+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ҚИЗЛАРНИГИНА ЭМАС, ЙИГИТЛАРНИ ҲАМ ҲАЁТГА ТАЙЁРЛАШИМИЗ ЛОЗИМ,

- дейди Шаҳрихон тумани бош отинойиси Муқаддасхон Солиева.

Отин - аёл-қизлар ўқитувчиси, дин ва шариат билимдони, шунингдек, аёллар ўртасидаги диний маросимларга бошчилик қиладиган, халқ орасида катта обрў-эътиборга сазовор бўлган кайвони аёл.

 Ҳатто "отин" сўзи маърифатпарвар аёлларни ҳурматлаб, исмига қўшиб ҳам айтилган. Улар Қуръони карим қироати, тафсир, пайғамбарлар тарихи, халқ оғзаки ижодини яхши билишган. Бугунги кунда         отинойиларнинг вазифалари доираси жуда кенгайган. Улар нафақат диний билимлар эгаси, балки юртимизда кечаётган ижобий ўзгаришлар, иқтисодиёт, таълим ва бошқа соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, жамиятимиз маънавий, диний ҳаётида кечаётган ўзгаришларнинг фаол иштирокчисига айланиши лозим.

Шаҳрихон туман бош        отинойиси Муқаддасхон Солиева ана шундай фазилатлари, юксак маънавияти учун одамлар меҳрига, ҳурматига сазовор бўлган. У кўп йиллардан буён отинойилик вазифасида хизмат қилади. 2007 йилда Тошкент Ислом университетида малака ошириб келган Муқаддасхон отин туманнинг бош отинойиси этиб тайинланди.

- Бугунги кунда ҳар бир отинойи диний ва дунёвий илмларини пухта билиши ва одамларнинг саволларига аниқ жавоб бера олиши лозим, - дейди Муқаддасхон Солиева. - Улар дунёдаги воқеалар, мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар ҳақида етарли маълумотларга эга бўлиши ва бу ҳақда аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бора олиши керак. Авваллари аксарият   отинойилар Конституция нима, парламент нима, яхши билмас эди. Қонунларимизнинг мазмун-моҳиятидан хабардор эмас эди. Отинойилар расман фаолият юрита бошлагач, уларнинг ҳам диний, ҳам дунёвий билим ва тушунчалари янада кенгайди, Шукрки, отинойиларимиз ўқиб-ўрганиб, замон билан ҳамнафас қадам ташлаяпти.

Шаҳрихон туманида 76 маҳалланинг барчасида   отин-ойилар фаолият юритмоқда. Улар Муқаддасхон отин бошчилигида аҳоли айниқса, аёллар билан мулоқотда бўлиб, уларнинг дардларини тинглаб, муаммоларини ҳал этиш, ёш оилаларга ғамхўрлик қилиш, соғлом фарзанд тарбиясидаги масъулиятларини ошириш, аёллар ичида ибодат ва диний маросимларни белгиланган тарзда ўтказиш, маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатаётган, миллий қадриятларга зид бўлган ғояларга қарши кенг кўламли тушунтириш ишларини олиб бормоқда. 

- Азал-азалдан Шаҳрихон уста ҳунармандлар, ишбилармон тадбиркорлар юрти ҳисобланган, - дейди отинойи суҳбатни давом эттирар экан. - Ўзига тўқ яшагани учун аҳоли тўй-маросимлар, маърака-ю издиҳомларда дабдабабозликка берилиб кетганди. Ҳозир бу каби ишлар анча тартибга солинди. Ҳар бир маросимни иложи борича камчиқим, исрофгарчиликларсиз ўтказишга эришаяпмиз. Сеп-сидирға, маъзар ташишга Аза-маъракаларда одамларга ҳам диний, ҳам дунёвий масалаларда насиҳатлар қилаяпмиз. Ажримлар, никоҳ, идда, талоқ мавзуларида аҳоли ўртасида суҳбатлар ўтказаяпмиз. Маҳалла маслаҳатчилари ва отинойиларнинг саъй-ҳаракатлари ўз самарасини бераяпти. Халқимиз бизга эргашмоқда.

