+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ЮРТГА МУНОСИБ ФАРЗАНД БЎЛАМИЗ

(43-сон) Ифтихор

Бугун озод ва обод юртимизда биз ёшларга кенг имкониятлар эшиги очиб берилган. Илм-фан, санъат, спорт, адабиёт, қўйингки, қайси соҳани олиб қарамайлик, бизнинг ўз иқтидор ва салоҳиятимизни тўлақонли юзага чиқариш учун барча шароитлар яратилган.

Ана шу имкониятлардан унумли фойдаланаётган минглаб ёшларимиз турли соҳаларда юксак марралар сари дадил интилмоқда, юзлаб ёшларимиз эса улкан ютуқлари билан вилоятимиз, юртимиз шуҳратини юксакларга кўтармоқда.

Мен ҳам ўзим таҳсил олаётган мактабда аъло баҳоларга ўқиш билан бирга, фаол тенгдошларим қатори "Камалак юлдузлари", "Билимлар беллашуви", "Жаҳолатга карши маърифат", "Биз одам савдосига каршимиз", "Зулфияхонимнинг етти маликаси", " Юксак маънавиятли авлод", "Солиқ билимлари - болаларга", "Камолот сардори" сингари фестиваль ва кўрик-танловларнинг туман, вилоят босқичларида фаол қатнашиб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олдим. Бундан ташқари, туманимиз терма жамоаси таркибида баскетбол бўйича мактаб ўқувчилари ўртасидаги вилоят чемпионатида биринчи, вилоят терма жамоаси таркибида эса республика турнирида совринли ўринни қўлга киритдим.

Мен айниқса, адабиётга, шеъриятга жуда қизиқаман, шеърлар ёзишни машқ қиламан. Устозларим кўмагида шеъриятнинг ўзига хос сир-асрорларини пухта ўрганишга астойдил ҳаракат қиляпман. Шеърий машқларим туман, вилоят, республика миқёсидаги матбуот  нашрларида чоп этилган. Ўтган 2016 йилда пойтахтимиздаги "Янги китоб" нашриётида "Вақт қадри" деб номланган илк шеърий китобим чоп этилди. Айни кунда эса "Иқрор" номли иккинчи шеърий китобимни, шунингдек, биринчи синф ўқувчилари учун Алифбо байрамларида фойдаланишга мўлжалланган "Саводхонлик байрамида      ҳарфлар айтишуви" деб номланган  китобчани нашрга тайёрладим.

Бугун тинч, улкан ва кенг имкониятлар даврида яшаяпмизки, кимки интилса, изланса, албатта, ўзи истаган мақсадларга эришади. Ўқиб, ўрганган сари қизиқишларим тобора ортиб бормоқда. Дадам "Аsaka oil plant seeds" илмий йўналишдаги уруғчилик фермер хужалиги раҳбари бўлиб ишлайди. 2015 йилдан бошлаб кунгабоқар,  соянинг янги навларини яратиш бўйича дадам олиб бораётган ишларда бевосита иштирок этяпман. Соҳага оид адабиётларни кўп ўқиб, ўрганяпман. Бу борада олиб борилган самарали ишлар натижасида соянинг "Мадина", "Радуга" номли янги навлари яратилиб, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш давлат комиссиясига давлат реестрига киритиш учун тақдим этилди.

Мухтасар айтганда, нафақат мен, балки Ўзбекистон ёшлари эришаётган ютуқлар замирида муҳтарам юртбошимизнинг бизга кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрлиги, истиқлол берган кенг имкониятлар ётади.   Демак, биз мана шундай ўз фарзандларини эъзозлаётган юртда яшаётганлигимиздан фахрланишимиз ва муқаддас она юртимизга муносиб фарзанд бўлишга интилишимиз лозим.

 

Замона тинч, осуда ҳаёт,

Ҳар томонда қўшиқ, тарона.

Ўзбегимга битайин баёт,

Истиқлолга қилиб шукрона.

 

Ҳар тарафда шодлигу байрам,

Дунё боқар бизга хайрона.

Яшанг озод Ватан бағрида,

Истиқлолга қилиб шукрона.

 

Эл-юрт учун олайлик билим,

Қадам ташлаш шахдам, мардона.

Шу Ватанга қилайлик хизмат,

Истиқлолга қилиб шукрона.

 

Мадинабону ҲАБИБУЛЛАЕВА,

 

Избоскан туманидаги 34- умумтаълим мактаби ўқувчиси.

ТИЛИМИЗ СОФЛИГИНИ САҚЛАЙЛИК!

(43-сон) Муносабат

Она тилимиз нақадар бой ва гўзал. Уни таърифига сўз айтиш ҳам осон эмас. Лекин қадрдон она тилимизни асраб-авайлаш, ҳурмат ва эътибор кўрсатиш ҳар бир инсон учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Тил байрами арафасида менга она тилимни янада севишга, ҳамиша соф ўзбек тилида сўзлашишга катта туртки берган бир инсон ҳақида ёзишни лозим топдим. Менимча, ўша инсон ҳақиқатдан ҳам тилимизни ардоқлаш баробарида кўплар учун ибрат бўла олади.

Зиёли оилада туғилиб ўсганман, дадам ҳуқуқшунос. У кишининг яқин дўсти бўлиб, биз у кишини Камолиддин амаки деб чақирардик.

Камолиддин амаки геология соҳаси бўйича етук мутахассис эди. У Россия пойтахти Москвада ўқиб, ўша ерда илмий тадқиқотлар олиб борган. Марказий Осиё ва дунёдаги кўплаб давлатларда экспедицияларда бўлган. У киши умрининг охиригача Москвада яшаган. Ҳозирда у инсон вафот этган бўлса-да, унинг ўз миллати, она тилига бўлган эътибори, ҳурмати ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. Бизникига бир йил, икки йилда бир келиб, бир неча кун меҳмон бўлиб кетарди. Дадам "мен Ўзбекистонда яшасам-да, ўзбек тилини Камолиддинчалик яхши билмайман" деб кўп гапирардилар. Амаким бир сафар бизникига келганларида менга мева шарбати тайёрлаш учун каттароқ идиш олиб келишимни буюрди. Мен ундан "кастрюлка бўладими?", дея сўрадим. У эса менга қараб,  "кастрюлка"эмас, "сатил" деб гапиргин, дедилар. Умуман, амаким мулоқот ва суҳбатларида бирорта русча гап ишлатмасди, она тилимизда шу қадар соф ва тиниқ гапирардики, у киши билан суҳбатимиз тугамаса, дер эдим. 

Дадам ёки бошқа бирор киши "вообще", "может", "конечно", "так что" деган русча сўзларни ишлатганида албатта танбеҳ берарди. "Сизлар ўз она юртимизда бўла туриб, тилимизнинг софлигига эътибор бермайсизлар, бу тилга, миллатга нисбатан ҳурматсизлик" дер эдилар.

У инсоннинг ана шу сабоқлари менинг ёдимда бир умрга сақланиб қолади. Баъзан машинада кетаётиб FМ радиоларида берилаётган эшиттиришларни тинглаб қоламан. Аксарият бошловчиларнинг гапирилаётган гапнинг мазмуни, жумлаларнинг ўз ўрнида ишлатилиши, адабий тил меъёрларига риоя қилмасликлари ёки хорижий сўзларни ишлатишларидан жаҳлим чиқади. Нима учун улар эшиттиришни бутун миллатимиз тинглаётганини ўйламайдилар, тилимиз софлигини сақлашга, адабий тил меъёрларига амал қилмаётганликларидан таажжубга тушаман. Бундай йўл тутиш тўғри эмас-ку?!

Айтмоқчи бўлганим, ким бўлишидан қатъи назар она тилимизни ҳурмат қилиши, унинг софлигини сақлашга масъул эканлигини унутмаслиги лозим. Зеро, тилимизнинг софлиги  маданиятимизни, ўзлигимизни қай даражада англашимизни кўрсатади.

Дурдона САДИРДИНОВА,   

 

Андижон тиббиёт коллежи ўқувчиси.      

ИНСОНДА АЛБАТТА, СЎЗ ЗЕБОЛИГИ БЎЛИШИ КЕРАК,

 (43-сон) Бизнинг суҳбат

- дейди филология фанлари номзоди, доцент  Назокат ЖАЛОЛОВА.

1989 йилда мамлакатимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Бу воқеа ўша пайтда ҳали мустақилликка эришмаган Ўзбекистон тараққиётида,  халқимизнинг ўзлигини англаш, бирлигини мустаҳкамлаш, миллий қадриятлари умрбоқийлигини таъминлашда жуда муҳим роль ўйнади.

Тил - миллатнинг кўзгуси, борлиги ва бирлигини таъминловчи муҳим мезон ҳисобланади. Тил, унинг софлиги, она тилимизга берилаётган эътибор, бу соҳадаги ютуқ ва муаммолар, адабий тил меъёрлари хусусида Андижон давлат университети ўзбек тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчиси, доцент Назокат Жалолова билан суҳбатда бўлдик.

 

- Тил ҳар бир инсон учун муқаддас тушунча. Аммо тилни, она тилимизни ҳар қанча тавсифласак кам. Сиз тилни  қандай таърифлаган бўлардингиз?

- Тил бетакрор жозибага эга бўлган, ҳеч қачон хира тортмайдиган жавоҳирдир. Ҳадиси шарифларда кишининг гўзаллиги унинг кўринишида эмас, тилидадир, дейилади. Биз ҳам таш-қи жиҳатдан, ҳам маънавий жиҳатдан гўзаллигимизни асосан тил билан боғлаймиз. Инсоннинг тили гўзал бўлса  бошқаларга ёқимли кўринади. Тил энг аввало, инсоннинг ички дунёси, оламни идрок қилиши, тафаккур тарзи ва камолотини белгилайдиган восита. Тил миллатнинг маданияти ва маънавияти, қадим тарихи ҳамда ўша миллатга хос бўлган урф-одатлар мажмуи ифодасидир. Биринчи президентимиз Ислом Каримов "Ҳар бир миллат вакилининг ўз тилини билиши ва уни чуқур ўрганиши Она ватани ва халқига бўлган садоқати белгисидир", деган эди. Шунинг учун ҳам ҳар бир фуқаро ўз она тилини яхши ўрганиши ва ундан ҳаётда, нутқий амалиётда унумли фойдалана олиши керак.

- Истиқлол йилларида тилга бўлган эътибор, уни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар хусусида тўхталсангиз.

- Истиқлолга юз тутгач, барча соҳаларда бўлгани каби она тилимизга эътибор кучайди.  Мустақилликка эришиш остонасида, яъни 1989 йил 21 октябрда "Ўзбек тили тўғрисида"ги қонун қабул қилиниб, она тилимизга давлат тили мақоми берилганлиги тилимиз ривожини янги босқичга кўтарди. Миллий тилимизга эътибор, уни ўқитиш, ўрганиш, дарсликлар тайёрлаш, мутахассисларга қўйилган талаблар масалалари тубдан ўзгарди. Бу амалда ўз самараларини бермоқда. Тилимиз йилдан йилга бойиб, янада   мустаҳкамланмоқда. Ўтган йили Президентимиз фармони билан Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилиши эса она тилимизнинг кейинги тараққиёти учун муҳим қадам бўлди, дейиш мумкин. Бугун тилимизни илмий жиҳатдан тадқиқ этиш, ривожлантириш, малакали мутахассислар тайёрлаш, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш  борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, оммавий ахборот воситалари орқали тилимизнинг софлиги, бойлиги, унга  бўлган эътибор имкониятларидан     нутқда, амалиётда самарали ва ўринли фойдаланиш масалаларида катта ҳажмдаги тарғибот ишлари олиб борилаётганлигини алоҳида эътироф этиш ўринли.

- Бугун юртдошларимиз, айниқса, ёшларнинг она тилимиз софлигини сақлаш, тилга бўлган ҳурмат ва эътиборини қандай баҳолайсиз?

- Бугун тилимиз чин маънода ҳурмат, эътибор топган. Она тилимиз шубҳасиз, ҳар бир  юртдошимиз қалбига чексиз фахр-ифтихор туйғуларини муҳрлайди. Бироқ "шоли курмаксиз бўлмаганидай" айрим кишилар, баъзи бир ёшларимиз томонидан унинг софлигини сақлаш, ўринли ва тўғри фойдаланишда салбий ҳолатларни ҳам кузатиш мумкин. Маълумки, нутқнинг софлигини бузувчи алоҳида ҳолатлар бор. Бу илмий тилда "диалектизмлар" дейилади. Шевага хос сўзлар, чет тилдаги сўзларни ноўрин қўллаш - "варваризм", қўпол, дағал, ҳақорат сўз иборалари ишлатиш ҳолатлари эса "вулгаризмлар" дейилади. Ёки бир хил сўзларнинг такрори, кўп такрорланиши "паразит сўзлар" ифодаси билан ном олган. Ёхуд оддий сўзлашувда бир хил қолипдаги идоравий сўзлардан фойдаланиш "канцеляризмлар" дейилади. Буларнинг барчаси нутқнинг софлигини бузувчи кўринишлар ҳисобланади. Айни кунда улар орасида энг кўп учраётгани "варваризмлар",  яъни ноўрин, чет сўзларни ишлатиш билан боғлиқ ҳолатлардир. Айрим ёшларимиз мулоқот жараёнида "вообше", "так что", "нормальний" сингари сўзлардан фойдаланишлари нафақат ачинарли, балки уларнинг тилимизга бўлган ҳурматсизлиги кўринишидир. Бу каби ҳолатларни бартараф этиш учун энг аввало, таълим даргоҳларида мутахассислик фанлари доирасида ёшларимизнинг тилимизга бўлган меҳрини, нутқ маданиятини оширишга, ҳар бир сўздан ўз ўрнида ва ўринли фойдаланиш кўникмасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратишимимз зарур.

  - Сўзлашув, нутқимизнинг чиройли бўлиши, она тилимизга бўлган ҳурматнинг шаклланишида оиладаги муҳит ҳам муҳим роль ўйнайдими?

 - Албатта! Она тилимизни софлиги ва гўзаллигини сақлашда оиладаги сўзлашув, тилга муносабат масаласи жуда муҳим роль ўйнайди.  Тилимизнинг бутун сеҳру жозибаси энг аввало, она алласи билан гўдак онгига сингиб боради.    Фарзандларимизга тили чиқиши биланоқ тўғри сўзлашни, нутқида сўзларни ўз ўрнида қўллашни, сўзларни бузмасдан гапиришни ўргатишимиз керак.

Сўзлашув, муомала-муносабатда ота-она ўзи тўғри сўзлаб, фикрини тўғри ифодалаб, гўзал ифода имкониятлардан фойдаланса, уйда чиройли сўз ва иборалар янграб турса, ана шундай муҳитда катта бўлган боланинг сўзлашувида ҳеч қандай салбий ҳолат бўлмайди. Мисол учун, эндигина тили чиқаётган болага нонни "нанна", сувни "умма", ошни "ашша" деб эмас, балки ҳар бир нарсанинг ўз номини тўлиқ айтилишини ўргатишга алоҳида эътибор бериш лозим. Шунда фарзандларимиз тўғри нутқий жараёнга тезроқ мослаша оладилар. Бу болаларнинг нутқий камолотга эришувига яқиндан ёрдам беради.

- Тилнинг софлиги, нутқ-нинг равонлигида адабий тил меъёрлари қандай аҳамиятга эга?

- Адабий тил меъёрлари тўғри сўзлаш қоидаларини ўзида акс эттиради. Бу меъёрларни ўрганмас эканмиз, нутқи-миз тоза ва тўғри бўлмайди. Нутқнинг тўғри, аниқ, барча учун тушунарли ва жозибали бўлишида тил қоидалари, меъёрларига риоя қилиш муҳим роль ўйнайди. Баъзан телекўрсатув, радиоэшиттиришларда айрим сухандонлар, бошловчилар томонидан, айниқса, кейинги йилларда тасвирга олинган кўплаб кинофильмларда шеваларнинг ҳаддан ортиқ кўп қўлланилаётганлиги, реклама баннерларидаги ўзбекона сўзларнинг     нотўғри ёзилиши билан боғлиқ ҳолатлар барчамизни ташвишга солиши керак. Чунки бу каби ҳолатлар адабий тил меъёрларининг, тилимиз софлигининг бузилишига хизмат қилади. Шунинг учун сўзлаётганда масъулият ҳиссини англаб, айтаётган ҳар бир сўзга эътибор бериш орқали бу борадаги хатоликларнинг олдини олишимиз лозим. Адабий тил меъёрларига амал қилмас эканмиз, нутқда камчилик бўлаверади.

Мухтасар айтганда, ҳар бир инсонда сўз зеболиги бўлсин. Яъни сўзлашувда, фикримизни ифодалашда турли, жозибадор сўзлардан фойдалана олишни билайлик. Рангин либослар кийиб ҳаммага чиройли кўрингимиз келганидек, сўзда ҳам зеболик ишлатиб ҳаммани лол қила олайлик. Бунинг учун ҳар бир сўзнинг қудрати, жозибасини яхши билишимиз, сўз бойлигимиз кўп, тафаккуримиз кенг бўлиши керак.       

 - Суҳбатингиз учун раҳмат!

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

 

 суҳбатлашди.

"...ҲАР ШЕВАНГДА МИНГ ЖИЛОЛАР"

(43-сон) Эътироф ва эъзоз

Она Ватан. Она табиат. Она тили... Бу тушунчалар бир-бирини ҳам шаклан, ҳам мазмунан тўлдиради. Бундай тенгсиз қиёслар замирида ҳар бир халқнинг, миллату элатнинг ўтмиши, бугуни, эртанги нурли тақдири мужассам. Бир ҳақиқат аёнки, ер юзида тилсиз, забонсиз миллат ҳам, элат ҳам йўқ.

Маърифатпарвар олим Абдулла Авлоний "Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадурғон оинаи ҳаёти тил ва адабиётидир. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдир" деган эди.

1989 йил 21 октябрь она тилимиз - ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун сифатида тарих саҳифасига битилди. Ана шу сана ҳар йили мамлакатимизда тил байрами сифатида кенг нишонлаб келинади. 

Энг муҳими, истиқлол йилларида  она тилимизга бўлган муносабат кескин ўзгарди. Ҳар бир оила, боғча, мактаб, лицей, коллеж, олий ўқув юртларида она тилимизни қадрлаш, эъзозлаш билан боғлиқ хайрли тадбирлар, бадиий-маърифий кечалар уюштириш анъанага айланди.

Кейинги йилларда қаерга бормайлик, кўчада бўладими, бозор ёки транспортдами одамларнинг муомала-маданиятида, сўзлашувида тилимиз      софлигига интилиш ортиб бораётганлиги эътиборимни тортяпти. Айниқса, тарихий жойлар ўз номи ва соф ўзбек тилида айтилаётганлиги қувонарлидир.

Бундан кўринадики, тилимиз софлиги ва бойлигини сақлаш борасида йиллар давомида қилинаётган сайъ-ҳаракатлар ўз мевасини бермоқда. Тилимизни қанчалик қадрласак, маънавиятимиз ва ғуруримиз шу қадар юксалишини кекса-ю ёш қалбан англамоқда.   

Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг қуйидаги мисралари ҳар бир юртдошимиз қалбида она тилимизга бўлган меҳр-муҳаббат ифодасининг ёрқин бир намунаси десам асло муболаға бўлмайди:

 

Сен бўлмасанг нима бизга силлиқ шеърлар,

Бу дунёда тили йўқда дил йўқ дерлар,

Баҳоинг-ку бериб кетган Алишерлар,

Юрагимнинг тўридаги сўлмас гулим,

Она тилим, кечир мени, она тилим.

 

Бир қарасам, ҳар шевангда минг жилолар,

Ҳар новдангда, ҳар мевангда минг жилолар,

Қодирийлар, Чўлпонлар-у, Абдуллолар,

Сенинг қайтган кунинг мен туғилган йилим,

Она тилим, эй муқаддас, Она тилим!

 Марғубахон МИРЗАЕВА,

Балиқчи тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими услубчиси.

 

 

ВИЛОЯТИМИЗДА БИР ГУРУҲ ФУҚАРОЛАРГА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПАСПОРТИ ТОПШИРИЛДИ

(43-сон) Фармон ва ижро

Вилоят ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган бир гуруҳ юртдошларимизга фуқаролик паспортларини топширишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Давлат, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон манфаатларини улуғлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётганлиги таъкидланди.

Жорий йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатор фармонлари билан фуқаролиги бўлмаган юзлаб ҳамюртларимизга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилди. Бу уларнинг мамлакатимиз Конституцияси ва қонунларида белгиланган  ҳуқуқларидан тўла фойдаланиш имконини берди.

- Йил бошидан буён вилоятимизда истиқомат қилаётган 47 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди, - дейди  вилоят ИИБ мигирация ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси  катта инспектори, майор Жаҳонгир Исмоилов. -  Уларнинг барчасига фуқаролик паспортлари тантанали равишда топширилди. 

- 1993 йилда Қирғизистон Республикасидан келин бўлиб тушганман, - дейди Жалақудуқ туманидаги Ёрқишлоқ шаҳарча фуқаролар йиғинида яшовчи Насибахон Матмусаева. - Фарзандларим, оиламдан кўнглим тўқ, мактаб ва коллежларда таълим олмоқда. Ҳозирда Жалақудуқ туманидаги "Бахт" автоуюшмасида ҳамшира бўлиб ишлайман.

Кўп йиллардан буён тинч ва обод юртимиз равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қиляпман. Лекин қалбимда бир армон бор эди. Шу юртда яшаб туриб, Ўзбекистон фуқароси эмас эдим. Бугун ана шу армоним ушалди. Ўзбекистон фуқароси бўлдим, шу юрт фуқароси сифатида яшаш бахти насиб этганидан беҳад хурсандман. Бунинг учун Президентимиздан чексиз миннатдорман. Энди Ватаним равнақига янада катта ғайрат, шижоат билан ҳисса қўшаман.

Тадбирда вилоят ҳокими  Ш. Абдураҳмонов сўзга чиқди ва фуқаролик паспортларини ўз эгаларига топширди.

 

Дилдора ХУШБАҚОВА,

 

жамоатчи мухбир.

ПАХТА - ЮРТ ТАЯНЧИ

(43-сон)

Бир гуруҳ зиёлиларнинг вилоятимиз аҳлига М У Р О Ж А А Т И

Ҳурматли юртдошлар, бир  сўзли андижонликлар!

Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида маънавий-маърифий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизни модернизация қилиш ҳамда ҳаётнинг аксарият соҳаларини либераллаштириш бўйича ҳаётимизнинг барча жабҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар наинки халқимиз, ҳатто жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам қизғин қўллаб-қувватланмоқда.

Дарҳақиқат, Сиз билан бизнинг кўз ўнгимизда содир бўлаётган ижобий ўзгаришлар ҳар бир маҳалла, қишлоқ ва шаҳарлар қиёфасида янада ёрқинроқ намоён бўлаётир. Шубҳасиз, бунда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастури асосида олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар устувор ўрин эгалламоқда.

Олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад-мазмуни битта: у ҳам бўлса, мамлакатимиз салоҳиятини бундан-да ошириш ва шу орқали аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтиришдан иборатдир. Узоққа бормайлик, жорий йилнинг 2-3 июнь кунлари Президентимиз вилоятимизда бўлиб, айнан ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишганликлари, кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар юзасидан ўзларининг маслаҳатларини берганликлари замирида улкан бунёдкорлик, энг муҳими, замонавий технологияга асосланган ишлаб чиқаришни жорий этишдек олижаноб мақсадлар ётибди.

Айниқса, кейинги йилларда иқтисодиётимиз хом ашё ўрнига тайёр маҳсулотни экспорт қилишга йўналтирилаётганлиги ҳудудларни жадал ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда. Бу, айниқса, чекка-чекка қишлоқларда ташкил этилган енгил саноат корхоналарида минглаб юртдошларимизни иш билан таъминлашга, опа-сингилларимизни ўзлари севган касбни ардоқлаб, меҳнат қилишларига қулай шароитлар яратмоқда.

қиёси жиҳатидан жаҳон андозалари талабларига тўла жавоб берадиган Хўжаобод туманидаги "Навигул" қўшма корхонаси қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган янгиланишларни ўзида тўлақонли мужассам этганлиги билан ажралиб туради. Вилоятимизда яна бир қатор ана шу кўринишдаги лойиҳалар ҳадемай рўёбга чиқади.

Булоқбоши, Бўз ва Улуғнор туманларида тез суръатларда барпо этилаётган тўқув ва тикув мажмуаларини фойдаланишга топшириш ҳамда минглаб қишлоқ аҳолисининг бандлигини таъминлаш бўйича ишлар бормоқда.

Муболағасиз айтиш жоизки, халқимиз ўз олдига юксак мақсад ва вазифалар қўйган экан, унинг ижросида халқимиз "оқ олтин" дея ардоқлайдиган ва эъзозлайдиган пахтанинг ўрни алоҳида эканлиги асл ҳақиқатдир. Дунё зироатчилигида бир неча минг турдаги маданий ўсимликлар бор. Бироқ улар олдида стратегик хом ашё ҳисобланадиган пахтанинг такрор ва такрор қайта ишланадиган, шу билан бирга,  ишчи ўринлари яратишдаги  ўрни алоҳида эканлиги маълум.

Шу жиҳатдан олганда, юртимизга Яратгандан бебаҳо бойлик инъом этилганки, биз ўз пахтамиз билан жаҳон бозоридаги ўрнимизни мустаҳкамлаш ва халқаро ҳамжамият билан янада яқин муносабатларга киришиш имкониятларига эгамиз.

Сўнгги йилларда пахтамизни ўзгалар бозорида эмас, айнан Тошкент шаҳрида ўтказилаётган халқаро "Ўзбек пахтаси" савдо ярмаркасида сотаётганлигимиз ҳам юқоридаги фикримизнинг тасдиғи бўлади. Ушбу савдо ярмаркасида иштирок этаётган мамлакатлар ва компаниялар сонининг йилдан-йилга ортиб бораётганлиги    ташқи бозордаги иштирокимизни  кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Бугун бебаҳо бойлигимиз манбаи бўлган пахтамизнинг кўп қисми бепоён далаларда Сиз билан бизга маҳтал бўлиб турибди.

Ишнинг кўзини билган, ўз сўзига содиқ  фермерларимиз аллақачон 40 центнерлик маррани эгаллаган ҳолда даласида қолган ҳосилнинг бир чигитини ҳам қолдирмаслик ҳаракатида бўлишмоқда. Юзлаб фермерларимиз эса 40 центнерлик марра бўсағасида туришибди.

Булоқбоши ва Пахтаобод туманлари фермерлари ва деҳ-қонлари жорий йил учун белгиланган режага қўшимча равишда ҳосил тайёрлаётганликлари ҳар қанча таҳсинга лойиқ.

Пахта ҳосилини етиштириш бир тараф бўлса, уни йиғиб-териб олиш ва омборга жойлаш бир тарафдир. Бунда ташкилотчилик ва ташаббускорлик алоҳида ўрин тутади. Қайси фермер хўжалигида шартнома режалари оширилиб бажарилаётган экан, демак, ўша жойда ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик бор. Хўжаликлар аъзолари қаторида уюшмаган аҳоли вакилларининг ҳиммат кўрсатаётганликлари янада қувонарли, албатта. 

Шу ўринда уюшмаган аҳоли вакилларининг бу борадаги ташаббускорлигига бир назар ташлайлик. Балиқчи туманидаги Қияли маҳалла фуқаролар йиғини ўрамида яшовчи уюшмаган аҳоли вакиллари томонидан "Намуна пахтакори" фермер хўжалигидаги ҳашар натижасида фермер хўжалиги тез кунда режани бажарди. Йиғим-теримга ажратилган маблағ маҳалла аҳолисида қолди.

Шу тумандаги "Fалаба" массивида узоқ йиллар пахтачилик бригадасига етакчилик қилган, қишлоқ аёллари раҳбари бўлган меҳнат фахрийси Замирахон ая Паттахонованинг ташаббуси янада ўзгача бўлдики, ҳудуддаги 115-,116-,117-йиғим-терим отрядлари пешқадамлик қилаётган илғорларни рағбатлантириш мақсадида ҳаж сафарига жамғараётган маблағидан 5 миллион сўмини илғорларга тарқатди.

Олтинкўл туманидаги Андижон маҳалла фуқаролар йиғини  ўрамида яшовчи уюшмаган аҳолининг 120 нафари "Андижон" массивидан ташқарида, қўл кучига эҳтиёжи бўлган      бошқа ҳудудлардаги фермер хўжаликларида пахта теришмоқда. Маҳалла раиси Қаҳрамон Эшонов ушбу ташаббусга бош-қош бўлмоқда.

Жалақудуқ туманидаги "Обод водий салтанати" фермер хўжалигида 40 центнерлик марра эгалланган, иккинчи терим кўзни яйратадиган даражада. Хўжалик хирмонининг юксалишига ўнлаб фахрийлар баҳоли қудрат ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Вилоятимизнинг барча туманларидан бундай     илғорларни кўплаб мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

Халқимизнинг бағри кенг.  Эл ишига эш бўлишга маҳкам бел боғлайди. Бу қадимий удумни юрагига жойлаган минг-минг-лаб юртдошларимизнинг меҳнатлари билан вилоятимиз пахта хирмонини янада юксалтириш учун беқиёс имкониятимиз мавжуд. Ана шу имкониятни ишга солиш бугун энг савобли амалга киради.

Азиз ва муҳтарам  андижонликлар!

Мамлакатимизга пахта етиштириш усталари юрти деб танилган вилоятимиз шон-шуҳратини ошириш Сиз ва бизнинг қўлимизда. Такрор айтамизки, далаларимизда кўзлангандан зиёд ҳосил бор.

