга оширилади.

Шартномада кўрсатилган кафиллик муддати ўтганидан кейин кафиллик бекор бўлади. Агар бундай муддат белгиланган бўлмаса, кредитор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажариш муддати келган кундан бошлаб бир йил давомида кафилга даъво қўзғатмаган тақдирда кафиллик бекор бўлади. Агар асосий мажбуриятни бажариш муддати кўрсатилмаган ва белгиланиши мумкин бўлмаган ёки талаб қилиб олиш пайти билан белгиланган бўлса, кредитор кафиллик    шартномаси тузилган кундан бошлаб бир йил мобайнида кафилга нисбатан даъво қўзғатмаган тақдирда кафиллик бекор бўлади.

 

Шаҳодат ҚОДИРОВА,

 

Андижон шаҳридаги 12-давлат нотариал идораси нотариуси.

Жорий йилда вилоятимизда 22 минг нафардан ортиқ бола оромгоҳларда дам олади

Андижон туманидаги "Боғишамол" оромгоҳида 2018 йил ёз мавсумида фаолият кўрсатувчи вилоятдаги болалар оромгоҳлари раҳбарлари, мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида семинар бўлиб ўтди.

Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси, соғлиқни сақлаш, халқ таълими, маданият бошқармалари, давлат санитария ва эпидемилогия назорат маркази ҳамда бошқа      даҳлдор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳар жиҳатдан етук, баркамол вояга етишларини таъминлаш, хусусан, болаларни  соғломлаштириш, ёзги таътилни мазмунли ўтишини ташкил этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланиб, оромгоҳларни ободонлаштириш, зарур инвентарлар, турли жиҳозлар, спорт буюмлари, маърифий-бадиий адабиётлар, дори-дамонлар билан таъминланиши, ишларнинг санитария-гигиена талаблари асосида ташкил этилиши масалалари атрофлича муҳокама этилди.

- Жорий мавсумда вилоятда шаҳар четида жойлашган 14 та, умумтаълим мактаблари қошидаги 43 та болалар оромгоҳларида 22 минг 450 нафар боланинг дам олиши режалаштирилган.

Семинарда оромгоҳларда иш олиб бориш учун етарли тажриба ва малакага эга педагоглар, тарбиячилар, тиббиёт ходимларини жалб этиш, оромгоҳларни сифатли озиқ-овқат, қишлоқ хўжалик, полиз маҳсулотлари, мева-сабзавотлар билан таъминлаш ва сифатли сақлаш борасида фермер хўжаликлари, мутасадди ташкилотлар билан шартномалар тузилганлиги айтилиб, қилиниши зарур ишлар юзасидан мутасаддиларга зарур топшириқ, таклиф ва тавсиялар берилди.

Мутахассислар томонидан оромгоҳларда санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилиш, оромгоҳлар қошида ташкил этилган тиббий пунктлар ишини намунали юритиш, биринчи ёрдам кўрсатиш учун 14 турдаги, режали ёрдам кўрсатиш учун 32 турдаги дори-дармонлар заҳирасини яратилганлиги, мазкур йўналишда фаолият олиб борувчи масъул шахсларнинг билим ва кўникмаларини бойитиш, белгиланган ишларни самарали ташкил этиш юзасидан ҳам кенг маълумотлар берилди.

Шунингдек, семинарда оромгоҳларда жамоат тартибини сақлаш, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланиб, мутасаддиларга Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят, туман, шаҳар кенгашлари, халқ таълими муассасалари, маданият, спорт бўлимлари ҳамкорлигида фестиваллар, спорт тадбирлари, санъаткорлар, спортчилар билан учрашувлар, турли кўнгилочар кечалар, шунингдек, оромгоҳларда болалар ижодиёт марказлари фаолиятини йўлга қўйиш, спорт ва фанлар бўйича тўгараклар, кутубхоналар ташкил этиш, қизиқарли машғулотлар ўтказиш бўйича вазифалар белгиланди. 

Шаҳноза ҲАКИМОВА,

 

вилоят давлат санитария ва эпидемилогия назорат маркази болалар ва ўсмирлар гигиенаси бўлими мудири.

Китоб - йўлимизни ёритгувчи нур

Вилоятимизда 24-25 май кунлари "Китоб байрами" тадбирлари юқори савияда бўлиб ўтди

Вилоятимизда "Китобхонлик маданиятини юксалтириш - буюк мақсадларимизга эришишнинг муҳим кафолатидир" шиори остида "Китоб байрами" тадбирлари  бўлиб ўтди.

Китобнинг жамиятимиз маънавий-маърифий ҳаётидаги тутган ўрни ва аҳамиятини юксалтириш, буюк аждодларимиз хотирасини, замонамиз қаҳрамонлари тимсолини ҳаққоний ва халқчил акс эттирувчи адабиётлар салмоғини ошириш бўйича адиб ва ноширларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, интеллектуал ривожланган ва маънан баркамол қилиб вояга етказишда китобнинг ўрни ва аҳамиятини янада кенг тарғиб этиш мақсадида вилоят ҳокимлиги, матбуот ва ахборот бошқармаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, З. М. Бобур номли вилоят ахборот кутубхона маркази ва бошқа  қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган мазкур байрам тадбирларида давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари вакиллари, олимлар, ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар, ҳарбий хизматчилар, китобхонлар ҳамда ёшлар иштирок этди.

А. Навоий номли маданият ва истироҳат боғидаги байрам очилишига бағишланган тадбирда мамлакатимизда юртдошлари-мизнинг маънавиятини, дунёқараши ҳамда интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, тарихимиз, миллий қадриятларимизни улуғлаш, аҳолининг китобхонлик даражасини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

 Андижон вилояти "Китобсавдо" масъулияти чекланган жамияти тасарруфидаги савдо ташкилотлари ҳамда "Шарқ зиёкори" масъулияти чекланган жамияти вилоят филиали, айниқса, 650 мингдан зиёд босма ва электрон кўринишдаги китоб фондига эга З. М. Бобур номли вилоят ахборот-кутубхона шунингдек, туман, шаҳар ахборот-ресурс марказлари томонидан ташкил этилган китоблар ярмаркаларида 10 мингдан зиёд китоблар намойиш этилди. 

Кўргазмаларда ахборот-ресурс марказларининг маҳаллалар, таълим муассасалари, оилалар билан ишлаш борасидаги фаолиятлари акс эттирилган фотокўргазмалар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.

- Китоб байрами ярмаркасида 400 зиёд номдаги адабий-бадиий китобларимиз билан иштирок этяпмиз, - дейди Марҳамат тумани ахборот-ресурс маркази раҳбари Зарифахон Зикряева. - Мақсадимиз, юртдошларимизнинг китобга бўлган муҳаббатини ошириш, маънавиятини юксалтиришга кўмаклашишдир.

Шунингдек, тадбирда вилоятдаги академик лицей, касб-ҳунар коллежлари, умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим муассасаларининг  китоблар, ёш шоир, ёзувчи ва мусаввирларнинг ижодий ишлари кўргазмалари барчада катта таассурот қолдирди.

Тадбир доирасида бир гуруҳ шоир ва ёзувчиларнинг китобхонлар билан учрашуви, андижонлик ижодкорларнинг нашр этилган янги китоблари тақдимоти ўтказилди.

- Китобни ўзига дўст тутган инсон ҳаётда ҳеч қачон қоқилмайди, - дейди тадбир иштирокчиси, Андижон тумани мактабгача таълим бўлими мутахассиси Ҳалима Нормирзаева. - Қолаверса, мунтазам китоб ўқийдиган инсон билимли, одоб-ахлоқли, юксак маънавиятли шахс сифатида жамиятда нафақат ўз ўрнини топа олади, балки, унинг  фаол аъзосига айланади.

Китоб байрами доирасида вилоятдаги таълим муассасалари, меҳнат жамоалари, ҳарбий қисмларда "Китоб менинг дўстим" акцияси, "Китоб ва маънавият", "Китоб мутолааси менинг севимли машғулотим" мавзусидаги маънавий-маърифий тадбирлар, "Энг фаол китобхон", "Энг фаол ва истеъдодли ёш ижодкор", "Энг фаол китобхон оила", "Энг яхши хонадон кутубхонаси" танловлари, олий ўқув юртлари талабалари ўртасида мумтоз адабиёт вакиллари ижоди бўйича "Fазалхонлик" танлови, лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида "З.М. Бобур" ҳамда  "Абдулҳамид Чўлпон" ижоди, умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида "Заҳириддин Муҳаммад Бобур" ижодига бағишланган иншолар танлови ўтказилди.

- Мазкур тадбирларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, фуқароларнинг адабиётга бўлган эътиборини, аҳоли ўртасида маънавий озуқа манбаи, йўлларимизни ёритгувчи нур - китобга, китоб ўқишга бўлган қизиқишни, мутолаа маданиятини оширишдан иборат, - дейди вилоят матбуот ва ахборот   бошқармаси бошлиғи Абдуғулом Султонов. - Шу билан бирга, фуқароларимизнинг китобхонлик даражасини янада юксалтириш кўзда тутилган.

 Вилоятдаги қатор корхона ва ташкилотлар, сиёсий партиялар томонидан кутубхоналарга, таълим муассасалари, Мурувват ва Меҳрибонлик уйларига китоблар совға қилинди.

Катта тантана билан ўтган китоб ва адабиёт байрамида вилоят маданият бошқармаси тасарруфидаги ҳамда таълим муассасалари қошидаги бадиий жамоалар томонидан намойиш этилган дастурлар, театр   артистларининг китоб тарғиботига оид саҳна кўринишлари барчага хуш кайфият улашди.

  Андижондаги китоб байрами тадбирлари аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик, мутолаа маданиятини юксалтириш ва кенг тарғиб қилишга, уларнинг китобга, адабиётга бўлган муҳаббатини янада оширишга хизмат қилди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Жуфтингизни асранг аёллар

Йигит боши хам бўлмасин ҳеч,

Ҳурмат қилинг, кам бўлмасин ҳеч.

Оқибатда кеч бўлмасин, кеч,

Жуфтингизни асранг, аёллар.

 

Хориб келса хорманг, деб чиқинг,

Дадаси, ҳеч толманг, деб чиқинг.

Бахтингизга борман, деб чиқинг,

Жуфтингизни асранг, аёллар.

 

Жаҳл қилиб, қошни чимирманг,

Пул топдим деб, зинҳор керилманг.

Кибрларга асло берилманг,

Жуфтингизни асранг, аёллар.

 

Ранжиманг ҳеч, эрим ёмон деб,

Шундан менинг рангим сомон деб.

Рўзғорни бут қилмас ҳамон деб,

Жуфтингизни асранг, аёллар.

 

Агар боқса ўзга санамга, 

Айбдори ўзимман-да денг.

Ҳожат қолмас шунда аламга,

Жуфтингизни асранг, аёллар.

 

Дунёларни ҳадя қилгум деб,

Кулиб боқинг юзга бериб зеб.

Қиёматли ҳамроҳимсиз деб,

Жуфтингизни асранг, аёллар.

 

Назира ДАДАБОЕВА

ЁШ ИҚТИДОРЛАР КЎРИГИ

Андижон давлат университетида "Юксак маънавиятли авлод" республика фестивалининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган фестивалда мамлакатимизда соғлом, етук ва юксак маънавиятли авлодни тарбиялаш, ёшлар қалбида она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий қадрият ва анъаналарга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлаш, ёшларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги таъкидланди.

- Ёшлар юртимиз келажаги, - дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Муроджон Fофуров. - Шу боис ҳам уларни турли ёт ғоялар, салбий иллатлар таъсиридан асраш, фаол, ватанпарвар, юксак маънавиятли шахс бўлиб камолга етишларини таъминлаш олдимизда турган муҳим вазифадир. Бу борада олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, қолаверса, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда "Юксак маънавиятли авлод" республика фестивали шубҳасиз, муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, жорий йилда танловнинг туман ва шаҳар босқичларида 4 минг нафардан зиёд ёшлар иштирок этди.

 Фестивалнинг вилоят  босқичида 310 нафар 14 - 25 ёшдаги  умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари ҳамда уюшмаган ёшлар "Бадиий ижод", "Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти асарлари билимдони", "Мустақиллик тарихи билимдони", "Энг иқтидорли ҳунарманд", "Ўз асарида миллийликни акс эттирган рассом", "Ўз асарида миллийликни акс эттирган дизайнер", "Ватан куйчиси", "Юксак маънавиятли авлод" сингари 8 номинация бўйича ўзларининг маҳорат ва иқтидорларини намойиш этди.

Фестиваль доирасида иқтидорли ёшлар намойиш этган ҳунармандлик, тасвирий ва амалий санъат асарлари, илм-фан, инновацион ғоя ва ишланмалар йўналишларидаги кўргазмалар, шеърият, наср ва публицистика жанрида ёзилган ижодий ишлар мутахассислар томонидан муносиб баҳоланди.

Якунда ижодий ишлари юқори баҳоланган 23 нафар ёш иқтидор соҳиби фестивалнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

- Юртимизда биз ёшларнинг пухта билим олиш, ўз иқтидоримизни тўла намоён этишимиз учун барча шароитлар яратиб берилган, - дейди фестивалнинг "Бадиий ижод" номинацияси ғолиби, Балиқчи туманидаги 12- ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчиси Ирода Орифжонова. - Бизга ана шундай имконият берган мазкур  фестивалда 40 дан ортиқ ижодий ишларим билан қатнашдим. Ижодий ишларим муносиб баҳоланиб, ғолиблар қаторида эканлигимдан   хурсандман. Фестивалнинг республика босқичида ҳам муносиб иштирок этишга ҳаракат қиламан.

Fолиб ва совриндорлар  фестиваль ташкилотчиларининг фахрий ёрлиқ, эсдалик  совғалари  билан тақдирланди.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Ажримларга йўл қўйилмайди

Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан "Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ойлиги" доирасида "Менинг маҳалламда ажрим бўлмаслиги керак" акциясини ўтказиш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.

"Оила" илмий-амалий  тадқиқот маркази шаҳар бўлими мутахассислари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этган тадбирда сўз олган  Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Р. Жўрабоева акцияни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, акция доирасида амалга ошириладиган ишлар юзасидан иштирокчиларга кенг тушунчалар берди.  Хусусан, оилавий муносабатларда турли келишмовчиликлари бўлган оилаларни муросага келтириш, оилада эркакларнинг ўрни ва масъулиятини ошириш, соғлом ва баркамол фарзандлар тарбияси борасидаги ишларни кучайтиришга  алоҳида эътибор қаратиш, ҳар бир оила билан бевосита иш олиб бориш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда мазкур йўналишдаги ишлар кўлами ва самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Маҳаллаларда ажримларга йўл қўймаслик, уни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Раънохон ҲАКИМОВА,

Андижон шаҳар "Гумбаз" МФЙнинг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича

 

мутахассиси.

Ёш тадбиркор ва ҳунармандларнинг савдо кўргазмаси

Вилоятимизда "Ёшлар - келажак бунёдкори" шиори остида ёш тадбиркор, ҳунарманд ва фермерлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ҳудудий савдо кўргазмаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикасининг Ёшларга оид давлат сиёсати дастури ижроси доирасида ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаоллигини ошириш мақсадида   Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бошқармаси ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ёш тадбиркор, ҳунарманд ва фермерлар ўз маҳсулотлари, инновацион ишланма ва ғоялари  билан қатнашди.

- Кўргазмада миллий ва замонавий либосларим билан иштирок этдим, - дейди Андижон шаҳрида фаолият юритаётган ёш ҳунарманд Шодмоной Алихонова. - Ушбу тадбир ҳамкорлар топиш ва маҳсулот етказиб бериш бўйича келишувлар тузишимга ёрдам берди.

Кўргазмада ёш ҳунармандлар томонидан намойиш этилган каштачилик, дўппидўзлик маҳсулотлари, миллий либослар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.  

