Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Ҳар бир касб ўзига яраша масъулият талаб этади. Шифокорлик эса алоҳида масъулият талаб этадиган касбдир. Сабаби, улар инсонларнинг саломатлиги, керак бўлса ҳаёти учун жавобгар ҳисобланадилар. Бугун ана шу соҳада самарали фаолият юритаётган шифокорлар жуда кўп. Улардан бири вилоят ички ишлар поликлиникаси шифокори Раъно Зариповадир.
Раъно Зарипова 1963 йилда Андижон шаҳрида, шифокорлар оиласида туғилган. У ёшлигиданоқ ота-онаси каби шифокор бўлишни орзу қилган.
Ўрта мактабни муваффақиятли тамомлаб, 1981 йилда Андижон давлат тиббиёт институтнинг факультетига бўлимига ўқишга кирди. Ўқиш давомида устозларидан касб сирларини пухта ўрганишга астойдил ҳаракат қилди. 1987 йил ўқишни тамомлаб, вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасида меҳнат фаолиятини бошлади. Ўз билим ва малакасини, амалий тажрибасини янада бойитди. Соҳанинг етук билимдони сифатида шаклланди, ҳамкасблари, эл-юрт олдида ҳурмат-эътибор топди.
Тажрибали болалар шифокорини 1996 йилда вилоят ички ишлар поликлиникасига ишга таклиф этишди. Мана 22 йилдирки, ушбу муассасанинг педиатрия бўлимида самарали меҳнат қилиб келмоқда.
- Шифокор бўлиб етишишимда отам, таниқли шифокор, профессор Масъуд Атабоевнинг хизматлари ниҳоятда катта бўлган, - дейди Раъно Зарипова. - Қолаверса, онам ҳам врач бўлганлар. Отамдаги ғайрат-шижоат, касбига бўлган меҳр-муҳаббат мени шифокорликка бўлган меҳримни оширарди. Ҳамиша у кишидай етук шифокор бўлишни орзу қилганман. Шукрки, бугун орзу ва ниятларим ижобат бўлди.
Ишда, ҳаётимда ҳамиша оила аъзоларимга, айниқса, турмуш ўртоғим Зафаржон Зарипов, ўғлим Ашрафжон, қизим Гўзалой ҳамда набираларимга суянаман. Улар менинг чинакам қалқонларим. Набираларимдан бирортаси касбимни давом эттиришларини жуда истар эдим.
Фарзандларимиз бизнинг келажагимиз. Уларни қандай парваришласак, шундай камол топади. Шу боис ҳам, энг аввало, ота-оналар болалари саломатлигига алоҳида эътибор қаратишлари зарур. Болаларимизнинг касал бўлмаслигини истасак, эътиборли бўлишимиз, соғлом турмуш тарзи тамойилларига, оддий гигиена қоидаларига қатъий амал қилишимиз лозим.
Раъно опа ҳузурига фарзандларини олиб келган ота-оналарга ана шу гапларни айтишдан асло чарчамайди. Турли касалликларнинг олдини олиш, аҳолини тиббий маданияти ва саводхонлигини оширишга қаратилган тарғибот ишларини мунтазам олиб боради.
Соҳа ходимларининг касб байрамлари олдидан шифокорлик касбини ардоқлаб, бахт топган Раъно опа сингари тиббиёт тизимининг барча фидойи ва жонкуяр ходимларини муборакбод этамиз, Уларнинг шарафли, хайрли ва масъулиятли ишларида омадлар тилаб қоламиз.
Шифокорлик касбига бўлган меҳр Гулчеҳрада ҳали ўқиш-ёзишни билмайдиган, тили чучук қизалоқлигидаёқ уйғонганди. Ўшанда у отаси совға қилган тиббий асбоб-ускуналари бўлган «шифокор» қўғирчоқлар билан "духтир-духтир" ўйнар, "касал" ўйинчоқларни ўзича даволатгани ўйинчоқ "касалхона"сига олиб келарди.
Гулчеҳра болалигиданоқ шифокор бўлишга аҳд қилган. Ота-онаси эса қизларининг ўзлари каби ўқитувчи бўлишларини исташди. Аммо у аҳдида қатъий турди. Мактабни тамомлагач, Андижон давлат тиббиёт институтига ўқишга кирди...
Гулчеҳра Солиева асли Шаҳрихон туманининг Дўрмон қишлоғидан. Институтни тамомлаб, Асака шаҳар болалар поликлиникасига ишга кирган кезлари тақдир чархпалаги уни бўлажак қайнонасига рўбарў қилди. Қорасув шаҳар тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси бош шифокори Мунисхон Жўрабоева бу самимий, меҳнатсевар шифокор қизни кўриб, ёқтириб қолди. Гулчеҳра тушган жойида тош бўлиб қотди, палак отди. Уч нафар фарзанднинг онаси бўлди. Энг муҳими, болаликдаги орзуси ушалди. Ҳозир у кўп тармоқли марказий поликлиникада болалар шифокори бўлиб ишлаяпти.
- Беморларнинг дардига малҳам бўлиш осон эмас. Бунинг учун метиндек ирода ва мустаҳкам асаб керак, - дейди Гулчеҳра Солиева. - Мурғак гўдакларнинг жони оғриб турса-да, сизга дардини айтолмайди. Болалар шифокорида эса ана шуни англаб оладиган алоҳида салоҳият бўлиши керак. Сиз ички сезгиларингиз, қалб туйғуларингиз орқали уларга малҳам бўласиз. Албатта, ташҳис қўйиб даволашда тиббий лаборатор текширувлари муҳим роль ўйнайди. Лекин таҳлилий текширувлар орқали касалликни аниқлаш мумкин, даволаш учун эса шифокорда касбига, беморга ўзгача меҳр, қалб қўри, ишонч бўлиши керак.
Гулчеҳра турмуш ўртоғи Азизбек билан тинч-фаровон ҳаёт кечириб келмоқда. Уларнинг хонадони деярли кичик поликлиника. Маҳалла-кўй, қўни-қўшнилар яхши билишади, кимнинг хонадонида саломатлик билан боғлиқ муаммо чиқса, шифокор аёлнинг эшиги доимо очиқ. Гулчеҳра ишдан чарчаб келган дамларда ҳам турмуш ўртоғи уни қўллаб-қувватлайди, ҳар қандай вазиятда ҳам шифокор қасамёдини унутмаслиги, ҳеч кимни ноумид қайтармаслиги кераклигини уқтиради.
- Шифокорлик менга кўп нарса берди, - дейди Г.Солиева. - Бахт, омад, тотув оила, эл орасида обрў-эътибор! Бунинг учун касбимни ҳар қанча улуғласам арзийди! Шундай тинч-фаровон замонда, меҳнат қилган одам қадр топадиган юртда яшаётганимдан хурсандман. Болалари соғлом бўлган оилагина бахтли бўлади. Шундай экан, гўдакларимиз ҳамиша соғлом, оилаларимиз бахтиёр бўлсин!
ХАЛҚ МЕҲРИНИ ҚОЗОНИШ БАРЧА ШИФОКОРЛАРГА НАСИБ ЭТСИН!
(46-сон) 12 ноябрь - тиббиёт ходимлари куни
Мамлакатимизда аҳоли, хусусан, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада кўплаб ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Оналик ва болаликни муҳофаза этишни янада юқори даражага кўтаришда бу муҳим омил бўлмоқда.
Мазкур йўналишда вилоятимизда ҳам салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Гулнаҳор Абдуллаева билан суҳбатимиз ана шу мавзуда бўлди.
- Кейинги йилларда вилоятимизда аҳоли, айниқса, оналар ва болалар соғлигини муҳофаза қи-лиш борасидаги ишларни яхшилашга қаратилган қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?
- Мустақил тараққиёт йилларида юртимизда бу борада белгиланаётган чора-тадбирлар, амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳар қанча гапирсак оз. Халқимиз соғлиги, шу жумладан, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биргина жорий 2017 йилда Президентимиз томонидан тиббиёт соҳасига тааллуқли 30 ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилинди. Натижада аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва савияси янада яхшиланди.
Вилоятимизда қишлоқ врачлик пунктлари моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, оилавий поликлиникалар ташкил этилди. Айни кунда 67 оилавий поликлиника, 85 қишлоқ врачлик пунктлари самарали фаолият олиб бормоқда. Уларнинг замонавий асбоб-ускуналар, зарур жиҳозлар билан таъминланганлиги, лаборатория хоналари ташкил этилганлиги аҳолига янада кенг қулайликлар яратди.
"Саломатлик-3" лойиҳаси доирасида барча туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари тасарруфидаги тиббий муассасалар, шу жумладан болалар касалхоналари, туғруқ мажмуалари ўндан ортиқ турдаги замонавий, илғор асбоб-ускуналар, жиҳозлар билан таъминланди. Айни кунда вилоятимизда 22 та туғруқ уйи фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг барчасида ҳомиладор аёлларга малакали хизмат кўрсатиш, бехатар оналикни таъминлаш, чақалоқ ва она саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича зарур ишлар йўлга қўйилган.
Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятдаги ўсмир қизлар, фертиль ёшидаги аёллар босқичма-босқич тиббий кўрикдан ўтказилди. Айниқса, "Соғлом авлод" халқаро хайрия жамғармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тиббий кўриклар яхши самаралар берди.
Жанубий Корея давлатидан келган малакали мутахассислар вилоятимиздаги 600 яқин болаларни тиббий кўрикдан ўтказишди. 100 яқин бола хорижлик шифокорлар томонидан мураккаб пластик жарроҳлик амалиётидан ўтказилди. Бу чет давлатларга бориб соғлигини тиклашга эҳтиёжи бор, аммо имконияти етарли бўлмаган фуқароларимиз учун катта ёрдам бўлди. Бундан ташқари, Германия давлатидан ташриф буюрган шифокорлар иштирокида "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!" шиори остида ўтказилган хайрия тадбирларида нафақат болалар, балки катталар ҳам тиббий кўрикдан ўтказилди.
Вилоятда ногирон болалар туғилишининг, оналар ва гўдаклар ўлимининг олдини олиш бўйича ҳам салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, туман, шаҳар хотин-қизлар қўмиталари билан ҳамкорликда жойларда ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш борасидаги ишларимиз ижобий натижалар бермоқда. Ана шу ишлар самараси ўлароқ, вилоятимизда ўтган йилга нисбатан гўдаклар ўлими камайган.
- Маълумки, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишда патронаж тизими яхши самаралар бермоқда. Айнан мазкур тизимни ривожлантириш борасида вилоятимизда қандай ишлар олиб борилмоқда?
- Патронаж хизмати ҳомиладорлар, гўдаклар, ёш оилалар, кексалар, янги фарзанд кўрган аёллар ва парваришга муҳтож ёлғиз қария, ногирон ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга уй шароитида тиббий хизмат кўрсатиш тизими ҳисобланади. Мазкур тизим аҳолининг соғлигини муҳофаза қилиш, хасталикларни эрта аниқлаш ва олдини олиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Биз аҳолини тўққизта қатламга ажратиб олганмиз. Булар - якка-ёлғизлар, ногиронлар, болаликдан ногиронлар, ҳомиладорлар, 1 ёшгача бўлган болалар, эмланиши керак бўлган болалар ҳамда сурункали касалликлар билан ҳисобда турувчи фуқаролардир. Уларнинг алоҳида рўйхатлари шакллантирилган бўлиб, нафақат патронаж ҳамшираси, балки умумий амалиёт шифокори ҳам улар билан белгиланган кунларда тизимли ва мақсадли иш олиб боради. Масалан, сешанба ҳомиладор аёллар билан ишлаш куни, деб белгиланган. Шу куни патронаж ҳамширалар хонадонларга бориб, ҳомиладор ва чақалоғи бор оналар саломатлигини чуқур ўрганади. Бу борадаги ишларнинг тизимли йўлга қўйилгани она ва бола саломатлигига салбий таъсир этаётган ҳолатларни бартараф этиш имконини бермоқда.
Аҳолини патронаж хизмати билан тўлиқ қамраб олсак, кундузги чақирувлар сони кескин камаяди, маълум маблағни тежаш имконини беради.
- Шифокорлик - шарафли, шу билан бирга, мураккаб ва масъулиятли касб. Ушбу касб эгалари қатъиятли, фидойи, виждонли бўлишлари шарт. Шифокор - меҳрибон қалб эгаси бўлиши керак. Шундагина ҳар бир беморни тушунади, унинг дардига даво топа олади. Мен фурсатдан фойдаланиб, вилоятимизнинг барча тиббиёт ходимларини касб байрамлари билан муборакбод этаман. Уларнинг ўзлари доимо соғ-саломат, оилалари тинч бўлсин. Одамлар дардига шифо топиб, халқ меҳрини қозонишларини, юртда ардоқли инсонлар бўлишларини тилаб қоламан.
Жилғалар, ирмоқлар йиғилиб дарёга айланганидек, мен ҳам олтмиш уч йиллик умрим давомида мисқоллаб ўрганган билимларим, тўплаган ҳаётий тажрибаларимни дарё мисол эл-юрт равнақи, юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини оширишдек хайрли ишларга сарфлаётганимдан, қолаверса, жаннатмо-нанд, инсон қадри улуғланадиган, одамийлик, меҳр-оқибат ришталари мустаҳкам Ўзбекистондай гўзал юртда яшаётганимдан ҳамиша қалбим фахрга тўлади.
Ушбу фикрларни бежиз айтмаяпман. Чунки мен ҳаётимда одамларнинг дуоси ҳар қадамда мени қўллаб-қувватлашини ҳис этдим, юрт катталарининг эътибори туфайли униб-ўсдим. Айниқса, ўз даврида Шароф Рашидовдай камтар, олижаноб давлат раҳбарининг оталарча меҳрибончилиги ҳаётимда туб бурилиш ясади.
...Шижоатга тўлган, навқирон ёшлик пайтларим эди. Кўплаб тенгдошларим қатори ўқиб, билим олиш иштиёқи билан ёнардим. 1971 йилда ўрта мактабни тамомлаб, Тошкент юридика институтига ҳужжатларимни топширдим. Имтиҳонлардан ўтдиму, лекин керакли балл тўплай олмай, "мандат"да талабалар сафига қўшилиш менга насиб этмади. Бундан тушкунликка тушмай, кейинги йили албатта ўқишга кираман, деб келаси йилгача яна жиддий тайёргарлик кўрдим. Минг афсуски, иккинчи, учинчи йили ҳам шундай дилхиралик такрорланаверди. Аммо, мен барибир талаба бўламан, ўқийман, деган аҳддан қайтмадим. Андижондан Тошкентга қатнашни қўймадим. Ният хайрли бўлса, унинг оқибати ҳам хайрли бўлишига қаттиқ ишонардим. Шу боис дилимни доғламай, бардош билан олтинчи марта имтиҳонга кирдим. Аммо бу гал ҳам яна балим етмади.
Кириш имтиҳонидаги баъзи бир ноҳақликлар, таниш-билишчиликларни кўриб чидаб туролмадим. Наҳотки, ҳақиқат йўқ бўлса, энди қайси юз билан ота-онамнинг олдига бораман, дугоналарим юзига қандай қарайман, деган ўй-хаёллар бутун вужудимни қамраб олган эди. Ўша кезлари мен ҳаёт дегани абадий имтиҳондан иборат эканлигини англаб етмаган бўлсам-да, бироқ бир нарсани тушуниб етдим: ортга қайтиш йўқ, қандай қилиб бўлмасин, орзумни албатта амалга ошираман, пойтахтдан кетмайман, дея ўзимга ўзим сўз бердим.
Тошкентда қариндошим ёки бирор яқин танишим йўқ. Кўчаларни узоқ айланиб юрдим. Ўшанда билмадим, бу хаёл қаердан келди, Яратган дилимга Марказқўмнинг биринчи котиби Шароф Рашидов ҳузурига боришни, у инсон билан учрашиб, менга ёрдам беришини сўрашни солди. Эртасига эрталаб давлат раҳбари ишлайдиган идора эшиги яқинига бориб турдим. Атрофда қўриқчилар турар, агар ниятимни уларга айтсам, аниқ мени у инсон билан учраштирмас эдилар.
Кўп кутмадим. Республика раҳбари хизмат машинасидан тушиши билан узоқдан бор овозим билан салом бердим, жуда муҳим гапим борлигини айтдим. Милиционерлардан бири йўлимни тўсиб, у кишига қандай мурожаат этиш мумкинлиги тартибини тушунтира бошлаганди. Шароф ака тўхтаб менга қаради, мен томонга юрди. Менинг йўлимни тўсиб турган милиционерга ўтказиб юборинг, деган ишорани қилди. Ёнига яқин келиб, яна салом бердим.
- Юринг қизим, ичкарида гаплашамиз, - деди у киши оҳистагина.
Қабулхонага етгунча титроқ босган вужудимни сал жиловлаб олдим, у кишининг хонасига кирибоқ, илтимосимни тезроқ айтиб олай, деб мақсадга кўчдим. Шароф ака мени тўхтатиб, ўтиришга таклиф қилди. Сўнг гапиринг, деб сўзимни бўлмай, охиригача тинглагач, деди:
- Ҳаётда шунақаси ҳам бўлиб туради, фақат тушкунликка тушманг, қизим. Лекин шунча йил мақсад сари қатъий интилган иродангизга, қатъиятингизга раҳмат, деди.
У кишининг сўзларидан оталарча меҳрибончилигидан ўзимни йўқота бошлаган эдим. Сўнгра у мен ҳали пайқаб улгурмаган тугмачани босган ҳам эдики, ёрдамчиси кириб келди.
- Мени олий таълим вазири билан уласангиз.
Бир неча сония ўтгач, телефон жиринглади. Ёрдамчи Шароф акани олий таълим вазири билан улади. Давлат раҳбари у киши билан саломлашди, унга мен ҳақимда айтиб, вазиятни тушунтиргач, қўшиб қўйди:
Мен Шароф акага миннатдорчилик билдириб, қабулхонадан чиқар эканман, ўзимни гўё осмонда учиб юргандек ҳис қилардим. Мендай оддий қизга бўлган бундай эътибор кўрсатишини умуман, хаёлимга келтирмаган эдим. Шу дамда дунёда мендан-да бахтиёр одам йўқ эди.
Шу тариқа менинг ҳам олтин ёшлигим - талабалик даврим бошланди. Энди менинг бахт чироғим ўчмайдиган бўлиб ёнгандек эди. Шу тариқа йиллар йилларни қувиб ўтаверди. Лекин мени ҳаётдаги нотекис сўқмоқларидан текис йўлга солиб қўйган, ўқиш шарафига муяссар қилган олижаноб - Шароф ака Рашидовдек инсоннинг ишончини оқлаш учун бор имкониятимни ишга солдим. Натижа ҳам шунга яраша бўлди, олий ўқув юртини "қизил диплом" билан битирдим.
Меҳнат фаолиятимни адвокатлик касбига бағишладим. Фаолиятим давомида суд ҳокимияти ва адвокатуранинг обрўсини ошириш, жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга астойдил ҳаракат қилдим, шу йўлда сидқидилдан меҳнат қилдим.
Бугун юртимизда олиб борилаётган одилона сиёсат туфайли халқимизнинг чин маънодаги ҳурмат ва эътиборига сазовор Шароф Рашидовдек буюк инсоннинг номи тикланди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини кенг нишонлаш ҳақидаги қарор бутун халқимизнинг дилидаги иш бўлди. Мен бу қарорни эшитганимда кўзларимдан беихтиёр ёш чиқиб кетди. Қалбимда бахтиёрлик, ғурур ва ифтихор туйғуси жўш урди.
Яхши инсон номи ўчмаслигига, эзгу амаллари унут бўлмаслигига яна бир бор иқрор бўлдим. Кўз олдимда ёшлигим, ўқишга киришим саҳифалари қайта жонланди. Бутун умрим давомида ҳаётда эришган ютуқларимнинг бош сабабчиси сифатида Шароф акани, унинг мендек оддий бир қизга кўрсатган ёрдамини ардоқлаб, ҳамиша миннатдор бўлиб яшадим. Юрагимда доимо Шароф ака билан яна бир бор учрашиб, ҳаётимни изга тушиши, орзуларимнинг ушалишида кўрсатган оталарча ёрдами учун миннатдорчилик билдирсам, деган ўй билан яшардим. Афсус, ундай имконият бўлмаган. Мана шу "қарздорлик" ҳисси қалбимни бир четини тилиб турарди гўё. У инсон оламдан ўтгандан кейин фарзандларим билан у инсоннинг қабрини тез-тез зиёрат қилиб, бундан руҳий қувват олардим.
Мақола баҳона дилимдаги Шароф Рашидов билан боғлик унутилмас ва гўзал хотираларни қоралаб, қалбим бироз таскин топгандек бўлди. Юрагимдан ана шундай буюк инсоннинг минглаб оддий кишиларга қилган яхшилигидан мен ҳам баҳраманд бўлганман, деган ширин туйғу асло ўчмайди. Юртимиз раҳбарлари ҳамиша, ҳамма даврларда ҳам адолатли, халқи бахт-саодати, фуқаролари тинчлиги, фаровон ҳаёти учун қайғуриб яшашларини биринчи Президентимиз Ислом Каримов ва у киши бошлаган улуғвор ишлар давомчиси юртбошимиз Шавкат Мирзиёев фаолияти мисолида яна бир бор кўриб турибмиз. Халқпарвар, юртпарвар мана шундай юртимиз улуғлари билан ҳамиша фахрланамиз. Шароф Рашидовдай улуғ инсонга бошим ерга теккунча таъзим қиламан, у кишининг ёрқин хотирасини асло унутмайман. Яратган у зотнинг охиратини обод қилган бўлсин.
Ўқувчи қизларнинг кийиниш маданияти янада юксалади
(46-сон) давра суҳбати
Қўрғонтепа тиббиёт коллежида "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан, касб-ҳунар коллежлари ўқувчи қизларининг кийиниш, муомала, одоб-аҳлоқ ва нутқ маданиятини юксалтириш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси, туман хотин-қизлар қўмитаси ҳамда тумандаги коллежлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда сўз олган Қўрғонтепа тумани ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф. Абдуллаева, Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари А. Исроилов, тиббиёт коллежи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари М. Аҳмедова, хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси Б. Абдураҳмонова ва бошқалар олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталдилар.
Тадбирда "Ахлоқ ва мукаммаллик", "Кийиниш маданиятининг нозик жиҳатлари", "Қизларга хос ибо ва ҳаёни шакллантириш", "Ўқувчи қизларда муомала ва кийиниш маданиятини юксалтиришнинг муҳим омиллари", "Қизлар қалбига одоб-ахлоқ қоидаларини сингдириш, уларнинг оилада, жамиятда ўз ўрнини топишларида психологик кўникма ва маънавий етукликни шакллантириш" сингари қатор мавзуларда маърузалар тингланди. Туманда ана шу йўналишларда олиб борилаётган ишлар атрофлича таҳлил этилди. Иштирокчилар томонидан маърузалар ҳамда бу борадаги ишларни янада юқори даражага кўтариш, самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Айниқса, тарғибот ва тушунтириш ишларини, ўқувчиларнинг газета, китоб мутолаасига бўлган қизиқишларни янада кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбир доирасида иқтидорли, ижодкор ва ҳунарманд қизларнинг ижод намуналари кўргазмаси ташкил этилди. Шунингдек, тиббиёт коллежи ўқувчилари томонидан тадбир мавзуига оид саҳна кўринишлари намойиш этилди, рақс, куй ва қўшиқлар ижро этилди.
Мазкур тадбир мутахассислар, ўқувчиларнинг мавзу доирасидаги билим ва тушунчаларини оширишга, ўзаро тажриба алмашишларига, илғор тажрибаларни оммалаштиришга хизмат қилди.
ШАРОФ РАШИДОВ ХОТИРАСИГА БАFИШЛАНГАН ТАДБИР БЎЛИБ ЎТДИ
(46-сон) тадбир
Бутун мамлакатимизда бўлгани каби вилоятимиздаги меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида ҳам атоқли давлат ва жамоат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган хотира, адабий, маънавий-маърифий кечалар, тадбирлар ўтказилмоқда.
"Андижоннома" ва "Андижанская правда" газеталари таҳририятида атоқли давлат ва жамоат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланиб ўтказилган хотира тадбири ҳам ана шундай тадбирлардан бири бўлди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлимлари ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Президентимизнинг жорий йил 27 мартдаги "Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида ўтказилган мазкур тадбирда давлат, жамоат ташкилотлари вакиллари, ёзувчилар, меҳнат фахрийлари, оммавий ахборот воситалари ва ёшлар вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Н. Саидов ва бошқалар Шароф Рашидовнинг давлат арбоби, ижодкор сифатидаги кўп қиррали фаолияти хусусида сўз юритдилар. Унинг раҳбарлигида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди.
- Шароф Рашидов номи халқимиз қалбидан ҳеч қачон ўчмайди, - дейди меҳнат фахрийси, Ўзбекистон Қаҳрамони Сиёсатхон Абдуллаева. - Чунки юртимиздаги кўплаб улкан бунёдкорлик ишлари, маънавий, маданий ҳаётимиздаги воқеалар, ўчмас хотиралар ана шу инсон номи билан бевосита боғлиқ.
Тадбирда "Шароф Рашидов - ўзбек халқининг бахт-саодати йўлида фидокорона курашган буюк инсон, атоқли давлат ва жамоат арбоби", "Шароф Рашидов - ўзбек миллий адабиёти ривожига улкан ғисса қўшган ижодкор" сингари қатор мавзуларда маърузалар ўқилди.
Ўз даврида атоқли давлат арбоби билан бир даврда ишлаган, у инсон билан учрашиб, суҳбатларидан баҳраманд бўлган меҳнат фахрийлари ўз хотиралари билан ўртоқлашдилар. Ёш ижодкорлар томонидан улуғ адиб қаламига мансуб шеърлар ўқилди, унинг шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар ижро этилди.
Тадбир доирасида Шароф Рашидов асарлари, унинг бевосита Андижон ва андижонликлар билан боғлиқ фаолияти акс этган фотосуратлар кўргазмалари ташкил этилди.
- Ушбу кўргазма орқали атоқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидовнинг ҳаёти, фаолияти ва ижоди ҳақида жуда кўп маълумотларга эга бўлдик, - дейди Андижон давлат университети талабаси Гулчеҳра Зоҳидова. - Ана шундай улуғвор ишларни амалга оширган халқимизнинг буюк вакиллари борлигидан қалбимиз фахрга тўлди.
Якунда меҳмонларга ош тортилиб, улуғ инсон ҳақига қуръон тиловат қилинди.
"Пул совурдинг, эмиш, - ўйлади Жасур, - яхшиям, ўзим топаман, агар сиздан бир сўм сўрасам борми..." У бувасининг қурумсоқлигини, пулни яхши кўришини билади. Шунинг учун яна индамади. Гапнинг қайси нишабга бурилиши маълум. Энди нима деб қутулсин? Ўтган сафар шу мавзуда гаплашганларида, бир амаллаб қутулган эди. Бобоси, барибир, отасига ўзининг айтганини қилдириши турган гап. Тўйларигаям ялина-ялина зўрға кўндиришган. Бувисининг айтишига қараганда, ёшликларида Рухсоранинг бобоси - Абдулла бобо билан ўрталарида жиддий келишмовчилик бўлган экан. Буёқда бобоси, уёқда Рухсоранинг бувиси Меҳри ая роса оёқ тирашганди. Абдулла бобо Шерали бобога нима қилган - буни иккала ёш билишмасди. Ўтган ўтди-ку, нега уларнинг душманлиги деб Рухсора билан у азобланиши керак? Жасур сира тушунолмайди. Шу билан бирга, бобосидан ҳайиқади ҳам. Бобоси унинг сукутига узоқ тоқат қила олмади:
- Гап бундай! - деди у қатъий. - Иккала қулоғинг биланам эшитиб ол. Агар мени десанг, хотинингнинг жавобини берасан, бўлмаса, дуойибад қиламан, уқдингми?
Жасур ялт этиб, бувасига қаради.
- Бува, нималар деяпсиз? Менга ундан бошқаси керак эмас, биласиз-ку... Сабр қилайлик, бўлиб қолар, ахир, ноумид шайтон...
Шерали буванинг баттар жаҳли чиқди:
- Ўв, менга қара! Сен менинг биринчи неварамсан, чевара кўрмай ўтиб кетиш ниятим йўқ, беш кунлигим қолдими-йўқми... - у бироз тин олди-да, гапга нуқта қўйди, - гап тамом, мени десанг, жавобини берасан, бўлмаса, ўзингдан кўр, бола, бир умр унмайсан кейин...
* * *
Узоқ жимликдан сўнг, ниҳоят, отаси деди:
- Ўзинг ҳал қил, ўғлим! Мен бир нарса дея олмайман. Буванг шунчалик қистаётган бўлса, ноиложман, унга қарши боролмаймиз...
- Отаси, - Ойдин хола эрига таъна аралаш қаради, - нима деяпсиз? Ажратамизми энди, шу ният билан келин олганмидик?
- Нима қил, дейсан? - Ҳамдам ака оғир уҳ тортди, - менга қолса, шундай дермидим?
Гулнигор чизган суратларга боқиб, болаликнинг беғубор тасаввурини, ёшликнинг бетакрор нафосати-ю, юртимизнинг беқиёс гўзаллигини ҳис этасиз. Санъатнинг нафис, шу билан бирга, инсон руҳиятига ошуфта оламига ташриф буюрасиз.У ҳали ёш бўлишига қарамасдан, ўз иқтидорини суратларга муҳрлай олди.
Гулнигор Тоҳирова болалигиданоқ тасвирий санъатга меҳр қўйди. Фарзандининг истеъдодини пайқаган ота-онаси уни вилоят тасвирий санъатга ихтисослашган мактаб-интернатга олиб келдилар. Гулнигор санъат даргоҳининг остонасига илк қадам қўйган дамларини ҳаяжон билан эслайди. Мактабда ўқиш давомида у ўз иқтидор ва салоҳиятини намоён этиш учун тинимсиз ҳаракат қилди, мўйқаламни қўлдан қўймади, тинимсиз изланди.
Аввалига мактаб-интернатда оғизга тушди, сўнг туман, вилоят, республика танловларида муваффақиятларга сазовор бўлди. 2012 йили "Баркамол авлод" болалар ижодиёти фестивали республика босқичида унинг "Буюк ва муқаддассан, мустақил Ватан" мавзусидаги кўргазмаси юқори баҳоланиб, фахрий ёрлиқ билан такдирланди. Бу унинг муваффақиятлари дебочаси эди. Шундан сўнг у вилоят, республика миқёсидаги кўрик-танлов, кўргазмаларда мунтазам иштирок эта бошлади. 2015 йилда Ўзбекистон Бадиий академиясининг мақтов ёрлиғи, "Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24 йиллиги"га бағишланган кўрик-танловда махсус сертификат, 2016 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар саралаш вилоят босқичи ғолиби, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти томонидан уюштирилган "Энг яхши плакат" танловининг ғолиби бўлди. Гулнигор Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Джон Мак Грегор томонидан махсус диплом ва компьютер совғаси билан тақдирланган.
Яқинда Ўзбекистон ҳамда Жанубий Корея Республикалари ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининиг 25 йиллиги, шу миллат вакиллари мамлакатимизда яшаётганлигининг 80 йиллигига бағишланган ўзбек ва корейс маданияти кунлари доирасида "Ўзбекистон ва Корея дўстлиги" мавзусидаги расмлар танловида ҳам иштирок этди. Гулнигор чизган сурат кореялик меҳмонлар эътирофига сазовор бўлди. Корея Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У ёш истеъдод соҳибасига махсус диплом ва смартфон совға қилар экан, суратни ўзи билан олиб кетишини, у икки давлатнинг азалий дўстлиги рамзларидан бири бўлиб қолишини таъкидлади.
- Санъат шундай жозибага эгаки, инсонни ўзига мафтун этмай қўймайди. Бундай ижодий қудратни тангри қалбимизга жойлади. Шунинг учун ҳар бир асар бизнинг қалбимиздан яралади. Балки шундан ижодкор кишининг табиати гўзал бўлади. Мен ҳамиша ана шу гўзалликка интиламан, - дейди Гулнигор.
Гулнигор Тоҳирова ҳозирда Андижон санъат коллежи "Амалий графика рассоми" йўналишининг 3-босқичида таҳсил олмоқда. У келгусида билим олишни Камолиддин Беҳзод номидаги республика миллий рассомчилик ва дизайн институтида давом эттирмоқчи. Санъат йўлида орзулари бир олам бу иқтидор соҳибасига улкан парвозлар тилаб қоламиз.
Халқимизнинг мумтоз наволари, куй сеҳри неча йиллардан буён қалбларимизни ҳаяжонга солиб келади. Ана шу сеҳр булоқбошилик ҳуснидабону Толипованинг қалбини тўрт ёшдалигидаёқ асир этган.
Оиладаги санъатга бўлган меҳр ва муҳаббат ҳуснидабонуни раққоса сифатида шакллантирмоқда. Унинг ана шу иқтидори йил сайин ўсиб бормоқда.
Жажжи иқтидор соҳибаси рақс борасида илк сабоқни боғчада тарбиячисидан олди. Қизидаги истеъдод, қизиқиш ва интилишини қўллаб-қувватлашни мақсад қилган ота-онаси уни туман маданият бўлими қошидаги рақс тўгарагига олиб борди. Мана бир неча йилдирки, у Муаззамхон Мадраҳимова раҳбарлигидаги "Гулсанам" гуруҳида ўзбек миллий рақс сирларини ўрганиб келмоқда.
Истеъдодли ҳуснидабону 6 ёшида "Янги авлод" кўрик-танловининг вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритиб, республика босқичида ғолиблар қоторидан жой олди. 2014 йил эса "Истиқлол ғунчалари" кўрик-танловининг республика босқичида "Дилхирож" рақсини маҳорат билан ижро этиб, биринчи даражали диплом билан тақдирланди. "Санъат ғунчалари" танловининг вилоят босқичида фаол иштирок этди. 2015 йил 9 ёшида эса "Камалак юлдузлари" кўрик-танловининг республика босқичида "Шўх қиз" доира рақси билан барчанинг эътиборини қозониб, совриндор бўлди.
Хуснидабону Толипова туман, вилоят миқёсида ўтказилаётган кўплаб тадбирларда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Нафақат санъат, балки ўқишда ҳам аълочи бўлган бу қиз бўш вақтларида бадиий китоблар ўқийди, айниқса, инглиз тилини ўрганишга алоҳида меҳр қўйган. Мактабдаги она тили ва адабиёти фани ўқитувчисидан шеър ёзиш қонун-қоидаларини ўрганмоқда.
Жажжи раққосанинг миттигина юрагида улкан орзулари бор. У келажакда таржимон бўлишни ният қилган. Қолаверса, ҳар бир ўзбек қизининг орзуси бўлган Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлиш, халқимизга нафи тегадиган, ўз касбининг устаси бўлиб етишиш учун ҳаракат қилмоқда.
У хиром этган гўзал рақслар жозибаси кўнгилларга сурур бахш этаверади.
Ҳозирда рўзғорда ишлатаётган идишларимизнинг қандай материалдан эканлиги, ундан нима тайёрлашда фойдаланишимиз мумкину қандай жараёнларда ишлатиб бўлмаслиги масаласига кўп аёлларимиз у қадар эътибор қаратмайди. Лекин бу масала нафақат ўзимиз, балки бутун оиламиз саломатлиги учун ўта муҳим ҳисобланади. Қуйида қандай идишни қай тарзда, қай ҳолатда ишлатиш мақсадга мувофиқлиги хусусида сўз юритамиз, опа-сингилларимизнинг хавфсиз идишни танлаб олишларига ёрдам берамиз.
Шиша идиш
Иссиқликни узоқ сақлайди, ҳеч қандай бегона таъм ва ҳидларни бермайди.Таомни тайёрлашда ҳам, сақлашда ҳам ундан бемалол фойдаланиш мумкин.
Титан ва зангламайдиган пўлатдан тайёрланган идишлар
Бундай идишлар ўта чидамлидир. Зангламайдиган пўлатдан тайёрланган идиш оксидланмайди, яъни ўз ҳолатини йўқотмайди. Унда қайнатилган ва сақланган маҳсулотлар ўз хоссалари, таъми, ҳатто витаминларининг таркиби ҳам бузилмайди. Лекин бундай идишлар таркибидаги никель аллерген ҳисобланади ва тери касалликларини келтириб чиқариши мумкин. Уларда кўпроқ аччиқ овқатларни тайёрлаган маъқул.
Эмалланган идиш
Бундай идишларда овқат пишириш, хоҳлаган маҳсулотларни сақлаш, чўчимай тузлама, маринадлар тайёрлаш мумкин, лекин бундай идишлар кўп ҳолларда мўрт бўлади. Эҳтиётсизлик туфайли эмалланган қатлами озгина кўчиб кетиши билан идишда коррозия бошланади, синиши ва дарз кетиши осонлашади.
Сопол идишлар
Бундай идишларда қадимдан овқат пиширилган, одамлар томонидан рўзғорда кенг фойдаланиб келинган. Унда тез айнийдиган таомларни сақлаш мақсадга мувофиқ. Лекин ҳозирда уларнинг ички юзаси силлиқ бўлиши учун соғлиғимизга хавф солувчи - қўрғошин тутиши мумкин бўлган эмаль билан қопланмоқда. Унинг зарарли таъсиридан халос бўлиш учун ишлатишдан олдин идишни сув билан аралаштирилган уксус эритмасида чайиб юбориш мақсадга мувофиқ.
Алюминий идишлар
Аччиқ ва нордон овқатлар пишириш, сабзавотларни қовуриш ва димлаш, сут қайнатиш, тузлама ва маринадларни сақлаш тавсия қилинмайди. Озгина иситганда ҳам кучсиз кислоталар ва ишқорлар темирнинг ҳимоя пардасини емиради ва алюминий бизнинг овқатимизга тушади. Лекин унинг яхши томони, бўтқалар пишириш учун эмалланган идишга қараганда қулайлигидир. Алюмин идишларда пишириш мумкин, лекин пишган овқатни унда сақламаслик керак.
Чўян идиш
Уни ҳисобдан чиқармаслик керак. Чўян идиш оғир бўлса ҳам унда овқат деярли куймайди, секин исийди (шунинг учун ҳам унда димланадиган таомларни тайёрлаш мақсадга мувофиқ), қолаверса, чўян идишдаги таом асл ҳолати ва иссиқлигини узоқроқ сақлайди.
Пластмасса идишлар
Ҳозирги кунда пластик идиш, айниқса бир марта ишлатиладигани кенг тарқалган. У ҳақиқатдан ҳам жуда қулай. Унда бўтқа пишириб бўлмайди - эриб кетади. Аммо, бундай идишлар маҳсулотларни ташиш учун жуда қулай. Шу билан бирга, у синмайди ҳам. Лекин меламиндан тайёрланган пластик идишлардан эҳтиёт бўлиш керак. Агар сиз идишнинг орқа тарафида меламин деган ёзувни кўрсангиз, бу идишни умуман, сотиб олманг, ишлатманг ҳам. Меламин таркибидаги формальдегид иссиқ сув билан реакцияга киришади. Айниқса, идиш салгина қирилган бўлса, ўша модда овқатга ажралиб чиқади.
Бир марталик пластик идишлар кўпроқ атроф-муҳитнинг ифлосланишига сабаб бўлади. Бунинг олдини олиш учун уни иккиламчи қайта ишлашга топшириш тизимини йўлга қўйиш зарур.
Пластмасса идишни ишлатиш бўйича маслаҳат ва тавсиялар:
- пластикдан тайёрланган идишларни ишлата туриб, уларда хавфсизлиги ҳақида маълумот берувчи тамға борлигига эътибор беринг.
- Идишларни фақат у заҳарли эмаслиги кўрсатилган сифат сертификати борларини сотиб олинг;
- ўткир ҳиди бор пластмасса идишларни сотиб олманг;
- уларни иссиқ ичимликлар, овқат ташиш ҳамда сақлаш учун ишлатманг, чунки исиқ таъсирида заҳарли моддалар ажралиб чиқиши ортиб кетади.
Зилола ИБРАГИМОВА,
Андижон вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мутахассиси.