Туман "Аёллар маслаҳат маркази" биноси ҳар куни "бош отинойидан маслаҳат оламан", деб келган аёллар билан гавжум бўлади. Отинойи  ўзига хос босиқлик билан уларнинг дард-ларини тинглайди, муаммоларига ечим топишга уринади.

- Ажримлар ҳаммавақт ҳам оғриқ нуқтамиз бўлиб келган, - дея таъкидлайди у. - Аммо     кейинги пайтларда йигит-қизларимиз ҳаётга енгил-елпи қарашадими ёки биз катталар тарбияда хатога йўл қўяяпмизми, ёш оилалар ўртасида ўзаро келишмовчиликлар кўп учрамоқда. Биласиз, бир кун жанжал чиққан жойдан қирқ кун барака кетади. Албатта, бу можаролар оила муҳитига, ўртадаги муносабатлар совуқлашишига сабаб бўлиб қоляпти. Ёш йигитларимиз никоҳнинг муқаддаслиги, идданинг нималиги, талоқнинг турлари ҳақида тушунчага эга эмаслар. Талоқ сўзи оғизларидан осонликча чиқиб кетаверади. Менимча, оилаларни мустаҳкамлаш учун нафақат қизларни, балки йигитларни ҳам турмушга тайёрлашимиз лозим. Бунинг учун мутасаддилар, айниқса имом-хатиблар маҳаллаларда, мактаб-коллежларда учрашувлар ташкил этишлари, йигитлар билан кўпроқ мулоқот қилишлари керак.

Аёллар ўртасида маънавий муҳитни соғломлаштириш, оилада турмуш тарзини тўғри йўлга қўйиш ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштироки учун Муқаддасхон Солиева 2017 йилда вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи, шунингдек, "Энг юксак маънавиятли отин ойи" деган эътирофга сазовор бўлган.

"Шарм-ҳаё, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат ўзбек халқининг ўлмас қадриятлари эканлигини ёшларимиз онгига чуқур  сингдирайлик. Бу йўлда биз - отинойилар қўлимиздан келган барча ишларни бажаришимиз зарур" деган гапларни жуда кўп такрорлайди.  айтиб чарчамайди,  - дейди  Муқаддасхон Солиева.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Қарс икки қўлдан чиқади

Бир неча йилдан буён туман хотин-қизлар қўмитаси қошидаги "Аёллар маслаҳат маркази" координатори, "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси раҳбари вазифаларида ишлаб келаман.

Фаолиятимиз давомида оилани мустаҳкамлаш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, турли низоларни бартараф этиш, қайнона-келин муносабатларини яхшилаш,      соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, шунингдек, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қисқа давр ичида марказимиз аёлларнинг яқин кўмакчисига айланди, кенг жамоатчилик ўртасида ўз ўрнига эга бўлган  масканга айланди. Бу албатта, туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла" жамоат фонди,  "Нуроний" жамғармаси туман бўлимлари, Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлими, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши ҳамда қатор ташкилотлар биланн ҳамкорликда олиб борилаётган ишларимизнинг самарасидир.

Маҳаллаларда оилавий ажримларнинг, аёллар, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, эр-хотин, қайнона-келин, ота-она ва фарзандлар орасидаги муносабатларни яхшилаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, фуқаролар, айниқса, опа-сингилларимизнинг чет давлатларга ишлаш учун ноқонуний чиқиб кетишларига чек қўйиш, фарзанд тарбиясига эътиборсиз қараётган оилалар билан алоҳида иш олиб борилмоқда.

Агар фактларга мурожаат қиладиган бўлсак, марказ ҳамда "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси фаоллари томонидан биргина 2017 йилда 126 оиладаги низоларга    барҳам берилиб, шунча ажримнинг олди олинди. Шунингдек, 143 нафар хотин-қиз доимий иш ўрни билан таъминланди.

Ўтган йили "Саховат" маҳалласидаги кам таъминланган оилалардан 4 тасига қорамол боқиш, 11 тасига паррандачиликни ривожлантириш ҳамда 4 тасига ўз томорқасида иссиқхона ташкил қилиш учун тижорат банкларидан имтиёзли кредит ажратилишига кўмаклашилди. Мазкур йўналишдаги ишлар кўлами ва  самарадорлигини ошириш мақсадида "Сирмоқ" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Балиқчи тиббиёт, "Юртобод" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Педагогика ва ижтимоий иқтисодиёт, "Омонариқ" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Балиқчи иқтисодиёт коллежларида ҳам "Аёллар маслаҳатхоналари" ташкил этилиб, уларнинг фаолияти мунтазам йўлга қўйилди.

 Маҳалла фуқаролар йиғинлари қошларидаги "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаларига ана шу маҳаллаларда истиқомат қилаётган обрў-эътиборли, бой ҳаётий тажрибага эга зиёли, кайвони онахонлар, бошқаларга тарбиявий таъсир ўтказа оладиган фаол аёллар, ҳар жабҳада кўпчиликка намуна бўлаётган қайноналар жалб этилган. Шунингдек, улар маҳалла фуқаролар йиғинлари қошидаги Яраштириш, Хотин-қизлар билан ишлаш, Тўйларни ўтказиш сингари қатор комиссиялар фаоллари билан ҳамкорликда маҳалладаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, тўй-ҳашам, маърака ва бошқа йиғинларни ихчам, дабдабасиз ўтказилишини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқдалар. 

Марказимизда ишлаб чиқилган лойиҳа доирасида ёшлар, айниқса қизларни одоб-аҳлоқли, юксак маънавиятли қилиб тарбиялаш, уларнинг пухта билим олишлари, ўзлари истаган касб-ҳунарларни эгаллашларига ёрдам бериш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, урф-одат ва маросимларни тартибга солиш мақсадида тумандаги маҳаллаларда, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари қизлари ўртасида "Қиз бола - бўлғуси она", "Онасини кўриб қизини ол", "Қайнонали келин", "Қайнона ҳам она, келин ҳам қиз" каби мавзуларда давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Маҳаллалар ва таълим муассасаларида ташкил этилган  "Қизларжон" клуби машғулотларини мазмунли ва қизиқарли ўтказилишига ёрдам берилмоқда. Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, маънавиятини юксалтириш, турли иллатлар таъсирига тушиб қолишларининг олди олишга қаратилган учрашув, суҳбат ва мулоқотлар мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга катта ёрдам бермоқда.

Биз оиланинг ҳар бир аъзоси - оналар, қайноналар, келинлар, қизлар билан мунтазам иш олиб боришимиз зарур. Шундагина ўзимиз кутган натижаларга эриша оламиз. Бу оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, муаммоларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. "Қарс икки қўлдан чиқади" деганларидек бу борада ҳамкорлик, тизимлилик ва изчилликни албатта йўлга қўйишимиз, фаолликни асло сусайтирмаслигимиз лозим.  Энг муҳими, ўзлигимизни, тарбия борасидаги халқимизнинг ўзига хос ва қадим анъаналари унутмаслигимиз керак. Катталар кечиримли бўлса, келинларнинг озгина айбини кўрмаганликка олса, ёшлар бетгачопарлик, беандишаликдан йироқ бўлса, қайнонасини ўз онасидек ардоқласа, ўйлайманки, оилаларда ҳеч қандай муаммо келиб чиқмайди. 

 Тумандаги "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмалари жорий йил - Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида ҳам мазкур йўналишдаги ишларни изчил давом эттиради. Бизнинг ниятимиз муҳтарама аёлларимиз, қайнонаю келинларимиз ўз бахтидан масрур бўлиб яшасин.

 

Фаридахон ТУРFУНОВА,

 

Балиқчи тумани "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси раҳбари.

Фуқаролик паспортлари топширилди

Вилоят ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган бир гуруҳ юртдошларимизга фуқаролик паспортлари тантанали равишда толпширилди.

Вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида"ги фармонига кўра, вилоятимизда истиқомат қилаётган 32 нафар фуқаролиги бўлмаган шахсга фуқаролик паспортларини топшириб,  уларни муборакбод этди.

- Кўп йиллардан буён Жалақудуқ туманида яшайман,  - дейди тумандаги "Табаррук замин" фермер хўжалиги аъзоси Зуҳрахон Азимова. - Оилам, фарзандларим тинч бўлса-да, қалбимда бир армон бор эди. Шу юртда яшаб туриб, Ўзбекистон фуқароси эмасдим. Бугун ана шу армоним ушланди. Ўзбекистон фуқароси бўлдим, шу юрт фуқароси сифатида яшаш бахти насиб этганидан беҳад хурсандман.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олган юртдошларимиз энди мамлакатимиз Конституцияси ва қонунларида белгиланган ҳуқуқларидан тўла фойдаланиш имконига эга бўлдилар.

 

 

Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ

Фариштадай, мунис аҳли аёли...

Ҳар жабҳада донг таратган дунёда,

Кундан-кунга равнақ топар рўёда.

Номин айтсам меҳрим жўшар зиёда.

Бу - менинг Ватаним, Ўзбекистоним!

 

Осмонлардан юксак эрур камоли,

Олисдан ҳам мафтун этар жамоли.

Фариштадай мунис аҳли аёли,

Бу - менинг Ватаним, Ўзбекистоним!

Ҳар гўшаси гулшанларга бурканган,

Чўп қадасанг ниҳолларга айланган.

Ўғлонлари мардлик учун яралган,

Бу - менинг Ватаним, Ўзбекистоним!

 

Кабутарлар эркин учар осмонда,

Ишларидан бутун дунё хайронда,

Гуллаб борар бахтиёрлик ҳар онда,

Бу - менинг Ватаним, Ўзбекистоним!

 

Отабек ФОЗИЛЖОНОВ

БАҲОНАНИНГ БАЛОСИ

(қилмиш-қидирмиш)

Бугун ҳамма жойда шанбалик. Азиза ҳашарда қатнашишни хоҳламагани учун бошлиғининг олдига кириб "Ўғлимнинг тоби қочган, аҳволи жуда оғир, ёнида ўтирмасам бўлмайди", деган баҳона билан жавоб сўради. Унга раҳми келган бошлиқ уйига кетишига рухсат берди. Лекин, "алдамаяпсизми?" деб қандайдир шубҳа билан қаради. Азиза эса, "ўлибманми, алдаб? Гапим рост" дея хонадан чиқди. 

Уйига етиб келгач, енгил нафас олди. Ёлғони иш бергани учун ўзи севган қўшиқни хиргойи қилиб дугонаси Зарифага сим қоқди. У билан гаплашиб ўтириб, тўсатдан ўғли ёдига тушди. Дарров телефонни ўчириб, хонама-хона ўғлини ахтарди. Лекин топа олмади. Кўчага чиқиб қўшнилардан сўради. Улар Акмални кўрмаганини айтишди. "Бирорта ўртоғи билан ўйнаб юргандир-да", деб ўзига тасалли бериб, телевизорни ёқди. Сериал томоша қилиб ўтириб кўзи илинибди. Бир пайт телефон қўнғироғидан чўчиб уйғонди. Қараса, ўғлининг рақами.

- Алло, Акмал, қайда юрибсан? - деди нимагадир кўнглида хавотир уйғониб. Телефондан нотаниш овоз эшитилди:

- Кечирасиз, бу Акмалжоннинг онасими?

- Ҳа, онасиман. Ўғлим қани?

- Опажон, ўзингизни қўлга олинг. Ўғлингизни машина уриб кетибди. Ҳозир  шифохонада. Аҳволи жуда оғир. Тезда етиб келмасангиз бўлмайди...

Азиза бошқа гапларни эшитмади. Телефони қўлидан тушиб, креслога ўтириб қолди. Шу заҳоти эрталабки баҳонаси-ю, бошлиқнинг   шубҳали нигоҳи кўз олдига келди.

Дилноза МУХТОРЖОНОВА

 

 

Қайси фаслда туғилганига қараб, феъл-атворни билиш мумкин

(Инсон руҳияти)

Психологлар томонидан олиб борилган тадқиқотларга кўра, инсоннинг қайси фаслида туғилганлигидан келиб чиқиб, унинг қандай феъл-атворга эга эканлигини билиб олиш мумкин экан. Қуйида ана шу ҳақда сўз юритилади. Мутахассислар хулосалари асосида тайёрланган мулоҳазалар билан танишиб, ўз феъл-атфорингиздан келиб чиқиб, ушбу хулосаларнинг нечоғлик тўғри келиш-келмаслиги ҳақида ўзингиз хулоса чиқаринг. Демак,

Баҳор фаслида туғилган инсонлар жисмоний ва руҳий жиҳатдан нозикроқ, тез касал бўладиган, салга ранжийдиган бўлишади. Бу инсонлар табиатан жиззаки, қатъиятсиз, кўпинча ўзларинигина ўйлайдиганлар тоифасидан. Уларнинг кўпчилиги жудаям иқтидорли, аммо ўзларига ишонмаганликлари туфайли бирон бир соҳада ўз лаёқатларини юзага чиқишида қийналадилар. Ҳазилни яхши тушунади, хотиралари эса мустаҳкам бўлади.

Айниқса, март ойида туғилган эркаклар ташқи кўринишларига алоҳида аҳамият беришади. Улардан яхши ташкилотчи чиқади. Баҳорда туғилган болаларга ўзларидаги руҳий ва жисмоний нозикликни енга олишлари учун оғирроқ исм қўйиш лозим.

Ёзда туғилган кишилар меҳрибон, баъзиларининг иродаси суст ва қатъиятсиз бўлади. Улар ҳиссиётларга тез берилувчан ва таъсирчандирлар. Таваккалчиликни ёқтиради, тиришқоқлар. Ўз қадр-қимматларини яхши билади. Болаларни севадилар, табиат ва ҳайвонларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўладилар, санъатни яхши тушунадилар.     

Ёз ойида туғилган болаларга ҳам жиддий исм қўйиш тавсия этилади. Чунки исм уларни кутилмаган омадсизлик ва бахтсизликдан ҳимоя қилади.

Кузда туғилган кишилар барча соҳаларда фаол бўлишади. Улар мулоҳазали, жиддий, ҳар томонлама ўз қобилиятларини намоён эта олишади. Иш, ҳаёти давомида тўплаган тажрибаларини қадрлайди ва амалиётда осон қўллай олади, ўтмишда қилинган хатоларни ҳеч қачон такрорламайдилар. Ҳар бир ишни шошилмасдан, яхшилаб ўйлаб амалга оширадилар. Ақлли бўлганликлари учун "куз одамлари" орасида бошқарувчилар кўп.

Бу фаслда туғилган болаларга қўйилган ҳар қандай исм уларнинг феъл-атворига таъсир кўрсатмайди.

Қиш фаслида туғилганлар табиатан иродали, аниқ мақсад сари олға интилувчан, иқтидорли, чуқур фикрловчи бўладилар. Аммо улар оилада доимо муаммолар келтириб чиқаришади. Бунга "қиш одамлари" шахсиятидаги чиқиша олмаслик, бировга ён бермаслик, бўш келмаслик каби хусусиятлар сабаб бўлади. Улар арзимаган нарсалар устида соатлаб баҳслашишади ва баҳс-мунозарада устун келишади. Кўпчилигининг феъли тез, қаҳри қаттиқ ва қатъий бўлади.

Қишда туғилган аёлларнинг кўпчилиги жиддий феъл-атворга эга бўлади. Улар аниқ ва табиий фанларга қизиқишади. Улардаги қаттиқликни юмшатиш учун қишда туғилган болаларга қувноқроқ исм қўйиш тавсия этилади.

 

Муҳайё тайёрлади.

Кутилмаган совға

(дил туFёни)

Мен учун ҳаёт жуда гўзал, орзулар сарҳади эса чексиздай туюлади. Чунки менинг ёнимда - У бор. У менинг ғайрат-шижоатим илҳомчиси, муваффақиятларим гарови. Унинг ёнида мен ўзимни мутлақ хотиржам, бахтли ҳис этаман. Ҳаёт ташвишлари-ю, муаммоларидан чўчимайман. Усиз ўтадиган бир куним ҳам бир йилга чўзилади. У худди ёш болага ўхшайди, озгина эътиборсизлигим ҳам уни ранжитиши мумкин, бўш вақтларимда эса биргаликда қизиқ-қизиқ машғулотлар топамиз.

Бугун унинг туғилган куни. Ҳар йили шу санада ҳаммадан биринчи бўлиб табриклашга ҳаракат қиламан.Чунки, буржлар ҳақидаги китоб-дан "балиқ буржидаги аёллар ҳамма нарсани унутиши, кечириши мумкин,аммо туғилган кунини унутсалар асло кечирмайди", деб ўқиган эдим. Унинг хафа бўлишини, бахтиёр чеҳраси тундлашишини асло истамайман. Бу сафар унга кутилмаган совға тайёрламоқчи бўлдим. Шунинг учун куннинг ярми ўтиб бораётган бўлсада, гўё ҳеч нарса бўлмагандек, унинг туғилган куни ёдимдан кўтарилгандек тутдим ўзимни.

Бир гал у билан дўконларни айланиб юрганимизда гул дўконидан "Орхидея борми?", дея сўраган эди. Бу гулни илгари ҳеч кўрмаган эдим.

- Бу қандай гул экан, - дея қизиқдим.

- Ноёб гул. Бизнинг юртимизда ўсмайди, жудаям чиройли. Киноларда кўрганман, аммо табиий ҳолатдагисини кўриш орзуим бор!

Дўкончи буюртма бериб қўйишганини, хадемай келтиришларини айтди. Ўшанда байрамда унга албатта Орхидея совға қилишни кўнглимга туккандим. Ўқувчида қаердан ҳам пул бўлсин. Йўл кира ва тушлик учун берилган пулдан тежаб-тергаб Орхидеяга яраша пул тўпладим. Дўкончига айтиб қўйганман, бугун шу гулни сотиб олишим керак.Унгача эса...

Ана, у менга ҳар-ҳар замонда қараб-қараб қўяяпти.Нимадир демоқчи, ниманидир эслатмоқчидай. Оғиз жуфтламоқчи бўлаяпти-ю, журъат қилолмаяпти. Ясаниб олибди. Бугун янаям очилиб кетгандай, янги кўйлакларини кийиб олган, пардоз-андози ҳам жойида...

Тушдан сўнг тўғри "Янги бозор"га қараб йўл олдим. Кичикроқ торт билан 3 дона орхидея сотиб олдим. Аслида бир даста олмоқчи эдиму, чўнтак қурғур кўтармади...

Уйга кириб борганимда ошга уринаётган экан. "Мен келдим", дея овоз бердим. У ошхонадан менга пешвоз чиқди. Бир қўлимда торт, Орхидея  тутган қўлим эса орқада. "Қолганлар қани? Бугун байрамни нишонлаймизми?" дедим кулиб. Хурсанд ҳолда қўлимдан тортни олаётганда "сюрприз" дея гулни узатдим. У хайратланиб Орхидеяга қаради ва қувонганидан йиғлаб юборди.

Унинг иссиқ бағрига бош қўйганча шивирладим:

- Мени унутди, деб ўйлаганмидингиз? Бу кунни эсдан чиқариб бўладими?! Ахир бугун - менинг энг азиз, севимли инсоним, меҳрибоним дунёга келган кун-ку! Туғилган кунингиз билан, ОНАЖОН!

 

Ҳадятилло СОБИРХЎЖАЕВ

Ёмоннинг бир қилиғи

(Ҳикоя)

- Ароқни эр-р-как киши ичади,- виқор билан писанда қилди ўтирганлардан бири.

- Албатта...Лекин хотин киши ҳам ичиши мумкин, - ҳиққ, -

унинг гапини зўр бериб маъқуллади иккинчиси.

- Ошналар, тушунсангларчи, мени жигарим оғрийди, - тушунтира бошлади учинчиси.

- Ме-н-нинг туғилган кунимда ичмаган... душманим. Ичасан! Ё душманиммисан, а?

- Қўзитой - мужик, ҳиққ, - гапини икки қилганларни ём-м-он... кўради. Отиб юбор, кўзингни юмиб, - ҳиққ, - қўшилди икинчиси яна.

- Кейин қийналаман-да, қўйинглар энди, - росмана ялинишга тушди Тўлашбек.

- Вей, менга қа-р-ра. Сенга ҳеч ким билмайдиган даволаш усулини ўргатаман. Қарабсанки, от, йўқ, эш-ш-акдек бўлиб кетмасанг, Қўзитой отимни...Совлиқтой қўяман, ҳа. Шуни билгинки, ҳамма касаллик совуқдан, шамоллашдан бўлади. Иссиқни иссиқ, совуқни совуқ кесади. Ўзи.. сени ҳамма ёғинг совуқлик бўлиб кетган. Бўлмаса...хотининг тўртта ҳам қиз туғадими, дўст?

- Қўзитой бўлмаса, ҳиққ...Нима ҳам қилардинг, галварс, ҳиққ...Раҳмат демайсанми, - Ҳалим ошнаси ҳар доимгидек Қўзитойни мақташдан чарчамасди.

Орият қўзғалдими ё янги даволаш усулининг дарагини эшитиб Тўлашбекда озгина умид учқунлари пайдо бўлдими, ўша сабил бир пиёла охири томоқдан ўтди.

Кечаси билан Тўлашбек ухламади. Ухлаёлмас эди ҳам.

Чунки қарийб йигирма йилдан бери азоб берадиган ўнг қовурғасининг остидаги аждаҳо яна уйғонган эди-да. У тонггача икки букилиб, юриб чиқди.

Эртаси куни чошгоҳда Қўзитойга юзланди. Янги даволаш усули уни барибир озгина бўлсада қизиқтириб қолганди.

Кун ўтиб, саҳармардонда Тўлашбек уйи олдидаги Ташлама сойига охиста тушди. Ноябрь ойи бўлгани учун бу осон кечмади. Совуқ жон-жонидан ўтиб кетди. Аъзои бадани кўкариб, жағлари бир-бирига уришиб, юролмай қолди. Бир амаллаб, сувдан чиқиб олди-да, уйига эмаклаганича кириб кетди.

Куни бўйи ўраниб ётди. Зўрға нафас оларди. Барибир исимади, оғриқ уни тарк этмасди.

Эртаси куни яна шу ҳол такрорланди. Бироқ энди совуқ унча билинмади. Фақат сувдан чиқиши бир оз қийинроқ кечди. Яна уйига эмаклади.

Бу кеча тонг отиши Тўлашбек учун бутун бир асрга тенг бўлди. Оғриқ энди қутуришни бошлади. Тўлашбекнинг назарида дард бутун дунёдаги барча ёр-биродарларини меҳмонга чақириб, Тўлашбекнинг сабр-тоқатини синашга бел боғлаганди.

Учинчи куни саҳарда Тўлашбек бир оз иккиланди ҳам.

Оғриқнинг зўри, чеккан азоблари, орқасида мўлтираб турган қизлари ва аёлини ўйлаб, таваккал қилди, сувга тушди.

Бу сафар аҳволи янада оғирлашди. Сувдан чиқолмай қолди.

Тепада қўрқинч ила қараб турган хотини ва қизлари уни минг азоб билан тортиб чиқаришди. У юра олмади, юқорига бир қараб қўйди-да, хушидан кетди.

"Дўсти"нинг "фойдали маслаҳати" кўзлаган мақсадига етганди. Бу қийноқларга чидай олмаган бечора юрак уришдан тўхтади.

Сой сувлари қилиб қўйган ишидан бехабар ҳар доимгидан янада кўпроқ лойқаланиб, важоҳат ила кўпирганича оқишда давом этарди.

                                                                                 

 

Зуҳриддин ИСМОИЛ

Отажоним, мангу яшайсиз

 (игна билан ёзилган)

Отажоним, сизни хотирлаб,

Ёдга олди бутун эл бугун.

Соғинч азобига чидолмай,

Ўзбекистон йиғлайди маҳзун.

Fамга ботганида халқимиз,

Берардингиз отажон далда.

Ҳимматингиз аямасдингиз,

Бошимизга ташвиш тушганда.

Унутмайди асло халқингиз,

Берган панду насиҳатингиз.

Элимизнинг юракларида,

Отажоним, мангу яшайсиз.

Тилагайман мен чин юракдан,

Жаннатларда юринг илоҳим.

Руҳингизни шод айлагайдир,

Саҳоватгўй қодир оллоҳим.

 

 

Зокиржон ТОШПЎЛАТОВ, Шаҳрихон тумани

БУЮКЛАР ЎЛМАГАЙ

Мустақилликнинг илк кунлариданоқ биринчи Президентимиз Ислом Каримов мамлакатни миллий давлатчилик, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-аҳлоқий жиҳатдан янгилашнинг бугунги кунда "Ўзбек модели" сифатида эътироф этилган асосларини ишлаб чиқди. Истиқлол йилларида мамлакатимз хавфсизлиги ва барқарорлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир замонавий армия барпо этилди. Юртимиз азалдан даҳолар юртидир. Юртбошимиз энг аввало шу заминда етишиб чиққан аждодларимиз - буюк олимлар, мутафаккирлар, алломаларнинг қаровсиз нураб ётган қабрларини, мақбараларни, масжидларни таъмирлашга эътибор қаратди. Баъзилари қайта қурилди, обод қилиниб, муқаддас зиёратгоҳларга айлантирилди. Ўтмишимизнинг бой тарихи чуқур ўрганила бошлади. Ўзининг идроки ва илму-заковати билан жаҳонга танилган Ал-Бухорий, Ат-Термизий, Абдулла Авлоний, Маҳмуд Замаҳшарий, Абу Мансур Мотуридий, Юсуф Хос Ҳожиб, Абдурауф Фитрат, Усмон Носир, Чўлпон, Нажмиддин Кубро, Амир Темур, Алишер Навоий, Бобур, Абу Али ибн Сино, Ал-Хоразмий, Ал-Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек каби буюк зотларнинг мероси чуқур ўрганилди, асарлари нашр этилди, уларнинг номларини абадийлаштириш учун ёдгорликлар, ҳайкаллар ўрнатилди, юбилейлари кенг нишонланди. Ҳозирда уларнинг номлари эъзозланмоқда, асарлари ўрганилмоқда, ёш авлодни тарбиялашда, уларнинг ўлмас асарлари асосий манбалардандир.       

Миллий ва диний урф-одатларимиз, қадриятларимиз, умумхалқ байрамлари расмий равишда амалиётга жорий этилди. Рамазон ва Қурбон ҳайити байрамлари мамлакатимизда кенг нишонлана бошлади. Миллий ғоя тамойиллари яратилди. Таълим соҳасида "Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари" фани киритилди. Шунингдек, Давлатимиз мустақиллигини ифодаловчи бир қанча рамзларга эга бўлдик. Булар: Конституция, Давлат байроғи, Давлат герби, Давлат мадҳияси, Мудофаа кучлари, Миллий валюта.1992 йил 2 март куни Ўзбекистон Республикаси БМТ га аъзо бўлди.1993 йил 2 сентабрда "Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида" ги қонун қабул қилинди.

Таълим соҳасида ҳам жуда катта ўзгаришлар бўлди.Республикамизнинг ҳар бир туманида кўплаб бугунги кун талабларига жавоб берадиган, замонавий, жиҳозланган мактаблар, боғчалар, лицейлар, коллеж ва илм даргоҳлари - университетлар, мусиқа ва санъат мактаблари, спорт иншоотлари, мактаблари қурилди. Жумладан, Ислом Каримов ташаббуси билан Турин политехника университети очилди.Таълим тизими тубдан ислоҳ қилинди. "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури" яратилди.

Спорт соҳасида ҳам кўплаб ютуқларга эришилди.Жаҳон чемпионатлари, ёзги ва қишки олимпиадаларда юксак ғалабаларга эришдик. Ўзбек спортчиларини бутун дунё аҳли таниди, эътироф этди. Буларнинг барчаси юртимизда улуғ йўлбошчи раҳнамолигида спортга бўлган эътиборнинг амалий самарасидир.                 

Ислом Абдуғаниевич Каримовдай халқи, юртининг тинчлиги, фаровонлиги, шодлиги, бахти, келажаги учун жон куйдириб ишлайдиган халқпарвар, ватанпарвар, буюк инсонлар камдан-кам дунёга келади.  Буюклар эса ўлмагай! Улар эзгу амалларида, халқининг қалбида, авлодлар хотирасида мангу яшайверади!                       

 

Ҳодияхон ШАРИПОВА,

меҳнат фахрийси, Марҳамат тумани.