Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта ташаббусни қўллаб-қувватлаш, хусусан, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш бўйича Андижон шаҳар махсус кўзи ожизлар Маданият маркази, Андижон вилоят ва шаҳар кўзи ожизлар кутубхоналари ҳамкорлигида халқимизнинг суюкли шоираси Турсуной Содиқова таваллудига бағишланган "Эл дардини куйлаган адиба" мавзусида адабий мусиқали кеча ва Чустий таваллудининг 115-йиллиги муносабати билан кўрик-танлов ўтказилди.
Тадбирда шоира Турсуной Содиқованинг ҳаёт йўли ҳақида маълумотлар берилди, унинг шеърларидан намуналар ўқилди. Андижон шаҳар махсус кўзи ожизлар Маданият маркази директори Дилшодбек Холбобоев Турсуной Содиқованинг шеърлари билан қўшиқлар ижро этиб, китобхонларда катта таассурот уйғотди. Тадбир кўтаринки руҳда ўтказилиб, Чустий ижодига бағишланган кўрик- танловга уланиб кетди.
Вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси директор ўринбосари Гулнорахон Маъруфова, Бўз туманидаги 3-умумтаълим мактаби мусиқа ўқитувчиси Мавлонбек Мамажоновлар ҳакамлик қилган танлов якунига кўра, Қундузхон Азизова, Достонбек Абдуқаҳҳоров кўрик-танлов ғолиби деб топилиб, эсдалик совғалар билан тақдирландилар.
Китобга меҳр оиладан бошланса, бу ибрат бутун маҳалла, бўйлаб қанот ёзади. Китоб ўқилган, у ҳақида баҳс-мунозаралар бўлган даврага ёвузлик ораламайди. Эзгулик элчиси бўлиб келган китоблар инсонларни ҳамиша юксак мақсадлар сари ундайверади.
Рамазон барча мўмин-мусулмонларга бир ой давомида ўзини наинки емоқ-ичмоқдан, балки бутун вужудидаги ҳар бир аъзоларини - қулоқларини ёмон сўзларни эшитишдан, тилини ғийбатлардан ва фаҳш сўзлардан, кўзларини номаҳрамлардан ва бемаза, гуноҳга бошловчи ҳолатларни кўришдан тиймоғи лозим бўлади.
Ушбу ойда оёқ-қўл, кўз, қулоқ, қўйингки, жисмимизнинг барча аъзоларини фақат савоб ишларни бажаришга бўйсундириш лозим. Шундагина Рамазон ойи амалларини бажарган бўламиз. Шу бир ой ичида кимки ўзини яхшиликка бахшида этса, йил давомида у кишини эзгу ишлар тарк этмайди.
Муборак Рамазон ойининг ҳар бир куни байрам ҳисобланади. Чунки Сарвари коинот Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) айтганларидек, рўзадорга иккита хурсандчилик бор - бири ифтор вақтида, яна бири Аллоҳга рўбарў бўлганда.
Рамазонни меҳр-оқибат ойи, десак ҳам асло муболаға бўлмайди. Ифторлик баҳона кўпчилик қариндош-уруғлар бир-бирларини йўқлайдилар. Шу билан бирга, шариатимизда жорий қилинган рўза фитри ҳам борки, одамлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини янада маҳкам боғлайди.
Рўза фитр - ўзи нима? У ҳақда кимлардир тўла маълумотга эга эмасдир. Шу боис, рўза фитр ҳақида бироз тўхталиб ўтамиз.
Улуғ Рамазон ойида барча инсонлар ўзидаги қусурлардан ҳоли бўлишга интилади. Чунки барча шайтонлар бу ойда занжирбанд этилиб, одамни қинғир ишларга жалб этолмайди. Шунинг учун ҳам мусулмонлар ўзгача салоҳиятда бўладилар. Лекин инсон қалбида ёлғиз Шайтон қолади ва мусулмонлар рўзанинг шартларини бажаришида хатоликларга йўл қўйиши учун бор кучини сарфлайди. Шуни алоҳида айтиш жоизки, иродаси кучли одам рўзани чиройли адо эта олишга қурби етади. Аммо ожиз банда хатоликлардан ҳоли эмас. Шу жиҳатдан у билиб-билмай содир этган айб-нуқсонларимизни ювиш учун ойнинг охирги ҳафталарига бориб, (Ҳайит намози ўқилгунга қадар) фитр садақасини бериб юборишлари лозим бўлади. Бу эса бандачилик билан ўтган нуқсонларга каффорат бўлади. "Мухтасари виқоя"да баён қилинишича, фитр садақаси учун моли нисобга етган озод мусулмон ярим соъ (икки килограмм) буғдой ёки майиз ёхуд уларнинг қийматини садақа қилиши вожиб бўлади (агарчи унинг моли ўсувчи бўлмаса ҳам, яъни бир йил айланмаса ҳам).
Фитр садақаси вожиб бўлган киши ўзи учун ва балоғатга етмаган фарзандлари учун ҳам уни беради. Фарзандлар балоғатга етгандан сўнг мукаллаф бўлиб қолганлигидан ўзларига вожиб бўлади. Шунингдек, хотини ҳам жавобгар бўлади. Демак, хотин ва балоғатга етган фарзандлар бой бўлса, рўза фитрни ўзлари тўлайди, фақир бўлса соқит бўлади. Балоғатга етмаган фарзанд бой бўлса (васият билан меросга эга бўлса ёки мустақил мулки бўлса) ўша ўзининг мулкидан олиб берилади.
Фитр садақасини бериш Ҳайит куни тонг отганда вожиб бўлади, аммо аввалроқ бериши ҳам жоиздир.
"Ибодати исломия"да ёзилишича, "Фақир киши ҳам фитр садақасини берса савобга эга бўлади", дейилган. Шу ўринда, фақир киши фитр садақасини бериш вожиб, деган кимса гуноҳкор бўлади.
Фитр садақаси моли нисобга етмаган ака-укаларга, опа-сингилларга, қўни-қўшниларга, қариндош-уруғларга ва бошқа моддий ёрдамга муҳтож оилаларга берилгани маъқул.
Муборак рамазон ойида Ислом таълимотининг асосий манбаи - Қуръони карим нозил бўлган. Аллоҳ таоло: "Рамазон ойи - одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир", -деб марҳамат қилган (Бақара сураси).
Имом Хозин қуръон тафсирида қуйидаги ривоятни Абдуллоҳ Ибн Аббосдан нақл қилади: "Қуръони карим тўлалигича Рамазон ойида, Қадр кечасида Лавхул-Махфуздан нозил қилиниб, дунё осмонидаги Байтул-иззага қўйилди. Сўнгра Жаброил (а.с.) Муҳаммадга (с.а.в.) оятларини муқтазои ҳол тақозосига мувофиқ бўлак-бўлак қилиб олиб келди", дедилар.
Бундан кўринадики, муборак Қуръони каримнинг пайғамбаримиз Муҳаммадга (с.а.в.) нозил бўлиши Рамазон ойида бошлаган. Яна бу кунларнинг улуғлигига сабаб шуки, унинг ичида Қуръон оятлари нозил қилинган кеча-Қадр кечаси яширинган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: "Албатта, Биз у (Қуръон)ни қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад), Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларнинг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир", деб марҳамат қилган. (Қадр сураси, 1-5оят).
Қадр кечаси Рамазон ойининг 27-кечаси эканлигига далолат қиладиган ҳадислар талайгина. Қадр кечаси Рамазон ойининг қайси кечасида эканини Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган эди. Лекин саҳобалар Пайғамбаримиз (с.а.в)дан уни аниқлаб беришларини кўп сўрашганидан кейин дастлаб ойнинг учинчи ўн кунлигидан, кейинроқ эса учинчи ўн кунликни тоқ кечаларидан излаш кераклигини айтганлар. Охири у кечанинг аломатларини айтганларидан сўнг Рамазон ойининг 27-кечаси экани маълум бўлган. Ибн Умар (р.а.) ривоят қиладилар: "Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) бир қанча саҳобалари Лайлат-ул Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида бўлишини тушларида кўришган экан. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Сизларнинг тушларингиз Лайлат-ул Қадр Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида эканига мувофиқ келади, деб ўйлайман. Ким Лайлат-ул Қадрни кутмоқчи бўлса, Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида кутсин!"-дедилар". Ойша (р.а.) ривоят қилган бошқа бир ҳадисда: "Расулуллоҳ (с.а.в.) Лайлат-ул Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунларида кутинглар, деб айтдилар"-дедилар.
Рамазон ойининг ҳар бир кунини ғанимат билиш, уни тоат-ибодат, кишиларга яхшилик қилиш, мурувватли бўлиш, хайрли ва савобли амалларни амалга ошириш, рўзадорларга ифторликлар қилиб бериш каби яхши амаллар билан бирга, унинг охирги ўн кунлигидаги қадр кечасида тоат-ибодат қилишлик жуда ҳам хайрлидир.
"Лайлат-ул Қадр" сўзи "белгилаш кечаси", яъни йил давомида турли амал, ҳукм, ризқ, тақдир белгиланадиган кеча деган маънони билдиради. Олдимизда турган муборак Қадр кечасида бизга оятларда зикр этилган уч фазилатни англаш мумкин.
1. Лайлат-ул Қадр кечасининг минг ойга баробарлиги ва ундан ҳам ортиқлиги.
2. Қадр кечасида осмон фаришталари Жаброил (а.с.) билан бирга ер юзига тушиб, мўмин-мусулмонларга салом айтиб, дуоларига омин деб туришлари.
Мана шу сабабдан ҳам ҳадиси муборакларда: "Ҳар ким Лайлат-ул Қадр кечасида чин ихлос ва имон билан Аллоҳ учун бедор бўлса, ўтган жамики гуноҳлари мағфират қилинур," - деб баён қилганлар. Барчаларимиз бу кечани ғанимат билиб эзгу мақсадларимизни сўраб, дуолар қилишимиз зарур. Оиша онамиз (р.а.) дедилар: "Ё Расулуллоҳ (с.а.в.) агар Қадр кечаси қачон бўлишини билсам, у кечада қандай дуо қиламан?" Расулуллоҳ (с.а.в.) жавоб бердилар: Эй Аллоҳ, сен авф этгувчи зотсан ва авф қилишни яхши кўрасан. Менинг гуноҳларимни авф қилгин", деб дуо қилгин, дедилар. Бу йилги рамазон тақвимларида Қадр кечаси 31 май, яъни жумадан шанбага ўтар кечасига тўғри келади.
Рамазон ойида эзгу ниятлар билан тутаётган рўзамизни, адо этаётган ибодатларимизни ва қилаётган дуоларимизни ўзининг лутфи карами ила қабул қилсин. Юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо айлаб, билиб-билмасдан қилган гуноҳларимизни Яратганнинг ўзи мағфират айласин.
ЖЕТТИСУВ ХАЛҚАРО МАРКАЗИ ҚАНДАЙ МАҚСАДДА ТАШКИЛ ЭТИЛДИ?
Халқаро ҳамкорлик
Андижон давлат университетида Жеттисув халқаро маркази ташкил этилиб, фаолият кўрсата бошлади.
Ҳамкорлик меморандумига асосан Қозоғистон Республикаси Жеттисув давлат университети проректори Даняр Келдияров раҳбарлигидаги мазкур олий ўқув юрти делегацияси икки олий ўқув юрти ўртасида илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, таълим жараёнига илғор, инновацион ўқитиш усулларини жорий этиш, профессор-ўқитувчилар, талабалар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, малака ошириш ишларини йўлга қўйиш мақсадида Андижон давлат университетида бўлди.
Меҳмонларни университет ректори Акрамжон Юлдашев қабул қилди. Халқаро ҳамкорлик бўлими раҳбари Ф. Алимов ва бошқа масъуллар иштирокида меҳмонлар билан учрашувда ҳамкорлик истиқболлари, белгиланган ишларнинг ташкилий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Шундан сўнг меҳмонлар университетимизда талабаларга яратилган шароитлар, ахборот-ресурс маркази ҳамда таълим жараёнлари билан бевосита танишди, ўқитувчилар, талабалар билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Жеттисув давлат университети ҳақида кенг маълумотлар берилди, ўзаро ҳамкорлик юзасидан таклиф, фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Ушбу ҳамкорлик шубҳасиз, ҳар икки олий ўқув юрти учун фақат фойда келтиради. Келгусида университетимиз профессор-ўқитувчилари қозоғистонлик ҳамкасблари билан тажриба алмашиш, таълим, илмий йўналишларда ҳамкорлик қилиш имконига эга бўлади.
Учрашув доирасида ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш мақсадида қўшма битим асосида университетимизда ташкил этилган Жеттисув халқаро марказининг тақдимоти ўтказилди, унинг фаолияти ҳақида кенг маълумотлар берилди.
- Марказ университетимизнинг алоҳида бўлинмаси ҳисобланади, - дейди Жеттисув давлат университети проректори Д. Келдияров. - Икки давлат қонунлари, таълим соҳасидаги меъёрий ҳужжатлар ҳамда ҳар иккала олий ўқув юртининг низоми асосида фаолият кўрсатади. Қолаверса, Қозоғистон олий таълим дастурларини Ўзбекистонда, Ўзбекистон олий таълим дастурларини Қозоғистонда тарғиб этиш, оммалаштириш, қўшма илмий анжуманлар, кўргазмалар ўтказиш, илмий ҳамкорликни кенгайтириш, ўқув-услубий қўлланмалар яратиш, профессор-ўқитувчиларнинг малака ошириш курсларини ташкил этиш, магистрлик диссертацияларини биргаликда кўриб чиқиш, қозоғистонлик талабалар учун Андижонда, ўзбекистонлик талабалар учун Жеттисувда ёзги мактаблар ташкил этиш сингари қатор ишларни амалга оширади.
Марказ учун университетнинг физика-математика факультетидан алоҳида хона ажратилиб, зарур техник воситалар, жиҳозлар, илмий-бадиий, қўлланма ҳамда адабиётлар билан таъминланди. Эндиликда бу ерда малакали мутахассислар ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш бўйича доимий иш олиб боради.
Айни кунда болаларни соғломлаштириш, ёзги таътил давомида уларнинг оромгоҳларда мароқли дам олишларини самарали ташкил этиш олдимиздаги муҳим вазифалардан ҳисобланади. Жорий йилда вилоятдаги мавжуд 14 та болалар оромгоҳида 4 сменада 9 минг 100 нафар бола дам олиши белгиланган. Шу кунларда оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш бўйича ишлар якунига етказилмоқда.
Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси, давлат санитария ва эпидемиология назорат маркази, соғлиқни сақлаш, халқ таълими, маданият бошқармалари ҳамда бошқа дахлдор ташкилотлар ҳамкорлигида Булоқбоши туманидаги "Энергетик" болалар оромгоҳида 2019 йил ёз мавсумида фаолият кўрсатувчи болалар оромгоҳларини мавсумга тайёрлаш бўйича ташкил этилган ўқув-семинарда ана шу йўналишдаги ишлар ўрганилди.
Оромгоҳлар раҳбарлари, ҳисобчилари, спорт йўриқчилари, етакчи тарбиячилар, мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтказилган ана шу ўқув-семинарда оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш борасида амалга оширилган ишлар, мавсумни юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ қатор масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Семинарда мавсумга тайёргарлик борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланиб, оромгоҳларни ободонлаштириш, зарур инвентарлар, турли жиҳозлар, спорт буюмлари, маърифий-бадиий адабиётлар, дори-дамонлар билан таъминланиши, оромгоҳларда хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилиниши юзасидан таклиф, фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тайёргарлик ишлари Андижон туманидаги "Боғишамол", Булоқбоши туманидаги "Энергетик", "Шифокор", Балиқчи туманидаги "Шаббода шифо файз", Бўз туманидаги "Қуёшча", Асака туманидаги "Машъал" оромгоҳларида намунали йўлга қўйилган. Бироқ, таъкидлаш керакки, дам олиш мавсуми бошланишига саноқли кунлар қолган бўлса-да, айрим мутасаддиларнинг масъулиятсизлиги туфайли бир қатор оромгоҳларда тайёргарлик ишлари кўнгилдагидек йўлга қўйилмаган. Семинарда ана шу шахсларга белгиланган ишларни ўз муддатида якунига етказиш юзасида топшириқлар берилди.
Жорий мавсумда оромгоҳларда иш олиб бориш учун етарли тажриба ва малакага эга педагоглар, тарбиячилар, тиббиёт ходимлари жалб этилади. Бундан ташқари, оромгоҳларни сифатли озиқ-овқат, қишлоқ хўжалик, полиз маҳсулотлари, мева-сабзавотлар билан таъминлаш борасида фермер хўжаликлари, мутасадди ташкилотлар билан шартномалар тузилган, маҳсулотларнинг сифатли сақланишини таъминлаш бўйича ҳам зарур чоралар кўрилган.
Оромгоҳлар қошида ташкил этилган тиббий пунктлар ишини намунали юритиш, биринчи ва режали ёрдам кўрсатиш учун зарур дори-дармонлар заҳираси, қолаверса, масъул шахсларнинг самарали иш олиб боришлари учун зарур шароитлар яратилган.
Вилоят давлат санитария ва эпидемиология назорат маркази мутахассислари томонидан оромгоҳлардаги покизалик, санитария-гигиена қоидаларига амал қилиниши қатъий назоратга олинади. Озиқ-овқатлар сифатига, болаларга берилаётган овқатларнинг меъёрига алоҳида эътибор қаратилади.
Оромгоҳларда жамоат тартибини сақлаш, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш бўйича ҳам чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Жумладан, Ёшлар иттифоқи, халқ таълими муассасалари, маданият, спорт бўлимлари ҳамкорлигида фестиваллар, спорт тадбирлари, санъаткорлар, спортчилар билан учрашувлар, турли кўнгилочар кечалар, шунингдек, оромгоҳларда ижодиёт марказлари фаолиятини йўлга қўйиш, спорт ва фанлар бўйича тўгараклар ташкил этиш, қизиқарли машғулотлар ўтказиб борилиши белгиланган.
Мақсадимиз битта, у ҳам бўлса, дам олиш мавсумини мазмунли, юқори савияда ўтказиш, болажонларимизнинг мароқли дам олишларини таъминлашдир.
Шу кунларда вилоятимизда пилла йиғим-терими қизғин паллага кирган. Пиллакорларимиз жорий йилда юксак марраларни кўзлаб меҳнат қилмоқда. Жойларда пиллакорларимиз ҳар қути ипак қуртидан ўрта ҳисобда 55-65 килограммдан "кумуш тола" йиғиб олмоқда.
Избоскан туманидаги Обод маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Муҳаррамхон Йўлдашева 30 йилдирки, ипак қурти парвариши билан шуғулланиб келади. Қишлоқда ўсиб, болалигидан меҳнатда суяги қотган Муҳаррамхон ая етти мўъжизадан бири ҳисобланган ипак қурти боқиш, пилла етиштиришнинг ҳадисини олган. Аввал онасидан, сўнг қайнонасидан пилладан юқори ҳосил олиш сирларини обдон ўрганган. Келин бўлиб тушган хонадонида ҳам ҳар йили ипак қурти боқилар, бир ойлик машаққатли меҳнат унинг роҳатини кўрганда бутунлай ёддан кўтариларди.
- Маҳалламизда Арофатхон Ибрагимова деган агроном бўларди, - дея эслайди Муҳаррамхон ая. - Шу аёл пиллачиликнинг моҳир мутахассиси эди. "Қуртни сийрак боқ, кўп барг солаверма, бир текисда барг солиб қўйиб, далангга кетавер. Уч соатда бир айланиб кел, баргни теккис еб бўлса, ундан кейин барг солгин", дерди. Ипак қурти парваришлаш сир-асрорларини кўпроқ Арофатхон опадан ўрганганман. Худога шукр, етиштирган пиллаларим сара, пучаги йўқ, тоза ва сифатли, оиламиз ҳар йили режани ортиғи билан бажариб келади.
"Қуш уясида кўрганини қилади", деганларидек, Муҳаррамхон аянинг уч ўғли ҳам деҳқончиликнинг бошини тутди. Кичик ўғли ташкил этган "Агрозамин" фермер хўжалигида бугунги кунда пахта, ғалла ҳамда пилла етиштирилади. Фермер хўжалиги ипак қурти озуқаси учун тут кўчатларини ҳам ўзлари экиб кўпайтирганлар.
Маҳаллада Муҳаррамхон ая сингари моҳир пиллакорлар кўп. Иноятхон Ҳакимова ҳам 35 йилдан бери ипак қуртидан мўл ҳосил пилла етиштириб келади. У ушбу мавсумда ҳам пиллакор, ҳам пилла етиштирувчиларга бригадир сифатида фаолият юритмоқда.
- Ипак қурти жуда нозик бўлади, - дейди Иноятхон ая. - Парвариш давомида уни жуда эҳтиётлаймиз, қурт боқилаётган хонага ҳар кимни ҳам киритавермаймиз. Ҳаво совуқ бўлса, печка ёқиб иситамиз. Исиб кетса эшик-деразаларни очиб, шамоллатамиз. Вақтида озуқасини бериб, ухлатамиз. Шунақа азиз қилиб боққанимиз учун ҳам пилла хонадонимизга барака киритади. Пилла - етти хазинанинг биридир.
Ҳар иккала пиллакорлар ҳам ипак қуртидан ҳар йили ўртача 60-70 килограммдан пилла топшириб, режани ортиғи билан бажариб келади.
- Ҳудудимизда 9 нафар фермер хўжалиги фаолият кўрсатади. Улардан 2 нафари пиллачиликка ихтисослашган, - дейди "Обод" маҳалла фуқаролар йиғини мутахассисси Шоирахон Қоратоева. - Биргина Чўмбоғиш массивида 178 қути ипак қурти парваришланди. Шундан 64 қутиси бизнинг маҳалла ҳиссасига тўғри келади. Айни кунларда пиллакорларимиз ҳосилни йиғиб-териб олмоқда. Шу кунгача маҳалламиз пиллакорлари томонидан 9150 килограмм кумуш тола териб топширилди. Насиб этса, белгиланган режани ортиғи билан бажариб, туманимиз пилла хирмонининг юксалишига муносиб ҳисса қўшамиз.
Кластер корхона томонидан пиллакорларга мавсум бошида етиштириладиган ҳосилнинг 15 фоиз пули олдиндан берилгани, бир ойлик машаққатли меҳнат бир йил иш стажига ўтиши пиллакорларни руҳлантириб, мўл ва сифатли пилла етиштиришга ундамоқда.
Олтинкўл туманида босма оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий ҳолатини яхшилаш, фаолиятига илғор иш услубларини жорий этиш, газеталар мазмуни, савиясини ошириш ҳамда чоп этиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Семинарни вилоят ҳокимининг ўринбосари Ўткирбек Шукуров олиб борди.
Бугун мамлакатимиздаги босма нашрлар таҳририятлари иқтисодий жиҳатдан оғир даврни бошдан кечирмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида "Улуғнор" газетасининг атиги битта сони чоп этилган бўлса, "Олтинкўл", Марҳамат туманининг "Оқ олтин", "Шаҳрихон", "Асака ҳаёти" газеталари ҳам белгиланган даврийликда чоп этилмади. Айниқса, йилнинг иккинчи чорагида газетани чиқариш билан боғлиқ муаммолар янада ортади.
Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, матбуот тарқатувчи идоралар, шунингдек, босма матбуот нашрлари муҳаррирлари иштирокида ўтган тадбирда юзага келган қийин шароитдан чиқиш, мавжуд муаммоларни қандай бартараф этиш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди.
- Тан олиб айтишимиз керак, бугун оммавий ахборот воситалари, хусусан, босма матбуот нашрлари ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Ўткирбек Шукуров. - Бироқ аксарият газеталар жараёнларни ёритишда эскича қолипдан чиқиб кета олмаётганлиги, фаолиятига янгича иш услубларини татбиқ этмаётганлиги, қолаверса, саҳифаларида танқидий, таҳлилий материалларнинг камлиги сабаб жамиятдаги ўрни ва мавқеини бироз йўқотиб қўймоқда.
Бугун мажбурий обунанинг даври ўтди, энди ҳар бир нашр ўз тақдири учун курашмоғи лозим. Газетани ўқимишли чиқиши, ўқувчиларга ўз вақтида етиб боришига алоҳида эътибор қаратиши, янада муҳими, халқнинг дардини ўқувчига етиб борадиган, уни қизиқтира оладиган даражада ёзиши керак. Менимча, ана шунга эришган нашрнинг иқтисодий аҳволи ҳам, жамиятдаги мавқеи ҳам баланд бўлади.
Тадбирда мажбурий обунага чек қўйилгач, матбуот нашрларида юзага келаётган муаммолар уларнинг бозор иқтисодиёти талабларига тайёр эмаслигини кўрсатаётганлиги таъкидланди. Муҳаррирлар томонидан нашрларнинг бундай вазиятдан чиқиб олиши учун албатта, давлат кўмаги зарурлиги айтиб ўтилди.
- Бугун туман, шаҳар газетаси ўша ҳудудда давлат сиёсатини тарғиб этмоқда, ислоҳотлар жараёнини ёритмоқда, - дейди Хўжаобод тумани "Ҳақиқат" газетаси муҳаррири Толибжон Шерматов. - Шу боис, газеталар учун оғир бўлган бир шароитда газета муассислари - туман, шаҳар ҳокимликлари газетанинг чиқиб туриши, мустақил даромад топадиган иқтисодий базани шакллантириб олгунига қадар зарур ёрдамни кўрсатишлари лозим.
Вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи А. Султонов, "Андижоннома" ва "Андижанская правда" газеталари бош муҳаррири С. Шукуров, Олтинкўл тумани ҳокими Н. Ўринбоев ва бошқа иштирокчилар томонидан, мазкур йўналишдаги ишларни яхшилаш, самарадорлигини ошириш, газетада чоп этилаётган материалларни тайёрлашга янгича ёндашиш, таҳлилга алоҳида эътибор қаратиш, малакали кадрлар тайёрлаш билан боғлиқ муаммолар, уларни ҳал этиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошидаги "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси томонидан оилаларни мустаҳкамлаш, қайнона-келин муносабатларини яхшилаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилавий низоларни бартараф этиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, кенгаш фаоллари томонидан вилоятимиз маҳаллаларида ўтказилаётган тадбир ва мулоқотлар ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Куни кеча "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази Андижон туман бўлими томонидан бўлғуси келин-куёвлар, уларнинг ота-оналари учун ташкил этилган "Оила - муқаддас қўрғон" мавзусидаги дарс машғулотида вилоят "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси раҳбари Замирахон Тиллаева, Андижон тумани "Қайноналар кенгаши" раиси Фаридахон Анорбоева иштирок этиб, оилавий муносабатларни шакллантириш, келин-куёвнинг бурч ва мажбуриятлари, қайнонанинг зиммасидаги вазифалар, оилада аҳилликни таъминлашнинг муҳим жиҳатлари хусусида суҳбат ўтказдилар.
- Инсоннинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, бахти, камоли энг аввало, оиласи билан чамбарчас боғлиқ, - дейди "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази туман бўлими раҳбари Мавлудахон Юсупова. - Қолаверса, жамиятимиз равнақи, ҳаётимизнинг тинч, фаровон ва тўкин бўлишида оилалардаги маънавий, иқтисодий муҳит, тинчлик-хотиржамлик муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода кўпни кўрган, катта ҳаёт тажрибасига эга инсонлар томонидан оила қуриш арафасида турган ёшларга эрлик, келинлик вазифаси, оилани муқаддас билиш, ораста, тежамкор, саранжом-саришта бўлиш, қайнона-қайнотанинг хизматини қилиш, уларнинг дуосини олиш зарурлиги ҳақида ҳаётий мисоллар орқали бераётган сабоғимиз албатта, ўзининг ижобий самарасини беради.
Машғулотда бўлғуси қудалар тумандаги "Нурафшон" маҳалласида яшовчи Мақсудахон Эргашева, "Қурама" маҳалласида яшовчи Одинахон Абдуллаева, "Каттагузар" маҳалласидан Танзилахон Исақулова, Динарахон Абдуллаева, оқёрлик Санобар Солиева, "Пистамазор" маҳалласида яшовчи Жумагул Қирғизовалар ўз фарзандлари билан иштирок этдилар. Улар билан ўтказилган суҳбатларда никоҳ тўйларини ихчам, чиройли ўтказиш, кераксиз олди-бердиларга йўл қўймаслик, энг муҳими, ёшларнинг бахтли яшашлари, ёш оиланинг мустаҳкам бўлиши учун нималарга эътибор қаратиш хусусида тавсия берилди. Оиласининг тинчлиги-хотиржамлиги кўп жиҳатдан қайноналарга боғлиқ, шу маънода ёш қайноналарга қайнонанинг бурч-вазифалари, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш бўйича ҳам маслаҳатлар айтиб ўтилди.
- Ҳар бир келин туширмоқчи бўлган аёл энг аввало, қайноналикка тайёр бўлиши керак, - дейди Замирахон Тиллаева. - Яъни келин тушириб, бировнинг боласини хонадонимга олиб келиб, унга оналик қила оламанми, деган саволни ўзига бериши керак. Қолаверса, келинга хизматкор сифатида эмас, у оиламнинг, зурриётимнинг давомчиси бўлади, деган назар билан қараши зарур. Келиндан жуда кўп нарсани талаб қилиш керак эмас, унга ўргатиш, панд-насиҳат, чиройли муомала билан уни ўз измига сола билиш керак. Шундагина қайнона оиланинг мустаҳкам бўлиши учун таъмал тошини қўяди.
Суҳбат давомида бўлажак келин-куёвларга оилавий муносабатларни тўғри йўлга қўйиш, намунали оилани шакллантириш, қайнона-қайнотани, оиланинг бошқа аъзоларини ҳурмат қилиш, аёллик, бекалик бурчи ва масъулиятини ҳеч қачон эсдан чиқармаслик, соғлом турмуш тарзи, оила бюджетини тўғри йўлга қўйиш, фарзанд тарбияси хусусида кенг тушунчалар берилди.
2019 йил - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили
Маълумки, мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш, оилаларини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш, ёш авлодни соғлом ва баркамол вояга етказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки, аёли қадрланган юрт тараққий этади. Аёл соғлом ва бахтиёр бўлса, ҳаёт фаровон бўлади.
Ана шундан келиб чиқиб, жорий - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилида шаҳримизда ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, хотин-қизларнинг оила ва жамиятда тутган мавқеини мустаҳкамлаш, муаммоларини ҳал этиш, бандлигини таъминлаш, иқтидор ва салоҳиятларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган оилаларни қўллаб-қувватлаш, ажримларнинг олдини олиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашга қаратилган қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шаҳримизда айни кунда қарийб 10 мингга яқин оилада 35 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг деярли ярми хотин-қизлардан иборат.
Шаҳар ҳокимлиги, хотин-қизлар кўмитаси, туман бандликка кўмаклашиш бўлими, тадбиркорликка кўмаклашиш маркази, "Ҳунарманд" уюшмаси бўлими ҳамкорлигида уларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда.
Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги хотин-қизларнинг рўйхати шакллантирилиб, вилоят хотин-қизлар қўмитасига тақдим этилди. Қўмита кўмагида 27 нафар хотин-қиз тадбиркор сифатида иш бошлади. Кам таъминланган оилаларда яшовчи 278 нафар хотин-қизга имтиёзли кредит асосида маиший техника, чорва ҳайвонлари берилди. Ишсиз бўлган 48 нафар қиз-аёллардан 21 нафари иш билан таъминланди. Бундан ташқари, чорвачилик, касаначилик билан шуғулланадиган, томорқадан самарали фойдаланаётган хонадонларда бўлиб, улар билан бандлик масалалари, қонунчиликда белгиланган меъёрлар асосида иш стажига эга бўлиш мумкинлиги, бу эса нафақага чиқишда ҳисобга олиниши ҳақида тушунтириш ишларини олиб бормоқдамиз.
Шаҳримиз қўшни Қирғизистон билан чегарадош. Шу боис, энг биринчи навбатда хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка мойил шахслар билан якка тартибда иш олиб бориш ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган хотин-қизларнинг ижтимоий реабилитациясига алоҳида эътибор қаратамиз. Улар билан мунтазам равишда назорат ва тарғибот ишлари олиб борилади. Бу борадаги, умуман, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган ишларимиз самараси ўлароқ, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ҳудудимизда хотин-қизлар ва вояга етмаганлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, ўз жонига қасд қилиш, шунингдек, одам савдосидан жабрланиш сингари салбий ҳолатлар қайд этилмади.
Маълумки, вилоятимиз ҳокими Ш.Абдураҳмонов раислигида ўтказилган Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш борасида амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар белгилаб берилган эди. Мазкур вазифалар ижроси доирасида шаҳар ҳокимлиги қошида "Тўй ва бошқа маросимларни ўтказиш" комиссияси иш бошлади. Шаҳар ҳокими раислигида ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни тиклаш бўйича очиқ мулоқотлар ўтказилди. Ўтказилган тарғибот-тушунтириш ишлари самарасида 110 нафар ажрим ёқасига келиб қолган оилалардан 102 нафари тикланди, 8 нафар оилага ярашиш учун муҳлат берилди.
Аёл бор уй саранжом-саришта, қизи бор уйнинг остонаси супурилган бўлмоғи керак. Чунки, хонадондаги файз-барака энг аввало, озодаликка боғлиқ. Хонадонлар билан ишлаш давомида оилаларнинг тутумига, хонадонлар тозалиги, ободлигига катта эътибор қаратамиз. Қизларимизнинг уй остонасини ҳамиша озода тутишлари, эпли ва тадбирли бўлишлари, томорқасига гул, турли рўзғорга керакли резаворлар экиб парвариш қилишлари, ширинсўз, хушмуомала. ҳар томонлама оилавий ҳаётга тайёр бўлишлари, йигитларимизнинг эса мард ва ориятли, оилада сўзини ўтказа оладиган бўлишлари учун ҳаракат қилаяпмиз. Хусусан, ҳафтанинг ҳар жума кунлари отинойилар, "Қайноналар кенгаши" аъзолари, имом-хатиблар иштирокида "Оила муқаддас даргоҳ", "Сиз турмуш қуришга тайёрмисиз?", "Бир болага етти маҳалла ота-она", "Шинам ва озода оила остонасидан аён" каби мавзуларда мулоқотлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. "Маҳалла маликаси", "Меҳрибон қайнона", "Сумалак сайли", "Ибратли қайнона" мавзуларида эса турли кўрик-танлов ва тадбирлар ташкиллаштирдик.
Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, никоҳдан олдинги тиббий кўрик масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш борасида ҳам зарур ишлар олиб борилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, фаолиятимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилаларини бахтли, ҳаётларини фаровон қилиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади.
Вилоятимизда 1-25 май кунлари маҳалла фуқаролар йиғинларида маҳалла раиси (оқсоқоли) сайлови юқори кўтаринкилик билан бўлиб ўтди.
Бутун мамлакатимизда бўлгани каби вилоятимиздаги мавжуд 880 та маҳалла фуқаролар йиғинида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 15 февралдаги "Фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорига асосан фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови бўлиб ўтди.
Маҳаллаларда ўтказилган сайловларда фуқароларнинг 185 минг 737 нафар вакиллари белгиланган тартибдаги блютенлар орқали 1 минг 950 нафар номзод орасидан ўзлари муносиб деб топган номзодларга овоз бердилар.
Маҳалла раиси ўша ҳудуднинг юз-кўзи, обрўси ҳисобланади. Шу боис ҳам у бой ҳаётий тажрибага эга, билимдон, адолатли, кўпни кўрган, маҳалла аҳлини эргаштира оладиган салоҳиятга эга, шу билан бирга, маҳалла иши учун астойдил қайғуриши, одамларнинг ариза ва шикоятларига эътиборли бўлиши, муаммоларни одилона ҳал этиши, маҳалладаги ҳамжиҳатликни таъминлашдек масъулиятли вазифаларни уддалай олиши керак. Шундагина у ўзига билдирилган ишончни оқлай олади.
Хусусан, бўлиб ўтган сайловларда ҳам катта ҳаётий тажрибага эга, маҳалла иши учун фидойи бўлган энг муносиб номзодлар раисликка сайланди. Сайланганларнинг 115 нафари - 45 ёшгача, 311 нафари - 55 ёшгача, 399 нафари - 65 ёшгача, 55 нафари - 75 ёшгача бўлган фуқаролардир. Улардан 181 нафарини аёллар ташкил этади.
Раисликка сайланганларнинг 403 нафари ушбу лавозимга биринчи марта, 477 нафари эса қайта сайланган. Улар орасида 4 нафар депутат бор.
Сайловлар шаффоф, ошкоралик, муқобиллик, тенг сайлов ҳуқуқи принципи асосида ўтказилди. Ҳудудлардаги кўмаклашувчи комиссиялар томонидан сайлов давомида юзага келган 200 дан зиёд эътироз, мурожаатлар жойида ўрганиб чиқилди.
Ишонамизки, янги сайланган маҳалла раислари амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, қонун устуворлигини, жойларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, одамларнинг оғирини енгил қилиш йўлида астойдил меҳнат қиладилар ва албатта, ўзларига билдирилган ишончни оқлайдилар.
Муҳаррамхон РАҲМОНОВА,
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини
ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси аъзоси, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати.