+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ПИРУ БАДАВЛАТ ЧИННИХОН МОМО

(19 - СОН)

Юз билан юзлашганлар

Хотира ва қадрлаш кунида нафақат ўтганларни ёдга оламиз балки, бугун ҳам давраларимиз тўрисида ўзларининг дуолари билан юртимизга тинчлик-омонлик, ёшларга бахту-камол тилаётган пиру-бадавлатларимизни йўқлаб, мана шундай дориломон кунларга етишишимиз учун қилган меҳнатларини қадрлаймиз.

Ана шундай қадрлашга, эъзозлашга муносиб инсонларнинг орамизда кўплиги бизни қувонтиради. Пахтаободнинг Наврўз маҳалласида яшаётган Чиннихон ҳожи она Йўлдошева ҳам ана шундай табаррук инсонлардан биридир. Бу йил онахон ўзининг бир асрлик тўйини нишонлаётган бўлса-да ҳали ҳам тетик, бардам. Кўкламга етказганига шукр айтаётган момо турмуш ўртоғи билан тотувликда ҳаёт кечириб, 5 нафар фарзандни тарбиялади, юртга қўшди. Бугун набира, чевара, эваралари онахоннинг атрофида парвона.

- Қандай оғир кунларни бошдан ўтказмадик, суронли йиллар азоби ҳали-ҳали ёдимдан чиқмайди, - дейди Чиннихон момо бугунги тинч-осойишта дамларга шукрона келтириб. - Очарчилик, қаҳатчилик даврларини  кўрдик. Иккинчи жаҳон уруши йилларида эркаклар урушга кетиб, барча юмушлар аёллар зиммасида қолганида ҳам кечани кеча, кундузни кундуз демай, меҳнат қилдик. Ёруғ кунларга умид қилиб яшадик.

Онахонни тирик хотира китоби, десак муболаға бўлмайди. Бир асрлик ҳаёти давомида неча долғали замонларга гувоҳ бўлган Чиннихон ҳожи она мустақиллик туфайли эришилаётган улкан муваффақиятлардан кўнгли тоғдек кўтарилади, мана шундай кунларга етганига шукроналар келтиради, юрт катталарининг ҳаққига дуолар қилади.

Фарзандлари Мирзабаҳром, Одилжон, Позилжон, Жанонхон ва Манзурахонлар ота-онасининг чиройли тарбияларини олиб, эл-юрт ишига камарбаста инсонлар бўлдилар. Ҳимоятхон, Ҳалимахон, Ёқутхон, Зарифахон, Хуршидахон, Одинахон ва Садоқатхондек қўл-оёғи чаққон келинлари ҳамиша муборак ёшли Чиннихон момонинг хизматига шай.

Ҳалол-поклиги, меҳнатсеварлиги, ибратли ҳаёти билан эъзоз топган Чиннихон момо фарзанду келинларига, ёшларга ушбу сўзларни айтишдан чарчамайди: "Кимки ҳалол меҳнат қилса кам бўлмайди, элда азиз бўлади".

Умри меҳнатда ўтган онахон бугун маҳалланинг энг табаррук инсони сифатида  тўй-маъракаларнинг бошида туради. Қўйиб берса, шу ёшда ҳам ёстиқ тикиш, кўрпа қовуш дейсизми бажараверади. Онахоннинг шижоатига қойил қолмаслик мумкин эмас. 

- Чиннихон момо маҳалламизнинг фахри, - дейди маҳалла оқсоқоли Абдулаҳад Ашуров. - Кимки оиласида бирор тадбир бошласа, албатта, онахоннинг ҳузурига келиб дуо олади. "Қари билганни пари билмас" деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Унинг панду насиҳатларига қулоқ тутамиз, момонинг ҳар бир сўзи, ўгити биз учун ибратдир.

Дарҳақиқат, Чиннихон ҳожи она сингари инсонлар ўз умрларини бугунги авлод бахти учун бахшида этдилар. Шундай экан, ана шу табаррук зотларни ҳар қанча қадрласак арзийди.

Нафиса ЮСУПОВА,

жамоатчи мухбир.

ИЛМИ УММОН, СЎЗИ МАРЖОН ЭДИ

(19 - СОН)

 (Устоз Турсиной Содиқова хотирасига)

Кўп йил аввал боиси хизмат,

Илм иши шеърга боғланди.

Унутилмас бу дилкаш суҳбат,

Бугун хотирага айланди.

 

Опа билан учрашмоқ шараф,

Илми уммон эди, сўзи - маржон.

Ўзлигимга бўлдим мушарраф.

Ўгитидан ором топди жон.

 

"Оҳ бу шеърим ёд олдинг нечун?

Ўз сирин ҳам очилди синглим.

Дилрозимни айтганинг учун,

Овозингдан яйради кўнгил.

 

Муҳаббат бу - илоҳий неъмат,

Ҳикматига ақил етмайди.

Икки оташ кўнгил - иноят,

Ҳар кимга ҳам насиб этмайди.

 

Оғир дард - бу, кўтармоқ мушкул,

Оиланга содиқ бўл буткул,

Осуда дил аёл бўлиб қол.

 

Дардгинангни давосидир вақт,

Ўзинг ёниб, ўчасан ўзинг.

Ҳаётдан топ меҳр ҳам сабот,

Ҳикмат изла, шеър қил дил сўзинг.

 

Неча йилки шеър ёзмагандим,

Опа бугун дўстман қаламга.

Мен яшашни сиздан ўргандим,

Меҳр керак экан одамга.

 

Насиҳатгўй жон, опажоним,

Нажот эди сўзингиз жонга.

Сизни йўқотганим армоним,

Ой эдингиз сиз Андижонга.

 

Яратганнинг ўзи билади,

Кўнамиз-а, бечорамиз-да.

Сўзларингиз дилда қолади,

Сиз яшайсиз хотирамизда".

 

 

Фаридахон  ТОШХЎЖАЕВА.

ҲАЛОЛ МЕҲНАТ САОДАТИ

(19 - СОН)

фахрийлар фахримиз

Олтинкўл тумани, Маслаҳат қишлоғидаги Эркин маҳалласида тўқсон тўрт ёшни қоралаган онахон истиқомат қилади. Маҳалла, қишлоқ аҳли Робияхон ая дея ҳурмат-эҳтиром кўрсатадиган онахон умрининг ярим асрдан зиёдини ёш авлод тарбиясига бағишлаган. Тўй-маракаларда ҳамиша бош-қош бўлгани, ёшлардан маслаҳатларини аямагани ҳамда катта-ю, кичикка бирдай хуш муомалада бўлгани боис ҳам ая барчанинг ҳурматини қозонган.

Робияхон аянинг кўп йиллик самарали меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан эътиборга олиниб, "Халқ таълими аълочиси", "Маориф фидойиси" нишонлари, "Эл-юрт ҳурмати ордени", "Шуҳрат" медали ва яна қатор мукофотлар билан тақдирланган. Уч нафар фарзанди, 36 нафар набира ҳамда чеваралари даврасида кексалик роҳатини сураётган онахонннинг ҳамон қадди тик, тетик. Сабаби, илк бора 20 ёшида раҳматли умр йўлдоши Солижон отанинг ундови билан велосипед минишни ўрганган ая ҳали ҳануз велосипедда юришни канда қилмайди. Шунданми, ёшликдаги ғайрати бутун вужудидан уфуриб туради. Маҳалла ишида фаол. Ҳозиргача тўй-ҳашамлар, маъракаларга дастурхонни велосипед орқасига боғлайди-да, кетаверади. Қаҳрамонимиз кекса бўлишига қарамасдан ёшлик йилларини кечагидек эслайди.

- Бундан етмиш тўрт йил аввал шу қишлоққа келин бўлиб тушганман. Раҳматли эрим маърифатпарвар, кўнгли тоза, аммо, чўрткесар ва қатъиятли инсон эди. Бирга турмуш кечириб, у кишидан жуда кўп яхшиликлар кўрдим, кўп нарсаларни ўргандим. Айниқса, менга велосипед минишни ўргатгани учун ундан умрим охиригача миннатдорман.

"Велосипед миниш ҳам спортнинг бир тури, соғликка фойдаси катта" деганди чолим раҳматли. Чиндан ҳам кўп юрсам-да чарчамайман. Ҳеч қандай касаллик безовта қилмайди. Дори-уколлардан-ку деярли фойдаланган эмасман. Айрим ёшлардан кўра дадилман. Тани-жоним соғ. Тўғри, бир марта қаттиқ оғриганман. Қишлоқчилик эмасми, мендан бошқа аёллар у пайтларда велосипед миниш-масди. Ўғилларим катта бўлгач, "ая, велосипедда юришингиздан маҳалладошлар олдида истиҳола қиляпмиз. Илтимос, бизни ноқулай аҳволга солманг"  дейишиб, велосипедимни қисмларга ажратиб яшириб қўйишган. Севимли машғулотимдан ажралгач, бир-икки ойдан сўнг бетобланиб, ётиб қолдим. Ҳолатимни тушунган ўғилларим узр сўрашиб, яна велосипедимни қайтадан тиклаб беришган. Шундан буён бирор ерим оғриганини эслай олмайман.

Ҳа, аяда ўзига хос фидоийлик, жонсараклик бор. Айни шижоатга тўлган, лиммо-лим ёшлик чоғида мактабда иш бошлаган кезлари Иккинчи жаҳон уруши бошланиб қолди. Уруш захматлари кўплар қатори Робия онани ҳам четлаб ўтмади. Фронт ортида меҳнат қилиб халққа маърифат тарқатди. Оғир, суронли йилларда метин иродаси билан зиммасига катта масъулият юкини олди. Оила аъзоларига уй, дала ишларида ёрдам бераётган болаларга имконият ва вақтини топиб сабоқ берди.

- У дамларни эсласам юрагим орқага тортиб кетади, - дейди Робияхон момо. - Қорнимиз нонга тўймаган. Бир бурда нон учун эртадан-кечгача тинмай ишлардик, кўпинча оч қолардик. Биз кўрган қийинчиликларни ёшлар, келгуси авлод асло кўрмасин. Бугунги тинч, фаровон ҳаётимизга шукрона келтирайлик, диёримиз осудалигига асло кўз тегмасин.

Робияхон Имяминова хонадонига нафақат собиқ ўқувчилари, балки бутун маҳалла аҳли тез-тез келиб, аянинг ўгитларини тинглашади. У билан суҳбатлашиб, ибратли ҳаётидан ўзларига сабоқ олишади.

 

Ҳасанбой ТУРFУНОВ,

 

Олтинкўл тумани. 

ОИЛАМ, ФАРЗАНД ВА НАБИРАЛАРИМ МЕНИНГ БАХТИМ,

(19 - СОН)

фаол аёлларимиз

- дейди олий тоифали шифокор Равшаной Ботирова

Инсон ҳаётда меҳнати, олиб бораётган хайрли ва эзгу ишлари билан қадр топади. Яна орамизда шундай инсонлар борки, улар ўз зиммасидаги вазифани адо этишга нафақат билими, салоҳияти, балки қалб қўрини, меҳрини баҳшида этади. Касбига бўлган садоқати, фидоийлиги туфайли эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топади.

Андижон шаҳар 1-туғруқ комплекси хомиладор хасталиклар бўлими мудири Равшаной опа Ботирова ҳақида сўз кетганда шууримизга беихтиёр юқоридаги фикрлар келади. Малакали, қўли енгил шифокор сифатида эл-юрт, хотин-қизлар саломатлигини сақлаш йўлида фидоийлик билан меҳнат қилаётган Равшаной опанинг олиб бораётган ибратли фаолияти таҳсинга муносибдир.

1989 йилда Андижон давлат тиббиёт институтининг даволаш факультетини тамомлаган Равшаной опа ёш мутахассис сифатида ўз меҳнат фаолиятини тиббиёт институти клиникаси гемотология бўлимида бошлади. Устозлари Муҳаррамхон Ҳалимжонова, Роҳилахон Каримова, Тоҳирахон Назарова, Раънохон Турсунова, Дилоромхон Алиевалардан олийгоҳда олган билимларини амалиётда қўллаб, шифокорлик касбининг ўзига хос сирларини ўрганди, билимларини бойитди. Мана қарийб 28 йилдирки, самарали фаолият юритиб келмоқда. Ўтган ана шу давр мобайнида минглаб опа-сингилларимизнинг дардига шифо улашди.

Равшаной опа ўзининг ташаббускорлиги, интилувчанлиги, камтар ва касбига фидойилиги билан ҳам ҳамкасбларидан ажралиб туради. Эътироф этиш керакки,  у меҳнат фаолияти давомида доимий изланди, ўз устида тинимсиз ишлади, ўрганди, кўплаб аёлларнинг она бўлишларига қўлидан келганча ёрдам берди.  Бугунги кунга келиб, у олий тоифали шифокор, соҳанинг етук мутахассиси сифатида ҳамкасблари, одамлар орасида катта ҳурмат-эътибор топа олди.

Жамиятда, оилада қандай мавқега эга бўлиш ҳар бир кишининг ўзига, интилишига боғлиқ. Шу маънода Равшаной опа ҳамиша ишда намунали фаолият юритишга, оиладаги вазифаларини бекаму кўст адо этишга алоҳида эътибор қаратди.

- Мен ҳаётда нимага эришган бўлсам, буларнинг барчаси фарзандларини ўқитиб, чиройли тарбия берган раҳматли отажоним, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Рашиджон Аҳмедов ва умрлари узоқ бўлсин онажоним Мамлакатхон Аҳмедованинг хизматлари маҳсули деб биламан. Мен улардан бир умр миннатдорман.

Ҳа, Равшаной опа нафақат, ишда фаол, балки кўплар ибрат қилса арзийдиган оиланинг бахтли бекасидир. Турмуш ўртоғи, тажрибали хирург, профессор Акрамжон ака Ботиров билан чиройли ҳаёт кечириб, 2 қиз ва бир ўғилни вояга етказдилар. Бугун қизлари Нодирахон, Иродахон, куёвлари Муроджон, Муҳаммаджон эл-юрт ишига камарбаста инсонлар бўлиб, турли соҳаларда самарали меҳнат қилмоқдалар. Ўғли Жаҳонгир эса отаси ва онасининг изидан бориб, шифокорлик касбини эгалламоқда. Ҳозирда у Андижон давлат тиббиёт   институтининг 6-босқичида давлат гранти асосида таҳсил олмоқда.

- Оилам, фарзанд ва набираларим менинг бахтим, - дейди тўрт нафар набиранинг бувижониси Равшаной опа. - Оилам бағрига қайтганимда, уларнинг, айниқса, набираларимнинг қувноқ чеҳраларини кўрганимда ишдаги бутун чарчоқларни унутаман, уларнинг меҳридан куч оламан. Менимча, аёллик, оналик бахти шу бўлса керак.

Бугун орамизда опа-сингилларимиз саломатлигини сақлашдек масъулиятли вазифани сидқидилдан адо этиб келаётган Равшаной опа Ботирова сингари фидойи, фаол аёлларимиз бор экан, ҳаётимиз янада гўзал, юртимиз равнақи бундан-да юксалиб бораверади.

Розия ШУКУРОВА,

 

жамоатчи мухбир.

"САЛОМАТЛИК САРИ" ОММАВИЙ ЮГУРИШ ТАДБИРИ

(19 - СОН)

Вилоятимизда "Саломатлик сари" шиори остида республика оммавий югуриш тадбири бўлиб ўтди.

Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан ўтказилган югуриш мусобақаларида вилоятдаги турли корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган 350 нафардан зиёд ишчи-хизматчилар фаол иштирок этди.

 Икки километрга югуриш мусобақаларида уч ёш тоифаси - 18 дан 30 гача, 30 дан 45 гача ва 45 дан юқори ёшдаги эркак ва аёллар ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди.

Мусобақанинг якуний натижаларга кўра, аёллар ўртасида Гулнигор Музаффарова, Шоира Абдуллаева, Дилрабо Зайниева, эркаклар ўртасида Хумоюн Маҳмудов, Дилёр Ўктамов, Орифжон Араббоев ўз ёш гуруҳларида ғолибликни қўлга киритди.

- Ўтказилган марафон саломатлигимизни мустаҳкамлашга, чиниқишимизга яқиндан ёрдам берди, - дейди мусобақа ғолибларидан бири, вилоят руҳий касалликлар шифохонаси ҳамшираси Ш. Абдуллаева. - Қолаверса, ҳар бир иштирокчида ўзига бўлган ишонч, интилиш ва шижоат хислатларини янада мустаҳкамлади.

Fолиб ва совриндорлари, шунингдек, "Энг ёши улуғ иштирокчи", "Fалабага бўлган интилиши учун", "Энг ёш иштирокчи" сингари қатор номинациялар бўйича ғолиблар мусобақа ташкилотчилари томонидан диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Муҳиба ҚУРБОНОВА,

вилоят касаба уюшма ташкилотлари

 

 бирлашмаси етакчи мутахассиси.

ФУҚАРОЛАРНИНГ ЎЗИНИ ЎЗИ БОШҚАРИШ ОРГАНЛАРИ

(19 - СОН)

фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши

ташкил этилди

Мамлакатимизда кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш жараёни кечаётган бугунги кунда маҳалла тизими жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамият касб этмоқда. Маҳалла - фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини, қолаверса, фуқароларнинг ўзини-ўзи   бошқариш институти сифатида ҳам алоҳида мавқега эга.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралдаги "Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида фуқаролар ўзини ўзи  бошқариш органларининг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни самарали ҳал қилишдаги ролини янада ошириш, фуқаролар йиғинларининг муштарак манфаатларини ифода этадиган уюшмага бирлаштириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини янада ривожлантириш сингари қатор вазифаларни амалга ошириш белгиланган.

Фармондан келиб чиқиб, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгашининг таъсис конференцияси бўлиб ўтди.

Конференцияда кенгашни ташкил этиш ва унинг фаолияти билан боғлиқ қатор масалалар, яъни  Фуқароларнинг ўзини ўзи     бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Андижон вилояти кенгашини тузиш ва аъзоларини тасдиқлаш; Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгашининг намунавий низоми лойиҳасини кўриб    чиқиш; кенгаши Тафтиш комиссияси раиси ва аъзоларини сайлаш; Андижон вилояти кенгаши ижро аппаратининг тузилмасини тасдиқлаш; вилоят кенгашининг раиси, раиснинг биринчи ўринбосари,  раиснинг ёшлар, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлари ҳамда котибини тасдиқлаш; Республика кенгаши таъсис конференциясига делегатлар сайлаш; ҳудудий кенгашлар қошида жамоатчилик назорати гуруҳини ташкил этиш  сингари қатор масалалар  муҳокама этилди.

Анжуманда Кенгашнинг намунавий низоми лойиҳаси атрофлича муҳокама этилиб, иштирокчилар томонидан низомни янада такомиллаштириш бўйича таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раиси этиб, вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, биринчи ўринбосари вазифасига  Қодиржон Ризаев сайланди. 

Қизғин ва амалий иш жараёнида ўтган   конференцияда кўрилган барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

АНДИЖОНДА НИКОҲ ВА СУННАТ ТЎЙЛАРИ ЎТКАЗИЛДИ

(19 - СОН)

Андижон шаҳридаги "Тошкент премиум" тўйхонасида Андижон, Булоқбоши, Жалақудуқ, Шаҳрихон, Хўжаобод, Қўрғонтепа туманлари ва Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи 7 жуфт келин-куёвнинг  никоҳ тўйи бўлиб ўтди.

Йил дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, халқимизнинг қадим ва ўзига хос қадриятларига ҳамоҳанг бўлган хайрли ишлар кўламини кенгайтириш, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган никоҳ тўйлари миллий анъана ва урф-одатлар асосида ташкил этилди.

 Андижон шаҳридаги байрамона безатилган муҳташам "Тошкент премиум" тўйхонасида келин-куёвлар карнай-сурнайлар садолари остида кутиб олинди. Тўй тадбирида  келин-куёвларнинг қариндош-уруғлари, маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

- Президентимиз раҳнамолигида ташкил этилган мазкур тўйлар ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларнинг кўнглини кўтаришга, ҳаётларига ўзгача файз ва мазмун киритишга хизмат қилмоқда, - дейди Шаҳрихон тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Фаридахон Турдиева.- Тадбир давомида келин-куёвлар, уларнинг ота-оналари, яқинлари юзида қувонч, мамнунлик, ҳаётдан баҳтиёр эканликлари ўз аксини топди.  Энг муҳими, мазкур тадбир ҳар бир фуқаро давлатимиз ва ҳукуматимиз эътиборида эканлигининг ёрқин намунаси бўлди.

Хайрия тадбири унутилмас лаҳзаларга бой бўлди, ёш оилаларга Президент совғаси - замонавий ётоқхона мебеллар тўплами, вилоят ҳокимлиги ва бошқа хомий ташкилотларнинг совғалари топширилди. Шунингдек, келин-куёвларга никоҳ узуги, тўй сарполари туҳфа этилди. Тўй келин-куёвлар, ота-оналари қалбига бир олам қувонч бағишлади.

- Ёлғиз аёлман, фарзандим Жамолиддиннинг никоҳ тўйини ўтказдик, - дейди Булоқбоши туманидаги "Нур замин" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Иқлимхон Хайитова. - Кам таъминланган оилалар, уларнинг фарзандларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан беҳад мамнунман. Бунинг учун барча оналар номидан Президентимизга чексиз миннатдорчилик билдираман.

Шунингдек, Андижон шаҳри ва Андижон, туманида истиқомат қилувчи 17 нафар болажоннинг суннат тўйи ҳам ўтказилди.

Тўй болалар ҳам  карнай-сурнай садолари остида миллий анъаналаримиз асосида кутиб олинади. Тантана давомида болажонларга вилоят ҳокимлиги, хомий ташкилотларнинг совғалари, турли мавзулардаги китоблар тўплами ҳамда Халқ банки бўлимлари томонидан ҳисобига 1 миллион сўмдан маблағ қўйилган омонат дафтарчалари топширилди.

Эзгуликка йўғрилган мазкур хайрия тадбирлари кўплаб фуқароларнинг кўнглини тоғдай кўтарди, уларга қувонч ва шодлик улашди. Қолаверса, юртдошларимиз қалбида меҳр-оқибат, саховат, одамийлик, эзгулик каби фазилатларни янада мустаҳкамлади.

Тадбирларда Андижон вилояти ҳокими Ш. Абдураҳмонов иштирок этди.

        Иродахон МАХАТОВА,

вилоят ҳокимлиги бош мутахассиси.

"БИЛИМДОНЛАР" БЕЛЛАШУВИ

Ўқувчи-ёшларнинг билимларини мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида Булоқбоши саноат касб-ҳунар коллежида математика фани бўйича "Билимдонлар" беллашуви баҳси ўтказилди.

Беллашувда коллежнинг I- босқич ўқувчилари, яъни 101-гуруҳнинг "Ал-Хоразмий" ҳамда 108-гуруҳнинг "Алгоритм" жамоалари табрик,  таништирув, "формулани биласизми?", математика фани бўйича савол-жавоблар, қизиқарли ўйинлар тақдимоти ҳамда сардорлар беллашуви шартлари асосида ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб бордилар.

Якуний натижага кўра, "Алгортм" жамоаси ғолиб деб топилди. Fолиб жамоа ва фаол иштирок этган ўқувчилар коллеж маъмурияти томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Нилуфар АБДУҚАЮМОВА,

мазкур коллежнинг математика

 

фани ўқитувчиси.

НОДИРА - ТАНЛОВ FОЛИБИ

(19 - СОН)

Марҳамат туманидаги 5- сон болалар мусиқа ва санъат мактабида "XXI аср аёли" кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Мар-ҳамат туман Кенгаши томонидан хотин-қизлар қалбида она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғоялари ва миллий қадриятларга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳамда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнидаги фаоллигини ошириш, етакчилик фазилатларини аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, оилада, жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашиш мақсадида ўтказилган мазкур танловда турли соҳаларда самарали фаолият юритаётган, партия аъзоси бўлган фаол хотин-қизлар иштирок этиб, белгиланган шартлар асосида ғолиблик учун баҳс олиб бордилар.

Якуний натижаларга кўра,  Марҳамат хизмат кўрсатиш ва ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Нодира Раҳмонжонова ғолиб чиқиб, танловнинг вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Fолиб ва совриндорлар "Миллий тикланиш" демократик партияси туман Кенгаши томонидан фахрий ёрлиғ ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

 

Саида ЗИКРЯЕВА

Таянчимсан, суянчимсан, Ўзбекистоним!

Ўтмиши ҳам буюк бўлган аждодингдан айланай,

Аждодингга муносиб ёш авлодингдан айланай,

Осмонларни бўйлаётган бунёдингдан айланай,

Сен менинг фахримсан, ҳам ифтихорим,

Таянчимсан, суянчимсан, Ўзбекистоним!

 

Истиқлолнинг шарофати юртда ҳаловат бўлди,

Марраларга етишдик кўп орзу, иноят бўлди,

Бобо, момо дуолари бу кун ижобат бўлди,

Сен менинг фахримсан, ҳам ифтихорим,

Таянчимсан, суянчимсан, Ўзбекистоним!

 

 Фидо бўлдинг мен ҳам сенга фидолар бўлай,

Ўзга юртда шоҳ бўлгунча гадолар бўлай,

Таьрифингга шеърлар ёзиб, наволар бўлай,

Сен менинг фахримсан, ҳам ифтихорим,

Таянчимсан, суянчимсан, Ўзбекистоним!

 

Билдим сени демаганлар қоладилар зорликда,

Ватан ўзи нима азиз сендан бўлак борлиқда,

Сени деса Шоҳсанам ҳам етгай бахтиёрликка,

Сен менинг фахримсан, ҳам ифтихорим,

Таянчимсан, суянчимсан, Ўзбекистоним!

 

Шоҳсанам ЭРГАШЕВА, Асака тумани.