+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ЯНГИ ЙИЛ СОВҒАСИ

 (Ҳикоя)

- Гули, тузукмисан, ахир бугун Янги йил кириб келади. Иложи борича, қувноқ бўлишинг, яхши ниятлар қилишинг керак. Аллоҳ барча эзгу ниятларни ижобат қилади, дейишади-ку.

       Эрининг эрта тонгдан насиҳатомуз гап бошлагани Гулизарнинг дил ярасини янгилаб, бироз малол келган бўлса-да, сездирмади. Неча-неча тунлар ухламай Аллоҳга илтижо қилаётганини Миржалол билса-да, аёлига далда бериш учун айтганди бу гапни. У  яна нимадир демоқчи бўлди-ю, айтолмади. Гулизар буни айтмаса ҳам билади. Бугун турмуш қуришганига ўн йил тўлди. Миржалол аёлига "Бугун қўшалоқ байрам" дейишдан истиҳола қилди. Чунки кейинги пайтларда умидсизликка тушиб қолган Гулизарга бу гап акс таъсир қилиши, кўнглини янада чўктириши турган гап эди.

Ёшлигидан бир-бирига кўнгил қўйган, бир-бирисиз ҳаётни тасаввур этолмайдиган икки инсонни Аллоҳ фарзанддан қисди. Бу йиллар ичида улар гоҳ биргаликда, гоҳ алоҳида-алоҳида даволанишди. Бормаган жойлари-ю, учрамаган докторлари қолмади. Миржалолга ҳам осон бўлмади. Ота-онаси "Тақдирга тан беринглар, ажрашинглар, бошқасига уйлан" дея қистовга олишганига ҳам беш йилча бўлди. Таъна-ю дашномларга чидай олмаган қайнота-қайнонаси қизларини олиб кетмоқчи ҳам бўлишди. Бироқ Миржалол бунга йўл бермади. "Пешонамизда борини кўрамиз" дея оёқ тираб туриб олди. Шундан кейин икки томоннинг ҳам "Ёшларнинг ўзига қўйиб берайлик-чи" дейишдан ўзга чоралари қолмади. Ўтган йили қариндошлардан кимдир Миржалолнинг онасига "Уларни кўч кўтартириб кўриш керак, ирими шунақа бўлади" дебди. Малика холанинг қалбида яна бир умид учқуни пайдо бўлиб, чоли билан маслаҳатлашди. Эрта баҳорда ёшларга шаҳардан бир хонали уй олиб беришди. Миржалол бир ҳафта ўтар-ўтмас банкка ишга жойлашди. Бироқ Гулизарга ҳадеганда иш топила қолмади. У ёлғиз ўзи уйда ўтириб анча сиқилиб қолди. Миржалол аёлининг кўнглига қарар, у билан бирга тез-тез шаҳар айланишга тушарди...

Ўша куни болалар байрами эди. Ёшлар истироҳат боғида сайр қилиб юришарди. Гулизар боғни тўлдириб юрган, фарзанд етаклаган тенгқурларини кўриб ўксидими, ҳар ҳолда мунғайиб қолди.      

- Шу ерда бир оз ўтирайлик, - деди у Миржалолга ва жавобини ҳам эшитмай ўриндиққа чўкди.

       Миржалол уни чалғитишга ҳаракат қилиб, ёшлик пайтларидан гапириб кетди. Гулизарнинг чеҳраси ҳам ёришгандек бўлди. Шу пайт 15-20 чоғли болаларнинг ичидан бир қизча ажралиб чиқиб, улар томонга югуриб кела бошлади. Оқ юзли, қош-кўзлари қора, сочлари жингалак бу қизалоқ уларга яқин келгач, Гулизарнинг юзларига бир оз тикилиб турди-да ортига қайтди. Югурганича тарбиячи опаси ёнига борди. Унга нималардир деб кўзларини ишқалади. Кўнглида қўзғолган ғалаённи боса олмаган Гулизар беихтиёр болаларнинг ортидан юрди. Миржалол ҳам унга эргашди. Болаларни аттракционларга жойлаштиргач, уларни кузатиб турган тарбиячи ёнига яқинлашган Гулизарга "У сизни онасига ўхшатибди, бояқиш" деди. Шундан сўнг тарбиячи Гулизар ва Миржалолга бу кичкинтойларнинг "Меҳрибонлик уйи" болалари экани, 5 ёшли бу қизчанинг исми Моҳимбегимлиги-ю, унинг ота-онаси автоҳалокат туфайли вафот этишганини гапириб берди.

Шу кундан бошлаб Гулизар бутунлай оромидан айрилди. Киприкларини пирпиратиб турган гўдак кўз олдидан кетмай қолди. У болалар уйига тез-тез борадиган одат чиқарди. Ҳар борганда қизчага ўйинчоқми, ширинликми илинарди.

Бир ойларча аввал Миржалол Гулизарнинг кўзларига тикилиб сўради: "Шу қизчани асраб олсакми, а? Нима дейсан? Ҳеч кими йўқ экан, савоб бўлади" деб қолди. Гулизар бу гапдан севиниб кетди: "Шуни сизга қачондан буён айтолмаётган эдим". Улар шу куниёқ болалар уйига боришди. Мудира уларга қандай ҳужжатлар тайёрлаш кераклигини тушунтирди.

       Гулизар ўзида йўқ хурсанд эди. У эрини қўярда-қўймай бозорга бошлаб, қизча учун ётоқхона жиҳозлари, ўйинчоқлар, нимаики зарур бўлса барчасини олдирди.

Янги йил киришига бир ҳафта қолганди. Миржалол ҳужжатларни топшириш учун болалар уйига борди.            

 - Ҳаммаси жойида, - деди мудира. - Мен Моҳимбегимни ҳам тайёрлашим керак. У ҳамма болалар қатори янги йилда мўъжизалар юз беришига ишонади. Шунинг учун бу улуғ ишни янги йил кечасига қолдирсак, нима дейсиз?

- Жуда яхши-куя, лекин Гулизар ҳар бир дақиқани орзиқиб кутяпти-да. Ҳа, майли, унга ҳам тушунтирарман.

 - Янги йилдан кейин беришаркан, -деди Миржалол гарчи Гулизарни хафа қилаётган бўлса-да, ёлғон гапириб.

Бу гапни эшитган Гулизар бўшашиб кетди. Қўли ишга бормай қолди. Қизчанинг дийдорини кўришдан қувватланаётган кўнглига яна умидсизлик чўккандек бўлди. Бироқ олисда бўлса ҳам уни бахт кутаётганини ўйлаб, ўзини қўлга олди. Янги йил киришини орзиқиб кута бошлади. Байрам куни дид билан дастурхон тузади. Миржалол ишдан келгач, иккиси қишлоққа, ота-оналарига қўнғироқ қилиб, байрам билан табриклашди, эртага албатта етиб боришларини айтишди. Кексалар иккисини ҳам дуо қилишди. Бундан уларнинг кайфияти янада кўтарилди. Яхши ниятлар айтишиб, янги йилни катта умидлар билан кутиб олишди. Янги йил кириб келганига ўн дақиқача вақт ўтиб-ўтмай эшик қўнғироғи жиринглади. Гулизар ҳайрон бўлиб эрига қаради. Миржалол шоша-пиша эшикни очди. Остонада Қорбобо ўзининг жажжи Қорқизи билан турарди. Гулизар уларни ўз қадрдонларидек  кутиб олди. Айниқса, Қорқиз унга жуда танишдек кўринди. Қорбобо ўз Қорқизини совға қилиб олиб келганини айтганида Гулизарнинг қувончи ичига сиғмай кетди. Моҳимбегимни қучганча кўтариб олди. Бошидан юқори кўтариб, икки-уч бор айлантирди. Кўзлари ёшга тўлиб уни ерга қўяркан, боши айланиб кетди. Йиқилиб кетмаслик учун стулга ўтириб олди. Кўнгли ўқчиб ўзини ёмон ҳис эта бошлади. Аёлининг ранги докадек оқариб бораётганини кўрган Миржалол тез ёрдам чақирди. Шифокорлар Гулизарни текшириб кўришиб, ҳеч қандай касаллик аломати йўқлигини, бу ҳомиладор аёлда юз берадигани оддий ҳолат эканини айтишди.

Бу кутилмаган янгиликни эшитган Миржалол ҳам, Гулизар ҳам аввалига қулоқларига ишонишмади. Шифокорлар кета туриб, Гулизарга ўзини эҳтиёт қилишини тайинлашганидан сўнг ўзларига келишди.

Янги йил кечаси Аллоҳ норасида гўдакка меҳр аталмиш тенги йўқ совғани тортиқ қилган, қалби эзгуликка тўла инсонларнинг ўзларига ҳам ўз совғасини юборганди.

 

 

 Барно ШЕРАЛИ қизи

Биринчи қор ёққан кун

Дил туFёни

Илк бор сизни биринчи қор ёққанида учратгандим...

   Бош кийимсиз, соябонсиз, паға-паға ёғаётган қор қўйнида жунжикибгина кетаётгандим. Ёнимдан ўтиб кетаётиб, раҳмингиз келди шекилли: "Шундай чиройли қиз совқотиб қолибди-я?" дедингиз кулимсираб.

Мен ҳам жаҳлим чиққанини билдирмаслик учун жилмайишга ҳаракат қилдим. Сиз беш-олти қадам юргач, шартта бурилиб йўлимга туриб олдингиз. Ҳеч қандай сўз демай бошим узра соябонингизни тутдингиз.

  - Вой, раҳмат! -деб юбордим мен беихтиёр. - Бу Сизга айтган илк сўзларим эди.

- Қорда юриш қандай яхши , - дедим.

Шунда менга бир оз термулиб турдингиз-да, киприкларимгача қор парчалари қўниб олганини кўрдингиз.

- Мен каби қор парчалари ҳам Сизни ёқтириб қолибди-ку қаранг, киприкларингизгача ёпишиб олибди! - дедингиз кўзларимга тикилиб.

- Сиз ҳамма билан шунақа танишасизми? - Уялиб кетганимдан топган гапим шу бўлди.

- Қанақа танишарканман? - дедингиз ўзингизни билмаганга олиб.

Мен эса бирор сўз айтишга ожиз эдим.

- Ростдан ҳам менга ёқиб қолдингиз. Шунинг учун дангалини айтдиму қўйдим!-дедингиз кутилмаганда ҳайратимни янада ошириб.

- Дуч келган қиз билан танишиб, дил изҳори қилиб кетаверасизми? - дедим ажабланганимни сездириб.

Сиз жавоб бериш ўрнига менга шундай тикилдингизки, нигоҳларингиздан ёғилган самимий туйғудан кўзларим қамашди.

Сиз яна менга "Шаҳло кўзларим асир этганини" айтдингиз қулоқларингизгача қизариб.

Иккимиз анчагача жим кетдик. Ниҳоят ўртамиздаги сукунатни Сиз буздингиз.

- Умримда биринчи марта Сизга, биринчи қор ёққан куни севги изҳор этяпман, ишонинг.

Сиз бу сўзларни шунчалар қийналиб айтардингиз-ки, беихтиёр раҳмим келиб кетди.

…Биз узоқ яёв юрдик. Шундан сўнг хайрлашдик. Чунки бу пайтда уйимиз ёнига етиб қолгандик.

- Мана бизнинг уйимиз, -дедим мен.

Хайрлашмоқчи бўлиб турганимизда йўлагимизнинг эшиги очилиб, кутилмаганда ойим чиқиб қолди:

  "Вой, ойим!" деб юбордим. Иккимизнинг ҳам сўзларимиз чала қолди. Сиз уялганингиздан ортингизга қараб тез-тез юриб кетдингиз. На бир-биримизнинг исмимизни, на телефон рақамимизни сўрамай кетавердик. Эртасига эса ҳарбий хизматчи бўлган отамни бошқа вилоятга ишга тайинлашди. Бир-икки кун ичида кўчиб кетдик. Ана шу икки кун ичида сизнинг келишингизни интизор бўлиб кутдим.

... Юрагимнинг бир парчаси эса Андижонда қолди. Шундай буён Сиздан бирор хабар келишини кутиб яшайман. Ҳар сафар биринчи қор ёққанида деразага термулиб, ширин хаёлларга бериламан. Гўёки Сиз бир кун мени топиб келасиз-у биринчи қор билан табриклайсиз... Ана шу умид менга куч бағишлайди.

ГУЛИРАЪНО

 

 

Зера БЕКИРОВА: МЕН ЎЗБЕК ХАЛҚИДАН БИР УМР МИННАТДОРМАН

Суҳбатдошимиз Зера Бекирова асли Қўрғонтепа тумани Савай қишлоғида туғилиб ўсган. Ҳозирда Қрим Республикаси миллатлараро муносабатлар ва сургун қилинган халқлар масалалари бўйича давлат қўмитасининг "Янъы дюнья" ("Янги дунё") газетаси ҳамда "NENKECAN" хотин-қизлар журналининг бош редактори, "NENKECAN" хотин-қизлар клубининг таъсисчиси ва раиси сифатида Қрим Республикаси ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиб келмоқда.

Янги йил байрами арафасида телефон орқали у билан суҳбатда бўлдик. Қуйида ана шу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Ассалому алайкум! Сизга туғилиб ўсган юртингиздан салом йўллаймиз. Бугунги фаолиятингиз ҳа-қида қисқача тўхталсангиз?

- Ассалому алайкум! Газета орқали менинг саломимни бутун андижонликларга етказсангиз бошим кўкка етади. Айни кунда мен Қрим миллатлараро муносабатлар ва сургун қилинган халқлар масалалари бўйича давлат қўмитасининг "Янъы дюнья" ("Янги дунё") газетаси бош редактори вазифасида ишлаяпман. Тошкентда "Ленин байроғи" номи билан чиққан ушбу газетага 30 йил аввал мухбир бўлиб ишга кирганман. Ўзбекистонда яшайдиган  қримтатарлар ҳаёти, фаолияти ҳақида жуда кўп мақолалар ёзганман. 1991 йилдан бошлаб газетамиз Қримда чиқа бошлаган. Мен ҳам ўшанда Қримга кўчиб кетганман.

Ўтган йиллар давомида   дунёнинг турли давлатларида яшаган қримтатарлар, айниқса, дунёга машҳур шахсларни газета орқали танитишга ҳаракат қилдим. Айниқса, Руминия, Болгария, Туркия, Польша ва бошқа қатор давлатларда қримтатар муҳожирлари яшайдиган қишлоқларни кезиб чикқанман. Шунингдек, 2011 йилдан бошлаб "NENKECAN" хотин-қизлар журнали бош редактори ҳамда шу номдаги хотин-қизлар клубининг таъсисчиси ва раисиман. Клубимиз турли йўналишларда хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича иш олиб боради, турли тадбирлар, анжуманлар ўтказамиз. Ўтказилган илмий конференцияларимизнинг бирида ўзбекистонлик олималар ҳам иштирок этган.

- Туғилиб ўсган қишлогингиз, ўқиган мактабингиз, устоз ва дўстларингизни эслайсизми?

- Қадрдон қишлоғим, болалигим, менга оқ йўл тилаган мактабим ҳаётимнинг унутулмас саҳифаларидир. Биз Қўрғонтепа туманининг "Савай" қишлоғи (совхоз дейилар эди)нинг 4- бўлимида яшаганмиз. Совхоз марказидаги 1-мактабнинг рус синфида ўқиганман. Синфимизда турли миллат вакиллари - ўзбек, рус, охиска турклари ва қримтатар болалари бирга ўқиганмиз. У пайтларда биз-болаларга кимнинг миллати қанақа эканлиги аҳамиятсиз бўлган, бир-биримиз билан аҳил-иноқ бўлганмиз.  Мактабни фақат аъло баҳолар билан тамомлаганман. Устозларимни ҳурмат билан эслайман. Немис тили фани ўқитувчим Рашида опа (нимагадир ҳамма уни Раиса Сергеевна, деб атарди) мен учун жуда қадрли эди. У мен олийгоҳнинг чет тили факультетида ўқишимни истарди,  ҳатто уйимизга келиб, ота-онамга ҳам шуни тавсия қилган. Мен эса адабиёт ўқитувчиси бўлишни хоҳлардим. Шу тариқа мактабни тамомлаб, ота-онам ва устозимнинг истаги билан Ўш педагогика институтининг чет тиллар факультетига кириш учун ҳужжат топширдим. Лекин ўша йили ўқишга кира олмадим.

Қишлоққа қайтдим, ўқишга кира олмаганимни билган мактабимиз кутубхоначиси олдимга келиб, "Мен декретга чиқяпман, ўрнимга кутубхонага ишга кир, ўқишга ҳам бемалол тайёрланасан, қолаверса, китобларни авайлайдиган, кутубхоначи бўлишга лойиқ сендан бошқа одам йўқ" деди. Чунки мен кутубхонанинг энг фаол ўқувчиси эдим. Кутубхонадаги рус тилидаги ҳамма китобларни ўқиб чиққандим. Шу тариқа илк меҳнат фаолиятимни кутубхоначиликдан бошлаганман. Ўшанда ҳамқишлоқларим, ўзбек йигит-қизларининг китоб ўқишга, адабиётга бўлган қизиқишларини кўриб, ҳайрон қолардим, ҳавас қилардим ва бунга ҳозиргача ҳавас қилиб келаман. Кутубхонага келувчи ўқувчиларим менда ўзбек адабиётига муҳаббат уйғотишди, ўзбекча ўқишни ўргатишди. Бир йил ўтиб, институтнинг рус филологияси факультетига ўқишга кирдим.

Турли мавзуларда асарлар ёзаман, 3 та китобим чоп этилган. Украина ёзувчилар уюшмаси, Евроосиё ёзувчилар бирлашмасининг аъзосиман. Турли тиллардаги ўттиздан ортиқ  китобларни  қримтатар тилига таржима қилганман.

- Оилангиз - ота-онангиз, фарзандларингиз ҳа-қида гапириб берсангиз?

- Ота-онам Қримнинг Керич бўлғусидаги Аджименди қишлоғида, онам эса қўшни Сидживут қишлоғида туғилган экан. 1945 йилда отамнинг оиласидаги 11 жон сургун қилинган, фақат опаси Насиба аммам билан икковлари тирик қолган, ота-онаси, ака-укалари очликдан вафот этган экан.

Отам мактабда ўқимаган. Умри бўйи совхозда тракторчи бўлиб ишлади,  чигит экди, культивация қилди, пахта терди. Жуда кўп мукофотлар олган. Онам Наджие ҳам мактаб кўрмаган, фақат ўз исм-фамилиясини ёзишни биларди, холос. Лекин далада тиним билмай меҳнат қиларди. Саводсиз ота-онам биз - олти нафар қизларининг ўқиб, олий маълумотли бўлишимизни орзу қилиб, барча имконларни яратиб беришди. 90-йилларнинг бошида оиламиз билан ота юртимиз Қримга қайтдик.

Турмуш ўртоғим Сейдамет Меметов вафот этган, икки нафар фарзандим бор.  Кизим Арзы (Орзу) "Qaradeniz продакшн" студиясининг мухбири, ўғлим Мемет телефонлар сотиладиган дўкон мудири бўлиб ишлаш билан бирга, Қрим инженерлик-педагогика университетининг Менеджмент шўъбасида таҳсил олади.

-  Бугунги Ўзбекистон ҳақида тасаввурларингиз қандай?

- Бугунги Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурларим асосан газета ва интернет мақолаларига асосланади. Ўзбекистонни жадал ривожланиб бораётган Марказий Осиёнинг етакчи, дунёда ўз нуфузига эга давлатлардан бири деб биламан.

Мана 26 йилдирки, туғилиб ўсган юртимга бора олмадим. Аммо жаннатмонанд Ўзбекистонга, она қишлоғимга боришни, болалигим ўтган кўчаларда юришни, зилол ариқлар бўйида ўтиришни жуда-жуда орзу қиламан. Юртимиздан келиб, Қримда ишлаётган ўзбек ўртоқларимиздан хабар олишга, қўлимдан келганича уларга ёрдам беришга ҳаракат қиламан. 

- Ўзбекона урф-одат, қадриятларнинг ҳаётингиздаги ўрни, уларга муносабатингиз қандай?

- Бу ҳақда соатлаб гапирсам ҳам камлик қилади. Ўзбеклардан биз меҳмондўстликни, меҳрибонликни, меҳр-шавқат, оқибатни, қўшничилик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, устозни отадек улуғлаш сингари жуда кўп инсоний фазилатларни ўргандик. Онам сургуннинг биринчи кунлариданоқ ўзбек    халқи қримтатарларга улкан мурувват кўрсатганлигини жуда кўп эслайди.

Онамнинг айтишича, ўша йиллари ўзбек қўшнилари ўзлари оч-наҳор бўлсалар-да, бир пиёла қатиқ, бир коса жўхори шўрва ёки яримта нон олиб киришар, шу туфайли отам-онам каби минглаб миллатдошларим омон қолган экан. Бунинг учун  мен ўзбек халқига бошим ерга теккунча таъзим қиламан.

Биз ҳам қўшниларимиз билан жуда иноқ эдик. Бир уйнинг ярмида ўзбек оиласи, иккинчи ярмида биз яшардик, ўртада пастаккина девор ва эшик бўларди. Ўртамиздаги эшик ёпилганини эслай олмайман, уйимизда калит, қулф бўлмаган. Шу қадар бир-биримизга ишонганмиз, таянганмиз.

Яна уйимиз ўртасида тандир бўларди. Бугун қўшнимиз Хулпархон ая нон ёпса, эртасига онам ёпарди. Иссиқ ноннинг бошини, албатта, бир-бирларига илинардилар. Рўза, хайит байрамларида биз чебурек пишириб, 7-8 қўшнига улашардик, улар чиқарган ош билан қозонимиз тўларди. Бундай меҳр-оқибатни дунёнинг бирор ўлкасидан топиш қийин.

  Болаликдан қўй-сигир боқиб ўсганман. Ўртоқларим Толиб, Хамровой билан бирга боқардик. Институтга кирганимдан кейин бир сафар ўртоқларим билан учрашганимда, доимо мени сенлайдиган дўстларим бирданига "сиз" дейишганида хафа бўлгандим. "Нимага сизлаяпсанлар" деганимда, улар: энди олий маълумотли бўласиз, сизлаб ҳамманинг олдида сизнинг ҳурматингизни оширишимиз керак, деганларида очиғи, мана шундай дўстларим борлигидан ич-ичимдан қувонганман. Мен дўстларим билан муносабатларни, уларнинг суҳбатларини жуда-жуда соғинаман. 

Менга билим, тарбия берган, чин маънода инсон бўлишни ўргатган ўзбек халқидан бир умр миннатдорман.

- Замонавий аёл қандай бўлиши керак, деб ҳисоблайсиз?

- Менинг кузатишларимча, аёллар Қримда ҳам, Ўзбекистонда ҳам, умуман, дунёнинг аксарият мамлакатларида ўз фаолликларини намоён этиб келмоқда. Менинг назаримда замонавий аёл албатта, ўқимишли, маданиятли, оқила, жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол бўлиши керак. Бундан ташқари, у оиласининг мустаҳкам ва барқарор бўлишини таъминлашни ҳам унутмаслиги керак. Фарзандларига яхши тарбия бериш билан бирга, эрини  ҳурмат қиладиган, унга дўст, сирдош ва таянч бўладиган садоқатли рафиқа бўлиши шарт. Яна у ўзини чиройли олиб юришни, дид билан        кийинишни ҳам унутмаслиги лозим.

Замонавий аёл ўз касбини мукаммал билиш билан бирга, тикиш-бичиши, ширин таомлар пишириши, уй-рўзғор юмушларини бекаму кўст адо этиши, сиёсат, адабиёт ва санъатдан ҳам хабардор бўлиши керак.

- Оилавий муносабатларда, фарзанд тарбиясида аёлнинг ўрни ва роли қандай бўлиши зарур, деб биласиз?

- Юқорида таъкидлаганимдек, оила мустаҳкамлиги, айниқса, фарзанд тарбиясида аёлнинг ўрни ва роли ниҳоятда муҳим. Асосий масъулият, албатта, аёлнинг зиммасига юкланади. Қиз бола тарбияси эса янада нозик.

Тақдир экан, турмуш ўртоғим эрта вафот этди.  Мана ўн йилдирки, болаларимни ёлғиз ўзим тарбиялаб келаман. Ўғлим 15 ёшга тўлганида ёнимга ўтиргизиб олиб, сен энди шу уйнинг хўжайини, каттасисан. Сен қайси масалада қандай қарор чиқарсанг, шунга амал қиламиз, дер эдим. Кўп масалаларда у билан маслаҳатлашардим. Шу тариқа оиладаги муҳим масалаларда унинг қарор чиқаришига имкон бердим. Чунки у эртага оила қуради, оилабоши бўлади, оилани бошқаришни ёшлигидан ўрганиши керак. Қолаверса, ўзим ўсган оилада ҳам отамнинг айтгани биз учун қонун эди. 

- Қайнона-келин муносабатлари қандай бўлиши керак? Бу борада, яъни келин ёки қайнона сифатида Сиз қандай йўл тутасиз?

- Қайнона-келин муносабатлари жуда нозик масала. Минг афсуски, мен қайнонамни кўрмаганман. У кишини Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин,  мен келин бўлиб тушмасимдан аввал вафот этган эканлар.   Журналистлик  фаолиятимда қайнона-келин можаролари билан жуда кўп тўқнаш келганман. 

Келин ва қайнона ўртасидаги англашилмовчиликлар туфайли кўп оилалар бузилиб кетганидан афсусланаман. Қарс икки қўлдан чиққанидек, ўртадаги муносабатнинг яхши бўлиши уларнинг иккаласига ҳам боғлиқ. Кайнона бўлган аёл кеча ўзи келин бўлганини, ўзга оилага энди ўрганаётган келинига она бўлишга ҳаракат қилиши зарур, келинлар эса қайнонасини бегона аёл деб эмас, ўз онаси ўрнида кўриши, шунга мос  ҳурмат кўрсатиши керак.

- Китоб ўқиб турасизми? Интернет юзага келгандан кейин китобнинг даври ўтди, деган фикрга муносабатингиз қандай?

- Бу дунёда энг севган машғулотим - китоб ўқиш. Интернет юзага келгандан кейин китобнинг даври ўтди, деган фикрга  қатъиян қаршиман. Интернет ҳеч қачон китоб ўқиш завқининг ўрнини боса олмайди. Интернетда  китоб ўқишни  қўлга ушлаб, мириқиб китоб ўқишга алмаштирмайман. Лекин ҳаёт ривожланиб бормоқда, афсуски, китоб, газеталар орқага чекинмоқда. Лекин инсоният китоб ўқишдан асло тўхтамаслиги керак.

Шу ўринда Ўзбекистонда китоб ўқиш, китоб мутолаасини қўллаб-қувватлаш, тарғиб этиш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинганлигини эшитиб, жуда хурсанд бўлдим. Ўзлиги, қадриятлари бардавом бўлишини истаган халқ ана шу каби эзгу ишларга дадил қўл уради.

- Андижон ва андижонликлар ҳақидаги бугунги фикрларингиз. Туғилиб ўс-ган юртингизга келишни режалаштирмаяпсизми?

- Андижон ва андижонликлар ҳақидаги фикр ва қарашларим ҳамиша юқори бўлган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулҳамид Чўлпон, Учқун Нуъмонов, Саида Зуннунова, Аббос Бакиров, Муҳаммад Юсуф каби ўз даврининг машҳур шахслари юрти бўлган Андижонда туғилганимдан фахрланаман. Айниқса, андижонлик спортчиларнинг олимпиада ўйинларида ғолиб бўлганлигини кўриб, жуда-жуда қувонганман.

Менинг шууримда андижонликлар ҳамиша олижаноб, ўқимишли, меҳмондўст, сўзининг устидан чиқадиган, бағрикенг ва ҳазилкаш одамлар бўлиб муҳрланиб қолган.  

Ўзбекистонга бориш режамда бор. Болалигим ўтган жойларни зиёрат қилиш, қўшниларим, дўстларим билан учрашиб, улар билан дилдан суҳбатлашиш ниятидаман.   Худо насиб этса, албатта, бораман.

- Ўзбек халқига, андижонлик опа-сингилларимизга, газетамиз мухлисларига Янги йил тилакларингиз...

- Бутун ўзбек халқини, андижонлик опа-сингилларимни, уларнинг севимли нашри бўлган "Иқбол" газетаси мухлисларини Янги йил билан чин қалбимдан табриклайман. Барчаларига соғлик, тинчлик, фаровонлик ва яхшилик тилайман. Юртидан узоқларда юрганлар эса эсон-омон оиласи,  яқинлари бағрига қайтишсин. Ҳамиша тинчлик-омонлик бўлсин!

-      Мазмунли ва қизиқарли суҳбатингиз учун ташаккур.

 

 

Суҳбатдош Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.

"Самарбону шеърияти: ўзбек адабиётининг ёрқин саҳифаси"

Марҳамат туманидаги 5-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида "Самарбону шеърияти: ўзбек адабиётининг ёрқин саҳифаси" деб номланган адабий, маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

 

Маърифатпарвар шоира Самарбону таваллудининг 180 йиллигига бағишланиб Марҳамат туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, "Турон" ўқув маркази ҳамда "Иқбол" газетаси таҳририяти ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда шоир ва ёзувчилар, адабиётшунослар, шоиранинг авлодлари, ёш ижодкорлар, адабиёт ва шеърият ихлосмандлари, шунингдек, қўшни Фарғона ва Ўш вилоятларидан меҳмонлар иштирок этди.

Биз биламизки, ХIX аср ўзбек адабиётининг вакиласи Самарбону Ўшда туғилган, Марҳамат туманининг Ўқчи қишлоғида яшаб, ижод қилган. Ўзининг гўзал ғазалларини жамлаб, девон тузган.

Кейинги йилларда шоиранинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, кенг тарғиб этиш, шу орқали ёшларнинг адабиётга, шеъриятга бўлган қизиқишларини ошириш, шоира ҳақидаги билимларини бойитиш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда.

Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршида Қўчқорова, ёзувчи Соҳибахон ҳошимова, Андижон давлат университети доцентлари Назокат Жалолова, Дилдора Абдуллаева, ўшлик шоира Фарида Абдураимова, "Иқбол" газетаси муҳаррири Фахриддин Ибайдуллаев, "Турон" ўқув маркази раҳбари О. Хусанов адабиётга, ижод аҳлига кўрсатилаётган эътибор, шоира ҳаёти ва ижодининг ўзига хос қирралари, тадбирнинг мақсад ва аҳамияти хусусида гапирдилар.

  Марҳамат туманидаги 24-, 25-умумтаълим мактаблари ўқувчилари томонидан намойиш этилган бадиий дастур, ўқилган шеърлар, саҳна кўринишлари барчада катта таассурот қолдирди.

Тадбир доирасида ҳаваскор шахматчилар ўртасида турнир, ёш мусаввирларнинг ижодий ишлари кўргазмаси ташкил этилди.

Якунда бир гуруҳ фаол иштирокчилар ҳамда шахмат турнири ғолиблари ташкилотчилар томонидан китоблар жамланмаси билан тақдирландилар.

Тадбир шоира Самарбону ижодини ўрганиш, тарғиб этиш билан бирга, ёшларнинг адабиётга, шеъриятга, китоб мутолаасига бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилди.

 

Шаҳло ХУСАНОВА

"Иқбол" таҳририяти - грант танлови ғолиби

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси кўмагида Ижтимоий телерадиомаҳсулотлар 9-миллий фестивали бўлиб ўтди.

Фестивалда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, Парламент комиссияси аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Тадбир   доирасида энг яхши ижтимоий телерадиомаҳсулотлар танлови ғолиблари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди. Маросимда грант танлови ғолиблари бўлган 60 дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситаларига сертификатлар топширилди.

Танловда "Соғлом ва баркамол оила - жамият кўрки" лойиҳаси билан иштирок этган газетамиз таҳририяти ҳам грант ғолиби бўлди. Шунингдек, ғолиблар қаторида вилоятимизнинг "Холис", "Асака ҳаёти" газеталари ҳамда www.andijonsadosi.uz  интернет сайти ҳам бор.

 Грант ғолибларини муборакбод этамиз!

 

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Байрам мушоираси

Қалбимнинг тубида исмингиз

Қалбимнинг тубида исмингиз пинҳон,

Ёдимдан чиқмайди кулгуларингиз.

Сизни хотирлайман ҳар лаҳза, ҳар он,

Биламан соф эди туйғуларингиз.

 

Баҳорнинг энг хушбуй чечакларида,

Гўзал  севгимизнинг бўйи таралган.

Ҳаётнинг энг маҳзун эртакларидан,

Бизнинг аччиқ қисматимиз яралган.

 

Оловтафт туйғулар сўнади бирдан,                                                                    

Fурур  йўлимизга улкан  ғов бўлар.

Нолиймиз  шафқатсиз тақдиримиздан

Қалб айрилиққа дош беролмай йиғлар.

 

Кузнинг хазонрез япроғи мисол,

ҳижрон йўлагида сўнар севгимиз.

Мангу армонимиз бўлганча висол,

Тақдирнинг измига кўнар қалбимиз.

 

Марҳабо АКБАРАЛИЕВА, Асака тумани.

 

Муҳаббатнома

Муҳаббатнинг шаробидан қониб-қониб ичдим мен,

Муҳаббатли кимсаларни жоним бирла қучдим мен.

Риёкорнинг жилвасидан бир умрга кечдим мен,

Меҳрлилар шуъласида жумбоқларни ечдим мен.

 

Муҳаббатдан яралгандир табиатнинг неъмати,

Муҳаббатдан яралгандир Оллоҳнинг марҳамати.

Муҳаббатсиз нодонларга йўқдир унинг ҳиммати,

Муҳаббатсиз кимса бўлмас Муҳаммаднинг уммати.

 

Келинг дўстлар, муҳаббатнинг машъаласин ёқайлик,

Меҳр тўла кўзлар бирла жонни жонга қоқайлик.

Муҳаббатсиз кимсаларнинг бағрига ўт ёқайлик,

Алам бирла ёнган чоғи зимдан қиё боқайлик.

 

Мавжудахон МАНСУРОВА, Улуғнор тумани.

 

Шеърият

Билмадим, мазмунсиз бу дунёларда,

Сенсиз қай ҳолатда яшар эканман.

Шеърият, мен сени дилдаги орим,

Қувончим, шодлигим, борим деганман.

 

Ахир сен эмасми, тор бу ҳаётни,

Менинг хаёлимда поёнсиз этган.

Сен билан юрагим, сен бор бу қалбим,

Зулматдан нур сари илдамлаб кетган.

 

Агар сен бўлмасанг дилдаги дардим,

Тоғлардан-да ошиб кўкка етарди.

Сенсиз бутун умрим бутун ҳаётим,

Тубсиз жар томонга қараб кетарди.

 

Аммо сен ўргатдинг дилдаги дардим,

Оддий сатрлар-ла енгишни менга.

Қалбни эгаллаган аламли гардни,

Шеърият, айтаман бир фақат сенга.

 

Оллоҳдан сўрайман сен ва мен учун,

Нурлардан яралган нурли маконни.

Сен билан шеърият бир бутун бўлиб,

Енгамиз ҳаётда яхши-ёмонни.

 

Сетора МУҲАММАДЖОНОВА, Пахтаобод тумани.

 

Кўнгил

Гоҳида ҳаётга боқади теран,

Гоҳ майда дардларга бўлади маскан,

У менинг дўстимдир, у юзсиз душман,

Менинг ҳеч кимим йўқ кўнглимдан бўлак.

 

Ёқалар ёнида енг кўрмади у,

Сохта жилваларда ранг кўрмади у,

Ҳеч кимни ўзига тенг кўрмади у,

Менинг ҳеч кимим йўқ кўнглимдан бўлак.

 

Гоҳ йўлимдан озган сарбоним ўзинг,

Қучоғида ухлар армоним менинг,

Бир кун кулармикан даврони унинг,

Менинг ҳеч кимим йўқ кўнглимдан бўлак.

 

Йиғлайди шодланса, аччиқ кулфатда,

Фақат ёшларини тўкар хилватда,

Яхши ҳам, ёмон ҳам ўзи, албатта,

Менинг ҳеч кимим йўқ кўнглимдан бўлак.

 

Тоғ эди кундан кун боряпти нураб,

Дунё бир тарафдир, у-чи бир тараф,

Шавкатингни дариғ тутмагил, ё Раб,

Менинг ҳеч кимим йўқ кўнглимдан бўлак.

 

Дилнозахон ҲОШИМОВА, Бўз тумани.

 

Янги йил ташрифи

 

Дилда қувонч, ҳаяжон,

Шодликларга тўлар дил.

Бахт улашиб бир жаҳон,

Кириб келди Янги йил.

 

Оқ либосга бурканар,

Бутун олам, дала, қир.

Кўм-кўк арча безалар,

Кириб келди Янги йил.

 

Пок нияту тилаклар,

Изҳор этар бу кўнгил.

Орзу, истак юксалар,

Кириб келди Янги йил.

 

Жарангласин шўх кулгу,

Юракдан кетсин хижил.

Юртни қопласин ёғду,

Хуш келибсан, Янги йил!

 Машҳура БОТИРОВА

 

Янги йил кечаси

Уй тўрида безанган арча,

Кўнгилларга қувонч улашар.

Тўпланишиб кекса-ёш,барча,

Эзгу тилакларни тилашар.

 

Қорбобони кутар интизор,

Катталар ҳам бола сингари.

Гўё унда бир мўъжиза бор,

Бошлар гўё бахт қасри сари.

 

Олиб келгин  қувонч ва омад,

Бутун дунё аҳлига йилим.

Инсоният бўлсин саломат,

Шунда яшнар менинг ҳам дилим.

 

Мадинабону АСЛИДДИНОВА, Балиқчи тумани.

 

Кетаман

Соғинч саҳросида бир ўзим ёлғиз,

Ҳижронли тунларда сени кутаман,

Бахтни ҳис қилолсанг агарда менсиз,

Майлига азизим, сендан кетаман.

 

Биргина бахтлиман, десанг кифоя,

Сен учун азобим ичга ютаман,

Оллоҳдан бир сенга тилаб ҳидоят,

Майлига азизим, сендан кетаман.

 

Юрагим азобга макон бўлса ҳам,

Орзулар саробдек ҳазон бўлса ҳам,

Соғинчдан қароқлар намга тўлса ҳам,

Майлига азизим, сендан кетаман.

 

Кетаман ортиқ сўз сўрамайман, бас,

Армоннинг қўлидан ожиз тутаман.

Мафтунингга айланиш бўлиб бир ҳавас,

Майлига азизим, сендан кетаман.

 

Мафтуна ТўЛАНБОЕВА, Жалақудуқ тумани.

 

Адашган кўнгил

Қалбим синди, бўлиб чил-чил,

Кўзларимда аччиқ кўз ёш.

Сўзламоққа ожиз бу тил,

Ёрим бўлдингми, бағритош?

 

Ишонибман сўзларингга,

Билмай орзум сароблигин.

Алданибман кўзларингга,

Сезмай ҳолим хароблигин.

 

Майли, бари қисматда бор,

Ўзга севги керакмас менга.

Сенда борми виждон ёки ор,

Ёлғончилар ёр бўлсин сенга.

 

БИБИХОНИМ, Бўз тумани.

 

Сен мени ўйлайсан

Қуёш ботиб кетди уфққа,

Кўринади туннинг қораси.

Юзларимга ранги синиққан,

Борлиқнинг тушади сояси.

 

Совуқ хона. Феврал. Орзиқиш-

Тоғларни юборса қулатиб;

Сен ўт қалаб ёқасан олов,

Нигоҳингга кўчар сурати.

 

Мен эса сўзларни ўйнайман,

Оқ қоғоз устида парчалаб.

Совуқ қиш бағрига кўнмаган,

Юрагим ёнишдан чарчамас.

 

Баҳорни эслатиб оловлар,

Осмонга кетади туташиб.

О, ота мен нени ўйлайман,

Сен мени ўйлайсан, шубҳасиз.

 

Зулхумор ОРИФЖОНОВА

 

Қиш

Қиш фаслига гўзаллик қўшиб,

Покиза ранг, орзу ёғади.

Илҳом олар ижодкор жўшиб,

Қор валсидан роман ёзади.

 

Бахти кулган келинчаклардай,

Оппоқликка бурканган атроф.

Янги йилнинг арафасида,

Ризқ ёғади, орзулардай соф.

 

Мадинабону ҲАБИБУЛЛАЕВА,

 

Избоскан туманидаги  34-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

Ватанимиз байроғини юксакларга кўтараман

Бугунги кунда юртимизда болалар спорти ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Спортнинг қай бир тури билан шуғулланмоқчи бўлсак, етарли шарт-шароитлар муҳайё этилган.  Туманимизда спортга қизиққан, бу борада салмоқли ютуқларни қўлга киритаётган ёшлар жуда кўп.

Мен болалигимдан спортга қизиқаман. 2012 йилдан буён шарқ якка кураш турларидан бири-у-шу спорт тури билан шуғулланиб келаман. Илк бор машғулотга келганимда мураббийим Зилола Маматалиева мени очиқ чеҳра билан кутиб олиб: "Спортчи довюрак, қатъиятли ва иродали бўлиши керак. Бу уч фазилатни ўзингда мужассам эта олсанг, доимо ғалабага эришасан" деган эди. Устозимнинг бу ўгитлари кечагидек ёдимда. Ўша кундан бошлаб ўз-ўзимга сўз бердим ва спортнинг нозик сир-асрорларини қунт билан ўргана бошладим. Ҳар гал навбатдаги  жанг олдидан бу сўзлар қулоғим остида жаранглайди.  Менга куч, ғалабага бўлган ишонч  бағишлайди.   

Тинимсиз машқлар, ўз устимда ишлашларим зое кетмади. Маҳоратим йилдан йилга ортиб бормоқда. 2016 йил декабрь ойида ўтказилган Марказий Осиё очиқ чемпионати баҳсларида икки йўналишда иштирок этдим. Омад кулиб боқиб, ҳар икки йўналишда ҳам ғолибликни қўлга киритдим, 1 даражали диплом ҳамда олтин медаллар билан тақдирландим. 2017 йил ҳам мен учун омадли йил бўлди, десам муболаға бўлмайди. 15 декабрь куни Андижон олимпия заҳиралари коллежида 20 дан ортиқ  якка кураш  ва жанг санъати турларини ўз ичига олган 2-вилоят спорт фестивалида иштирок этиб, сертификат билан тақдирландим. 22-26 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон кубоги мусобақаларида ҳам ўз вазн тоифамда ғолибликни қўлга киритдим. Мазкур спорт тури бўйича терма жамоа аъзоси ва спорт усталигига номзодман. Айнан спортда эришаётган ютуқларим туфайли 2017 йил Зулфия номидаги давлат мукофотига номзодлар саралаш танловининг вилоят босқичида иштирок этиб, ғолиблар сафидан жой олдим ва республика босқичига йўлланма олдим.

Ҳозирда мураббийим билан жорий йил январь ойида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё чемпионатига қизғин тайёргарлик кўряпман.

Устозларим ишончини оқлаётганим, ғалабаларим, вилоятимиз,  юртимиз шуҳратини янада оширишга ҳисса қўшаётганлигим билан фахрланаман. Янги йилдан умидларим катта. Мақсадим келгусида барча спортчилар орзу қилгани каби халқаро спорт майдонларида ватанимиз байроғини юксакларга кўтариш ва юртимизга содиқ фарзанд бўлишдир. Янги йил мен каби барча спортчиларга омадлар келтирсин.

Хонзодабегим РАСУЛОВА,

 

 Қўрғонтепа туманидаги 5-умумий ўрта таълим мактабининг 10-синф ўқувчиси.

Кўплаб янги иш ўринлари яратилади

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ фермерларга яратиб берилаётган кенг имкониятларни алоҳида эътироф этиш ўринли.

Мен ҳам истиқлол туфайли мулкдорлар сафидан ўрин олган деҳқонларнинг бириман. Фермер хўжалигини ташкил этганимга 18 йил тўлди. Экин майдонимиз 54 гектар бўлиб, бугунги кунда 30 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Уларнинг самарали меҳнатлари, ғалла етиштириш ва ғўза парваришлашдаги барча агротехник тадбирларни ўз вақтида, талаб даражасида олиб борилаётганлиги боис ҳар йили бу икки тармоқдан юқори ҳосил олиб, белгиланган режаларни ортиғи билан бажариб келамиз.

Асли касбим ҳамшира бўлса-да, ёшлигимдан деҳқончиликка ихлосим, қизиқишим баланд бўлган. Инсон ўз меҳнатидан бунёд бўлган неъматларни кўрганида яйраб кетади. Айниқса, эл-юрт ризқини яратиш, дастурхонини тўлдиришнинг гашти бошқача. Фермерликнинг ҳам ўзига яраша қи-йинчилик ва заҳматлари бор. Бу иш кишидан масъулият, қунт ва жонкуярлик талаб этади. Меҳнат қилган инсон кам бўлмас экан. Даромадларимиз ҳисобидан янги техникалар, енгил машиналар сотиб олдик. Қўшимча тармоқ сифатида автосервис хизмати ва 20 сотих майдонда иссиқхона ташкил этдик. Замонавий уйлар қуриб, тўйлар қиляпмиз. Рўзғоримиз бут, турмушимиз фаровон. Буларнинг барчаси юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, инсон меҳнати, қадр-қиммати улуғлигидандир.

 2017 йил мен учун ғоят баракали ва ёдда қоларли йил бўлди. Пахтадан 60 миллион, ғалладан эса  30 миллион сўм соф даромад олдик. Мендек оддий деҳқон аёлнинг камтарона меҳнатлари Президентимиз томонидан эътироф этилиб, "Шуҳрат медали" билан тақдирландим. Юксак мукофотни давлатимиз раҳбарининг ўз қўлларидан оларканман, қалбим фахр ва ғурурга тўлди. Шу билан бирга, Юртбошимизнинг биз фермерларга бўлган юксак ишончини туйдим. Бу ишонч зиммамга янада улкан масъулият юклайди. Уни оқлаш учун астойдил меҳнат қиламан.

Янги йилдаги режаларимиз улкан, яна янги тармоқларни ташкил этишни режалаштирганмиз. 25 сотих майдонда иссиқхона қуриш, хусусий болалар боғчаси ташкил этиш ҳаракатидамиз. Насиб этса, ана шу ишларни амалга ошириб, маҳалладошларимиз учун кўплаб янги иш ўринлари яратамиз.

Янги - 2018 йил деҳқон ва фермерларимиз, халқимиз учун қут-баракали, юртимиз тинч, элимиз дастурхони тўкин-сочин бўлсин.

Соҳибахон ХУДОЙБЕРДИЕВА,

 

Балиқчи туманидаги "Коинот" фермер хўжалиги раҳбари, "Шуҳрат медали" соҳибаси.

ХАЛҚИМИЗНИНГ ДАСТУРХОНИ ТЎКИН БЎЛСИН

Дил номалари

Одинахон ОТАХОНОВА, Шаҳрихон туманидаги "Иномжон-файз" фермер хўжалиги раҳбари.

2017 йил  хўжалигимиз учун жуда омадли бўлди. Чорвачилик соҳасидаги ишларимизни янада ривожлантирдик. Бугунги кунда наслли молларимиз сони 550 дан ортди. Хориждан келтирилган илғор технология ҳисобига сигирлардан кунига 20-25 литр сут соғиб олинмоқда. Хўжалигимиз тасарруфидаги корхонада сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича яхши натижаларга эришилди. Маҳсулотларимиз "Рич милк" савдо белгиси остида савдо дўконлари орқали аҳолига етказиб берилмоқда.

Ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги технологияларни келтириш ҳисобига кўплаб янги иш ўринлари яратилди. Якунланган йилда ўндан ортиқ коллеж битирувчисини иш билан таъминладик. Бундан ташқари, олий ўқув юртида таҳсил олаётган икки нафар талабанинг контракт  тўловини тўлаб бердик. Улар ўқишни тамомлагач, хўжалигимизга ишга оламиз, Насиб этса, ёш мутахассислар хўжалигимиз фаолияти ривожига муносиб ҳисса қўшадилар. 

Кириб келган Янги йилда янада улкан мақсадларни кўзлаб турибмиз. Замонавий технологиялар асосида йогурт ишлаб чиқаришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Янги - 2018 йил барчага орзулари рўёбини, ишлари ривожини беришини, топган даромадининг барокатли бўлишини тилайман. Ҳамманинг  омадини берсин. Қачонки, халқи-миз бой, дастурхони тўкин бўлар экан, кўнглига байрамлар сиғади. Юрт равнақи учун тер тўкиб, жамият ривожига муносиб ҳисса қўшади. Бой бўлиб яшаш барчага насиб этсин.

 

МаҲалла - тарбия ўчоFи

Иноятхон БОЙНАЗАРОВА, Андижон туманидаги "Истиқлол" маҳалла фуқаролар йиғини котиби.

Мен маҳалла фуқаролар йиғинида 18 йилдан буён фаолият юритиб келаман. Ҳаётий кузатувларимдан келиб чиқиб шунга амин бўлдимки, инсоннинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун энг муҳим нарса - бу оила, унинг тинчлиги ва мустаҳкамлиги экан. Оиласи тинч кишигина бошқа ишда хотиржам ишлайди, фарзандларига чиройли тарбия беради, ҳақиқий бахтни ҳис этади.

Маҳалламизда айни пайтда 858 оила тинч-фаровон истиқомат қилмоқда. Биз маҳалла фаоллари, профилактика инспекторлари  билан ҳамкорликда оилаларнинг тинч, фаровон ҳаёт кечиришлари, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, вояга етмаганлар ва хотин-қизлар ўртасида салбий ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш, тўй, маърака ва бошқа маросимларни ихчам ва дабдабасиз ўтказиш, идорамизга мурожаат қилиб келган ҳар бир фуқаронинг муаммоси ижобий ҳал этилишига алоҳида эътибор қаратамиз. Бунинг самараси ўлароқ, маҳалламизда барча йўналишларда ижобий натижаларга эришилмоқда.

Маҳалла - тарбия ўчоғи. Шу боис, ҳудудимизда истиқомат қилаётган ҳар бир ёшнинг тар-бияси билан алоҳида шуғулланишимиз, уларнинг ҳаётда ўз ўринларини топиши учун астойдил ҳаракат қилишимиз лозим. Бу - янги йилдаги энг асосий мақсадларимиздан бири. Шунингдек, оилаларни мустаҳкамлаш, аҳоли бандлиги ва турмуш фаровонлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратамиз.

Янги йил барча юртдошларимизга бахт ва омад олиб келсин.

 

аёллар саломатлиги Ҳамиша эътиборда

Дилоромхон Эргашева, Хўжаобод тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокорининг оналик ва болалик масалалари бўйича ўринбосари.

Бугун аҳоли саломатлигини сақлаш, хусусан, оналар ва болалар соғлигини муҳофаза қилиш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаб вояга етказиш масалалари давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бу борада биз шифокорларнинг зиммасига катта масъулият юкланган. Шу ўринда таъкидлаш керакки, бугун юртимизда аҳолига сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур барча шароитлар яратилган.

Хусусан, 180 дан ортиқ шифокор ҳамда 730 дан зиёд ўрта тиббиёт ходимлари фаолият олиб бораётган туманимизда ҳам аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш борасида салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Бирлашмамиз тасарруфидаги шифохона, поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктлари зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Шунингдек, она ва бола саломатлигини сақлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам эътирофга сазовор.

Муҳтарам Юртбошимизнинг Ўзбекистон Олий Мажлисига қилган мурожаатида  оналар ва келажагимиз эгалари бўлган ёш авлод соғлигини муҳофаза қилишга жиддий эътибор қаратиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Ишонаманки, жорий йилда мазкур йўналишдаги ишлар сифати ва кўлами янада ортади.

 

Кириб келган янги йилда барча юртдошларимизга, аёлларимизга аввало, мустаҳкам соғлик, қувонч ва бахт ҳамроҳ бўлишини тилайман. 

- БАЙРАМНИ ЯНГИ УЙДА КУТИБ ОЛАМИЗ,

дейди Пахтаобод тумани "Навниҳол" маҳалласида яшовчи Дилбархон Саттарова.

Тадбирда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатимизда одамларни қийнаётган муаммоларини ҳал этиш, оғирини енгил қилиш, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига кўмаклашиш, айниқса, ногирон, кам таъминланган оилалар вакилларини ижтимоий муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди. 

  Дарҳақиқат, вилоятимизда ўтган йили жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг 532 нафарига ногиронлик аравачаси, 2 нафарига эшитиш мосламаси, 2 минг нафардан зиёд кишига саломатликларини тиклаш учун республикамизнинг турли сиҳатгоҳларига йўлланмалар берилди. Бундан ташқари, 96 нафар ногирон ҳамда кам таъминланган оила вакилларига зарур дори-дармонлар харид қилиши ва даволаниши учун 384 миллион сўм маблағ ажратиб берилди, 1776 оила маиший техника жиҳозлари билан таъминланди.

Айниқса, ногирон, меҳнатга лаёқати чекланган, уй-жойга муҳтож фуқароларга янги уй-жойлар берилаётганлигини алоҳида эътироф этиш ўринли. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги  "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида"ги қарори асосида  497 ҳовли ва  ҳар бири 16 квартирадан иборат 23 та икки қаватли уйлар қурилди. Айни кунга қадар 865 кам таъминланган оилага ҳамда 14 нафар ногиронга янги уй топширилган бўлса, бугун яна 82 нафар меҳнатга лаёқати чекланган фуқарога вилоятнинг 14 туманида барпо этилган янги уйларнинг калити топширилди.

- Қизим Гулбаҳор 1-гуруҳ ногирони, - дейди Андижон шаҳрининг "Соғлом авлод" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Зайнабхон Тешабоева. - Бугунги кун ҳаётимдаги энг қувончли кунлардан бири. Менинг фарзандимга, оиламга кўрсатилаётган ғамхўрликдан яшашга бўлган умидим, давлатимизга, яхши инсонларга бўлган ишончим яна минг чандон ортди. Фарзандларимнинг қувончини айтмайсизми? Ахир ҳозирга қадар фарзандларим, келиним, набирам - 11 жон 2 хонали квартирада яшар эдик.  Уй-жой қилишга имконимиз умуман йўқ эди. Қарамоғида ногирон фарзанди бор, қийналиб яшаётган биз каби оилалар ҳолидан хабар олиб, уларнинг мушкулини осон қилаётган инсонларга, шу ишларнинг бошида турган Президентимизга мингдан-минг раҳмат.

Таъкидлаш керакки, ногиронларга топширилаётган уйлар ҳомийлар томонидан ажратилган 862 миллион сўм маблағ ҳисобидан турли буюмлар билан жиҳозланди.

- Янги йилни янги уйда кутиб оламиз, дейди Пахтаобод тумани "Навниҳол" маҳалласида яшовчи Дилбархон Саттарова. Бизга мана шундай имконият яратиб берган Юртбошимизга мингдан-минг раҳмат. Шунингдек, янги уй соҳибига айланган Олтинкўл тумани "Хондибоғи" маҳалласида яшовчи Зебинисо Жумабоева, Бўз тумани "Чорвадор" маҳалласида яшовчи Дилдора Гулматова, Хўжаобод тумани "Бахрин" маҳалласида яшовчи Моҳидил Абдураҳмонова, Улуғнор тумани "Сариқсув" маҳалласида яшовчи Насибаҳон Нурматова сингари жисмоний имконияти чекланган фуқаролар кўнгли ўксик инсонларга қувонч улашаётган, кўпдан-кўп хайрли ишларга бош бўлаётган Президентимиз томонидан кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик учун ўзларининг чексиз миннатдорчилик ва дил изҳорларини билдирдилар.

Янги уй-жойларни топширишга бағишланган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиси Т. Худойберганов, вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов иштирок этди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