Шуни эътиборга олиб, мурожаат этамизки, жорий йилнинг 15 октябридан 15 ноябрига қадар "Зарбдор ойлик" эълон қилайлик. Ватанпарварлик туйғуси орқали вилоятимизнинг пахта хирмонини юксалтириш баробарида иқтисодиётимизнинг янада жадал ривожига ўз ҳиссамизни қўшайлик.

Бунда кўпни кўрган фахрийларимиз, зиёлиларимиз, ёш етакчилар, ҳиммати баланд барча юртдошларимиз ташаббускорликни қўлга олишлари мақсадга мувофиқдир. Зеро, Андижон деганда, халқимиз кўз олдида танти, мард, олижаноб ва энг муҳими, ташаббускор инсонлар намоён бўлади.

Сизларга ушбу зарбдор ойликда фаол иштирок этишларингизни ва барчанинг хонадонларида ҳамиша хотиржамлик бардавом бўлишини Яратгандан сўраб қоламиз. Сизларни ана шундай ҳақиқий меҳнат байрамида фаол иштирок этишга чорлаймиз. Бу савобли ишда улкан муваффақиятлар ва мустаҳкам сиҳат-саломатлик ёр бўлсин.

Шукуржон МАМАТҚУЛОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони. 

 

Тўлан НИЗОМ,

Ўзбекистон халқ шоири. Сайфиддин ЖАЛИЛОВ, фахрий профессор.

 

Зокиржон МАШРАБОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.

 

Манзурахон ЭГАМОВА,

 Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими.

 

Андижон шаҳри, 2017 йил 14 октябрь.

"ИҚБОЛ" ИЖОДИЙ ЖАМОАСИ ПАХТАКОРЛАР ДАВРАСИДА

(43-сон) * 2017 йил, 19 октябрь

Мамлакатимиз "оқ олтин" хирмони тобора юксалиб бормоқда. Куну-тун меҳнат қилиб, қимматбаҳо хом-ашёни етиштирган пахтакорларимиздан тортиб, қишлоқ хўжалиги тармоқлари ходимлари, турли соҳалар, уюшмаган аҳоли, ташаббускор ёшлар вакиллари шу кунларда катта шижоат билан пахта ҳосилини йиғиштириб олиш учун астойдил меҳнат қилмоқдалар.

Марра сари яқинлашаётган вилоятимиз пахтакорлари ва ҳашарчиларининг шаҳди баланд. Пахтанинг бир мисқоли қолмагунча ўз ўрнини пахта даласида, деб билиб теримда якдиллик,  фаоллик билан иштирок этаётган фидойилар кўпчиликни ташкил этади.

Ушбу хайрли ишга ҳар ким ўз ҳиссасини қўшишга интилмоқда. Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий нашри - "Иқбол" газетаси ижодий жамоаси ҳам миллий бойлигимизни нест-нобуд қилмасдан, ёғингарчилик кунларига қолдирмасдан йиғиштириб олишга бел боғлаган теримчиларни рағбатлантириш, уларга кўтаринки кайфият улашиш мақсадида Бўз туманидаги Шуҳратбек Йўлчиев раҳбарлик қилаётган "Озод нурли маскан" фермер хўжалигига ташриф буюрди.

- Жорий йилда 60 гектар ер майдонда деҳқончилик қилиб, 35 гектар ерда пахта, 24 гектар майдонда ғалла етиштирдик, - дейди Ш. Йўлчиев. - Агротехник тадбирлар талаб даражасида олиб борилиши натижасида ғалладан ҳар гектаридан 30 центнердан ҳосил олиб, шартномавий режалар уддаланди. 104 тоннадан ортиқ пахта йиғиштириб олиниб, мажбурият ҳам ортиғи билан бажарилди. Айни кунларда ҳам йиғим-терим ишлари жадал олиб борилиб, вилоятимиз пахта хирмонининг юксалиши учун бор куч ва ғайратимизни ишга солмоқдамиз. Кўнгилли бўлиб келган ҳашарчиларимиз учун барча шарт-шароитлар яратилган. 50 килограмм-дан ошириб пахта тераётган теримчиларга терим пулидан ташқари оқ ёғ, шакар берилмоқда.

Илғор теримчилар Соҳибахон Жалолова, Гулнора ва Муҳаббат Ахчабоева, Офтобхон Қурбоновалар мавсумда пешқадамликни қўлдан бермадилар. Улар ҳар 5 кунликда 1-1,5 тоннагача пахта териб, хирмоннинг сарбаланд бўлишига ўзларининг муносиб улушларини қўшдилар.

Айни кунларда Асака туманидан ташриф буюрган кўнгилли ҳашарчилар йиғим-терим ишларида пахтакорларга мададкор бўлмоқдалар. Элмурод Аҳмаджонов раҳбарлигидаги 244-терим отрядига бирлашган уюшмаган аҳоли ва хўжалик аъзолари ҳар бир қуёшли кунни ғанимат билиб, етиштирилган ҳосилни ҳар мисқолини териб олишга киришганлар. Ҳашарчи теримчилар Ойдиной Содиқова, Замирахон Камолова, Маъмурахон Ҳайдарова, Дилдорахон Одилова, Одинахон Асранқуловалар ўз олдиларига миллий бойлигимиз бўлган пахтани қисқа фурсатларда териб олишда пахтакорларга камарбаста бўлишни мақсад қилиб олганлар.

Тушлик маҳали пахтакорлар билан ўтган учрашувда вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова вилоятимизнинг таниқли олимлари, қаҳрамонлар, зиёлиларининг вилоятимиз аҳлига мурожаати эълон қилингани ва ҳар бир фуқаро унга "лаббай", деб жавоб бериб, оримиз, ифтихоримиз бўлган пахтани йиғиштириб олишда фаол иштирок этиш инсонийлик бурчимиз эканлигини таъкидлади. Шундан сўнг "Иқбол" газетаси муҳаррири Фахриддин Ибайдуллаев пахта иқтисодий ва ижтимоий ҳаётимизда муҳим ўрин тутиши, йил бошидан қилинган меҳнат маҳсулини ҳашар йўсинида териб олиш азалий анъаналаримиздан бири эканлиги ҳақида гапирди.

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли ижодкор Мукаррама Fанижон қизи, "Зулфия" Давлат мукофоти соҳибаси Севара Фозилжонова, меҳнат фахрийси  Мая Усмоналиева, ёш ижодкорлар Мадинабону Ҳабибуллаева, Мафтуна Ибайдуллаева пахтакорларга ўзларининг самимий тилакларини билдириб, шеърларидан намуналар ўқиб бердилар. Вилоятимизда фаолият олиб бораётган "Эъзоз" ансамбли хонандаси Кимёхон Сайидолимованинг шўх қўшиқ ва лапарлари даврага ўзгача файз киритиб, ўйин-кулгу авжига чиқди.

Якунда бир гуруҳ илғор теримчиларга "Иқбол" газетасининг махсус совғалари  - бадиий китоблар топширилди. Теримчилар билан ўтган самимий суҳбат, маданий тадбир уларнинг хотирасида узоқ сақланиб қоладиган таассуротларга бой бўлди.

 

Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ

 

 

ЧЕГАРАДАН НОҚОНУНИЙ ЎТИШ - ЖИНОЯТ

( 41-сон) Қилмиш-қидирмиш

Ўзбекистон Республикаси "Давлат чегараси тўғрисида"ги қонуннинг 12- моддасида

"Давлат чегараси орқали шахслар, транспорт воситалари, товарлар, бошқа мол-мулк ва ҳайвонларни ўтказиш белгиланган ўтказиш пунктлари орқали амалга оширилади" деб қатъий белгилаб қўйилган.

