+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Ватан, сенга суянч ниҳолинг бўлай

Тонгги шаббодалар силар кокилим,

Кўкда қуёш ўпар, юзим куйдириб.

Бахтдан яшнар юрак биламан шуни,

Тангрим яратибди сени суйдириб.

 

Шохдан шохга қўниб, ўйнайди қушча,

Борлиққа кўз-кўзлаб эркнинг парвозин.

О, она Ватаним, сенинг қўйнингда,

Ҳар куни тинглайман тинчликнинг куйин!

 

Тандирнинг бошида онам ғимирлар,

Яноқлари олов, кўзлар бахтиёр.

Этагида менга илинган кулча,

Иссиқ нонда чексиз меҳр тафти бор.

 

Баҳорда кўз ёрган ялпизинг эса,

Қўймайди ошимга бориб етгунча.

Ватан, сенга суянч ниҳолинг бўлай,

Жисмим тупроғингга сингиб кетгунча.

 

 

Феруза ҚОЗОҚОВА, Хўжаобод тумани.

Маҳалла раиси қайта сайланди

Андижон вилоятидаги 705 та маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла раиси (оқсоқоли) сайлови бўлиб ўтди.

Маълумки, шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 15 февралдаги "Фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорига асосан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида  фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови ўтмоқда. Мазкур жараён вилоятимиз маҳаллаларида ҳам юқори       савияда ўтказилмоқда.

Бугунги кунга қадар маҳаллаларда ўтказилган сайловларда 1780 нафар номзод орасидан 705 нафари ушбу лавозимга сайланди. Сайланганларнинг 139 нафарини аёллар ташкил этади, 398 нафари раисликка қайта сайланди.

- Сайловлар шаффоф, ошкоралик, муқобиллик, тенг сайлов ҳуқуқи принципи асосида ўтказилмоқда, - дейди Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси раиси Муҳаммаджон Йўлдошев. - Сайлов ўтказиладиган барча бинолар зарур техник, кўргазмали воситалар билан жиҳозланган, шунингдек, хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш борасидаги ишлар, тез тиббий ёрдам хизмати қонун талаблари асосида  ташкил этилган.

Катта ҳаётий тажрибага эга, маҳалла иши учун фидойи бўлган энг муносиб номзодлар раисликка сайланмоқда.

Андижон шаҳридаги "Ал-Бухорий" маҳалла фуқаролар йиғинида 4 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Фуқароларнинг 289 нафар вакиллари сайловда қатнашиб, белгиланган тартибдаги бюллетенлар орқали ўзлари маъқул, деб топган номзодга овоз берди.

Якуний натижаларга кўра, икки нафар номзод орасидан амалда маҳалла раиси бўлиб ишлаб келаётган Раънохон Эргашева кўп овоз олиб, ушбу лавозимга қайта сайланди.

- Маҳалладошларим ишонч билдириб, мени қайта сайлади, демак, мен ана шу ишончга муносиб бўлишим керак, - дейди Р. Эргашева. - Раис ўша ҳудуднинг юз-кўзи, обрўси ҳисобланади. Шу боис ҳам у бой ҳаётий тажрибага эга, билимдон, адолатли, кўпни кўрган, маҳалла аҳлини эргаштира оладиган салоҳиятга эга, шу билан бирга, маҳалла иши учун астойдил қайғуриши, одамларнинг ариза ва шикоятларига эътиборли бўлиши, муаммоларни одилона ҳал этиши, ҳамжиҳатликни таъминлашдек масъулиятли вазифаларни уддалай олиши керак. Шундагина у ўзига билдирилган ишончни оқлай олади. 

Вилоятдаги яна 175 та маҳаллада  сайловлар бўлиб ўтади.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Аҳолининг ҳуқуқий билимлари юксалмоқда

Жиноят ишлари бўйича Асака туман суди томонидан меҳнат жамоалари, таълим муассасалари ҳамда аҳоли вакиллари ўртасида уларнинг ҳуқуқий билимларини юксалтиришга қаратилган кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда.

 

 Жумладан, Жиноят ишлари бўйича Асака туман суди судьяси Алишер Холбоев томонидан туман давлат солиқ инспекциясида солиқ тизими ходимлари, тадбиркорлар иштирокида  порахўрлик жинояти тушунчаси, унинг ҳуқуқий оқибатлари мавзусида ўтказилган давра сухбатида иштирокчиларга порахўрликка оид жиноят ишларининг судда кўриб чиқиш амалиёти ва жазо санкциялари ҳусусида кенг тушунча ва маълумотлар берилди.

Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, фуқаролар, тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш бўйича таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар берилди.

Камронбек РАСУЛОВ,

Жиноят ишлари бўйича вилоят суди судья ёрдамчиси.

САЙЁР ҚАБУЛДА ФУҚАРОЛАРНИ ҚИЙНАЁТГАН МУАММОЛАРНИНГ АКСАРИЯТИ ЕЧИМИНИ ТОПДИ

Балиқчи туманида жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича вилоят судлари раислари томонидан сайёр қабул ўтказилди.

Қабул олдидан бўлиб ўтган тадбирда мамлакатимизда демократик ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, одил судловга эришиш даражасини, фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини ошириш, суд, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда кенг жамоатчилик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди. Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Балиқчи туман суди раиси М.Сиддиқовнинг ҳисоботи эшитилди.

Сайёр қабулда фуқароларнинг судларга тааллуқли 15 дан ортиқ мурожаатлари тингланди. Мурожаатлар юзасидан муҳокама ўтказилиб, зарур тавсия, тушунтириш ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

- Ҳар бир мурожаат ортида инсон, унинг манфаати ётади, - дейди Фуқаролик ишлари бўйича ишлари бўйича Андижон вилоят суди раиси Отабек Мирзамаҳмудов. – Шу боис, мурожаатларнинг бирортаси эътиборимиздан четда қолаётгани йўқ. Жумладан қабул давомида маъмурий масалаларга оид 3 та мурожаат эшитилиб, уларнинг биттаси қаноатлантирилди, иккитаси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди.

- Менга Балиқчи тумани маъмурий судининг қарори билан 1,5 йил муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан махрум этиш жазоси тайинланган эди, - дейди Ғуломжон Турсунов. – Сайёр қабулда ушбу жазодан муддатидан илгари озод қилишни сўраб, вилоят маъмурий суди раисига мурожаат қилдим. Мени қийнаётган ушбу масала туман маъмурий судида кўриб чиқиладиган бўлди.

Сайёр қабул давомида 8 та мурожаат қанотлантирилди, қолганлари бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди. Шу билан бирга, мурожаат қилувчиларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш юзасидан суҳбатлар ўтказилди.

 

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ.

Жиноят ишларининг 48 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилди

Ҳуқуқшунос минбари

Бугун мамлакатимизда демократик ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, суд тизимини ислоҳ қилиш, демократлаштириш, одил судловга эришиш даражасини, суд иши юритувининг сифатини, фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини ошириш, суд, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. 

Жиноят ишлари бўйича Хонобод шаҳар суди томонидан ана шу йўналишда эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган тўрт ойи давомида амалдаги қонун ва тартиблар доирасида 32 нафар шахсга нисбатан 25 та жиноят иши кўриб чиқилди. Хусусан, 16 та жиноят иши бўйича 23 нафар шахсга айблов ҳукми чиқарилди, 9 нафар шахсга нисбатан очилган 9 та жиноят иши тугатилди. Бундан ташқари, жиноятчиликни олдини олиш борасида 14 та ёки 56 фоиз жиноят ишлари бўйича хусусий ажримлар чиқарилди.

Суд идоралари томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, сайёр судлар орқали жиноятчи ва ҳуқуқбузарларга нисбатан кенг жамоатчилик таъсирини кучайтириш борасида ҳам муайян ишлар             бажарилди.

Кўрилган жиноят ишларининг 12 таси ёки 48,0 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилди. Мазкур жараёнда жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар ўз қилмишларига маҳалладошлари, касбдошлари олдида жавоб берганлиги келгусида бу каби ҳолатлар содир этилишининг камайишига, жамоатчилик таъсир чораларининг кучайишига, шу билан бирга, аҳолининг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлашга яқиндан ёрдам бермоқда. 

Сайёр суд мажлисларида ҳуқуқшунослар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини юксалтириш, қонун устуворлигини, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, турли иллатларга барҳам бериш, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар келиб чиқишининг олдини олиш бўйича ўтказилаётган суҳбатлар ижобий натижалар бермоқда. Суҳбат ва мулоқотларда одамларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур тавсия ва маслаҳатлар берилмоқда.

Умуман, ўтган давр давомида корхона, ташкилот, маҳалла ва таълим муассасаларида 10 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилди, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида аҳолининг ҳуқуқий билимларини юксалтиришга қаратилган чиқишлар қилинди.

 Умаржон

МИРЗААБДУЛЛАЕВ,

 

жиноят ишлари бўйича Хонобод шаҳар  суди раиси.

ИЧКИ ИШЛАР ХОДИМИНИ ЎЛДИРГАН АКА-УКАЛАРГА СУД ҲУКМИ ЎҚИЛДИ

Жиноят ва жазо

Хаддан ташқари кўп спиртли ичимлик истеъмол қилиш инсонни манқуртга айлантиради, деган гап бежиз айтилмаган.

Зотан, Избоскан тумани Чувама маҳалласида яшовчи фуқаро Абдусамат Жололов ҳам ичкилик туфайли бир неча дақиқа ичида жуда кўп нарсадан маҳрум бўлди, ҳаёти заҳар-заққумга айланди. Янада аянчлиси, унинг ичкилик оқибатида ўйламай қилган хатти-ҳаракати натижасида укаси Санъатбек ва жияни Зухробиддин ҳам ҳаётининг маълум даврини қамоқда ўтказадиган бўлди.

Эндигина 31 ёшини қаршилаган, икки  фарзанднинг отаси А.Жололов синфдошлари билан бир дўстининг уйида тўйиб ароқ ичишади. Зиёфат тунги соат бирга қадар давом этди. Улфатлар ярим тунда бақир-чақир билан кўчага чиқишди. Уйларига тарқалиш учун маҳалла гузарига келишди.

Шу пайт жамоат тартибини сақлаш мақсадида хизмат вазифасини бажариб юрган Избоскан туман ички ишлар бўлими тезкор вакиллари С.Якубов ва И.Хайдаров келиб қолади. Улар шовқин кўтариб, гаплашиб турган йигитлар олдига келиб, кеч бўлиб қолганлиги, уй-уйларига тарқалишлари кераклигини айтганларида, ўта маст бўлган А.Жололов ички ишлар бўлими ходимларини куракда турмайдиган сўзлар билан хақорат қилади, ички ишлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмайди.

Гувоҳларнинг кўрсатмаларига кўра, орада жанжал бошланган. Ички ишлар ходимлари телефон орқали ҳудуд профилактика инспекторини, А. Жололов эса шеригининг телафони орқали укасини тезда маҳалла марказига етиб келишини сўрайди.

Нотаниш телефон рақамидан акасининг чақирганини эшитиб укаси Санъатбек, жияни Зухробиддинни чақириб, маҳалла гузарига етиб келишади. Улар акасининг бир киши билан жанжаллашаётганлигини кўриб, ёрдамга шошишади. Уруш, жанжал оқибатида ички ишлар ходими С. Яқубов тан жароҳати олади, И.Хайдаров эса вафот этади.

Ўтган йилнинг кеч кузида бўлиб ўтган бу даҳшатли воқеа одамларнинг қалбини ларзага солган эди.

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судида бўлиб ўтган суд мажлисида атрофлича ўрганиб чиқилган юқоридаги жиноий иш бўйича ҳукм чиқарилди.

Суд ҳукмига кўра, А. Жололов айбдор деб топилиб, унга 16 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.         Шунингдек, ушбу жиноятнинг содир этилишида иштирок этгани учун укаси йигирма тўққиз ёшли С. Жололовга 15 йилу 9 ой, эндигина йигирма беш ёшни қаршилаган жияни З. Қобуловга 15 йилу 6 ой қамоқ жазоси тайинланди. Энди улар умрининг энг гўзал дамларини қамоқда ўтказишга мажбур.

 Ота-онасининг дуосини олиб, фарзандларини тарбиялайдиган бир    пайтда ичкилик, ожизлик, манманлик туфайли жиноятчига айланган бу инсонларнинг қилмиши, умуман, ана шу мудҳиш воқеа барчамизга ибрат бўлиши керак.

 

Улуғбек КАРИМОВ,

Носиржон РАСУЛОВ,

 

Жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьялари.

ҲАМИША ГЎЗАЛ ВА СОFЛОМ БЎЛИНГ!

Баҳор ойида инсон организмида умумий беҳоллик кузатилади. Шу сабабли бутун организм, сочларимиздан тортиб, товонимизгача парваришга муҳтож бўлади. Ўз соғлигига эътибор бериб юрган аёллар ҳамиша гўзал ва навқирон кўринади. Гўзаллик, ёшлик ва навқиронлик кимга ёқмайди, дейсиз?! Бу борада қуйидаги тавсияларимиз асқотади ва улардан ўзингиз учун керакли хулосаларни чиқариб оласиз, деган умиддамиз.

                            

Сочлар парвариши

Сочларингизни қатиқ ва хина аралашмаси билан ювинг. Бунинг учун бир литр қатиққа бир қути қуритилган хина кукуни аралаштириб, сочларингизга суриб қўйинг. Кейин бошингизга махсус клёнка қалпоқ кийиб, устидан сочиқ ўранг. Икки-уч соатдан сўнг бошингизни илиқ сувда ювинг. Сочларингизни табиий толали сочиқ билан қуритинг. Ёғли сочлар учун ҳафтада икки марта ёғсиз қатиқ ва хина аралашмаси кифоя қилади. Аксинча, ёғсиз сочлар учун ёғли қатиқ ва хина аралашмаси ҳафтада бир маротаба озиқлантирувчи ниқоб сифатида зарур бўлади.

 

Соч "гуллаши"га қарши

500 грамм қичитқи ўт (крапива)нинг устидан ярим литр қайнаб турган сувни қуясиз. Бир оз совугач, дамламани докадан сузиб олинг. Дамлама илиқ ҳолга келгач, уни ювиб қуритилган сочларингизга суртиб чиқинг. Бу ниқоб соч илдизини  мустаҳкамлайди. Соч тўкилишининг олдини олади ва бош терисининг қичишига барҳам беради. Муолажа ҳафтада бир марта амалга оширилади. Шунингдек, соч учи иккига бўлиниб, "гуллаши"га йўл қўймайди. Соч учлари "гулласа" 2-3 см. кесиш зарур.

 

Қазғоқнинг олдини олиш

Бир ош қошиқ қуритилган оққайин барги (дорихонада сотилади) устига 300 мл. қайнаб турган сув қуйилади. Икки соат тиндириб қўйилгач, докада сузиб олинади. Бу дамламани ҳар сафар бош ювганингиздан сўнг бош терисига суртиб чиқинг. Дамламани музлатгичнинг    пастки қисмида, усти ёпиқ шиша идишда сақланг. Зарур бўлса хона ҳароратида илиқ ҳолга келган ушбу дамламадан яна фойдаланишингиз мумкин. Бу дамлама нафақат қазғоққа қарши самарали таъсир этади. Балки сочларнинг қалин ва сержило ўсишига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

                                

Қўллар парвариши

Қўллар териси ҳам парваришга муҳтож. Уни доимо таранг ва силлиқ бўлишини истасангиз, ҳафтада икки марта озиқлантирувчи ниқобни қўл терисига суртинг. Бунинг учун бир чой қошиқ хамиртурушни бир ош қошиқ ёғли сут билан аралаштиринг. Сўнгра ҳосил бўлган аралашмани қўлларингизга суртинг. Ўн дақиқадан сўнг илиқ сувда қўлларингизни ювинг. Орадан икки ой чамаси вақт ўтгач қўлларингиз териси ёшараётганининг гувоҳи бўласиз.

 

Оёқлар парвариши

Оёқларингиз кун бўйи юрганингиздан толиб, кечга бориб оғрий бошласа мойчечак дамламасини тоғорага солиб, ярим соат оёқларингизни ванна қилинг. Ҳафтада 2-3 марта ана шундай муолажа қилсангиз оёқларингиз дам олади. Кейин табиий толали сочиқ билан оёқларингизни артиб қуритинг. Унга махсус озиқлантирувчи крем суртинг. Оёқларингизни ҳам тез-тез уқалаб туринг. Шунда қон айланиши яхшиланади.

 Иссиқ кунларда эса шағал, асфальт ва майин тупроқли ерда оёқ яланг юриш аъзои баданга ижобий таъсир этади. Сабаби оёқ тагида (қўл ва қулоқ супрасида ҳам) организмнинг барча аъзолари билан боғлиқ биологик фаол нуқталар мавжуд. Оёқ яланг юрилганда шу биологик фаол нуқталар таъсирланиб, уқаланади.

 

Муҳайё ИСМОИЛОВА

тайёрлади.

 

 

"DON'T WORRY, BE HAPPY"("Қайғурманг, хурсанд бўлинг") тадбири ўқувчиларнинг инглиз тилида эркин мулоқот қилиш кўникмасини бойитди

Вилоятимиз умумтаълим мактабларида май - инглиз тили фан ойлиги деб белгиланган. Ойлик муносабати билан таълим муассасаларида турли тадбирлар ўтказилмоқда.

Спортнинг футбол, стол тенниси, чим устида хоккей ва сузиш турлари бўйича 228 нафар ўғил-қиз таҳсил олаётган Андижон шаҳар олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатимизда ҳам инглиз тили фан ойлиги бошланишига бағишланиб "Don't worry, be happy" ("Қайғурманг, хурсанд бўлинг") деб номланган тадбир ўтказилди.

Мактаб маъмурияти, инглиз тили ўқитувчилари Сарвиноз Одилова ва Дилноза Ҳамидова ташаббуси билан ўтказилган тадбирда мактаб ўқувчилари, ўқитувчилари, Андижон давлат университетида тадқиқотчи сифатида фаолият юритаётган америкалик мутахассис Королина Мерри ҳамда инглиз тили бўйича мутахассислар иштирок этди.

Тадбир очилишида сўз олган мактаб директори Рустамжон Собиров тадбирнинг аҳамияти, мақсад ва вазифаси, бу каби тадбирларни ўтказиш ўқувчиларнинг фанларга бўлган қизиқишини ошириш, билимларини бойитишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Тадбирда ўқувчилар томонидан инглиз тилида шеърлар ўқилди, мулоқот ва қизиқарли ўйинлар ўтказилди, турли кўргазмалар ташкил этилди. Ўқувчилар ўзларининг фаол иштироки билан инглиз тилини қай даражада ўзлаштириб олганликларини намойиш этдилар.

Юқори кўтаринкилик билан ўтган тадбир ўқувчиларда катта таассурот қолдирди, шу билан бирга, уларнинг инглиз тилида эркин мулоқот қилиш кўникмасини ҳамда инглиз тилига бўлган қизиқишларини оширишга, билимларини бойитишга ёрдам берди. Ўқувчи ёшларни ўқишда, спортда янада фаол бўлишга, юксак марраларни эгаллашга бўлган иштиёқ ва ишончини оширди. 

Тадбирда фаол қатнашган ўқувчилар муносиб рағбатлантирилди.

 

Дилноза ҲАМИДОВА,

 

мазкур мактаб инглиз тили фани ўқитувчиси.

БИРИНЧИ ЁРДАМ КЎРСАТИШ БЎЙИЧА МУТАХАССИСЛАР САБОҚ ОЛДИ

Андижон шаҳрида Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти томонидан аҳолининг биринчи ёрдам ҳақидаги тушунчаларини ошириш, мазкур йўналишда иш олиб борувчи мутахассислар билим ва малакасини юксалтириш масалаларига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Семинарда Андижон,   Фарғона ва Наманган вилоятлари Қизил Ярим Ой ташкилотлари туман, шаҳар бўлимлари ижрочи директорлари,  "Меҳр-шафқат хизмати" ҳамширалари, биринчи ёрдам бўйича тренерлар иштирок этиб, биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича ўқишлар ташкил этиш, машғулотлар жараёнида халқаро стандартлар ҳамда интерактив усуллардан кенг фойдаланиш, ўқитиш самарадорлигини ошириш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш  юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.

- Мақсадимиз, мутахассисларимизнинг билим, малака ва фаолияти самарадорлигини оширишга кўмаклашиш, - дейди Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти бўлим бошлиғи Санжарбек Умаров. - Шунингдек, уларга биринчи ёрдам борасидаги ўқишларни ташкил этиш бўйича халқаро меъёрлар, стандартларга оид тавсиялар бериш, мазкур йўналишда маълум ютуқларга эришган мутахассисларнинг илғор иш тажрибаларини оммалаштиришдан иборат.

Бир неча кун давом этган семинар давомида мутахассислар томонидан иштирокчиларга биринчи ёрдам бўйича ўқишлар ташкил этишнинг ўзига хос жиҳатлари, машғулотларда интерактив ва инновацион усуллардан фойдаланиш, аҳолининг турли қатламлари билан ишлаш бўйича маърузалар  ўқилади, тақдимот ва маҳорат дарслари, амалий машғулотлар ўтказилади.

- Ушбу семинар фаолиятимизни самарали ташкил этиш бўйича кўп нарсаларни ўрганиш, ўзаро тажриба алмашиш имконини беради, - дейди Қизил Ярим Ой жамияти Асака туман бўлими Биринчи ёрдам мутахассиси Ҳавасхон Раззоқова. - Айниқса, ўқишларни ташкил этиш бўйича халқаро тажрибаларни ўрганаётганлигимиз фаолиятимизни янада юқори босқичга кўтаришга ёрдам беради.

Якунда иштирокчиларга олган билим ва кўникмалари бўйича тегишли сертификатлар тақдим этилди.

 

Адҳамжон Узоқжонов,

Қизил Ярим Ой жамияти вилоят ташкилоти ижрочи директори.

МАДИНА - ТАНЛОВ FОЛИБАСИ

Вилоят қўғирчоқ театрида "Ҳамшира - 2019" республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Танловда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт тизими ривожини, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва савиясини юксалтириш, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини, шифокорларнинг, айниқса, ўрта тиббиёт  ходимларининг касбий малакасини ошириш борасида ибратли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Айни кунда вилоятдаги тиббиёт муассасаларида 26 минг 700 нафар ўрта тиббиёт ходимлари фаолият олиб бормоқда. Уларнинг касбий малакасини юксалтириш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш, фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Йил ҳамшираси" кўрик-танлови вилоят босқичида танловнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 13 нафар ҳамшира иштирок этиб, белгиланган шартлар асосида ўз билим ва маҳоратларини намойиш этди.

Якуний натижаларга кўра, Қўрғонтепа тумани кўп тармоқли тиббиёт маркази умумий амалиёт ҳамшираси Мадина Худойбердиева биринчи ўринга сазовор бўлиб, танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

 Танловда Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Андижон филиали ҳамшираси Ҳурлиқо Исмоналиева иккинчи, Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси ҳамшираси    Гулҳаё Тўйчиева учинчи ўринга лойиқ деб топилди.

Fолибалар ва танловнинг барча иштирокчилари диплом, эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Моҳинур Юсупова,

 

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси.