+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАБ ОЛИНДИ

 (38-сон)

Улуғнор тумани ҳокимлигида вилоятдаги босма оммавий ахборот воситалари раҳбарлари иштирокида семинар бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги, матбуот ва ахборот бошқармаси томонидан ўтказилган мазкур тадбирда вилоят, туман, шаҳар ва тармоқ газеталари фаолияти самарадорлигини ошириш, қонунлар, давлат дастурлари, Президент ва ҳукумат фармон ҳамда қарорлари ижроси доирасида чоп этилаётган материаллар кўламини кенгайтириш, босма нашрларнинг сифати ва савиясини ошириш сингари масалалар хусусида сўз юритилди.

"Улуғнор" газетаси мунтазам нашр этилмаётганлиги атрофлича таҳлил этилди. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш, газетани бир меъёрда чиқиб туришини таъминлаш юзасидан вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи А. Султонов, туман ҳокими А. Юсупов, Ўзбекистон    Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Н. Саидов ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Йиғилишда кўрилган масалалар бўйича амалга оширилиши зарур вазифалар белгилаб олинди.

 

Мукаррам ҚОДИРОВА,

 

"Улуғнор" газетаси муҳаррири.

ОЛТИНКЎЛДА АДАБИЙ КЕЧА

(38-сон) тадбирлар

Олтинкўл тумани маданият саройида "Олтин қалам" Халқаро миллий мукофоти совриндори, "Шуҳрат" медали соҳибаси, кўп йиллардан буён Олтинкўл иқтисодиёт коллежида фаолият юритиб келаётган таниқли ижодкор, публицист Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Замира Рўзиеванинг ижодий кечаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, туман ҳокимлиги, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган мазкур анжуманда республикамиз пойтахтидан ташриф буюрган меҳмонлар ҳамда вилоятимизнинг шоир ва ёзувчилари, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар ва ижодкорнинг мухлислари иштирок этди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси масъул ходими, шоира Мунаввара Усмонова, уюшма вилоят бўлими раҳбари Хуршидабону, Ўзбекистон Халқ шоири Тўлан Низом ва бошқалар Замира Рўзиеванинг ҳаёти, ижоди ва фаолияти ҳақида атрофлича тўхталдилар. Шоира шеърияти, публицистикасининг ўзига хос жиҳатлари, ютуқлари эътироф этилди. Айниқса, унинг она Ватан, истиқлол мавзусидаги асарлари ёш авлод тарбиясида муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди. 

Шоира меҳнат қилаётган коллеж ижодкор ўқувчилари томонидан намойиш этилган бадиий дастур, ўқилган шеър ва ғазаллар, шунингдек, таниқли санъаткорлар ижросидаги куй ва қўшиқлар тадбирга ўзгача файз киритди.

 

Зулхумор АКБАРОВА.

САБЗАВОТЛИ ГЎШТ

Керакли масаллиқлар: 100 гр. мол гўшти, 1 дона бодринг, 1 дона нок, 20 гр. кўк пиёз, 1 дона саримсоқпиёз, 1 чой қошиқ хантал, 1 чой қошиқ кунжут ёғи, 1 чой қошиқ соя соуси, 1 дона булғор қалампири, 1 чой қошиқ кедр ёнғоғи, 1 дона қайнатилган тухум, таъбга кўра туз, петрушка.

Тайёрланиши: гўшт қайнатиб пиширилади, совутилиб, бўлакларга бўлинади. Майдаланган саримсоқпиёз ва кунжут ёғи соя соуси билан аралаштирилади. Бодринг бўлакларга бўлинади, нок пўсти ва уруғларидан тозаланади, майда тўғралиб, қайноқ сувга бўктириб олинади ва совутилади. Гўшт бодринг, нок, майда тўғралган булғор қалампири билан аралаштирилади. Устидан хантал, сояли соус қуйилиб, туз қўшилади. Аралаштирилиб, 30 дақиқага совуқроқ жойга қўйилади.

Салатни дастурхонга тортишдан аввал тухум бўлаклари, кўкатлар ва ёнғоқ билан безак берилади.

 

НИГОРа тайёрлади.

МЕВАЛИ ҚУЙМОҚ

Керакли масаллиқлар: 4 дона тухум, 160 гр. резавор мевалар консерваси, 2 ст. шакар, туз, 1 чой қошиқ лимон шарбати, 1 ош қошиқ сариёғ.

Тайёрланиши: тухум оқи яхшилаб кўпиртирилади. Унга бир қисм шакар ва лимон шарбати қўшилади. Сўнгра биттадан тухум сариғи ва озгина туз қўшилиб, масаллиқлар аралаштирилади. Бир қисм сариёғ билан қизиб турган товага солинади. Қуймоқлар тованинг қопқоғини ёпган ҳолда 10 дақиқа давомида пишириб олинади ва ликопчаларга жойланади.

 

Меваларнинг суви сирқитилади. Товада қолган ёғни қиздириб, шакар солинади. Қайнар даражага етгач, меваларни солиб иситилади ва дарҳол қуймоқ ичига  қўйиб, букланган ҳолда дастурхонга тортилади.

