+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Дангасалигингизни биласизми?

Психологик тест

Ўзингизнинг нечоғлик ҳаракатчан ёки дангаса эканлигингизни қуйидаги тест ёрдамида билиб олишингиз мумкин. Ҳар бир "Ҳа" жавоб учун 1 балл, "Йўқ" жавоб учун 0 балл қўйинг.

1. Агар уйда мендан бўлак яна кимдир бўлса, жиринглаётган телефон гўшагини кўтармайман. Бошқалар шу ишни қилишини кутаман. Башарти ёлғиз бўлсам, ўн-ўн беш бор жирингламагунча гўшакка яқинлашмайман.

2. Тез-тез ишга кечикаман. Чунки, уйқудан бош кўтаргим келмайди.

3. Доимо пиёда юрмасликка уринаман.

4. Югурмайман, пиёда юрмайман, велосипедда учмайман, спорт билан шуғулланмайман.

5. Телевизорни ҳам ётиб томоша қиламан ва шундай ҳолда китоб ўқийман.

6. Кунига икки соат вақтимни ишламасдан, ширин орзулар билан ўтказишга бағишлайман.

7. Ишдан сўнг қўшимча машғулотлар билан машғул бўлишга тоқатим йўқ.

8. Агар яқин атрофда ахлат идиши бўлмаса, қўлимдаги ахлатни дуч келган жойга ташлаб кетадиган одатим бор.

9. Каравотим остини ёки диван остиларини ҳеч қачон супурмайман.

10. Агар ким биландир бирор бир иш қилаётган бўлсам, шеригимнинг кўпроқ ишлашини истайман.

 

НАТИЖАЛАР:

8 дан 10 баллгача. Дунёда сизчалик дангаса инсон бўлмаса керак. Атрофингиздагилар ҳам бунга кўникиб қолишган. Бу одат сизга ишда жуда кўп халал беради. Иложи борича тузалишга интилинг.

4 дан 7 баллгача. Бошқаларда бўлгани каби сизда ҳам дангасаликка мойиллик йўқ эмас. Фақат сиз чегарани биласиз холос.

0 дан 3 баллгача. Сизда дангасаликдан асар ҳам йўқ. Йўқ, сиз гоҳида ишламасдан ўзингизга бироз дам беринг. Бу саломатлик учун ҳам фойдали.

 

 

МУАЗЗАМ тайёрлади.

ИШХОНАДА ҚАЧОН ҚАТЪИЯН "ЙЎҚ" ДЕЙИШ КЕРАК?

Инсон руҳияти

Руҳшуносларнинг таъкидлашларича, "Йўқ" дея олиш ҳам кишини баъзи нохушликлардан асровчи ўзига хос қобилиятдир. Шундай ҳолатлар бўладики, "йўқ" дея олиш зарур бўлади. Қуйида мутахассислар томонидан ўтказилган қатор тадқиқотлардан келиб чиқиб, ишхонангизда қайси вазиятларда "йўқ" дейиш лозимлиги ҳақидаги тавсиялар билан танишиб ўтамиз.

Агар қуйидаги маслаҳатларга амал қилсангиз, ишонамизки, ижобий фаолият юритишингизга ёрдам беради.

Шикоят қилишга "йўқ". Ҳамкасбингиз Шоирани мақташди, у билан бир хил натижага эришган бўлсангиз ҳам сизга эътибор беришмади. Жамоадошингиз Сайёранинг лавозими кўтарилди, аммо сиз ундан ёмон ишламасангиз-да, ўрнингизда қолдингиз. Ҳамкасбингиз Лола доим ишдан эртароқ кетади, маошни эса сиз билан бир хил олади.

Ҳеч қачон ҳамкасбларингиз устидан шикоят ёки эътироз билдирманг. Биринчидан, ёдда тутинг, шикоят қилиш ожиз одамларга хос. Иккинчидан, ҳеч қачон ўзгаларнинг ҳаётини тўлалигича била олмайсиз. Балки ҳамкасбингиз Лоланинг фарзанди касалдир, эҳтимол Шоира жамоага ошкор қилинмаган муҳим лойиҳа устида ишлаётгандир.

Бефойда ва ўринсиз шикоятлар ўрнига қуйидагиларга амал қилинг: ўз вазифангизни янада яхшироқ бажаринг, шунчаки ойлик учун эмас, касбингизни севганингиз учун ишлаётганингизни кўрсатинг. Бунинг мукофотини, албатта оласиз. Билингки, қачондир сидқи-дилдан бажараётган ишларингиз, самарали меҳнатингиз эътироф этилади.

Ўз масъулиятини сизга юкламоқчи бўлган ҳамкасбларга "йўқ". Йўқ, биз ёрдам сўраган ҳамкасбларингизга рад жавобини беришингиз керак демоқчи эмасмиз. Сиз ҳақиқатан ёрдамга муҳтож ҳамкасбларингизга ёрдам беришингиз шарт, лекин ўзи бажариши лозим бўлган ишни сизга юкламоқчи бўлганларга қатъиян "йўқ" дейишингиз керак.

Бошқаларга "ҳа" деган пайтда ўзингизга "йўқ" демаётганингизга ишонч ҳосил қилинг.

Ҳеч кимга ўз ишини сизга юклаб қўйишга йўл қўйманг. Бировлар сизга вазифа юкламаслиги учун сиз, албатта, ўз ишини яхши биладиган, ишхонадаги тартиб-интизомга қатъий риоя қиладиган мутахассис сифатида ўз ўрнингизга эга бўлишингиз лозим. Бурч ва масъулиятингизни ҳис қилиб иш юритсангиз, ишга ўз вақтида келиб-кетсангиз, шубҳасиз, обрўингиз ортаверади.

"Ҳаракат қиламан" деган иборага "йўқ" денг. "Ҳаракат қиламан", "уриниб кўраман", "эпласам керак" - бу иборалар керакли жойда қўлланса, ҳечқиси йўқ, лекин бу сизнинг ўз кучингиз ва имкониятларингизга ишончингиз йўқлигини кўрсатади.

Агар сиз ўзингизга ишонмасангиз, бошқалар сизга қандай ишонишсин?

Ўзига ишонмаган одамни атрофдагилар ҳурмат қилишмайди. Шундай экан, бу ибораларни унутинг. Бирор нарсага ишончингиз комил бўлмаса ҳам қатъийлик билан гапиринг.

Ишхона мулкидан ўз мақсадлари учун фойдаланишга "йўқ". Ишхонадаги принтердан фойдалангингиз, бир-иккита ручка ёки блокнотни уйга олиб кетгингиз келади. Лекин унутманг, бунинг учун сўкиш эшитишингиз, ҳаттоки ишдан бўшатилишингиз ҳам мумкин. Арзимаган майда-чуйдани деб ўз обрўингизни тўкишингиз яхши эмас. Ишдан ҳайдалишни ҳеч ким истамаса керак.

Ёлғонга гапиришга "йўқ". Ишга ярим соат эртароқ келишга ваъда берганмидингиз? Ярим соат эртароқ келинг. Ҳамкасбингизнинг ишига ёрдамлашишга ваъда берганмидингиз? Ваъдангизни бажаринг, албатта, ёрдам беринг.

Ҳамма алдайди. Кимдир кўпроқ, кимдир озроқ. Бундан қутулишнинг иложи йўқ. Лекин унутманг, ишхонада фақат ўзингиз учунгина жавоб бермайсиз, ёлғонингиз ҳамкасбингизга ҳам зиён келтириши мумкин. Бирор нарсани қила олишга имкониятингиз етмаса, ростини айтинг.

Арзимаган сабаб туфайли ишга кеч қолманг ёки "прогуль" қилманг. Агар шунга мажбур бўладиган ҳолат бўлса, албатта, раҳбариятни огоҳлантиринг. Шунда сизга бўлган ишонч ва ҳурмат янада ортади.

Зарурат юзасидан ишдан кейин ишлаш зарурлигини айтишса "йўқ" деманг. Бирор топшириқни тугатишга улгурмасдан, ишдан кейин ҳам у билан шуғулланиш ёки кеч бўлганда бирор йиғилишга боришингиз кераклигини айтишганда, қатъий эътироз билдирманг. Бундай ҳолат бир ойда бир ёки икки марта бўлиши мумкин. Бу ўринда топшириққа қандай ёндошиш сизнинг ишга бўлган муносабатингиз ва муҳаббатингизни кўрсатади.

Агарда ҳақиқатан ҳам зарур ишингиз кўп бўлиб, уни бажаришга улгура олмаётган бўлсангиз, унда бошлиғингиз билан гаплашинг. У сизни тушунади.

Агар зиммангиздаги вазифаларни бажаришга мунтазам қийналаётган бўлсангиз, ёки фақат ҳақингизни талаб қилиб, бурчингизга юзаки ёндашаётган бўлсангиз, соғлигингиз ва ҳурматингизни асраш учун бошқа иш топганингиз маъқул.

Чўчишга "йўқ". Ишга яқинда кирган бўлсангиз ҳам ўз фикрингизни очиқ айтишдан ёки мунозараларда қатнашишдан чўчиманг. Ўз фикрига эга инсон ҳурматга лойиқ, фикрини айтишдан чўчимайдиган инсон эса икки марта кўпроқ ҳурматга лойиқ.

Муносабатларни бутунлай узишга "йўқ". Тасаввур қилайлик: ишхонангиздан зада бўлдингиз ва у ердан кетяпсиз. Яна икки ҳафтадан сўнг бу ердан қутулишингизни билиб ўзингизни эркин қушдек ҳис қиляпсиз ва ҳамкасбларингизга қўпол муомалада бўлишни бошладингиз, бекорчиликдан турли баҳс-лашувларни келтириб чиқаряпсиз ёки бирор йўл билан атрофингиздагилар билан муносабатингизни ёмонлаштиряпсиз. "Нимадан қўрқаман? Тез орада бу ердан кетаман-ку", деяпсиз ичингизда.

Унутманг, ер думалоқ. Муносабатлар муҳим, сиз бир пайтлар "энди қайтиб кўрмайман" деган одам билан вақти келиб яна учрашиб қолишингиз мумкин. Шу боис бу борада узоқни кўзлаб иш тутиш ўринлидир.

 

Тайёрловчи: Феруза ҳОЖИМАТОВА.

ТО ОТАНГ РОЗИ ЭМАС, ТАВБАНГ ҚАБУЛ БЎЛМАС...

Ҳаёт - ибрат мактаби

Ёшларнинг феъл-атворидаги қусурлар, енгил ҳаётга ўчлик, оқибатсизликлар ҳақида гап кетса, дарровгина, "ҳамма гап тарбия-да, ҳозирги ота-оналар тарбияга бефарқ бўлиб қолган", деб қўя қоламиз. Қайсидир маънода бу фикр ҳам тўғридир. Аммо, бу кескин мушоҳада бир томонлама қараш эмасмикин?

Маҳалламизда ёши улуғ отахон яшарди. Кексайиб, илкидан қувват кетгунича уста-дурадгорлик қилиб, элнинг корига яради. Тўрт ўғил, беш қизни вояга етказиб, уйли-жойли қилди. Аммо...

Гап шундаки, ота қазосидан аввал бироз муддат бемор бўлиб ётди. Боши ёстиққа тегиб, бир қошиқ овқат, бир қултум сувга муҳтож бўлганида фарзандларнинг ҳеч бири жонга оро кирмади. Қизлар бировнинг хасми, турмуш ўртоғи, қайнона-қайнотасининг измидан ўтолмади, десак, ўғилларга-чи, ўғилларга нима бўлган?! Аччиқ ва очиқ саволга  элнинг ўзи жавоб топди: "Худодан   қайтди устага" - деди одамлар, - у ҳам бир пайтлар  хотинининг измидан чиқолмай, мункиллаб қолган отасининг корига ярамаган эди. Бир кун келиб унинг ўғиллари ҳам шу кўргуликка гирифтор бўлади!" Ана шунақа, халқнинг гапи ҳақ, ҳақники аччиқ бўларкан.

Ҳар бир ўғил-қиз ота-онаси олдидаги қарзи, фарзандлик бурчини нега чиройли адо этмайди? Бизни бор қилган, яхши яшаб, элдан кам бўлмаслигимизни истаб, роҳатидан кечган инсонлар хизматини қилиш бизга - фарзандларга малол келмаслиги керак...

Бир пайтлари обрўли амалдорлардан бўлган отахон ўзи яшаб турган уйи-ни қўшнисига хатлаб бергани ҳақида эшитиб ҳайратим ошди:

- Отанинг ўғил-қизлари, неваралари бор эди, шекилли? - суҳбатдошимга тикилдим.

- Ҳа, икки ўғил, бир қизи бор. Ўғиллари эътиборли кишилар, кўпчиликнинг даврасида юради. Қизлариям ўқитувчи. Саккиз невараси бор.

- Унда нимага уйини қўшнисига...- чайналаман…

- Э сўраманг, - суҳбатдошим қўл силтайди. - Аёли вафот этгач, ота хор бўлди. Аввалига қизи келиб, кир-чири, ош-овқатига қараб юрди, лекин унинг ҳам рўзғори, бола-чақаси бор. Уйи ота ҳовлисидан анча олисда бўлса. Ўғиллар эртадан кечгача ишда, келинлар бир пиёла иссиқ чой тутиб қайнотани йўқламайди. Отахонни қўни-қўшни, савобталаб инсонлар ёши ўтган бир аёлга уйлаб қўйишди. Ўғиллари билан келинлар ўша кампирнинг ҳам бошига кўп кўргуликларни солди. Охири ота, "менинг тинчлигимни бузадиган сизлардай фарзандим йўқ. Энди остона хатлаб уйимга қадам босманглар. Ўлсам ўлигим кўчада қолмас", деб, ўғилларидан қаттиқ ранжиган. Қаричилик, касал бўлиб ётиб қолганларида, фарзандлари хабар олмади ҳам. Бола ўз отасидан ҳам хафа бўларканми?! Икки кун шу алфозда ётгач, оғирлашиб қолганидан хабар топган қўшнилари дарҳол отахонни касалхонага ётқизибди. Тузалиб оёққа турганларича, эр-хотин икковлари отадан бохабар бўлиб туришибди. Энг ачинарлиси, оталари йигирма кун касалхонада ётгану ўғиллар бир маротаба ҳам йўқлашмаган. Касалхонадан уйга  қайтган отахон қўшниларини чақириб, ўзи яшаб турган ҳовлини бутунлай уларга хатлаб берибди. Ҳозир ҳам ўша қўшнилари чол-кампирнинг иссиқ-совуғидан хабар олиб туришади.  Фарзанд, бола деб, улар оч қолмасин, юпун юрмасин, товонига ниш кирмасин, озор топмасин, дея яшаган отахоннинг олган мукофоти шу бўлди...

Юрагимнинг туб-тубида дард симиллайди. Бола-ларининг оқибатсизлигини тарбияга тўнкайверамиз, ахир энг ёвуз кимсалар ҳам боласига "меҳрсиз, оқибатсиз, тошбағир бўл" демайди-ку...

Майли, Худо хайрини берсин фарзандларимизни. Омон бўлишсин. Орқамизда қолишсин. Бобораҳим Машрабнинг қуйидаги мисраларини ўқиб, уқиб олайлик:

 

Эй кўзимнинг шаъми-ю ҳам нури дийдам равшани,

Одамий имонга етмай ҳеч вақт бўлмас ғани.

Мардумозори қилиб, бўлма Худонинг душмани,

Осмонга етса бошинг қилмагил моумани,

То отанг рози эмас тавбанг қабул бўлмас сани...

 

Азиз юртдош! Агар ота-онангиз ҳаёт бўлса, уларнинг ҳузурларига чопинг, дунё ва охират розилигини истаб, хоки пойларига юзингизни суртинг.    Билингки, камолингиз, эл-юрт орасида савлат тўкиб юрганингиз уларнинг заҳматли меҳнатлари, сизга кўрсатган меҳри маҳсулидир. Уларни рози қилинг, шунда Сиздан эл-юрт, Аллоҳ рози бўлади.

 

 

Умида АДИЗОВА

Яхшиям сиз борсиз...

Кечинма

Кўнглимнинг султони, инсонлар ичида энг меҳрибони ўзингизсиз. Жамики гўзаллик фақат ва фақат сизнинг қалбингизга жойлашган гўё. Сиз сабрдан бунёд бўлгансиз. Қанийди менда сиздаги сабрнинг ҳеч йўқ бир тутами бўлса.

Гоҳ тақдирнинг, гоҳ ҳаётнинг синовлари олдида бошим эгик. Севги кўчаларида соғинчларга дуч келаман, гоҳи дўстларимнинг дилозорликларидан ранжийман. Катта шаҳарнинг катта ташвишларидан қочиб, совуқ кимсаларнинг совуқ нигоҳларидан чарчаб, меҳрингизга муштоқ бўлиб дийдорингизга ошиқаман. Меҳрингиз сувларидан қониб ичгани, сабрингиздан андоза олгани бораман. Бағрингизга бош қўйиб барини унутаман. Шундай лаҳзада қалбимдаги бор ҳасратларим капалакдек ҳавога учиб кетади. Бошимни силайсиз, юз-кўзларимдан ўпиб, қўлларимдан тутиб, нигоҳингиз менга қадалади. Биласиз, сизни қаттиқ соғинганман. Шунда бағрингизга маҳкам босасиз. Қайноқ бағрингизда эриб, сиздан, сабрингиздан куч оламан меҳридарёйим. Яхшиям, сиз борсиз, онажон!

 

Хуршида АЪЗАМЖОНОВА

ИБРАТЛИ ҲИКОЯТ

Кўрпангга қараб оёқ узат!

Бургут баланд бир дарахтда шунчаки дам олиб ўтирган эди. Унинг бу ўтиришини кўриб қолган қуёнча бургутдан сўради:

-  Худди сендек ҳеч нарса қилмай, бамайлихотир ўтиришим мумкинми?

-  Албатта, мумкин, нимага йўқ экан, - деди бургут.

Қуёнча дарахтнинг тагига ўтириб дам олишни бошлади. Шунда қаердандир тулки пайдо бўлди-ю, уни ушлаб, еб қўйди.

Қиссадан ҳисса: Агар сен ҳеч иш қилмасдан бемалол ва хотиржам бўлишни хоҳласанг, жуда-жуда юқорида ўтиришинг керак. Кўрпангга қараб оёқ узат!                                          

     Пулнинг қадри

      Кунларнинг бирида киракашга шаҳардаги машҳур миллионерлардан бирини қаергадир олиб боришга тўғри келди. Ҳалиги миллионер машинадаги ҳисоб-китоб ускунасига қараб оз ҳам эмас, кўп ҳам эмас, аниқ кўрсатилган қийматга яраша ҳақ тўлади.

     Шунда киракаш сўради:

- Кеча ўғлингизни олиб келиб қўйгандим. У менга чойчақа сифатида 100 доллар берганди. Сиз бўлсангиз тийин-тийингача ҳисоб-китоб қилиб ўтирибсиз.

-  Нима ҳам дея олишим мумкин. Ўғлимнинг миллионер отаси бор, мен эса етимман.

     Қиссадан ҳисса: Пешона тери билан меҳнат қилган одамгина пулнинг қадрини билади.

 

Моҳидил тайёрлади.

 

Бахиллик яхшилик келтирмайди

Инсоннинг қалб касалликларидан бири - бу бахилликдир. Энг ёмон хулқлардан саналган бахиллик шариат истилоҳида бериш лозим бўлган нафақани бермасликдир.

Уламоларнинг айтишича, бахиллик икки турга бўлинади: бири ўзида бор бўлган нарсага бахиллик қилиш, иккинчиси ўзгада бор нарсага бахиллик қилиш. Бахилликнинг энг ёмони кишини ўзига ўзи бахиллик қилишидир. Бундай иллат билан хасталанган кишилар, нафақат, ўзига, балки ўзга инсонларга, жамиятга ҳам зарар етказади.

Ислом таълимотига кўра, инсоннинг қўлидаги мол унга Аллоҳ ўз фазлидан берган омонатдир. Шунинг учун ҳар қандай орттирилган бойлик ва молни Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлаш керак. Аммо бахиллик қилиб, уни ҳеч бир нарсага    сарфламай тўпласа, охир-оқибат яхшиликка олиб келмайди. Мол-давлат ортгани сайин у керакли жойга ёки муҳтож кишига сарфланмас экан, гуноҳлар ортиб бораверади.

Бухорий ривоят қилади: Пайғамбаримиз (с.а.в): "Аллоҳ кимга мол берса-ю, у закотини бермаса, қиёмат куни мол унга икки каллали улкан илон бўлиб кўринади ва бўйнига ўралади сўнгра икки чаккасидан тишлаб туриб мен молингман мен сен тўплаган хазинангман дейди", дедилар. Сўнг яна: "Аллоҳ ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қилганлар ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар", деб айтдилар.

Ривоят қилинишича, бир куни араб аёлларидан бири Оиша (р.а) онамиз ҳузурига келди. Унинг бир қўли шол бўлиб қолган эди. Оиша онамиз қўли нима сабабдан шол бўлиб қолганлигини сўради. Аёл жавоб берди: "Кундуз ухлаб ётиб туш кўргандим. Унда гўё қиёмат куни экан, ўртага мезон тарозуси қўйилган. Халқ бир ерга жамланган бўлиб, улар савол-жавоб қилинмоқда эди. Яна бир тўда одамлар зулматда, яна бошқа тўда одамлар нур билан чўмилган. Баъзилар қаттиқ азобланмоқдалар, яна бир хилгилари роҳатда эмиш. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳавзи кавсар ёнида сув билан косаларни тўлдириб, қақраб қолган мўминларга улашмоқда. Сўнг тўсатдан онам жаҳаннамда ки-йимсиз, чанқоқ ҳолатда туриб дод-фарёд қилаётганини кўрдим. Бу ҳолга ҳеч ким парво қилмас эди. Шу пайт отам ҳам қўлларида коса, одамларга сув улашиб юрибди. Мен: Эй, ота онамга қўлингиздаги сувдан беринг, дедим. Отам: сен билмасмидинг, онанг бахил аёл эди. Умрида бир маротаба ҳам фақирларга садақа бермаган, оч, муҳтож кишиларга ёрдам қўлини чўзмаган. Энди онанг қисматида бу шаробдан насиба йўқ, деб жавоб бердилар. Онамга раҳмим келиб, отам қўлидан косани тортиб олдим ва онамга сув олиб бориб ичирдим. Сўнгра менга хитоб келди. Эшитдимки, "ким бахилнинг  чанқоғини қондирса, қўли шол бўлиб қолади". Қўрқиб уйғониб кетдим. Не кўз билан кўрайки, бир қўлим шол бўлиб қолибди", деди.

Қиссадан ҳисса шуки, бахиллик кишига бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик келтирмайди.

 

Мифтоҳиддин РОЖИДДИНОВ,

 

Андижон шаҳар, "Девонабой" жомеъ масжиди имоми.

Ота-она ибрати

Бекатда автобус кутиб  ўтирсам, бир ярим ёшлардаги қизчасининг қўлидан ушлаб олган ёш жувон билан унинг турмуш ўртоғи ёнимга келиб ўтиришди. Она қизини эркалатиб:

    - Қизим, битта "мама" деб қўйинг, қанд бераман, - деди. Шунда аёлнинг турмуш ўртоғи:

       -Ҳали тили чиқиб улгургани йўғ-у, ойи деб ўргатгин, барака топкур, - деди оғриниб.

       - Вой ҳозир ҳамма ойи эмас, мама, дада эмас, папа, папочка дейди. Қишлоқилигингизга борасиз-а? -деди киноя билан аёл. 

 Эркакнинг жаҳли чиқди-ю индамади. Унинг бўғзида "Аввал она тилини ўргансин" деган сўз қотиб турганини сезиш қийин эмасди.

       Кишининг кимлиги, қандай инсоннинг фарзанди эканлиги унинг маданиятида, сўзлашишида намоён бўлади. Наҳотки, ёш она фарзандларига "оммавий  маданият" кўринишини ўргатаётганини сезмаса? Ҳали тили чиқмаган фарзандининг ўзга тилда сўзлашишга мажбур қилаётган она эртага унинг ким бўлиши билан қизиқмаса? Донишмандлардан бири "Дунёда ота-она ибратидек таъсирли ибрат йўқ. Чунки ҳар бир бола ўз ота-онасини доимо ҳақ деб ўйлайди" деган эди.

Юртимизда ёш авлодни ҳар томонлама шакллантириш борасида кенг кўламда ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, Президентимиз келажагимиз эгаларига катта ишонч билдириб, уларнинг соғлом ва бахтиёр яшашлари учун барча шароитларни яратмоқда.  Шундай экан, ота-оналар ҳам фарзандларининг одоб-ахлоқли, юксак маънавиятли, тилимиз, миллий қадриятларимизни ҳурмат қиладиган инсонлар бўлиб камол топишларига алоҳида эътибор қаратишлари зарур.

 

 

Барно ҳАЙДАРОВА

Асрлар кўзгуси

Инсон борки, ҳамиша олам ва одамни билишга, уларга нисбатан ўз қарашларини шакллантиришга, қалби ва онгида чинакам инсоний фазилатларни улғайтиришга интилади. Бу фазилатлар инсонга асрлар оша мерос бўлиб келмоқда.

 Айни дамда кишининг ўзлигини англашида, билим ва салоҳиятининг юксалишида халқ оғзаки ижоди ҳамда миллий адабиётимизнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Айниқса, асрлар кўзгуси бўлган халқ оғзаки ижодидаги достонларга  алоҳида тўхталиш ўринли. Хусусан, "Гўрўғли"  "Равшанхон", "Рустамхон", "Кунтуғмуш", "Алпомиш" каби достонлар қадим аждодларимиз ҳаёти, яшаш тарзи, уларнинг интилишлари, ҳаётий қарашларини билишимизда жуда катта тарбиявий аҳамият касб этади.  Хусусан, "Алпомиш" достони бизга ватанпарварлик фазилатларидан сабоқ беради. Адолатли ва ҳақгўй бўлишга, жонажон юртимизни, муқаддас оила қўрғонини асраб-авайлашга, дўсту биродарларимизни, ор-номусимиз, аждодларимизнинг муқаддас мозорларини ҳар қандай тажовуздан ҳимоя қилишга ўргатади. Бу ўлмас асар халқимиз томонидан асрлар давомида яратган, ўз иймон-эътиқодидек асраб-авайлаб, бизгача етиб келиши таъминланган. Достондан қанчадан-қанча авлод-аждодларимиз тарбия олган, ўзлигини англаган, маънавий бойликка эга бўлган.

Яна кўплаб халқ оғзаки ижоди, хусусан, мумтоз адабиётимиз вакилларининг  бетакрор асарлари хусусида ҳам ана шундай фикрларни айтиш мумкин. Жумладан, мумтоз адабиётимизда ёрқин из қолдирган  Сидқий Хондайлиқий ижоди, айниқса, ҳажвий шеърлари ҳам алоҳида ўрин тутади. Масалан, "Авлиё" деб номланган ҳажвий шеърида  авлиё номи билан бева-бечораларнинг бор-бутини шилиб олаётган фирибгарларнинг асл башарасини очиб ташлайди.:

 

...Сидқиё аҳли тамаъ ваҳм аҳлидир,

Беҳаё бенангу кажфаҳм аҳлидир.

Бўлса эрди онларнинг ақли расо

Касби кор айлар эдилар Сидқиё,

Чунки ушбу беҳаёлар "Авлиё".

 

Меҳнат ҳақидаги ибратомуз ижодида ҳам замонасидаги ишёқмас, текинхўр ва тайёрхўр шайхларнинг қораланганини кўриш мумкин. 

Мард бўлсанг ишла, элга бўлма юк,

Ишлабон топган қаро нондур чучук.

Соғлиғинг қадрини билғил, ишлоғил

Дарди йўқ бекоми ялқовдан чекил.

 

Сидқий Хондайлиқийнинг ижтимоий-сиёсий шеърлари эса асосан даврнинг муҳим воқеалари баён этилган. Бундан кўринадики, ҳар бир асарда биз ўтмишнинг саҳифаларини ўқий оламиз. Халқ оғзаки ижоди намуналари - достонлар қадим аждодларимизнинг орзу умидлари, ҳаёти ҳақида сўзласа, миллий мумтоз адабиётимиз вакиллари ижодида ўша давр ҳаётидаги ижтимоий қарашлар, турли табақаларнинг жамиятдаги ўрни ва роли, халқ турмуши  ҳикоя қилинади. Мухтасар айтганда, ҳар бир асари ўша давр ҳақида бизга кенг маълумотлар беради. Шундай экан, биз ёшлар ана шу асарларни ўқиб-ўрганишимиз, ўзимиз учун зарур билимларни олишимиз зарур.

 

 

Дилдора ЭРКИНОВА, АДУ филология факультети талабаси.

Дахлдорлик ҳисси

Ватанимизнинг порлоқ келажаги кўп жиҳатдан ёш авлод камолотига боғлиқ. Зеро, бугунги ёшларимиз ўз билим ва салоҳиятларини доимий юксалтириб боришлари, буюк аждодларимиздан фахрланиб, улар таратган зиёдан куч олиб  яшашлари керак.

Ўқувчиларда ана шу жиҳатларни шакллантириш мақсадида мен бошланғич синф ўқитувчиси сифатида давлат таълим стантартлари, интерфаол усуллардан кенг фойдаланган ҳолда  дарс ўтишга ҳаракат қиламан. Ёш авлод қалбида юртимизда амалга оширилаётган эзгу ишларга дахлдорлик туйғусини тарбиялашга алоҳида эътибор қаратаман. ҳар тонг болалардаги интилиш, қизиқишни кўриб, ижодкорлик завқи билан дарс ўтаман. Мультимедия асосидаги дарсларга қизиқувчи ўқувчилар дарслар, тўгарак    машғулотларида фаол қатнашади. Шу боис улар кичик олимпиадаларда қатор муваффакиятга эришмокда. Ота-оналар билан ҳамкорликни ҳам яхши йўлга қўйганман, ўқувчиларим орасида дарсларни паст ўзлаштирувчи бола йўқ.

Баркамол, теран фикрли, китобга ошно бўлиб униб, ўсаётган болаларимизга кўз тегмасин, улар эгаллаган зиё нури йўлларини нурафшон қилсин, ҳамиша дахлдорлик ҳисси билан яшасин. Шундагина улар юрт ишига фидойи, ватанпарвар инсон бўла оладилар.

Маъмурахон ЖЎРАБОЕВА,

 

 Жалақудуқ туманидаги  32-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

Китоб-бизнинг дўстимиз

Китоб қадим-қадимдан инсон учун азиз неъмат бўлиб келган. Чунки бир китоб юзага келгунича қанча-қанча меҳнат сарф этилади. Ҳар бир китоб муаллифнинг юрак томирларининг ҳаракати билан, унинг кўп йиллик изланишлари, тинимсиз меҳнати билан яралади.Китобда эса унинг бутун билим манбаи жамланади. Узоқ йиллар давомида  дунёга келган ажойиб китоблар орқали муаллиф асрлар оша яшайди, авлодлар қалбидан жой олади. Яхши китобнинг тарбиявий аҳамияти ҳамма вақт беқиёс, умри эса боқийдир.

Китоб ҳар бир киши, айниқса, ёшлар онгининг шаклланишида, уларнинг нутқ маданиятини ва луғат бойлигини ўстиришда, ҳаётда ўз ўрнини топа олишида,  касбларни тўғри танлашида, дунёқарашининг кенгайишида ва такомиллашувида яқиндан ёрдам беради.

Бир бадиий китобни меҳр билан мутолаа қилган китобхон ўша ки-тобдаги қаҳрамонлар ҳаёти билан яқиндан танишади, унинг ички ҳиссиётини тушуниб етишга уринади, у билан бирга ҳаёт кечиради.Ундаги изтироб, қувонч китобхон қалбининг тубида яшириниб ётган ҳиссиётлар билан уйғунлашади.

Агар бир бемор китоб ўқиса, у тез соғаяди, зерикмайди.Унинг ҳаётга бўлган интилиши ортади. Биз бирор бир нарсадан хафа бўлгудек бўлсак ёки бирор муаммога дуч келиб қолсак, китобни ўқишимиз биланоқ, ўша  ечимга муҳтож муаммони ҳал қилишга эришамиз. Эсимни танибманки, дадамни доимо китоб ўқиб ўтирганларини кўрар  эдим. Унинг китоб жавонида эса турли  китоблар  кўп бўлиб, мен ҳам тезроқ ҳарф танишга ва ўша китобларни ўқишга ошиқар эдим. Қанча кўп китоб ўқисам шунча кўп китоб ўқигим келар, бир китобни ўқий бошласам, уни охиригача этказишга интилар эдим.Бирор бир асарни ўқиб чиққанимдан сўнг, ундан олган таассуротларимни оддий сўзлар билан ифода этолмайман.Кўз олдимда уч-тўрт кунгача ўша қаҳрамоннинг хаёли, ички дунёси орқали ўша даврни, шароити, муҳитини яққол тасаввур қила оламан.

Бугунги кун ўқитувчиси ёшларимизга билим бериб, уларни она Ватанга бўлган муҳаббат руҳида тарбиялаш учун билим манбаи бўлган китобни кўз қорачиғидек сақлашда намуна кўрсатиши керак. Қолаверса, ўз болаларимиздек бўлиб қолган ўқувчиларимизга китобни авайлаб-асрашлари, улар билан дўст бўлиб қолишлари учун замин яратмоғимиз даркор, деб ўйлайман. Синфларда турли адабий-кечалар, шунингдек: "Ким қандай китоб ўқийди?" мавзусида мушоиралар, музокара, баҳслар ўтказиб борилса, бу борадаги ишлар самарадорлиги янада ортади.

 

Китобни севаркан қайсики инсон,

Йўллари ёришгай бўлиб нурафшон.

Бахшида айласа бериб унга жон,

Умри завол кетмас ундаги ҳар он.

 

 

Гулнора МАҲКАМОВА, Избоскан тумани.