Ёшларнинг иқтидор, имконият ва салоҳиятини юзага чиқаришга хизмат қилган кўргазманинг фаол иштирокчилари ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалар билан тақдирланди.

 

 

Барно ҲАЙДАРОВА

Мустаҳкам оила - жамият таянчи

Андижон давлат университетида "Мустаҳкам оила - жамият таянчи" мавзусида анжуман бўлиб ўтди.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий   тадқиқот маркази вилоят бўлими ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида белгиланган вазифалар ижроси, қолаверса, Андижонда ўтказилаётган "Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ойлиги" доирасидаги мазкур тадбирда олимлар, ҳуқуқшунослар, имом-хатиблар,         отинойилар, талаба ёшлар иштирок этди.

Анжуманда оиланинг жамиятдаги ўрнини юксалтириш,   халқимизнинг оила билан боғлиқ қадриятларини мазмунан бойитиш, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Анжуманда, Андижон шаҳар ФҲДЁ бўлими мутахассислари, имом-хатиблар, шифокорлар томонидан ёшларга никоҳ тузишнинг ҳуқуқий ва шаръий тартиб ва тамойиллари, никоҳ   шартномаси, никоҳланувчиларнинг тиббий кўриги хусусида кенг маълумотлар берилди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова иштирок этди. 

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

АЁЛНИ ФАТҲ ЭТМОҚ ТАСЛИМИЯТДАН БОШЛАНАДИ

Ҳаёт ҳикмати

Ҳеч қайси аёл вақтинчалик муносабат қилишни истамайди. Бахтли якун истайди муносабатида.

Эркак учун тажрибадан иборат саргузаштлар аёл учун катта йўқотиш бўлади. Шунинг учун аёл осонликча унутмайди. Вақт керак аёл жароҳатининг битиши учун. Қаерга борсанг бор, бу ҳақиқат ҳеч ўзгармайди.

Бошидан кечирган савдоларининг таъсиридан қутулаётган аёл яна-да гўзаллашади. Ана шунда чиройли ва ажойиб онлар унга қучоқ очади. Атрофида кашф этилмаган барча мўъжизалар кўз оча бошлайди. Ҳаётда ҳеч хаёл қилмаган муҳташам кунларнинг эшиклари бир-бир очилади. Атрофидаги инсонларнинг унга ҳурмати ортади...

Шунинг учун йўқотишни истамаганинг аёлни зинҳор йўқлигингга кўникадиган даражада ёлғизлатиб қўймагин! Агар уни севсанг, баҳслашувлардан кейин уни қўнғироқ қилмаслик, хабар юбормаслик билан жазолама! Ўринсиз ғурурга берилма! Аёл бир эркакнинг овозини эшитмасликка ўрганса, кейинчалик ҳатто бу овозни эшитишга тоқат ҳам қилмайди! Чунки аёлни қай даражада севилгани эмас, бу севгини қай даражада кўрсата олиш эркакка боғлайди. Сен қанчалик севсанг ҳам аёлнинг севгиси тугаса, ҳаммаси тугаб-битади! Аёл кетишга аҳд қилса, уни ҳеч қанақа йўл билан тўхтатиб қололмайсан!..

Севса ҳам кетади. Хаёли сенда қолса ҳам кетади. Кўнгли сенда қолса ҳам кетади. Йўқотишни истамаганинг аёлни асло ранжитма.Чунки бунинг тўлови сенга оғир келади. Аёл ўзига эътибор бермаган эркакнинг севгисидан воз кечган заҳоти, ётга айланади.

Аёлни бахтиёр қилиш унчалик қийин эмас. Чунки у кўп нарса истамайди. Аёлни қувонтириш учун қимматбаҳо буюмлар харид қилишингга ҳожат йўқ, аслида. Унга ўзингни бахшида қил, уники эканингни ҳис эттиргин. Fамхўрлик кўрсат, севгингни изҳор қил. Қадрлилигини, ундан бошқани истамаслигингни англат. Ўзингни таслим этиш билан аёлни фатҳ этасан!..

Эзгин ҚИЛИЧ.

Турк тилидан Умида АДИЗОВА таржимаси