ПИСТА СОFЛИК УЧУН ФОЙДАЛИ

(37-сон) Билиб қўйган яхши

Писта эрамиздан олдинги асрларда ҳам истеъмол қилинган. Писта   дунёдаги қатор халқлар учун бойлик ва фаровонлик рамзи ҳисобланган. Ушбу неъмат инсон саломатлиги  ва гўзаллиги учун кўплаб фойдали хусусиятларга эга. Шу боис ундан халқ табобати ҳамда тиббиётда кенг фойдаланиб келинади.

Писта антиоксидантлар, фойдали ёғлар манбъасидир. Шунингдек, унинг таркибида озуқавий толалар, оқсил, калций ва фосфор, асабларни тинчлантирувчи Б витаминлар гуруҳи ҳамда Е витамини мавжуд.

Юрак соFломлигини таъминлайди

Писта зарарли холестерин миқдорини камайтиради. Шунинг-дек, унинг антиоксидантларга бойлиги, таркибида А ва Е витаминларга эга эканлиги яллиғланишнинг олдини олиб, қон томирларини ҳимоя қилади, шу тариқа юрак-қон томирлари хасталикларига чалиниш хавфини камайтиради.

Асабларни тинчлантиради

Писта таркибидаги Б6 витамини асаб тизимининг тўғри ишлашида муҳим роль ўйнайди. Б6 витамини асаб толалари ўртасидаги импульсларнинг тўғри етказилишини таъминловчи миелиннинг шаклланишида муҳим вазифани бажаради. Агар инсонда Б6 витамини етишмовчилиги юзага келса, турли асаб бузилишлари, уйқусизлик, хотира билан боғлиқ муаммолар, ҳаттоки, руҳий хасталикларга ҳам олиб келиши мумкин.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, кишиларнинг вақти-вақти билан писта истеъмол қилиб туришлари фойдадан ҳоли бўлмайди.

 

Минурахон БОЗОРОВА, шифокор.

ХУШХАБАР

(37-сон) Турмуш чорраҳаларида

Даврон икки ширин қизалоқнинг отаси, турмуш ўртоғи Ойгул ҳам оқила, доно аёл. Уларнинг оиласи ишонч ва муҳаббат асосига қурилган. Афсуски, кейинги пайтларда бу оилада юз бераётган кўнгилсизликлар ўртадаги меҳр-муҳаббат, тотувликка раҳна солаётган эди.

Даврон беғубор болалик  завқини туяётган қизларига ҳам кўпинча жаҳл қиладиган бўлиб қолди. Қизлари бўлса кўполлиги туфайли ундан борган сари узоқлашиб, меҳри ҳам йўқолиб бораётгандек эди гўё. Сабаби эса оилада ўғил фарзанднинг йўқлигида эди. Ойгул яна оғироёқ, тез орада кўз ёради. Шу боис у шифокор ҳузурига тез-тез бориб, саломатлигини кўрикдан ўтказарди. Бир гал у врач кўригидан хомуш қайтди. Қўлида шифокор берган қоғоз:

- Аппаратга тушгандим, яна қиз экан - деди оғир хўрсиниб. Даврон бу хабардан ранжиди. Унинг хотинига, оиласига етказаётган озорлари янада кўпайди. Кун ора арзимаган нарсага жаҳл қилиб, Ойгулнинг кўнглини оғритарди. Баъзан Ойгул барчасидан бош олиб, узоқ-узоқларга кетгиси келади. Бироқ, шириндан-шакар қизларини ҳеч кўзи қиймайди. Уларнинг отасиз ўсишини хоҳламайди. Ахир ўсаётган ёш ниҳол боғбонсиз, парваришсиз қандай  ўсади. Уларга парвариш, меҳр керак. Ойгул шуларни ўйлаб янада сабрли бўлиши кераклигини англайди. Қолаверса, у эрини қаттиқ севади. Даврон ҳам уни севишини қалбан ҳис этади, бу кунлар ўтиб кетишига ишонади, умид қилади.

Гоҳо уйидаги нотинчлик, турли можоролар уни чарчатади. Бироқ у аёл, барчасига чидаши керак. Оиласи бузилмаслиги учун ҳам сабрли бўлиши лозим. Аммо бир неча кундан буён жисмида қаттиқ оғриқ борлиги, негадир ўзини ёмон ҳис қилаётгани ҳақида эрига айтганида, Даврон Ойгулнинг сўзларини бепарволик билан эшитиб, ҳатто бирор сўз демади. Унинг бундай муносабатига сабаб ўша қоғоздаги шифокор ёзиб берган хулоса эканлигини Ойгул яхши билади. Бу хабар Давронга ёқмагани аниқ. Негаки, у ўғилли бўлишни жуда истайди. Фақат ва фақат ўғил. Кўча-кўйда дўст-ёрларининг "Қиз ошини қачон еймиз?" деган киноялари яна такрорланишини истамайди. Ойгул шундан хавотирда. Бироқ, начора... Кимга қандай фарзанд беришни парвардигор хал қилади, фақат у қодир.

