Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Нигоҳларим толиқиб, ёлғизликнинг зулмат сояси киприкларимга боғланади. Токчада гулдонда турган гулга қарайман. Улар устимдан кулаётгандек гўё. Умидлар узилган бу тунда ғам чоклари сўкилиб, бедаво дард каби инграйди. Аччиқ хўрсинишлар бағримга тош каби ботади.
Барига чидаш керак. Деразадан ташқарига қарайман. Да-рахтларнинг гўё ғамдан боши эгик, силкинади. Руҳимдан яралган бардош буни кўриб, уқаланиб аста пастга тушди. Вужудим карахт. Нима қилишни билмайман. Фақат кутиш, кутиш керак.
Тонг отса, бари унутилади. Бу соғинч ва фироқлар ортга чекинади. Яна умид билан гулга кўз ташлайман. Не ажабки, боягина барқ уриб очилиб турган гул сўлғин тус олибди. Менинг кайфиятим унга ҳам таъсир ўтказмай қолмабди-да. Қисматдошим - сўлғин гуллар ненидир сўзлаётгандек. Уларнинг сўнгги сўзларига қулоқ соламан:
-Ожизлигим туфайли ҳаётим жуда қисқа. Лекин мен умрим борича кулиб туришга, гўзал бўлишга уринаман. Одамларга, кўнгилларга қувонч улашишга интиламан. Бугун умрим якунланади. Сен эса яшашда давом эт. Аммо ғамга, маъюсликка барҳам бер. Акс ҳолда умринг зое кетади, - дея нидо бергандек бўлди ва гулнинг барглари бир-бир тўкила бошлади.
Гулнинг бу нидосини қалбим эшитди. Шунисига ҳам шукур. Тонг отсин, бу ситамларга кўз юмиб, албатта, янгидан ҳаёт бошлайман. Худди гуллар каби гўзал бўлиб, табассум билан яшайман.
"Ҳаё дилни равшан қиладурган бир нурдирки, инсон ҳар вақт шу маънавий нурнинг зиёсига муҳтождир…Иффатнинг пардаси, виждоннинг ниқоби ҳаёдир".
А.АВЛОНИЙ
Ҳаё аҳлоқ-одоб фазилатларининг улуғи бўлиб, нафсни ти-йиш, ёмонликни тарк этиш, беҳаёлардан ўзини олиб қочиш, эҳтиёткорлик қилиш ва уялиш, номус, шарафини сақлаш кабиларни англатади. Ҳаё инсон ҳаётининг безаги, зийнати ҳисобланади.
Ҳаё, ибо - комил хулққа эга бўлган киши руҳининг тафаккури, маънавий тимсолидир. Ҳаё - инсон қалбида, туйғусида, ташқи кўринишида намоён бўлувчи, иффат ва назокатини оширувчи ақл-фаросат гулшанининг тоза гули.
Қадим-қадимдан аёл - ҳаё рамзи сифатида қадрланиб келинади. Ривоят қилишларича, ўлимга маҳкум этилганлар орасида бир аёл бор экан. Уларни қатлга олиб кетишаётганда ҳалиги аёл йўлда ип ва игна беришларини сўрабди.
Ҳаёли аёл оиланинг номуси, эрининг ҳузур-ҳаловати, фарзандларининг меҳрибони, одамларнинг дуру гавҳаридир. Ҳаёли аёл хонадон равнақидир. Чунки у оила аъзоларини тушунади, осойишталик билан иш олиб боради. Ҳаётнинг аччиқ-чучукларига чидаб, меҳр ва ишонч билан яшайди. Бундай аёлларни халқи-миз ҳаёли ва вафоли деб билишган. Шунинг учун ҳам қадимдан ўзбек хотин-қизлари учун ҳаё меросий фазилат бўлиб келмоқда. Мана шу маънавий нур билан хонадонларни файзга тўлдирмоқдалар.
Ҳаёли одамларда ростгўй, ширинсўз бўлиш, яхшиликка яхшилик қайтариш, ўз ёрига вафодорлик қилиш, дўстликни қадрлаш каби бир қанча маънавий- ахлоқий фазилатлар мужассамланган бўлади.
Ҳаё одамларга озор бермаслик, айбу нуқсонларни қидириб, юзига солмаслик ва ўзидаги ёқимсиз феъл ва гапларни изҳор қилмасликдир. Ҳаётдаги ҳар бир нарсани кўриш, билиш, унинг қадр-қимматини идрок этиш, ўйлаб иш юритиш - бу ҳаё туйғусининг юксак эканлигини кўрсатади.
Ҳаё! Мен бу сўзга
Тош қўяман юрагимнинг
Оғриқларидан.
Ва асрайман уни
Қора кўзим
Қароғларида.
Ҳаё -
Очилмаган гулдир ул
Назокатнинг
Қўриқларида.
Ҳаё - юрагимнинг энг тўрида
Энг мусаффо
Вароқларида.
Ҳар нарсадан баланд,
Ҳар нарсадан қиммат
Ул кўзларнинг нури, гавҳари.
Қай аёлни тарк айласа иффат,
Соврилибди демак баҳори…
Инсоннинг ҳаё туйғуси унинг ахлоқий гўзаллиги билан ўлчанади. Ўзбек халқи, аёли жаҳонда ҳаёси, гўзал хулқи билан ажралиб туради. Дунёдаги жуда кўп миллатлар бизга доимо ҳавас билан қарашган. Шундай экан, биргалашиб ҳаё сари борайлик. Ҳаёсизликдан узоқлашайлик.
Хуршида РЕЖАББОЕВА,
Андижон шаҳридаги
2-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.
Дунёдаги ҳар қандай жамият маълум бир қонун-қоидалар асосида шаклланади ва тараққий этиб боради. Агар жамиятда бу нарса бўлмас экан, у таназзулга юз тутади. Шунинг учун ҳам ҳар бир давлатнинг ўз қонун-қоидаларидан иборат конституцияси мавжуд. Ана шу конституциядан келиб чиқиб, ҳар бир давлат ва жамият ривожланиш йўлидаги мақсад ва вазифаларини белгилаб олади.
Жорий йилда 25 йиллиги нишонланаётган Бош қомусимиз ҳам халқимизнинг эзгу мақсад-муддаоларини, тараққиёт йўлини ўзида мужассам этган. 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституциямизда давлатимиз, халқимиз манфаатлари, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдек энг олий тушунча мужассамлашган.
Шахс эркинлиги, шаъни, қадр қиммати ва унга ғамхўрлик қилиш ҳақида бош қомусимизда ўзига хос моддалар мавжуд. Жумладан, Конституциямизнинг 45-моддасида "Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқ-лари давлат ҳимоясидадир", дея қайд этилган ва бу инсонга бўлган ҳурмат-эҳтиром, унинг манфаатларини ҳимоя қилишдек эзгу мақсадга хизмат қилади.
Конституциямизнинг қай бир боб ёки моддасини олиб қараманг, уларнинг узоқ йиллар шаклланган тажрибалар ва чуқур билим асосида яратилганлигига гувоҳ бўламиз. Унинг замирида ҳамма нарса инсон манфаатлари учун хизмат қилиши керак, деган эзгу ғоя мужассам.
Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз - бахтимиз қомуси, эртанги порлоқ ва нурафшон йўлимиз. Унинг ҳар бир сатри юртдошларимизни буюк тараққиёт сари дадил одимлашида маёқдир.
БУРЧГА МАСЪУЛЛИК, СОFЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИ - ҲАЁТИМИЗНИНГ БОШ МЕЗОНИГА АЙЛАНИШИ КЕРАК,
- дейди шифокор Ойиста Қурбонова.
Аёллар ҳақида гап кетганда, аввало, уларни она, опа-сингил, суюкли ёр сифатида кўз олдимизда гавдалантирамиз. Юртимизда уй юмушларидан ортиб, эл-юрт хизматини уддалаётган, ҳар бир ишда фаоллик кўрсатиб меҳнат қилаётган аёллар ҳам жуда кўп.
Шифокорлик касбини улуғлаб, кўплаб беморлар дардига даво улашаётган, ҳалол меҳнатлари билан эл ҳурматига сазовор бўлаётганлардан бири Ойистахон Қурбоновадир. Айни пайтда Асака тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиника мудираси вазифасида фаолият олиб бораётган Ойистахон 1988 йилда Андижон давлат тиббиёт институтини тамомлади. Дастлаб институт клиникасининг пульмонология бўлими шифокори, кейинчалик Асака прицеп заводида цех шифокори, Асака тумани марказий шифохонаси поликлиникасида ҳудуд терапевти, бўлим мудири, бош шифокор каби қатор вазифаларда меҳнат қилди. 1999-2003 йилларда халқ депутатлари Асака шаҳар кенгашига депутат этиб сайланган.
