+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

"ҚАРИНДОШГА ҚИЗ БЕРГАНДИМ..."

Азима  опа  уйнинг  бир  бурчагида  йиғлаб, ўзини-ўзи койиб ўтирарди. "Ҳамма айб ўзимда. Ўз дилбандимнинг бахтини армонга  айлантирдим, набирамнинг уволига қолдим. Шунчалар ҳам аҳмоқ бўламанми, нега қариндошга қиз бердим-а?!"

...Бир куни Азима опанинг уйига опаси меҳмон бўлиб келди.Шу орада бўйи етиб қолган жияни  ҳуснидани синчиклаб кузатди. "Эпчил, чаққон, кўҳликкина қиз бўлибди. Ҳамма ҳавас қиладиган келин бўлади," деб ўйлади ичида. Кўп ўйлаб ўтирмай синг-лисига:

-      Сингилжон, биласан, мени битта-ю битта ўғлим бор, ўқиган, олий маълумотли. Худога  шукур, яхши ишда ишлаяпти. Якка-ю ёлғиз ўғлимни бегона қизга бериб қўйиш ниятим йўқ. Ахир бир умр не-не ҳасратда йиққан-терганимиз бегона авлодга қолиб кетса ачинмайсанми? Қизингни келин қилсам, нима дейсан?

-      Опа, ахир бир туғишган опа-сингил бўлсак. Қандай бўлади?

-      Вой, қантдай бўлади, сингилжон. Яна ҳам яқинроқ қариндош бўламиз. "Қизим қандай юриб- ди,тинчмикан" деб ўйламайсан ҳам.

-      Аввал  дадаси  билан  маслаҳатлашайлик. Ўзидан  ҳам  бир  сўрай-чи, балки кўнглида биров бордир...

-      Дадасини ўзим кўндираман. Сизлар "шунга  берамиз"  десанглар, қизинг нима  ҳам   дерди? Агар  мени ота-онамдан қолган ёлғиз ёдгорим рози бўлсин десанг, қизингни  ўғлимга берасан.

Қизининг қаршиликларига қарамай, она уни ўз опасининг ўғлига турмушга берди...

*  *  *

Азима опа қизи ва набирасини кўргани касалхонага келди. Қўлида қизи яхши кўрадиган      овқат, яна у-бу нарса бор эди. У касалхона ичкарисига кириб,навбатчи ҳамширалардан Ҳусниданинг ёнига киритишларини  сўради.  Ҳамшира Ҳусниданинг ёнига келиб, уни кўргани келишганини  айтди. Бироқ у ҳеч кимни кўришни хоҳламади. Ҳатто онасини ҳам. Ҳамшира Азима опага унинг жавобини айтгач, у нега бундай деганининг сабабини  сўраганда:

-      Сиз ҳам тушунинг-да опа, ярим соат аввал қучоғини тўлдириб турган фарзандидан айрилди. Боласи нобуд бўлганда кўнглига ҳеч ким  сиғмайди-да... -деди у.

Бу гаплардан Азима опанинг юраги тўхтаб қолай деди.

- Қандай қилиб нобуд бўлади, ахир...Ичкарига киришим керак, мен унинг онасиман! Қани набирам, уни нима қилдинглар?! - деб, ҳамширанинг ёқасидан олди.

-      Айб ўзингизда. Қариндошга қиз беришдан аввал ўйлаш керак эди буни. Биз қўлимиздан келганини қилдик...

Ҳусниданинг иккинчи, учинчи фарзандлари ҳам нобуд бўлди.

Бу кўргуликлардан кейин Азима опа ўзини-ўзи кечира олмасди. Қизининг бахтсизлигига сабаб бўлгани етмагандек, набираларининг ҳам уволига қолди. Уни виждон азоби қийнар эди. Аммо вужудининг бир  парчасидан ажралиб, фарзанд доғини кўрган Ҳусниданинг аҳволи бундан-да абгор эди...

 

Мадина АКБАРОВА,

West minstеr университети талабаси.

«Хотин-қизлар ва ёшлар тақдирига бефарқ эмасмиз»

Маҳлиёхон Абдуллаева - Бўз туманидаги "Маориф" маҳалла фуқаролар йиғини раисининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси.

Маҳалла аҳлининг танлови асосида ушбу лавозимга тайинланган Маҳлиё-хон опа ишга бошиданоқ масъулият билан ёндошди. У маҳалладошлари ишончини оқлашга, кўпроқ одамлар орасида бўлишга, имкон қадар уларнинг оғирини енгил қилишга ҳаракат қилади. 

