+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Опа-сингилларимизнинг турмуш фаровонлиги янада ортади

Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан янги - 2018 йил мамлакатимизда "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" деб номланди. Ишонаманки, жорий йил мамлакатимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган эҳтиром, уларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган эзгу ишлар кўлами янада ортадиган хайрли йиллардан бири бўлиб тарих саҳифаларига муҳрланади.

Яхши биламизки, Ўзбекистонда оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, саломатликларини сақлаш, ёш авлодни жисмонан соғлом ва баркамол  вояга етказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки она ва бола соғлом ва бахтиёр бўлсагина, юрт тараққий этади.

Ана шундан келиб чиқиб, мазкур йўналишда Андижон шаҳрида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, қўмитамиз фаоллари, меҳнат жамоалари ва таълим муассасаларидаги 200 дан зиёд бошланғич ташкилотларимиз етакчилари, маҳалла маслаҳатчилари саъй-ҳаракати билан маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида, ҳар бир оилада ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, уларни "оммавий маданият" ва турли диний оқимлар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олишга қаратилган кўплаб тадбир ва мулоқотлар ўтказилаётганлиги бу борадаги ишлар самарадорлигини оширмоқда.

Шаҳар ҳокимлиги, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда хотин-қизлар     бандлигини таъминлаш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олишга қаратилган қатор амалий ишлар олиб борилди. Хусусан, якунланган йилда опа-сингилларимиз учун 5094 янги иш ўринлари яратилди. Шунингдек, хотин-қизлар тадбиркорлиги, оилавий бизнесни ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар ажратилди.

Бундан ташқари, маҳалла фуқаролар йиғинлари қошидаги "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси саъй- ҳаракати билан ажрашиш арафасидаги 311 оила яраштирилди. Бу борада шаҳардаги Озодлик, Баркамол авлод, Ўзбекистон 20 йиллиги  маҳаллаларида амалга оширилаётган ишларни алоҳида эътироф этиш лозим.

Умуман, оила, никоҳ муносабатларини тартибга солиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқий, тиббий билимларини ошириш, улар ўртасида маданий-маърифий соҳадаги тар-ғибот ишларининг кучайтирилганлиги натижасида шаҳримизда салбий ҳолатлар бирмунча камайди.

Сўзимни мухтасар қилиб айтмоқчиманки, янги йилда юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Андижон  шаҳрида ҳам оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади.

Кириб келган Янги - 2018 йил опа-сингилларимизга,  юртдошларимизга фақат бахт, қувонч ва омад келтирсин.

 

Равшаной ЖЎРАБОЕВА,

Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

ДИЛ НОМАЛАРИ

Бирдамлигимизга кўз тегмасин

Гулнорахон ЭРАЛИЕВА, Жалақудуқ транспорт касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси, вилоят Қирғиз миллий маданий маркази фаоли, Халқ демократик партияси аъзоси.

Йиллар оқар сувдек ўтиб бораверади. Ортидан эса хотиралар ўз изини қолдиради. Энг муҳими, ўтган йилларимиз хотирамизда қолиши учун ҳар бир кунимиз сермаҳсул бўлиши керак. Олдимизга қўйган режаларимиз амалга ошса, кўнглимиз тоғдек кўтарилади. Кимгадир кўмак берганимиздан, эл корига яраганимизда  мамнун бўламиз.

Кўп  йиллар таълим соҳасида, хусусан, мактаб директори, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари вазифаларида ишладим. Ҳозирда эса Жалақудуқ транспорт касб-ҳунар коллежида ёшларга тарих фанидан дарс бераман. Шу билан бирга, вилоят Қирғиз миллий маданий маркази туман бўлинмасини бош-қариб келаман.  ХДП  аъзоси сифатида, туман Аёллар маслаҳат маркази маслаҳатчиси,  жиноят ишлари бўйича туман судида халқ маслаҳатчиси сифатида кўплаб давраларда, кишилар билан суҳбатда, мулоқот ва учрашувларда бўламиз. Халқ ичида қанча кўп бўлганинг сари бу халқнинг қанчалик бағрикенг ва олижаноб, эзгу мақсадлари улкан, режалари улуғ эканлигининг гувоҳи бўлаверасан киши.

Халқ, одамлар учун хизмат қилиш шараф. Ишнинг оғирини, вақтнинг эрта-кечини ҳам унутамиз. Турмуш ўртоғим, фарзандларим доим мени қўллаб-қувватлайди. Инсон зиммасидаги улкан ишларни амалга оширишда асосий кучни фақат оиладан олиш мумкин. Янги йилда фаол аёлларимиз сафи кўпайишини, оилаларимиз тинч ва фаровон бўлишини тилайман. Кўп миллатли юртимизда яшаётган халқлар ўртасидаги бирдамлик, аҳил-иноқликка кўз тегмасин. 

 

Идти ногу со временем

ЕкатеринаСМЕСОВА, заведующая кафедрой всемирной истории Андижанского государственного университета, депутат Андижанского городского Кенгаша народных депутатов.

 Уходит в историю 2017-й год. У каждого из нас он оставил добрые воспоминания. У кого-то родился ребенок, кто-то закончил школу, кто-то приобрел собственное жилье. Уходящий год был добрым и для меня. Подросли дети, на работе меня окружают друзья, коллеги и стремящиеся к знаниям студенты. Недавно у меня в гостьях побывала мама, приехавшая из Москвы. Она раньше жила в Андижане. Искренне была рада переменам в благоустройстве улиц и проспектов областного центра. В преддверии празднования 25-я годовщины Конституции Республики Узбекистан я получила памятный знак "ўзбекистон Конституциясига 25 йил".

Как гражданин своей страны, депутат, педагог, мать с интересом выслушала послание Президента    Республики Узбекистан Ш. Мирзиёева по итогам года, впервые направленное главой нашего государства парламенту страны - Олий Мажлису. Оно еще раз продемонстрировало, что главной целью реформ является обеспечение интересов человека.

   Сегодня сама жизнь требует от нас формирования профессиональной, мобильной и нацеленной на конкретные результаты государственной службы, разработки эффективной системы, открывающей широкую дорогу инициативным, мыслящим по-новому преданным Родине и народу кадрам.

 

тарихга муҲрланган йил

Гулчеҳра КАРИМОВА, Булоқбоши  туманидаги 1-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси. 

 Тарихга муҳрланган "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб номланган 2017 йил мен учун унутилмас воқеаларга бой бўлди. Мавлудахон Fофурова мудиралик қилаётган ушбу мактабгача таълим муассасасида бир неча йилдан буён тарбиячи бўлиб ишлайман. Айни дамда боғчамизда 80 нафар болалар тўрт гуруҳда тарбияланмоқда.

Муассасада болажонлар учун барча шароитлар яратилган.  Ўз гуруҳимда машғулотларни замонавий, интерфаол усуллардан фойдаланиб, мазмунли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратаман. "Болалар билан ишлаш -  нозик иш, ҳар бир бола ўзгача олам, уларни билиш учун уста руҳшунос бўлиш керак, -дейди устозим М. Fофурова. Устоз ўгитларига амал қилиб, йил давомида қатор ютуқларга эришдим. Жумладан, ўтган йили "Йилнинг энг яхши тарбиячиси - 2017" танловининг туман, вилоят босқичларида ғолиб бўлиб, республика босқичида "Энг фидойи" номинацияси бўйича совриндорлар қаторидан жой олдим ва мактабгача тарбия муассасалари ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш республика ўқув методика марказининг дипломи билан тақдирландим.

Ушбу танлов менга кўп нарсани ўргатди, турли вилоятдан келган вакиллар билан ўзаро тажриба алмашдик, келгусида амалга оширадиган янги режаларни ўртоқлашдик.

 

Кириб келган янги - 2018 йил барча опа-сингилларимиз учун омадли йил бўлиб қолишини тилайман.

ЯНГИ ЙИЛ ҚАЕРДА, ҚАНДАЙ КУТИБ ОЛИНАДИ?

Янги йил байрами турли давлатларда турлича кутиб олинади. Ҳозирги янги йил байрамини римликлар биринчи бўлиб нишонлашган. Яъни эрамиздан аввалги 46-йилда Юлий Цезарь янги тақвим жорий этган. Унга кўра янги йил 1 январдан бошланган . Одамлар бу куни бир-бирларига совғалар улашишган.

Йиллар ўтиши билан турли халқлар янги йил байрамини ўз урф-одатларидан келиб чиқиб, нишонлай бошлаган. Лекин кўплаб халқларда Янги йил байрами - оилавий байрам сифатида кутиб олиниши урфга кирган. 

Жумладан, юртимизда ҳам янги йил байрами асосан оила даврасида нишонланади. Байрам кунида ҳар бир хонадонда байрамона дастурхон тузалади, оила даврасида ота-оналар, қариндош-уруғлари билан биргаликда хурсандчилик қилинади. Шу баҳона яқинларидан хабар олинади, барча инсонлар бир-бирларига эзгу ниятлар билдирадилар.

Янги йил байрами қаерда, қандай кутилиши ҳам кўпчиликни қизиқтириши табиий. Демак, янги йилни турли халқлар қуйидагича кутиб олади:

Шотландияда Янги йил кечасида одамлар эшикка термулиб турадилар. қора сочли киши келиб: "Бу хонадоннинг қозони ҳамиша қайнаб турсин", деб бир парча кўмир ташлаб кетади.

Венгрияда Янги йил дастурхони жуда чиройли безатилади. Аммо, парранда гўшти қўйилмайди. Чунки парранданинг қаноти бор. Парранда учиб кетса, хонадон бахтини кўтариб кетади, деб ирим қилишади.

Японлар эски йилнинг охирги куни  ҳамма идишлардаги сувни тўкиб ташлайдилар ва булоқдан янги сув олиб келиб, кутиб ўтирадилар. Эски йил тугаб, қўнғироқлар бонг ургач, катта-ю кичик булоқ сувига ташланади. Улар эски йилдаги гуноҳларини ювишади. Сўнгра тўкин дастурхон атрофига ўтирадилар.

Ҳиндистонда Янги йил куни одамлар маҳалла ва кўчаларни гул билан тўлдиришади. Ривоятда айтилишича, шу куни энг адолатли подшоҳ Махабали келиб, фуқароларга ризқ-насиба улашаркан.

Вьетнамда Янги йил кечаси дўстларга янги шафтоли новдаси совға қилиш ва улар билан гулхан атрофида мириқиб суҳбатлашиб ўтириш одат тусига кирган.

Гвинеяда Янги йилнинг биринчи кунида фил етаклаб юришади. Чунки бу давлатда филлар саломатлик ва тинчлик рамзи саналади.

Судан аҳолиси Янги йил кечаси бахт рамзи сифатида бир-бирларига кўк ёнғоқ улашадилар. Ҳар бир кунимиз тўкин-сочин бўлсин, деган ниятда кўчаларга ҳам ёнғоқ сочадилар.

Италияда Янги йил кечаси одамлар жуда эҳтиёт бўлиб юрадилар. Чунки, италияликлар уйларидаги яроқсиз буюмларни худди шу пайтда деразадан кўчага улоқтиришади.

АДУ талабаси

ҳамидахон ОРТИҚОВА

 

тайёрлади.

Байрам совғаси

Ги де МОПАССАН

 (Ҳикоя)

Жакюз де Рандал уйида бир ўзи тушлик қилар экан, хизматчисига ташқарига чиқиб келиш эҳтимоли мавжудлигини билдириб қўйди. Сўнг иш столига ўтириб мактуб ёзишга киришди. У ҳар йилнинг охирида шу анъанани бажарар эди: ўтириб ёзар ва орзу қиларди. Жакюз ўтган янги йил кунини хотирлади: барча одамлар унутилган. Дўстларининг қиёфаси кўз олдида кексайиб ўзгариб бормоқда. У барча ошналарига биринчи январь куни ўқиладиган янги йил табригини бита бошлади.

Жакюз тортмани очиб, ичидан суюклисининг суратини олди ва унга бир зум тикилиб ўпиб қўйди. Кейин оппоқ қоғозга бироз қараб турди- да, ёза бошлади.