- Шифокор - дардга дармон бўлишдан ташқари, сабр-бардошли, хушмуомала бўлиши лозим, - дейди биз билан суҳбатда О. Қурбонова. - Қолаверса, у ўз бурчига масъулият билан ёндашиши, ҳаётда соғлом турмуш тарзи тамойилларини шакллантиришга жиддий эътибор қаратиши лозим. Қачонки, бурчга масъуллик, соғлом турмуш тарзи ҳаётимизнинг бош мезонига айлансагина, ҳар қандай хасталик ортга чекинади. Фидойиликни, масъулиятни талаб қиладиган шарафли шифокорлик касбини танлаганимдан мамнунман. Одамларнинг юзида қувончни, соғ-саломатлигидан хурсандлигини кўрсам кўнглим яйрайди.
Ойистахон келин бўлиб тушган даргоҳида ҳам ўзидаги фазилатлар - хушмуомалалик, сабр ва бардош, меҳнатсеварликни намоён қилди. Ўқимишли келин ўзининг юксак маънавият соҳибаси эканлигини исботлади. Қайнота-қайнонаси - Солижон ота ва Турғуной аяларнинг хизматини жойига қўйди. Турмуш ўртоғи Аббосхон ака билан уч ўғилни тарбиялаб, вояга етказди.
- Фарзандларни тарбиялашнинг ўзи бўлмайди. Айниқса, ўғил болалар тарбияси жиддий назорат талаб қилади. Бизнинг кўп вақтимиз ишда ўтса-да, болалар учун албатта вақт ажратардик. Уларнинг ўқиши, юриш-туришидан доим хабардор эдик. Шукрки, фарзандларимиз эсли-ҳушли, одоб-аҳлоқли бўлиб улғайишди. Аброрхон "GM Uzbekistan" қўшма корхонасида назоратчи, Асрорхон Андижон давлат тиббиёт институти неврология йўналишининг 3-босқич магистранти, Абдуллахон Асака туманидаги 55-умумтаълим мактаби ўқитувчиси бўлиб ишлаётганлигидан қувонамиз, - дейди Ойистахон фарзандлари ҳақида ғурур билан сўзлар экан.
Ўзининг самарали меҳнатлари, тиббиёт соҳасидаги фидойилиги учун Ойистахон Қурбонова туман, вилоят ҳокимликлари, соғлиқни сақлаш бошқармасининг кўплаб фахрий ёрлиғи ва ташаккурномаларига сазовор бўлган, "Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил" эсдалик нишони билан тақдирланган.
Аёллар азал-азалдан уйнинг чироғи, гўзаллик яратувчиси, ижодкори сифатида эъзозланади. Улардаги фидойилик, бошқаларни меҳри билан ҳаётдан лаззатланиб яшашга ундовчи фазилати билан ҳам янада улуғдир. Ана шундай фазилат соҳибаси бўлган Ойистахон Қурбонова сингари аёлларимиз ҳамиша бор бўлсин. Ҳар бир ишда фидойи, матонатли, садоқатли, меҳрибон опа-сингилларимиз бор экан, ҳаётимиз бундан-да гўзал бўлишига асло шубҳа йўқ.
3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни муносабати билан вилоятимиз меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида кўплаб хайрия тадбирлари ўтказилди. Бу хайрли ишда туман ва шаҳарлар хотин-қизлар қўмиталари ҳам фаол иштирок этди.
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами вакиллари, "Меҳрибонлик", "Мурувват", "Саховат" уйлари, махсус мактаб-интернатлар тарбияланувчиларини қўллаб-қувватлаш, ногиронларни ижтимоий ҳимоялаш мақсадида ташкил этилган ана шу тадбирларда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслиги, халқимиз меҳр-оқибатли халқ эканлиги яна бир бор намоён бўлди.
Байрам арафасида Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси хайрли ишга қўл урди. Қўмитанинг фаол аёллари ва фахрийлари Чернобиль фожеасини бартараф этишда қатнашган бир гуруҳ фуқаролар, шунингдек, "Ўзбекистон 21 йиллиги", "Кенгаш", "Гулистон", "Бобосаддин" ҳамда "Маориф" маҳалла фуқаролар йиғини ўрамида яшовчи ногиронлар ҳолидан хабар олдилар. Уларга байрам муносабати билан ҳомий ташкилотлар томонидан тақдим этилган озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак ва рўзғор буюмлари совға қилинди. Ташриф давомида бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан ногирон, меҳнатга лаёқати чекланган фуқароларга берилаётган эътибор, ғамхўрлик уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишида кўмак бўлиши, бу борада амалга оширилаётган ишлар юзасидан суҳбатлар ўтказилди.
Нигора ЎРМОНЖОНОВА
* * *
Андижон шаҳридаги "Саховат уйи" да ҳам мазкур сана муносабати билан байрам тадбири ўтказилди. "Саховат уйи - ёшлар эътиборида!" деб номланган акция Андижон шаҳар ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими, Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Бирлашма ташкилий бўлими бошлиғи Мансурбек Матисаев, "Саховат уйи" директори Отабек Исмоилов, меҳнат фахрийси Мая Усмоналиева ва бошқалар мамлакатимизда имконияти чекланган фуқароларга тенг шароитлар яратиш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларини таъминлаш борасида самарали ишлар олиб борилаётганини таъкидладилар. Андижон Давлат университети талабалари ижросидаги шеърхонлик, саҳна кўринишлари йиғилганлар кўнглини хушнуд этди. Андижон туман маданият уйи қошидаги "Эъзоз" бадиий жамоаси хонандалари Орзибой Мамажонов ва Кимёхон Сайдолимовалар мумтоз қўшиқлари билан даврага файз киритдилар. Тадбир давомида ички ишлар мутасаддилари "Саховат уйи"да истиқомат қилаётган бир гуруҳ фуқароларга янги биометрик паспортларни тантанали равишда топширдилар. Байрам совғалари улашилди.
Ойдин МАМАДАЛИЕВА
* * *
Байрам муносабати билан вилоят ҳамда Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмиталари ташаббуси билан бир гуруҳ қўмита фаоллари, ижодкорлар, санъаткорлар, иқтидорли ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари Қўрғонтепа туманидаги "Мурувват уйи"да тарбияланаётган болажонлар ҳолидан хабар олиб, уларнинг яшаш шароитлари билан яқиндан танишдилар.
- Мамлакатимизда аҳолининг бирор бир тоифаси, хусусан, имконияти чекланган инсонлар ҳам давлатимиз эътиборидан четда қолмаган, - дейди "Мурувват уйи" директори Хуршида Халилова. - Шу жумладан, муассасамиздаги болажонлар учун ҳам зарур барча шароитлар яратилган. Бу юртимизда инсон ва унинг манфаатлари ҳамма нарсадан устун эканлигига ёрқин мисолдир.
Санъаткорлар томонидан намойиш этилган бадиий дастур болажонларга хуш кайфият улашди, тарқатилган байрам совғалари уларнинг қалбига олам-олам қувонч бағишлади.
Севара ФОЗИЛЖОНОВА
* * *
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан "3 декабрь - халқаро ногиронлар куни" муносабати билан "Биз бир сафдамиз!" шиори остида хайрия лойиҳаси ўтказилди. Тадбирга вилоятдаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган 32 нафар ёшлар таклиф этилди. Тадбир аввалида Андижон шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, "Ўзбегим" савдо марказига саёҳат уюштирилди. Тадбир қатнашчилари савдо марказидаги болалар ўйингоҳида турли кўнгилочар ўйинлардан баҳраманд бўлдилар, "O'zbegim" раҳбарияти томонидан ажратилган совға-саломлар эса уларнинг кўнглини тоғдек кўтарди.
- Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ногирон фуқароларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида фармони эълон қилинди, - дейди лойиҳа ташкилотчиси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши бўлим бошлиғи Оминахон Ибрагимова. - Мазкур фармонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, бундай шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш, камситишга йўл қўймаслик, жамиятдаги фаол позициясини шакллантиришга кўмаклашиш каби масалалар қатъий белгилаб қўйилган. Давлатимиз раҳбарининг эътибор ва ғамхўрликлари барчамизга ибрат бўлиши керак. Негаки, биз бағрикенг, меҳридарё ўзбек халқимиз. Ўзбек халқи эса ҳеч қачон меҳр-мурувватга муҳтожлардан ёрдамини аямаган. Бугун тадбирдаги болажонларнинг кўзларидаги қувонч ёшларини кўриб, уларга оз бўлса-да аъло кайфият улашганимиздан хурсанд бўлдик.
Хайрия лойиҳаси давомида имконияти чекланган болажонлар "Соғлом авлод" клиникасида малакали мутахассислар кўригидан ўтказилди. Вилоят қўғирчоқ театрида эса кўнгилочар маданий дастурлар ташкил этилди. Хайрия лойиҳаси якунида иштирокчиларга ҳомий ташкилотларнинг қимматбаҳо сов-ғалари тақдим этилди.
Мазкур хайрия лойиҳасини юқори савияда ташкил этишдаги хизматлари учун бир қатор ҳамкор ташкилотлар Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашининг ташаккурномаси билан тақдирландилар.
Балиқчи туманида "Хотин-қизлар фаоллиги - жамият ривожининг муҳим омили" мавзусида кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
"Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"ни амалга оширишга оид Давлат дастури ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси доирасида вилоят хотин-қизлар қўмитаси, Балиқчи тумани ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда туман ва шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари, хотин-қизлар қўмиталари раислари, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди туман-шаҳар бўлимлари мутахассислари, хотин-қизлар қўмиталари бошланғич ташкилотлари етакчилари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимизда хотин-қизлар фаоллигини ошириш, уларнинг фаолияти ва ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш, иш ва турмуш шароитларини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Семинарда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг Бошқарув йиғилишида қабул қилинган "Хотин-қизлар қўмиталари бошланғич ташкилотларининг Устав фаолиятини намунали тарзда олиб борилишини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар атрофлича таҳлил этилди.
- Туманда қўмитамизнинг 204 бошланғич ташкилоти самарали фаолият юритмоқда, - дейди Балиқчи тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Гўзал Деҳқонова. - Улар томонидан хотин-қизларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, айниқса, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, таълим муассасалари ва маҳаллаларда ташкил этилган 150 зиёд "Қизларжон" клубларига 30 минг нафарга яқин қизлар жалб этилган.
Семинар иштирокчилари тумандаги "Сортепа" маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар бошланғич ташкилотининг "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси билан ҳамкорликда оилаларни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ибратли ишлар, "Андижон - Ханой ипаги" масъулияти чекланган жамияти, "Глобал текстиль" корхоналарида хотин-қизларнинг меҳнати муҳофазаси, улар учун яратилган иш шароитлари, 2- мактабгача таълим муассасаси ҳамда 1-умумтаълим мактабида ташкил этилган "Қизларжон" клуби фаолияти, қизларни миллий қадриятларимиз асосида тарбиялаш борасидаги ишлар, илғор тажрибалар билан танишдилар.
Айниқса, Балиқчи тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси хотин-қизлар бошланғич ташкилотининг оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, кекса, ногирон ва ҳомиладор аёллар билан ишлаш борасида олиб борилаётган ишлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Семинарда мавзу доирасида маърузалар ўқилди, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир доирасида хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари фаолияти бўйича иш ҳужжатлари, миллий либослар ва ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этилди.
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олишди.
Айни кунда Қорасув шаҳрида 17,5 минг нафардан зиёд хотин-қиз истиқомат қилади. Улар давлат ва жамиятнинг турли соҳаларида самарали меҳнат қилиб келмоқда. Қорасув аёллари ҳақида гап кетганда, биз уларга бемалол, ҳунарманд, тадбиркор ва ишбилармонлик сифатини беришимиз мумкин.
Қўшни Қирғизистон билан чегарадош бўлгани, йиллар давомида бу ердан савдо-сотиқ карвони ўтгани боис, шаҳримиз хотин-қизлари тадбиркорлик билан иш юритишни, қандай қилиб даромад топишни, оиласига молиявий кўмак беришни яхши билишади.
Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни иш билан таъминлаш, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш шаҳар хотин-қизлар қўмитаси фаолиятида муҳим ўрин тутади. Бундан ташқари, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, қизларни турмушга тайёрлаш, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг, оилавий ажримлар, хотин-қизлар жиноятчилиги ва ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш олдимизда турган долзарб вазифалардан саналади. Мазкур йўналишларда шаҳар "Аёллар маслаҳат маркази", "Маҳалла" хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси, қўмитамиз қошидаги "Ҳуқуқшунос аёл" уюшмаси, ФҳДЁ бўлими, тиббиёт бирлашмаси, ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда "Аёлнинг жамият ва оиладаги ўрни", "Сиз ўз ҳуқуқингизни биласизми?", "Аёл ҳар ишда тадбиркор", "Оилада тиббий маданиятни шакллантириш", Соғ-лом она -соғлом бола, соғлом келажак", "Тиббий кўрикнинг аҳамияти" каби мавзуларда учрашув ва мулоқотлар ўтказилди. Бу мулоқот ва учрашувларда 2,5 мингдан зиёд хотин-қизларимиз фаол иштирок этди.
Шаҳардаги мавжуд 10 маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи аҳолини турмуш даражасини яхшилаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида шу кунга қадар 132 оилага 500 млн. сўмдан зиёд миқдорида кредитлар ажратилиб, паррандачилик, лимонария, чорвачилик ва ишлаб чиқаришни ташкил этишга йўналтирилди.
Битирувчи қизларни иш билан таъминлаш масаласи ҳам қўмитамизнинг қатъий назоратига олинган. Жорий йилда Қорасув қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежини 170 нафар қиз тамомлаган бўлса, улар турли муассаса ва ташкилотлар билан тўрт томонлама шартномага асосан ишга жойлаштирилмоқда. 12 нафар битирувчи қизнинг тадбиркорлик йўналишлари бўйича кредит олишларига ёрдам кўрсатилди.Умуман, жорий йилда шаҳримиздаги 189 нафар хотин-қиз ишга жойлаштирилди.
Ажримлар, оилавий низолар таҳлил этилганда бу каби ҳолатларнинг юзага келишига кўпинча қайноналар сабабчи бўлаётганлиги кузатилмоқда. Тўғри, келинлар ҳам фаришта эмас. Аммо маъжозий маънода айтадиган бўлсак, келин -лой, қайнона-кулол. Шундай экан қайноналар озгина сабрли ва моҳир бўлишлари керак. Ҳали анча ғўр, ҳаётий тажрибаси йўқ қизни оқила келинга айлантириш қайноналарнинг ўзига боғлиқ. Ана шундан келиб чиқиб, ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинларида "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. "Қайнонам - онам, келиним - болам" мавзусида учрашув ва давра суҳбатлари, семинарлар ташкил этилмоқда. Айниқса, қайнона ва келинларга таъсир этишнинг "Жамоатчилик иззаси" усули йўлга қўйилганлиги яхши самаралар бермоқда. Биз барибир андишали халқмиз. "Маҳалла-кўй, одамлар нима дейди?" деган андиша, эл-юрт олдида изза бўлишдан истиҳола қилиш кўплаб оилаларни тикланишига, жанжаллар барҳам топишига сабаб бўляпти. Шаҳримизда ҳам 126 нафар ажрим ёқасидаги оила шу йўл билан яраштирилди.
Миллий анъана ва қадриятларимизни тиклаш ва мазмунан бо-йитиш борасидаги ишлар қўмитамиз аъзоларининг асосий юмушларидан бири десам адашмайман. Бу йўналишда ўтказилган кўплаб тадбирларни мисол қилиб келтиришим мумкин. "Бир болага етти маҳалла ота-она", "Шинам ва озода оила - остонасидан аён", "Маҳалла маликаси", "Меҳрибон қайнона", "Сумалак сайли" ва бошқалар шулар жумласидандир.
Фарзанд-инсон умрининг гултожи, дейдилар.Ҳар бир турмуш қурган ёш оила тезроқ фарзандли бўлишни истайди. Аммо кейинги йилларда пайдо бўлган инфекция-лар, турли касалликлар ёшларда бу жараённи кечикишига ёки носоғлом, айрим ҳолларда нуқсонли болалар туғилишига сабаб бўлаётганлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Бунинг олдини олишга нафақат ўша оила, тиббиёт ходимлари, хотин-қизлар қўмитаси, умуман, кенг жамоатчилик бирдек масъул. Чунки қиз-аёлларга тааллуқли ҳар бир масала биз учун муҳимдир. Хусусан, опа-сингилларимиз, айниқса, туғиш ёшидаги аёллар ўртасида олиб борилган тарғибот ишлари натижасида жорий йилнинг ўтган даврида назоратга олинган ҳомиладорлик 15, туғилиш кўрсаткичи 52 тага камайган, оналар ва болалар ўлими ҳолатлари қайд этилмади. 10 минг нафардан зиёд туғиш ёшидаги аёллар ва ўсмир қизлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, аниқланган касалликлар бўйича соғломлаштиришга йўналтирилди.
Аёл - беназир хилқат. У оиласининг ибратли соҳибаси, эркакнинг таянчи бўлиши керак. Аёлларнинг жиноят кўчасига кириб қолиши, ҳуқуқбузарликлар содир этиши эса оғриқли нуқталаримиздан биридир. Қайдаки хотин-қизлар оила, иш, жамоатчилик юмушлари билан тўлиқ банд бўлар экан, ўша жойда аёллар билан боғлиқ бундай нохуш ҳолатлар юз бермайди. Бу борада биз олдимизга улкан мақсад ва режаларни қўйганмиз, шу асосда самарали ишлар олиб боряпмиз. Йил давомида турли тадбирлар, аёллар иштирокидаги спорт мусобақалари, спартакиадалар ўтказдик, фестиваль ва кўрик-танловлар ташкил этдик. Шаҳримизда аёллар ўртасидаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кескин камайган. Диний-экстремистик оқимга аъзо бўлган 34 нафар аёл соғлом ҳаётга қайтарилди, ҳозирда фарзандлари билан ўз оиласида яшамоқда.
Умуман, шаҳримизда яшовчи хотин-қизларни ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, оилаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аёлларимиз ҳар соҳада ўзларини эркин ва бахтли ҳис этишлари учун бор имкониятларимизни ишга солиб меҳнат қилмоқдамиз.
БОШ ҚОМУСИМИЗНИНГ 25 ЙИЛЛИГИГА БАFИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ ТАДБИР БЎЛИБ ЎТДИ
Андижон шаҳридаги вилоят қўғирчоқ театрида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, ижтимоий, ишлаб чиқариш ва бошқа қатор соҳалар илғорлари, ёшлар вакиллари иштирок этган тадбирда вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов сўз олиб, барчани умумхалқ байрами - Конституция куни билан муборакбод этди. Вилоят ҳокими ва бошқа сўз олганлар мустақил тараққиёт йилларида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз турмуш фаровонлиги йилдан-йилга юксалиб бораётганлиги, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тарихий ва ижтимоий аҳамияти, унда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, бурчлари, сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ҳуқуқлар, уларнинг кафолатлари ўз аксини топганлиги, мазкур ҳужжат мамлакатимизда инсонпарварлик тамойилларига асосланган ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият сифатида қарор топтириш, жамиятни демократлаштириш ва модернизация қилишга қаратилган ютуқларга эришишда дастуриламал бўлиб хизмат қилаётганлигини таъкидладилар.
Маълумки, давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёев томонидан 2017 йил 10 октябрда "Ўзбекистон Конституциясига 25 йил" эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисида"ги фармон қабул қилиниб, ушбу нишон билан мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини ва мудофаа қудратини юксалтириш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш, жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро дўстлик ва тотувликни асраб-авайлаш, Бош қомусимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш, ёш авлодни қонунга ҳурмат, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган юртдошларимизнинг тақдирланиши белгиланган. Жумладан, мазкур фармонга асосан 2497 нафар андижонликлар ҳам мазкур эсдалик нишони билан тақдирландилар.
Тадбир доирасида мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрами арафасида давлатимизнинг турли унвон, орден ва медалларига сазовор бўлганларга мукофотлар ҳамда турли жабҳаларда самарали фаолият юритаётган бир гуруҳ юрдошларимизга "Ўзбекистон Конс-титуциясига 25 йил" эсдалик нишонлари топширилди.
- Камтарона меҳнатларим эътироф этилиб, "Ўзбекистон Конституциясига 25 йил" эсдалик нишони билан тақдирланганлигимдан беҳад мамнунман, - дейди Жалақудуқ тумани Кўзи ожизлар жамияти раиси Малоҳатхон Мўминова. - Ушбу эътироф мени юрт равнақи йўлида янада шижоат билан меҳнат қилишга ундайди.
Тантанали тадбирда бадиий жамоалар, таниқли санъаткорлар томонидан намойиш этилган бадиий дастур барчага байрамона ва хуш кайфият улашди.