+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

"МЕН ОБОД ЮРТНИНГ БАХТЛИ АЁЛИМАН"

(39-сон) Фермер аёлларимиз

- дейди улуFнорлик фермер Майрамхон Шарипова

Асли Шаҳрихондан бўлган Майрамхон Шарипованинг Улуғнорга келиб, иш бошлаганига қарийб ўн етти йил бўлди. Бугун уни кўпчилик нафақат Улуғнор туманида, балки вилоятимиздаги илғор фермер аёллардан бири сифатида яхши билади. Унинг раҳбарлигидаги "Шаҳрихонлик Зайнура" фермер хўжалиги ҳар йили давлатга пахта, ғалла ва пилла топшириш режасини ортиғи билан бажариб келмоқда.

- Болалигимдан ерга меҳрим бўлакча, деҳқончиликка қизиқишим баланд бўлган, - дейди Майрамхон Шарипова. - Қишлоқ хўжалиги институтига ўқишга киришни орзу қилар эдим. Мактабни битирган йилим дадам оламдан ўтди. Бу йўқотиш менга каттиқ таъсир қилди, қолаверса, онамни ёлғиз ташлаб кетолмадим. Шу билан ўқиш ҳақидаги орзуим армонга айланди. Лекин деҳқончиликдан кўнгил узолмадим.

Жамоа хўжалигида табелчи бўлиб ишладим. Тажрибали, кўпни кўрган деҳқонлардан дала ишларининг ўзига хос томонларини, одамлар билан ишлашни ўргандим. Бу орада турмушга чиқдим. Далада ишлаш иштиёқи мени асло тарк этмасди. Турмуш ўртоғим, қайнона-қайнотамга озроқ ер олиб деҳқончилик қилсак, деган ниятимни айтганимда, улар мени қўллаб-қувватлашди. Деҳқончилик учун ер беришларини сўраб, мутасаддиларга мурожаат қилганимда, "Агар ниятингиз жиддий бўлса, Улуғнордан ер олиб, деҳқончилик қилинг", деб маслаҳат беришган. Ўшанда ота-оналаримизнинг дуосини олиб, турмуш ўртоғим билан Улуғнорга келиб иш бошлаганмиз, шу ерда яшаб қолдик. Шукрки, меҳнатларимиз ортидан кам бўлмадик, ҳурмат-эътибор топдик.

Ҳа, қатъий ишончи, интилиши, ҳалол меҳнати билан Майрамхон эл орасида ардоғ топди. Улуғнорда  дастлаб 20 гектар майдонда деҳқончилик қилди. Пахта ва буғдойдан яхши ҳосил олди. Меҳнатсеварлиги, ишни тўғри ташкил этиши, аъзоларни аниқ мақсад сари етаклай олиши унинг ютуқларида муҳим омил бўлди. Йиллар давомида ташаббускор ва шижоатли фермернинг тажрибаси юксалди, ишлари юришди, одамларнинг, раҳбарларнинг унга бўлган ишончи ортди. Унга ажратилган ер майдони, фаолияти кенгайди.

Албатта ана шу даража ва натижаларга эришиш осон кечмаган. Қанча-қанча қийинчилик, машаққатлар енгиб ўтилди.

- Фермерликни бошлаганимда кичик фарзандим хали икки ёшга ҳам тўлмаган эди, - дейди Майрамхон опа. - Фермерликка иштиёқим   баландлигидан, ҳатто "Хали болаларим кичкина-ку, қийналмасмиканман?" деб ҳам ўйламабман. Мана, ҳаммаси ортда қолди. Бугун ўғлим вояга етиб, ёнимга кирди. Хўжаликни     бошқаришни бошлади. Ўғлимдаям худди мен каби ташкилотчилик, тадбиркорлик, ўзи қизиққан йўлдан қатъий бориш  хусусияти бор.

 Жорий йилда хўжалик 80 гектар майдонда деҳқончилик қилди. Буғдойдан мўл ҳосил олиниб, давлатга ғалла топшириш шартнома режаси бажарилди. Бугун 55 гектар майдондаги пахта қийғос очилган. Умуман, фермер хўжалиги қатор йиллардан буён пахта режасини 110-120 фоизга бажариб келади. Бунда Абдураҳим Шарипов, Худойберди Шарипов, Қаҳрамон Назаров, Ўғилой Неъматова, Ҳасанбой Абдуллаев сингари сувчи, механизатор ва аъзоларимизнинг хизматлари ниҳоятда катта.

Шу кунларда йиғим-терим ишлари қизғин паллага кирган. Насиб қилса, қисқа кунлар ичида режа адо этилади.

Истиқлол Майрамхон опа сингари жуда кўп аёлларга кенг имкониятлар эшигини очиб берди. Айниқса, фермерларга берилаётган имкониятлар уларнинг салоҳиятини юзага чиқармоқда, юрт равнақи йўлида астойдил меҳнат қилишга ундамоқда.

Майрамхон опа нафақат тажрибали деҳқон, балки ибратли оиланинг бахтли бекаси ҳамдир. Турмуш ўртоғи билан 5 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказдилар, ўқитиб, уйли-жойли қилдилар. Оиладаги ҳамжиҳатлик, сидқидилдан меҳнат қилиш оиланинг тўкис ва фаровон ҳаёт кечиришига замин яратди. Самарали меҳнатлари, фермерликнинг ортидан ушбу оила кам бўлмади. Майрамхон опа болаликда қилган орзу-ниятларига эришди. Ер эгаси бўлди. Ҳамма ҳавас қилгудек оиласи, рўзғори бор.

-Ўйлаб қарасам, ҳаётда бир аёл қилиши мумкин бўлган барча ишларни бажарибман, - дейди қаҳрамонимиз. - Оилам тинч, фарзандларим бахтли. Уй-жой, машинамиз бор. Юрт равнақига ўз ҳиссамни қўшяпман, имкон қадар одамларга ёрдам беряпман. Эл-юрт орасида ўз ўрним, ҳурматим бор. Инсон, айниқса, аёл киши учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак!?

Ўрни келганда айтишим керакки, мана шундай юртда меҳнат қилишнинг, яшашнинг ўзи бир бахт. Шу боис ҳам мен ўзимни озод ва обод юртнинг бахтли аёлиман, деб ишонч билан айта оламан. Илоҳим юртимизга, тинч-осойишта ҳаётимизга  кўз тегмасин!

Қалбларида мана шундай шукроналик, юрт равнақи учун фидойи ва меҳнаткаш Майрамхон Шарипова сингари опа-сингилларимиз сафи кенгаяверсин.

 

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

ВИЛОЯТИМИЗДА "БОЛАЛАР КИТОБИ" III РЕСПУБЛИКА ФЕСТИВАЛИ ТАДБИРЛАРИ БЎЛИБ ЎТДИ

(39-сон) Фестиваль

"Соғлом ва маънавий етук авлод - юрт келажаги" шиори остида ўтказилаётган "Болалар китоби" III республика фестивали Андижон шаҳридаги "Баркамол авлод" вилоят болалар ижодиёти марказидаги тадбир билан бошланди.

Вилоят ҳокимлиги, матбуот ва ахборот, маданият ҳамда халқ таълими  бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда таниқли ёзувчи-шоирлар, адабиётшунос олимлар, ёш ижодкорлар, ёшлар вакиллари иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда китоб тарғиботи орқали маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини, шунингдек, аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобга ва китоб муто-лаасига бўлган қизиқишини ошириш, китоб маҳсулотлари чоп этиш ва тарқатиш фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

 - Фестиваль доирасида  китоб-лар ярмаркалари, тақдимоти, мушоиралар, ўқувчи ёшларнинг ёзувчи-шоирлар билан учрашувлари, китоб тарғиботига бағишланган турли танловлар ва бошқа қатор тадбирлар бўлиб ўтади, - дейди вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Абдуғулом Султонов. - Булардан кўзланган асосий мақсад, ёш авлодни китобга бўлган муҳаббатини ошириш, маънавиятини юксалтиришга кўмаклашишдир.

Китоб савдоси билан шуғулланувчи қатор ташкилотлар ҳамда З. М. Бобур номли вилоят ахборот-кутубхона маркази томонидан ташкил этилган китоблар кўргазмалари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.

Ёш ижодкорларнинг янги китоб-лари тақдимотида ёш иқтидор соҳибларини қўллаб-қувватлаш борасида мамлакатимизда ибратли ишлар олиб борилаётганлиги, бунинг самараси ўлароқ, биргина жорий йилда республикамизнинг турли   наширётларида ўнга яқин андижонлик ёшларнинг янги китоблари чоп этилганлиги қайд этилди.

- Яқинда "Бувимнинг ўгитлари" номли илк китобим нашрдан чиқди, - дейди ижодкор ёшлардан бири, Андижон давлат университети қошидаги академик лицей ўқувчиси Садоқат Солижонова. - Бу албатта, Президентимиз раҳнамолигида биз ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар самарасидир. Бўлиб ўтаётган фестиваль биз ёшларни китобга бўлган меҳримизни янада оширмоқда.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан ўтказилган ёш ижодкорлар мушоирасида Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф номли она тили ва адабиётига ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари ҳамда "Бобур издошлари" ёш ижодкорлар тўгараги аъзоларининг чиқишлари, шунингдек, вилоят қўғирчоқ театрида китоб тарғиботига бағишланган "Китоб - мўъжиза" деб номланган театрлаштирилган томоша ҳам барчада катта таассурот қолдирди.

З. М. Бобур номли вилоят ахборот-кутубхона марказида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 13 сентябрдаги "Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқа-тиш тизимини ривожлантириш, қитоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида"ги қароридан келиб чиқадиган вазифаларга бағишлаган семинар ҳамда таниқли ижодкорларнинг ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Қизиқарли савол-жавоблар тарзида ўтган тадбирларда юқоридаги қарорнинг мазмун-моҳияти, китобнинг инсон ҳаёти ва жамият тараққиётидаги ўрни, роли ва аҳамияти ҳақида иштирокчиларга, хусусан, ёшларга кенг тушунчалар берилди. Фаол иштирок этган ўқувчиларга андижонлик адибларнинг китоблари совға қилинди.

Катта тантана билан ўтган "Болалар китоби" фестивали аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик, мутолаа маданиятини юксалтириш ва кенг тарғиб қилишга хизмат қилди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари С.Исмоилов иштирок этди.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Суратда: китоб фестивали тадбирларидан лавҳа.

ГУРУҲ ЕТАКЧИЛАРИ ФАОЛЛИГИ ЯНАДА ОРТАДИ

(39-сон)

Андижон шаҳар маиший хизмат касб-ҳунар коллежида "Ёшлар ташкилоти етакчилари фаолияти самарадорлигини ошириш - муҳим масала" мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Коллеж маъмурияти ҳамда вилоят ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 5 июлдаги "Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлингини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги фармони ижросини таъминлаш, ёшлар ташкилоти етакчиларига кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Андижон шаҳар кенгаши мутахассислари, коллеждаги гуруҳлар етакчилари, фаол ўқувчилар иштирок этиб, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори бос-қичга кўтариш юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.

Тадбирда сўз олган коллеж директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Баҳромжон Аҳмаджонов, коллеж ёшлар ташкилоти етакчиси Гулноза Сиддиқова ва бошқалар юқоридаги фармоннинг мазмун-моҳияти, гуруҳлар етакчиларининг вазифалари, ёшларнинг ижтимоий  фаоллигини оширишга қаратилган тарғибот тадбирларини самарали ташкил этиш ҳақида кенг маълумотлар бердилар.

Мавзу доирасида маърузалар ўқилиб, гуруҳлар етакчиларига зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар.

Тадбир етакчи ёшларнинг мавзуга оид билим, тушунча ва тажрибаларини бойитишга хизмат қилди.

 

Зулхумор АКБАРОВА

ХОТИН-ҚИЗЛАРГА ЁРДАМ КЎРСАТИЛМОҚДА

(39-сон)

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши томонидан "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастури ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, партия фаоллари, партиядан сайланган депутатлар жойларда ташкил этилган секторлар ишчи гуруҳлари билан  ҳамкорликда аҳоли вакиллари билан мулоқотлар ўтказмоқда, мавжуд муаммолар аниқланиб, улар имкон қадар ижобий ҳал этилмоқда.

Партиямиз, айниқса, хотин-қизларнинг   ижтимоий-сиёсий фаоллигини, маънавиятини юксалтириш, оила ва маҳалладаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашдаги ролини ошириш, турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида аёлларимизнинг иштирокини кучайтириш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, опа-сингилларимизни касаначилик, чорвачилик, ҳунармандликка жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.

Бўз туманида ўтказилган мулоқотлар давомида ҳам кўплаб муаммолар жойида ҳал этилди. Туманнинг Пиллакор маҳалласида истиқомат қилувчи  Марҳабо Райимбердиевага партиямиз фаоллари томонидан кўрсатилган амалий ёрдам ана шу йўналишдаги ишларга ёрқин бир мисолдир.  

Фуқаро Марҳабо Райимбердиева 1-гуруҳ ногирони. Ота-онаси оламдан ўтган, ҳозирда у опасининг қарамоғида яшайди. Имконияти чекланганлигига қарамай чеварлик ҳунарини пухта ўрганган. Шу боис у тикув машинаси олиб, ўзи яшаётган хонадонда чеварлик билан шуғулланиш, оиласига қўшимча даромад келтириш истагини айтиб, бу борада ёрдам берилишини сўраб мурожаат қилган.

O'zLiDeP вилоят  Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Тоҳиржон Толипов ташаббуси билан Марҳабо Райимбердиевага энг сўнгги русумдаги тикув машинаси олиб берилди.

- Кўрсатилган эътибордан ярим кўнглим тоғдек кўтарилди, - дейди М. Райимбердиева. - Партиянинг кўмаги туфайли ҳунарим орқали  оиламга  даромад келтириш имконига эга бўлганлигимдан беҳад хурсандман. Мана шундай хайрли ишларнинг бошида турган Президентимизга, менга кўмак кўрсатган барча инсонларга чексиз миннатдорчилик билдираман.

     Партиямиз томонидан амалга оширилаётган бу каби хайрли ишлар кўлами тобора ортиб бормоқда.

Умидахон ИСАЕВА,

 

O'zLiDeP вилоят кенгаши Аёлларнинг сиёсий фаоллигини, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими мудири.

Келажаги порлоқ, буюксан, юртим!

(39-сон)

 

Ватан-остонамдаги муқаддас тупроқ,

Босган изларим сен, қиблагоҳим сен.

Сенла менга афсуслар бегона мутлоқ,

Ўтмиши қадим ва ҳур диёрим сен!

 

Пойингга тиз чўккан не-не буюклар,

Бағрида кимларни асраган жонсан.

Ўзлигинг унутма, ўтса ҳам асрлар,

Озодлик шамоли эсган ҳур маскан.

Борлигинг қўшмоқда умримга умр,

Яхши-ёмон кунда менга қалқонсан.

Бергансан гўдаклик онимдан меҳр,

Узолмасман қарзим, кечсам ҳам жондан.

 

Ватан-юрагимдан тошиб чиққан шеър,

Ватан-киндигимдан тўкилган қоним.

Майли, душманларинг нима деса дер,

Келажаги порлоқ, буюксан, юртим!

 

Гулруҳ ЖАББОРОВА, Избоскан тумани.

АСАКА ТУМАНИДА ЯНГИ ТУFРУҚ МАЖМУАСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

(39-сон)

Асака тумани Тўрттош қишлоғида туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 1- туғруқ мажмуаси капитал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.

Мажмуа очилишига бағишланган тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова, вилоят соғлиқни сақлаш   бошқармаси бошлиғи А. Мамадалиев ва бошқалар сўз олиб, мамлакатимизда истиқлол йилларида аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасалари учун мослаштирилган янги бинолар қуриш, уларни илғор ва замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, Президентимиз ташаббуси билан соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, кенг кўламли ишлар натижасида тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва савияси юксалиб, фуқароларга қатор қулайликлар яратилаётганлиги таъкидланди.

- Барча қулайликларга эга туғруқ мажмуасини қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳамда замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун қарийб 1 миллиард 360 миллион сўм маблағ сарфланди, - дейди туғруқ мажмуаси мудираси Комилахон Мирхўжаева. - Натижада туғруқ олди хасталикларини эрта аниқлаш, самарали даволаш, бехатар оналикни таъминлаш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш баробарида аҳолига катта қулайлик яратилди.

Замонавий қиёфага эга, кенг ва ёруғ, хоналари дид билан жиҳозланган 95 ўринли туғруқ мажмуасида шифокорлар ва беморлар учун зарур барча шарт-шароитлар яратилган. 

- Яратилган шароитларга ҳар қандай кишининг ҳаваси келади, - дейди Асака тумани Қурама маҳалласида яшовчи ёш она Мафтунахон Одилова. - Муҳтарам Президентимиз, ҳукуматимиз томонидан аҳоли, айниқса, оналар ва болалар  саломатлигини сақлашга қаратилаётган бундай эътибор ва ғамхўрлик  бизни беҳад  қувонтиради.

Мазкур мажмуа ишга туширилиши билан туманда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги ишлар, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати янада юксалади.

 

 

Марҳабо АКБАРАЛИЕВА

ЁШЛАР ТЕРИМДА ФАОЛ ҚАТНАШМОҚДА

(39-сон)

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши ташаббуси билан амалга оширилаётган "Фидойи ёшлар отряди" лойиҳаси доирасида ҳар бир туманда ташкилот фаоллари ва уюшмаган ёшлардан иборат терим отрядлари ташкил этилиб, миллий бойлигимиз пахтани териб олишда фаол иштирок этмоқда.

Бу каби отрядлар вилоятимиз туманларида ҳам ташкил этилди, айни кунда уларнинг сафига қарийб 10 минг нафарга яқин йигит-қиз жалб этилган. Ушбу отрядлар томонидан бир кунда ўртача 400-500 тонна оқ олтин йиғиб-териб олинмоқда.

- Кеча 130 килограмм пахта териб, отрядимизнинг энг илғор теримчиси бўлдим  - дейди қўрғонтепалик Роҳатой Саидова. - Пахта ҳосилини йиғиб олишда қатнашиб, туманимиз, юртимиз оқ олтин хирмонининг юксалишига ўз ҳиссамни қўшаётганлигимдан хурсандман. Қолаверса, пахта териб, оиламга яхшигина даромад келтираяпман.

Теримда етакчилик қилаётган туманлар отрядлари, шижоатли, энг илғор ёшлар Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан рағбатлантирилмоқда.

 

Оминахон ИБРАГИМОВА,

 

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши бўлим мудири.

ИҚТИДОРЛИ ЎҚУВЧИЛАР ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНМОҚДА

 (39-сон)

Олтинкўл иқтисодиёт коллежида "Иқтидор ва истеъдодлар орамизда" деб номланган тадбир бўлиб ўтди.

Коллеж маъмурияти, Ёшлар иттифоқи ҳамда хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги "Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги фармони ижроси доирасида ўтказилган тадбирда ёш иқтидор соҳибларини аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар хусусида сўз юритилди.

Тадбирда коллеж директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Зилола Тоштемирова сўз олиб, Шуҳрат Азимов, Шаҳло Мўйдинова, Барчиной Қобулова, Хумоюн Исмоилов сингари иқтидорли ўқувчилар, айниқса, коллежнинг "Андижон зукколари" жамоаси эришган ютуқлар, умуман, коллежда иқтидорли ёшларнинг ўз истеъдод ва салоҳиятларини юзага чиқариши борасида амалга оширилаётган ибратли ишлар хусусида гапирди.

Иқтидорли ўқувчиларнинг ижодий ишлари кўргазмаси барчада катта таассурот қолдирди. Шунингдек, коллежда "Энг яхши спортчи", "Энг яхши шеър муаллифи", "Энг тадбиркор ўқувчи", "Энг яхши рассом" сингари ўнга яқин йўналишлар бўйича олиб борилаётган ишлар, иқтидорли ўқувчиларни тўгаракларга жалб этиш бўйича ҳам муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Тадбир иқтидорли ўқувчиларни янада фаол бўлишига яқиндан ёрдам берди.

 

 

Дилноза МУХТОРЖОНОВА

"АНДИЖОННИНГ ЖОНКУЯР АДИБИ"

(39-сон)

 Бобур номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят мусиқали драма ва  комедия театри, Ички ишлар вазирлигига қарашли қоровул қўшинлари ҳарбий қисми, Андижон тиббиёт коллежи ҳамда Андижон шаҳридаги 14-умумтаълим мактаби ҳамкорлигида  Ўзбекистон санъат арбоби, таниқли шоир ва драматург Олимжон Холдор таваллудининг 85 йиллигига бағишланган, "Андижоннинг жонкуяр адиби" мавзусида хотира кечаси бўлиб ўтди.

Ижордкорлар, адабиёт ихлосмандлари, кенг жамоатчилик вакиллари, адибнинг фарзандлари, шогирдлари иштирок этган тадбирда таниқли ижодкорлар Тўлан Низом, Қамчибек Кенжа, Хуршидабону, Ҳабиб Сиддиқ, Нусрат Абдусалом, профессор Сирожиддин Зайнобиддинов сўз олиб, адабиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшган сермаҳсул ижодкор Олимжон Холдорнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида иштирокчиларга ўз хотираларини гапириб бердилар.

Тадбирда Андижон тиббиёт коллежи қошида ташкил этилган "Андижон Саидаси" тўгараги аъзолари томонидан Олимжон Холдор қаламига мансуб шеърлар ўқилди, Бобур номидаги вилоят мусиқали драма ва комедия театри хонандаси Тўрахон Қодировнинг шоир шеърлари асосида ижро этган қўшиқлари барчага кўтаринки кайфият бағишлади.

Тадбир доирасида "Найнинг навосидан таралган сатрлар" мавзусида китоблар кўргазмаси ташкил этилиб, адибнинг ахборот-кутубхона марказидаги мавжуд асарлари фойдаланувчиларга тавсия этилди.

Муҳайё УБАЙДУЛЛАЕВА,

вилоят ахборот-кутубхона маркази сектор мудири.

 

 

ҲАЁТ-ЎРГАНИШ

(38-сон) Кечинма

Ҳар бир киши ҳаётида турфа одамларга йўлиқади. Дунёда ҳам зоҳиран, ҳам ботинан бир-бирини такрорлайдиган инсонлар йўқ. Улардан, албатта нималарнидир ўрганиш мумкин.

Суҳбатдош бўлган ҳар бир кишидан ибрат олинг. Улардан бири кучли, иродали бўлишни, бошқаси эса доно ёки меҳрибон бўлишни ўргатади. Кимдир сизга ўтаётган ҳар бир кунингиздан қувониб яшаш илмини беради.

Яна шундайлар ҳам борки, улар ҳаётингизни издан чиқариб, руҳингизни синдиради. Бундай пайтларда фақат бардошли бўлишингиз, эртанги кунга умид назари билан қарай олишни ўрганган бўлишингиз лозим. 

Унутманг, ҳаётингизда пайдо бўлган ҳар бир кишининг қадрига етинг, ундан нимадир ўрганишга интилинг, ҳатто у душманингиз бўлса ҳам.

Мадина ИГАМБЕРДИЕВА,

 

талаба.