Маслаҳатчи ҳар бир йўналишда маҳалла раиси Манзурахон Солиева, котиб Одинахон Саттаровалар кўмагига таянади, ёш посбон Шавкатбек Жумабоев, профилактика инспектори Нозимжон Раҳмоновлар билан ҳамжиҳатликда иш олиб боради. Шунинг учун ҳам Маҳлиёхон опа маҳалла муҳити, одамларнинг турмуш шароитини яхшилаш, оилавий муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

- Маҳалламиздаги 876 оилада 3 минг 300 нафар аҳоли истиқомат қилади, - дейди Маҳлиёхон опа. - Халқимизда "Маҳалла отанг, маҳалла онанг" деган нақл бор. Шу ҳикматга амал қилиб ишлаяпмиз. Хотин-қизлар ва ёшларимизнинг тақдирига бефарқ эмасмиз. Чунки, хотин-қизларимиз келажагимиз ворисларини тарбиялаб вояга етказадилар. Ёшларимиз эса чин маънода эртамиз эгалари. Уларнинг комил инсон бўлиб камол топишлари учун нафақат ота-она, мактаб, балки маҳалла ҳам жавобгардир.

Турли йўналишларда маҳаллада олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда маҳалла фаолларининг, айниқса, Тўланбой Низомов, Равшанбек Тўйчиев, Аҳмаджон Азимов, Олимжон Азимов, Ҳафизахон Қурбонова сингари инсонларнинг ўрни ниҳоятда катта. Уларнинг ҳаёти, фаолияти барча учун ибрат мактабидир. 

Маҳаллада хотин-қизлар, уюшмаган ёшлар банд-лигини таъминлаш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.  Саховатли ҳомийлар томонидан кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий кўмак берилмоқда.  Жисмоний имконияти чекланган Мастурахон Содиқова ва Хуршидахон Аҳмаджоновага яқинда тикув машиналари совға қилинди. Айни кунларда улар чеварлик билан шуғулланиб, оиласига даромад киритмоқда.

 Тўй ва маъракаларни ихчамлаштириш, ортиқча исрофгарчиликларга йўл қўймаслик борасидаги ишларга маҳалланинг кекса онахон ва отахонлари ҳамиша бош-қош.  Бу ишда маслаҳатчига маҳалла отинойиси Муқаддасхон Раҳмонова, имом Fанижон Азимовлар кўмакдош бўлмоқда. Фаолларнинг бир-бирлари билан ҳамфикр ва маслакдош бўлиб ишлашлари самараси ўлароқ, қатор ютуқларга эришилмоқда. Бунда албатта, маслаҳатчи Маҳлиёхон Абдуллаеванинг муносиб ҳиссаси бор.

 

Илҳомжон ТОЖИБОЕВ

ЧЕМПИОН ЎҚУВЧИЛАРИМИЗ САФИ ЯНАДА КЕНГАЯДИ

Коллежимизда 600 нафар ўқувчи тахсил олади, шундан 136 нафарини қизлар ташкил этади. Улар спортнинг бокс, таэквондо, сузиш, кураш, волейбол, гандбол, футбол, бадминтон, енгил ва оғир атлетика, теннис каби йўналишларида сабоқ олмоқда. Ўтаётган 2017 йил барчамиз учун ҳам омадли, сермаҳсул йил бўлди, десам муболаға бўлмайди. Ўқувчи ёшларимиз республика ва халқаро  миқёсидаги турнир ва мусобақаларда муваффақиятларни қўлга киритдилар. Моҳинисо Ҳусанова, Ҳожинисо Камолдинова, Наима Отажонова (дзюдо), Азиза Мирзаакбарова (енгил атлетика), Муниса Ҳамдамова (оғир атлетика), Мубина Халилова (сузиш), Одина Отахонова (академик эшкак эшиш), Ибодат Отажанова (самбо), Мафтуна Маҳмудова, Шаҳзода Эргашева (белбоғли кураш) каби 65 нафар ўқувчи қизларимиз Ўзбекистон ва Осиё чемпионатлари ғолиб ва сов-риндорлари бўлдилар. Уларнинг муваффақиятларида юртимизда ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар, қолаверса, мураббийларимиз меҳнатини мухим омил бўлганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Нигора Юлдашева, Насиба Отаханова, Фарида Хайриддинова, Жамолдин Бозоров, Дилшодбек Раҳимов каби устоз-мураббийлар ўқувчиларимизни таълим-тарбия олиши, спортнинг сир-асрорларини пухта эгаллашлари учун астойдил меҳнат қилмоқдалар. 

Коллежимиз спортга ихтисослашган бўлса-да, бу даргоҳни тамомлаганлар орасида нафақат спорт йўлидан кетган, балки, халқ хўжалигининг турли соҳаларида самарали фаолият юритаётганлар ҳам кўп. 

Коллежда 130 дан зиёд ўқитувчи, ходима аёллар ишлайдилар. Бошланғич хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида фаолият бошлаганимга ҳам 3 йил бўляпти. Шу давр мобайнида спорт соҳасида юртимиз довруғини дунёга тарқалишига муносиб ҳисса қўшаётган юзлаб иқтидорли, изланувчан, спортчи қизлар билан ишладим. Уларнинг ютуқлар сари интилиши, муваффақиятлар сари одимлашларига гувоҳ бўлдим. Ҳеч нарса ўз-ўзидан берилмайди. Чемпионлик ёки ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиш замирида қанчадан-қанча ўқитувчи-мураббийларимизнинг заҳмати, ўқувчиларимизнинг тинимсиз ҳаракати ётади. Биз ўқувчиларимизни нафақат машҳур спортчи, балки жамиятга, оиласига керакли шахс, чин инсон бўлиб етишишлари учун ҳам меҳнат қиламиз.

Коллежимизда фаолият олиб бораётган "Аёллар маслаҳат маркази", "Қизларжон" клуби ўқувчи қизларимизни, шунингдек, шу ўқув даргоҳида ишлайдиган хотин-қизларимизнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, муаммолари билан ўртоқлашиш, керак бўлганда моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш, қизларни пазандалик, чеварлик, тўқувчилик, одоб-ахлоқ, муомала маданиятига ўргатиш каби вазифаларни ўз ичига олган.  "Аёллар маслаҳат маркази" аъзолари, "Қизларжон" клуби етакчилари томонидан, коллеж касаба уюшма ташкилоти билан ҳамкорликда саломатлик, тўғри овқатланиш, гиёҳвандлик, терроризм балоси ҳақида, ёшларни тўғри йўлни танлашлари, турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш борасида қатор тадбирлар, соҳа мутахассислари билан учрашувлар ўтказиб турамиз. Бундан ташқари, спорт бўлими билан ҳамкорликда белгиланган режа асосида спорт мусобақалари, спартакиадалар ташкил этилади. Бундай мусобақалар ўқувчи ёшларимиз, ишчи-ходималаримизни рағбатлантириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларига ёрдам бермоқда.

Коллежимизни битириб кетган машҳур спортчилар, ўз соҳасининг малакали мутахассиси бўлиб етишган кадрлар билан учрашувлар ўтказиб туриш ҳам яхши анъанага айланган. Бу ҳам ўқувчиларимизнинг "мен ҳам келажакда албатта, буюк инсон бўламан, чемпион бўлиб ватаним байроғини кўкларга кўтараман" дея олға интилишларига замин яратмоқда.

Келаётган янги - 2018 йилдан умидларимиз катта. Ўқувчиларимиз ўз мақсадларига эришишини, ватанимиз ва элимиз корига ярайдиган муносиб фарзандлар бўлиб етишишини истаймиз, энг муҳими, янги йилда чемпион ўқувчиларимиз сафи янада кенгайсин.

 

 Муҳайё ЭРГАШЕВА,

Андижон олимпия захиралари коллежи

 

хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.

Янги йил опа-сингилларимизга бахт-саодат келтирсин

Ўтаётган 2017 йил мамлакатимизнинг барча соҳаларида янгиланишлар, ўзгаришлар даври бўлди. Юртбошимиз томонидан йилнинг "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилиниши барча мутасаддиларни инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя-лаш, эл дарди билан яшаш, мавжуд муаммоларни ўз вақтида бартараф этишдек эзгу ишларга чорлади. 

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада барча жойларда бўлгани каби Пахтаобод  туманида ҳам ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Хотин-қизларга психологик, маънавий, ҳуқуқий ва тиббий маслаҳат ёрдамлари кўрсатиш мақсадида ташкил этилган "Аёллар маслаҳат маркази" жорий йилда туманимиз аёлларининг энг яқин маслаҳатчиси, кўмакдошига айланди. Биз хотин-қизларимизнинг сиёсий онги юксалиб, дунёқараши кенгаяётганидан, ўз ҳақ-ҳуқуқларини тушуниб бораётганлигидан жуда хурсандмиз. Хотин-қизларимиз боқиманда кайфиятида эмас. Улар худди оилада бўлгани каби, жамиятда ҳам ўз ўрни, ўз мавқеларини эгаллашга интилмоқда.

Туман "Аёллар маслаҳат маркази"га жорий йилнинг шу давригача 34 нафар аёл бандлик масаласида мурожаат қилди, уларнинг аксарияти  ижобий ҳал қилинди. Умуман, 2017 йил давомида хотин-қизлар учун 445 та иш ўринлари яратилди. Касб-ҳунар коллежини тамомлаган 1441 нафар ўқувчи қизлардан 1412 нафарининг бандлиги таъминланди.

Қўмитамиз фаоллари, марказ мутахассислари хотин-қизлар мурожаатлари бўйича маҳалла фуқаролар йиғинлари қошидаги "Яраштириш комиссия"лари билан баҳамжиҳат иш олиб бормоқда. Ўзаро оилавий келишмовчиликлар туфайли ажрим ёқасига келиб қолган оилалар яраштирилиб, бузилган оилалар тикланмоқда. Бу борада олиб бораётган ишларимиз самараси ўлароқ, туманимизда ажримлар кескин камайди. 

Туманда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш юзасидан 250 дан ортиқ давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар, савол-жавоб кечалари ташкил қилинди. 10 дан ортиқ йўналишларда кўрик-танловлар ўтказилди, 11 марта ўқув семинарлари, давра суҳбатлари ташкил этилди.

Шунингдек, "Соғлом оила - соғлом келажак", "Намунали оила бекаси", "Кексалар - оила чироғи", "Ўзбек қизларининг кийиниш маданияти", Вояга етмаганлар тарбияси, уларнинг моддий таъминоти, алимент тўловдан қарздорлиги, алимент тўлашдан бўйин товлашнинг салбий оқибатлари", "Маҳалламиз маликалари", "Одам савдоси - давр муаммоси", "Аёллар жинояти - кечирилмас хато", "Оила - муқаддас даргоҳ" мавзуларида давра суҳбатлари, йиғилиш, ўқув семинарлари ўтказилди. Ўтказилган тадбирларда 15 минг нафарга яқин хотин-қиз ва ёшлар  иштирок этди.

Бундан ташқари, доимий ишловчи туман комиссия аъзолари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият олиб бораётган диний маърифат ва маънавий ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар ҳамкорлигида 7 касб-ҳунар коллежларида, 49 умумтаълим мактабида, 67 маҳалла фуқаролар йиғинларида хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг, хусусан, ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш, тўй ва маъракалардаги дабдабабозликка чек қўйиш, оналар ва болалар ўлими ҳамда эрта туғруқ ҳолатларини бартараф этиш борасида, шунингдек, узоқ муддатга чет давлатларга чиқиб кетган ва қайтиб келганлар билан кўплаб суҳбат, мулоқот ҳамда  давра суҳбатлари ўтказилди.

Амалга оширилган ана шу тарғибот ишлари натижасида туманимизда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан хотин-қизлар ўртасида жиноят 10 тага, аёллар ногиронлиги 6 тага қисқарди. Шу билан бирга, касб-ҳунар коллежи ўқувчи қизларидан 7 нафарининг эрта турмуш қуришининг олди олинди.

Имконияти чекланган фуқаролар, хусусан, уй-жой ва банд-ликка муҳтож ногирон хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида ишлаш имкониятига эга 7 нафар ногирон аёлга  тикув машиналари топширилди.  Шунингдек, 2 нафар уй-жойга муҳтож ногирон аёлга, замонавий лойи-ҳалар асосида қуриб битказилган арзон уй-жой топширилди. Шу кунларда, аниқроғи, янги йил байрами арафасида яна 5 нафар ногирон аёлга янги уйлар берилади. 

Мухтасар қилиб айтганда, барча эзгу ва хайрли саъй-ҳаракатлар хотин-қизларимизнинг жамиятдаги нуфузини юксалтириш, уларни қўллаб-қувватлаш, турмуш фаровонлигини ошириш, сиёсий, маънавий, ҳуқуқий билимларини бойитишга қаратилган. Нафақат якунланаётган жорий йилда, балки келгуси йилда ҳам ана шу йўналишдаги хайрли ишлар изчил давом эттирилади. Мен аввало, туманимиз хотин-қизларини, қолаверса, андижонлик барча опа-сингилларимизни яқинлашиб келаётган янги йил билан муборакбод этаман. Янги 2018 йил барча оилаларга тинчлик-хотиржамлик, хотин-қизларимизга бахт-саодат келтирсин!

Одинахон ҲАЙИТАЛИЕВА,

 Пахтаобод тумани ҳокимининг ўринбосари,

 

хотин-қизлар қўмитаси раиси.

ЯРМАРКАЛАР АҲОЛИГА КАТТА ҚУЛАЙЛИКЛАР ЯРАТМОҚДА

Шу кунларда вилоятимиз шаҳар ва туманларида янги йил шукуҳи кезмоқда. Юртдошларимизнинг байрам дастурхони тўкин бўлишини таъминлаш мақсадида Андижон шаҳридаги оммавий байрам тадбирлари ўтказилиши белгиланган 16 ҳудудда, шунингдек, барча туман ва шаҳарлар марказларида янги йил байрами арчалари ўрнатилиб, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркалари ташкил этилди.

Ярмаркаларда  "Ўзбекозиқ-овқатзахира" уюшмасига қарашли "Савдо-сотиқ" масъулияти чекланган жамияти ва унинг тизимидаги савдо шохобчалари, шунингдек, вилоятдаги қайта ишлаш корхоналари, чорвачилик, паррандачилик ҳамда балиқчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.

Ярмаркаларда она заминимизнинг табиий ва витаминларга бой неъматлари, деҳқону боғбонлар томонидан етиштирилган сифатли ва сархил мевалар, сабзавот ва полиз, шунингдек, асал, сут, тухум, гўшт, балиқ, озиқ-овқат, қандолат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нисбатан  арзон нархларда харидорларга тақдим этилмоқда.

- Андижон шаҳрининг 6-сон маҳалла фуқаролар йиғини гузарида  ташкил этилган ярмаркада гўшт, тухум ва бир неча турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимиз билан иштирок этяпмиз, - дейди Булоқбоши туманидаги "Аҳмаджон Алиев" фермер хўжалиги раҳбари А. Алиев. - Ҳамюртларимизга қулайлик яратиш, байрам дастурхонлари тўкин бўлишини таъминлаш мақсадида маҳсулотларимизни бозорга нисбатан арзон нархларда сотяпмиз.

Дарҳақиқат, байрамолди ярмаркаларида сотилаётган маҳсулотларнинг бозор нархидан бирмунча арзонлиги, қолаверса, савдоларнинг пластик карталар орқали амалга оширилаётганлигидан барча мамнун.

- Байрам ярмаркалари маҳалламиз аҳли учун катта қулайлик яратди, -  дейди Андижон шаҳар 6- сон маҳалла фуқаролар йиғини раисининг диний маърифат, маънавий-ахлоқий масалалар бўйича ўринбосари Зоҳидахон Аҳмедова.- Айниқса, гўшт, тухум ҳамда асосий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифатлилиги, бозордагига нисбатан арзон нархларда ҳамда пластик карталарга сотилаётганлигидан барча хурсанд бўлмоқда.

Янги йилнинг 5 январига қадар давом этадиган мазкур ярмаркалар аҳолига қулайлик яратиш билан бирга, халқимизнинг байрам кайфиятини кўтаришга хизмат қилмоқда.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

ЕТАКЧИ ВА САРДОРЛАР ТАЖРИБА АЛМАШДИЛАР

Олтинкўл туманидаги 1- умумтаълим мактабида Ёшлар иттифоқи етакчилари, мактаб ва синф сардорлари фаолияти самарадорлигини, уларнинг ҳужжатлар билан ишлаш малакасини ошириш, тажриба алмашиш юзасидан семинар бўлиб ўтди.

Таълим муассасалари директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, Ёшлар иттифоқи   бошланғич ташкилотлари етакчилари ҳамда йўналишлар сардорлари иштирок этган тадбирда туманда мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар атрофлича таҳлил этилди.

Етакчи ва сардорларнинг ҳужжатлар билан ишлаш, фаолиятлари самарадорлигини ошириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Иштирокчилар мактабнинг 9-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган "Заковат" интеллектуал ўйинини кузатдилар.

Якунда иқтидорли ва ижодкор ўқувчилар томонидан тайёрланган бадиий дастур намойиш этилди.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Соғинч ҳисси билан кутдим бу кунни

Умрим шодасидан бир дона ўтди,

Янги остонада турибман яна.

Ўтган йил шовуллаб оқди-да кетди,

Мен янги йўлларга бўлгум равона.

 

Соғинч ҳисси билан кутдим бу кунни,

Васлига ошуфта турибман бу чоғ.

Мен қўшиқ шайдоси, қўшиқ мафтуни,

Янги йил қошимда чалар қўнғироқ.

 

Из тушмаган йўллар чақирар бизни,

Чала ишларимиз битар бу йилда.

Юксак чўққиларга тикиб биз кўзни,

Мақсад аҳдимизни тугайлик дилга.

 

Ширин бир ҳаяжон, ширин бир ташвиш,

Кўнгил уммонига солмоқда тўлқин.

Янги йил шаънига шараф ва олқиш,

Келажаги бўлсин яна ҳам ёрқин.

 

Ҳалима ҚОРАБОЕВА

Турп - кони фойда

Турп юртимизда кенг  тарқалган, қолаверса, инсон саломатлиги учун энг фойдали сабзавотлардан бири ҳисобланади.

Турпнинг таркибида 90 фоиз сув, шакар, клетчатка, эфир мойлари, дармондорилар, кислоталар, натрий тузи, калий, калций, магний, фосфор, темир, аминокислоталар, ферментлар ва      бошқа турдаги моддалар мавжуд. Айниқса, унинг таркибидаги фитонцид ва бактерицид моддалар хусусиятига кўра ўта фойдалидир. 

Турпнинг суви қадимдан ичак фаолиятини яхшилаш, соч толаларини мустаҳкамлаш мақсадида қўлланиб келинган. Шунингдек, турп атеросклероз шишларда, пешоб - таносил аъзолари касалликларини даволашда  ҳам жуда яхши ёрдам беради.

Халқ табобатида турп билан асал аралашмаси турли жароҳат ва яраларга малҳам ҳисобланади. Қайнатиб пиширилган турп йўталга даво бўлади. У шамоллашга қарши, сийдик ҳайдовчи, балғам кўчирувчи, томоқ ва ўпка касалликларига даво сифатида тавсия этилади. Шунингдек, ўт пуфаги яллиғланиши ва тош касалликларини даволашда турп шарбатини ҳар куни истеъмол қилиб туриш саломатлик учун жуда фойдалидир.

 

 

Шифокор Минурахон БОЗОРОВА тайёрлади.

Дўлана кишига бардамлик ва қувват беради

Ўлкамизда дўлананинг уч тури истеъмол қилинади. Фармацевтика саноатида асосан қизил, сариқ рангли дўланадан фойдаланилади. Дўлана мевалари турига қараб, қизил, сариқ ва қора рангли бўлади. Унинг барги, гуллари ва мевалари шифобахшдир.

 

     Агар киши бир ҳовуч дўланани истеъмол қилса, кун бўйи кишини нафақат ташналик балки очликдан ҳам асрайди, унга яхши кайфият, бардамлик ва қувват ҳадя этади. Шу боисдан бўлса керак, дўлана лотин тилида "гратас" (кучли) деб аталади.

    Дўлана меваларининг таркибида 20 фоиз қанд, 8 фоиз ёғ, флавоноидлар, холин, ацетилхолин, ошловчи моддалар, каротин, С витамини, органик кислоталар каби моддалар мавжуд. Ўзбекистон шароитида ўсадиган дўлананинг баъзи турларида В1, В2, РР, С, Е витаминлари борлиги аниқланган.

Ҳақиқатдан ҳам кўплаб халқлар табобатида ич кетишида, толиқишда, ақлий ҳорғинликда, уйқусизликда, асабийлашганда, юрак оғриганда, климакс даврида, ревматизм асоратидан пайдо бўлган ревмокардитда, атеросклерозда, қон босими ошганда, бош айланиши, йўтални даволашда дўлана истеъмол қилинади.

Ҳозирда фармацевтика саноатида дўлана гулларидан тайёрланган тиндирма ва турли бошқа гиёҳлар билан бирга тайёрланган дори воситалари атеросклероз, невроз, асаб тизими ва юрак қон томир касалликларида кенг фойдаланилмоқда.

 Эслатма:  Дўланани оч қоринга истеъмол қилмаслик керак. Чунки, у ичакни қисиб (спазм) қайт қилдиради. Бу мевани истеъмол қилгандан кейин устидан совуқ сув ичиш мумкин эмас, акс ҳолда у меъда-ичак санчиғига сабаб бўлишини  унутмаслик керак.

Шунингдек, уни ортиқча истеъмол қилиш буйракка зарарли бўлиб, меъда-ичакни заифлаштириб, қуланж (колит) хасталиги, кўнгил айниши, қайт қилишни пайдо қилади.

 

Меванинг қайнатма, дамлама, қиём ва ундан тайёрланган препаратлар билан даволаш фақат шифокор маслаҳати билан ва унинг назорати остида қўлланиши лозим.

Хайрли иш

Хонамнинг телефони қўнғироқ бўлганини билдириб қисқа-қисқа чалинди. Гўшакни кўтардим, котибамиз Лайло экан. - Соат 15.00 да мажлислар залида йиғилиш бўлишини айтди.

Идорамизда йиғилишлар кўп бўлади. Лекин бугунгиси иш юзасидан эмас, балки янги йил байрами муносабати билан жамоада зиёфат ўтказиш масаласи ҳақида эди. Ўйин-кулгу, зиёфатга ўч ҳамкасбларимиз аллақачон  қайси ресторанда ўтказиш, қанақа кийиниш муҳокамасини бошлаб юборишганди.

- Соат учда йиғилишар эканмиз, Юлдуз опа,- ҳамкасбим Дилноза қаҳва кўтариб хонамга кирди.

- Ҳа, ҳозир Лайло қўнғироқ қилди.

- Ҳамма гапириб юрган янги йил  зиёфати муҳокама қилинса керак-а?

- Билмасам, Дилноза, - Қаҳвани қўлимга олиб,  Дилнозага тикилдим.- Ҳа, нега    авзойингиз бузилган?

- Нимасини айтасиз, опа, байрамлар яқинлашса юрагим зириллайди. Эримнинг феълини биласиз-ку? "Ароқхўрлар даврасида ўтириб ўшалар билан ўйнашасанми?!" деб дўппослайди. Қайнонам ҳам ўғлини қўллаб-қувватлайди. Ўтирмайман, десам ишхонадагиларга ёқмайди. Ҳар гал жамоавий зиёфатдан кейинги кўнгилсизликлар туфайли уйда байрамона кайфият бўлмайди...

- Менга ҳам ёқмайди. Бундай ўтиришларнинг аслида кераги йўқ. Турган-битгани зиён. Зиёфатга кетадиган пулни ўзимизга беришса, оила даврасида ўтириб, болаларни қувонтириб байрам қилган, рўзғорнинг кам-кўстини бутлаганга нима етсин?

- Бошлиқлар буни ўйлашмайди-да...

- Айтиш керак. Зиёфатни хуш кўрадиганлар бемалол базм қилаверишсин. Бошқаларни тинч қўйишса бўлди.

Дилноза қўл-қаноти синган қушдай хонамдан оҳиста чиқиб кетди. Эри жуда рашкчи. Ўтган йили Янги йил базмига келганида орқасидан эри келиб роса тўпалон қилганди.  Бояқиш ҳамкасабимиз бир неча кун изза бўлиб, ишга чиқолмаганди. Балки кўпчилик аёлларнинг уйида зиёфат туфайли кўнгилсизлик бўлар, лекин Дилнозанинг уйидаги уруш-жанжаллар ишхонамизгача етиб келади.

- Эрингиз сизга ишонмас экан-да?- деди шундай зиёфатларнинг биридан кейин ишга келган Дилнозага зиёфату ўтириш деса ўзини томдан ташлайдиган жамоадош опа. - Сиз ҳам аёлсиз,  чиройли кийиниб, ҳамкасблар билан байрамларда яйрасангиз нима бўлибди? Эр-хотин бир-бирига ишонмаса ҳаёти дўзах бўлади.

- Эрим менга албатта ишонади, лекин бундай ўтиришларда қатнашишимни истамайди, - деди қисқа қилиб.

Шу кунларда йил охирлаб, ҳамманинг хаёлида жамоанинг янги йил зиёфатини қаерда, қандай ўтказилиши ҳақида гап-сўзлар кезаётган пайтда Дилнозанинг кўнглидан нималар кечаётганини тушунаман.

Ўйлаганимиздек йиғилиш жамоа байрамини ўтказиш ҳақида экан. Бошлиқ ўринбосари йиғилишни очиб:

-          Йил якунланаяпти, иш кўп. Вақтингизни олмайман-да, янги йил байрами муносабати билан жамоамизнинг янги йил байрамини қандай ўтказиш масаласини келишиб олсак,- деди. Ер остидан секингина ёнимда ўтирган Дилнозага қарадим. Бармоқларини асабий ўйнаяпти. Ўринбосардан йиғилиш мақсадини эшитган ҳамкасблар жонлангандай бўлди. Ҳамманинг юз-кўзига разм солдим. Аксарият аёлларга зиёфат оқшоми ҳақида мунозара ёқмаётгани авзоидаги безовталикдан аён. Шундай пайтларда аёлнинг ҳақиқий юзи, оиласидаги тутуми, эрига бўлган муносабати намоён бўлади.

- Аввал ҳисобимиздаги маблағ ҳақида билайлик, - деди ўринбосар бир-бирига гал бермай шаҳардаги емакхоналарни муҳокама қилаётган жамоадошларнинг гапини кесиб. - Бошлиқ ўринбосари ташкилотимизга шу йил бошида тайинланган эди. Жиддий, ёш, билимли ва камтар йигит тез орада жамоанинг юрагига айланиб олди. Ёш бўлишига қарамай, ходимлар ундан ҳайиқиб турадилар. Ҳозир ҳам қошларини чимириб, кескин гапирган эди ходимларнинг нафаси ичига тушиб кетди.

- Иқтисодий аҳволимиз ўтган йилгидан яхшироқ,- деб сўз олди бош ҳисобчи. - Ўтган йили фақат жамоа зиёфатини уюштирган эдик. Бу йил ҳам байрам оқшоми ва ҳам ходимларга мукофот пули беришни мўлжаллаяпмиз...

- Яхши... Менда бошқача таклиф бор, - бир нуқтага тикилган кўйи ўйчан оҳангда гап бошлади ўринбосар. - Байрам муносабати билан барча ходимларга мукофот пули ёзилади. Фарзандларимиз учун касаба уюшмаси томонидан томошаларга чипта ажратилади. Лекин зиёфат тадбири ўрнига бошқа бир иш қилсак... - Мажлислар зали сув қуйгандек жимжит бўлиб қолди. Ҳамманинг бутун вужуди қулоққа айлангандек ўринбосарга тикилиб турарди. - Байрам ўтиришига кетадиган сарф-харажатлар пулига озиқ-овқат, ширинликлардан совға халтаси тайёрлаб, эҳтиёжманд хонадонларга ҳадя қилсак, дегандим...

Енгил тин олдим. Ён-атрофга кўз қиримни ташладим. Зиёфатни хушламайдиган ҳамкасбларимнинг чеҳрасида мамнунлик ифодаси зоҳир эди. Ишқилиб, бу фикр ҳаммага маъқул келсин-да...

- Ташкилотнинг пули - ҳаммамизнинг пулимиз. Пешона теримиз, меҳнатимиз билан топган пулимиз. Менимча, топганимизнинг маълум қисмини яхшилик йўлида сарфлашни ҳаммамиз истаймиз. Сизларга маъқулми таклиф?..

Уч-тўрт кишини айтмаганда, ҳеч кимдан деярли садо чиқмади. Ходимлар ёқламаса ўринбосаримиз ҳам фикридан қайтиб қоладигандек сўз олиш учун қўл кўтардим:

-          Жуда яхши ўйлабсиз, Азизбек Аҳрорович! - Эҳтиёжманд инсонларни узоқдан қидириб юришнинг ҳам ҳожати йўқ. Аввало, ташкилотимизда ишлаган, марҳум, нафақага чиққан ҳамкасбларимизнинг фарзандларини йўқласак, кўнгиллари кўтарилади. Қолаверса, ҳар биримиз маҳалламиздан биттадан эҳтиёжманд оиланинг рўйхатини берганимиз ҳам маъқул, деб ўйлайман.   Фарзандлари мактабда яхши ўқийдиган оилаларга китоблар совға қилсак бўларди. Балки фарзандлари тўгараклар, пуллик курсларда ўқийдиган ҳамкасбларимизга ёрдам берармиз? Менимча,  бунинг учун эҳтиёжмандларни излаш шарт эмас. Аслида савоб қиламиз десак, ён-веримиздан ортмайди. Мен таклифингизни қўллаб-қувватлайман.

- Раҳмат, опа! Яхши фикр, менга маъқул келди таклифларингиз. Хўш, нима қиламиз? Сизларга қай бири маъқул?..

Ҳамон хонада жимлик ҳукмрон эди.

- Менимча ҳаммамизга маъқул,- деди касаба уюшма раисимиз. - Фақат айнан нима қилишни келишиб олганимиз дуруст. Марҳум ҳамкасбларимизнинг фарзандларига озиқ-овқат ва кийим-кечак учун пул ажратамиз. Икки нафар собиқ ходимимиз вафот этган. Қайсинисининг вояга етмаган болалари бўлса, ўшаларга моддий ёрдам ажратишни тавсия қиламан. Фарзандлари ўқув курси, тўгаракларга қатнашадиган ходимларимизнинг болалари учун бир ойлик тўловларни ҳам тўлаш яхши таклиф.

- Демак, бу таклифни    маъқуллаймизми?- Ўринбосар ҳаммага бир-бир тикилди.

Қўл кўтариб тасдиқладик. Йиғилиш якунланиб, ҳамма хонасига тарқалаётганида Дилнозанинг чеҳрасидаги хушнудликни кўриб мамнун бўлдим.

- Қандай яхши бўлди-а, опажон!

- Нимасини айтасиз? Хайрли ишнинг нияти шунчалик қувонтирса, амали қанчалик севинтирар экан?

- Шукр, бу йил байрам арафаси уйимизда дилхиралик бўлмайди. Мен ҳаммасидан ҳам шунга  хурсандман. Ҳар гал байрам ўтиришидан кейин уйдаги кўнгилсизлик, дадаси икковимизнинг тортишувимиздан болаларим эзилиб кетарди. Аслида бу йил тинч-хотиржам ўтиришимизнинг ўзи катта совға бўладиган бўлди!..

-          Худо хоҳласа!..

Хонамга кириб яна бир марта енгил нафас олдим. Қувончимни бўлишиш учун эримга қўнғироқ қилдим.

Елкамдан, йўқ, юрагимдан улкан тоғ ағдарилгандай, савоб ишга бош қўшганим учун ҳамма мушкулим осон бўлиб, йўлларим ёришиб кетгандай кўнглимга нур инди...

 

Умида АДИЗОВА