Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан юртимизда таълим соҳасини ривожлантириш, ўқув жараёнига илғор педагогик ва ахборот-коммуникацион технологияларни кенг жорий этиш, чуқур билим ва замонавий касб-ҳунарга эга малакали кадрларни тайёрлаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, мустақил фикрлайдиган, замон билан ҳамнафас, иқтидорли, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги катта хизматлари учун Президентимиз фармонига асосан мамлакатимиздаги кўплаб таълим фидойилари фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирландилар. Улар орасида вилоятимиздан қуйидаги хотин-қизлар вакилалари бор:
Тухумнинг истеъмоли хусусида одамлар ўртасида кўп ҳолларда баҳслар бўлади: "Уни қандай ёғда қовурган яхши?", "Ҳафтасига қанча истеъмол қилиш мумкин? , "Тухумни қайси пайтда, нима билан бирга имтеъмол қилган маъқул?" Ана шу каби қатор саволлар хусусида Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси ошқозон-ичак касалликлари бўлими шифокори, доцент Дилмуроджон Солиев фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди:
Тухумни қачон истеъмол қилиш керак?
Тухумнинг таркиби ва организмга таъсирини ўрганган, тадқиқ этган кўплаб шифокорларнинг хулосаларига кўра, уни фақат нонуштада истеъмол қилинадиган маҳсулотлар сирасига киритиш мумкин. Тухумни кечки овқатда, яъни уйқуга ётишдан аввал истеъмол қилиш тавсия этилмайди.
Ҳақиқатан ҳам, тухумни фақат куннинг биринчи ярмида тановул қилиш мақсадга мувофиқ. Тухум ҳажмига қараб, 60, 80 килокалорияли бўлади. Лекин унинг таркибида рефлексни қўзғатиш хусусиятига эга бўлган моддалар мавжуд. Агар сизнинг ошқозонингизда ҳазм бўлмаган тухум қолдиқлари қизилўнгачга кўтарилса, ана шу моддалар жиғилдон қайнашини ва оғиз бўшлиғида аччиқ таъмни юзага келтириши мумкин.
Ҳафтасига қанча тухум ейиш мақсадга муофиқ?
Мутахассислар томонидан узоқ вақт мобайнида кўп миқдорда тухум истеъмол қилиш юрак қон-томир касалликларини келтириб чиқариши таъкидланади. Ҳақиқатан ҳам, бир дона тухум таркибида 150, 200 мг. холестерин бўлиб, бу инсон организми учун суткалик меъёр ҳисобланади. Агар кўпроқ тухум ейилса, организмда холестерин миқдорининг ортиб кетишига олиб келади.
Швециялик олимлар томонидан қарийб 30 минг нафар киши иштирокида ўтказилган тадқиқотлар натижаларига кўра, ҳафтасига 6 дона тухум истеъмол қилиш меъёр ҳисобланади. Айнан ана шу миқдор организмда юрак қон-томир, қандли диабет касалликларини келтириб чиқармайди, бундан таш-қари, семиришга ҳам имкон бермаслиги аниқланган.
Тухум таркибидаги холестерин, тухум сариғида кўп миқдорда бўлган фойдали липид-лецитин томонидан нейтраллаштирилади.
Тухум зарарини камайтириш учун уни қандай мойда қовурган маъқул?
Сариёғ (сливочное масло) мутахассислар томонидан юрак қон-томир касаллигига чалинган беморлар учун таъқиқланган маҳсулотлар рўйхатига киритилганди. Бироқ кейинги йилларда ўтказилган тадқиқотлар ана шу хулосани инкор этди. 2007 йили бир нечта Европа мамлакатларида ўтказилган тадқиқотларда сариёғ ва ўсимлик ёғини истеъмол қилувчилар қонидаги холестерин миқдорида деярли фарқ аниқланмади. Баъзи бир жиҳатлари бўйича фойдалироқ бўлган ўсимлик ёғи қовуриш вақтида оксидлангани сабабли сариёғ билан деярли бир хил натижани беради. Бундан кўринадики, саломатликка таъсири нуқтаи назаридан тухумни қовуришда қандай ёғдан фойдаланиш у қадар аҳамиятли эмас.
