+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Йилнинг энг нуфузли аёллари рўйхати эълон қилинди

Германия канцлери Ангела Меркел Forbes нашри томонидан 2019 йилнинг энг нуфузли аёли деб топилди. Немис сиёсатчиси ушбу нашр 16 йилдан буён эълон қилиб келаётган рейтингларда бу йил 14-марта қайд этилди.

Рўйхатнинг юқори ўнлигини америкалик ва европалик хонимлар банд этган. Рейтинг аёлларнинг бизнес, технология, молия, медиа, сиёсат, хайрия ва кўнгилочар тадбирлардаги фаоллиги асосида тузилган.

Иккинчи ўринда Европа Марказий банки президенти, франциялик Кристин Лагард қайд этилган бўлса, юқори учликни АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси якунлаб беради.

Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен тўртинчи, General Motors ижрочи директори Мэри Бара бешинчи ўринда кўрсатилган.

Буюк Британия қироличаси Елизавета II 40-поғонани банд этган бўлса, "Time" нашри томонидан "Йил одами" деб топилган ёш экофаол Грета Тунберг сўнгги юзинчи ўринни эгаллаган.

16 ёшли Тунберг - бу рўйхатга кирган тарихдаги энг ёш қиз бўлди. Қиролича Елизавета II эса энг кекса хоним ҳисобланади.

2019 йилги рўйхатдан 32 давлат вакиллари ўрин олган.

"Рўйхатга дунёнинг энг қудратли инноватор, таҳлилчи лидер хонимлари киритилган. Улар    анъанавий структураларни янгилашга хизмат қилаётган, ўз соҳаларида катта таъсирга эга аёллар ҳисобланади. Маълумотларга қараганда, мазкур рўйхатдан ўрин олган юз нафар аёлнинг бойлиги жами 2,3 триллион долларни ташкил этади. Уларнинг қўл остида дунё бўйлаб 6,5 миллион ходим ишламоқда.

Андижон шаҳридаги 13-умумтаълим мактаби  ўқитувчиси Нилуфар МАМАТУРАИМОВА тайёрлади.

ЯНГИ ЙИЛ БАЙРАМИ ҚАЕРДА, ҚАНДАЙ КУТИБ ОЛИНАДИ?

биласизми?

Янги йил байрами турли давлатларда турлича кутиб олинади.

Қадимги Мисрда янги йил байрами Нил тошқини бўлган кунда нишонланар экан. Бу кўпинча   сентябрь ойининг охирига тўғри келади. Нил дарёсининг тошиши мисрликлар ҳаётида катта аҳамиятга эга бўлган. Уларнинг фикрича, шу кунларда қуёш худоси Амон ўз хотини ва ўғли Бинн билан дарёдан сузиб ўтишади. Сўнг, яна ибодатхонага қайтишади. Шунинг учун ҳам улар бу кунни байрам сифатида нишонлашган.

Ҳозирги янги йилни римликлар биринчи бўлиб нишонлашган. Яъни, эрамиздан аввалги 46-йилда Юлий Цезар янги тақвим жорий этган. Унга кўра, янги йил 1 январдан бошланган . Одамлар бу куни бир-бирларига совғалар улашишган.

Йиллар ўтиши билан турли халқлар янги йил байрамини ўз урф-одатларидан келиб чиқиб, нишонлай бошлаган. Лекин кўплаб халқларда Янги йил байрами - оилавий байрам сифатида кутиб олиниши урфга кирган. 

Жумладан, юртимизда ҳам янги йил байрами асосан оила даврасида нишонланади. Байрам кунида ҳар бир хонадонда байрамона дастурхон тузалади, оила даврасида ота-оналар, қариндош-уруғлари билан биргаликда хурсандчилик қилинади. Шу баҳона яқинларидан хабар олинади, барча инсонлар бир-бирларига эзгу ниятлар билдирадилар.

Янги йил байрами қаерда, қандай кутилиши ҳам кўпчиликни қизиқтириши табиий. Демак, янги йилни турли халқлар қуйидагича кутиб олади:

Шотландияда Янги йил кечасида одамлар эшикка термулиб турадилар. қора сочли киши келиб: "Бу хонадоннинг қозони ҳамиша қайнаб турсин", деб бир парча кўмир ташлаб кетади.

Венгрияда Янги йил дастурхони жуда чиройли безатилади. Аммо, парранда гўшти қўйилмайди. Чунки, парранданинг қаноти бор. Парранда учиб кетса, хонадон бахтини кўтариб кетади, деб ирим қилишади.

Японлар эски йилнинг охирги куни ҳамма идишлардаги сувни тўкиб ташлайдилар ва булоқдан янги сув олиб келиб, кутиб ўтирадилар. Эски йил тугаб, қўнғироқлар бонг ургач, катта-ю, кичик булоқ сувига ташланади. Улар эски йилдаги гуноҳларини ювишади. Сўнгра тўкин дастурхон атрофига ўтирадилар.

Ҳиндистонда Янги йил куни одамлар маҳалла ва кўчаларни гул билан тўлдиришади. Ривоятда айтилишича, шу куни энг адолатли подшоҳ Махабали келиб, фуқароларга ризқ-насиба улашаркан.

Ветнамда Янги йил кечаси дўстларга янги шафтоли новдаси совғға қилиш ва улар билан гулхан атрофида мириқиб суҳбатлашиб ўтириш одат тусига кирган.

Гвинеяда Янги йилнинг биринчи кунида фил етаклаб юришади. Чунки, бу давлатда филлар саломатлик ва тинчлик рамзи саналади.

Судан аҳолиси Янги йил кечаси бахт рамзи сифатида бир-бирларига кўк ёнғоқ улашадилар. Ҳар бир кунимиз тўкин-сочин бўлсин, деган ниятда кўчаларга ҳам ёнғоқ сочадилар.

Италияда Янги йил кечаси одамлар жуда эҳтиёт бўлиб юрадилар. Чунки, италияликлар уйларидаги яроқсиз буюмларни янги йил кутиб олинаётган дақиқаларда деразадан кўчага улоқтиришади.

Сожида САИДОВА тайёрлади.

Огоҳ ва ҳушёр бўлайлик!

"101" огоҳлантиради

"UZAuto Motors" АЖ Ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси ходимлари томонидан корхонада ёнғинлар келиб чиқишининг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш бўйича кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишлари, амалий   машғулотлар олиб борилмоқда. Айниқса, портлаш, ёниш хавфи юқори бўлган ҳудудларда ёнғин хавфсизлиги масаласига  алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бундан ташқари, корхона ҳудудида қурилиши режалаштирилаётган бинолар ҳамда зарур қурилмаларни ўрнатишда ёнғин хавфсизлиги талаблари бўйича таклиф ва тавсиялар берилмоқда.

Корхона ишчи ва хизматчилари, шунингдек, корхонага ўқув амалиётини ўташ учун келаётган талабалар билан ёнғинларнинг олдини олиш бўйича доимий суҳбатлар ўтказиб борилмоқда. Олиб борилаётган профилактик ишлар самараси ўлароқ, жорий йил давомида ёнғин билан боғлиқ бирорта ҳам кўнгилсиз ҳодиса содир бўлмади.

Хулоса қилиб айтганда, корхона ёнғин хавфсизлиги бўлими ходимлари қишнинг аёзли кунларини, қолаверса, янги йил байрамини кўнгилдагидек ўтказиш, ёнғин      хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиш, ёнғинлар келиб чиқишининг олдини олиш бўйича зарур барча ишларни олиб боради.

Азиз юртдошлар! Огоҳ ва ҳушёр бўлайлик. Ёнғин қоидаларига эътиборсизлик туфайли мол-мулкимизни, ҳаётимизни хавф остида қолдирмайлик.

 

Умиджон ҲАКИМОВ,

 

"UZAuto Motors" АЖ  ЁХБ кичик инспектори, сафдор.  

Билимдон ўқувчилар сафи кенгаймоқда

Жорий йил декабрь ойида вилоятимиздаги умумтаълим мактабларида бошланғич синфлар ойлиги ўтказилмоқда. Ана шу муносабат билан Андижон шаҳридаги 24-умумтаълим мактабидаги барча бошланғич синфларда инновацион дарслар ташкил этилмоқда.

Ўқувчиларга пухта билим бериш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар самараси ўлароқ,  бошланғич синфларимизда ижобий натижаларга эришилмоқда, фаол ва билимдон ўқувчиларимиз сафи кенгаймоқда. Хусусан, яқинда бўлиб ўтган "Янги авлод" фан олимпиадасининг шаҳар босқичида мактабимизнинг бошланғич синф ўқувчилари -  3-"А" синф ўқувчиси Музайяна Лутфуллаева, она тили фанидан 2-ўринни, 3-"В" синф ўқувчиси Лола Зияева рус тили фанидан 2-ўринни, 4-"А"-синф ўқувчиси Хадичаикубро Неъматова математика фанидан 3-ўринни, 4-"В"синф ўқувчиси Муслима Адҳамова рус тили фанидан 2-ўринни, 4-"Г" синф ўқувчиси Халимаой Самсакова ўқиш фанидан 2-ўринни қўлга киритди.

Куни кеча мактабимизда Президентимиз томонидан илгари сурилган муҳим беш ташаббус доирасида турли тадбирлар ўтказилди. "Умидимиз юлдузлари", "Жажжи хаттотлар", "Ёш ихтирочилар", "Кичик мўйқалам сохиблари", "Истеъдодли чолғучилар", "Математика билимдони", "Жажжи гроссмейсторлар", "Кичкинтой раққос ва раққосалар" номинациялари бўйича беллашувлар ўтказилди. Беллашув ғолиб ва совриндорлари мактаб   маъмуриятининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

Д. НОСИРОВА,

мазкур мактаб ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари.

Онам - бошдаги тожим, қизим - бахтим, меърожим

орамиздаги аёллар

Халқимизнинг хўб ажойиб нақллари бор. "Меҳнат инсонни улуғлайди" ибораси шулардан биридир. Одамлар орасида тилдан тилга ўтиб келаётган бу сўз замирида қанчалар маъно мужассам эканлигини ҳалол меҳнати билан элда обру-эътибор, эъзоз топаётганлар яхши биладилар.

Муҳаббатхон Азизларходжаева ўзини ишига, оиласига бағишлаган, ҳалол меҳнати билан маҳалладошлари, ҳамкасблари орасида ҳурмат эътибор қозонган фидойи аёл. 

Ўтган асрнинг 80-йиллари. Асли қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидан бўлган Муҳаббат опани  фалакнинг гардиши Андижонга улоқтирди. Бу ерда у ўқиди, турмуш қурди, ишга жойлашди. Туп қўйиб, палак ёзди. Аввалига ўз соҳаси бўйича Хонободдаги Сув қурилиш материаллари корхонасида инженер бўлиб ишлади. Сўнг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланди. "Семурғ" фирмасини ташкил этди. 14 йиллик фаолияти давомида Муҳаббат опа ишлаб чиқариш, товар айирбошлаш,   экспорт-импортни, бизнес юритишни пухта ўрганди. Ҳисоб-китобларда чархланди.

2011 йилда Муҳаббат опани ҳисобчилик ишига таклиф этдилар. Ана шундан буён Муҳаббатхон Азизларходжаева Андижоннинг маълум ва машҳур кафеларидан бири бўлган "Истанбул Лаззат" МЧЖда бош ҳисобчи бўлиб ишлаб келмоқда.

- Оилада 7 қиз эдик, - эслайди Муҳаббат опа. - Барчамиз ўқидик, олий маълумот олдик. Мен тўнғич қизман. Бир синглим адвокат, иккитаси инженер,  яна бири ўқитувчи, икки синглим шифокор. Онам Манзурахон ая жамиятнинг жуда фаол аёлларидан бўлган. Махсус мактаб-интернатда тарбиячи бўлиб ишлагани боис, таълим ва тарбия қон-қонига сингиб кетган.Ҳовлимиздан маслаҳат сўраб келадиган одамлар кети узилмасди.  Биронта ажрашаётган оила бўлса, онам бориб ўша оилани тикламагунча, яраштирмагунча тинчимасди. Дадамни Файзуллахўжа уста дейишарди. Ҳокисор, самимий, танти одам эди. Меҳнаткашлик, бардошлилик отамдан ўтган бўлса, тиришқоқлик, фаоллик  онамдан ўтган. Уларнинг ўгитлари, берган тарбиялари билан ёмон бўлмадик. Оила, фарзандлар олдидаги бурчга садоқат, қайноқ меҳр ва эътиборни бизга ота-онамиз юқтирган. Қанийди, ҳозирги ёш куёв-қайлиқларда ҳам шундай фазилатлар бўлса.

Муҳаббат опа Мактубжон ака билан турмуши давомида қизлик бўлди. Бироқ, тақдир унинг пешонасига бошқа фарзанд битмади. "Қиз фарзанд - давлат, йўқлаб келадиганим, коримга ярайдиганим, ўлсам-йиғлайдиганим бор", дея шукр қилди у. "Биргина қизим бор", деб ўксинмади, унга бор меҳрини берди, таълим-тарбиясига эътибор қаратди.

Дилоромхон Муҳаббат опа орзу қилганидек эсли-ҳушли, одобли,  тиришқоқ, илмга чанқоқ чиқди. Андижон давлат тиббиёт институтида ўқиди, илмий иш қилди. Малакали нейрожарроҳ бўлиб етишди. Ақлу заковати, юксак салоҳияти боис уни институтнинг ўзида олиб қолдилар. Мана 5 йилдирки, Дилоромхон Норматова Андижон давлат тиббиёт институтининг "Болалар травматологияси, ортопедия ва нейрожарроҳлик" кафедрасида   ассистент лавозимида ишламоқда. Оиласи, Муслимахон исмли ширингина қизалоғи бор.

- Бу дунёда мен фахрланадиган ва суянадиган икки инсон бор. Булардан бири - онам, бири қизим, - дейди Муҳаббат опа. - Онам бошдаги тожим бўлса, қизим - бахтим, меърожимдир. Бу ўхшатиш кимларгадир эриш туюлар. Бироқ, ўйлаб кўрсангиз, ростдан ҳам оналик - улуғ мартаба. Она бўлсанг, еттинчи осмонларда учасан, гўё меърожга юксаласан. Онаси борлар ҳеч қачон қаримайди, қизи борлар эса ҳеч қачон хор бўлмайди. Шундай тақдир берган Оллоҳга беадад шукроналар келтираман. Онангиз борми, уни асранг, бошингизга кўтаринг, қизингиз борми, уни асраб-авайланг. Уларнинг бахти - сизнинг бахтингиздир.

Инсонга умр бир марта берилади. Уни қандай ўтказиш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Ҳаёт йўлини тўғри танлаган одамгина юксак ҳурматга сазовор бўлади. Муҳаббат опа ҳаёт йўлини тўғри танлади, бу борада фарзандига ҳам тиргак бўла олди. Орамиздаги ана шундай аёллар, оналарни ҳамиша нур таратиб турувчи маёққа қиёслагим келади.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Суд идоралари тадбиркорларни қўллаб-қувватламоқда

Ҳуқуқий тарFибот

Пахтаобод туманида "Сиз тадбиркор учун нима қилдингиз?" акцияси доирасида "Тадбиркорлик соҳасида амалда бўлган қонун нормалари ва қонуности ҳужжатлари қоидалари" мавзусида тадбир ўтказилди.

Жиноят ишлари бўйича туман суди ташаббуси билан ўтказилган тадбирда туманда фаолият юритаётган тадбиркорлар, ички ишлар бўлими профилактика инспекторлари, суд идоралари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда сўз олган Жиноят ишлари бўйича Пахтаобод туман суди раиси Шуҳратбек Мирзакиров Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тадбиркорликни  қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилаётган "Сиз тадбиркор учун нима қилдингиз?" акциясининг мазмун-моҳияти, тадбиркорлик соҳасида мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда ушбу соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича давлат идоралари томонидан олиб борилиши лозим бўлган ишлар ҳусусида сўз юритди.

Тадбир иштирокчилари - тадбиркорлар фаолияти юзасидан мавжуд муаммоларни ҳал этиш ва ўзларини қизиқтирган бошқа саволларга батафсил жавоблар олди. Тадбиркорларни қийнаётган қатор масалалар шу ернинг ўзида ечимини топди.

Тадбирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар тадбиркорлар томонидан солиқ қонунчилиги бўйича жиноятлар содир этилишининг олдини олиш, унга олиб келадиган омилларни бартараф этиш масалалари ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини юксалтириш бўйича ўқув семинари ташкил этишга келишиб олдилар. Шунингдек, тадбир доирасида "Тадбиркорлик субъектларининг хуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилиши ҳолатларининг олдини олиш бўйича туман жиноят, маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий судлар раислари, судьялари томонидан  жойларда сайёр қабул ташкил этиш "Тадбирлар режаси"га кўра, 1- сектор штабида  тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар учун сайёр қабул ўтказилди.

 

Муҳайёхон

ЭГАМБЕРДИЕВА,

 

Жиноят ишлари бўйича Пахтаобод туман суди девонхона мудири.

ХОНАДОНДА ЧАҚАЛОҚ ТУFИЛСА...

Янги йил ўйлари

Жамиятда азал-азалдан "янги" сўзи билан боғлиқ иборалар кишиларга қувонч бағишлаб келган. "Янги уй", "янги сарпо", "янги йил" каби ибораларнинг ҳар бирида ўзига xос қувонч, ажиб бир туйғу - хурсандчилик мужассам.

Айниқса, оилада фарзанднинг    дунёга келиши элимизда "янги меҳмон" ибораси билан номланиб, бу энг аввало, чақалоқнинг ота-онасига, қолаверса, бобоси ҳамда бувисига чексиз шодлик бағишлайди. Оилада гўёки осмондан нур ёғилгандай ажиб бир тароват ҳукм суради. Қўшнилар, яқин қариндошлар куёв-қайлиқни янги меҳмон  дунёга келгани билан қизғин қутлайдилар, чақалоққа узоқ умр, бахт-саодат тилайдилар. Бу, албатта, ҳаётнинг энг бахтиёр, севинчли дамларидир.

Одатда, таниш-билишлар янги фарзанд кўрган хонадон соҳибларига "Қутлуғ бўлсин, исмини нима        қўйдинглар?" дея мурожаат қиладилар. Шунда жарангдор, чиройли исм қўйган ота-оналар фахр билан ўз фарзандининг исмини сўраганларга маълум қилади.

Фарзандга исм қўйишда ёш оила соҳиблари кўпроқ исмининг маъносига ҳамда кўпчиликка маъқул бўлишига эътибор берсалар, албатта яхши бўлади. У хоҳ ўғил бўлсин, хоҳ қиз бўлсин, ўзига қўйилган исмдан катта бўлганда хурсанд бўлиши, фахрланиши лозим.

Ҳозирги кунларда эътибор берадиган бўлсак, туғилган чақалоқларга Севинч, Севара, Муниса, Озода, Озодбек, Алишер, Нуриддин каби исмлар кўпроқ қўйилмоқда. Сезган бўлсангиз,  исмларнинг кўпчилиги қўшиқчи       санъаткорларнинг исмидан олинган. Тўғри, ҳавас қилган яхши. Лекин исм қўйишда мулоҳаза билан иш юритиш, катталардан маслаҳат олиш, ўзига мос исм қўйиш муҳимдир.

Маълумки, ҳар битта исмда унинг эгасининг фазилатлари, ўзига хос хислатлари акс этади. Шунинг учун ҳам фарзандларга исм қўйишда унинг  маъноси ва талаффузидаги афзалликка катта эътибор берганимиз мақсадга мувофиқдир.

Мана, Янги - 2020 йил ҳам аста эшик қоқмоқда. Янги йил билан барча ҳамюртларимизни қутлаймиз. Ҳаммага узоқ умр, соғлик-саломатлик тилаймиз. Янги йил арафасида ва байрам кунларида янги фарзанд кўрган оилаларга  "Қўшалоқ байрамингиз қутлуғ бўлсин!" деймиз. Янги меҳмонларнинг умри узоқ, бахти бутун бўлсин.

Севарахон ЭРМАТОВА,

 

Асака тумани 2-сон ФҲДЁ бўлими мудири.

Марҳаматда ижодкорлар гурунги

Кундан кунга чирой очиб бораётган юртимизнинг ҳар бир гўшаси, хусусан, вилоятимизнинг шаҳар ва қишлоқлари ҳам обод бўлиб бормоқда. Янги-янги ишлаб чиқариш қувватлари, хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилмоқда. Яқинда Марҳамат туманида Наврўз маҳалласида  "Нафосат" номли ошхонанинг очилиши фикримизга бир мисолдир.

Истеъдодли ижодкор Абдусалим Назировнинг ташаббуси билан иш бошлаган ушбу ошхонанинг очилиш тадбири адабиёт, шеърият байрамига айланиб кетди. Тадбирда "Нафосат" ижодкорлар клуби, "Муҳаммад Юсуф издошлари" тўгараги аъзолари, "Ёшлик" журнали, "Оқ олтин" газетаси  таҳририятлари вакиллари, ижодкор ёшлар иштирок этди.

Тадбирда сўз олган шоир Фарид Усмон ва бошқалар ушбу овқатланиш шохобчаси меҳмондўст марҳаматликлар учун янада қулайлик яратишини таъкидладилар.

Шундан сўнг тадбир Ҳабиб Сиддиқнинг "Ним коса" деб номланган китоби тақдимотига уланиб кетди. Ижодкорлар ўз ижодларидан намуналар ўқиди, шунингдек, тадбирда санъаткорлар томонидан ижро этилган шўх тароналар даврага ўзгача файз ва кўтаринкилик бағишлади.

 

 

Ойгул ЭШМУРОДОВА

Жанубий Кореянинг таълим тизими

Талаба тадқиқоти

 

Кореянинг замонавий таълим тизими Япония мустамлакасидан озод бўлган 1945 йилдан бошланган. Аммо Корея таълим соҳасида ўзига хос қадим анъаналарга эга.

Замонавий таълим тизими 1945 йилдан 1970 йилларгача жадал ривожланди. Айниқса, 1950-1953 йиллардаги фуқаролик уруши натижасида юзага келган иқтисодий қийинчиликларга, вайронагарчиликларга қарамай, Жанубий Корея саводсизликни тугатиш борасида қатъий йўл тутди.

 1968 йилда қабул қилинган Миллий таълим хартияси корейс халқи менталитети ва ватанпарварлигининг ўзига хос томонларини ёрқин ифода этади. Корея Республикасида яхши маълумотга эга бўлиш ҳар бир фуқаронинг муваффақиятли каръерасида муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам олий ўқув юртида таҳсил олиш юқори даражали нуфуз келтиради. 

Корея таълим тизимида математика, корейс ва инглиз тилларига, аниқ ва ижтимоий фанларга алоҳида эътибор қаратилади. Жисмоний тарбия    машғулотлари мамлакатда иккинчи даражалидир. Барча таълим муассасалари юқори тезликдаги интернет тармоғига уланган. Ўқув йили 2 семестрга бўлинган бўлиб, биринчиси мартда бошланади ва июль ўрталарида тугайди, иккинчиси эса август  ойининг охирида бошланиб, февралнинг ўрталарида тугайди. Ўқув йили қатъий белгиланмаган. Бир муассаса бошқасидан фарқ қилиши мумкин. Кореяда талабаларга таълим бериш ва уни баҳолаш услублари ўзига хосдир. Таҳсил олувчилар маъруза жараёнларига ўзлари тайёрланади ва ўзлари ўқийди. Ўқитувчилар уни фақат бошқариб туради, ўқитувчилар давомат, маъруза, конспектларга у қадар эътибор қаратмайди. Бироқ талаба, албатта, ўзи танлаган йўналишида ҳар   семестрда синовдан ўтиши шарт.        1-босқич талабаларига юқори  босқичда таълим олувчи талабалар мутахассисликлари бўйича бириктириб қўйилади.  Корейслар учун олган назарий билимларни амалда қўллай олишга бўлган ишонч жуда муҳим саналади.

Кореядаги тўрт йиллик олий ўқув юртларида мутахассислик бўйича чуқур билим берилади. Икки йиллик касб-таълим коллежларида эса касб билан боғлиқ ихтисослаштирилган таълим ўқитилади.

Олий билим юртига ўқишга киришда ўқувчининг мактаб ҳаёти ҳақидаги қайднома, иншо, тилларни ўзлаштириш даражаси муҳим ҳисобланади. Ҳар бир олий билим юртида талабаларни қабул қилишнинг ўзига хос усули, талабаларга қўядиган талаблари мавжуд. 

Тадқиқотчиларнинг фикрича, Жанубий Кореянинг иқтисодиёт ва техникада эришган ютуқлари "инсон ресурслари"га моҳирлик билан инвестиция киритилишида деб ҳисоблайдилар. Қадим даврлардан шаклланган ўқимишли инсонга ҳурмат билан қараш ҳозирги кунга қадар сақланган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Корея Республикасининг таълим соҳасидаги тажрибаси, таълим соҳасида олиб бораётган сиёсати юқори самаралар бермоқда. Бугунги кунда таълим харажат қилувчи соҳа эмас, балки жамиятнинг энг муҳим ишлаб чиқарувчи кучига айланган.

Моҳичеҳрабону ҲАМИДОВА,

 

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллар университети филология факультети талабаси.

ДИПЛОМЛАР ҚАЙ ТАРТИБДА НОСТРИФИКАЦИЯ ҚИЛИНАДИ?

Билиб қўйганингиз яхши

Ушбу саволга Избоскан тумани Давлат хизматлари маркази бўлим бошлиғи Дилмурод ҚУТБИДДИНОВ жавоб беради

Диплом нострификацияси соддалаштирилмоқда

Давлат хизматлари агентлиги фуқароларга хорижий ОТМлар дипломини нострификация қилиш хизматини ҳам кўрсатади.

Жорий йилнинг 24 июлида Агентлик томонидан ташаббус қилинган хорижий ОТМ дипломларини нострификация қилиш тартибини соддалаштирувчи қарор тасдиқланди.

Таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тўғрисидаги аризалар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади.

 

Бунинг учун давлат хизматлари марказига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш лозим:

* диплом ва унга илованинг нусхаси;

* диплом ва унга илованинг давлат тилига таржима қилинган нотариал тасдиқланган нусхаси.

Хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бепул амалга оширилади!

Ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълими олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдорида йиғим ундирилади.

 

Қайси ҳужжатларнинг тан олинишини синовларсиз амалга ошириш мумкин?

* умумий ўрта ва ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва малака ошириш таълимини олган талабгорларнинг ҳужжатлари;

* Ўзбекистонда бўлинмалари ва қўшма таълим муассасалари мавжуд хорижий таълим муассасаларида ўқиган талабгорларнинг ҳужжатлари;

* Халқаро 1000 талик рейтингга кирган олий таълим муассасаларининг ҳужжатлари;

* вазирлик ва идоралар йўлланмалари асосида таълим олган талабгорларнинг ҳужжатлари;

* 1992 йил 1 январгача хорижий таълим муассасаларига кирган талабгорларнинг ҳужжатлари;

* Олий таълимда сифатни баҳолаш Европа ассоциациясининг аъзолари томонидан       аккредитация қилинган таълим муассасаларида таълим олганларнинг ҳужжатлари;

* АҚШ, Австралия, Исроил, Канада, Сингапур, Жанубий Корея, Япония давлатларида    аккредитация қилинган таълим муассасаларида таълим олганларнинг ҳужжатлари;

* вазирлик ва идоралар томонидан ажратилган маблағлар ҳисобига таълим олган талабгорларнинг ҳужжатлари;

* халқаро шартномалар, Президент ва Ҳукумат ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар.

 

Нострификация давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига хорижий мамлакатларда берилган таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш тўғрисидаги аризаларни эндиликда Давлат хизматлари марказларига шахсан келган ҳолда ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мустақил равишда, яъни электрон кўринишда юбориш имконияти яратилгани ҳам бу борадаги расмиятчиликни бартараф этади.

 

Мазкур давлат хизмати Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали воситасида Давлат хизматлари марказлари ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ўртасида ўзаро ахборот алмашинуви идоралараро электрон ҳамкорлик ёрдамида амалга оширилади.