Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Менинг ёзганларим сизга унча ёқмайди, биламан. Аммо илтимос, бу хатни сабр-тоқат билан охиригача ўқиб чиқишга ҳаракат қилинг. Эҳтимол, шунда мени оз бўлса-да тушунарсиз, деб умид қиламан.
...Ва ниҳоят, барчасини тан оладиган пайт келди. Ҳа, сиз учун ортиқча ташвиш келтирган, турли жумбоқлар билан бошингизни қотирган, дилингизни хира қилган номард мен эдим. Буни шу пайтга қадар билмасангиз, пайқамасангиз, сизнинг зийраклигингизга шубҳа қилган бўлардим. Ҳаммасини сиз билишингиз, тўғрироғи, ўзимни билдириш учун қилдим. Фақат негадир, нима учундир, қачонлардан бери, юрагимни ғижимлаб келаётган бу дардни бевосита эмас, билвосита айтмоқчи эдим. Ва айтдим.
Даставвал турли хаёлларга боришингиз, турфа саволларга рўбарў келишингиз тайин. Илтимос, сиз сиқилманг. Ҳеч ким сизнинг устингиздан кулгани йўқ, аҳмоқ қилган ҳам эмас. Зотан, сиз бунга лойиқ ҳам эмассиз. Ҳаммаси ҳақиқат. Фақат ўз вақтида айтилмаган, холос. Аммо ҳадисларда айтилганидек, кимдир кимгадир кўнгил қўйган бўлса, ўз севгисини билдириб қўймоғи лозим.
Бу туйғу юрагимда кеча ёки ўтган куни пайдо бўлгани йўқ. Бундан бир йил, беш йил аввал ҳам сизни севганман. Балким, бу сиз учун ғалати туюлар. Эҳтимол, умуман қизиғи йўқдир. Маълумот учун айтиб қўйишим мумкин. Шу пайтгача ҳеч кимни сизчалик севмаганман. Янаям тўғрироғи, сиздан бошқа ҳеч кимни севмаганман.... Албатта, бу фикрни рад этишга асос қидирасиз. Хоҳ ишонинг - хоҳ ишонманг, ҳеч қачон айни дамдагидек ростгўй бўлмаганман.
Ўзимни бу йўлдан қайтариш учун нималар қилмадим? Сиздан ўзимни олиб қочишга уриндим, бўлмади. Ўзимни эътиборсиз кўрсатишга тиришдим, қўлимдан келмади. Кўнглимни совитиш учун сизга танқидий кўз билан қарашга ҳаракат қилдим, бирор натижа чиқмади. Бошқалар билан кўнглимни овутмоқчи бўлдим, оқибатда бу ишнинг хато эканини тушундим.
Бировни севмасдан туриб, унга севги изҳор қилиш - бориб турган аблаҳлик. Бундай разолат менинг қўлимдан келмайди. Сизни эса барибир, саволлар тинч қўймайди. Хўш, нега шунча пайтдан бери дил изҳорини айтмай келдим. Чунки, мен сизни ростдан ҳам севар эдим.
"Сизни севаман!" деган сўзни ҳар қандай, ҳатто дудуқ одам ҳам қийналмай айтиши мумкин. Аммо, бутун вужуди билан севган киши учун бу сўзларни талаффуз қилиш қанчалик оғир эканини балки, билмассиз.
Сиз мени қўрқоқ, дедингиз. Бу гапни атайин иззат-нафсимга тегиш учун айтдингизми ёки бу сизнинг якуний хулосангизмиди, билмадим. Сиз ҳам ҳақсиз, ҳам нохақсиз. Ҳақлигингиз шундаки, қўрққаним рост. Сизга бўлган муҳаббатимни ошкор қилсам, мендан тамомила юз ўгиришингиздан, сизни тамомила йўқотиб қўйишдан, қалбингизни вайрон қилишдан қўрқардим. Мени ундан бошқа ҳеч нарса қўрқитолмайди.
Шу пайтгача мени сукут сақлашга мажбур этиб келган яна бир куч бу -ўзимга номуносиб ғурур ҳиссидир. Қиз болага севги изҳор қилиш ғурур, ор-номусни унинг пойига пояндоз қилиш билан баравар. Чунки, ошиқ ҳар доим маъшуқасидан қуйи туради. Бошқаларни билмадим. Йигитнинг ўз қалбини очиши мен учун мағлубият қоғозига имзо чекишни эслатади. Маъшуқа ўзини ҳар қачон ошиғидан устун сезади. Борди-ю, ошиқнинг севгиси тош устига томган ёмғир томчиси сингари абас ва бесамар кетса-чи? Бундан бечора ошиқ сўнгги ўқини тубсиз жарликка отиб, ўзи ваҳший хайвонлар қуршовида қолган ночор овчининг аҳволига тушмасмикин?!
Шу пайтга қадар мен ўз мағлубиятимни тан олмай келдим.
Сукут сақлаб келганимнинг яна бир сабаби, ўзимни сизга муносиб кўрмаганимда эди. Сизни севишга ҳам, севгимни ошкор қилишга ҳам ўзимни ноҳақ санаб келдим. Сабабини биласиз. Ҳатто ҳар иккимизнинг имкониятларимиз тенг бўлган пайтда ҳам оғиз очишни эп билмагандим, буни сизга айтгандек "ўткинчи ҳис" бўлса керак, деб юргандим. Лекин маълум бўлишича, ана шу ҳис эмас, йиллар ўткинчи экан.
Дунёда инсонга бир илашиб қолса, умрининг охиригача ҳамроҳ бўлиб борадиган дардлар кўп. Севги шуларнинг бири экан. Акс ҳолда мен ҳам аллақачон "тузалиб" кетган бўлардим.
Лекин ишонинг, ҳар доим бахтли бўлишингиз тарафдори бўлиб келдим. Сизга бўлган хайрихоҳлигимни муҳаббатимдан устун қўйдим. Тақдир сизнинг муҳаббатингизга лойиқ, сизни ҳар томонлама бахтли қилишга қодир инсонга дуч келишингизни сиздан кам хоҳламадим. Гарчи, бу сизга эриш туюлсада, рост айтяпман. Ҳеч қачон менинг ҳис туйғуларим, барчага хос ғурур ва худбинлигим сизнинг ҳаётингизга даҳл қилиши, йўлингизга тўғаноқ бўлишига йўл қўймайман. Шундай экан, мендан заррача хавфсираманг, ўз ҳою-ҳавасларим йўлида хоҳ ошкора, хоҳ пинҳона бўлсин, сизга озгина бўлса-да, зиён етказишни хаёлимга ҳам келтирган эмасман ва келтирмайман ҳам.
Шу чоққача қўлингизда "жиноятчи"ни "фош" этиш учун етарли далил бўлсада, барчасига ўз оғзим билан иқрор бўлишимни кутгандирсиз? Мана ўша "гумондор шахс" бор айбига иқрор бўлди. Қанақа ҳукм чиқариш ўзингизга ҳавола. Севишдан қўрқмаган одам ҳеч қандай жазодан ҳам қўрқмайди
Фақат, мен туфайли азият чекишингизни, қийналишингизни, лоақал таъбингиз хира тортишини истамайман. Зеро, мен бунга арзимайман. Сизни ўйлантирган, ташвишга солган, ажаблантирган, борингки, ранжитган бундай беадабликлар замирида фақат биргина илинж бор эди ва аминманки, сиз буни тушуниб етдингиз.
Сизни безовта қилган, кўнглингизни оғритган, дилингизни хуфтон қилган бўлсам, минг бор узр. Сизга шу чоққача яхшиликдан бошқа нарсани соғинмай келган бир ошиқнинг гуноҳидан ўтарсиз, деб умид қиламан. Агар шундай қилсангиз, ҳамманинг, жумладан, барча ошиқларнинг дил тубидаги сўзни айтишга изн беринг, кейин нима бўлса бўлар... мен сизни севаман... фақат, шу холос...
Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларимизга бўлган эътиборни янада кучайтириш, уларни санъат, маданият, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб этиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш юзасидан бешта муҳим ташаббусни илгари сурган эди.
Қўрғонтепа туманида мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаш, унинг мазмун-моҳиятини ёшлар ўртасида кенг тарғиб этишга бағишланган семинар бўлиб ўтди. Халқ таълими бўлимига қарашли 19-умумтаълим мактабида ўтказилган тадбирда туман ҳокимлиги, халқ таълими ҳамда ички ишлар бўлимлари вакиллари, ҳудуддаги умумтаълим мактабларининг фаол ўқитувчи ва иқтидорли ўқувчилари иштирок этдилар. Семинарни 19-умумтаълим мактаби директори Ойдиной Боймуродова очиб берди.
Семинарда сўзга чиққан туман халқ қабулхонаси вакиллари Тоҳирбек Деҳқонов, Жасурбек Жабборов, халқ таълими бўлими вакили Гавҳарой Мамитжонова ҳамда туман ички ишлар бўлими ходими Асилбек Иномовлар ўқувчи ёшлар ҳукуматимиз томонидан яратиб берилаётган кенг имкониятлардан унумли фойдаланишлари кераклиги, аждодларга мос авлод бўлиб вояга етишлари, илм олиб, изланиб, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлиқ намоён этишлари, жамиятимиз равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилишлари лозимлиги ҳақида гапириб ўтдилар.
Тадбирда фаол ва ижодкор ўқувчилар томонидан тайёрланган бадиий дастур намойиш этилди. Шеъру-ғазал, дилтортар қўшиқ ва рақслар йиғилганларга хуш кайфият улашди.
Шунингдек, бадиий китоблар акцияси, спортнинг стол тенниси, футбол, волейбол, шахмат-шашка турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди. Тадбир сўнггида мусобақалар ғолиблари ва фаол ўқувчиларга эсдалик совғалари топширилди.
Китоб - инсоннинг энг яқин дўсти, ҳамроҳи, унга тўғри йўлни кўрсатувчи беминнат тенгдош. Китоб мутолаа қилган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди. Аксинча, ҳаётнинг аччиқ-чучугини, яхши-ёмонни, меҳр-муҳаббатни, оқибатни, ҳурматни, ота-онанинг қадрига етишни, хуллас барча яхши фазилатларни ана шу билим конидан топади.
Китоб халқимиз маънавий оламини бойитиш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишда муҳим манбадир.
Машҳур рус ёзувчиси Максим Горький "Ўзимдаги барча яхши фазилатлар учун китобдан миннатдорман", деб ёзган эди. Чиндан ҳам, китобни севган кишида чин инсоний фазилатлар шаклланади.
Фарзандларнинг ёши, қобилияти, касбга бўлган қизиқишидан келиб чиқиб, керакли китобларни танлашга ўргатиш ҳар бир ота-онанинг вазифасидир. Чунки, китобларнинг сони эмас, уларнинг яхшиси фойда келтиради. Китобхон нафақат китоб танлашда, ҳатто ўқиётган пайтда ҳам ундан ақлнинг парвозига тааллуқли жиҳатларини ажрата билмоғи, мутолаа жараёнида айрим қоидаларга амал қилмоғи лозим. Аввало, уни шошилмасдан ўқиш керак. Шундагина китоб одамни билимдон, зукко қилади, ёзиб олиш одати эса китобхонни аниқликка ўргатади.
Болалигимизда кутубхонадан битта яхши китоб олсак, уни қўлма-қўл қилиб ўқиб бўлмагунимизча тинчимас эдик. Бугуннинг ёшларини ҳар жиҳатдан омадли, бахтиёр ёшлар дейиш мумкин. Негаки, бугунги ёшлар китобни хоҳлаган вақтда, хоҳлаган шаклда ўқишлари мумкин. Хоҳласа ўқийдилар, хоҳласа тинглайдилар, хоҳласа электрон ахборот ташувчи воситаларга юклаб олиб, чўнтакларига солиб оладилар. Кейин уни исталган маҳал электрон тарзда ўқишлари мумкин. Электрон нашр - бу графикли, матнли, рақамли, нутқли, мусиқали, видеофото ва бошқа ахборот объектларидан иборат бўлган жамланма ҳисобланади. Бугунги кунда дарсликларнинг, бадиий адабиётларнинг электрон вариантлари яратилаётганлиги ахборотни ўқувчига тез, осон, қулай, шаффоф тарзда тақдим этиш имкониятини бермоқда.
Ҳақиқатдан ҳам китоб - маънавий хазина, инсонларнинг яқин дўсти. Энг машаққатли онларда ҳам инсонга доно маслаҳатчи бўла олади.
Китобга меҳр оиладан бошланса, бу ибрат бутун маҳалла, юрт бўйлаб қанот ёзади. Китоб ўқилган, у ҳақда баҳс-мунозаралар бўлган даврага ёвузлик ораламайди. Эзгулик элчиси бўлиб келган китоблар кишиларни ҳамиша юксак мақсадлар сари ундайверади.
Жалақудуқ туманидаги 39-умумтаълим мактабида "Юртнинг зебо қизлари" деб номланган кўрик-танлов бўлиб ўтди.
Қизларни турмушга тайёрлаш, фаолликлари ҳамда жамиятдаги жараёнларга даҳлдорлик туйғуларини мустаҳкамлаш, соғлом, эпчил, уқувли ва зукко этиб тарбиялаш, ўқувчилар онгига оила ва никоҳнинг муқаддаслигини сингдириш мақсадида ўтказилган танловда мактабнинг юқори синф ўқувчи-қизларидан ташкил топган жамоалари савол-жавоб, миллий таомлар тайёрлаш, эркин мавзу шартлари бўйича билим ва иқтидорларини синовдан ўтказдилар.
Тадбир очилишида сўз олган умумтаълим мактаби директори Рўзихон Раҳмонова оиланинг тинч-фаровон бўлишида, фарзандлар камолотида аёлнинг ўрни беқиёс эканлиги, юксак маънавиятли қиз келажакда оқила уй бекаси бўлииб, оилада, жамиятда ўз ўрнини топа олиши, бунда қизларни турмушга тайёрлаш, эрта турмушнинг олдини олишда муҳим эканлигини таъкидлади.
Танловнинг якуний натижаларига кўра, 11-синфнинг қизлари 1-ўринни, 10-синф зукко маликалари 2-ўринни, 8-9-синф қизларидан ташкил топган жамоа эса 3-ўринни қўлга киритди.
Танловнинг ғолиб ва совриндорлари мактаб маъмуриятининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Замирахон РАҲМОНОВА,
мазкур мактаб хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.
ISPRING ДАСТУРИ ўқувчининг билими ва мустақил ишлаш кўникмасини юксалтиришга ёрдам беради
Мутахассис минбари
Президентимиз томонидан ёшларга бўлган эътиборни янада кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида илгари сурилган бешта ташаббус биз - педагогларни янада самарали ишлашга ундайди.
Хусусан, ташаббуснинг ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш йўналишида аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш кўзда тутилган. Ана шундан келиб чиқиб, мактабимизда ўқув-тарбия жараёнига педагогик ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ўқувчиларнинг пухта билим олишларини таъминлаш, уларнинг билим ва малака даражасини баҳолаш, таълим-тарбия сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Мен шу йил март ойида Андижон давлат университети педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказида малака ошириш курсида таҳсил олдим. Марказда таълим жараёнида замонавий ахборот коммуникация технологияларини қўллаш бўйича чуқур билим ва кенг маълумотлар олдим. Айниқса, мультимедиа электрон ўқув ресурсларини яратиш бўйича iSpring дастури менга жуда манзур бўлди.
iSpring - мультимедиали электрон ўқув ресурсларини яратиш имконини берувчи педагогик дастурлар ичида юқори рейтинга эга бўлиб, унинг учта дастурий модули мавжуд. Улар ёрдамида аудио, видео интерактив элементлар, шунингдек, электрон кўринишдаги тестлар билан бойитилган online тақдимот материаллар, ўқув курслар, турли сўровномалар, анкеталар, интерактив тестлар, 3Д шаклдаги китобларни яратиш мумкин.
iSpring Quiz Maker дастури тармоқланган тестларни яратиш, бир неча вариантдан керакли жавобни танлаш, сатрга киритиш йўли билан жавоб танлаш сингари 11 та топшириқни бажариш имконига эга. Ушбу дастурдан исталган фан бўйича фойдаланиш мумкин.
Мен инглиз тили фани ўқитувчиси сифатида ушбу дастурдан фойдаланган ҳолда 8-синфлар учун тест туздим. Ундан дарс жараёнида фойдаланиб, ижобий натижаларга эришдим. Яъни, апрель ойи бошида ўқувчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичи 8-А синфда 75 фоиз, 8-Д синфда 73 фоиз бўлган бўлса, ой охирига келиб, ўзлаштириш даражаси 8-А синфда 81 фоизга, 8-Д синфда эса 79 фоизга кўтарилди.
Ушбу тест дастури бошқа анъанавий дастурларга қараганда такомиллашган. Бир хил эмас, ўқувчилар учун қизиқарли кўринишларни ўзида мужассам этади. Бундан ташқари, расм, овоз, видео ва формулалар ёрдамида интерактив тестларни тузиш имконияти ҳам мавжуд. Бу ўқувчиларда мустақил ишлаш кўникмасини бойитади.
Қулай ва қатор афзалликларга эга ушбу дастурдан фойдаланиш ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражасини, таълим сифати ва самарадорлигини оширишга ёрдам беради. Шу боис, ундан кенг фойдаланишни барча ўқитувчилаарга тавсия этаман.
Гулноза БОЙБЎТАЕВА,
Андижон туманидаги 36- умумтаълим мактаби инглиз тили фани ўқитувчиси.
Кейинги пайтларда аёллар ўртасида тухумдон саратони билан касалланиш кўрсаткичи тобора ўсиб бормоқда. Ачинарлиси, илгари бу касаллик билан кекса ва ўрта ёшдаги аёллар касалланган бўлса, бугун беморлар орасида ҳатто ўсмир қизлар ҳам бор.
Тухумдонлар хавфли ўсма касаллигининг келиб чиқиш сабаблари турлича. Гормонал, генетик ҳамда ёшга кўра ўзгаришлар, айниқса, ҳайз цикли ва ҳомиладорлик вақтидаги турли паталогик ўзгаришлар, турли бактериал ва вирусли инфекциялар, кимёвий омиллар, радиактив нурланишлар тухумдонлар тўқимасига салбий таъсир кўрсатади ва саратон касаллиги ривожланишига олиб келади.
Қориндаги турли хил характерли оғриқлар, меъда-ичак трактидаги функционал ўзгаришлар, енгил дискомфортдан тортиб, қабзиятга мойиллик ва ичак тутилиши белгилари, пешоб ажралишининг қийинлашиши, кунлик пешоб миқдорининг камайиши, иштаҳа пасайиши, ҳолсизлик, озиш, нохушлик, тез чарчаш, меҳнатга лаёқатнинг пасайиши, тана ҳароратининг вақти-вақти билан кўтарилиши, уйқунинг бузилиши, агар касаллик ўпкаларга суюқлик йиғилиши билан кечса, нафас қисиш жараёни кузатилади.
Касалликнинг илк даври асосан белгиларсиз кечади, вақт ўтиши билан қоринда, белда, думғазада турли хилдаги оғриқлар, сийдик ва меъда-ичак йўлларида бузилишлар кузатилади. Касалликнинг кейинги даврларида эса, ўсма жараёнининг қўшни аъзоларга ва организмнинг бошқа тўқима ва аъзоларига тарқалиши натижасида тананинг турли қисмларида интенсив оғриқлар, кахексия (озиб кетиш), сийдик ажралишининг бузилиши, ичак тутилиши ҳолатлари кузатилади.
Тухумдон саратонини барвақт аниқлаш учун ҳозирги замон тиббиёт фаолиятида етарли шарт-шароитлар мавжуд. Фақат, аёллардан талаб этиладиган ягона нарса бу - ўз саломатликларига эътиборли бўлиш, вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтиб туришлари керак. Тухумдонлар ўсмасининг профилактикаси уларни барвақт аниқлашга, профилактик кўрикларга, хавфли гуруҳдаги аёлларни махсус муассасаларда чуқурроқ текширишларга боғлиқдир. Шу билан бирга ўз-ўзини текшириш, яъни, бир ойда бир марта қовуқ ва ичакни бўшатган ҳолда қоринни кўздан кечириш ва пайпаслаб кўриш, ҳайз циклини назоратда сақлаш, турли инфекциялар, зарарли одатлардан, хавфли омиллардан сақланиш ҳам ижобий натижалар беради.
Қиз бола - бўлғуси она, келажагимиз давомчиси. Аммо, афсуски, айрим ота-оналар қизларни ҳам тиббий кўрикдан ўтказиб туриш кераклигини тушунмайдилар. Қиз боланинг гинеколог кўригига боришини уят, ор деб ҳисоблайдилар. Ваҳоланки, бу - келиб чиқиши мумкин бўлган хавфли касалликларнинг олдини олади, бедаво дарддан сақлайди. Тухумдон саратони тобора ёшариб бормоқда экан, эътиборсизлик қилишга ҳаққимиз йўқ. Зеро, касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш мақсадга мувофиқдир.
"Қизим болалигидан бўғимлар оғриғи касаллигидан азоб чекади. Даво излаб, кўп шифокорларга учрадик. Бироқ, қизим ҳадеганда шифо топмади. Бора-бора оғриқлари кучайиб, ётиб қолди. Уни вилоят кўп тармоқли тиббиёт шифохонасига олиб бордик. Шифохонада бизни жуда яхши қабул қилишди. Қизимни кўрикдан ўтказиб, сўнг дарров ташҳис белгилаб, зарур муолажаларни бошлашди. Муолажа хуш муомала, юқори малака мутаносиблигида кечди. Узоқ даволанишлардан сўнг, қизим тузалди. Ҳозир аҳволи яхши. Бу шифокорлардан оила аъзоларимиз, қолаверса, қизимизнинг ўзи ҳам жуда миннатдор. Кўпларнинг бахтига доим соғ бўлишсин, эл хизматидан ҳеч ҳам чарчашмасин".
Соҳибахон АҲМЕДОВА,
Избоскан тумани, Гуркиров қишлоғи.
Ушбу мактуб тиббиёт муассасамизда фарзанди соғайганидан севинган онанинг дил сўзлари. Бундай мактублар талайгина. Уларни ўқиганимда, шифокорлик касбини танлаганимдан, элга нафим тегаётганидан қувониб кетаман. Беихтиёр, болалик, талабалик даврларимни ёдга оламан.
Андижон шаҳридаги 27-умумтаълим мактабини муваффақиятли тамомлаб, тиббиёт олийгоҳига ўқишга кирдим. Онам - Сабохон Ўрмонхўжаева ўқитувчи эди. У 82 ёшида оламдан ўтган. Отам - Муталибжон Ҳисомиддинов умрини тиббиётга бағишлаган хокисор инсон. Узоқ йиллар халқимиз саломатлигини асрашдек шарафли ва масъулиятли касбини улуғлаб келди. Ҳозир муборак тўқсон ёшдалар. Ота-онамиз биз фарзандларига доимо ростгўй, ҳалол ва масъулиятли бўлишни уқтирардилар.
Ўқишни якунлаб, шифокорлик мутахассислигини эгалладим. Иш фаолиятимга ҳам йигирма етти йил бўлди. Ҳозирда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ревматология бўлими мудири вазифасида фаолият олиб бораман.
Шифохонамиз вилоятнинг нуфузли тиббиёт муассасаларидан бири бўлиб, бош шифокор М.Қодиров, шифокорлар А.Юлдашев, Х.Турсунов, М.Мусаевалар иш жараёнида менга доим устозлик қиладилар. Билмаганларимни ўргатиб, ўз устимда тинимсиз изланишим, беморларга худди яқинимдек муомала қилишим лозимлигини уқтирадилар. Беморнинг тез соғайиши аввало, унинг ўзига, руҳиятига, қолаверса шифокорларнинг ширин сўзига боғлиқ, деб ўйлайман. Уларнинг руҳиятини кўтариш, соғайишига иштиёқни кучайтириш, асабларини мустаҳкамлаш биз шифокорларнинг асосий вазифамиздир.
Мен - бахтли аёлман! Турмуш ўртоғимнинг қўллаб-қувватлаши, ўғил-қизларим, набираларимнинг борлиги, кексаларнинг дуолари, ҳамкасбларимнинг ишончи, севган касбим, ҳамма-ҳаммаси менга куч-қувват бағишлаб, билимимга билим қўшади.
"Ҳар бир кунни яхши кайфият ва яхшилик билан ўтказ!» Бу менинг кундалик шиорим. Юзида табассум жилва қилган одамдан фақат яхшилик кутиш мумкин. Асабларни эҳтиёт қилиш - яхши кайфиятга, табассумга, хотиржамликка боғлиқ. Бунга амал қилган инсон ҳеч қачон касал бўлмайди. Мен беморларга бу ҳақда кўп бор таъкидлайман. Менинг муолажам ана шу шартларга асосланади.
Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф агар ҳаёт бўлганида эди, бу йил ўзининг қутлуғ олтмиш беш ёшини нишонлар эди.
Муҳаммад Юсуф бетакрор шеърлари билан одамларнинг дардини, қалбидаги қувончу шодликларни, халқига, она юртга муҳаббат, садоқат ва фидойилик туйғуларини содда ва гўзал мисралар орқали тараннум этган ўзига хос ижодкор эди.
Мен дунёни нима қилдим?
Ўзинг ёруғ жаҳоним.
Ўзим ҳоқон, ўзим султон,
Сен - тахти Сулаймоним...
Қаранг, оддийгина таърифда она юртга беқиёс меҳр мужассам. Шоирга дунё керакмас, унинг учун дунё бу - туғилиб ўсган қишлоғи, ўз Ватани. У юрт-нинг озодлигидан, халқининг ўзига хон эканидан масрур...
Муҳаммад Юсуф бутун ижодида миллийликни, ўзбекона удумларни, ўзбекона ҳаётни мадҳ этиб яшади. Айниқса, халқимизнинг ўтмишдаги қаҳрамонлари тимсолида ўқувчи қалбига она-юртга муҳаббат, фахр-ифтихор туйғуларини сингдирди.
Қалби, юриш-туриши ўзидай содда Муҳаммад Юсуфда Худо берган иқтидор бор эди. Унинг қалби болалигидан адабиётга, шеъриятга ошуфта эди. Ана шу ошуфталик йиллар давомида ўсди, сайқалланди ва йиллар ўтиб, уни халқнинг суюкли шоирига айлантирди.
- Муҳаммаджон ёш пайтидан ўзгача бўлган, ҳар нарсага қизиқувчанлиги билан тенгдошларидан ажралиб турарди, - дейди шоирни ўқитган ўқитувчилардан бири, меҳнат фахрийси Рўзибой ота Ўтанов. - Далаларда қўй-мол боқиб юрганда ҳам шеър айтиб юрарди, қўшиқ хиргойи қиларди. Айниқса, у қишлоқ табиатининг гўзалликларини, ариқларда оқаётган сувнинг зилоллигини кўриб яйраб кетарди, одамлар билан кўришганда дилдан, самимий суҳбатлашарди.
Муҳаммад Юсуфнинг ўзи бир суҳбатида шундай деган эди: "Мен шеърий илҳомни туғилган гўшамдан оламан. Шунинг учун тез-тез Марҳаматга бориб келаман. Йиллаб она қишлоғига бормайдиган шоирларга ҳайронман: қандай қилиб шеър ёзар эканлар.
...Қишлоғимнинг тупроғи менга илҳом бағишлайди, шунинг учун Марҳаматга борсам, оёқ кийимларимни ечиб ялангоёқ юришни ёқтираман. Шунингдек, уйимга борганимда энг севган машғулотим онамнинг тиззасига бошимни қўйиб ётаман". Бу шоирнинг дил сўзлари, қалб иқрори эди.
Марҳум шоир кўплар ибрат олса арзийдиган инсоний фазилатлар соҳиби ҳам эди. Ундаги юртига муҳаббат, меҳнатсеварлик, мақсадга интилиш, камтарлик, олийжаноблик, яқинларига, дўстларига садоқат хислатлари ҳақида жуда кўп гапириш мумкин.
- Муҳаммаджон болалигидан жуда камтар, сахий, дўстларига меҳрибон эди, - дейди шоирнинг синфдош дўсти Расулжон Раимов. - Дўстларимиздан кимдир касал бўлиб қолганини ёки бошига мусибат тушганини эшитса, келиб холидан хабар оларди, кўнглини кўтарарди. Яна у бир сўзли, кимга нима ваъда берса, албатта, сўзини устидан чиқар эди. Шу боис ҳам болаликдаги дўстлари орасида нафақат машхур шоирлиги билан, балки инсонийлиги билан ҳам катта ҳурмат-эътибор топганди.
Шоир вафотидан сўнг марҳаматликлар, шоирнинг ҳамқишлоқлари у билан ифтихор қилибгина қолмай, шоир хотирасини улуғлаш, номини абадийлаштириш баробарида ҳам эътиборга молик ишларни амалга оширди. Жумладан, Қовунчи маҳалласидаги хонадони, таҳсил олган мактабида музей ташкил этилиб, шоир ҳаёти, ижодига оид жиҳозлар, кўргазмали воситалар, китоблари билан безатилди. Шоир дафн этилган Fиштмозор қабристони ободонлаштирилиб, шоирнинг бюсти ўрнатилди.
Ҳар йили апрель ойида Марҳамат, айниқса, Қовунчи қишлоғи адабиёт, шеърият мухлислари билан гавжум бўлади. Нафақат Андижон, балки қўшни Фарғона, Наманган, ҳатто, Қирғизистондан шоир ижодининг мухлислари ташриф буюриб, шеърият кечалари, мушоира, шоир шеърлари билимдони беллашувлари ўтказилиши анъанага айланган.
- Россияда одатга айланган ана шундай анъана бор, - дейди марҳаматнинг зиёли инсонларидан бири Ортиқали Хусанов. - Ҳар йили рус халқининг улуғ шоири А.С.Пушкин туғилган куни шеърият мухлислари шоир ҳайкали олдига келиб, унинг шеърини ўқийди. Беш-олти киши келиб эшита бошлайди. Яна кимдир шеър ўқийди. Шу тариқа минглаб кишилар тўпланиб, Пушкинхонлик кечгача давом этади. Энг қизиғи, шеърхонлик ҳеч кимнинг кўрсатмаси ёки ташкилотчилигида ўтмайди. Кечанинг ташкилотчиси халқнинг буюк шоирга бўлган муҳаббати бўлади.
Бугун минглаб адабиёт, шеърият мухлисларининг Муҳаммад Юсуф хотирасини ёд этиш учун унинг қишлоғига, у мангу қўним топган қабристонни зиёрат қилиб келаётганликлари ҳам шоир хотирасига, унинг ижодига бўлган ҳурмат ва муҳаббатнинг намунасидир.
Дарвоқе бу байрамга келиш учун ҳеч кимга таклифнома юборилмайди. Лекин, минглаб одамлар ана шу байрамда иштирок этиш, халқимизнинг севимли, соддадил ва соддатил шоири Муҳаммад Юсуф хотирасини ёд этиш учун келадилар. Ҳақиқий шоирлар ўлмайди. Ўзидан бетакрор ва ўлмас шеърлар қолдирган Муҳаммад Юсуф ҳам юртдошларимиз қалбида барҳаётдир.
Ўзбек элининг ардоқли шоири бўлмиш Муҳаммад Юсуф барчанинг кўнглидан бирдек жой олган шоирдир. Унинг ижоди бамисоли тошни ёриб чиққан булоққа ўхшайди, шеърлари эса мана шу булоқда мавжланиб турган тўлқиндир. Шоир ижодида Ватан мавзуси асосий ўрин эгаллайди. Юртга муҳаббат унинг учун барча туйғулардан устун эди. Шоир шеърларинин бетакрорлиги ҳақида жуда кўп эътирофлар айтилган. Жумладан, севимли шоиримиз Абдулла Орипов "унинг қалбида аллақандай бир соҳир қуш доимо сайраб туради, деган гапни кўп бора эшитган эдик. Ўша қуш айнан Муҳаммаджоннинг, яъни Муҳаммад Юсуфнинг юрагида ошиён қурганига мен астойдил ишонаман. Унинг кўзлари ҳам, чеҳраси ҳам ҳамиша латиф бир куйни хониш қилгандек эди", - деган эди.
Дарҳақиқат, Муҳаммад Юсуф ватанпарвар, хокисор ва камтарин шоир эди. Унинг қай бир шеърини ўқимайлик, танамизга титроқ кириб, юракларимиз жунбушга келади.
Лочин нетар кўкда, кўзи ўтмаса,
Синдир қаламингни, сўзи ўтмаса.
Ватан десанг ўпканг тўлиб кетмаса,
Шеър ёзишга бало борми, биродар.
Мазкур шеъри орқали шоир турли баландпарвоз гаплар билан мадҳ этишдан олдин Ватанни самимий, чин дилдан, бетаъма севиш кераклигини таъкидлайди.
Муҳаммад Юсуф мана шундай пок қалб, софдил ва маҳзун юрак эгаси эди. Унинг ижоди тошни ёриб чиққан булоқ мисоли.
Унинг шеърлари руҳингизга ором, қалбингизга ҳузур бағишлайди.
Вилоят кўзи ожизлар кутубхонасида ҳам Муҳаммад Юсуф таваллудининг 65 йиллигига бағишланиб, "Юртпарвар шоир" деб номланган мусиқали кеча бўлиб ўтди.
Кечада Андижон шаҳридаги 13- махсус мактаб ҳамда турли мактаб, коллежларда таҳсил олаётган кўриш қобилияти заиф, шеъриятга қизиққан, ижодкор ўқувчи ва ўқитувчилар иштирок этди.
Вилоят кўзи ожизлар кутубхонасининг раҳбар ўринбосари Гулнора Маъруфова тадбирни очар экан, Муҳаммад Юсуф она юрт, ватан тупроғини, миллат ва қадриятларни улуғлаган халқимизнинг ардоқли шоири эканлиги, шеърларида Ватан, озодлик, ғурур, улуғ боболарга ворислик туйғуси халқона сатрлар орқали тараннум этилганлигини таъкидлади. Чўлпон жамғармаси вакили Дурбек Қўлдошев эса шоирнинг босиб ўтган ҳаёт йўли ҳақида сўзлаб берди.
Тадбирда Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб китоблар кўргазмаси ташкил қилинди. Ўқувчилар ва китобхонлар ўртасида ўтказилган шоирнинг ҳаёти ва бетакрор ижоди юзасидан савол-жавоб баҳрибайтга уланиб кетди. Андижон санъат коллежи ўқувчиси Достонбек Абдуқаҳҳоров ижросидаги шоир шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар тадбирга кўтаринки руҳ бағишлади.
Тадбир сўнгида фаол иштирокчилар кўзи ожизлар кутубхонаси томонидан эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.