Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Буюк халқимизнинг пурмаъно ҳикматлари орасида шундай бир нақл бор: "Яхшидан боғ қолар, ёмондан эса доғ". Ҳақиқатдан хам яхшилик қилиш, ўзидан яхши ном қолдириш хақиқий инсонпарварлик фазилати ҳисобланади. Шундай эзгу амаллар билан бутун халқининг қалбидан жой олган ва буюк номини юрак қўримизга муҳрлаб кетган инсон юртимизнинг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовдир.
Ўзбек халқи тарихида ўчмас из қолдирган биринчи Президентимизнинг довюраклиги, жонкуяр инсон бўлганлиги барчага аён. Бугунги кунда нафақат халқимиз, балки бутун дунё бу улуғ зотни Мустақиллик асосчиси, деб тан олган.
Ислом Каримов бизнинг ҳурлигимиз, эркинлигимизнинг тамал тошини қўйиб берган шахс ҳисобланади. У киши бутун бошли давлатни бошқаришда ўз она халқига суяниб, ундан куч олган ҳолда иш олиб борди. Ҳамиша "Халқим, фарзандларим" деб ёниб яшади.
Айтиш жоизки, бу зот "инсон ҳаётида энг муҳим, энг катта бахт бу - жамиятга, халқига, элига, ота-онасига хизмат қилиб, ўз умрини доим пок сақлашда",- деган шиор билан бизни ҳамиша қўллаб-қувватлаб келди. Уларнинг бутун ҳаёт йўли ўз халқига беминнат хизмат қилиш билан ўтди. Шу ўринда унинг иқтисодий-сиёсий соҳада олиб борган сиёсати, 25 йил давомида амалга оширган улкан бунёдкорлик, фаровонлик ишлари бутун дунё бўйлаб эътироф этилганини таъкидлаш мумкин. Юртбошимизнинг ҳар бир чиқарган фармон ва қарорлари жамиятимизнинг, юртимизнинг янада ривожланишида, юксакларга кўтарилишида муҳим омил бўлиб келди.
Жумладан, мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида Ислом Каримов ташаббуси билан бунёд этилган узунлиги 123,1 кмга тенг бўлган Ангрен -Поп электрлаштирилган темир йўлининг барпо этилиши сўзимиз исботидир.
Мураккаблиги бўйича дунёда 8-ўринда турувчи, МДҲ давлатлари орасида эса ягона ҳисобланган ушбу темир йўл Фарғона водийси аҳолисининг узоғини яқин, оғирини енгил қилди. Биринчи Президентимиз ушбу темир йўл очилишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида "бу қувончли кунни халқимиз, жумладан, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари аҳолиси неча йиллар давомида орзу қилгани, ота-боболаримиз учун армон бўлган бу бахт албатта бизларга насиб этади, деб, айниқса, охирги йилларда интизорлик билан кутгани сир эмас", деб таъкидлаган эдилар.
Ҳар гал поездда пойтахтга борсам, Юртбошимизнинг нечоғли юксак, эзгу амалларни ўз халқи учун фидокорлик билан амалга оширганлигини ич-ичимдан ҳис қиламан. "Шарқ ва ғарбни боғловчи робита " деб таърифланаётган бу темир йўл Биринчи Президентимиз хотираси билан тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан муҳрлаб қўйилди.
Ислом Каримовнинг эътиборидан ҳеч ким четда қолиб кетмади. Кексалар дейсизми, аёлларми, ёки ёш авлод, ҳатто қизлар ҳақида ўзининг "Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш - энг олий саодатдир" номли асарида алоҳида таъкидлаб ўтган.
"Қиз бола - бу бўлғуси она, фарзандларимизнинг тарбиячиси. Эртанги авлод - бу Ўзбекистоннинг келажаги дегани. Қишлоқларимизда агар қиз бола ўзига муносиб иш топа олмаса, дардини ҳеч кимга айта олмаса, ўз орзу ниятларини амалга ошира олмаса, бу ҳоким бўладими, прокурор бўладими, бошқа мутасаддилар бўладими, шуни билиб қўйиши керак, худдики қонунга менсимай қарагандек қабул қилиниши зарур. Ана шу ёш қизларимизнинг ниятларини, албатта, рўёбга чиқариш керак, улар албатта бахтли бўлиши керак! Юртимиздаги ҳар бир қиз бола - бу менинг қизим, менинг набирам ва уларни хафа қилишларига мен ҳеч қачон йўл қўймайман", деган сўзлари шахсан мен учун жуда катта ишонч, таянч бўлди десам муболаға бўлмайди.
Биз ёшларни ҳамиша "эртанги кун эгалари", дея қўллаб-қувватлаб, барча имконият эшикларини очиб берган қалби уммон, халқпарвар буюк зот хотираси олдида ҳамиша таъзимдаман.
Инсон дунёга келар экан, яхши ном қолдиришни истайди. Агар тарихни чексиз уммон деб тасаввур қилсам, унинг энг кучли мавжларидан, тўлқинларидан бири Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов, деб биламан. Ундан бизга озод, обод Ватан қолди, кўнгилларда тўрт фасл мангу яшнаб турувчи боғ қолди, турфа гуллардек суюк гулзор қолди.
Мен ҳозир унинг Ватан ривожи учун, халқ манфаати учун амалга оширган сўнгсиз хизматлари ҳақида бирма-бир тўхталмоқчи эмасман, фақат қалбимда бир умр ҳам қўрқув, ҳам фаҳр туйғусини тенг мужассамлаштира олган воқеани, кўнглимдаги, шу вақтгача фақат энг яқинларимгагина айтган қалб кечинмаларимни сўзлаб бермоқчиман холос.
Талабалик йилларим эди. 2005 йил 12 майдан 13 майга ўтар кечаси. Доимгидек хотиржам дам олиш учун кунлик ўқув вазифаларимни тамомлаган эдим. Ташқаридан қандайдир нотаниш, паққиллаган овозлар бир неча бор эшитилди. Замонамиз тинчлиги учун(Аллоҳга шукр), бирортамиз бу овозлар ўқ овози эканлигини сезмадик. Саҳарда уйғонсам, ҳамма ваҳимада, ўқиш бўлмас экан. Талабалар ота-оналарига телефон қила бошлашди, чунки кимнинг уйидагилар ёки яқинлари келсагина кетишга рухсат бериляпти. Узтозлар ҳам шу ерда. Ҳеч қачон кундузлари талабалар турар жойи эшигига қулф солинмаган, бугун эса куппа-кундуз куни дарвозалар қулфланди. Одатда мен сал нарсага ваҳимага тушавермасдим, лекин ўшанда вазият ҳақиқатда жиддий эди. Хонамга кириб ҳаёлан ота-онам билан гаплашдим...
"Шунча орзулар шу ерда якун топадими, мен ҳали ҳеч нарсага эришмай дунёдан ўтиб кетиш учун туғилганмидим? Агар шу ерда ўлиш пешонамга ёзилган бўлса, мендан рози бўлинглар..."
Ўйимни давом эттиролмадим. Хаёлимга ҳар хил даҳшатли фикрлар кела бошлади. Ҳеч нарса ҳақида ўйламасликка уриндим. Шу алфозда қанча вақт ўтганини эслолмайман.
-Ҳаммага жавоб, кетар эканмиз!, - деди талабалардан бири.
-Қандай қилиб кетамиз, бундай вазиятда жонини гаровга қўйиб, ким ҳам машина хайдарди, йўлкиралар ҳам осмондадир?!
Шу каби гап-сўзлар билан қўрқув аралаш ташқарига чиқдик. Гарчи устозларимиз далда бўлаётган бўлсада, бу бизга куч бермаётган эди. Буни қарангки, машиналар ҳар қачонгидан ҳам серқатнов эди. Узтозларимиз бир томонга кетадиганларни 6-7 нафар қилиб бир "Дамас"га чиқариб кузатиб қўйишди. Боғишамолга борсак, бизни Булоқбоши, Хонобод ва бошқа йўналишдаги автобуслар кутиб турарди. Автобусгача 30- 40 қадамча масофа оралиғида ҳарбийлар икки қатор тизилиб, ораларида бир одам сиққулик йўлакча ҳосил қилган, биз шу йўлакчадан автобуслар томон борар эканмиз, кўнглимдаги бир соатча олдинги қайғу, ширин ҳаёт билан видолашув ўрнини, халқимизни бир тану бир жон бўлиб, қўлни-қўлга бериб, бир-бирига таянч бўлаётгани, ҳарбийларимизнинг кўзларида заррача қўрқув, хавотир йўқлиги, ҳарбий салоҳиятимиз мен ўйлагандан анча юқорилиги ва энг асосийси, Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг оқилона сиёсати сабаб, катта кучга айланиб улгурганимизни ўйлаб, қувонч-шукроналик ҳисси эгаллади. Ҳа, мен ўшанда ёш эдим, ғўр эдим, қўрқув нималигини билмасамда, ҳаётимда биринчи марта тинчликни йўқотиш қўрқувини ҳис қилганман. Ўша воқеа сабаб мен яна бир бор ота-она, Ватан, ҳаёт, яхшилик қадрини чуқурроқ ҳис этдим.
Она - дунёда энг табаррук зот. Она ҳаёт боши, фарзанд ижодкори. Она - инсон тафаккурининг гулшани, фазлу-камолининг меҳрибони. Она учун ўз фарзандларини тарбиялашдан, вояга етказишдан буюк бахт бўлмаса керак. Фарзанд бугунги кун вориси, мустақил Ўзбекистон келажаги. Шунинг учун ҳам она фарзанди учун ҳар қандай қийин-чиликларга бардош беради, чидайди, фарзанд учун чекилган бу ниҳояси йўқ кулфат, машаққатлардан хафа бўлиш ўрнига аксинча бахтиёр ҳис этади. Она фарзандининг эмизикли айёмида ширин уйқусидан кечиб, бедорлик дардини тортган онларини бир тасаввур қилиб кўринг-а? Тили чиқмаган чақалоқ нимани исташини билиши мўъжизанинг ўзи эмасми?
Она фарзандининг либосини беминнат ювиб тозалайди, ямаш ва тикиш, иссиқ ва совуқдан асраш, ҳар бир азият чекувчи нарсалардан эҳтиёт қилиш каби ишларни меҳр билан бажаради. Фарзанди касал бўлиб қолса, изтиробга тушади. Кечалари ухламай алам ва оғриқ азобида ётган фарзанди устида ўтириши-буларнинг ҳамма-ҳаммаси онага хос. Ҳар бир фарзанд онанинг ана шу яхшиликларини унутмаслиги лозим. Фарзанд онанинг ҳаққини бир умр хизмат қилиб ҳам адо этолмайди. 9 ой қорнида кўтариб юрганининг ҳаққи, елкасида кўтариб ҳажга оборса ҳам адо бўлмас эмиш. Шундай экан, фарзанднинг вазифаси онадан қарзини узиш учун ҳар кун, ҳар дақиқада уни рози қилиш, хурсанд этишдир.
Онани ҳурмат қилиш аҳамияти ҳақида бир ривоят бор. Айтишларича, Ҳаким ат-Термизийнинг улуғ олим бўлишига онасини ниҳоят даражада ҳурмат қилганлиги сабаб бўлган. Бу ривоятнинг хулосаси шундай. Муҳаммад Али ўғли Ҳаким Термизий мактабни аъло баҳоларга тугатгандан сўнг, ўзининг бир мактабдош дўсти билан олий маълумот олиш учун Самарқанд, Бухоро ёки Бағдодга, илм марказларига таҳсил олиш учун бормоқчи бўлади. Аммо бу вақтда Ҳаким Термизийнинг отаси вафот этади. Муҳаммад онасининг ёлғиз, қаровсиз қолиб кетишини ҳисобга олиб, аҳдидан қайтади ва мозорга бориб, отасининг қабри устида унинг бевақт вафот этганлиги, шу туфайли илм олишдан маҳрум бўлганлигини айтиб, аччиқ-аччиқ йиғлайди. Тасодифан мозорни зиёрат қилиб юрган бир аллома болани кўриб қолади. Ҳакимнинг онасига бўлган ҳурмати ва илмга бўлган иштиёқини кўриб, хафтада икки кун унга дарс беришга ваъда қилади ва уни улуғ олим даражасига етказади. Шундай қилиб, Ҳаким Термизий бошқалар сарсону саргардон бўлиб, кўп машаққатлар чекиб ололмаган илмни тез фурсатда, яна ўз шаҳрида эгаллашга муяссар бўлади.
Ахир, бежиз айтилмаган "Жаннат оналар оёғи остида", деб. Ҳар бир инсон онасининг қадрига етиб, эъзозлаб яшамоғи керак. Чунки уларнинг меҳри ва дуолари ила ҳаётимиз чароғондир.
ПАЙFАМБАРИМИЗ (С.А.В.) БОЛАЛАРГА ҚАНДАЙ МУОМАЛА ҚИЛАР ЭДИЛАР?
Пайғамбаримиз Муҳаммад(с.а.в.)болаларга нисбатан ниҳоят даражада меҳрли эдилар. Кунларнинг бирида "Сиз болаларни ўпасизми?"- дея сўраган бадавийларга "Ҳа" - деб жавоб бердилар.Улар эса "Аллоҳга қасамки, биз болаларимизни ўпмаймиз",- дедилар.Уларга жавобан Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай дедилар: "Аллоҳ сизларнинг қалбингиздан раҳматини кесиб қўйган бўлса, мен нима ҳам қила олардим?"
Жиддий, виқорли бўлсаларда, болалар билан шунчалик ҳазиллашар эдиларки, сафдошлари У кишини "болалар билан энг кўп ҳазил қиладиган киши", - дейишарди. Тилларини набиралари Ҳасанга кўрсатиб, уни кулдирар эдилар. Ансор розиаллоҳу анҳу ёшлигида Расулуллоҳ оғизларига кўзадан сув олиб, унинг юзига сепганларини ривоят қилган.
Кунларнинг бирида меҳмонга кетаётган ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) у ерга набираларини ҳам олиб бормоқчи бўлиб, болакайни бошқа болалар орасидан тутиб олмоқчи бўладилар. Ёш Ҳусайн эса ўнгга, чапга қочиб тут-қич бермайдилар.Шунда Пай-ғамбаримиз (с.а.в.) ҳам набираларини тутиб олгунча ўзларини худди ёш боладек ўнгга-чапга олиб қувгандек бўладилар.Ушлаб олгач эса бир қўлларини боланинг энсасига, бир қўлларини даҳанининг остига қўйиб эркалаб, ўпиб "Ҳусайн мендандир, мен ҳам Ҳусайнданман", - дедилар.
Икки набираларини устларига миндириб, тўрт оёқлаб юриб, уларни ўйнатар эдилар. Кунларнинг бирида ҳазрати Аббоснинг завжалари Умму Фазл набираларидан бирини Расулуллоҳга тутқазади. Бола У кишининг кийимларини хўл қилиб қўяди. "Расулуллоҳга зиён етказдинг", - деб боланинг елкасига урган Умму Фазлга ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.): "Аллоҳ хайрингни берсин, ўғлимнинг жонини оғритдинг", - деб танбеҳ берадилар. Абу Умайр исмли болакайнинг хафалигини кўриб эса, у билан суҳбатлашиб, кўнглини оладилар.Унинг кичик қушчаси бўлиб, шу қушчаси ўлгани учун хафа эканлиги маълум бўлади.Бундан кейин ўша болани ҳар кўрганларида "Эй Абу Умайр, кичик қушчанг нима бўлди?" - деб сўрар эдилар.
Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) ёш болаларга нисбатан ана шундай зийрак, аҳамиятли ҳамда меҳр-шафқатли эдилар.
Бир куни муолажа хонасида икки бемор Наима опа билан Дилдоранинг суҳбати қулоғимга чалинди.Наима опа ўзининг касаллик тарихи ҳақида сўзлаётганди:
- 2013 йилда тикувчилик цехида бош чевар бўлиб ишлардим. Бир куни Машҳура исмли аёлнинг мазаси қочди. Уни дарҳол шифокор кўригига олиб бордик. Бемор ультратовуш текширувидан ўтказилди. У билан бирга мен ҳам негадир ўз соғлигимни назорат қилмоқчи бўлдим. Тавба, мен ўзимни бутунлай соппа-соғман, деб юрардим. Буйрагимда ўзгариш борлиги аниқланиб, онкология бўлимига мурожаат қилишимни айтишди. Бу ерда эса буйрак усти бези саратони ташҳиси қўйилди ва зудлик билан жарроҳлик амалиёти ўтказиш кераклиги, акс ҳолда вақтдан ютқазиб қўйиш мумкинлигини айтишганда, эсим оғишига бир баҳя қолди. Чунки танамда ҳеч қандай оғриқ йўқ эди. Ниҳоят операция куни белгиланди.
Ўша куни қўрқув ва ҳаяжондан юрагим тўхтаб қолгандай, гўёки ҳамма ёқни зулмат қоплаганди. Қулоғимга ҳеч кимнинг гапи ёқмайди. Далда берувчи сўзлар эса видолашувга ўхшарди. Жарроҳлик столида ётиб, ҳаётнинг нақадар тотли неъмат эканлигини ҳис этдим. Ниҳоят жарроҳликдан сўнг дунёга қайта келгандай бўлдим.
- Аҳён-аҳёнда бошим оғриб, қовоқларим салқиб турганини ҳисобга олмаганда айтарли оғриқ сезилмасди, - деди у саволимга жавобан.- Соғлиғим тиклангач, икки йил ўтиб турмушга чиқдим. Бир неча йилдан сўнг олийгоҳга ҳужжат топшириш учун тиббий кўрикдан ўтаётганимда шифокорлар ўпкамда доғлар борлигини айтишди. Турмуш ўртоғим билан ўпка касалликлари диспансерига бордик. Қисматни қарангки, энди "ўпка саратони" деган совуқ ташҳис қўйишди. Тез орада кимёвий муолажалар бошланди. Турмуш ўртоғим Достон ака менга доимо яхши муомалада бўлар, ғам-хўрлик қилар, кўнглимга таскин берарди. Қайнона-қайнотамни айтмайсизми? Уларнинг мени авайлашларини кўриб, уялиб кетардим. Мен уларга хизмат қилиш ўрнига улар менга...
Касалхонада узоқ вақт ётиб қолган кунларимнинг бирида атрофимда парвона бўлаётган турмуш ўртоғимга:"Ёлғиз фарзанд бўлсангиз, мендек ногирон аёл билан умрингизни ўтказмай бошқага уйланинг, Сиз ҳам бахтли бўлишингиз керак-ку", дедим.
Достон акамнинг жаҳли чиқиб кетди:
- Мен ҳозир ҳам бахтлиман. Никоҳ ўқилаётганда соғлигида ҳам, беморлигида ҳам, ҳар қандай кунда ҳам доимо ёнида бирга бўламан, деб ваъда берганман. Сен менга кераксан, ҳали бу кунларни кўрмагандай бўлиб кетасан,- деди у.
Наима опанинг сўзларини тинглар эканман, "қани энди ҳар бир аёлнинг умр йўлдоши, яқинлари шундай бўлса", дея ҳавас қилдим.
Шунда англадимки, яхши сўз, ширин муомала, меҳр-муҳаббат шундай буюк куч эканки, у инсоннинг ҳаётини сақлаб қолишга ҳам қодир экан. Ҳа, "Яхши сўз дори-дармондан афзал", деб бежиз айтишмас экан донишмандлар. Мен ўз иш фаолиятим давомида чинакам мўъжизага дуч келгандим.
Шу йилнинг 21 январь куни "Ахтачи-Андижон" темир йўл кесишмасининг 324 километрида темир йўл ҳалокати юз берди. Андижон шаҳрида яшовчи, 1968 йилда туғилган Олимжон Тўхтасинов поезд яқинлашиб келаётганига қарамай темир йўлни кесиб ўтишга уринди. Натижада "Андижон-Тошкент" йўналиши бўйича қатновчи йўловчи поезди фуқарони уриб юборди. О.Тўхтасинов бош қисмидан жиддий жароҳатланган, чап оёғи болдир қисмидан узилган ҳолда касалхонага етказилган.
Бу темир йўл кесишмасида учраётган бахтсиз ҳодисалардан бири холос. Кейинги пайтларда фуқаролар томонидан темир йўлларга ҳар хил чиқиндилар ташлаш, темир йўлнинг белгиланмаган жойларидан кесиб ўтиш, темир йўл атрофларида чорва моллари боқиш, вагонларга тош отиш, юк вагонларини талон-тарож қилишга уриниш каби ҳолатлар тез-тез кузатилмоқда. Ушбу ҳолатлар ўз навбатида темир йўл тизимида ҳаракат хавфсизлиги талабларининг таъминланишига, давлат ва жамият манфаатлари ҳамда фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғига таҳдид солмокда.
Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш, аҳолини кўнгилсиз ҳодисалардан асраш мақсадида Андижон Вилоят Ички ишлар бошқармаси транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлими (ИИБ ТЖХТБ) "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ билан ҳамкорликда тарғибот-тушунтириш ишлари олиб бормоқда. Темир йўл атрофида жойлашган маҳаллалар, таълим муассасалари ва корхона-ташкилотларда темир йўл хавфсизлигини таъминлашга қаратилган учрашувлар, профилактик чора-тадбирлар кучайтирилмоқда.Жумладан, Асака, Ахтачи, Шаҳрихон темир йўл бекатларида бўлинма ходимлари жамоат тартибини сақлаш, темир йўлларни белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиш, болаларнинг шпаллар бўйлаб юриши, темир йўл атрофларида ўйнашлари юзасидан иш олиб бормоқдалар.
Айниқса, кейинги пайтларда мактаб ёшидаги болаларнинг вагонларга осилиш ҳолатлари кўпаймоқда. Асака туманидаги 7, 30, 31-умумтаълим мактабларида, "Тувадоқ", "Деватаги" ҳамда, бу каби ҳолатлар кўп кузатилаётган "Навкар" маҳалла фуқаролар йиғинларида профилактик суҳбатлар ўтказилиб, уларда темир йўлларда ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш юзасидан тушунтиришлар берилмоқда.Ўқувчиларнинг мактабга бориш-келишларини назорат қилиш, беэътибор қолдирмаслик юзасидан ота-оналар ҳамда мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилмоқда.
Темир йўлларда содир бўлаётган ҳуқуқбузарлик, ёки қизиқувчанлик фуқароларни ҳуқуқ идоралари олдида жавоб беришларига, бахтсиз ҳодисалар келиб чиқишига ва бунинг ортидан уларнинг ногирон бўлиб қолиши, ёки ҳаётдан кўз юмишларига сабаб бўлиши мумкин.
Ҳаёт - Яратган ато этган энг буюк неъмат! Ушбу неъматдан баҳраманд бўлиб яшаш, ёки аксинча, арзимаган нарса деб унга нуқта қўйиш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ.
Халқимиз бошқа халқлардан ўзининг меҳр-оқибати, инсоний фазилатлари, ўзбекона лутфи, меҳмондўстлиги, меҳнаткашлиги билан ажралиб туради. Дунёда ўзгаларга ўрнак бўлган, умри давомида савоб ишлар қилиб, ибрат бўлганлар озми? Бир умр топганини халқ манфаати йўлида сарф этган, ўз маблағи ҳисобидан масжидлар, мадрасалар, кўприклар, сув йўллари, ҳаммомлар қурдирган Алишер Навоий хазратлари бизнинг аждодимиз эканлигини эслашнинг ўзиёқ қалбимизга ғурур бағишлайди.Инсоннинг қандай эканлиги унинг муомаласидан, фикрлаши-ю хатти-ҳаракатларидан маълум бўлади. Қўлимиздан яхшилик келмаса, ҳеч бўлмаса, илиқ сўзимиз билан атрофимиздагилар меҳрини қозонайлик.
Бугунги кунда юртимизда ёшлар тарбиясига катта эътибор қаратиляпти. Чунки ёшлар бизнинг келажагимиздир. Биз катталар ўз муомаламиз, бир-биримизга бўлган муносабатимиз орқали ҳам уларга ўрнак бўлишимиз лозим. Бугунги хатоларимиз эртага "ўз мевасини" бермай туриб, уларнинг олдини олайлик. Бир-биримиздан меҳримизни аямайлик. Зеро, умр инсонга бир мартагина берилади. Уни мазмунли ўтказиш ҳам, елга совуриш ҳам ўзимизга боғлиқ.
Андижон Давлат тиббиёт институтида таҳсил олиб юрган даврларимиз эди. Биз нуфузли илм даргоҳи талабалари бўлсакда, содда, камтарона кийинардик. Ҳашам ва мода кетидан қувмасдик.
Ўзимизнинг атлас кўйлак ва дўппиларимизни фахрланиб киярдик. Бир куни ўқитувчиларимиздан бири ўзбекона бичимдаги кўйлакни тикиб беришимизни илтимос қилди. 3-4 қиз астойдил ҳаракат қилиб, устозимизга бурмали, енглари узунгина ўзбекона кўйлак тикиб бердик. У бу кўйлакни дарсларга кийиб келиб, қулайлиги, гигиеник-эстетик, гигроскопик хусусиятлари ҳақида гапириб, бизнинг меҳнатимизга юқори баҳо берди. Натижада инс-титутдаги ўқитувчи аёлларнинг бир нечтасига шу кўйлакдан тикиб бердик. Бундан қанчалар хурсанд бўлганимизни тасаввур қилиб кўринг.
Ўзбек халқининг маданияти, маънавияти ҳар жиҳатдан урф-одатларга, муқаддас анъаналаримизга содиқ ҳолда ривожланиб бормоқда. Халқларнинг кийиниш маданияти авлод-аждодларидан мерос бўлиб, кийимлар ўша ҳудуднинг географик жойлашиши, иқлим шароитлари, халқнинг турмуш тарзи, яшаш услубига мос равишда табиий матолардан, ёки пишиқ бўлиши учун сунъий материал аралаштирилган матолардан, иссиқ ўлкаларда салқин, ҳавони яхши ўтказувчи, совуқ ўлкаларда эса қалин, ўзида иссиқликни яхши сақловчи матолардан яратилади.
Кийим - инсоннинг зийнати. У нафақат қулай бўлиши керак, балки бежирим, инсон ҳуснини оширувчи, қоматдаги камчиликларни беркитувчи восита ҳамдир. Бу айниқса аёл-қизларимизга тааллуқли. Бироқ кийиниш эҳтиёжимиз учун бўлиши керак, кимўзарга, мақтанишга эмас. Ҳозирги ёш қизларимизни, айниқса талаба ёшларни ҳаддан зиёд тор, ярашиқсиз, очиқ-сочиқ кийимларда юрганларини кўриб мулзам бўламиз. Ёмон хабар тез тарқалганидек, хунук мода ҳам тез тарқаларкан.
Аслида мода дунёси ўзгарувчан. Бир пайтлар урф бўлган кийимлар йиллар ўтиб яна қайтишини кузатяпмиз. Аммо ўзбек аёлларининг миллий кўйлаклари, оналаримиз, момоларимиз кийган ўзбекона бичимдаги бурмали кўйлаклар урфдан чиқиб кетаётганлиги ачинарли ҳол.Бу эса келажакда уларнинг тикилиш усуллари унутилишига сабаб бўлади.
Бурмали кўйлакларни ўзига яраша қулай томонлари бўлиб, ҳақиқий ибо-ҳаё доирасида тикилишини ҳисобга олсак, ҳозирги модельерларнинг бурмали кўйлакларга қўшимча шакл-лар, безаклар бериб, замонавий кўйлаклар яратиши мақсадга мувофиқ бўлар эди. Зеро, бизнинг атлас, адрас каби дунёга машҳур матоларимиз борки, булардан тикилган замонавий либосни ҳар қандай хорижлик аёл ҳавас билан кияди.
Ҳар бир оила, маҳалла, билим даргоҳларида ёш қизларимизнинг кийиниш одоби, маданиятига, миллий анъана ва қадриятларимизни қай даражада қадрлашига эътиборни қаратайлик. Ҳозирги ёшлар дунё аҳлига ўзбек номини нафақат спорт ва илм-фан соҳасидаги юқори чўққиларни забт этиши билан, балки маънавияти, юксак аҳлоқий қадрияти ҳамда кийиниш маданияти билан ҳам танитишини истардик.
Қўшним билан гаплашиб ўтирсак, телевизорда янги йил куни эфирга узатилган бир кўрсатувнинг такрорий намойиши бошланиб қолди. Унда юртимиздаги бир гуруҳ таниқли санъат намоёндалари (хонанда ва қизиқчилар) ким энг зўр таом пишириш бўйича мусобақалашишганди. Байрам куни пишир-куйдир билан бўлиб, кўрсатувни яхшироқ кўролмагандим. "Зўр ТВ" телеканали орқали эфирга узатилган бу "Саҳоват шоу"ни қўшним билан муҳокама қилишга тушдик. Чунки бу кўрсатувни кўриб тўғриси, ҳам хайратдан ёқа ушладик, ҳам оғзимизнинг суви қочди, ҳам биз ҳеч қачон бунақа овқатлар пишириб еёлмаслигимиздан ўксиндик.
Кейинги пайтларда телеэкранлар орқали кўзга кўринган санъаткорлар, бошловчи-ю актёрларнинг овқат пишириш, яъни пазандалик сирларини ўргатаётганининг гувоҳи бўлаяпмиз. Улар ошхонада ўзларини худди маҳоратли ошпаз каби тутадилар ва фақат йирик супермаркетлардагина бўладиган ноёб, қимматбаҳо масаллиқлардан антиқа овқатлар пиширадилар. Масаллиқларга назар ташланг: Асосан гўшт маҳсулотлари - биқин гўшти, дандана, тил, думба-жигар, бўйин гўшти, товуқ, ўрдак, бедана, курка гўштлари, креветкалар, четдан келтирилган қимматбаҳо балиқ гўштлари, қора ва қизил икралар, шунингдек, сабзавотлардан булғор қалампири, бақлажон, кабачка, помидор-бодринг, қўзиқорин ва ҳоказо... Бу бир марталик овқат учун кетадиган ҳаражатлар холос.Таомни пишириб бўлгач, бошловчилар ушбу овқатнинг нақадар лаззатли чиққанини намо-йиш этиш учун уни иштаҳа билан тотиб кўрадилар...
Тўғри, овқат пиширишни ёш келин-кертакларга ўргатиш ғоят савобли иш. Лекин, бу кўрсатувларда тақдим этилаётган таомларни тайёрлаш учун жуда кўп ҳаражат кетади. Оддий ойлик маошга кун кўрувчи оиланинг эса буни чўнтаги кўтармайди.
Бизнинг халқимиз болажон халқ, тежамкор халқ. Топган-тутган маҳсулотларини бир кунда еб-ютиб олишни эмас, тежаб-тергаб, болалари билан узоқроққа етказишни мўлжаллайди. Менимча ҳар бир болали оила ҳаражатларини шу тахлит иқтисод қилади. Еб-ичиш, рўзғордан ортганини эса жамғариб яхши кунига асраб қўяди. Агар "Лаззат","Ош бўлсин", "Ошхона қироллари", "Ошга мар-ҳамат", "Ёқимли иштаҳа", "Бош ошпаз", "Это вкусно!" каби кўрсатувларда уй бекаларига ўргатилаётган таомларни хафталик таомномага киритилса, ойлик маош билан тўлган чўнтак хафталик харажатлар билан бўшаши тайин. Кейинчалик эса ошқозонни турли хил арзон ва ярим тайёр маҳсулот (Роллтон, Хот-ланч, перажки, хот-дог)лар билан алдашга тўғри келади. Қизиғи, бу танқис таомларнинг аксарияти қимматбаҳо Fарб ресторанларнинг менюсини безаб турган таомлардир. Машҳур Фармонбиби айтганидек, бу - "хўроз-қанд чет элники деса, ётволиб ялаш" билан баробар. Ахир ҳамма нарсани Fарбдан ўрганавериш шарт эмас-ку, тўғрими? Неча-неча асрлардан буён миллий таомлари билан дунёга машҳур бўлиб келган халқ байрам дастурхони учун ўзи муносиб таом пиширишни билмайдими?
Кўрсатувни кўриб ўтириб корейс киноижодкорлари томонидан яратилган "Сарой жавоҳири" сериали ёдимизга тушди. Унда ҳам сарой бекалари 2 гуруҳга бўлиниб, лаззатли таом тайёрлаш бўйича беллашишарди. Аммо сериалда бир ибратли саҳна бор. Яъни, мамлакат қироличаси "авом халқ пишириб ейиши мумкин бўлган, энг арзон, топиш осон бўлган масаллиқлардан мазали таом тайёрлаган, янгича таъм яратган" жамоани ғолиб деб эълон қилади.
Ўзбек ошхонаси менюси фақат Ошдан иборат эмас. Телебошловчиларимиз ўз дастурлари орқали турли лаззатли таом тайёрлашни ўргатишни хоҳлар эканлар, мар-ҳамат, бозорларимизда сероб бўлган, қишда ҳам арзон бўлган сабзавотлар, маҳсулотлардан ҳаммабоп таом пиширишни ўргатишсин. Шунчалик маҳоратли эканлар, изланиб, йўқолиб кетган миллий таомларимиз, пишириқларимиз рецептини топиб, уни мухлисларга тақдим этсинлар. Энг муҳими оммабоп, ҳамёнбоп таомлар тайёрлашни ўргатсинлар. Ана шунда сиз ҳам куймайди, кабоб ҳам. Уларнинг кўрсатувларини томошабинлар орзиқиб кутиши, мириқиб томоша қилиши, уй бекалари эса ўз менюсини янада бойитиши мумкин бўлади.
- Эшитганинг! Сени ортиқ севмайман! Кўргани кўзим йўқ! Агар ўзинг кетмасанг, ўзим олиб бориб ташлайман кўч-кўронинг билан.
- Жон , Миразиз ака, ундай деманг! Асрора ўзини куёвининг оёқлари остига ташлаб ялина бошлади. - Бундай шармандаликни кўтара олмайман, одамлар нима дейди?! Ота-онамнинг ҳоли нима кечади?
Келинчакнинг кейинги гапи охирига етмади. Усма-уст тепкилар зарбидан ғужанак бўлиб қолди.
- Яхши қиз бўлганингда ҳар куни соатлаб "одно"да ўтирмасдинг"... Умрингда кўрмаган йигит билан ишқий мактублар ёзишмасдинг! Мен нечанчисиман, а? Айт, нечанчисиман?
- Нима десангиз денг, сиздан бошқа билан гаплашган бўлсам Худо урсин!
- Гапларинг рост бўлса менга бўйнингдаги занжирингни бер, тўйдан анча қарз бўлиб чиқдим. Фоизга пул олганман.
Ноилож қолган Асрора йиғисини ичига ютиб, тилла занжирини ечиб, эрининг қўлига тутқазди. Шу ондаёқ , Миразиз бошқа тусга кирди.
- Билардим, мени деса жонинг-ни ҳам аямаслигингни. Топганимда олиб бераман, хафа бўлма. Оғир касалликдан сўнг шунақа асабий бўлиб қолганман. У шундай деди-ю, бетоқатланиб ташқарига отилди. Онасининг ҳай-ҳайлашига қарамай кўчага югурди. Куёв гиёҳвандликка ўрганган, шу тобда хумори тутгану касофат гиёҳни сотиб олишга пули йўқ эди.
У шу чиқиб кетганича эртасига эрталаб гандираклаб кириб келди. Ранглари бир аҳвол, кўзлари киртайиб кетган куёвини кўриб Асрора гап нимадалигини фаҳмлади. Фаҳмлади-ю, юрагини зулмат қоплади. Бахт деб интилгани сароб бўлиб чиққанидан ўкинди. Начора, ўзи пиширган ош, ўзи ичади энди. Шўрлик ота-онаси бу воқеалардан хабар топса нима бўлади? Бу кўргуликни кўтара олишармикан? Уларнинг олдига қайси юз билан қайтиб боради? Ўламан саттор, шунга тегаман, деб оёқ тираб туриб олган ўзи эмасмиди? Қайси қора кунда ўша савил сайтга кирди-ю, нима фалокат босиб шу йигит билан танишди-я? Минг афсус, буларнинг барчасига ўзи айбдор...
Ўн еттига тўлган кунида дадаси у орзу қилган қўл телефонини совға қилди. Шу куни дунёда ундан бахтли инсон йўқ эди, гўё. Дадасининг сов-ғани топшираётиб, эҳтиёт бўлиб ишлатишни, номаъқул сайтларга кирмасликни тайинлаганлари бир-икки ой ичида ёдидан кўтарилди. Ўқишга киришга тайёрланиш учун ўзига тўқ оиланинг қизи бўлган Диля исмли дугонаси топган "репетитор"га қатнай бошлади. Тез орада у Диля исмли қиз билан қалинлашиб қолди. Дилядан интернетга, турли сайтларга киришни ўрганди. Асрора Миразиз билан интернет орқали танишиб, бир-бирларини синамасдан, яхши билмасдан турмуш қуришганди.
Бугун минг афсуски, орамизда Асрора каби алданиб қолаётган, ўз тақдирини қил устига қўяётганлар йўқ эмас. Ҳатто, ёшларимиз орасида интернетдаги ёлғон ғояларга эргашиб, адашиб турли диний экстремистик оқимларга қўшилиб қолаётганлар ҳам бор. Ана шуни ҳисобга олиб, ёшларимизнинг бу каби матоҳлардан ўринли фойдаланишларини доимий назорат қилайлик. Уларда мобиль телефон, айниқса, интернет маълумотларидан фойдаланиш кўникмасини шакллантиришга жиддий эътибор қаратишимиз зарур. Акс ҳолда бу ҳаётимизда юқоридаги каби кўплаб кўнгилсизликларни келтириб чиқариши мумкин.