+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ОИЛАНИ МУСТАҲКАМЛАШ - БАРЧАНИНГ ИШИ

Ибратли ташаббус

Вилоят ҳокимининг фармойиши билан 15 майдан 15 июнга қадар вилоятимизда "Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ойлиги" ўтказилмоқда.

Оила жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланади. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият шу қадар фаровон ва барқарор бўлади. Жамият, оила ва шахс бир-бирисиз мукаммал ва бахтиёр бўла олмайди. Оиланинг жамиятдаги ўрни ва роли масаласи барча даврларда ҳам ниҳоятда муҳим аҳамият касб этган. Шу маънода Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бўлими ҳамда қатор ташкилотлар таклифларидан келиб чиқиб, қолаверса, Юртбошимизнинг юқорида қайд этилган фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, оиланинг жамиятдаги ўрнини юксалтириш, халқимизнинг оила билан боғлиқ қадриятларини мазмунан бойитиш, оилаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида вилоят ҳокими   фармойиши билан 15 майдан 15 июнга қадар вилоятимизда "Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ойлиги" деб эълон қилинди. 

- Вилоятимизнинг 3 миллион нафардан ортиқ аҳолиси 750 мингга яқин оила таркибида  истиқомат қилади, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова. - Уларнинг 25 фоиздан кўпроғини ёш оилалар ташкил этади. Ойлик доирасида оилаларни мустаҳкамлаш, ҳар бир оила билан бевосита иш олиб бориш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш билан боғлиқ кенг кўламли ишлар амалга оширилиши белгиланган.

Жумладан, ойлик давомида "Бахтли ва соғлом оила сари" шиори остида меҳнат жамоалари, маҳаллалар, таълим муассасаларида оиланинг муқаддаслиги, оилаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, қонуний ва шаръий никоҳнинг аҳамияти хусусида суд, ФҲДЁ бўлимлари мутахассислари, имом-хатиблар, отинойилар иштирокида мулоқот ва давра суҳбатлари ўтказилади. Шунингдек, ажримларнинг олдини олиш, шаръий никоҳ билан яшаётган оилаларнинг никоҳларини қонунийлаштириш, нотинч, боқувчисини йўқотган оилалар билан бевосита иш олиб бориш, алимент тўламай юрган оталарга нисбатан жамоатчилик таъсир чораларини кучайтириш, бу борадаги муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ, амалий ишлар олиб борилиши белгиланган.

 "Менинг маҳалламда ҳар бир оила мустаҳкам бўлиши керак" ғояси асосида оилавий муносабатларда турли келишмовчиликлари бўлган оилаларни муросага келтириш, оилада эркакларнинг ўрни ва масъулиятини ошириш, соғлом ва баркамол   фарзандлар тарбияси борасидаги ишларни янада юқори  босқичга кўтариш, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Ҳафтанинг чоршанбаси - "Оилаларни мустаҳкамлаш куни"да туман ва шаҳарларда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича фаолият олиб бораётган секторлар раҳбарлари бевосита ажримлар бўйича аризаларни ҳал этиш, турли можаролар туфайли ота уйига келиб қолган аёлларни ўз оиласига қайтариш, сарсон бўлиб юрган, уй-жойга муҳтож ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирларни кўради.

Шунингдек, ойлик доирасида "Бахтли оила сари", "Ибратли оилалар", "Маҳалланинг энг намунали оиласи", "Маҳалла маликалари" мавзуларида кўрик-танловлар, умумтаълим мактаблари, лицей ва коллежларда "Соғлом оила - соғлом фарзанд" мавзусида иншолар танлови ўтказилади. Умуман, кенг жамоатчилик ҳамкорлигида оилаларни мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилавий қадриятларнинг мазмун-моҳиятини ёшларга тушунтиришга қаратилган кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилади.

- Ойлик давомида оиладаги мавжуд муаммолар, уларни юзага келтираётган омилларни ўрганиш борасида ҳам қатор ишлар олиб борилади, - дейди "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бўлими  раҳбари Л. Жалолова. - Жумладан, қайнона ва келинларнинг ўзаро муносабатларини, ёшларнинг оила ҳақидаги билим ва тушунчаларини ўрганиш юзасидан сўровномалар ўтказилади.

Бир сўз билан айтганда, ибратли ташаббус, яъни вилоятда ўтказилаётган мазкур ойлик оилаларни мустаҳкамлаш, оиладаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

 

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Сўнгги қўнғироқ

Мактабда жаранглар сўнгги қўнғироқ,

Балоғат ёшининг нишонаси у.

Навқирон йигит-қиз тизилар сафда,

Ҳар бири дилида жўш урар орзу.

 

Мана, ортда қолар беғам болалик,

Мактаб йиллари ҳам ўтди бирпасда.

Мустақил ҳаётга ташланар қадам,

Ва ширин ташвишлар бошланар аста.

 

Охирги қўнғироқ уради бонглар,

Ушбу кун юракда қолар умрбод.

Мактаб дамларини соғинган диллар,     

Кўзларда ёш билан айлагайдир ёд.

 

Катта йўлга чиқар кичик бир карвон,

Олис йўл олдидан ортингга бир боқ.

Кузатгани чиқди сени мактабинг,

Кузатиб қолмоқда сўнгги қўнғироқ.

 

Ҳадятилло СОБИРХЎЖАЕВ,

 

Олтинкўл туманидаги 28-ДИМИ ўқувчиси.

ЯНГИ ТАШКИЛ ЭТИЛГАН МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ БОЛАЖОНЛАРНИНГ СЕВИМЛИ МАСКАНИГА АЙЛАНАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташрифи доирасида Андижон шаҳрининг "Қоратут" маҳалласида иккита янги мактабгача таълим муассасаси иш бошлади.

Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги "2017 - 2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори доирасида мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, моддий-техник базасини янада мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, мазкур ҳужжат асосида Андижон вилоятида жорий йилда 325 мактабгача таълим муассасаси ташкил этилиши, бунинг учун 480 миллиард сўм маблағ сарфланиши белгиланган. Ташкил этиладиган ана шу муассасаларнинг 132 таси давлат-хусусий шерикчилик асосидаги, 193 таси хусусий мактабгача таълим муассасаси бўлади. Натижада 26 минг нафардан зиёд бола мактабгача таълим тизимига қамраб олинади, 2 минг 400 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Шу кунларда Андижон шаҳридаги "Қоратут" маҳалласида ёнма-ён жойлашган "Ниҳол" номли 53-давлат ҳамда "Болажон баҳори" номли нодавлат мактабгача таълим муассасаси иш бошлади.

«Бегойим савдо люкс» масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган умумий лойиҳа қиймати 2 миллиард 260 миллион сўм бўлган, замонавий қиёфага эга, 100 ўринли "Болажон баҳори" нодавлат мактабгача таълим муассасасида болаларни мактаб таълимига тайёрлаш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳар жиҳатдан баркамол этиб тарбиялаш учун зарур барча шарт-шароитлар яратилган. Бу ерда болаларга чуқурлаштирилган таълим-тарбия берилади, қатор хорижий тиллар пухта ўргатилади.

- Муҳтарам Президентимиз ёш авлод тарбиясига жиддий эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаб, мактабгача таълим муассасалари барпо этиш учун кенг имкониятлар яратиб бермоқда,  - дейди боғча мудираси Умидахон Ашурова. - Бизнинг боғчамиз ана шу имкониятлар самараси ўлароқ барпо этилди. Бу борада вилоят ҳокимлиги яқиндан ёрдам кўрсатди.  Ноль қийматида бино берди.

Реконструкция қилиниб, қайта иш бошлаган  "Ниҳол" болалар боғчасида эса 280 нафар бола тарбияланади. 

- Бинони реконструкция қилиш, ободонлаштириш ва жиҳозлаш ишлари учун қарийб 3 миллиард сўм бюджет маблағи сарфланди, - дейди муассаса мудираси Роҳатой Ҳошимова. - Бу ерда болажонлар учун зарур барча шароитлар яратилди. Ишонаманки, муассасамиз болажонларнинг энг севимли масканига айланади.

Дарҳақиқат, замонавий қиёфага, барча қулайликларга эга ушбу муассасада 32 нафар ўз ишининг етук мутахассиси бўлган тарбиячи ва ходимлар меҳнат қилмоқда. Машғулотлар турли ўйинлар, болаларнинг фикрлаш доирасини кенгайтирадиган қизиқарли интерактив усуллар орқали олиб борилмоқда. Бу албатта, келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодни билимли, кенг тафаккурли, юксак салоҳиятли этиб тарбиялашда муҳим омил бўлади.

 

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

ОИЛА - МУСТАҲКАМ ҚЎРFОН

Асака туманидаги Қайрағоч маҳалла фуқаролар йиғинида туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази туман бўлими ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида "Оила мустаҳкам қўрғон" мавзусида кўрик-танлов ўтказилди.

"Обод қишлоқ" Дастурида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилган танловда тумандаги ҳудудларни ижтимий-иқтисодий ривожлантириш бўйича фаолият олиб бораётган ҳар бир сектор ҳудудидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан энг намунали оилалар иштирок этиб, белгиланган  шартлар асосида ўзаро беллашдилар.

Тадбирда сўз олган туман ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Қурбонова барчани байрам билан табриклаб, иштирокчиларга муваффақият тилади. 

Танловнинг якуний натижаларига кўра, 2-сектор ҳудудидаги "Қипчоқ" маҳалласида яшовчи Муҳаррамхон Нишонова оиласи "Меҳрибон қайнона", 1-сектор ҳудудидаги "Гумбаз" маҳалласида яшовчи Орифжон   Турғунов оиласи "Намунали оила", "Кужган" маҳалласида яшовчи Меҳринисо Акрамова оиласи "Ҳунарманд оила", 5-сектор ҳудудидаги "Ҳамдўстлик" маҳалласида яшовчи Искандар Абдураҳмонов оиласи "Ёш оила", 4-сектор ҳудудидаги "Эргашобод" маҳалласида яшовчи Шуҳратбек Жалилов оиласи "Энг китобхон оила" йўналишлари  бўйича ғолиб деб топилди. 

Fолиблар туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитасининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Якунда ФҲДЁ бўлими мудири Б. Расулова, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази туман бўлими раҳбари О. Иброҳимова, тадбир юзасидан фикр-мулоҳазалар билдириб, ғолибларни муборакбод этдилар.

 

Раъно АТАБОЕВА  

ХАЛҚИМИЗНИНГ ЭРТАНГИ КУНГА ИШОНЧИ, ЯХШИ ЯШАШГА ИНТИЛИШИ ВА ИШТИЁҚИ ОРТМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 19-20 май кунлари Андижон вилоятида бўлди.

 Президентимиз 2017 йил 2-3 июнь кунлари вилоятга ташрифи чоғида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёни билан танишар экан, бир қатор истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан топшириқлар берган эди. Ўтган вақт мобайнида ана шу йўналишда салмоқли ишлар амалга оширилди.

Ўтган йилги ташрифдан сўнг ишлаб чиқилган 2017-2018 йилларга мўлжалланган дастурга мувофиқ, вилоятда 2017 йилда умумий қиймати 1,5 триллион сўм бўлган 3 мингдан зиёд лойиҳа амалга оширилди. Бунинг натижасида иқтисодий-ижтимоий соҳаларда сезиларли ўсишга эришилди. Муҳими, одамларнинг эртанги кунга ишончи мустаҳкамланиб, яхши яшашга интилиш ва иштиёқи ортди. Бу юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим самарасидир.

Давлатимиз раҳбарининг Андижонга бу галги сафари давомида аввалги ташриф асносида берилган топшириқлар ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, вилоятни янада ривожлантиришга қаратилган йирик лойиҳалар ижросининг бориши, аҳолининг талаб-эҳтиёжи билан бевосита танишиш ва бу борадаги келгуси режаларни белгилаш диққат марказида бўлди.

Президентимиз ташриф доирасида Андижон тумани Хакан қишлоғидаги "Milana teхtilе" масъулияти чекланган жамиятининг трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси, туманнинг Хартум қишлоғидаги "Zamin Bio Health" масъулияти чекланган жамиятининг йилига 10 миллион флакон инсулин дори воситаси ишлаб чиқариш қувватига эга корхонаси,   шунингдек, Андижон туманидаги пиллани қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Andijan Silk.Co" Ўзбекистон - Хитой қўшма корхонаси,  Асака туманидаги гидропоника усулида банан ва помидор етиштириладиган замонавий иссиқхона ташкил этган "Сабо ҳамкор" МЧЖ фаолияти билан танишди.  

Президентимиз Улуғнор туманидаги "Шаҳриобод" маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, бу ерда "Обод қишлоқ" дастури доирасида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди, аҳоли билан мулоқот қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифининг иккинчи куни   Шарқий ҳарбий округга қарашли қисмда бўлиб, янги Мудофаа доктринаси ижроси доирасида амалга оширилаётган ҳамда Андижон шаҳрининг "Ўзбегим" маҳалла фуқаролар йиғинида барпо этилаётган кўп қаватли уйлар, бу ерни замонавий массивга айлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди.

 

Uza.uz  сайтидан олинди.

РАМАЗОН - НАЖОТ ОЙИ

Бугун муборак рамазон ойининг илк кунида турибмиз. Ушбу қутлуғ кунда ҳар бир мўмин шубҳасиз, рамазон рўзасини тинчлик-осойишталик, хотиржамлик билан адо этмоқликни ният қилади.

Аллоҳнинг ваъдаси бор, бу ойда иймон-эьтиқод билан қилинадиган дуолар мустажоб бўлади, Аллоҳ таоло бандаларига осмон эшикларини очиб, ҳар бир дуо қилгувчининг дуосини қабул қилади. Яна Рамазон ойи меҳр-шафқат, мурувват, эҳсон, барака ойидир. Яъни улуғ Рамазон кунларида қариндош-уруғларга силаи раҳм қилишлигимиз, етим-есир, бева-бечоралар ҳолидан хабар олишлигимиз, Исломнинг беш рукнидан бири - закот амалини адо этиш билан Яратганнинг марҳаматига мушарраф бўлишга интилмоғимиз керак.

Рамазон Роббимизнинг бизларга берган улуғ неъматларидан биридир. Зероки, бу ойда бизни икки дунёмиз саодати учун васила бўлган Қуръони карим нозил қилинган. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида: "Рамазон ойи бу одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир" (Бақара сураси): деб марҳамат қилган. Бундан    ташқари, рамазон имтиҳон ойи ҳамдир. Бу ой бизларга нафсимизни тарбия қилишимизда ёрдам беради.

Барча Пайғамбарлар нафс тарбиясида рамазон ибодати, шартларидан фойдаланганлар. Мисол учун: Юсуф (а.с) бутун Миср мулкига эга бўлган ҳолида доимо оч юрар эканлар. У зотдан: "бутун ер хазиналари сизда бўлсаю, нега оч юрасиз?" - деб сўралганларида, "Мен тўқ бўлсам, очларни эсдан чиқариб қўйишдан қўрқаман", - деб жавоб берган экан. Дарҳақиқат, рўза - ибрат, сабрни имтиҳон қилгувчи ой. Зеро, инсон рўза ибодати, шартлари машаққатига сабр қилса, охират азобидан қутилади.

Рамазон - раҳмат ва махфират ойи. Аллоҳ таоло фазилатли яхши амаллар учун ажру мукофотларни бир неча баробар кўпайтириб берадиган бу кунларни ғанимат билиб, гуноҳлардан покланишга, хайрли ишларни кўпайтиришга шошилайлик.

Қатор ҳадиси муборакларда Рамазон фазилатлари, ҳикматлари, одоблари ва бошқа ҳолатлари баён қилиб ўтилган. Жумладан: "Рамазон ойи келганида жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари беркилади" (Бухорий ривояти). Шунингдек, Қуръони каримда "... Эй мўминлар! Бу ой шундай ойдирки, аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири эса дўзахдан озод бўлиш ўн кунлигидир". "Кимки рамазон ойи кириб келишлиги билан хурсанд бўлса, Аллоҳ унинг жасадини жаҳаннам оташига ҳаром қилади".

... "Агар умматим рамазон ойида қандай хислатлар борлигини билганларида эди, йилнинг барча ойлари Рамазон бўлишлигини орзу қилардилар". "Жаннат тўрт турли инсонга муштоқ бўлиб туради: Қуръон ўқувчига, тилини (ёмон сўз, ғийбатлардан) сақлагувчига, оч-яланғочларга овқат ва кийим бергувчиларга ҳамда Рамазон ойида рўза тутгувчиларга".

Рўза инсонни дўзахдан тўсиш билан бирга, уни жаннатга етаклайди. Абу Умома (р.а) келиб: Эй, Аллоҳнинг расули мени бир ишга буюрингки, у билан Аллоҳ таоло менга манфаат етказсин", дедилар. Шунда Расулуллоҳ Муҳаммад (с.а.в) "Рўза тутгин. Чунки унинг ўхшаши йўқдир", деб жавоб бердилар. Бандани Аллоҳга яқинлаштирувчи, унинг раҳматига эриштириб, азобидан узоқлаштирувчи ибодат ойи - Рамазоннинг ҳикмати, фазилатлари беқиёсдир. Ҳаттоки, Аллоҳ таоло рўза тутувчилар кириши учун жаннатда алоҳида бир эшикни (яъни Райён) яратиб қўйган.

Ҳар бир ибодат ва амалларда бўлгани каби рўзанинг ҳам шартлари, фарзлари, қоидалари бор. Тонгдан шомгача рўза тутиш нияти билан ейиш, ичиш ва жинсий яқинлик қилишдан сақланиш - рўзанинг фиқхий шартларидир. Аммо салафи солиҳлар булардан ташқари яна олти нарсани алоҳида таъкидлайдилар. Булар:

1. Кўзни юммоқлик, яъни кўзни гуноҳга олиб борувчи (номашруъ) нарсаларга қарашдан сақлаш.

2. Тилни асрашлик, яъни беҳуда, ёлғон, ғийбат ва бошқа гуноҳга олиб борувчи сўзларни гапирмаслик.

3. Қулоқни асрашлик, яъни беҳуда ва бемаъни сўзлардан қулоқни эҳтиёт қилишлик. Зеро, гапириш ҳаром қилинган сўзларни эшитиш ва қулоқ солиш ҳам ҳаромдир.

4. Бошқа барча тана аъзоларини гуноҳдан асраш.

5. Ифторда кўп овқат емаслик ва кундузи кўп ухламаслик.

6. Ифтордан кейин хавф (қўрқинч) ва ражо (умид) ўртасида бўлишлик. Инсон қилган амалидан ғурурланиб, тутган рўзасидан фахрланса, ажр-савобдан маҳрум бўлиб қолиши мумкин.

Юқорида санаб ўтилган шартларга амал қилган ҳолда адо этилган рўза мукаммал рўзадир.

 Азиз юртдошлар! Юқорида таъкидланган жиҳатларга қатъий амал қилган ҳолда Рамазон ойини чиройли ўтказишлик ҳар биримизга насиб этсин. Аллоҳ муборак Рамазон ойини барчаларимиз учун хайрли ва барокатли қилиб, ибодату дуоларимизни қабул айласин.

 

Мифтохиддин Рожиддинов, Шаробиддин Мусабоев,

Андижон шаҳридаги

 

«Девонабой»  ва «Абу Хурайра»  жомеъ масжидлари имомлари.

Инсон - азиз, хотираси - муқаддас

     Хотира - унутилмас туйғу. Инсон қадри, ҳурмати ҳар доим эъзоз, эҳтиромга лойиқ.

9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Андижон қишлоқ хўжалиги институти қошидаги академик лицейда "Инсон азиз, хотираси муқаддас" деб номланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари иштирокида ўтгган учрашувда фахрийлар ёшларга уруш йиллари хотиралари, уруш даври ва урушдан    кейинги йилларда меҳнат фронтида олиб борилган тикланиш, бунёдкорлик ишлари хусусида гапириб бердилар.

Лицей ўқувчилари томонидан кексаларни қадрлаш, ўтганларнинг хотирасини ёд этиш мавзусидаги саҳна кўринишлари, ўқилган шеър ва ижро этилган рақслар барчада катта таассурот қолдирди. "Қизларжон" клуби аъзолари ўртасида ўтказилган "пазандалик", "ош тайёрлаш" мусобақаси иштирокчилари ўз маҳоратларини намойиш этди. Бу каби ранг-баранг тадбирлар иштирокчилар ва меҳмонларга байрамона кайфият улашди.

Академик лицей маъмурияти томонидан тадбир меҳмонлари бўлган уруш ва меҳнат фахрийларига эҳтиром кўрсатилиб, совға-саломлар берилди.

Мазкур тадбир ўқувчи ёшларни тарихимизга, кекса авлод вакилларига ҳурмат, она Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашга хизмат қилди.

Д. ТУРДИЕВА,

 

Андижон қишлоқ хўжалиги институти қошидаги академик лицей хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.

Шахмат-шашка беллашуви

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Андижон шаҳар кенгаши ташаббуси билан Андижон шаҳридаги 35-давлат ихтисослаштирилган мактаб спорт залида касаба уюшма аъзолари ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини тарғиб қилиш, спорт билан шуғулланувчи ходимларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида "Спорт - саломатлик гарови" шиори остида спортнинг шахмат ва шашка турлари бўйича  мусобақа ўтказилди.

Мусобақада кенгаш тасарруфидаги ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган педагог ва ишчи-ходимлар иштирок этиб, ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди. 

Қизғин тарзда ўтган беллашувнинг якуний натижаларига кўра, шахмат бўйича эркаклар ўртасида 23-умумтаълим мактаби касаба уюшма аъзоси Авазбек Раҳматуллаев, аёллар ўртасида10-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Марҳабо Мирзаева, шашка бўйича эркаклар ўртасида Андижон политехника касб-ҳунар коллежи касаба уюшмаси аъзоси Баҳодир Ибрагимов, аёллар ўртасида 35-ДИМИ ўқитувчиси Барно Сайдалиева 1-ўринга сазовор бўлдилар.

Шунингдек, мусобақада  турли таълим муассасалари вакиллари қатор номинациялар бўйича ғолибликни қўлга киритди.

Кўтаринки руҳда ўтган мусобақа чинакам спорт байрамига айланиб кетди. Fолиб ва совриндорлар таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Андижон шаҳар кенгашининг эсдалик совғалари билан тақдирланди. Совғаларни кенгаш раиси Н. Тўрақулова топширди.

    Н. ҚУРБОНОВА,

Андижон шаҳридаги 6-умумтаълим мактаби касаба уюшма қўмитаси раиси.

"ЁШ ЁНFИН ЎЧИРУВЧИ" МУСОБАҚАСИ ЎТКАЗИЛДИ

Асака тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактабида академик лицей ва  касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида "Ёш ёнғин ўчирувчи" мусобақасининг туман босқичи бўлиб ўтди.

Вилоят ИИБ Ёнғин хавфсизлиги, ўрта махсус касб-ҳунар таълими,  жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида ўтказилган ушбу мусобақада 13 жамоа иштирок этиб, ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди.