Кунларнинг бирида Даврон уйига одатдагидек кеч қайтди. Қизларининг "Ая... аяжон..,"- дея қаттиқ овоз билан йиғлаётганларини эшитиб, уй ичига отилди. Икки қизи ҳам дадаси томон югурди.

- Дадажон, аям... касал бўпқолдилар, - деди олти ёшли Нигина. Эндигина тўрт ёшга  қадам қўйган Омина бўлса, қаттиқ қўрқиб кетганди, тинмай йиғларди. Давроннинг кўзи беҳуш ётган аёлига тушди. Ойгулни зудлик билан шифохонага олиб борди. Шифокорлар беморни текшириб кўргач:   

- Аёлингизнинг аҳволи оғир, фарзандини тезроқ дунёга келтиришимиз зарур. Мабодо иккисидан бирининг ҳаётини сақлаб қолишимизга тўғри келса, қай бирини... - шифокор сўзларини якунлашга улгурмай:

 - Илтимос, нима бўлса ҳам онасининг ҳаётини сақлаб қолинг-лар, - деди Даврон қатъий    оҳангда. Ойгулни жарроҳлик хонасига олиб кириб кетишди. У ҳануз беҳуш эди. "Бечора Ойгул, бир неча бор қаттиқ оғриётганини айтганди. Мен унинг гапларига ҳатто эътибор ҳам бермадим". Давроннинг кўз олдига Ойгул келди. "Ишқилиб эсон-омон қутилиб олсин-да..." дея пичирлаб, бири қўйиб, бири йиғлаётган қизларини бағрига босди.  Ҳаяжондан юраги тез-тез ураётганини ўзи ҳам эшитди. "Ахир қанча инсонлар тирноққа зор. Мен нодон эса... Гулдек қизларимга ҳам, ҳали туғилмаган дилбандимга ҳам шукр қилмадим". У ўзини айбдор ҳис этди... "Қиз бўлса ҳам майли, иккиси ҳам соғ бўлишсин", дея ҳаёлидан ўтказиб, уларнинг омонлигини сўраб, яратганга илтижо қилди.

Қанча вақт ўтганини билмади, жарроҳлик хонасининг чироқлари ўчди. "Демак, операция тугади", - ўйлади у. Ичкаридан ҳамшира чиқиб, унинг ёнига келди. Даврон ҳамширанинг нима дейишини интиқ кутди. "Ойгулга бирор корҳол бўлдимикан?!" хадик унинг кўнглига ғулғула соларди.  Ҳамшира унинг олдига келиб, табассум билан деди; "Аёлингиз ҳам, фарзандингиз ҳам соғ-саломат. Айтганча табриклаймиз, паҳлавондек ўғилли бўлдингиз".

Бу хушхабарни эшитган Даврон қулоқларига ишонмас, кўзлариида эса қувонч ёшлари йилтиллар эди.

 

Машҳура РАҲМОНОВА,

 

Булоқбоши тумани.

ГЎЗАЛЛИК УЧУН - ОШ СОДАСИ

(37-сон) Аёлларга тавсия

Истеъмол содаси аёлларга нафақат ошхонада хизмат қилади, балки  ушбу воситадан гўзалликни сақлаб туришда ҳам фойдаланиш мумкин экан. Масалан,

 

Шампунь билан

Сочлар вақти-вақти билан унга сурилаётган косметик воситалардан тозалашга муҳтож бўлади. Шампунга бироз миқдорда истеъмол содасини қўшинг ва уни одатдагидек ишлатинг. Бу сочларни тўпланиб қолган косметик воситалардан тозалайди ва сочларингизга жило бериб, олдинги гўзаллигини қайтаришга ёрдам беради.

 

Тишларни оқартириш учун

Оқартирувчи восита учун унчалик катта бўлмаган идишда бир ош қошиқ истеъмол содаси, 5 томчи водород пероксиди ва бир неча томчи сувни аралаштиринг. Аралашмани тиш чўткаси ёрдамида тишларга суринг ва 5 дақиқа қолдиринг. Кейин тишларингизни тиш пастаси ёрдамида тозаланг ва оғзингизни яхшилаб чайқанг.Яхши самара бериши учун бу жараённи бир ҳафтада бир марта такрорланг.

 

Тирноқлар териси учун

Истеъмол содасини илиқ сув билан аралаштиринг ва бу пастани тирноқ атрофига суринг. Аралашманинг қолганини қўлларингиз терисига суришингиз мумкин.

 

Терини тозалаш учун

Истеъмол содаси жуда ажойиб табиий тозаловчи восита ҳисобланади. Кафтингизда бироз сода ва сувни аралаштиринг ва бу аралашма билан юзингизни ишқаланг. Тезда теридаги ўлик ҳужайралар тушади ва сиз тозаловчи кимёвий косметик воситалардан фойдаланишдан қутуласиз.

 

Сода қуруқ шампунь сифатида

Агар қуруқ шампунингиз тамом бўлиб қолган бўлса, унинг ўрнига бемалол истеъмол содасини ишлатсангиз бўлади. Соч-ларингизга бироз сода сепинг ва кейин яхшилаб  таранг.

 

Дезодорантингиз тамом бўлиб қолганда

Истеъмол содасини камроқ сув билан паста ҳолига келгунча аралаштиринг, аралашмани қўлтиғингиз остига дезодорант сифатида суринг. У тер ва ҳид пайдо бўлишининг олдини олади.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА тайёрлади.

БАХТ САРПО БИЛАН ЎЛЧАНМАЙДИ

(37-сон) Мулоҳаза

ёхуд никоҳ тўйлари билан боFлиқ FавFолар хусусида

Қўшнимиз Соба хола яқинда қизини унаштирганди. Лекин куёв томонинг  сеп-сидирға, қизнинг униси кам, буниси кам деган маломатлари туфайли тўй бузилди.

Сабо холанинг оиласи новвой. Шу ҳунар ортидан тирикчилик ўтказишади. Холанинг турмуш ўртоғи анча йиллар аввал вафот этган. Ўзи ёлғиз бир ўғлини уйлаб, уч қизни чиқарган. Маҳалла-кўйда ўзига яраша обрўси бор. Ҳаммалари ўзларидан тинчиган. Наргиза эса кенжа қизи эди. 

Наргиза бир йигит билан танишиб, бир-бирларини ёқтириб қолишди. Йигит совчи юборди. Лекин бўлажак қайнона, куёвнинг опалари келиннинг оиласи бизнинг тенгимиз эмас дея, уларнинг тўйига бошидан қаршилик қилишди. Лекин йигитнинг туриб олиши, отасининг розилиги билан тўй куни белгиланди. Келиннинг юк-тақлари куёвнинг уйига юборилган куниёқ бўлажак оила бошлиғининг опаларидан бири уялмасдан қизнинг хонадонига келиб, юборган сарполари паст, буюмлари модадан қолган, қилган гилами уйни тўлдирмаганлигини айтиб тўпалон кўтарди. Бу ишга қўни-қўшни, маҳалла катталари аралашди. Лекин ўртадаги ишонч, куда-андачилик риштаси узилиб бўлган эди.

Минг афсуски, бу каби ҳолатлар ҳаётимизда оз бўлса-да, учраб туради. Наҳотки, молпарастлик, жоҳиллик иллатлари юртдошларимиз қалбига шу қадар ўрнашиб олган бўлса, бундай тарбия, муомала-муносабат қаердан келмоқда, деган саволлар барчамизни ўйлантириши табиий. Наҳотки, баъзи бир инсонлар ўз жигарининг бахтидан кўра, мол-дунёни устун қўйса?

Шу ўринда айрим мулоҳазаларни айтиб ўтиш ўринлидир. Келиннинг сеп-сидирғасини ўлчаётган бу каби инсонлар наҳотки эл-юртдан уялмаса?  Келиннинг, ота-онаси ва яқинларининг ҳурмат қилмаслик, не-не қийинчилик, машаққатлар билан йиққан сарполарини қадрламаслик худбинликдир. Бундай кимсалар халқимизнинг элга дастурхон ёзиб, никоҳни маълум қилишдек гўзал удумимизни молпарастликка, тўй баҳона мол-дунёсини кўз-кўз қилишни ўзларига одад қилиб олмоқдалар. Афсуски, бундай ҳолатлар келиб чиқишига қиз узатаётганларнинг ўзлари кўпроқ сабаб бўлиб қолмоқда. Айримларнинг ҳаддан ортиқ ҳашамга берилишлари, хаддан зиёд сеп-сидирға қилаётганликлари сабаб бошқалар ҳам улардан қолмасликка ҳаракат қилмоқдалар. Натижада келин сарпо йиғишда кимўзарлик сингари хунук ҳолатларга ҳам дуч келяпмиз.

Бугун давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан кенг жамоатчилик олдига юқоридаги каби ҳолатлар, умуман, тўйлардаги дабдабабозлик, исрофгарчиликларнинг олдини олиш бўйича қатор вазифалар қўйилди. Жойларда бу борада кенг кўламли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.  Ишонамизки, ана шу саъйи ҳаракатлар ўз самарасини беради. Гўзал удумларимизга соя солаётган ана шу иллатлар барҳам топади. Бунинг учун эса шу жамиятда яшаётган ҳар бир киши, айниқса, зиёлилар, маҳалла фаоллари, нуронийлар фаол бўлишлари лозим. Зотан, оилалар мустаҳкамлиги таъминлаш ҳаётимизни янада фаровон ва гўзал бўлишига замин яроатади.

 Мутаффакир Мирзо Бедил оила қўрғонига қуйидагича таъриф берган: "Аввал ғиштин қийшиқ қўяркан меъмор, Юлдизга етса ҳам қулар девор.". Бундан оила қўрғони мустаҳкам бўлмас экан, ҳаётимиз биз истагандай чиройли бўлмайди, деган хулосани олишимиз мумкин. Яна ота-бороболаримиз айтганидек, "мингни ўйлаб, бирни фикр қилайлик". Энг асосийси, гўзал удумларимизни унутмайлик, тўйлар, келин сарполар билан боғлиқ салбий ва кераксиз удумларни ҳаётимиздан чиқариб ташлайлик.   

Иқболжон САЙФУТДИНОВ,

 

АндМИ қошидаги Бўстон академик лицейи ўқитувчиси.

БАХТЛИ БЎЛИШ ИНСОННИНГ ЎЗИГА БОFЛИҚ

(37-сон) Бизнинг суҳбат

Чоршанба - оилаларни мустаҳкамлаш куни

Оила жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланади. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият шу қадар барқарор бўлади. Шу маънода жамият, оила ва шахс бир-бирисиз мукаммал ва бахтиёр бўла олмайди. Бахтиёр оилада эса соғлом, баркамол болалар дунёга келади, улғайиб камол топади. Бугунги соғлом бола- эртаги комил инсон, юрт ва жамият ривожига муносиб ҳисса қўша оладиган ҳар томонлама етук шахс бўлиб  етишади. Фарзандларимиз жисмонан ва маънан етук бўлиши,  оилада соғлом маънавий муҳит яратилиши учун дастлаб оиланинг барпо бўлиши, яъни икки ёшнинг турмуш қуришида мустаҳкам пойдевор бўлиши тақозо этилади. Умуман, оила мустаҳкамлиги, унинг бахти нимадан иборат сингари қатор саволлар доирасида вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошидаги "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик уюшмасининг раҳбари Замирахон Тиллаева билан суҳбатда бўлдик. Қуйида ана шу суҳбат эътиборингизга ҳавола этилади.

- Бир қараганда бахтли бўлиш жуда осон, бир қараганда эса қийинга ўхшайди. Сизнингча, оилавий ҳаётда тўлиқ бахтиёр бўлиш мумкинми?

-      Албатта мумкин! Бахт ўз-ўзидан келмайди. Ҳар бир инсон бахтни ўзи яратади. Хатти-ҳаракати, тили, атрофдагиларга муносабати, атрофда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни қабул қилишига қараб, инсон нечоғлик бахтиёр эканлигини билиш мумкин. Инсон мукаммал бахтни ҳис қилиши учун у аввало. маънан бой бўлиши керак. Чунки юксак маънавиятга эга инсонгина атрофида юз бераётган воқеаларни тўғри талқин қилади, улардан тўғри хулоса чиқаради. Бу инсонни бахтиёрликка етаклайдиган энг муҳим жиҳатдир.

Моддий бойлик қоринни тўйдириши мумкин, аммо кўнгилни тўйдириши гумон. Кўнгли тўлмаган одам бахт қадрини қайдан билсин? Оиланинг бахтиёрлиги - аввало жуфтларнинг ўзаро аҳил-иноқ яшаши, бир-бирини тўғри тушунишида. Оилалар тинч-тотув яшашса, жамиятга келтирадиган ютуқлар ҳам кўпаяди, фарзандлар яхши тарбия кўради. Яна бир муҳим нарса шуки, бахтнинг тўкислиги шубҳасиз фарзанди билан боғлиқ. Фарзандлари соғлом, тарбияли, ақлли расо оила - бахтиёрдир.

 

-      Айрим кишилар оила масаласи, айниқса, турмуш қуришга жиддий қарамайдилар. Икки ёшни бирлаштириб, янги оила барпо этишни эмас, тўй қилиб, қанчалик "қўли узун"лигини, топармон-тутармон эканини элга кўз - кўз қилишни истайди. Сиз бунга қандай қарайсиз?

-      Афсуски, орамизда ана шундай одамлар ҳам бор. Фаолиятимиз тақозоси билан бундай ҳолатларга тез-тез дуч келамиз. Оила - муқаддас даргоҳ. Унинг остонасига шунчаки "эрга тегаман", "уйланаман" ёки "болаларимни тўй қиламан" деган ҳою ҳавас билан эмас, "мустаҳкам, аҳил ва бахтли оила эгаси бўламан, хонадоним чинакам саодат маскани бўлади, соғлом болаларга ота-она бўламан" деган чин ихлос ва пок ният билан қадам қўйилиши керак.

Бахтли оила қуриш учун аввало. унинг пойдевори мустаҳкам бўлиши шарт. Бунинг учун никоҳланувчи ёшлар соғлом, дунёқараши бир-бирига мос, бир-бирларини тушуна оладиган бўлиши муҳимдир. Оила мустаҳкамлигининг яна бир асоси - ёшлар бир-бирига меҳру муҳаббатли бўлишидир.  Бир-бирига кўнгил қўйиб турмуш қурган ёшлар турмуш машаққатларига сабрли бўлади. Қолаверса, бир-бирининг феъл-атворини яхши билгани учун, кайфиятига, нимани қандай қабул қилишига қараб муомала қилади. Оилавий бахтнинг асосини мана шундай икир-чикирлар ташкил қилади.

      

- Кўп ҳолларда кишилар жамиятдаги мавқеига қараб қуда-анда тутинишни маъқул кўришади...

-      Шундай ҳолатларга дуч келганимда юрак-юрагимда оғриқ туяман. Икки аёл бир дугонасининг "гап"ида танишиб қолади-да, эртаси куни бири қизини, бири ўғлини олиб чиқиб учраштиришади, қарабсизки бир ойдан кейин тўй қилишяпти. Ёшлар бир-бирини танимайди, феъл-атворини билмайди. Келишмовчилик, зиддиятлар, асаббузарлик, дилхиралик... Айримлар "Боламни кўнглига қарасам, худо билади у қандай одам билан топишади?" деган хадик билан ҳам фарзандларига ўзлари жуфт излашади. Шундай ота-оналарга: "Сиз фарзандингизга яхши тарбия берган бўлсангиз, у албатта, ўз дунёқарашига, сиз ва оилангизга мос келин топади", деган бўлардим.

 

-      Никоҳдан олдинги тиббий кўрик ҳақида кўп гапирилмоқда. Шундай бўлса-да, айрим кишилар никоҳдан олдинги тиббий кўрикка панжа орасидан қарамоқда. Бунга сизнинг муносабатингиз қандай?

-      Дарҳақиқат, никоҳдан олдинги тиббий кўрик масаласи ўта жиддий ва муҳим масала. Яқинда шу ҳолат билан боғлиқ нохуш воқеа юз берди. Бир оиланинг ўғли саратон хасталигига чалинган экан. Шифокорлар бемор йигитнинг умри оз қолганини айтишибди. Ота-она "ўғлимиз тўй кўрсин" деб, ўғлининг касалини яшириб, бир қизни келин қилишган. Орадан бир йил ўтар-ўтмай куёв вафот этади. Гулдай қиз бева бўлиб, ота уйига қайтди. Йигит ота-онасида инсоф, озгина виждон бўлганда эди, бундай ишга қўл урмаган бўлардилар. Дардни Аллоҳ беради, инсон қисматига рози бўлишни ҳам билиши керак. Эндигина ўн тўққиз ёшга тўлган қиз касалманд ўғлининг тўйини кўришни ният қилган ота-она орзуси йўлида қурбон бўлди.

-      Яна бир салбий ҳолат - қизларни эрта турмушга узатиш хусусида мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашсангиз?

-      Шукрки, юртимизда истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ оилани мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Оиланинг жамиятдаги нуфузидан келиб чиқиб, Бош Қомусимизда ҳам  оила масалаларига алоҳида боб бағишланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси "Оила" Кодекси ҳам умумэътироф этилган ҳуқуқ меъёрларига тўла мос равишда тузилган. Кодексимизда аёллар учун никоҳ ёши 17, эркаклар учун 18 деб белгиланган. Бироқ бу дегани- шу ёшдан бошлаб ҳамма турмуш қуриши керак, дегани эмас. Никоҳланаётган ёшлар оила масъулиятини тўла англаб етиши, оилани қадрлай олиши, ҳам жисмонан, ҳам руҳан оила қуришга тайёр бўлиши керак. Ўн етти яшар қизалоқ, ўн саккиз яшар йигитча оила масъулиятини қайдан билсин? Шу ўринда айрим оналарга ҳам эътирозим бор: қизлари ҳали жуда ёшлигидан сарпо - сеп йиғишга тушишади-ю, қизларининг соғлиги, маънавий дунёси билан деярли қизиқишмайди. Қиз бола кўринишидан дуркун бўлса-да,  лекин оналикка жисман ва руҳан тайёр бўлмаслиги мумкин.

Келин бўлиб тушган жойида қизга ҳамманинг кўзи қадалади. Соғлиги кўнгилдагидек бўлмаса, куёв уйидагилар маломат қилади, касалманд онадан носоғлом фарзанд туғилади. Фарзанди соғ-саломат туғилмаган оилада хотиржамлик, бахт қайдан бўлсин?! Борингки, узатилаётган қизнинг соғлиги жойида ҳам дейлик, унинг маънавий     дунёси қай аҳволда? Келинлик остонасида турган 16- 17 яшар қиз эр ким, қайнона-қайнота ким, кимга қандай муомала қилиш, фарзандли бўлса унга қандай тарбия беришни, рўзғор, турмуш машаққатларини қандай енгишу, борига кўниб, йўғига сабр қилишни биладими? Энг асосийси, қўлидан бирор юмуш келадими? Бу гаплар фақат қиз узатаётганлар эмас, ўғил уйлаётганларга ҳам тааллуқлидир.  Йигитлар оила муқаддасилиги, онаси ва аёли орасида тарозибон бўлиши кераклиги, ўғиллик, жуфтлик ва оталик масъулиятини ҳис этганидагина уйланишга, оила бошлиғи бўлишга  муносиб бўладилар.

 

-      Халқимизда: "Оила мустаҳкамлиги кўп ҳолларда аёл кишига боғлиқ"  деган гап бор. Бу фикр қанчалик тўғри?

-      Бу жуда ўринлди ва тўғри айтилган гап. Бу фикр нечоғлик ҳақиқат эканлиги асрлар давомида ўз исботини топиб келмоқда. Афсуски, биз кўп ҳолларда ана шу оддий ҳақиқатни англаб етмаяпмиз. Аёл тадбирли, оқила, доно ва оилапарвар бўлса, оила мустаҳкам бўлади. Ҳуқуқий меъёр бўйича аёл ва эркак тенг ҳуқуқли деб кўрсатилиши билан, аёлнинг масъулияти, оила ва жамиятдаги бурчи залворли. Бу ҳақида жуда узоқ гапириш мумкин, аммо энг қисқа ва лўнда фикр шуки, оиланинг мустаҳкам ва баҳтиёр бўлиши кўп жиҳатдан аёлга боғлиқ.

 

-      Сизнингча, оилавий ҳаётнинг бахт формуласи нималардан иборат?

-      Жуфтлар ўртасидаги муҳаббат, ўзаро ишонч, бир-бирини тушуниш, сабр-қаноат, соғлик, биргаликда меҳнат қилиш ва албатта, жуфтлик масъулиятини тўла ҳис қилиш оилавий ҳаётнинг бахтли бўлишини таъминлоовчи жиҳатлардир.

Бу борада катталар ёшларга ўрнак бўлиши керак. Ўзимиз амал қилмайдиган нарсаларни қандай қилиб ёшлардан талаб қиламиз? Эллик ёшли қайнона билан ўн тўққиз яшар келинниг ҳаётий тажрибаси, кўрган-кечирганлари бир хил бўладими? Йўқ, албатта. Қайноналаримиз ўз талабларини қўйишда ана шун жиҳатни инобатга олишса яхши бўларди. Ҳаётим, кўрган-кечирганларимдан келиб чиқиб, шунга амин бўлдимки, бахтли бўлиш ҳар кимнинг ўз қўлида. Бахт осмондан тушмайди. Унга сабр-қаноат, ширин сўз, хушмуомалалик, меҳнатсеварлик билан эришилади.

 

-      Опа-сингилларимизга, газетамиз муштарийларига қандай тилакларингиз бор?

-      Опа-сингилларимиз ҳамиша доимо соғ-саломат бўлсин, юқорида айтганимдай оқила, сабрли, юксак маънавиятли бўлишга интилсин. Шундагина улар ўзлари орзу қилган бахтга эриша оладилар, қолаверса, оилада ҳам, жамиятда ҳам ўз ўрнини топади, ҳурмат қозонади.  Шу ўринда "Иқбол" газетаси кўп йиллардан буён вилоятимиз хотин-қизларининг кўзгуси, яқин суҳбатдошига айланганлигини эътироф этишим керак. Истагим, ҳар бир қиз-аёл  газетанинг доимий мухлисига айлансин.  

-      Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

 

суҳбатлашди.

Ватан - ёзолмаган энг гўзал шеърим!

(36 - сон ) Шеърият гулшани

Ватан

Тонгни аста уйғотар қуёш,

Замин  нурга бурканар шу тоб.

Кунгабоқар кўзларида ёш,

Севинчидан айлайди хитоб.

 

Дарахтлар ҳам бўлар миннатдор,

Униб, ўсган боғу бўстондан.

Ҳурлик қуши кетмагай зинҳор,

Ватан қурган  жаннат макондан.

 

Хаёл билан кетмоқдаман жим,

Нурли-нурли манзилни кўзлаб,

Ҳапқиради шодумон кўнглим,

Тўлиб-тошар бахтимдан сўзлаб.

 

Ирода ОРИФЖОНОВА,

Балиқчи туманидаги 12-ДИМИ ўқувчиси.

 

Муқаддас Ватан

Ватан, сен қалбимда гул отган чечак,

Томиримда оққан қонимсан бешак.

Гўзал туйғуларга ўзингсан бешик,

Порлоқ  келажакка очасан эшик.

 

Қалбимда ифтихор жўш урар зотан,

Ватан муқаддасдир, муқаддас ватан.

Бағрингда бахтиёр яшамоқ бахтим,

Нонимни ҳалолдан ошамоқ бахтим.

 

Осмонда қуёшсан, мен митти зарранг,

Куйимда янграйсан бўлиб шўх оҳанг.

Сен учун қалқондир, фидо жону тан,

Ватан муқаддасдир, муқаддас ватан.

 

Сени самолардан қўйиб юксакка,

Номингни муҳрлай мангу юракка.

Асрий орзу сари сен мисли карвон,

Фидоий юртбошим гўёки сарбон.

 

Бокира туйғулар сен-ла мужассам,

Ватан муқаддасдир, муқаддас ватан.

 Рўзихон ШАМСУТДИНОВА,

 Булоқбоши тумани.

 

СЕВАМАН

Севаман мен сени ўзимдан кўпроқ,

Соғинч азобида ёндирма мени.

Етолмасман йўлларинг йироқ,

Ҳар қачон, ҳар жойда, излайман сени.

 

Севаман мен сени оловдек ёниб,

Соғиндим деб ҳаммага, берайми садо.

Бир кун ўз оловимда, севгингдан тониб,

Ўзимни куйдириб, бўламан адо.

 

Севаман мен сени билгин, то абад,

Мендан олисдасан қайноқ соғинчим.

Бу синовлардан ҳам ўтармиз албат,

Сен-ла бирга бўлмоқлик ёлғиз ўтинчим.

 

Севаман мен сени, севгимдан тонмай,

Менинг бу ишқимни билмайсан аммо.

Муҳаббат майига ҳеч қачон қонмай,

Яшаяпман севмоқдан тўхтамай асло.

Бибихоним,

«Орзу» адабий мактаби аъзоси.

 

Рашк

Аҳилга аҳилман, бироз бахилман,

Рашкда ёнадирман то кул бўлгудай.

Ўзгалар ўзгадир, ҳаммага бирман,

Бироқ қизғонаман сизни ўлгудай.

 

Поёни йўқ шу кенг ошиёнга ҳам,

Гоҳида дил каби сиғмай кетаман.

Исмингиз ўзгалар айтсалар гоҳо,

Кўнглимга қил каби сиғмай қоламан.

 

Сизни дунёларга ишонгим келмас,

Юрак дунёдан ҳам сизни рашк қилар.

Йўлатгим келмайди, ҳатто соядан,

Ёмон қизғонаман сизни, яхшилар!

 

Юлдузой ЎРМОНОВА

 

СУЯНГАН ТОFИМ

Олов бўлиб чақнашим мумкин,

Дарё бўлиб тошишим мумкин.

Орзуларинг осмонида мен

Хаёл каби учишим мумкин.

 

Юлдуз бўлиб порларман бир кун,

Қуёш мисол чақнарман балки.

Лекин сенсиз она-Ватаним

Бўлолмасман ҳатто бир учқун.

 

Машҳура Ботирова

 

Ватан - ёзолмаган

энг гўзал шеърим!

Устоз бугун дарсда берди топшириқ,

-Шеър ёзиб келинг! - деб, Ватан ҳақида.

Тун бўйи кўзимга инмади уйқу,

Ахир мен шоирмас, ёзаман қандай?

Мен шоир эмасман, аммо Ватаним

Арзийди бағишлаб яшасанг жонни.

Қандай севишимни биламан, бироқ

Таърифлаб беролмам Ўзбекистонни!

Юртим осмонида балққан тўлин ой,

Шоирлар шеърида аталмиш ҳилол.

Менинг юрагимдан эгаллаган жой,

Ватан - азиз ўлкам, ҳурлик, истиқлол!

О юртим, кўксимда ғурурли нафас,

Сени жондан ортиқ севарман, бешак.

Ватанга муҳаббат фақат шеърдамас,

Аввало қалбингда бўлмоғи керак!

Юртим жамолинга битаман шеърлар,

Тупроғи зар, олтин, атаб беқиёс.

Бугун хаёлимдан ўтар кечмишлар,

Мен билмайман нечун севишимни, рост!

Ватан - кўксимдаги бутун, тўлин ой,

Ватан -  қалбимдаги энг нозик ерим!

Ватан - нуру гулдан яратилган жой,

Ватан - ёзолмаган энг гўзал шеърим!

Ҳадятилло СОБИРХЎЖАЕВ,

Олтинкўл туманидаги 28-ДИМИ ўқувчиси.

 

Ёшлар қўшиFи

Бугун чор атрофда турфа гул иси,

Нигоҳлар севинчдан порлаб турибди.

Ёрқин келажакка масъуллик ҳисси,

Бизни камолотга чорлаб турибди.

 

Кўз очиб, кўнгилда илк муҳаббати,

Туйғулар тошдику вужудга сиғмай.

Қалбларни тўлдириб юрт садоқати,

Турибмиз Ватаннинг хизматига шай!

 

"Фарзандларим" - дея юртнинг отаси,

Кенг имкон яратди, ахир биз учун.

Қалбларда мангудир ул зот хотираси,

Муносиб ворисмиз уларга бугун.

 

Дилларга жо этган фахру ифтихор,

Онажон Ватан, сенга минг раҳмат!

Моҳи ДИЛ, Асака тумани.

 

Алвидо

Алвидо эй ишқим заволи,

Бугун кечдим севгидан, сиздан.

Тугар энди ҳаёт ёлғони,

Узр, ўтган бўлса гар биздан.

 

Энди яшанг гуллар бағрида,

Кўринг ёлғон севгини сиз ҳам.

Яшабман-а қуллар қасрида,

Энди бахтни кўрайлик биз ҳам.

 

Ёлғончи дил хушласин сизни,

Қайтсин менга берган дардингиз.

Худди қалбим сингани каби,

Синсин сизнинг мағрур қаддингиз.

 

Айро қилсин бизларни тақдир,

Сизга асло бахтлар кулмасин.

Оллоҳимдан сўрайман ҳар вақт,

Қайтиб бизни учраштирмасин.

 

Сетора МУҲАММАДЖОНОВА,

Пахтаобод тумани.