Тухум семиртирадими?
Кўп миқдорда юқори калорияли овқатлар истеъмол қилиш ва камҳаракатлилик оқибатида семириш юзага келади. Бунда, ёғ қатламларига айланадиган энг хавфли калориялар, кўп истеъмол қилинадиган углеводлар - ширинликлар, нон ва нон маҳсулотлари, гуруч, картошка ва бошқалардан келиб чиқади. Тухум оқсил даражаси юқори бўлган, калорияси анча паст, тўйимли маҳсулотдир. Шунинг учун тухум вазнни камайтириш учун мўлжалланган кўпгина замонавий парҳезлар таркибига киради.
Тухумнинг фойдалилиги унинг рангига боғлиқми?
Йўқ, ундай эмас. Тухумнинг ранги товуқнинг зоти ва тусига боғлиқ бўлади. Кўп ҳолларда олачипор товуқлар жигарранг, оқ рангдаги товуқлар эса оқ тухум қўйишади. Рангидан қатъи назар уларнинг озуқавий ва фойдали жиҳатлари бир хил. Таъкидлаш керакки, тухум сариғининг ранги товуқ истеъмол қилаётган озуқа таркибига боғлиқ. Тухум сариғининг ёрқин рангда бўлиши товуқлар озуқасида кўп миқдорда пигмент-каротиноидлар мавжудлигидандир. Каротиноидлар инсон организмида А витаминига айланади.
Хом тухум қайнатилган тухумдан фойдалироқми?
Хом тухум хавфли ичак инфекцияси-сальмонеллёзни келтириб чиқариши мумкин. Масалан, Америка Қўшма Штатларида хом тухум истеъмол қилиш оқибатида йилига 80 минг нафар киши ана шу касалликка чалинади. Улардан 25-30 нафари вафот этади. Айни пайтда кўплаб давлатларда товуқлар озуқаси махсус ишлов берилган моддалар билан бойитилмоқда. Шу орқали тухумлар стеризацияланмоқда, бу тухумда сальмонеллёз вируси сақланиб қолиш эҳтимолини камайтиради. Бу муаммони фақат бир йўл билан ечиш мумкин. Яъни, яхшилаб қайнатиб ёки қовуриб пишириш орқали.
Қайнатилганда ёки қовурилганда тухумнинг фойдали хусусиятлари камаяди, деб ҳисоблаш нотўғри.
Тухумни пиширишдан аввал ювиш билан сальмонеллёз хавфидан буткул ҳимоялана олмаймиз. Ҳаттоки, умуман шикастланмаган пўчоқ ичида ҳам сальмонеллёз бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам бирдан бир чора - бу, юқорида таъкидланганидек, қандай усулда бўлишидан қатъи назар тухумни яхшилаб пишириш лозим, уни ювиш, ювмаслик у қадар муҳим аҳамият касб этмайди.
Устозлар ҳақида ёзиш, сўз айтиш жуда ҳам қийин. Боиси, улар энг мўътабар, энг табаррук инсонлар. Уларнинг меҳнатлари шу қадар бебаҳоки, тарозида тортиш, бирор бир мезон билан ўлчаш мумкин эмас, бирор бир ҳакам уларнинг хизматини баҳолай олмайди.
Шу сабаб ҳам халқимиз "Устоз отадек улуғ" дея устозларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатади. Бу нақлнинг маъноси шуки, ҳаётдаги энг улуғ инсонлардан бири устозлардир. ўйлаб кўринг, устозсиз инсоннинг ўзи йўқ, бўлмаган бу ҳаётда.
Сиз ҳам болалигингизни, ўқувчилик йилларингизни ҳаяжон, ўзгача туйғулар билан ёдга оласиз. Ўша даврлар ҳақида завқланиб гапирасиз. Қўлингиздан тутиб илк бора ёзишни, ҳарф танитиб, ўқишни ўргатган устозингиз ҳамиша қалбингиз тўрисида туради.
- Тўғри юр, тўғри тур, одобли бўл, - деган ўгитларини асло унутмайсиз, ҳеч унута олмайсиз. Болаларча шўхликларингиз учун берган танбеҳлари-чи? Ҳамма сўзлари фақат яхшиликка, тўғриликка етакларди. Ниятлари эса сизни ҳалол-пок, билимли инсон килиб тарбиялаш эди, холос.
Кунлар эса жуда тез ўтиб кетди. Худди кино тасмасидек. Беғубор болалик, қадрдон мактаб, синфдошлар ҳаёти ҳаммаси ортда колди. Бугун ҳам улар сизни кўп эслашади, кўп гапиришади. Ютуқларингизни эшитиб бошлари осмонга етади. Сиз билан доимо фахрланишади: "Менинг ўқувчим, мен ўқитганман, қобилиятли бола эди" дея ғурур билан гапиришади сиз ҳақингизда. Аслида, улар жуда ҳам содда, оддий одамлар. Қалбларида ғубори йўқ. Уларда кеккайиш, манмансираш деган нарсанинг ўзи бўлмайди. Улар сизга таълим-тарбия, яхшилик, эзгулик улашган, меҳр берган. Лекин… ўрни келса ўзлари бир чимдим меҳрга, бир оғиз ширин сўзга интизор бўлади. Буни билганлар бор, билмаётганлар бор.
Сиз бугун яхши бир касб эгаси, машҳур инсонсиз, Балки олим, амалдорсиз. Сиздан биргина ўтинчим - устозларингизни эсланг, улардан хабар олинг. Улардан саломингизни, бир оғиз ширин сўзингизни аяманг. Ахир улар ҳамиша қалбингизда яшайди, яшайверади…
Инсон камолотида унинг қўлига илк бор қалам тутқазган, ҳарф ўргатган, маърифат ва зиё сари етаклаган ўқитувчи ҳамда мураббийларнинг хизмати беқиёс.
Андижон туманидаги Оқёр қишлоғида ўқитувчилик касбини ардоқлаб, сулола мақомига эришган бир оила бор. Содда ва меҳнаткаш инсонлар - Комилахон ая ва Мухторжон ака Мирзаевлар хонадонида 7 фарзанд улғайиб, камол топди. Хонадон соҳиблари ўзларининг ушалмаган орзуларини фарзандлари камолида кўрдилар. Болаларнинг барчаси ўқиди, олий маълумотли бўлди. Етти нафар фарзанднинг бештаси ўқитувчилик касбини танлади. Муҳаббатхон бошланғич таълим, Муҳиддин география, Машрабжон математика, Манзурахон биология, Одилжон рус тили фанлари бўйича мутахассисликни эгаллади. Шунингдек, оиланинг келинлари ҳам ўқитувчилардир.
- Бу хонадонга келин бўлиб тушганимда ҳали билим юрти талабаси эдим, - дейди кенжа ўғил Одилжоннинг турмуш ўртоғи Барчиной Мирзаева. - Раҳматли қайнона-қайнотам жуда орзу-ҳавасли эди. "Болам, биз кўрмаганларни сизлар кўринглар, ўқисангиз яхши-да, нонингиз бутун бўлади!" дея ўғилларига қўшиб мени ҳам институтда ўқитишди. Институтни тамомлаб, Андижон туманидаги 36-ўрта мактабга ишга кирдим. Мана 26 йилдан буён мазкур мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлаб келмоқдаман. Ота-онамиз ўшанда "нонингиз бутун бўлади!" деб нимани назарда тутганини ҳаётим давомида тушуниб етдим. Улар биз-эр-хотин бир соҳада бир-биримизни тушуниб, елкадош бўлиб, бир-биримизнинг камимизни тўлдирадиган оила бўлиб яшашимизни истаган эканлар.
Мирзаевлар оиласида энг узоқ ишлаган ўқитувчи - оиланинг тўнғич фарзанди Муҳаббатхон опадир. У 35 йил давомида бошланғич синф ўқувчиларига муаллимлик қилган. Муҳаббат опа ҳозирда нафақада бўлса ҳам бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлаётган қизи Малоҳатга болалар билан ишлашда ёрдам беради, ҳали ёш мутахассис келини Зул-ҳуморга дарс самарадорлигини ошириш бўйича маслаҳатлар беради.
- Институтни янги тамомлаган ёш мутахассиснинг болалар билан ишлаши барибир қийин кечади, - дейди Муҳаббат Мирзаева. - Чунки унда тажриба, амалий кўникма хали шаклланмаган бўлади. Шу маънода ёш мутахассис нечоғлик билимли бўлмасин, тажрибали педагог маслаҳатига муҳтожлик сезади. Мамлакатимиз таълим тизимида йиллар давомида шаклланган "Устоз-шогирд" анъанасининг афзаллиги шу ўринда бўй кўрсатади.
Машрабжон Мирзаев узоқ йиллар Андижон туманидаги 36-ўрта мактабда ёшларга математика фанидан сабоқ бериб келди. Ўз фанининг малакали мутахассиси, талабчан ва изланувчан педагог бўлгани боис, у мактаб директори ўринбосари, директор? туман халқ таълими бўлими мудири вазифаларида фаолият олиб борди. Самарали меҳнатлари учун Машрабжон Мирзаев "Халқ таълими аълочиси" унвони ҳамда "Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллиги" нишони билан тақдирланган.
- Ўқитувчилик касбини эгаллаб, асло кам бўлмадим, - дейди М. Мирзаев. - Айниқса, истиқлол биз - таълим тизими ходимларига кенг имкониятлар эшигини очиб берди, меҳнатимиз қадр топди. Мус-тақил давлатимиз равнақи, жамиятимиз ривожига ҳисса қўшадиган авлодни тарбиялашдек масъулиятли вазифани адо этаётганимиздан бахтиёрмиз. Турмуш ўртоғим Шуҳратой менга ҳамиша кўмакдош, маслаҳатчи. У ҳам ўқитувчи, биология фанидан дарс беради. Бу йил соғ-лигимдаги муаммолар сабаб нафақага чиқдим. Аммо юзим ёруғ, кўнглим тўқ. Сабаби, ортимда издошларим - фарзанд ва шогирдларим бор.
Мирзаевлар оиласини билганлар бу оилани ўқитувчилар сулоласи дея эътироф этишади. Чунки бугун сулоланинг 16 нафар вакили турли фанлар бўйича ўқувчи ёшларга сабоқ бериб, муаллимлик касбини улуғлаб келмоқда. Оилада муаллима қизларни келин қилиш анъанаси бор. Тўнғич ўғил Муҳиддин Мирзаев яқинда келин туширмоқчи, насиб қилса, бўлажак келин, албатта ўқитувчи бўлади. Демак, сулоладаги ўқитувчилар сони яна биттага кўпаяди.
Инсон ҳаётда ўз ўрнини топишида, орзу ва ниятларига етишишида одоб-аҳлоқи, билими муҳим аҳамият касб этади. Кишининг билим савияси нечоғли юқори бўлиши эса кўп жиҳатдан у таълим олган маскандаги муҳит, устоз ва мураббийлар, уларнинг тажриба ва малакасига боғлиқ.
Айни пайтда Қорасув қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида 7 ихтисослик йўналиши бўйича таҳсил олаётган 1 минг нафардан зиёд йигит-қизга 131 нафар педагог ва мураббийлар таълим-тарбия беради. Уларнинг аксарияти ўз касбининг фидойиси бўлган малакали мутахассислардир.
Насибахон Мўминова қарийб 11 йилдан буён ушбу таълим масканида меҳнат қилади. Бир неча йил махсус фан ўқитувчиси бўлиб ишлади, айни кунда эса коллеж директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари вазифасида самарали фаолият юритмоқда.
Коллежда маънавий-маърифий ишлар, шу билан бирга, хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти, "Аёллар маслаҳат маркази", "Ораста қизлар" тўгараги фаолияти намунали йўлга қўйилган. Ана шу йўналишлардаги ишларни ташкил этишда Насибахон Мўминованинг хизмати ниҳоятда катта. Унинг ташаббуси билан ўтказилаётган кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар ўқувчиларни ҳар жиҳатдан етук ва баркамол ўсишларига, нафақат ёшлар, балки педагогларнинг маънавиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
- Айниқса, Матлуба Саидова раҳбарлигидаги "Аёллар маслаҳат маркази"миз томонидан олиб борилаётган ишларни алоҳида эътироф этиш керак, - дейди Н. Мўминова. - Ўқувчи қизлар, ходима опа-сингилларимиз ўқиш фаолияти, оиласи билан боғлиқ масала ва муаммолар юзасидан мурожаат қилиб, зарур маслаҳат, амалий ёрдамлар олмоқда.
Коллежда таълим-тарбия, маънавий ишлар самарадорлигини ошириш борасида фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган Насибахон опанинг оиласи ҳам ибратли, оилалардан биридир. Турмуш ўртоғи Толибжон ака Эгамбердиев Қорасувдаги 27- сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида мусиқа назариясидан дарс беради. Уларнинг изидан борган қизлари Зилолахон ҳам коллежда ўқитувчи бўлиб ишлаб келмоқда. Оилада тарбия, илм олиш, китоб мутолааси масалаларига жиддий эътибор қаратилади. Шу боис оиланинг ҳар бир аъзоси, айниқса, коллеж ва лицейда таҳсил олаётган фарзандлари Жавоҳир ва Жавлоннинг китобга бўлган меҳрлари жуда баланд.
Мухтасар айтганда, тиниб-тинчимас, ўзининг меҳнатсеварлиги, касби, оиласига фидойилиги, ташкилотчи, ташаббускорлиги ва бошқа қатор инсоний фазилатлари билан Насибахон опа оиласида, меҳнат жамоасида ҳурмат-эътибор топа олган илғор педагоглардан биридир. Изланиб ишлаш иштиёқи унинг ҳаёти бош шиорига айланган десак, асло муболаға бўлмайди. Чунки, у ҳамиша юқори марралар сари олға интилади, қолаверса, атрофидагиларни ҳам эзгу мақсадлар сари етаклай олади.
Насибахон Мўминова сингари барча устозларни касб байрамлари билан муборакбод этамиз.
Устоз ҳамиша, ҳамма даврларда улуғ зот сифатида жамиятда, эл-юрт орасида қадр, ҳурматга сазовор бўлган. Ўзларининг самарали меҳнатлари, юксак инсоний фазилатлари билан қадр ва эъзоз топган устозлар бугун ҳам орамизда жуда кўп.
Ана шундай меҳри уммон устозлардан бири, фахрий педагог Ҳафизахон опа Жабборовадир. Қарийб 30 йилдан зиёд вақт мобайнида ёш авлодга таълим-тарбия берган устоз бугун фарзандлари, маҳалла-кўй, шогирдлари ардоғида умргузаронлик қилмоқда.
Ҳафизахон опа асли Асаканинг Сайдобод қишлоғида туғилиб ўсган. Раҳматли онаси уй бекаси бўлса-да, илмли, оқила аёл, отаси эса ўқитувчи сифатида ҳурмат топган инсон эди. Ҳафизахон опа ёшлигиданоқ дадаси каби муаллим бўлишни дилига туккан. У ўз қишлоғидаги ўрта мактабни тамомлаб, Асака шаҳридаги хотин-қизлар педагогика билим юртига ўқишга киради. Билим юртини муваффақиятли тамомлаб 1969 йилда ўзи таҳсил олган мактабда меҳнат фаолиятини бошлаган.
Орадан бир йил ўтиб, Мар-ҳамат туманидаги Ўқчи қишлоғига келин бўлиб тушади. Опа 1970 йилдан нафақага чиққунга қадар, яъни 2000 йилгача Ўқчи қишлоғидаги 29- мактабда ёш авлодга таълим-тарбия берди.
Бошланғич синф ўқитувчиси сифатида самарали меҳнат қилди, минглаб ўқувчиларга хат саводни ўргатди. Минглаб ёшларнинг билим олиши ва камол топишида камтар, меҳнатсевар, ишининг етук билимдони ва фидойиси бўлган опанинг хизматлари ниҳоятда катта бўлди.
Аёл кўксида тоғлардан ҳам залворли юкни кўтариб юрган улуғ зотдир. Яна у муаллима сифатида дунёга меҳр, яхшилик, илм нурларини ҳам сочади. Қалби покиза, кўзларидан меҳр, сўзларидан бол томиб тургувчи Ҳафизахон опа ҳам нафақат ибратли фаолияти, балки қатор инсоний фазилатлари билан эл ардоғига, ҳурматига сазовор бўлган инсонлардан биридир.
- Шогирдларим, ўқувчиларим камолини кўриб қувонаман, - дейди опа биз билан суҳбатда. - Улар эл-юртга наф келтирадиган инсонлар бўлиб вояга етганлигида озми-кўп ҳиссам борлигидан, муаллимлик касбини эгаллаганимдан беҳад хурсандман.
Ҳафизахон опа нафақат фидойи муаллима, балки ибратли оила соҳибаси, комил фарзандларнинг онаси эканлигидан ҳам бахт туйиб яшайди. Турмуш ўртоғи Орифжон ака билан қатор фарзандларни тарбиялаб, вояга етказдилар. Бугун фарзандлари Талъатбек, Шуҳратбек, Шахноза ва Шоҳистахонлар ҳам оналари изидан бориб педагоглик касбини танлаганлар.
Ёши улуғ Ҳафизахон опа бугун маҳалладаги кўп тадбирларга бош-қош, ёш оилаларнинг маслаҳатгўйидир. Бир этак набиралар қуршовида, кексалик гаштини суриб, тинч, тўкин ҳаётимизга шукроналар келтириб яшаётган Ҳафизахон опа Жабборова ва у сингари минглаб фахрий муаллималаримизни Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан муборакбод этамиз. Бахтимизга улар ҳамиша омон бўлишсин.
Фаридахон опа Ҳайдарова мактабимизнинг фидойи ўқитувчиларидан бири. У физика фанининг етук мутахассиси, ўқувчилардан қалб қўрини, меҳрини аямайдиган, ширинсухан, камтар устоздир.
Опа болалар билан жуда тез ва осон топишади, дарсларни шу қадар қизиқарли ўтадики, ўқувчилар унинг дарсини интиқ бўлиб кутадилар.
Табиатан тиришқоқ ва интилувчан Фариданинг физика фанига қизиқиши ўзгача эди. Мактабда устозлари Х. Холбердиев ва К. Қодировдан фанининг сир-асрорларини сидқидилдан ўрганади. 1980 йилда Чувама қишлоғидаги 26- ўрта мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, Андижон педагогика институтига (ҳозирги АДУ) ўқишга киради. Олийгоҳда ҳам у ҳамиша илғор талабалар қаторида бўлди.
1985 йилда олийгоҳни муваффақиятли тамомлаб, Избоскан туманидаги 28-умумий ўрта таълим мактабига ишга келади. Ана шундан буён ўзининг қадрдон жамоасида сидқидилдан меҳнат қилмоқда. Дарсларни қизиқарли тарзда, илғор ўқитиш услублари, янги педагогик технологиялар асосида ўтишга алоҳида эътибор қаратади. Бу эса ўқувчиларнинг фанни ўзлаштириш даражаси юқори бўлишини таъминламоқда. Шу боис ҳам Фаридахон опанинг ўқувчилари физика фани бўйича туман, вилоят фан олимпиадаларида юқори натижаларни қўлга киритиб келади. Қолаверса, опа ўзининг камтар, меҳнатсевар, тўғрисўз, касбига фидойилиги билан ҳам жамоаси, кенг жамоатчилик ўртасида ҳурмат-эътибор топган.
Фарида опанинг оиласи ҳам қишлоқдаги ибратли оилалардан бири. Турмуш ўртоғи Умрзоқ ака тадбиркор. Улар ҳамиша бир-бирларини қўллаб, ҳамжиҳатликда ҳаёт кечирдилар. Фарзандларига чиройли тарбия бериб, эл-юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб вояга етказдилар.
- Мен фаолиятимда доимо янгиликларни жорий этишга, бошлаган ҳар бир ишни албатта, охирига етказишга ҳаракат қиламан, - дейди Фаридахон опа. - Ўқувчиларимга ҳам ана шу принципга амал қилишни кўп уқтираман. Чунки инсонда қатъийлик, интилиш бўлсагина кўзлаган мақсадларига етишади.
Бугунги ёшларга ҳавасим келади, ўқиши, пухта билим олиши, ўз иқтидор ва имкониятларини юзага чиқаришлари учун барча шароитлар яратилган. Бироқ... ёшларимизнинг китоб ўқиш борасида оқсаётганликлари мени ташвишга солади. Ахир инсон қанчалик кўп ўқиса, билими, дунёқараши шу қадар кенг бўлади, ҳаётни, дунёни англаши осон кечади. Шахсан мен газета, журнал ва китобларни севиб мутолаа қиламан. Адабиётни, шеърларни ёд ўқишни жуда ёқтираман. Бу эса дарсларни жонли ва қизиқарли ўтишимда, одамлар билан муомала-муносабатда менга жуда асқотади.
Икки нафар фарзанднинг меҳрибон онаси, уч нафар набиранинг севимли бувижониси, касбининг фидойиси Фарида опанинг меҳнат фаолияти, ҳаёти ёш ўқитувчиларга ибрат мактабидир. Ана шундай ибратли ва мазмунли умр йўлини босиб ўтаётган устозимизга, барча фидойи устозларга соғ-омон бўлишларини, фарзанд ва набиралари камолини кўришлик бахти насиб этишини тилаб қоламиз.
Гулнора Ботирова Асака туманидаги "Шодлик" маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси вазифасида иш бошлаганига 10 йилдан ошди. Ўтган ана шу давр мобайнида у ўзининг меҳнатсеварлиги, хушмуомалалиги, ишига бўлган масъулияти билан маҳалла аҳли орасида ҳурмат эътибор топди.
Гулнорахон асли Шаҳрихондан. Ота-оналари содда ва меҳнаткаш кишилар бўлиб, отаси Маҳмудисом ака ҳайдовчилик касбида, онаси Ўлмасхон ая эса туғруқхонада узоқ йиллар меҳнат қилганлар. Бугунга келиб улар нафақада, фарзанд ва набиралари ардоғида кексалик гаштини сурмоқдалар. Гулнора Шаҳрихондаги 31-умумтаълим мактабини "олтин медалга" тамомлаб, Фарғона политехника институтининг иқтисод бўлимига ўқишга киради. Олийгоҳни тамомлаган йили меҳнат фаолиятини бошлаган.
"Шодлик" маҳалласидаги 414 хонадон, 627 оилада 3775 нафар аҳоли истиқомат қилади. Гулнорахон фаолиятида маҳаллада миллий анъана ҳамда урф-одатларни сақлаш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратади. Айниқса, 1887 нафар аёл, 975 нафар вояга етмаганлар билан тегишли тартибда иш олиб боради. Хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқий-тиббий билимларини юксалтириш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, вояга етмаганлар билан ишлаш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида маҳалла раиси Ёқутхон Мадраҳимова, котиба Маҳфузахон Жумабоева, профилактика инспектори Абдулазиз Маражабов ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда мунтазам турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилаётганлиги ана шу йўналишлардаги ишлар самарадорлигини оширмоқда.
Гулнорахон маҳалладаги ҳар бир хонадонга имкон қадар тез-тез киради, уларнинг турмуш тарзи билан яқиндан танишади, керакли маслаҳатлар беради, зарур бўлганда амалий ёрдам кўрсатади. Хотин-қизлар ва ёшлар ўртасидаги жиноятчилик ҳолатларини, оилавий низоларни бартараф этишда у доимо маҳалла кексалари ҳамда фаоллари кўмагига суянади. Жорий йилнинг ўтган даврида маҳалладаги 10 нафар нотинч оиладаги вазият яхшиланди. Яраштириш комиссияси ва маслаҳатчининг саъйи ҳаракати билан ажрашиш арафасида турган 8 оила яраштирилди.
Маҳаллада кўплаб ҳунармандлар, косиблар, касаначилар фаолият юритади. Ҳатто имконияти чекланган бўлишига қарамай, ҳунармандлик қилаётган Гулнорахон Юсупова, чевар Анзиратхон Тожибоевалар тиккан миллий либос, дўппи, кўрпа-тўшак жилдлари кўпчиликка манзур бўлмоқда. Уларнинг кўмаги, яъни "Устоз-шогирд" анъанаси асосида хотин-қизлар бандлиги таъминланмоқда.
Ёшлар ҳам ўз ютуқлари билан маҳалла шуҳратини оширмоқда. Етти ёшли Заҳро Зуҳриддинованинг каратэ бўйича республика чемпионатида фахрли 2-ўринни эгаллаганлиги фикримизга бир мисолдир.
Гулнорахон нафақат ишда, балки оилада ҳам ҳурмат топган аёллардан. Турмуш ўртоғи Рашидбек олий маълумотли мутахассис, ҳозирда "GM Uzbekistan" қўшма корхонасида хизмат қилади. Ахил-иноқ бу оилада икки ўғил, бир қиз вояга етди. Катта ўғиллари Исломбек Тошкент Автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институтини тамомлаб, автомобиль мактабида ўқитувчилик қилмоқда. Қизлари Камола Андижон давлат университетининг 2-босқич талабаси. Кенжа фарзандлари Шохбоз олий ўқув юртига кириш учун тайёргарлик кўрмоқда.
- Маҳалламиздаги хайрли ишларга ўз ҳиссамни қўшаётганлигимдан, меҳнатларим маҳалладошларим томонидан эътироф этилаётганлигидан беҳад хурсандман, - дейди маслаҳатчи Гулнора Ботирова. - Ана шу эътироф ҳамиша менга куч ва шижоат беради, мени янада фаол ишлашга ундайди.
Дарҳақиқат, Гулнорахон фаолияти давомида "Фуқаролар йиғинининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси" кўрик-танловининг вилоят босқичида биринчи, республика босқичида иккинчи ўринни эгаллаган. Бундан ташқари, у "Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 25 йил" эсдалик нишони билан ҳам тақдирланган. Бу Гулнорахоннинг меҳнатлари эътирофи, фаолиятига берилган муносиб баҳодир. Маҳалла аҳли бугун ўз маслаҳатчисига ишонади, суянади ва ҳурмат қилади. Гулнорахон каби эл-юрт ишига камарбаста, фидойи опа-сингилларимиз сафи кенгаяверсин.
ИЖТИМОИЙ ШЕРИКЧИЛИК МУНОСАБАТЛАРИ МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА
(40-сон)
Андижон давлат тиббиёт институтида Халқ депутатлари вилоят кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди билан ҳамкорликда ўтказилган мазкур тадбирда комиссия аъзолари, депутатлар, вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари муҳаррирлари иштирок этди.
Давра суҳбатида ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси томонидан "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар таҳлил этилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танловларида вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштироки сингари қатор масалалар хусусида ўзаро фикр алмашилди.
Тадбирда нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан амалга оширилган ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларнинг самаралари, ҳокимият ва давлат бошқаруви органлари билан нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий шериклигини янада мустаҳкамлаш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбирда 2017 йилда ўтказилган грант танловларида ғолиб деб топилган нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситаларига грант сертификатлари топширилди.
Иштирокчилар томонидан ижтимоий аҳамиятга эга дастурларни самарали амалга оширишда давлат, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаоллигини, ижтимоий ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, жамоат фонди томонидан эълон қилинган навбатдаги грант танловида иштирок этиш, лойиҳалар тайёрлаш, тақдим этиш бўйича мутахассислар томонидан маслаҳат ва тавсиялар берилди.