Мусобақа иштирокчилари 100, 3000 метрга югуриш, спорт тўсинида тортилиш сингари белгиланган қатор шартлар асосида қанчалик чаққон, иродали ва маҳоратли эканликларини намойиш этдилар. Fоят қизғин ва муросасиз курашларга бой ўтган мусобақанинг якуний натижаларига кўра, Асака иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи жамоаси ғолиб деб топилиб, мусобақанинг вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Fолиб ва совриндорлар фахрий ёрлиқ ва эсдалик   совғалар билан тақдирланди.

 

Шамшодбек ТУРСУНОВ,

 

Асака тумани ЁХБ бошлиғи, майор.

ТОЗАЛИК ВА ОЗОДАЛИК САЛОМАТЛИГИМИЗ ГАРОВИДИР

Бир куни қўлидаги чиқинди тўла пакетларни кўп қаватли уйимиз олдидаги гулзор ичига ташлаб кетаётган ўсмирни кўриб қолиб, очиғи, қаттиқ жаҳлим чиқди.

Бола шом қоронғусида уёқ-буёққа ўғринча қаради, менинг балкондан кузатиб турганимни эса сезмади. Ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, чиқиндини ташлади-ю, кета бошлади. Орқасидан чақирдим ва унга чиқиндихона 50 метр нарида эканини айтиб, пакетларни олишни айтдим. Бола ҳижолат бўлганича индамай айтганимни қилди. Уни кўздан ғойиб бўлгунича кузатиб турдим.

... Шаҳримиз кундан-кунга обод бўлмоқда. Ҳар куни кечқурун чиқиндиларни йиғиштириб, чиқиндихоналарни тозалаб кетиш тизими яхши йўлга қўйилди. Минг афсуски, баъзилар унча узоқ бўлмаган чиқиндихонага боришга ҳам эринадилар. Маиший чиқинди солинган салафан пакетларни шундоққина йўл бўйларида қолдирадилар. Оқибатда бу чиқиндилар ўзидан бадбўй ҳид таратиб, касаллик ташувчи ҳашоратларнинг  кўпайишига, уйлар атрофида тозалик, покизаликнинг йўқолишига сабаб бўлмоқда.

Ҳар куни йўл бўйларида ободонлаштириш ишлари олиб борилаётганини кўриб қувонаман. Соҳа ходимлари куннинг жазирамаси, ҳатто ёмғирли кунларда ҳам гуллар экиб, кўчаларни супурадилар, гулзорларни бегона ўтлардан тозалайдилар. Баъзи фуқароларимизнинг маданиятсизлиги, инсонлар меҳнатини қадрламаслигини кўриб ачинаман. Кап-катта одамларнинг тамаки қолдиғи ёки писта пўчоғини ҳеч қандай истиҳоласиз рўпара келган жойга ташлашлари, чиқинди ташланадиган қути тургани ҳолда, музқаймоқ идиши ёки қоғозини майсалар устига улоқтириши кишини ҳайрон қолдиради. 

Халқимизда "Тозалик бор жойда қут-барака бўлади" деган гап бор. Бугун ёшми, кексами - ҳар бир юртдошимиз ана шу ҳикматли гапни шуурига сингдириб олиши керак, чор-атроф покизалигига ўзи ҳам масъул эканлигини ҳис этсин. Қолаверса, саранжом-саришта, тоза-озода жойда яшаш кишининг баҳри дилини очади, саломатлиги ҳам хавфсиз бўлади. Шундай экан, ҳар бир оила, таълим даргоҳида, маҳаллалар ва кўча-кўйларда тозаликни сақлашга эътибор қаратайлик. Бу оддий иш бўлиб туюлса-да, унинг замирида ўзимизнинг, яқинларимизнинг саломатлигини асраб-авайлашдек долзарб  масала ётади.

Биз нафас олаётган ҳаво, юраётган йўлларимиз, ўтаётган кўчаларимиз, меҳнат қилаётган ишхонамиз ва албатта, хонадонларимиз қанчалик саришта, чанг ва ғуборлардан ҳоли бўлса, кайфиятимиз шунча кўтаринки, саломатлигимиз ҳам мустаҳкам бўлади.

 

Озода ОРТИҚОВА, АДУ талабаси.