 

Шундай бўлса-да, айрим кишилар томонидан ана шу тартиб бузилаётганлиги бизни ҳушёр ва огоҳ бўлишга ундайди. Айниқса, бундай ҳолатлар аёллар томонидан содир этилаётганлигини асло оқлаб бўлмайди.

Аёл - оила зийнати, миллатнинг ор-номуси ва юзидир. Улар ҳамиша ардоққа, ҳурматга муносиб. Бироқ орамиздаги баъзи бир аёллар билиб туриб, қонунга зид ҳаракатлари билан жиноятчига айланиб қолаётганлиги ачинарлидир. 

Яқинда Қўрғонтепа тумани судида туман суди раиси И. Эргашев раислигида  Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтган 2 нафар фуқарога нисбатан ҳукм ўқилди. Жиноят йўлига кирганлардан бири аёл киши бўлиб, Қўрғонтепа тумани Чимён қишлоғидаги Қўрғонча кўчасида яшовчи Гулчеҳра Жўрабоевадир.                  

Асли Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилоятида туғилиб ўсган Гулчеҳра юқорида қайд этилган манзилга келин бўлиб тушади. 4 фарзанднинг онаси. Чегарадан ўтиш тартиб ва қоидаларини яхши билса-да, у қўшни давлатда яшовчи онаси ва яқинларини кўриб келиш учун белгиланган тартибни бузиб, айланма йўллар орқали Қирғизистон Республикасига бориб келаётганида чегара посбонлари  томонидан қўлга олинади.

Суд жараёнида Г.Жўрабоева 2014 йилда ишлаш учун Россия давлатига боргани ва 2016 йилда паспортини йўқотиб қайтиб келгани, қўшни давлатда яшовчи онаси ва яқинларини соғингани ва паспорти йўқлиги туфайли божхона назорати орқали ўта олмай, божхона назоратини четлаб ўтишга мажбур бўлганини айтди. Бироқ, қонун барчага баробар ва унга амал қилмаган киши албатта жавобгар бўлади. Гулчеҳранинг хатти-ҳаракати эса қонунларимизга зид.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 223-моддаси 2-қисмининг "б" банди билан айбдор деб топилган Гулчеҳра Жўрабоева ҳамда унинг шеригига нисбатан қонунда белгиланган тартибда жазо тайинланди.

Шу ўринда Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикалари раҳбарларининг чегара борасидаги келишувлари, икки давлат халқларининг азалий орзулари ушалиб, ўзбек-қирғиз чегара постларидаги муаммолар ижобий хал этилгани, ўзаро борди-келдилардаги қийинчиликлар барҳам топганини эслатиб ўтиш жоиз. Давлат чегарасини бузиб ўтишга бўлган ҳар қандай уринишга жазо муқаррар эканлигини асло унутмаслигимиз лозим.

 

 ҳамрохон МАМАТҚУЛОВА,

жамоатчи мухбир.

 

 

АЁЛНИНГ ХАТОСИДА ЭРКАКНИНГ АЙБИ БОР!

( 41-сон) бугуннинг гапи

... эркакларимиз, аёли нима деса, шу-да, демасдан фикрида қатъий турсин

Ҳамкасбим билан автомобиллар тўхташ жойидан ўтиб бораётгандик, бир аёлнинг сўкиниб гапираётгани диққатимизни тортди. Сочлари сариққа бўялган, тор кўйлакчаси баданини ситиб турган, оёқларига ёпишиб турган шим тўладан келган гавдасини қўпол кўрсатаётган аёлнинг оғзидан чиқаётган сўзларни илон эшитса, пўст ташлайди. Ҳамкасб аёллар ҳайрат ва хижолатлик билан бир-биримизга зимдан тикиламиз. Бақираётган, сўкинаётган аёл эса ўзини йиғиштирай демайди.

-Менга айтаяпсизми, қизим? - деди сал нарироқдан юриб келган сочларига оқ оралаган эркак.- Тинчликми?

-Сенга айтаяпман! - дея  шанғиллади аёл. - Нега машинангни менинг йўлимга қўясан? Кўрмисан, ўтиб-қайтишга жой қолдирмабсан. Буёғи ёзиш тугул, эшитишга ҳам одам уяладиган ҳақоратлар...

Эркак оғзи шалоқ аёлга бир оғиз эътироз билдирмай, автомобилини йўлдан олди. Манзара жуда хунук эди, бу воқеа ўзбек аёли билан юз берганини тасаввурга сиғдириш жуда қийин.

 

Бугунги ўзбек аёлининг сийрати гўзалми?

Аёл маънавияти, ўзбек аёлининг одоб-ахлоқи, ботиний дунёси ҳақида мулоҳаза билдирмаган, сўзлар шодасидан дуру марварид тизмаган ижодкор топилмаса керак. Қайси асарни олманг, унинг замирида аёлга бўлган чексиз ҳурмат, меҳр-муҳаббат, эҳтиром ва садоқат ётади.  Аёл қиёфасида ОНА тимсолини кўрганлар аёлни иззат қиладилар, чексиз эҳтиром билан қадрлайдилар. Айниқса, ўзбек аёлининг шамолида ибо, ҳаё, андиша ва тавозе шакли акс этгани, ўзбек аёлининг латофати ва назокати    асрлар бўйи инсониятни ўзига ром этиб келаётгани-ю, бу ғолибалик нашидасини сўз билан таърифлаш ожизлиги ҳар доим тан олинган. Аммо бугун ўзбек аёлига хос сифатлар ҳақида гап кетганда, уни ҳаё ва ибоси ҳақида ижобий фикрларни баралла айта оламизми? Бугунги  ўзбек аёлининг сийратида дунёни лол қолдирган фазилатлар қай даражада? Афсус...

 

  Аёлнинг юзидан хаё пардаси кўтарилишига эркак сабабчи!

Устоз ижодкорлардан бири ўзбек аёли ҳақидаги мулоҳазаларида шундай ёзади: "Миллат даражасини шу миллат аёлининг даражаси белгилайди. Чунки халқ аёлидан баланд бўлолмайди. Негаки, халқ аёлнинг маҳсулидир." Бугун миллатимиз аёллари ибо-хаёси, ор-номуси хусусида сўз кетганда айрим опа-сингилларимизнинг ножўя хатти-ҳаракатларидан хижолат тортамиз. Бунинг сабаби эса нимада деган савол барчамизни ўйлантириши табиий. Бу борада сизнинг мулоҳазангиз қандайлигини билмадим-ку, мен баъзи бир аёлларнинг юзидан ҳаё пардаси кўтарилишига улар билан яшаётган, уларнинг яқинлари бўлган эркакларининг бепарволиги, ор-номуси сустлигидан деб биламан. Аёлини қизғонмаган, аёлига ожизаликни раво кўрмаган, аёлига юриш-туриши, рисоладагидек кийинишига эътиборсиз қарайдиган, уни тергамайдиган эркакнинг аёлида устунлик, манманлик, жиззакилик пайдо бўлган. Унда нафосат, аёллик назокати йўқолиб бормоқда.

Бу ҳақда Хонобод шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Мухтасархон ХОШИМОВА қуйидаги фикрни билдирди: - Ҳукмбардорлик аёл қўлига ўтган бўлса эркак аёлини қандай бошқарсин? Ўзи азалдан ўзбек аёли фармонбардорлигини ожизалик, ширин сўз, кўз ёш ва назокат ортига беркитиб оилага, жамиятга ўз таъсирини кўрсатиб келган. Ўзбекойимнинг Отабекни Зайнабга уйлантириш саҳнасини эсланг. Кимсан Юсуфбек Ҳожи аёлининг даъвосини рад қилолмайди. Бугун эса жуда кўп аёллар эркакларни бошқаришга ўтди. Уларга фикрларини сингдириб, хатто виждонига қарши боришга мажбур қиляптилар. Айрим аёллар ҳақиқатдан ҳам ҳаддидан ошиб кетяпти. Бундай ҳолатга тараққиёт, оммавий маданият кўринишлари, яна бошқа сабабларни рўкач қиляпмиз. Аслида-чи, бунинг барчасига эркаклармиз айбдор. Эркак аёл устидан раҳбарлик қилиши керак. Ўз оиласи, аёлига раҳбарлик қилолмаган эркак жамиятга қандай наф келтиради, қандай қилиб ҳурмат-эътибор топади?! Шу боис, ҳурматли эркакларимиз, аёли нима деса, шу-да, демасдан фикрида қатъий турсин, аёлини, қизларини юриш-туришини, кийинишини назорат қилсин, уларнинг енгил-елпи, миллатимизга хос бўлмаган кийинишидан уят, орият қилсин. Шунда аёлларимиз ибо-ҳаёси, оиласи, эркагининг ор-номуси эканлигини ҳис қилиб яшайди. Ножўя хатти-ҳаракатлар қилмайди, беўхшов кийинмайди.

Махфиратхон БОЗОРОВА, Марҳамат туманидаги 25-умумтаълим мактаби ўқитувчиси: - Аёл ўз хоҳиши билан ёмон йўлга кирмайди. Мен аёлларни айблашга қаршиман. Аёлни адаштиришади. Аёлни    қуюшқондан чиқишига сабабчи бўлишади. Ҳеч бир аёл ўз хоҳиши билан назокатидан айрилиб, ҳимоясиз қолишни истамайди. Аёлнинг хатосида эркакнинг айби бор. Аёл табиатан курашувчан, мард бўлади. Фақат меҳр-муҳаббат, эътибор билан аёлнинг мардлигини тўғри йўналтириш мумкин.

"Аёлларнинг оғзи шалоқ", "Аёллар беҳаё" деганлардан хафа бўламан. Аёлини аёлдай олиб юрган қайси эркакнинг хотини ёки қизи оғзидан бепарда гап чиқади? Оила эркагига иснод келтирадиган йўл тутади? Аёлини асраб авайлаган, меҳр билан эъзозлаган қайси эркакнинг аёлидан ҳаё олислабди? Бундай бўлмаган, кейин ҳам бўлмайди. Чунки аёл меҳр, эътибор гадоси. Бошида устуни бўлишини истайди. Аёлни аламзадалик, эътиборга эҳтиёжмандлик дағаллаштиради. Рўзғор юкини елкасига ортмоқлаган, автомобиль рулини     бошқариб ўзининг, оиласи ва фарзандларининг муаммосига ечим ахтарган аёл охир-оқибатда эркакдан ҳам қўпол, қўрс ва қаттиқлашади. Бозордан халта-халта картошка-пиёз кўтариб келган, ошхонасидаги сув оқиб ётган жўмракни ўзи тузатган, боласининг контракт пулини тўлаш учун хорижга чиқиб ишлаб келган аёл ҳаётда эркакдай бўлишга мажбур. Ҳеч нарса сабабсиз бўлмайди. 

 

Аёл таҳқирланса, жиноятчига айланади

Ижтимоий тармоқларда қайнонасига жароҳат етказган бир аёл ҳақида ўқиб қолдим.  Унда ёзилишича, аёл тергов жараёнларида қайнонасининг "Сен ўғлимга муносиб эмассан, барибир сени ҳайдаттириб, ўғлимга бошқа хотин олиб бераман!" деган таҳқирли таъналаридан безор бўлиб, алам устида жиноятга қўл ургани айтилади. Аёлнинг жиноят қилгани, боз устига, дунё ва охирати учун ҳаддан ортиқ зиён бўлган гуноҳ қилгани таъкидланади. Лекин вазиятга теранроқ назар ташлаб, аёл ўз-ўзидан жиноятга қўл урмаслиги, тинимсиз таҳқирлар, кўнглига отилган тошлар уни ваҳшийга айлантиргани, алал оқибат аёл ўзига муносиб бўлмаган жиноятга қўл ургани ҳақиқат.

Шоира, "Дўстлик" ордени соҳибаси Фарида Афруз бир суҳбатимизда аёл қалби хусусида шундай дегандилар: Аёлни хиёнат ларзага солади! Руҳан ёлғизланиш, қадрининг топталиши аёл қалбини парчалайди. Қалби синган, тинимсиз руҳий ёлғизлик, қадрсизлик гирдобидан бўғилган аёл назокатидан айрилади...

 

Аёл - она!

Халқда "Онаси ёмоннинг бари ёмон" деган гап бор. Устоз Қозоқбой Йўлдошев бу    нақлни "Онаси ўқиганнинг бари ўқиган" дея талқин қиладилар. Бугунги кун аёлларининг назокатдан айро тушишида, сўзига, ҳаракатларига, либоси-ю пардозида нуқсон кўпайганига ўқиш ва уқишга бепарволик ҳам бир сабабдир. Ахир инсон маънавияти, ботини китоб орқали сайқал топади. Китоб ўқимаган, китобга муҳаббат билан зиё топмаган қалб кўзи хира тортиб бораверади ва оқибатда буткул ожиз бўлади.

Қалб кўзи ожизлар эса ўзларини тафтиш қилмайдилар. Ҳар бир амали, ҳаракатларини тафаккур мезонида ўлчаб кўрмайдилар. Ўзликдан, аслиятдан маҳрумликка бошлайди тафаккурнинг ўтмаслиги. Аёлни меҳр-сизлик, эътиборсизлик, дунё ташвишлари қаттиқлаштириши эҳтимол, ҳақ фикрлардир. Бироқ энг катта фожеа - бу аёлнинг илмсизлиги, маънавий дунёсининг қашшоқ ва заифлиги эмасмикан? Эри етарлича пул топмас, эплаб бир оғиз ширин сўзни гапирмас, бироқ аёлнинг беҳаё-лигига, Аллоҳдан қўрқмай гуноҳ ишларни қилишига булар рўкач бўлолмайди-ку! Ҳисоб куни аёл бу сабаблар билан ўзини оқлаёлмайди-ку?! Аёл - она. Она эса фарзандлари тақдирига масъулдир. Онанинг хатоси   фарзандлари тақдирига умрбод доғ бўлиб қолади ва уларни ҳаёт давомида таъқиб қилаверади. Шунинг учун онанинг адашишга, хато қилишга, ўзини бепарда кўрсатишга ҳаққи йўқ! Минг афсуски, орамизда оз бўлса-да, овози шанғиллаб ҳақорат сўзларни ишлатаётган, танасини номаҳрамларга кўз-кўз қилиб беўхшов кийимлар кийган, бегона эркакларга эҳтиросни қитиқлайдиган сўзлардан тизиб хат йўллаётган, телефонда эркаклар билан танишиб, ишқий суҳбатлар қураётган аёлларнинг қизлари ҳам бундай ишларни қилмаслигига ҳеч ким  кафолат бермайди! Бундай аёллар ўз қилмиши билан жамиятга доғ туширади, бахтсиз аёллар, етим болалар ва кемтик оилаларни кўпайишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам опа-сингилларимиз ўзлигини асло унутмасин.

 

Она - ибрат!

Қиз болага "Сен ОНА бўласан!", "Фарзанд дунёга келтириб тарбиялайсан!", "Севимли, қадрли рафиқа бўласан!" деган тутум билан тарбия бериш керак. Ва аввало она сўзи билан эмас, амали, қиёфаси, ҳаракатлари билан фарзандларига ибрат бўлиши лозим. Чунки, насиҳатнинг аввали ибрат. Сўз таъсири ожиз, амал таъсири эса мўлжалга аниқ тегади.

Юқоридаги мулоҳазаларимиз кимларгадир ёқмас. Лекин ўзбек аёлининг шаъни, қадр-қиммати масаласи миллат тақдирида муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, муҳтарама аёлларимиз, ким бўлишидан қатъи назар бу масалада кўнгли тусаган ишни қилишга ҳақли эмас. Азиз муштарий, бу ҳақда балки сиз ҳам ўз фикр-мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашарсиз!?

 

 

Умида АДИЗОВА

ОТА-ОНА - ЖАННАТ ДАРВОЗАСИДИР

( 41-сон)

Инсониятни тўғри йўлга етакловчи ва дунёда фаровон ҳаёт кечириб, охиратда эса нажот топишларини таъминловчи Қуръони каримнинг йигирмадан ортиқ ояти карималарида ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг розилигини топиш Аллоҳнинг амри эканлиги баён қилинади.

Ота-она ҳурматини жойига қўйиш, уларга яхшилик қилишлик фарзандларга фарз қилинган. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: "Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди..." (Исро сураси, 23-оят). Бундан кўринадики, Аллоҳ таоло бандаларини ўзига ибодат қилишга, кейин эса ота-онага яхшилик қилишлик буюришлиги Исломда ота-онанинг қадри ва мақоми қанчалик улуғ эканлигини англатади. 

Абдуллоҳ ибн Амр (р.а.)дан ривоят қилинади: "Набий Муҳаммад (с.а.в.): "Роббининг розилиги ота-онанинг розилигидадир. Роббининг норозилиги ота-онанинг норозилигидадир"  дедилар. Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, Аллоҳ таолонинг розилигини умид этган ҳар бир инсон ота-онаси ким, қандай инсон бўлишидан қатъи назар уларни розилигини топишлиги лозим. Айрим манбаларда баъзи улуғ алломалар ота-онага хизмат қилишликни ҳатто, баъзи фарз ибодатлардан ҳам аввалга қўйганликларининг гувоҳи бўламиз.

Ибн ат-Туфайл (р.а.)дан ривоят қилинади: "Набий Муҳаммад (с.а.в.)ни Жиъронада гўшт тақсимлаётганини кўрдим. Ўша вақтда мен ёш бола эдим. Туянинг суягини ташиб турган эдим. Бирдан бир аёл келиб қолди ва Набий (с.а.в.)га яқинлашди. У зот уни кўриб, ўринларидан турдилар ва унга ридоларини ёздилар. У унинг устига ўтирди. Мен: "Бу ким?" дедим. "У зотни эмизган оналари," дейишди.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзларини эмизган аёлга кўрсатган хурматлари шунчалар олиймақом бўлса, ҳомиладорлик вақтида туну кун минг машаққатларни бошидан ўтказган, ўлимни бўйнига олиб туққан, тунлари бедор бўлиб эмизган, фарзандини еру кўкка ишонмай, бағрига босиб, ювиб-тараб парвариш қилган, фарзанди учун ҳамма нарсага тайёр онага бўладиган ҳурмат ва эҳтиром қандай юксак бўлиш кераклиги  ҳар кимнинг ўзига ҳавола.

Ибн Аббосдан ривоят қилинади: "Бир мўмин-мусулмон инсоннинг мусулмон ота-онаси бўлса-ю (уларга яхшилик қилиб), унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар фақат бири бўлса, битта эшик очади. Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ундан улар рози бўлмагунича Аллоҳ рози бўлмайди" деди. "Ота-она унга зулм қилган бўлсалар ҳамми?" дейишди. "Зулм қилган бўлсалар ҳам", деди". Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, баъзи бир ота-оналар томонидан фарзандларга ҳар-хил сабабларга кўра кўнгил оғритишлар бўлганда фарзандлар кўнгилларига олмасликлари, кечиримли бўлишлари, уларни ҳамиша эъзозлашлари керак. 

Умуман, ҳеч қайси ота-она фарзандига ёмонликни раво кўрмайди. Аммо минг афсуслар бўлсинки, орамизда шундай "фарзандлар" ҳам борки, улар ота-онасидан аразлаб, йиллаб гаплашмайди, улардан хол сўрамайди. Ҳатто, фарзандларига тўйлар, хайру эҳсонлар қилади-ю, лекин ўзини дунёга келтирган, едириб-ичириб, тарбия бериб, вояга етказган инсонларни арзимаган сабаблар туфайли юзага келган дилхиралик туфайли ўрталарида йўқламайдилар. Ўша кишилар бу ожизлик, гуноҳ инсоннинг икки дунёсини куйдириб юборишини наҳотки англаб етмайдилар? Саҳобалардан бири Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан: "Ота-онам мен учун ким" деб сўрадилар. Шунда Пайғамбаримиз "ота-онанг ё жаннатинг ё дўзахинг" деб жавоб бердилар. Қайсики банда ота-онасининг дуосини олиб, уларни рози қилса, ўзига жаннатдан жой тайёрлайди, кимки бунинг аксини қилса, у охиратда дўзахдан жой олади.

"Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Оталарингизни ҳурматлаб, уларга яхшилик қилинглар, фарзандларингиз ҳам сизларга яхшилик қилишади", - дедилар. Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, фарзанд ота-онасига қандай муомала қилса, у ҳам фарзандидан ўша муомалани кўрар экан. Чунки аждодларимиз "Бу дунё қайтар дунё" деб бежизга айтмаганлар. 

Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.)дан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бир кишига қуйидагини айтганларини эшитдим: Яхшиликларнинг энг яхшиси отасининг яхши кўрганларига яхшилик қилишидир. У кетганидан кейин. Яъни отаси ўтиб кетганидан кейин ҳам". Ушбу ҳадиси шариф ҳам отанинг нақадар улуғ зот эканлигини кўрсатади. Ҳатто, уларнинг  яхши кўрган дўсларини ҳам ҳурмат қилишлигимиз лозим экан.

Солиҳ аждодларимиз ота-онага ҳурмат-эҳтиром кўрсатишда ҳамиша ибрат бўлганлар. Умар ибн Зар айтади: "Агар кундузи юрсам, ўғлим одоб юзасидан ортимда келар, кечаси эса менга бирон озор етишидан қўрқиб олдимда борар, мендан юқорида бўлмаслик учун ҳатто, мен турган уй томига ҳам чиқмас эди". Машхур ислом олими Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи оналари вафот этганларида қаттиқ йиғлаган эди. Шунда атрофидаги инсонлар ўзингиз бизларни бундай ҳолатларда сабрга чақирар эдингиз, лекин ўзингиз ҳаммадан ҳам қаттиқроқ йиғлаяпсиз-ку дедилар. Шунда у: "Қандай қилиб йиғламай, ахир бу кун  уйимдаги жаннат дарвозаси беркилиб қолдику" деган эканлар.

Шундай экан, ота-оналаримизни тириклигида қадрига етиб, уларнинг дуосини олайлик, рози қилайлик.

Ана шу амолимиз билан икки дунё саодатига мушарраф бўлишлик, ўзимизга жаннатдан жой ҳозирлашлик насиб этсин.

Абдуҳалим ҲАМРОҚУЛОВ,

 

Андижон шаҳридаги  "Ат-Термизий" жомеъ масжиди имоми.