"Азизим, Ирен. Бу гал юборган митти сувениримни олгандирсан. Бугун ўзимни сенга шу гапни айтиш учун тайёрлаб келдим…"

Жакюзнинг қўли титраб кетди ва ўрнидан туриб хонани кеза бошлади. У охирги ўн ойдан буён севги асирига айланганди. У ўша аёлни жуда яхши кўриб қолганди. У албатта, ёш йигит эмасди, лекин ўзини ҳамон ёшлардек тутарди. Хуллас, у эҳгиросларини сарҳисоб қилганидек, бугун ҳам узилишиб кетган дўстларини ҳамда ҳаётига кириб келган янги одамларни ҳисобларди. Унинг севгидаги ғайрати аста-секин тинчликка чўма бошлаганди. У ўзидан юрагимда аслида кимга нисбатан ҳақиқий севги бор, деб сўрар, бунга жавоб эса ўша аёл бўлиб чиқар, эркак келажакда нима бўлишини ўйларди. У бирдан қалбида чуқур ҳурмат, миннатдорлик ва нафисликни ҳис этди.

Эшик қўнғироғи Жакюзнинг хаёлини бўлди. Иккиланиб қолди: эшикни очсинмикин? Лекин янги йил кечаси ким бўлмасин эшикни очиш лозим, деган гапни эшитгани учун нима бўлса ҳам очишга қарор қилди. У қўлига шамчироқни тутиб, узун йўлак бўйлаб кета бошлади. Калитни бураб, эшикни очиши билан ташқарида Иреннинг деворга суянганча мурдадек оппоқ юзига кўзи тушди.

Эркак шивирлади:

- Сенга нима бўлди?

- Ёлғизмисан? - саволга савол қайтарди аёл.

- Ҳа.

- Хизматкорларинг-чи?

- Улар йўқ.

- Ташқарига чиқмасмидинг?

- Йўқ.

Аёл ичкарига кирди, Жакюзнинг димоғига ўша қадрдон ис урилди. Меҳмонхонага киргач, аёл диванга аста чўкди ва юзини эркакнинг қўлига босганча, йиғлаб юборди.

Эркак унинг оёқларига тиз чўкди, аёлнинг юзини қўлларига олиб шивирлади:

- Ирен, Ирен, сенга нима бўлди, гапирсанг- чи? Ўтиниб сўрайман, менга барини айт.

Аёл йиғламсираганча, секин деди:

- Бошқа бу аҳволда яшай олмайман.

- Бу аҳволда… нима деганинг бу?

- Ҳа, яшай олмайман. Мен жуда кўп сабр қилдим. У менга бугун қўл кўтарди.

- Ким? Эрингми?

- Ҳа, ўша.

- Оҳ!

Жакюз асабийлашди, унинг эрини бунчалик бешафқатлигидан ларзага тушди. Иреннинг эри шу дунё кишиси, юқори табақадан, бир клубнинг эгаси бўлиб, отлар жинниси, ҳамма ерда маълум ва машҳур, шу билан бирга билимли ва ниҳоятда анъаналарга содиқ бир киши эди. У бошқа бадавлат ва хотамтой инсонлар каби ўзини оиласига жуда меҳрибон кўрсатар эди. Лекин аёлининг хоҳишлари, соғлиғи, кийим-кечаги билан иши бўлмас, ташлаб қўйганди.

Жакюз аёл билан дўстлашгач, эри томонидан мулоқотига рухсат берилишига эришган ҳамда аёл билан бемалол суҳбатлаша оларди. Гарчи эркак ичидан аёлни севса-да, уйида жанжал бўлишини асло истамас эди.

- Нимадан бошланди, айтиб бер,- сўради эркак.

Аёл узун ҳикоясини бошлади: тўйларини, илк келишмовчиликларини, катта жанжалларни, сўнг эрининг жиззаки ва қўполлашиб кетганини, ҳозир эса унинг Жакюздан беҳуда рашк қилиши ва қўл кўтаришларини сўзлаб берди.

Аёл гапнинг сўнггида қўшиб қўйди:

- Мен унинг ёнига қайтмайман. Сенинг олдингга келдим.

Эркак аёлнинг қўлидан тутиб гап бошлади:

- Азизим, сен катта хато қилгансан. Агар эрингни мана шу хатоси билан ёлғиз қолдирар экансан, ҳеч нимага эришолмайсан.

Аёл хавотирланиб сўради:

- Хўш, унда қандай маслаҳат берасан?

- Уйга қайтгин-да, худди ўша жанжалли кунлар бошланмасидан илгари қандай юрган бўлсанг, ўзингни шундай тут.

- Сен сўраётган нарса ёлғон-ку, ахир?

- Йўқ, бу ақлли аёлнинг иши. Муносабатларнинг риштаси сенга боғлиқ. Сен барчасини йўқотмаслигинг лозим.

Аёл ўрнидан турди ва ғазабкор пичирлади:

- Хўш, майли. Бу ерда ортиқ қололмайман. Бари тугади, тугади!

Кейин қўлини эркакнинг елкасига қўйиб сўради:

- Мени севармидинг?

- Ҳа.

- Чинмиди?

- Ҳа.

- Унда нега ёнингда олиб қолмайсан?

- Ёнимда? Бирга? Бу тентаклик. Унда сени йўқотаман. Бари умидлар тугайди.

- Тингла, Жакюз. У мени сен билан бошқа кўришишимни тақиқлади. Мен бошқа     уйингга қайтиб келмайман. Бу сўнгги қароринг бўлади: кетайми ё қолайми?

- Азизим Ирен, агар ажрашсанггина сенга уйланаман.

- Ҳа, уйланасан - ниҳоят икки йилдан сўнг ажрашолсам. Сен жуда сабрлисан-ку, ахир, - кесатди аёл.

- Менга қара! Мен эртага эринг келиб сени олиб кетишига чидай олмайман, тушунсанг-чи, қонун у тарафда.

- Мени уйингда сақла демаяпман, Жакюз. Қаергадир қочиб кетамиз. Мени жуда севасан, деб ўйлабман. Хато қилдим. Хайр.

Аёл эшик томон жадап қадам ташлади.

- Тўхта, Ирен!

Аёл унга ўгирилиб қарамади. Унинг кўзлари ёшга тўла эди:

- Мени тинч қўй!

Эркак уни мажбурлаб  ўтирғизди ва юқоридаги гапларини яна тушунтира кетди. Аёлнинг жим ва бепарволигини кўриб, унга ялинди, тушунишини истади.

Жакюз гапириб бўлгач, аёл тилга кирди:

- Энди мени тушуниб жим кетишимни истарсан? Қўлингни ол, оёқларимга ҳам тегма.

- Менга қара, Ирен.

- Қўйиб юборасанми, йўқми?

- Ирен, бу қатъий гапингми?

- Қўйиб юбор.

- Бу сўнгги сўзингми, дедим?

- Ҳа, энди қоч, мен кетай.

- Кетмайсан. Майли, эрта тонгдаёқ бу ердан кетамиз.

Аёл оғир гап бошлади:

- Йўқ, энди кеч. Мен истамайман.

- Кетма! Мен бурчимни бажараман. Сен айтган нимаики бўлмасин, барини бажараман.

Аёл унга узоқ тикилиб турди ва сўради:

- Унда менга тушунтир.

- Нимани тушунтирай, айт?

- Ҳаммасини. Фикрингни ўзгартирган нарсани. Кейин мен нима қилиш кераклигини айтаман.

- Ҳеч нимани ўзгартирмадим. Сен ташлаб кетаётганингдан қўрқдим, холос.

- Бу фикрни шунчалик тез ўзгартиришга қодир эмас.

- Мени тингласанг-чи, азизим. Бу савол билан бир нима ўзгариб қолмайди. Сени севиб қолганимни тушунганимда, ўзимга шу гапни айтганман: кимки бир аёлни севиб қолса, унга эришиш учун барига тайёрлигини бўйнига олиши лозим.

- Никоҳ бу - улкан ижтимоий баҳо, улкан ҳуқуқий баҳо, менинг кўзларимдаги туйғу эса қалб баҳоси.

- Нима бўлса ҳам, ижтимоий, ҳуқуқий жиҳатдан эрига боғланган аёл, агар уни севмаса, юраги ўзгада бўлса, унга     ғамхўрлик қиладиган инсони бўлса, эркак ҳам уни деса-да, барибир улар ўзларини тутқундек сезишади.

- Агар уларнинг иккиси ҳам виждонли бўлса, ҳар қандай тўсиқлар ва одатларни енгиши керак.

- Аёл таваккал қила олади. Чунки у бор юраги билан, виждони билан, ҳаётини тикиб, барча қийинчиликларга олдиндан тайёрланиб, баридан воз кечишга рози бўлиб севади. Эркаклар ҳам бунинг қадрига етиб, барига тайёр туриши лозим. Бошқа айтадиган гапим йўқ. Ҳали турли мажбурият ва қўрқувга берилган инсон эдим, ҳозир эса қаршингда фақатгина сени севгувчи инсон турибди.

Аёл жилмайди:

- Мен алдадим, азизим. Ҳеч нима содир бўлмаганди. Эрим бешафқатлик қилмаганди. Лекин мен билишни жудаям истадим: Янги йилда менга юрагинг-дагиларни айта олармикинсан? Шуни билмоқчийдим. Мана, иқрорингни эшитдим. Энди ҳаётимни ўзгартириш фурсати келди. Бугун бахтлиман, янги йил менга ҳақиқий муҳаббатимни топиб берди…

 

Инглиз тилидан  Нодирабегим Иброҳимова таржимаси

 

ШЕЪРИЯТ ГУЛШАНИ

Ўзбек оналар

Термулиб, бошимда парвона бўлиб,

Тунлари кўзидан уйқуси қочган.

Худодан ҳар куни умримни тилаб,

Онам, қўлларини дуога очган.

 

Бахтимдир дунёда сиз борлигингиз,

Сиз борсиз, бошини тик тутар отам.

Ёнимда бўлсангиз шу бойлигимиз,

Ягона мунисим, меҳрибон онам.

 

Тангридан сиз учун умр сўрайман,

Сиз билан даврону давр сурай ман,

Худойим асрасин сизни ҳамиша,

Юз баҳор, юз ёшни сизга тилайман.

 

Бунчалар меҳрингиз дарё бўлмаса,

Шунчалар қалбингиз покмикан она.

Дунёда сиздайин инсон кўп бўлсин,

Шунда ўксимайди ҳеч қайси бола.

 

Синовлар ёғилиб ёш бошингизга,

Ой юзни эгаллаб олибди ажин.

Мен ўзим нур бўлай кўзларингизга,

Она, меҳрингизга таърифлар ожиз.

 

Сиз борсиз, файзлидир ҳар бир хонадон,

Тунлари аллада ухлар болалар.

Кўзлари кулгуда, ўзлари шодон,

Барчаси меҳрибон ўзбек оналар.

Сарвиноз ҚОСИМОВА, Бўз тумани.

 

Қиш фасли эзгулик фаслидир

Оқ кўйлак кияди ўрмону даштлар,

Ариқлар сувлари музга айланар.

Қўлларни қўлларга бериб ўғил-қиз,

Қўллари гўёки занжир, бойланар.

 

Арча атрофида қўшиқ куйлаймиз,

Янги йил оқшомин интиқ кутамиз.

Дилига бир дунё қувонч бахш этиб,

Яқинлар қўлига совға тутамиз.

 

Бахтимиз чексиздир, асло чеки йўқ,

Бундай байрамларда яйрайди диллар.

Гоҳида шеър айтиб,гоҳ айтиб қўшиқ,

Шодликка боғланган барча кўнгиллар.

 

Қиш фасли эзгулик фаслидир дўстлар,

Қалбимиз доимо қордай бўлсин оқ.

Кумушга бурканган гўёки олам,

Олмосдай ялтирар атроф, ҳамма ёқ.

Зийнатилло ШАРОФУДДИНОВ, Шаҳрихон тумани.

 

Фарзандингиз бор бўлса...

Уйингиз тўлар нурга,

Боғи эрам анжирга.

Ташлайсиз қадам бирга,

Фарзандингиз бор бўлса.

 

Қанча довон ошасиз,

Елиб юриб шошасиз.

Уй томон ошиқасиз,

Фарзандингиз бор бўлса.

 

Касалликни енгасиз,

Куч-қудратга эгасиз.

Ҳар бир ишда устасиз,

Фарзандингиз бор бўлса.

 

Келтирар баъзан ташвиш,

Кўпаяр кунда юмуш.

Ёқар кўнгилга ҳар иш,

Фарзандингиз бор бўлса.

 

Букилмас ҳеч қаддингиз,

Суянган ул тоғингиз.

Йўқ кўнгилда доғингиз,

Фарзандингиз бор бўлса.

 

Қийнамас дилни гумон,

Чулғамас дилни ҳижрон.

Юракда бўлмас армон,

Фарзандингиз бор бўлса.

 

Қамрар сизни шундай ўй,

Сўйиб қанча хўкиз, қўй,

Қилсам дейсиз катта тўй,

Фарзандингиз бор бўлса.

Гулнора Маҳкамова,

Избоскан туманидаги 28-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

Қишни яхши кўрамиз

Совуқ ҳукм сурса ҳам,

Қорлар ёғиб турса ҳам.

Шамол юзга урса ҳам,

Қишни яхши кўрамиз.

Борлиқни оққа белар,

Янги йил кириб келар,

Қорбобо совға берар,

Қишни яхши кўрамиз.

Қорни отиб юзтамиз,

Қорбўронга устамиз,

Мазза, чана учамиз,

Қишни яхши кўрамиз.

Иссиқ печка гувиллаб,

Бўрон турса  увиллаб,

Кўчалар тинч, хувиллар,

Қишни яхши кўрамиз.

Ҳадятилло СОБИРХЎЖАЕВ, Олтинкўл тумани.

 

Ҳайрат

Кўз тегмасин, эй, Андижоним,

Обод-кўркам гўшаларингга.

"Ўзбекистон", "Эски шаҳар" ва

"Чўлпон" номли кўчаларингга.

Кундан-кунга чирой очдинг хўп,

Ҳайрону лол жумлаи жаҳон.

Ҳайратимнинг чеки йўқ бугун,

Наҳотки, шу бизнинг Андижон?

Туннел аро поездлар елиб,

Яқин бўлди олис-йироғинг.

Кечаларинг кундуздек ёруғ,

Ёритади минг-минг чироғинг.

Кўз тегмасин, эй, Андижоним,

Фарзандларинг чемпион бўлди.

Олис қитъаларда танилиб,

Ўзбек қалби ғурурга тўлди.

Она шаҳрим ободлигингда,

Минглаб инсонлар заҳмати бор.

Қўли қадоқ шу инсонларга,

Менинг мингдан-минг раҳматим бор.

Марварид АҲМЕДОВА, Пахтаобод тумани

Тилак

Дилдаги орзулар армон бўлмасин,

Кутилган висолда ҳижрон бўлмасин.

Соғинган инсонинг сени соғинсин,

Сендан-да бахтиёр инсон бўлмасин.

 

Бошингга ғам-ташвиш тушганда бирдан,

Дардкашинг ёнингда тик турсин ҳар дам.

Ҳаётинг мароқли ўтсин у билан,

Қўшалоқ қаринглар суюкли, бардам.

Буназира КАМОЛБЕКОВА, Избоскан тумани.

 

Дунёни кўргим келади

(Игна билан ёзилган)

Вайрон бўлар ҳар куни дилим,

Дуоларга очганда қўлим.

Бир тилакни сўзлайди тилим,

Бу дунёни кўргим келади.

 

Ҳеч ким сира сўрмайди ҳолим,

Бир Аллоҳга аён аҳволим.

Паришондир ҳар он хаёлим,

Бу дунёни кўргим келади.

 

Мен ҳам инсонларни кўрсайдим,

Юзларига тўйиб боқсайдим.

Ўртоқларим билан чопсайдим,

Бу дунёни кўргим келади.

 

Fам-андуҳдан қийналар юрак,

Менга дунёда меҳр керак.

Сароб бўлмасин эзгу тилак,

Бу дунёни кўргим келади.

Зокиржон ТОШПЎЛАТОВ, Шаҳрихон тумани.                 

 

ШирмонбулоFим

Бахтлиман, бағрингда ўсаяпман шод,

Ҳар қарич ерингни қилгум мен обод.

Бағрикенг, хушсурат, она қишлоғим,

Муқаддас, азизсан, Ширмонбулоғим.

 

Гўзал табиатинг мадҳ этар барча,

Сен ўзинг гўёки кичик шаҳарча.

Очиқфеъл инсонлар жам бўлган ўлкам,

Бунчалар мафтункор, бунчалар кўркам.

 

Шаффоф, зилол сувинг дардларга даво,

Сенсиз ҳаётимда йўқ зарра маъно.

Ердан сизиб чиққан ширин булоғим,

Гуллаб-яшнайвергин, Ширмонбулоғим.

Мумтозбегим САЙФИДДИНОВА, Булоқбоши тумани.

 

Онажон

Қанча қайғу, ғамларни енгган,

Синовларга дош бериб келган.

Фарзанд учун умрини берган,

Бардошингдан бергин онажон.

Яхши кунлар келар деб, албат,

Олға қадам ташлаган фақат.

Борлигингни ўзи саодат,

Бор сабрингдан бергин онажон.

Кечиргансан ғийбат қилсалар,

Ҳам маломат тошин отсалар.

Бағри дарё мисол шунчалар,

Чўнг қалбингдан бергин онажон.

Буюкдирсан, менинг қуёшим,

Суюклигим, борим, сирдошим.

Эгиб ерга теккунча бошим,

Таъзимдаман, азиз онажон!

Муножотхон АБДУЛЛАЕВА,

Жалақудуқ тумани, Ойим шаҳарчаси.

 

Бобомга

Майсалардан топди сени,

Ялпизларда ёпди сени,

Қуёшкўзим, буғдойюзим

Эзгуликлар ўпди сени.

 

Дардманд эдинг кўнгли яра,

Қароғларинг кетган қонаб,

Ҳар оҳингга минг гул тутиб,

 Офтобларинг келди онам.

 

Кел, йиғлама  муштипарим,

Паҳлавоним турма қараб.

Қўзғал энди бахтлар сари,

Дея юрди сувинг тараб.

 

Бир тан бўлди жонинг ичра,

Ватан бўлди қонинг ичра.

Отангдайин бошинг силаб,

Чаман бўлди боғинг ичра.

 

Нурларни қуч, топма завол,

Туморларинг борми яна?

Хумо бўлиб осмонингга,

Исломларинг келди она!

Эъзоза ОБИДЖОНОВА, Марҳамат тумани.

 

Ўзбекистон

қизиман

Асрайман номус орим,

Юртга содиқман доим.

Қалби гўзал, мулойим,

Ўзбекистон қизиман.

Етакчиман ҳар ишда,

Ўқишда-ю юмушда.

Озода-ю саришта,

Ўзбекистон қизиман.

Ватан ишқи дилимда,

Ширин сўзлар тилимда.

Ёзмоқдаман шеъримда,

Ўзбекистон қизиман.

Ота-онам қизиман,

Асло ўчмас изиман.

Ягона юлдузиман,

Ўзбекистон қизиман.

Ўқиб-ишлаб, Ватан деб,

Элу-юрт ташвишин еб,

Меҳнатга берайин зеб,

Ўзбекистон қизиман.

Ҳуснора ЭРГАШЕВА, Улуғнор тумани.

 

Аждодларим

издошиман

Фаровон кунларда йўқлиги алам,

Барча улуғ зотлар ҳамон ёдимда.

Шу боис тебранар қўлдаги қалам,

Аждодларим қони оқар қонимда.

 

Истагим - улардек фидойи бўлмоқ,

Она Ватан учун жонимни бермоқ.

Навоий бобомнинг изидан бориб,

Зулфия хонимдек шоира бўлмоқ.

 

Темур бобомиздан меросдир Турон,

Улуғбек жадвалин тан олди жаҳон.

Бобурни улуғлаб яшар Ҳиндистон,

Юракда яшайсиз ҳамиша, ҳар он,

Шу боис яшнагай ҳур Ўзбекистон!

Сарвиноз МИРЗАЖОНОВА, Пахтаобод тумани.

 Гумон

Менга айтган сўзларингиз ёлғонмиди,

Дилни бунча ўртадингиз фироқларда.

Нигоҳингиз сеҳри чексиз уммонмиди,

Энди нечун юрмоқдасиз йироқларда.

Ёки сизга берган меҳрим келиб малол,

Ўзга гуллар хаёлингиз банд этдими?

Барча орзу умидларим топиб завол,

Самоларга зиё истаб зор кетдими?

Гумонлардан гарчи кўнглим бўлди вайрон,

Лек, биламан ой юзларга боқолмайсиз.

Юрагингиз тўрида мен борман ҳамон,

Сиз ўзимдан ўзгани ҳеч тополмайсиз.

Зилола ИБРАГИМОВА, Андижон тумани.

 

оппоқ қор

Туйғуларим ўхшарди тиниқ, нафис оқ қорга,

Ёлғон ваъда бермадим, бағритошим ул ёрга,

Азобларим кўпайиб айланди-ку кенг тоққа,

Мана энди севги деб юрагим тўлди доққа

 

Беғуборим оппоқ қор ёғар эди самодан,

Эй Аллоҳим, уни асра ҳар бир ёмон инсондан.

Оппоқ қувонч парчаси бахт бермайди бизларга,

Мана энди қалбим ҳам тўлиб борар ҳисларга.

Нафосат FофуроваУлуғнор тумани.

БАХТГА ЭЛТГАН ҚОР

...Қиш - оқ фасл. Менинг оппоқ туйғуларим туғилган, оппоқ орзулар, ширин хаёллар, қувончлар ҳадя этган фасл. Шу сабаб қишни ёқтираман. Паға-паға қор ёғаётган, назаримда бу қорлар мени бахтга элтадигандай эди.

Ана шундай хаёллар оғушида қиз оқшом, ғира-шира пайтида дарахтлар орасидан ўтиб борарди. У хаёл суриб, машина йўлига чиқиб қолганини сезмай қолди. Совуқ, сирғанчиқда келаётган машина уни туртиб юборишига бир бахя қолди. Хаёли паришон қиз қўрққанидан ҳайдовчи йигитга қаради. Йигит ғазаб билан машинадан тушибоқ, йўлингга қараб юрсанг бўлмайдими? Сал қолса уволингга қолардим! - деб бақира бошлади. У қизнинг кўзларидаги ёшни кўриб, гапиришдан тўхтади. 

Қиз аранг: "Минг бора узр, хаёл билан бўлиб кўрмай қолибман", дея олди. Йигит қизнинг маъюс, ёш тўла кўзига боқиб, ундаги самимийликни,    меҳрни кўрди.

Бугун онамнинг туғилган куни эди, унга нима совға қилишни ўйлаб, хаёл суриб қолибман, дея қиз йигитга илтижоли боқди.

Йигит: "Туғилган кун бўлгани яхши, лекин сиз ўз ҳаётингизни асрашни ҳам унутманг", дея қизни овутишга тушди.

Ўртага жимлик чўкди. Йигит: "Кеч бўлиб қолди, юринг, уйингизга кузатиб қўяман", деганида қиз: "Керак эмас, уйим йўлнинг нариги бетида", дея кўп қаватли уйларга ишора қилди. Кейин аста кета бошлади.

Йигит қизнинг манзилини билмаганини, лоақал исмини сўраб олмаганидан афсусланди.

... Эртасига йигит ишлайдиган шифохонага ўша қизни олиб келишди. Унинг иссиғи баланд ва қон босими ҳам ўйнаб турганди. Қиз муолажадан ке-йин бироз ўзига келди. Йигитнинг қувончи ичига сиғмас, бир кўрганда юраги "жиз" этган қизни яна кўриб турганидан мамнун эди. Қиз аста кўзини очиб,  йигитни кўрди, икки юзи олма каби қизариб кетди, унинг шифокор эканлигини билди.

Йигит: " Тузукмисиз, ўзингизга келганингиздан хурсандман. Нима бўлди? Кеча яхши эдингиз, нима, онангизнинг туғилган кунида қийналиб қолдингизми?", - деди қиздан нигоҳини узмай.

- Йўғ-е, дея қиз кўзларини четга олиб қочди. Қорни томоша қилиб хонамнинг деразасини очиқ қолдирган эканман, қаттиқ шамоллабман, шекилли".

Тасодиф туфайли ўрталарида пайдо бўлган қандайдир ришта уларнинг гўё бир-бирига боғлаб қўйган эди.

- Энди ҳеч касал бўлманг, касал бўлиш Сиздай гўзал қизга ярашмайди, деди. 

Қиз эса йигитнинг юзига боқиб, кулиб қўйди.

 Шу тобда уларнинг қалбида ширин туйғулар жўш урарди...

Махсума РЎЗИБОЕВА,

 

Андижон шаҳри.

Ростгўйлик - яхшилик сари етаклайди

Тўғрилик - ёлғон, хиёнат, туҳмат, вафосизлик каби қабиҳ ишлардан узоқда бўлмоқ демакдир. Аллоҳ таоло инсонларни ёлғиз Ўзидан қўрқишга, ёлғон гапирмасликка буюрган.

Қуръони Каримда "Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва тўғри сўзланглар! Шунда Аллоҳ ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират этар. Кимки Аллоҳга ва унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди", (Азҳоб сураси, 70-71 оят) дейилади. Луқмони Ҳакимдан сўралди: "Сизни шу олий даражага нима етказди?" Айтди: "Тўғри сўз, омонатни адо қилиш ва кераксиз бўлган нарсаларни тарк қилиш", - деб жавоб бердилар.

Тўғри сўз инсонни улуғ мартаба ва даражотларга етказади. Ёлғончилик эса инсоннинг ҳурматини йўқотади, бебурд қилади. Расулуллоҳ Муҳаммад (с.а.в) ёлғончилик мўмин кишига номуносиб хулқ эканлигини таъкидлаганлар. Яъни "Мўмин кишида ҳамма хулқлар бўлиши мумкин, аммо хиёнат ва ёлғончилик эмас", деганлар. Бир куни Расулуллоҳ Муҳаммад (с.а.в.)дан "Ё Расуллуллоҳ, мўмин киши қўрқоқ бўлиши мумкинми? - деб сўрашди. У киши "ҳа", - деб жавоб бердилар. "Мўмин киши бахил бўлиши мумкинми?" деб сўрашди. У киши "Ҳа", - деб жавоб бердилар. "Мўмин киши ёлғончи бўлиши мумкинми?" деб сўрашганида "Йўқ", - деб жавоб бердилар. (Имом Молик ривояти). Аллоҳ таоло мўминларни тўғрисўзликка чақириб шундай дейди: "Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (имонда) содиқ кишилар билан бирга бўлингиз!" (Тавба сураси, 119 -оят).

Юқоридаги ояти карималарда Аллоҳ Таоло бизларни рост сўзлашга, аҳдга вафо қилишга ва сўзлаган сўзи, қилган амаллари тўғри ва рост бўлган инсонлар билан бирга бўлишга буюради. Бугун айрим кишиларда одатий ҳолга айланиб бораётган ёлғончилик, ваъдага вафосизлик каби салбий ҳолатлар ҳаётимизда кўплаб салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Бундай ҳолат юзага келмаслиги учун ҳар биримиз ёлғончилик, бевафолик оғир гуноҳ эканлигини англашимиз ва ана шу тамойилга қатъий амал қилишимиз лозим.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бу ҳақда шундай дейдилар: "Рост сўз ўз соҳибини яхшилик сари етаклайди. Яхшилик эса уни беҳишт (жаннат)га етаклайди. Албатта, киши рост сўзлаб юрса, у Аллоҳ ҳузурида ростгўй (сиддиқ) деб ёзилади. Албатта, ёлғон ҳам (ўз соҳибини) ёмонлик, яъни жаҳаннам сари етаклайди. Киши доим ёлғон гапириб юришлиги билан Аллоҳ таоло ҳузурида ёлғончи (каззоб) деб ёзилади".

Дарҳақиқат, ёлғончилик барча разолатларга йўл очади. У жамиятни парчалайди, инсонлар ўртасида ишонч, меҳр-оқибат ришталарини узади, киши обрўсини тўкади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: "Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи ва ёлғончи кимсаларни ҳидоятга йўлламас" (Fофир сураси, 28- оятда) яна бир оятда эса, "Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб,  кейин қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун у хабарни аниқлаб, текшириб кўрингиз" (Хужурот сураси, 6-оят) - дейилган.

Расуллулоҳ (с.а.в) "Банданинг қалби мустаҳкам, тўғри бўлмагунча, иймони мустаҳкам бўлмайди, тили мустаҳкам бўлмагунча, қалби тўғри бўлмайди", деганлар.

Юқорида ўқиганларимиздан ўзимизга тегишли хулоса чиқариб олайлик. Аллоҳ таоло барчаларимизни ростгўйликда, тўғриликда собитқадам қилсин, ёлғон гапиришдан ва ёлғондан гувоҳлик беришдан ўзи сақласин, ҳар доим сўзимиз билан амалимиз бир бўлишлигини насиб қилсин.

 

Исомиддин Шамсиддинов,

 

 Андижон шаҳридаги "Шаҳид тепа" жомеъ масжиди имоми.

Сув спорти маликаси

Қизларнинг спорт билан шуғулланиши уларнинг нафақат соғлом бўлиши, балки гўзал, қадди-қомати тўғри ўсишида муҳим аҳамият касб этади.

Андижон олимпия захиралари коллежининг ўқувчиси Мубина Халилова ҳам болалигидан спортга қизиқди, соғлом ҳаёт кечириш, қолаверса, спорт орқали жаҳонга танилиш истагида ёнди, оиласи, мактаби ва маҳалла-кўйи шаънини улуғлашни истади. Бу истак уни спортда улкан ютуқларга эришишига ундади.  Мана бир неча йилдирки, у спортнинг сузиш тури билан шуғулланиб келади.

- Мубина илк маротаба     машғулотга келган кунни яхши эслайман, - дейди мураббийи Умиджон Дадабоев. - Ўшанда унинг машқларни тўғри бажаришга ҳаракат қилаётгани, интилиши ва кўзларидаги иштиёқни кўриб, келгусида истеъдодли спортчи бўлиб етишишига ишонган эдим.

Ёш ва иқтидорли спортчи Мубина учун 2017 йил муваффақиятли якунланмоқда. Сузиш бўйича ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон чемпионатининг ғолиби бўлди. Яқинда пойтахтимизда бўлиб ўтган республика кубоги мусобақаларида ҳам фаол иштирок этиб, турли масофаларга сузишда совринли ўринларни қўлга киритди.  Умуман, у ҳозирга қадар тўрт карра мамлакат чемпиони, бир неча бор Ўзбекистон кубоги соҳибасига айланди.

- Неварам спорт билан шуғулланиб, ана шундай ютуқларга эришаётганидан беҳад хурсандман, - дейди Мубинанинг бувиси Роҳилахон Халилова. - Турли мусобақаларда ғалаба қозонганида фахрланиб кетаман, кўзларимда қувонч ёшлари қалқийди. Унинг юқори натижаларга эришишида мураббийларининг ҳиссаси катта, қолаверса, бу натижалар Юртбошимиз раҳнамолигида ёшларнинг ўз имкониятларини тўлақонли юзага чиқаришлари учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар самарасидир. 

Кўп карра мамлакат чемпиони 13 ёшли Мубина Халилованинг кўкрагида ўттиздан ортиқ медаллар порлаб турибди. У яқин кунларда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси таркибида Россиянинг Волгоград шаҳрида ўтказиладиган ўқув-йиғин машғулотларида иштирок этиш учун жўнаб кетади. Айни кунда у мураббийи ёрдамида маҳоратини янада ошириш учун маш-ғулотларда астойдил қатнашмоқда.

Ватан ва миллат ғурурини қалбига муҳрлаб олган Мубина сингари ўғил-қизлар  жаҳон спорт майдонларида юртимиз шуҳратини янада юксакларга кўтариш учун дадил одимлаб бораётганлиги қалбларимизни фахрга тўлдиради. Ана шундай эзгу ва хайрли  ниятга эришиш осон эмас албатта. Келажакда қатор халқаро мусобақалар, олимпиада ўйинларида ғолиб бўлишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган иқтидорли ёш спортчи Мубинага бу йўлда омадлар тилаймиз. 

Баҳромжон ЗОКИРЖОНОВ

 

Суратда: ёш спорт юлдузи М. Халилова.

Истеъмолчи сифатида ўз ҳуқуқ ва мажбуриятимизни яхши билишимиз лозим

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида   муҳим вазифалар белгиланган.

Андижон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан Ҳаракатлар Стратегияси ҳамда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"ни амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида Андижон шаҳридаги меҳнат жамоалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда таълим муассасаларида ўтказилган учрашув ва давра суҳбатларида "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни мазмун-моҳияти ҳақида кенг маълумотлар берилди. Шунингдек, фуқароларнинг истеъмол ҳуқуқлари бузилиши бўйича 106 мурожаати ўрганилиб, қонунлар доирасида ҳал этилди. Натижада истеъмолчиларга 36 миллион 128 минг сўмдан зиёд маблағ қайтарилишига эришилди.

Фуқаро Гулшаной Жўраева ишонч телефони орқали шаҳардаги "Трикотаж" бозоридан 430 минг сўмга сув насоси сотиб олгани, лекин насос носозлиги учун фойдалана олмаётганлигини маълум қилиб, пулини қайтариб олишни сўраб мурожаат қилган. Жамиятимиз мутахассислари аралашуви билан Г. Жўраева насосни ўз эгасига қайтариб берди ва пулини қайтариб олди. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилиши бўйича юқоридаги каби мисолларни яна кўп келтириш мумкин. Бундай ҳолатлар юзага келмаслиги учун фуқароларимиз истеъмолчи сифатида ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши билишлари лозим.  Бу борада ўз ҳуқуқларимизни қанчалик пухта билсак, мажбуриятларимизни тўла-тўкис адо этсак, ортиқча муаммоларга тўқнаш келмаймиз. 

Азиз фуқаролар, бу борада агар муаммоларга дуч келсангиз, Андижон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилишингиз мумкин. Мутахассисларимиз қонунлар доирасида сизга ёрдам кўрсатади. 

Хуршида ТОЖИБОЕВА,

 

Андижон шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассиси.

Қиш мавсумини беталофат ўтказайлик!

Бугунги кунда юртимиз ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида  халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш, тадбиркорларнинг самарали фаолият юритишлари учун  кенг имкониятлар ва ишбилармонлик муҳитини яратиб беришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 июндаги "Республика иқтисодиёт тармоқларини 2017-2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида Булоқбоши тумани электр таъминоти корхонаси томонидан куз-қиш мавсумига муносиб тайёргарлик кўриш ва истеъмолчиларга узлуксиз электр энергиясини етказиб бериш мақсадида корхона тасарруфидаги электр тармоғи хўжалиги объектларини мукаммал таъмирлаш, самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Тасдиқланган режа-жадвалга асосан 21 та 10/0,4 кВ кучланишли трансформаторлар, 18,1 км. узунликдаги 10 ва 6 кВли  ҳамда 32,3 км. узунликдаги 0,4 кВ кучланишли симли электр узатувчи линиялар мукаммал таъмирланди.

Туман электр таъминоти корхонаси томонидан мукаммал таъмир ишларининг бажарилишида трансформаторлардаги юкламалар фазалар бўйича тенг тақсимланди, синган изоляторлар, разрядлагичлар алмаштирилди, стандарт сақлагичлар ўрнатилди, носоз коммутацион аппаратлар алмаштирилди, сим учликларига махсус мосламалар маҳкамланди.

Электр тармоғи хўжалиги объектларини мукаммал таъмирлаш истеъмолчиларга электр энергиясини узлуксиз етказиб бериш имконини бериш билан бирга, электр тармоқларида вужудга келадиган қўшимча технологик исрофларнинг ҳам олдини олади.

- Туман электр таъминоти корхонаси томонидан электр қурилмалари мукаммал таъмирлангандан сўнг электр энергияси таъминоти тубдан яхшиланди, - дейди Ширмонбулоқ маҳалласи, Оқсув кўчасида яшовчи Абдумуталиб Каримов. - Маҳалламиз ҳудудидаги 157-трансформатор жуда кўп бузилар, хонадонларнинг электр энергияси билан таъминланиши қониқарсиз ҳолатда эди. Таъмирдан сўнг электр энергияси таъминоти билан боғлиқ муаммолар тўла бартараф этилди, уйларимиз чароғон бўлди.                   

Электр қурилмаларга фуқаролар томонидан зарар етказилмаса, электр тармоқларининг муҳофаза майдонларига дарахтлар экиб олинмаса, электр энергиясидан тегишли рухсатсиз иситиш мақсадида фойдаланилишига йўл қўйилмаса электр тармоғи хўжалиги объектлари бизга узоқ муддат хизмат қилиши, уйларимиз ҳамиша чароғон бўлишини унутмаслигимиз керак.

Фарҳодбек САТИМБОЕВ,

 

"Ўздавэнергоназорат" ДИ  Андижон ҳудудий бўлими инспектори.