+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

САРАТОН - БЕДАВО ЭМАС

Мутахассис минбари

Саратон касаллиги деганда оддий одам кўз ўнгида бедаво, оғир дард намоён бўлади. Лекин, аслида саратон бедаво эмас. Касалликнинг жуда кўп турлари мавжуд бўлиб, хилма-хил кечади. Унинг баъзи турлари осонлик билан аниқланади ва самарали даволанади.

Саратон касаллиги турлари

 Организмнинг эпителий ҳужайралардан ривожланадиган хавфли ўсмалар саратон, деб айтилади. Хавфли ўсмаларнинг бошқа турлари ҳам мавжуд, масалан, бириктирувчи тўқималардан келиб чиқса, саркома деб аталади. Лимфа безларидан келиб чиқадиган хавфли ўсмаларга эса лимфомалар дейилади.

Ўсмаларнинг хавфли ва  хавфсиз турлари мавжуд. Хавфсиз ўсмалар барқарор бўлиб, ўзгармайди, атрофи ўзи ўсиб чиққан тўқима билан қопланган бўлади. Энг муҳими, кўпайиб, организм бўйлаб тарқалмайди, шунинг учун ҳам улар хавфсиз. Ёмон ўсмалар эса кўпайиб, атрофдаги тўқималарни эгаллаб олади. Улар хавфли  ҳисобланади.

Бугунги кунда саратоннинг 10 та тури энг кўп учрайди. Шулардан 8 таси аъзоларни, 2 таси эса қон ва лимфа тизимини шикастлайди.

Кўкрак бези саратони. Кўкрак бези ўсмаси келиб чиқишининг сабаблари ҳозирча номаълум. Бунда экология ва ирсият муҳим роль ўйнаши аниқланган.

Саратон 4 босқичда бўлади. Агар касаллик 1-босқичда аниқланса, 5 йил яшаб қолиш имконияти 94 фоизга, 2-босқичда аниқланса, 79 фоизга, 4-босқичда аниқланган ўсмани даволашнинг иложи йўқ, бунда шифокор фақат бемор аҳволини енгиллаштиришга ҳаракат қилади.

Буйрак саратони. Ҳар йили касалликнинг бу тури билан дунё бўйича 200 мингга яқин киши оғрийди, 100 мингга яқин ўлим кузатилади. Ҳозирда шифокорлар ушбу турни даволашда ижобий натижаларга эришиб келмоқда. Ўсма 1-босқичда аниқланса, ҳар 10 та бемордан 9 таси яшаб кетади.

Тўғри ичак ўсимтаси. Ичакни шикастлайдиган саратон турлари ичида бу ўсмалар ўзини узоқ муддат 20-25 йил ўсишига кўра бошқалардан ажралиб туради. Баъзида, янги хавфли ҳосилалар полиплардан ривожланади. Полиплар тўқималарнинг шиллиқ қаватлари устидан аномал ўсиб кетишидир. Улар деярли ҳар 2 та одамдан биттасида бор. Лекин кўпчилик уларга эътибор бермайди. Полипларнинг 10 фоиздан камроғи хавфли ўсмаларга айланди.

Лимфомалар. Лимфа тугунлари организмда ҳар-хил чиқиндилардан, айниқса, вирус бактериялардан тозаловчи фильтр вазифасини бажаради. Улар овал формада бўлиб, бутун организм бўйлаб жойлашган. Лимфа тугунлари лимфа томирлари билан бирлашиб, мураккаб тизим ҳосил қилади. Лимфома ҳам мураккаб касаллик, турли-туман кўринишларга эга.

Ўпка саратони - шафқатсиз. 

Саратон касаллиги турлари ичида энг хатарлисидир. Асосий сабаби тамаки маҳсулотларини чекиш ҳисобланади. Кўпроқ 55-60 ёшдаги одамларда учрайди. Ўпка мураккаб тузилгани ва ўсма тез ривожланганлиги сабабли эрта ташҳис қўйиш қийин.

Простата бези ўсмаси. Агар касаллик эрта аниқланса, ўсма бездан ташқарига чиқмаган бўлса, 95 фоиз ҳолларда муваффақиятли даволанади. Лекин ўсманинг хавфли томони белгиларсиз узоқ муддат кечиши. Катта ёшдаги эркаклар тез-тез уролог кўринишидан ўтиб туриш керак.

Қалқонсимон без ўсмаси деярли безарар. Бу турдаги ўсмалар нисбатан осон даволанади. Кўпинча уни томоқда шиш пайдо бўлганда ёки беморнинг ютишга қийналаётганлиги тўғрисидаги шикоятидан сўнг аниқланади. 95 фоиз ҳолатда ўсма атрофдаги тўқималарга хавф солмайди.

Лейкоз, оққон. Оққон икки хил формада, яъни ўткир ва тез тарқалувчи, сурункали ва секин тарқалувчи бўлади. Сурункали формаси тўғри даволанса, касалликни назоратга олиш мумкин. Касалликнинг бундай  формасига йўлиққан беморлар шифокорлар ёрдами билан 10 йиллар мобайнида яшаш имкониятига эга.

Сийдик пуфаги ўсимтаси. Сийдикдаги қон сийдик пуфаги саратони асосий ва биринчи симптомидир. Кўпроқ эркакларда учрайди. Пайдо бўлишига асосий сабаб, сийдик таркибидаги заҳарли моддалар, сийдик қопи деворини емиради. Сийдикка заҳарли моддалар тамаки маҳсулотларидан, автомобиль газларидан ўтиши мумкин.

Тери саратони. Саратон касаллиги турлари ичида тери меланомаси алоҳида аҳамиятга эга чунки, беморнинг ўзи теридаги ўзгаришларни олдиндан пайқаб қолиши мумкин. Айниқса, холларга, терининг ранги тасодифан ўзгарган соҳаларга эътибор бериш керак.

Даволаш усуллари:

Касалликнинг тури ва қайси босқичда эканлигига қараб, даво муолажалари буюрилади. Саратон жарроҳлик, иммунотерапия, кимётерапия, нур терапияси, таргеттерапия каби даволаш усуллари билан даволанади. Жарроҳлик -  даволашнинг асосий усулларидан бири бўлиб, бунда зарарланган ўсимта олиб ташланади.

Кимётерапияда ҳар-хил   кимёвий дорилар қўлланилади. Кўпинча, операциядан олдин ёрдамчи восита ёки жарроҳликдан сўнг касаллик қайталамаслиги учун 3-6 ой мобайнида қўлланилади. Аммо, кимётерапия организм учун зарарли бўлиб, иммунитет жараёнларининг бузилиши, соч, қош-киприкларнинг тўкилишига олиб келади.

Радиотерапия ёки нур терапиясида ўсимта кучли рентген аппаратига ўхшаш асбоблар орқали нурлантирилади.Бу ёрдамчи усул дард қайталамаслиги учун жарроҳликдан сўнг ёки олдин, операцияга тайёрлаш учун тайинланади. Баъзилар касалликка даво излаб, шифокорлар қолиб, малакасиз табибларга мурожаат қиладилар. Оқибатда, даволаш мумкин бўлган касалликнинг вақти ўтиб кетади ва беморга ёрдам бериш имкони йўқолади.

Ўзини қадрлаган инсон саломатлигига эътибор беради, тиббий текширувлардан ўтиб, даволаниб туради, турли касалликлар келиб чиқишининг олдини олади.

 

Санжарбек САЙДУЛЛАЕВ,

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тадқиқот маркази Андижон филиали кимётерапея бўлими мудири,

Носиржон ЭРГАШЕВ, кимётерапевт.

Китоб инсоннинг яқин дўсти бўлсин

фикр

Китоб - инсон онгининг кўзгуси. Агар инсон ана шу кўзгуда ўзини чиройли кўришни истаса, демак, кўп китоб ўқиши, маънавий озуқа олиши, китобни ўзига дўст тутиши керак.

Китоб шубҳасиз, инсоннинг энг оқил, тўғри йўлни кўрсатувчи дўсти, маслаҳатчисига айланади. Қанча илм изласак, қанча меҳр ва кўмакка муҳтож бўлсак, барчасини китобдан топишимиз мумкин.

Билим олишни истаган ҳар бир киши учун китоб ҳамиша ёрдамчи эканлигини  унутмаслик лозим. Китоблар оламида яшаган инсоннинг онги, дунёқараши, салоҳияти, маънавияти юксак бўлади. Китоб берадиган маънавий хазина ҳеч қачон тугамайди, бу зиё ҳеч қачон сўнмайди. Кимки ҳаёт шамини илм билан ёқса, у сира сўнмайди, орадан йиллар, асрлар ўтса-да, қалбларда барҳаёт қалқиб тураверади.

Билимнинг чегараси йўқ. Гўёки у уфққа ўхшайди. Унга қанча яқинлашсанг, шунча узоқлашаверади. Инсон фақат китоб ўқиш билангина чегараланиб қолмасдан, ўрганганларини амалда қўллаши ҳам зарур. Киши қанча кўп ўқиса, шунча кучли бўлади.

Таниқли ёзувчимиз Ойбек, «илм олиш - игна билан қудуқ қазигандек гап, ғайрат ва шижоат, тўзим талаб қиладиган иш», дея таъкидлаган. Албатта, кимдир бу қудуқни охиригача қазиб, чанқоғини қондиради, кимдир эса унинг акси. Яъни орамизда ҳеч нарса билмайдиган, билишга интилмайдиган кишилар ҳам йўқ эмас.

Унутмайлик, билимли инсон ҳеч қаерда, ҳеч қачон ёлғиз қолмайди, билим инсонни ёмонликлардан асрайди, кишига ҳаётда ўз ўрнини, ҳурмат-эътибор топишига ёрдам беради.

 

Малоҳат ИБАЙДУЛЛАЕВА,

 

 Андижон шаҳар Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича ДИМИ ўқитувчиси.

СУВНИ ИФЛОС ҚИЛМАЙЛИК!

Мулоҳаза

Сув - ҳаёт манбаи. Сув тирик мавжудотга Аллоҳ томонидан берилган бебаҳо неъматдир. Сувсиз ҳаёт, тириклик бўлмайди. Шу боис ҳам сувни асраб-авайлаш, унинг бир томчисини ҳам исроф қилмаслик керак. Аммо, орамизда шундай инсонлар борки,  уларнинг  эътиборсизлигидан, сувни исроф қилишдек ёмон ишларидан хайрон қоласан киши.

Мана бир неча кундирки, гувоҳи бўлган салбий ҳолатлардан бири қалбимни оғритади, ўзимга келолмайман. Бир куни кўчамиздан оқиб ўтувчи ариқ ёқалаб борар эдим. Хонадонларнинг биридан бир аёл чиқди-да, челак тўла мағзавани ариққа тўкиб, бамайлихотир, ҳеч нима бўлмагандек уйига кириб кетди. Нарироқда эса ёшгина қиз кўчани супуриб, чиқиндини ариққа оқизаётган эди. 

Наҳотки, кап-катта одамлар сув азиз, уни ифлос қилиш гуноҳ эканлигини, қолаверса, бунинг оқибатида турли хасталиклар келиб чиқиши мумкинлигини билмасалар? Орамизда ана шундай гуноҳдан кўрқмайдиган, маданиятсиз, маънавиятсиз, лекин ўзларини ҳаммадан ақлли санайдиган инсонлар борлиги ўта ташвишлидир. Ахир  бу  сувдан  кимлардир фойдаланади, уй ҳайвонларига шу сув берилади. Сувни ахлат билан тўлдирсак, ифлос қилсак, турли хасталиклар келиб чиқиши мумкинку!?

Азиз юртдошглар, тенгдошлар! Сувни асло ифлос қилмайлик. Юқоридаги каби салбий ҳолатларни кўрганимизда индамасдан, эътиборсиз ўтиб кетавермайлик. Тушунмаганларга танбеҳ берайлик, айтайлик, ўргатайлик. Зеро, улар ҳам номақбул иш қилмасин, сувни, атроф-муҳитни озода, покизалиги учун ҳаракат қилсин. Бу ҳар бир кишининг инсонийлик бурчидир.

 Моҳларой  МУХТОРОВА,

Андижон тумани.

ЯЛПИЗЛАРГА СУЯНГАН ШОИР

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ШОИРИ МУҲАММАД ЮСУФ ТАВАЛЛУДИНИНГ 65 ЙИЛЛИГИ ОЛДИДАН

Андижонннинг содда, самимий, ўз Ватани, она тупроғини чин дилдан севган, ўзгача тараннум этган шоири Муҳаммад Юсуф қисқа, лекин, жуда сермазмун ҳаёт кечирди. У ижодида туғилиб ўсган масканни,  юртни юксакларга кўтарди, энг гўзал мисраларда тараннум этди:

Кўҳна тол бешикдан бошланар олам,

Сенга иддаолар қилмай севаман.

Бир куни синглим деб, бир куни онам,

Ватан, кимлигингни билмай севаман.

деб ёзган эди шоир. Ёки:

Алла айтсанг, айвонингда ухлар қуёш,

Сенга мудом иймон йўлдош, ислом йўлдош.

Бор бўлсин шу қирқ ўрим соч, ўсмали қош,

Оқ яктагу, беқасам тўн, шоҳи белбоғ.

каби мисраларида  ўзбек миллатини улуғлаган эди.

Шоирнинг шеърлари орасида "Ўзбек", "Ўзбекнинг аёллари", "Ўзбек қизлари", "Ватан", "Ватанни севинг", "Ватан ягонасан" каби шеърлар борки, уларни шунчаки ўқиб бўлмайди. Баъзан, Ватан ҳақидаги шеърларни ўқиганимизда, жўн, баландпарвоз сўзлар ва сийқаси чиққан иборалар ишлатилганини кўрамиз. Шу боис, Ватан ҳақидаги ҳамма шеърлар ҳам ёдимизда қолавермайди. Бироқ, Муҳаммад Юсуфнинг шеърларида ўзгача муҳаббат, ўзгача тафт, ўзгача ёндашув бор. Мисралари содда бўлса-да самимий, жумлалари баландпарвозликдан йироқ, ташбеҳлари ўзига хос. Шу боис, халқимиз Муҳаммад Юсуф шеърларини жон-дили билан ўқийди, ёд олади, хиргойи қилади, кўзлари ёшланиб ўз шоирини дуо қилади. У "Андижон" номли шеърида шундай дейди:

Бобурга илинсанг, менга қовун сўй,

Чўлпонни соғинсанг, мени қучоқла.

Бу сатрларда Андижоннинг забардаст шоирлари эсланади, хаёлимиз олис тарихларга кетади. Яна, Амир Темур, Навоий, Яссавий, Машрабу Улуғбеклар, Қодирий-ю Усмон Носирлар ҳақида ҳам ажойиб, кишини мушоҳадага чорлайдиган, айниқса,  қалбни фахр-ифтихорга тўлдирадиган мисралар бисёр.

Ҳар йили апрель ойида шоир туғилиб, ўсган қишлоққа келиб, қабрини зиёрат қиламан. Шоир туғилган уйга кириб, яқинлари билан суҳбатлашаман. Албатта, келиб битта бўлса ҳам шеър ёзаман. Юртимизнинг турли гўшаларидан келган шоирнинг мухлисларини кўриб, хайратланаман. У ўқиган мактабда чиройли       шеърлар янграйди. Турли тадбирлар бўлиб ўтади. Ўз шоирини шунчалик севувчи, ардоқловчи халқ дунёда бўлмаса керак. Шу ўринда Муҳаммад Юсуф ёзган ушбу сатрлар ёдимга тушди:

Ёмон шеър ёзсанг ҳам, юзингдан ўпиб,

Кам бўлма болам, деб яшайди ўзбек.

Чўлпону Моҳларойим, Саида опа-ю Турсуной опа, Муҳаммад Юсуфлар туғилиб ўсган Андижон тупроғида туғилиб, вояга етганимдан беҳад фахрланаман.

Муҳаммад Юсуф ҳамиша юртимизнинг энг севимли, ардоқли шоирлари қаторида тилга олинади. Шоир  буни аввалдан билгандай, назаримда. Шунинг учун ҳам у:

Кўнглим сезар, энди буёғи аён,

Дўстларим, дўстларим, бахтли боламан.

Ё Тошкентда энг зўр шоир бўламан,

Ё уйимга кетиб, ариқ бўйида,

Ялпизга суяниб ўлиб қоламан.

деб ёзган эди. Шоирнинг сўзлари бугун гўё исботини топгандай. У ҳаётлигида забардаст шоирлардан бири сифатида Тошкентда машҳурлик ва эҳтиром топди. Бугун эса киндик қони тўкилган Марҳаматда ўзи айтганидек, ялпизга суяниб, мангу уйқуга кетган.

Зеро, шоир шеърият гулшанида ўзига хос чаман яратди. Ушбу чаманнинг муаттар ифори бугун барчани сармаст этмоқда. Айниқса, Ватан, миллат, она диёр мавзуларидаги гўзал мисралар барча учун қадрлидир.

 

Ҳурматой УМАРОВА

Сабр иймоннинг ярмидир

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) шундай дедилар: "Сабр иймоннинг ярмидир".

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) "Жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, Аллоҳ мўмин банда учун нимани қазо қилса, ўша унинг учун яхши бўлади, агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади, унга яхши бўлади. Агар унга хафачилик етса, сабр қилади, унга яхши бўлади," - деганлар.

Аллоҳ таоло яна: "Эй иймон келтирганлар! Сабр ва намоз ила мадад сўранглар. Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир," дейди (Бақара сураси, 153-оят).

Банда Аллоҳга тоатда ҳам, гуноҳдан сақланиш, йўлдаги тўсиқларни ва ҳаётдаги қийинчиликларни енгиб ўтиши, заифлик келиб қолганида, ҳавойи нафсни жиловлаши учун ҳам сабрли бўлиши керак.

Уламоларимиз сабрни учга бўлганлар:

Биринчиси: Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан ва гуноҳлардан сақланишга сабр.

Иккинчиси: тоат-ибодат қилиш, фарз амалларни бажаришда сабрли бўлиш.

Учинчиси: етадиган мусибат ва қийинчиликларга сабр.

Ҳадиси шарифда эса "Сабр ёруғликдир", дейилади. Зеро, сабр нур каби қийинчилик зулматини кетказади ва ҳақиқатни намоён қилади. Яна бошқа ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва каттароқ неъмат берилмаган," дедилар. Чунки Аллоҳ сабрлиларни яхши кўради. Бунинг учун киши иродали бўлмоғи, яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам неъмат билиб, Парвардигорнинг ҳукмларига сабр билан собит туришлиги мақсадга мувофиқдир.

Сабр ва чидам йўлини тутган одам гуноҳ қилишдан қўрқади, ёмон ишлардан юз ўгиради, саботли бўлади, ғафлатда қолмайди, ризқ бўлмиш ноз-неъматлар қадрини билади, яхшилик қилиш, ёмонликдан узоқ бўлиш ҳаракатида бўлади, тавба қилиш бахтига эришади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни сабр ва қаноатли бўлишлигимизни насиб этсин.

Жасурбек СУЛТОНОВ,

Избоскан тумани.

ГАЗЕТА ЎҚИМАСАМ ТУРОЛМАЙМАН,

- дейди бўзлик Назирахон опа Мақсудова

Бугун жамиятда аёлларнинг ўрни беқиёс, улар жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча жабҳаларида фаол меҳнат қилмоқдалар. Ана шундай аёллардан бири бўзлик Назирахон  Мақсудова иш кунини газета ўқишдан, янгиликлардан бохабар бўлишдан бошлайди.

Назирахон опа матбуот    тарқатиш соҳасида қарийб 20 йил ҳалол меҳнат қилди. 1990 йили тумандаги 30- ҳунар-техника билим юртини тамомлаб, 22-умумтаълим мактабида меҳнат фаолиятини бошлаган. 2003 йилда эса "Матбуот тарқатувчи" масъулияти чекланган жамиятининг туман бўлимига сараловчи бўлиб ишга кирди. Бу ерда устози Неъматжон Тоҳировдан матбуот нашрларини тарқатиш ва обунани ташкил этиш бўйича иш ўрганди, тажриба орттирди. Бўлимга келтирилган газета ва журналларни саралади, корхона, ташкилот ва муассасаларга ўз вақтида етказиб берди. Бир сўз билан айтганда, одамларга маънавият улашди, уларни ҳар бир соҳада бўлаётган ўзгаришлардан бохабар қилиб турди, янгиликлар билан ҳамнафас қадам ташлашларига ёрдам берди.

Назирахон опа айни пайтда "Андижонагрокимёҳимоя" ҳиссадорлик жамияти Бўз туман филиалида меҳнат қилмоқда. Узоқ йиллар бир соҳанинг нонини еб, бошқа соҳада ишга ўтиш осон эмас. Аммо, опа ўзининг меҳнатсеварлиги, самимийлиги, зиммасига юкланган ҳар қандай вазифани сидқидилдан адо этиши билан янги жамоада ҳам ҳурмат-эътибор топа олди. Бугун у жамоада самарали ишлаш билан бирга, ёш мутахассисларга ўз билим ва тажрибаларини ўргатиб келмоқда.

- Ҳаёт тақозоси билан турли соҳалаарда фаолият юритдим, - дейди Назирахон опа биз билан суҳбатда. - Инсон қаерда, қайси соҳада меҳнат қилмасин, ўз ишига меҳр бериши,  сидқидилдан ишлаши керак. Шундагина меҳнатидан нафақат ўзининг, балки атрофдагиларнинг кўнгли тўлади, ишида унум ва самара бўламан.

Бугун қишлоқ хўжалиги соҳасида ишласам-да, газета-журналлар ўқиб боришни канда қилмайман, ўқимасам туролмайман. Матбуот тарқатиш тизимида узоқ йиллар ишлаш асносида шунга одатланган. Юртимиз ҳаётига оид янгиликлардан мунтазам хабардор бўлиб тураман. Ўқиганларимни жамоадошларимга ҳам илинаман.

Ҳа, ана шундай самимий, камтар ва меҳнатсевар Назирахон опани бугун барча ҳамкасблари  ҳурмат қилади. Албатта, ҳар бир инсон меҳнати, чиройли юриш-туриши билан оилада, жамоада, жамиятда ҳурмат топади. Қаҳрамонимиз ҳам ўзининг юксак инсоний фазилатлари билан ҳурматга,  бахтга эришган аёллардан биридир.

 

Илҳомжон ТОЖИБОЕВ

Вилоятимизда зиёратчи ва сайёҳларга қулайликлар яратиш, хизмат кўрсатиш сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда

18 апрель - Халқаро ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш куни

 

Қадим ва бой тарихга эга бўлган Ўзбекистонда тарихий обида ва маданий ёдгорликлар жуда кўп. Улар халқимизнинг ўтмишини ўзида мужассам этган миллий қадриятларимиз намунаси, халқимизнинг бебаҳо мулки ҳисобланади. Қолаверса, юртимиздаги юзлаб кўхна ва бетакрор обидалар асрлар давомида жаҳон аҳлини лол этиб келмоқда.

Шу боис уларни ўрганиш, муҳофаза қилиш, келажак авлодга бус-бутун етказиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 декабрдаги "Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари  тўғрисида"ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда. Мазкур қарор ва соҳага оид бошқа қатор ҳужжатлар ижроси доирасида вилоятимизда эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.

- Бугунги кунда вилоятимизда маҳаллий ва республика аҳамиятига молик 359 та тарихий ва маданий мерос объектлари рўйхатга олинган, - дейди Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш департаменти Андижон вилояти бошкармаси раҳбари Бекзодбек Умаров. - Улардан 115 таси археологик, 70 таси меъморий ёдгорликлар, 96 таси маҳобатли санъат ёдгорликлари, ҳайкаллар бўлиб, қолган 78 таси диққатга сазовор жойлар ва зиёратгоҳлардир.

Айни кунда мавжуд тарихий обида ва маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш, ободонлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, мутахассислар иштирокида вилоятдаги маданий мерос объектлари рўйҳатлари шакллантирилиб, уларнинг электрон маълумотлар баъзаси яратилди. Қатор объектларни ўрганиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Уларнинг аксариятида кадастр-баҳолаш, муҳандислик-тадқиқот, топономик, картография ишлари амалга оширилди. Жумладан, 80 дан зиёд тарихий ёдгорликларнинг кадастр ҳужжатлари тайёрланди. Бу ишларни амалга ошириш учун 2017-2018 йилларда қарийб 185 миллион сўм бюджет маблағлари сарфланди. Бундан  ташқари, айни кунга қадар 35 та объектнинг паспорти тайёрланди. 

Хорижлик ва юртимизнинг тарихчи олимлари, археологлари ҳамкорлигида Марҳамат туманидаги Мингтепа, Қўрғонтепа туманидаги "Қўштепа" археологик ёдгорликларида қазилма ва илмий-тадқиқот ишлари олиб борилди.

Мингтепа қалъаси қадимий Даван давлатининг пойтахти - Эрши шаҳрининг харобалари эканлиги тарихдан маълум. Олимларнинг аниқлашича, ўз даврида қалъанинг шаҳар ичи қисми 38 гектар, шаҳар ташқариси эса 230 гектар майдонни эгаллаган. Эрши ҳукмдорининг махсус саройлари жойлашган Жингиртепа, Қоровултепа,   Мингтепа, Алитепа  сингари ўттиздан ортиқ тепаликлар харобалари ҳозирда ҳам сақланган.

Вилоят маркази ва Тошкент шаҳрида ушбу археологик ёдгорликларда олиб борилган қазишмалар чоғида топилган ноёб осори атиқалар, турли буюмлар кўргазмалари ташкил этилиб, кенг жамоатчиликка намойиш этилди. Шунингдек, очиқ осмон остидаги "Мингтепа" музейини ташкил этиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

- Халқимизнинг кўхна тарихини акс эттирувчи бу каби ноёб ёдгорликларни асраш, жаҳон аҳлига кўрсатиш, энг асосийси, уларни келажак авлодга етказиш муҳимдир, - дейди "Мингтепа - маданий мерос" жамоат фонди раҳбари Ортиқали Хусанов. - Мингтепа харобаларини ўрганиш борасидаги ишлар режа асосида олиб борилаётганлиги мазкур ҳудуд ва халқимиз тарихига оид янги-янги ашёлар ва маълумотлар олиш имконини бермоқда.

Буюк ипак йўлини тиклаш мақсадида ЮНЕСКО томонидан амалга оширилаётган "Буюк ипак йўли: Фарғона - Сирдарё коридори" лойиҳаси доирасида Мингтепа археологик ёдгорлиги таркибидаги Жингиртепа, Қоровултепа, Мингтепа тепаликларини ўрганиш, қайта тиклаш, халқаро туристик йўналишга киритиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Айни кунда республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан Пахтаобод туманидаги "Ҳовускон ота", "Хўжатақсим ота", Хўжаобод туманидаги "Имом ота", Андижон туманидаги "Меҳмони Валий", Балиқчи туманидаги "Тузлуқ момо" сингари кўплаб зиёратгоҳларда қурилиш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

- "Ҳовускон ота" зиёратгоҳида кенг кўламли қурилиш,      бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда, - дейди Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш департаменти Андижон вилояти бошқармаси жамоатчи инспектори Сайфулло Юнусов. - Миллий услубдаги айвон, мақбара, шунингдек, зиёратчиларга қулайлик яратиш учун қатор савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилади, зиёратгоҳ янада ободонлаштирилади. Бу ишларни амалга ошириш учун 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган.

  Халқимиз, миллий давлатчилигимиз тарихини ўзида акс эттирувчи, келажак авлодларга мозийдан хабар берувчи зиёратгоҳ,  археологик ёдгорликларни, тарихий ва маданий обидаларни асраб-авайлаш, ободонлаштириш, уларга янги ҳаёт бахш этишга қаратилган юқоридаги каби ишлар вилоятдаги қатор зиёратгоҳларда ҳам олиб борилмоқда.  

Вилоятдаги маданий мерос масканларида зиёратчилар, сайёҳларга қулайликлар яратиш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, инфратузилмасини яхшилаш,  автотураржойлар ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.  Бу борада Андижон шаҳридаги Боғи Бобур дам олиш маскани, Жоме ёдгорлик мажмуаси, Хонобод шаҳридаги "Фозилмон ота" зиёратгоҳида  ишлар намунали йўлга қўйилган. Бироқ қатор зиёратгоҳ ва дам олиш масканлари борки, уларда ташриф буюрувчилар учун яратилган шарт-шароитлар ҳали кўнгилдагидек эмас. Мутасадди ташкилотлар, кенг жамоатчилик ҳамкорлигида ана шу масканларда ҳам зарур ишлар олиб борилиши муҳимдир.

Мухтасар айтганда, тарихий обида ва маданий ёдгорликлар юртдошларимиз қалбида она заминга муҳаббат, ўтмишга  даҳлдорлик ҳиссини, Ватанга бўлган фахр-ифтихор туйғуларини мустаҳкамлаш, қолаверса, ёш авлодни тарихимизга, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим восита бўлиб хизмат қилади

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

"Китоб - кўнгил ва руҳият табиби"

Китобхонлик тарFиботи

Андижон давлат тиббиёт институтида юртимизда ўтказилаётган китобхонлик ойлиги доирасида "Китоб - кўнгил ва руҳият табиби" мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.

Президентимизнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш юзасидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусларидан бири - Ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг китоб мутолаасига бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида Андижон давлат тиббиёт институти, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси,  Бобур номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази  ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда институт ўқитувчи ва талабалари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, ахборот-ресурс марказлари мутахассислари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўз олган институт проректори П. Асхонов, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи А. Султонов, Бобур номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази раҳбари Г. Исмоилова ёшлар маънавиятини юксалтириш, аҳоли ўртасида китоб тарғиботи, китобхонлик ва мутолаа маданиятини ошириш  борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидладилар.

Ташаббусдан руҳланган кўплаб юртдошларимиз ўзлари таҳсил олган ўқув муассасасига китоблар совға қилмоқда. Бу хайрли ва ибратли ҳаракат тобора кенг қулоч ёймоқда. Жумладан, тиббиёт институтининг собиқ талабалари томонидан ҳам институт кутубхонасига турли мавзулардаги адабиётлар совға қилинди.

Иштирокчиларга институт Ахборот-ресурс маркази фаолияти, бу ерда китоб тарғиботи бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақидаги видеофильм намойиш этиб берилди.

Семинарда "Китоб  мутолаасининг инсон руҳиятига таъсири", "Китоб - илму заковат хазинаси" сингари қатор мавзуларда маърузалар тингланди. Иштирокчилар томонидан китоб тарғиботи борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, бу борадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, ёшларга китоб улашишдек  хайрли ишларда фаол бўлиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир ташкилотчилари томонидан Андижон шаҳридаги "Болалар шаҳарчаси" тарбияланувчиларига китоблар жамланмалари совға қилинди.

Тадбир доирасида институт фойесида китоблар кўргазмаси ташкил этилди.

Феруза БОЗОРОВА,

АДТИ талабаси.

Улуғнорлик хотин-қизлар янада фаол бўлади

Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббусни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича қўмитамиз томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда қатор тадбирлар ўтказилди.

Туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабида маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича мутахассислари, уй бекалари, уюшмаган ёшлар вакиллари, жами 300 нафардан зиёд хотин-қиз иштирокида спорт фестивали ўтказилди. Фестиваль доирасида спортнинг волейбол, шахмат, шашка, стол тенниси, волейбол турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди.

Спортнинг оммавийлигини ошириш, хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш мақсадида ўтказилган фестивалнинг волейбол мусобақасида Тўрттол, шахмат мусобақасида Шаҳриобод, шашка мусобақасида Улуғбек, стол тенниси мусобақасида Обод маҳаллалари жамоалари ғолибликни қўлга киритди.

Қўмитамиз томонидан Обод маҳалла фуқаролар йиғинида "Хотин-қизларни иш билан таъминлаш - муҳим вазифа" мавзусида тадбир ҳамда тадбиркор хотин-қизлар учун сайёр қабул ўтказилди. Сайёр қабул давомида 60 дан ортиқ тадбиркор ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги хотин-қизларога зарур тавсия, маслаҳат ва ёрдамлар кўрсатилди.

Улуғнор қишлоқ хўжалиги касб-хунар коллежи битирувчилари учун "Касбим менинг - фахрим менинг" деб номланган тадбир бўлиб ўтди. Туман давлат солиқ инспекцияси, "Ёшлар келажагимиз" жамғармаси туман бўлими, тумандаги "Шиддат-люкс" масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда битирувчиларга касб танлаш, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш, бизнес-лойиҳа тайёрлаш, кредит олиш, солиқ тўловлари  бўйича берилган имтиёзлар ҳақида ёшларга кенг тушунча ва маълумотлар берилди.

Тумандаги Шаҳриобод маҳалласида маҳалла мутахассислари, бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари раислари ҳамда "Қизларжон" клуби сардорлари учун "Энг намунали бошланғич ташкилот" деб номланган, шунингдек, "Қизларжонлар клуби" фаолияти бўйича семинар ўтказилди. Унда ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Ана шу тадбирлар опа-сингилларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга хизмат қилмоқда.  Бу борадаги ишлар режа асосида, тизимли давом эттирилади.

 

Нигорахон ЖАББОРОВА,

Улуғнор туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

БЕШТА УСТУВОР ТАШАББУС ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНМОҚДА

Марҳамат қишлоқ ва сув хўжалиги касб-ҳунар коллежида ёшлар фестивали бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларга бўлган эътиборни янада кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида илгари сурилган бешта ташаббусни қўллаб-қувватлаш, унинг мазмун-моҳиятини ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида вилоят касб-ҳунар таълими бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган фестивалда вилоятдаги касб-ҳунар коллежларида таҳсил олаётган фаол ва иқтидорли ўқувчилар иштирок этди.

Фестиваль очилишига бағишланган тадбирда сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари,  хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова ва бошқалар мамлакатимизда ёшларнинг пухта билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги,  шунингдек, уларнинг жамиятдаги жараёнларда фаол иштирок этишлари, турли иллатлар, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш бўйича самарали ишлар олиб борилаётганлигини таъкидладилар.  

Коллежларда таҳсил олаётган ёшларимизни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спорт соҳасига жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини бойитиш мақсадида ўтказилган фестивалда вилоятдаги барча коллежлар жамоалари фаол иштирок этди. Тадбир ўқувчи ёшларнинг фаоллигини, мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини оширишга ёрдам берди.

Фестиваль доирасида таълим муассасаларида ташкил этилган санъат ва мусиқа тўгараклари жамоаларининг, "Қизларжон" клубларининг чиқишлари, ёшлар томонидан тайёрланган мусаввирлик, қўл меҳнати, ҳунармандлик буюмлари ҳамда миллий либослар кўргазмалари намойиш этилди. "Қувноқлар ва зукколар" беллашуви, мушоира, ўқувчилар ўртасида спорт мусобақалари  ўтказилди.

Компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш, китобхонликни    тарғиб этиш, шеърият кечаси, мунозара-мулоқот, давра суҳбатлари ҳамда битирувчи қизларни ишга жойлаштириш борасида касб-ҳунар коллежларида амалга оширилаётган ишлар бўйича ташкил этилган тадбир ва кўргазмалар барчада катта қизиқиш уйғотди.

- Ушбу фестиваль биз ёшлар учун ҳақиқий байрамга айланди, - дейди Марҳамат қурилиш ва индустрия касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Фарангиз Аҳмаджонова. - Тадбирда китобхонлик борасидаги тушунчаларимизни янада бойитдик, шу билан бирга, ёт ғоялар, салбий иллатлар таъсирига тушиб қолмаслик учун нималарга кўпроқ эътибор қаратишимиз кераклиги ҳақида кенг маълумотлар олдик.  

Ёшларга кўтаринки кайфият, шижоат бахш этган фестиваль доирасида ўтказилган танловлар, спорт мусобақалари ғолиблари, давра суҳбатлари, мунозара-мулоқотларда фаол иштирок этган ёшлар касб-ҳунар таълими бошқармаси томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Умиджон НОЗИМЖОНОВ,

жамоатчи мухбир.