+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Пахтаободда 74 оила яраштирилди

2019 йил - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили

Аёл - оиланинг чироғи, жамиятнинг гултожидир. Аёлларга улуғ сифатлар, таърифлар бериб, уларни ардоқлаб, муқаддас аёл,  дунёдаги энг буюк зот, дея атаймиз. Чунки, аёл бир қўли билан бешикни, бир қўли билан дунёни тебратади.

Хусусан, мамлакатимизда ҳам хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг оила ва жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.

Аҳоли муаммоларини тизимли ўрганиш, уларни ҳал этиш, айниқса, ижтимоий шароити оғир аёлларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш, уларнинг бандлигини таъминлаш  бугунги куннинг долзарб масалалари ҳисобланади.

Туманимизда айни кунда 91 минг нафардан зиёд хотин-қиз истиқомат қилади.  Улардан 2026 нафари ишсиз аёллардир. Шундан 1614 нафари туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан иш билан таъминланишга муҳтож, деб ҳисобга олинган, 416 нафари эса қийин ҳаётий шароитларда яшаётган опа-сингилларимиз ҳисобланади.

Қўмитамиз томонидан йил дастурида белгиланган вазифалар, шунингдек, жойлардаги муаммоларни ўрганиш, ижобий ҳал этиш, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит   барқарорлигини таъминлаш бўйича секторлар доирасида иш олиб борётган ишчи гуруҳлар аъзолари, мутахассислар, отинойилар кўмагида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Олиб борилаётган ана шу ишлар аёлларнинг дарду қувончига шерик бўлиш, уларнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу, ўз навбатида, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, оналар, болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аёллар ва вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар, эрта ҳамда қариндошлар ўртасидаги, шунингдек, ноқонуний никоҳларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даври давомида туманимизда фаолият олиб бораётган "Динар" ва "Риза" ишлаб чиқаришкорхоналарига 310 нафар хотин-қиз ишга жойлаштирилди.  Тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи, оилавий бизнесни йўлга қўймоқчи бўлган 14 нафар хотин-қизга 250 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредитлар ажратилишига кўмаклашилди.Шу ҳисобига 105 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.

Туманимиздаги жиноят қилишга     мойиллиги бор 5 нафар аёлларга маънавий хомийлар бириктирилди. Улар ўртасида  мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилиши натижасида уларни тўғри йўлга қайтаришга эришдик. Энг муҳими, уларнинг 2 нафари жамоатчилик ишларига, 3 нафари эса тўқувчилик цехларига ишга жойлаштирилди. Жазони ўташ муассасаларидан қайтган 3 нафар аёлга тиббий-психологик ҳамда моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Туманимизда аҳоли билан мулоқот, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш билан боғлиқ ишлар тизимли йўлга қўйилган. Жорий йилнинг ўтган 1-чорагида маҳалла фуқаролар йиғинларидаги кўплаб хонадонларга ташриф буюрилиб, одамларнинг яшаш шароити, муаммолари ўрганилди. Ушбу жараёнда хотин-қизларнинг саломатлиги, бандлиги, оиладаги ижтимоий-маънавий муҳит, банклардан кредитлар олиш билан боғлиқ ҳамда бошқа қатор масалалар бўйича 60 га яқин муаммо аниқланди. Улардан 27 таси оилавий, 10 таси суд томонидан ажрим, қолганлари эса уй-жой ва маиший масалалардир. Мазкур муаммоларнинг 26 таси қўмитамиз томонидан ижобий ҳал этилди.

Айни кунга қадар ажралиш ёқасига келиб қолган 74 оила яраштирилди. Шаръий никоҳ билан яшаётган 354 оила аниқланиб, улардан 281 тасининг никоҳи  қонунийлаштирилди.

Маҳаллалардаги узоқ муддат хорижда ишлаб, шунингдек, қамоқ жазосини ўтаб қайтганлар, профилактик ҳисобга олинганлар, нотинч ва кам таъминланган оилалар, якка-ёлғиз яшаётган фуқаролар билан ҳам ишлар тизимли олиб борилмоқда. Уларга  мутасаддилар бириктирилган.

Туманимизда жами 28 нафар ўта оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар рўйҳатга олинган бўлиб, улар билан ҳам зарур барча ишлар олиб борилмоқда. 

Ногирон, оғир шароитда яшаётган 18 нафар хотин-қизни уй-жой билан таъминлаш мақсадида  тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 10 нафарига хотин-қизлар қўмитаси томонидан уйнинг бошланғич тўловлари тўлаб берилди.

Умуман ўзгаришлар, янгиланишларга бой бугунги кун, шиддат билан ўтаётган давр ҳар бир юртдошимиздан, айниқса, масъул ва раҳбарлардан қайси соҳада бўлмасин, ғайрат-шижоат билан, виждонан, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш йўлида астойдил ишлашни тақозо этмоқда. Ана шундан келиб чиқиб, туман хотин-қизлар қўмитаси бу борада бор имкониятларни ишга солиб меҳнат қилишга бел боғлаган. Мақсадимиз, туманимиз хотин-қизларининг яшаш шароитлари, турмуш фаровонлиги янада юксалишини таъминлашдир.

 

Одинахон ҲАЙИТАЛИЕВА,

Пахтаобод тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар

қўмитаси раиси.

ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ЭҲТИЁЖМАНД ОИЛАГА 20 МИЛЛИОН СЎМ МАБЛАF БЕРДИ

Мулоқот, муаммо, ечим

Вилоятимиз ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Бўз, Улуғнор ва Балиқчи туманларидаги қатор маҳаллаларда бўлиб, аҳолининг ҳаёти, турмуш тарзи билан танишди, фуқаролар билан мулоқотлар ўтказди.

Вилоят раҳбари Бўз туманида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари, аҳоли хонадонларида томорқадан қай даражада фойдаланаётганлиги билан қизиқди.

Чорвадор маҳалласи тумандаги юксалиб, кундан-кунга обод бўлаётган масканлардан бири. Маҳалла қиёфаси кейинги икки йил ичида тубдан ўзгарди, қатор савдо, хизмат кўрсатиш объектлари қурилиб, ишга туширилди. Айниқса, оилавий тадбиркорлик, томорқадан унумли фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Ҳоким маҳалланинг Чорвадор кўчасида истиқомат қилувчи Рустамжон Турғунов, Холтожихон Рустамоваларнинг хонадонида бўлди. Уларнинг         томорқадан фойдаланиш, етиштирилаётган помидор, бодринг, картошка ва бошқа сабзавот экинлари парваришидаги ўзига хос тажрибалари билан танишди.

- Томорқамизда картошка ва бошқа сабзавот экинлари экканмиз, - дейди Холтожихон Рустамова. - Томорқадан ҳар йили камида икки марта ҳосил оламиз. Бу ўз эҳтиёжимизни тўла қоплайди, ортганини эса бозорда сотиб, оиламиз бюджетига қўшимча даромад   киритяпмиз, оиламизнинг камини тўлдиряпмиз. Энг муҳими, бугун ишлаган, интилган одам ҳаётини янада яхшиламоқда.

Шундан сўнг вилоят ҳокими туман марказида қад ростлаган туман прокуратураси янги биноси очилишида иштирок этди.

"Ихтисослашган Шаҳрихон қурилиш" хусусий корхонаси томонидан қарийб 5 миллиард 407 миллион сўм маблағ эвазига барпо этилган мазкур бино туман марказига ўзгача кўрк бағишлади.

Шу куни вилоятимиз ҳокими тумандаги қатор хонадонлар, таълим муассасаларида бўлди. Аҳоли билан мулоқот жараёнида Янгиобод, Кўҳинур маҳаллаларида яшовчи, имконияти чекланган Хайрулло Нуралиев, Мирзоҳид Ортиқовга намунали лойиҳалар асосида қурилаётган янги уйлардан олиш учун бошланғич тўловлари тўлаб берилди. Чорвадор маҳалласида қийин шароитда яшаётган Жумагул Олломуродовага тикув машинаси, иқтидорли, фаол ўқувчиларга китоблар жамланмалари, мусиқа чолғу асбоблари совға қилинди.

Вилоятимиз раҳбари Улуғнор туманидаги Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Шунингдек, маҳалла аҳолиси билан учрашиб, уларнинг муаммо ва таклифларини тинглади.

- Вилоятнинг энг чекка ҳудудларидан бири бўлган маҳалламизда 3 минг 300 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади, - дейди маҳалла раиси Абдумурод Қодиров. - Аҳолимизнинг кўпчилигини хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг бандлигини таъминлашда муаммоларимиз кўп. Шу боис, маҳалламизда тикувчилик цехи ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. 

Ушбу таклиф юзасидан туман ҳокими, "Пахтасаноат" уюшмаси вилоят бўлими раҳбарига маҳалла ҳудудида тикув-трикотаж корхонаси ташкил этиш бўйича топшириқ берди.

Шу куннинг ўзида маҳалла ҳудудидан корхона қуриш учун ер майдони ажратилди.   Шунингдек, маҳалланинг Зебо, Сардоба, Мадад, Бибируҳсор Текшўр кўчаларидаги 3 километр масофадаги йўлга асфальт қопланадиган, 1 километр йўл эса  шағалланадиган бўлди.

Балиқчи туманидаги Олчазор маҳалласи аҳолисининг томорқадан унумли фойдаланиш борасидаги ишларига вилоят ҳокими юқори баҳо берди. Маҳаллада истиқомат қилаётган намунали иш олиб бораётган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож бир гуруҳ фуқароларга ёрдам кўрсатди. Жумладан, эҳтиёжманд оила соҳибаси Маликахон Режаббоева оиласига намунали лойиҳа асосида барпо этилаётган уй-жойлардан олиш учун 17 миллион сўм бошланғич тўлови тўлаб берилганлиги тўғрисидаги, Зиёдахон Аҳмаджоновага навбатсиз уй-жой олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар, Санобархон Саримсоқовага бир бош қорамол берилди. Шунингдек, бир гуруҳ эҳтиёжманд оилалар вакилларини қийнаётган муаммолар шу ернинг ўзида ҳал этилди.

- Фарзандим 27 ёшга тўлган, уни уйлаш ҳаракатини бошлаганмиз, - дейди эҳтиёжманд оила соҳибаси Халимахон Мадалиева. - Ҳокимимиз билан суҳбатда ҳозир тўй ўтказишга имкон топа олмаётганлигимиз, деҳқончилигимиз бор, насиб этса ҳосилни йиғиштириб тўйни ўтказиш ниятида эканлигимизни айтдим.

Ҳокимимизга раҳмат, тўйни ўтказиб олишимиз учун 20 миллион сўм маблағ берди. Бундан беҳад мамнунмиз.

Президентимиз ташаббуси билан одамларнинг муаммо ва ташвишларини ҳал этиш, оғирини енгил қилиш йўлида олиб борилаётган бу каби     хайрли ишлар, фуқароларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик юртдошларимизнинг давлатга, эртанги кунга, мамлакатимизнинг порлоқ келажагига бўлган ишонч ва умидини мустаҳкамламоқда, шу билан бирга, уларни юрт равнақи йўлида шижоат билан меҳнат қилишга, фидойи бўлишга ундамоқда.

Фахриддин

ИБАЙДУЛЛАЕВ

Она Ватан, тупроғингда турганим - бахтим!

Она Ватан, тупроғингда турганим - бахтим,

Улғайганинг, ўсганингни кўрганим - бахтим.

Дунёда ягонамсан, муқаддас замин,

Фарзандингман, ардоғингда юрганим - бахтим.

 

Қўшиқ бўлиб тонгларингда янграгим келар,

Элни ризқу насибага чорлагим келар,

Осуда осмоним бор, қўлда имконим,

Тинчлигингни посбон бўлиб асрагим келар.

 

Осиёнинг юрагисан - олтин олмоси,

Кўз туморинг бўлай, ёмон кўзлар тегмасин.

Қўллар дуодадир ҳамиша, ҳар дам,

Тузинг ичиб танимаслар қаддинг эгмасин.

 

Омон бўлгин дунё абад тургунча,

Не кунларни кўрдинг эркни кўргунча,

Қалбимда қувончимсан, сенсан ишончим,

Хизмат қилай халқим учун қўлдан келгунча.

 

Маҳфуза СИДДИҚОВА, Избоскан тумани.

Халқаро ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

Андижон давлат университетида "Инновацион ғоялар, ишланмалар ва уларни ишлаб чиқариш ҳамда таълимда қўллашнинг муаммолари" мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

"Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили"  дастури ижроси доирасида ўтказилган, мамлакатимиз ҳамда қўшни Қирғизистон, Тожикистон республикаларидаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари,  ёш олимлар, иқтидорли талабалар иштирок этган анжуманда педагогика, физика-математика йўналишларидаги инновацион ғоялар, ишланмаларнинг ўқитишга, амалиётга татбиқ этиш борасидаги ютуқ ва муаммолар хусусида атрофлича фикр алмашилди.

- Анжуманнинг асосий мақсади, мазкур йўналишдаги инновацион ғоя ва ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришдан иборат, - дейди университет физика-математика факультети декани Мадаминжон Маҳкамов. - Қолаверса, бу борада қўшни давлатлар билан ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш кўзда тутилган. 

Анжуманда мамлакатимизда инновацион ғоя ва ишланмаларни таълим соҳасига ҳамда ишлаб чиқаришга татбиқ этишдаги мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, "Яримўтказгичли қаттиқ эритмаларда электрофизик ҳодисалар", "Ўзбекистон тарихига инновацион ёндашувнинг баъзи натижалари", "Мураккаб физик жараёнларни компьютерли моделлаштириш" каби қатор мавзуларда маърузалар ўқилди. Иштирокчилар томонидан маърузалар ҳамда мавзу доирасидаги тадқиқотлар, амалий ишлар самарадорлигини ошириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, бу борадаги илғор иш тажрибаларини оммалаштириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

 Куннинг иккинчи ярмида анжуман иши секциялар доирасида давом этди.

- Ўзбекистонда инновацион ғоя, ишланма ва лойиҳаларни таълимга татбиқ этиш, ишлаб чиқариш ва илм-фан ҳамкорлиги борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигига гувоҳ бўлдик, илғор тажрибалар билан танишдик, - дейди Қирғизистон Республикаси Жалолобод давлат университети профессори М. Мирзоҳидова. - Қўшни давлатлар олимлари ўртасидаги ҳамкорлик шубҳасиз, ҳаммага бирдек фойда келтиради.

Анжуман доирасида ёш олимлар ҳамда иқтидорли талабаларнинг инновацион ғоя ва ишланмалари кўргазмалари ташкил этилди, тақдим этилган ғоя ва ишланмалар юзасидан тавсиялар берилди. 

 

Шаробиддин ҲОШИМЖОНОВ,

 

АДУ Матбуот котиби.

Мотамсаро қизғалдоқлар

Ҳикоя

Уйимиз адирга яқин жойда бўлганлиги учун у ерда яйловимиз ҳам бор. Ҳар йили баҳор келиши билан мол-қўйларимизни яйловга олиб чиқиб боқамиз. Адирда, яйловларнинг юқори қисмида чуқур жарлик бор. Лекин баҳорда ўт-ўланлар, лолақизғалдоқлар билан жарлик у қадар кўринмайди. Айниқса, адирларда энди майсалар бош кўтара бошлаганда, бу ерда қизғалдоқлар гуркираб кетади. Жарлик қишда қанчалик     қўрқинчли бўлса, баҳорда шунчалар мафтункор...

Бултурги йили шу жарлик билан боғлиқ нохуш воқеа содир бўлганди. Уйимиздан уч-тўрт ҳовли нарида яшайдиган Гулнора ая молларини боқаётган пайтда каттагина сигири жарга юмалаб нобуд бўлди. Бу ҳам етмаганидай, қишлоқдошимиз Мирзамурод амаки велосипедида сўқмоқ йўлдан кетаётиб, жарга ағанаб кетибди. Яхши ҳамки, қуриб қолган дарахт томирини ушлаб бир амаллаб чиқиб олибди. Лекин, қўли қаттиқ жароҳатлангани ҳақидаги гап бутун қишлоққа тарқалди. Жар ҳақида турли хил миш-миш гаплар юради. Шу воқеалар сабаб бўлди-ю, қишлоқда ҳеч ким жарга яқинлаша олмай қолди.

Ўтган йили эса... Эрта баҳор кунларининг бирида уйимизга бувимнинг     синглиси Моҳинисо ая набираси Гулбаҳор билан бизникига меҳмонга келишди. Бувим мени ёнига чақириб, Гулбаҳор шаҳарда ўсган қиз эканлигини, у билан тортишмасдан ўртоқ бўлиб ўйнашим кераклигини тайинлади. Шаҳарлик эканлигини эшитиб, аввалига бироз бегонасирадим, кейин билсам, Гулбаҳор кўнгли очиқ қиз экан. У билан тез чиқишиб кетдик. Баҳор эрта келганлиги туфайли ҳамма қатори биз ҳам сигиримизни яйловда қолдирдик. Аям ҳар куни эрталаб ва шомга яқин сигир соғиш учун яйловга борар эди. Гулбаҳор билан ўйнаб юриб, кеч тушганини билмай қолибмиз. Аям сигир соғиш учун тараддудланаётган эди.

- Аяжон, бугун биз ҳам сиз билан борайлик, - дедим эркаланиб.

- Майли, қизим, лекин ўртоғинг толиқиб қолмасмикан?

- Й-ў-ў-қ, толиқмайди, ҳеч ҳам толиқмайди, - қувонганимдан ичимга сиғмай Гулбаҳор билан қўл ушлашганча аямнинг ортидан эргашдик.        

Қишлоғимиз хушманзара ва ҳавоси тоза бўлгани учун шаҳардан ҳам дам олувчилар келар эдилар. Мана, бугун ҳам машинасини анча пастда қолдириб, юқорига чиққан бир оила дам олар эди. Ўтлоққа ёзилган дастурхон атрофида дадам тенги бир киши ўн ёшлар чамаси болакай билан фотоаппаратда суратга тушарди. Улардан сал нарироқда бир аёл телефонда суҳбатлашяпти.

Улар ўзлари билан бўлиб ён атрофда ўйнаб юрган жажжи қизалоғини бузоқчанинг ортидан кетганини сезмай қолдилар. Шу пайт бузоқча жарлик бўйига югура бошлади. Қизалоқ ҳам унинг ортидан эргашди. Боласини ўзидан узоқлашиб қолганини кўрган сигир маърай бошлади. Бузоқча ортига бурилди-да, онасининг олдига чопқиллаганча кетди. Қизча эса жар ёқасида очилиб ётган қизғалдоқлар томон юра бошлади. Уни узоқдан кузатиб туриб, худди мудҳиш воқеа бўладигандай юрагимни ваҳима босди.  Қизғалдоқлар шу қадар кўп эдики, унинг туби бўшлиқ эканини бир қарашда англаш қийин эди.

- Ая, анови қиз жарликка яқин бориб олибди, - дедим.

Аям сигир соғишдан тўхтаб, у томонга қаради. Ранги ўчиб, ўрнидан турди. «Болага қаранглар», дея бақирди. Ҳамма қиз томонга қаради. Шу пайт қизалоқ жарга сирғалиб, чинқириб юборди. Дадаси ўрнидан туриб, жар бўйига югура кетди. Жарликдан унча узоқ бўлмаган жойда қўй боқаётган ўспирин бола югуриб бориб майсаларга тирмашиб турган қизалоқни қўлидан ушлаб, тортиб олди, лекин ўзи мувозанатини йўқотиб, жарликка қулади. Бу пайтда етиб келган қизалоқнинг дадаси ҳам болани ушлаб қололмади.  Бир зумда одамлар тўпланиб, жарликдан қонга беланган боланинг жасадини олиб чиқишди.

...Бу йил яна қишлоғимизга баҳор келди. Адирларни кўм-кўк майсалар қоплаб, қизғин ҳаёт бошланди. Қўй-қўзиларнинг маъраши, қушларнинг чуғури, сойдаги тошдан-тошга урилиб оқаётган сувларнинг майин шаббодаси кишига завқ бағишларди.

Лекин жар бор ўтлоққа боришга ҳеч кимнинг юрагим дов бермайди. Ўтган йили бўлиб ўтган воқеа ҳамон одамларнинг ёдида.

Узоқдан кузата бошладим. Лолақизғалдоқлар ҳар галгидан кўра алвон очилган. Баҳорнинг илиқ шаббодасида бошларини эгганча хилпираётган қизғалдоқлар гўё фарзанд доғидан юраги қон бўлган муштипар онаизорга тасалли бераётгандай эди.

Нилуфар ТУРСУНБОЕВА,

 

Асака тумани.

ФИРУЗА ТОШ

Ривоят

Бир одам қимматбаҳо тошларга жуда қизиққани учун заргарлик ҳунарини эгаллашга аҳд қилибди. "Бу ҳунарни ўргансам, таниқли заргар бўлиб етишаман" деб ўйлабди ва юртда номи чиққан энг яхши уста заргарларни излай бошлабди. Ва ниҳоят топибди. Ҳузурига бориб, устанинг олдига кирибди.

- Нима истайсан, айт, қулоғим сенда, - дебди уста.

Йигит қимматбаҳо тошларга қизиқишини, яхши заргар бўлмоқчилигини ҳаяжон билан тушунтирибди.

Кекса уста жимгина йигитни эшитибди, гапини тугатгач, унга бир дона фируза тош узатибди.

- Бу фируза тош, - дея тошни йигитнинг ҳовучига қўйибди ва қўлларини бекитибди. - Ҳовучингни бир йил давомида худди шундай бекитиб юрасан. Ҳеч қачон, ҳатто бир сонияга ҳам очмайсан. Бир йилдан кейин яна келасан. Энди, хайр. Бир йилдан кейин сени шогирдликка оламан, - дебди. Йигит ҳайрат билан ўрнидан туриб, устахонани тарк этибди.

Йигит уйига қайтиб, хавотир билан уни кутаётган ота-онасига бўлган воқеани гапириб берибди. Устанинг ўзига тушунарсиз туюлган қилиғи ва совуқ муносабатидан жаҳли чиқибди. Кунлар ўта бошлабди. Йигит ҳовучини очмабди. "Бу билан нима қилишимни хоҳлади? Тағин юртнинг энг номи чиққан заргар устаси эмиш. Бу аҳволда бир йил қандай юраман, бу азият билан қандай яшайман? Бу қандай устозлик бўлди?" дея ўзига ўзи доим ёзғириб юрар, аммо ҳеч қачон ҳовучини очмабди. Қўли мушт тугилган ҳолатда ухлар, ҳамма ишларини бир қўли билан бажарар экан. Шу ҳолатда ҳаракат қилишга ўрганибди. Энди бир қўли билан ҳам бемалол ишлай оладиган бўлибди. "Ухлаганимда қўлим очилмасин" дея ярим уйғоқ мудраркан. Шу аҳволда бир йил ўтибди.

Ўша кун келибди. Йигит яна устанинг ҳузурига келибди. Устани кўрган заҳоти, қанча қийналмасин, азият чекмасин бу синовни муваффақиятли бажарганидан ғурурланиб, қўлини узатибди:

- Ана, ҳовучимга бекитган тошингиз! - дебди. - Бир йил давомида ҳовучимни очмадим, энди нима қилайин?

Кекса уста хотиржам оҳангда шундай дебди:

- Энди сенга бошқа бир тош бераман. Уни ҳам худди шундай тарзда бир йил мобайнида ҳовучингда олиб юрасан.

Бу гапларни эшитиб йигит бақир-чақир қилибди, устадан норозилигини айтиб дод солибди. Йигит бақир-чақир қилаётганида кекса заргар унинг ҳовучига бир тошни қистирибди. Жаҳл-ғазабдан юзлари қизарган йигит, бақираётиб ҳовучидаги тошни билиб қолибди. Бақиришдан тўхтаб, тошни бироз сиқиб турибди-да, ҳаяжон билан дебди:

- Бу тош фируза тоши эмас, уста!..

Қиссадан ҳисса: Ўрганиш, уста бўлиш учун вақт, сабр-тоқат, қунт керак. Энг аввало, ҳар ишнинг моҳир устасига шогирд тушиш керак. Дунё тезлашиб, вақт қисқарар, аммо ҳеч қачон илм ўзгармайди. Ўрганганингиз икки дунёда ҳам сиз билан бўлади.

 

 

УМИДАХОН тайёрлади.

СИЗ ЎША - ЎШАСИЗ...

Дил туFёни

Ўша дамларни эсласам, соғинчдан юрагим энтикиб кетади. Ўтган барча қувончли онларимизга қайтсам... Аммо, бунинг ҳеч иложи йўқ. Оқиб кетган сув ортга қайтмайди. Ҳаётимдаги ўша ойдин лаҳзаларни эслаб, юрак сирларимни тўкмоқчи бўлиб, қўлимга қоғоз ва қалам олдим.

Мен жуда бахтиёр эдим. Чунки, хаёлимда тасаввур қилган, инсонимни - сизни учратгандим...

Бир куни тоғамнинг ишхонасига бир юмуш билан борганимда, минг йиллик қадрдон нигоҳларни учратгандек бўлдим. Шундан сўнг бир баҳона топиб, у ерга тез-тез борадиган одат чиқардим. Сиз ҳам менга бефарқ эмасдингиз. Буни мен меҳр билан боқгувчи ўтли нигоҳларингиздан пайқар эдим.

Биз шу тариқа танишдик. Тез-тез кўришиб турадиган бўлдик. Иккимизнинг қалбимизда муҳаббат деб аталмиш илоҳий туйғу куртак ёза бошлади. Лекин, қалбимдаги барча ҳисларга қарши бир исён бор эди. Туғма юрак хасталигим сабаб, менга оила қуриш мумкин эмасди. Бунга олдинлари тақдирнинг аталган бир синови сифатида қарар эдим. Ҳаётимда сиз пайдо бўлгач, "нега тақдир бунчалар бешафқат, наҳот кўнгил қўйган инсоним билан бирга бахтли ҳаёт кечиролмасам?" деган саволлар хаста юрагимни баттар тиғларди.

Орадан кунлар, ойлар ўтди. Бу ўтган лаҳзалар иккимизнинг юракларимизга севги риштасини мустаҳкам боғлади.

Мен ҳар ойда бир шифохонада даволанардим. Сиз эса мени кўргани келишдан чарчамасдингиз. Ўшанда виждонимга қарши бориб, "бу шунчаки шамоллаш" деб ёлғон гапирар эдим. Сабаби, сизни йўқотиб қўйишдан қўрқардим. Сиз ҳам менга заррача шубҳали нигоҳ билан назар ташламагансиз. Бу покиза ишқимиз абадий бўлишини иккимиз ҳам истардик.

Кунлардан бир кун уйимизга онангиз совчиликка келди. Ота-онангизнинг суриштирувларидан сўнг, ўша машъум ҳақиқат аён бўлди. Сиз мендан изоҳ талаб қилдингиз. Мен тентак эса сизга қўрслик билан жавоб қайтардим. Ҳатто, сизга қаттиқ ранжитадиган сўзларни ҳам айтдим. Мен қўрққан кун келиб, айрилиқ шамоли муҳаббатимиз ипларини узиб ташлади. Шундай кун келишини билсам-да, кўнглимда нимагадир умид бор эди...

Сўнг кўп ўтмай, тўйингиз ҳам бўлиб ўтди. Ўшанда хаста юрагим бу айрилиққа дош беролмаса керак, деб ўйладим. Уйдан чиқмай қўйдим. Бу дунё мен учун мазмунсиз эди. Ота-онам кўнглимга қарашди. Барчаси унут бўлар, дея чекка қишлоқдаги холамларнинг уйига жўнаб кетдим. Шу тариқа айрилиқ азобидаги аламли кунлар бир-бирини қувлашиб ўта бошлади.

Сизни унутдим, деб ўйлаганимда эса, тақдир мени яна бир синовга дучор қилди. Даволаниш учун шифохонага ётдим. Хонадошим бўлган бир аёл менга турмуш ўртоғи, оиласи ҳақида доим жўшиб гапириб берарди. Унинг бахтиёрлигини кўриб, ҳавасим келарди. Бир аёл орзу қилган бахт мана шу бўлса керак, деб ўйлардим, ўзимча. У аёлни шундай бахтли қилган инсон ким эканлигига қизиқиб ҳам қўярдим, баъзида.

Бир куни ўша аёл билан суҳбатлашиб ўтирсак, хона эшиги тақиллаб сиз кириб келдингиз. Кўзларимга ишонолмасдим. Орадан қанча йиллар ўтса ҳамки, сиз барибир ўшандай эдингиз. Сирли нигоҳлар, ўктам туришлар, сўзларингиз, ҳамма-ҳаммаси ўша. Гўёки яна мени излаб келгандай. Афсуски, менга умид ва ишонч билан боқгувчи ўша кўзлар хонадошимга тикилиб, кулиб турарди. Билдимки, бу бахтли аёл сизнинг турмуш ўртоғингиз экан.

Бундан қувонишни ҳам, куюнишни ҳам билмасдим. Аммо сизнинг қувончингизни кўриш мен учун катта бахт. Энди умримнинг охиригача ҳаётда сизнинг бахтли эканлигингизни ҳис қилиб яшайман.

Қизнинг қалб кечинмаларини оққа кўчирувчи

 

Нодира АКРАМЖОНОВА.

ҚАЙНОНАЛИКНИНГ ЮКИ ОFИР

Ёш қайноналарга тавсиялар

Дунёда мукаммал инсоннинг ўзи йўқ, бироқ, келинига ўз боласидай меҳр қўйиб, оилада жанжал эмас, тинчлик-хотиржамлик, бараканинг сабабчиси бўлиб яшашни қайси аёл хоҳламайди, дейсиз. Бироқ, беайб парвардигор. Баъзан билиб-билмасдан, баъзан ўзини кўрсатиб қўйиш учун айрим қайноналар келинларига зуғум қилади. 

Шу ўринда фарзандлари бахтини ўйлайдиган қайноналарга бир қатор тавсия ва маслаҳатларни айтиб ўтишни лозим топдик.

- Қайноналигингизни унутинг, келинингизни ўз фарзандингиздай кўриб, меҳр кўрсатинг, уй-рўзғор ишларини эринмай ўргатинг, айб ва хатоларини яширинг.

- Келин билан ўғлингизнинг муносабатлари биринчи кунданоқ самимий бўлишига ҳаракат қилинг. Келинга ўғлингизни, ўғлингизга келинни мақтанг, асло шикоят қилманг

- Фарзандларингиз олдида келиннинг шаъни ва обрўсини кўтаришга ҳаракат қилинг, чунки, оилада бошқаларнинг келинга муомаласи сизга қараб бўлади.

- Эр-хотин уришиб қолса, сиз келиннинг тарафини олинг. Чунки, ўғил ўзингизники, гапирсангиз ботмайди, аксинча, ўша   пайтда келинга айтган бир оғиз гапингиз унинг кўнглини оғритиши мумкин.

- Ёш келин ота-онасини соғиниб қолса, уларни кўргани боришига рухсат беринг, чунки янги келиннинг бошқа хонадонга кўникиши анча қийин кечади. Кейинчалик ўзидан ортиб ҳадеб боравермайди.

- Келинингиз олдида бошқа келинларнинг ҳуснини, кийим ва тақинчоқларини, эплилигини, ўзга қудаларнинг сарф ҳаражатларини асло мақтаманг, чунки уни камситган, озор берган бўласиз. Фақат бошқаларнинг одоби, муомаласини ибрат қилиб кўрсатиш мумкин.

- Келиннинг хизматидан, овқатдан, юриш-туришидан айб топаверманг.

- Қайноталар кўпинча келиннинг ёнини олиб мақтаб туришади. Бундан сиз нотўғри хулоса чиқариб жанжал кўтарманг. Бу ғирт бемаъниликдир.

Ҳа, муҳтарама опажонлар қайноналикнинг юки оғир. Ўзга бир хонадонда, бегона бир муҳитда ўсган қизнинг ўз оилангиз аъзосига айланиши, ўғлингиз билан бахтли ҳаёт кечириши учун, сиздан бағрикенглик, кечиримлилик, меҳр-муҳаббат талаб қилинади. Зеро, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: "сизлар мусулмони комил бўлмагунингизча жаннатга кира олмайсизлар. Мусулмони комил бўлиш учун эса, бир-бирингизга  муҳаббат қўймоғингиз лозим", деганлар.

Агар жаннатга киришни хоҳласангиз, пайғамбаримизнинг ўгитларига амал қилинг, ўғлингизнинг эт-тирноғига, оилангизнинг аъзосига айланган келинингизга муҳаббат қўйинг,ҳатто нуқсонларини кечиринг, билмаганларини ўргатиб, йўлингизга солинг, унинг обрўсини асранг. Ана шунда оилангизга тотувлик, файз-у барака, фароғат ошён қуради.

Ҳабибахон ЖЎРАЕВА,

 

Булоқбоши туманидаги "Зарғалдоқ"  маҳалласи Қайноналар кенгаши раиси.

Бошқоронғи аёлга эътибор керак!

Ҳаёт - ибрат мактаби

Дарс тугашига 10 минут қолганда, амалиётчи устозимиз Лола опа хонага кириб келиб, эртадан бошлаб 15 кун шаҳар туғруқхонасида амалиётда бўлишимизни айтди. Барча қизлар хурсандчиликдан қийқириб, чапак чалиб юборишди. Чунки, баҳор ҳавоси, тиғиз дарс жадвали, умуман, чарчоқ ҳисси билан юрган қизларга амалиёт бир нажотдек эди.

Туғруқхонадаги ҳаёт, чақалоқлар инга-ингаси, туғруқ столига яқинлашаётган бўлажак оналар, шунингдек, йиллаб фарзанд кутиб, "оналик бахтига эришармиканман" деб, энтикиб ҳавас қилаётган аёллар, барча-барчаси талаба қизлар учун ҳам қизиқарли, ҳам ҳаяжонли эди.

 Бизга бўлажак оналар соғлигини ҳимоя қилиш, янги туғилган чақалоқларни йўргаклаш, парваришлаш, муолажалар ўтказиш борасида амалий кўникмалар ўргатиларди.

Устозимиз бизларни туғруққа тайёрлаш бўлимига олиб кирди ва бажариладиган ишларни барчамизга тақсимлаб чиқди. Менга туғруққа тайёрлаш бўлимида даволанаётган икки аёл соғлигини назорат қилиш вазифаси юкланди. Биз ҳамширалар билан биргаликда барча муолажаларни биргаликда бажаришга ҳаракат қилардик.

Биринчи аёл 30 ёшда бўлиб, биринчи фарзандини дунёга келтириш арафасида эди. Соҳиба опанинг турмуш қурганига 10 йил бўлса-да, юкли бўлавермаган. Турмуш ўртоғи билан Яратгандан фарзанд сўрашган, яқинлари ажратмоқчи бўлсалар-да сабр қилишган. Оллоҳ уларнинг сабрига яраша сўраганини берди. Ота-она, қайнонаю қайнота, хуллас, барча яқинлари қувончининг чеки йўқ. Уни ёш боладай авайлашар, врач нима буюрса, муҳайё қилишарди.

Иккинчи аёл Умида опанинг ёши 24 да. Бу унинг иккинчи ҳомиладорлиги бўлиб, биринчи фарзанди нимжон туғилган, чилласи чиқмай оламдан ўтган экан. Мен у билан анча сирдош бўлиб қолдим. Унинг айтишича, биринчи фарзандига    бошқоронғилик анча оғир ўтган, камқонликда туққан боласи асоратлар билан туғилган. Иккинчи фарзандида ҳам ҳомиладорлиги оғир кечмоқда. Камқонлик, витаминлар етишмовчилиги аёлни анча қийнаб қўйган эди. Умида опа оиласида 14 киши яшаши, турмуш ўртоғи Расул ака устачилик билан шуғулланиши, ишлаш учун бошқа вилоятга кетганини айтди.

- Қайнонам "мен ҳам ўнта бола туққанман, бошқоронғи, камқон деган нарсалар менга бегона, бизнинг уйда    бошқоронғи деган гап бўлмайди, чунки сизни егингиз келаётган нарсаларни бошқалар ҳам егиси келади", дегани-деган, - хўрсиниб гап бошлайди Умида опа. - Ота-онам вафот этган. Опам ва укам ўз рўзғори билан оввора.

Эртасига Соҳиба опа кўзлари ёниб сўради:

- Бозорга помидор, бодринг чиқдимикан? Шунақаям шакароб егим келяптики... Агар имкон бўлса, бир донадан помидор-бодринг олиб келинг! Лекин...

Унинг кўзлари ёшланди.

- Ҳозир пулим йўқ, Расул акам бир-икки кунда келади. "Ўзингни эҳтиёт қил. Бу сафар фақат сен учун ишлаб келаман", деган. Пулингизни албатта бераман.

 Ўша куни онамга бўлган воқеани айтиб бердим. Эрталаб турсам, онам янги карамдан дўлма пишириб, помидор-бодринг билан сумкамга солиб қўйибди.

- Ҳомиладор аёлнинг даражаси шундайки, агар у "одам гўштини егим келяпти" деса, бир парча этдан кесиб бериш керак, деган гап бор. Чунки,   бошқоронғилик ҳаммада ҳар-хил бўлади. Агар егиси келган нарсани емаса, бола нуқсонли туғилади, дейишади. Шунинг учун келинчакнинг егиси келган нарсасини олиб бор, қизим, савоб бўлади. Кеча даданг "янгилик" деб, бозордан олиб келганди. Туғилажак гўдакнинг ризқи бор экан. Умидахонга салом айт, ўзини эҳтиёт қилсин...

Умида опа мени кўчадаёқ кутиб олди. У қўлига помидор билан бодрингни олди-ю, узоқ ҳидлади, бағрига босди, кўзлари ёшланди.

Бошқоронғилик шунақа бўларкан-да, дея ўйладим.   Кейин-кейин, ҳам назарий, ҳам амалий билимлар орқали ҳомиладорлик даври, бу даврда аёлларда кечадиган жараёнлар, учрайдиган касалликлар, токсикоз, соғлом фарзанд кўриш нималарга боғлиқлигини билиб олдим. Энг асосий англаганим шу бўлдики, аёлга бу вақтда катта эътибор керак.

Азиз қайнонажонлар! Сиз ҳам ёш бўлгансиз, келинлик вазифасини бажаргансиз, фарзанд кўришдан олдин албатта, бошқоронғи бўлгансиз. Шунинг учун "менинг уйимда   "бошқоронғи" деган гап бўлмайди"  дейишингиз ножоиз. Чунки, келин сизнинг набирангизни, авлодингизни юраги остида кўтариб юрибди.

Азиз йигитлар! Турмуш ўртоғингиз нечанчи фарзандига ҳомиладор бўлишидан қатъи назар, унга эътиборли бўлинг. Бошқоронғи вақтида егиси келган нарсаларни келтиринг, инжиқлигини кўтаринг, асабини зўриқтирманг, овқатланишига эътибор беринг. Дармондорига бой овқатлар ейишига ёрдам беринг. Чунки, бу нарсалар она ва бола саломатлиги учун жуда зарур. Шундагина, туғилажак фарзандингиз ёки набирангиз соғлом, бақувват, ақлли ва бенуқсон дунёга келади.

Замирахон МЎЙДИНОВА,

 

Андижон шаҳридаги "Обод" МФЙ фаоли.

ЎРИК ҚОҚИ - ЮРАК ҚУВВАТИ

Мутахассис тавсиялари

Ҳар биримиз баҳор фаслини интиқлик билан кутамиз.  Фасллар келинчаги баҳор қалбимизга илиқлик олиб келиши билан бирга, танамизда сезиларли нохуш ҳолатларни ҳам юзага келтиради.

Кўпчилик одамларда тез чарчаш, иштаҳа йўқолиши,  уйқучанлик, теридаги ўзгаришлар (тери рангининг ўзгариши, дағаллашиши, қуриши) кузатилади. Бир томондан, улътрабинафша нурларга бой баҳор офтоби моддалар алмашинувини кучайтиради, бу ўз навбатида организмнинг витаминларга эҳтиёжини оширади. Биз баҳорда мева ва сабзавотларни куздагига қараганда анча кам истеъмол қиламиз. Баҳорга келиб, маҳсулотлардаги витаминлар ҳам, куз фаслидагига қараганда анча кам бўлади. Шунинг учун баҳорда одам ўзида юқоридаги ҳолатларни бошидан кечиради. Халқимиз бу   даврни "илик узилди" деб атайди. Бу пайтда организмда нохуш ҳолатлар юз берса-да, дорихоналарга боришга шошилмаганингиз маъқул. Аксинча, бу  фаслда организмнинг витаминларга бўлган эҳтиёжини табиат берган неъматлардан оқилона фойдаланиш орқали тўлдиришга ҳаракат қилинг.

Сервитамин таомлар, дармондориларга бой озиқ-овқат маҳсулотларидан истеъмол қилишни канда қилманг.

Мева қоқиларидан тайёрланган шарбатларни кўпроқ истеъмол қилинг.

Шарбатлар ниҳоятда фойдали бўлиб, таркибида организм учун зарур бўлган минерал тузлар, пектин моддалар, клетчатка ҳамда витаминларга бой қимматли озиқ маҳсулотлари мужассам. Унутмангки, шарбат енгил хазм бўладиган, ўта фойдали ичимликдир. Уй шароитида тайёрланган шарбатлар эса янада тотли ва фойдалироқ бўлади. Шунинг учун уй шароитида турли шарбатларни тайёрлаб, истеъмол қилиб туриш келиб чиқиши мумкин бўлган  касалликларнинг олдини олади. 

Мева ва сабзавотларни хомлигича ейишни тавсия этамиз.

Сабзавотлар ва кўкатлар (карам, лавлаги, картошка, салат барги, кўк нўхат, кўк пиёз, редиска) қўшиб тайёрланган салатлар иштаҳангизни очиш билан бирга, танангизни фойдали озуқалар билан таъминлайди. Организмга қувват берувчи оқсиллар, ёғлар, карбон сувлар, минерал моддаларни беради.

Исмалоқ, ялпиз, отқулоқ, жағ-жағ, кўк пиёз ва зираворлар қўшиб пиширилган таомлар танангизни керакли моддаларга тўлдириши билан бирга, организмни кераксиз моддалардан ҳам тозалайди. Хитой ва Ҳимолай тоғларида яшовчи инсонларнинг узоқ умр кўришлари боиси улар донли, дуккакли маҳсулотларни оддий ва соф, табиий ҳолда кўп истеъмол қилишларида эканлиги жуда кўп олимлар томонидан эътироф этилган.   Шуниси эътиборга лойиқки, қишдаёқ улар баҳорги мавсумга тайёргарлик кўришган, яъни, буғдой, арпа, сули, ловия, нўхат, соя сингари маҳсулотларни ўстириб, майсаларидан салат ҳамда суюқ овқатлар тайёрлаб, истеъмол қилганлар.

Шу аснода, буғдой ва арпа майсалари мия ва юрак фаолиятини меъёрлаштириши, тери ва сочни бақувват қилиб, қариш жараёнини секинлаштириши аниқланган. Баҳорда юртимизнинг табиий неъмати бўлган ўрик қоқисидан доимий истеъмол қилиб туриш ўта фойдалидир. Чунки, ўрик таркибида 27 фоиз қанд, органик кислоталар, пектин, крахмал, ошловчи моддалар, темир, мис, кальций, магний микроэлементлари, калий тузлари, витамин С, каротин бор. Абу Али ибн Сино ўрик ва унинг қоқисидан меъда-ичак фаолиятини яхшилашда фойдаланган, хафақон ва юрак хасталикларини даволашда ишлатган.

 Овқатланиш илмидан хабардор бўлиш инсон саломатлигини асровчи муҳим омил эканлигини асло унутмаслигимиз лозим.

 

Фарҳод ҚОДИРОВ,

 

вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими.