Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР ПРОФИЛАКТИКАСИ - ТИНЧЛИК ВА ОСОЙИШТАЛИГИМИЗ ГАРОВИДИР!
(47-сон) Мутахассис минбари
Мамлакатимизда ёш авлодни баркамол инсонлар этиб вояга етказиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада қабул қилинган қонун ҳужжатлари, қатор фармон ва қарорлар мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Айни кунда қарийб 3 миллион нафардан ортиқ вилоятимиз аҳолисининг деярли ярмини ёшлар ташкил этади. Ана шу ёшларимизнинг ҳар жиҳатдан етук, баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш масаласи бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири саналади. Айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқий билимларини юксалтириш, жамиятдаги жараёнларга даҳлдорлик ҳиссини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилда қабул қилинган "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисидаги"ги Қонуни мазкур йўналишдаги ишларни тартибга солиш, юқори бос-қичга кўтаришда муҳим дастурилмал бўлмоқда. Ушбу қонунда вояга етмаганларнинг назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарликлари профилактикаси тизими органлари ҳамда муассасаларини, улар фаолиятининг асосий вазифалари, принциплари ва йўналишлари, вояга етмаганлар, уларнинг оилалари билан якка тартибда профилактика ишларини ташкил этиш асослари ҳамда тартиблари белгилаб берилган.
Қонунда шунингдек, вояга етмаган ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ҳунар ўрганишга кенг жалб этиш, жамиятга керакли шахс бўлиб вояга етишларини таъминлаш, бу борада оила, жамоат ташкилотларининг ўрни ва ролини ошириш, тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган вазифалар ҳам аниқ кўрсатиб ўтилган.
Вилоят адлия бошқармаси томонидан мазкур қонун доирасидаги ишлар самарадорлигини ошириш, қонунни аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш, ёшлар тарбиясига бўлган эътиборни кучайтиришга қаратилган кўплаб чора-тадбирлар белгиланиб, амалий ишлар олиб борилмоқда. Жойларда, хусусан, мактаб, лицей ва коллежларда, маҳаллаларда ёшлар, уларга масъул бўлган шахслар, ота-оналар билан учрашувлар, давра суҳбатлари, тушунтириш-тарғибот тадбирлари олиб борилиб, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ҳамда фуқаролик масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таълим муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, Ёшлар иттифоқи, ҳудуддаги профилактика инспекторлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган. Қонун доирасида олиб борилаётган самарали чора-тадбирлар натижасида вилоятимизда ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар сони ўтган йилга нисбатан кескин камайган.
Xулoсa қилиб aйтгaндa, мазкур қонун мамлакатимиз ёшларининг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини ошириш, уларни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, энг муҳими, ёшларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларини тўла-тўкис таъминламоқда.
Вaтaн тaқдири, порлоқ келажаги бугун ёшлaргa кўр-сaтилaётгaн эътиборга бoғлиқ. Шу маънода юртимизда ёшлар камолоти учун яратиб берилаётган имкониятлар ҳақида ҳар қанча гапирсак, камлик қилади. Фақат ёшларимиз ана шу эътибор ва ғамхўрликка мунoсиб жавоб қайтарсалар, ярaтилгaн кенг имкoниятлaрдaн самарали фойдаланиб, эл-юрт равнақи, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлида астойдил меҳнат қилсалар, Ватанимиз шубҳасиз, янада гуллаб-яшнайди.
Гавҳарбек САТТАРОВ,
Андижон вилояти адлия бошқармаси
инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бош маслаҳатчиси.
Ўзбек аёли деганда киши кўз олдида эгнида атлас кўйлагу бошида укпар дўппи ёки ҳарир рўмоли бўлган гўзал бегойимлар, қиз-жувонлар гавдаланади. Бутун дунё ўзбекни ана шундай миллий либосларда танийди. Дўппи, чопон ва белбоғ, атласу адрас бизнинг миллий рамзларимиздир.
Тўғри, замон ўзгармоқда, ҳозирги ёшлар замонга қараб, ўз тенг-тўшлари орасида урф бўлган либосларни кийгиси келади. "Замондан ортда қолиб, тенгдошлари орасида масхара бўлишни қайси йигит-қиз хоҳлайди", дерсиз. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам, миллийлигини унутмаган, анъана ва қадриятларни эъзозлаган, уйида ўзбекона муҳитни сақлаб қолган замонавий оилалар қанча?! Шундай экан, кийиниш борасида гап кетганда ёшларимиз модани рўкач қилиб, миллатимизга, миллийлигимизга зид бўлган либосларни кийишга ружу қўймасликлари керак.
Яқинда марказий телеканаллардан бирида бир рус қиз "Ўрик гуллаганда" қўшиғини айтиб чиқди. Ўзга миллат вакиласи бўлса-да, ўзбек тилидаги қўшиқни маромига етказиб куйлади, барака топсин. Эътиборлиси, хонанда атлас кўйлак ва дўппида, сочи иккита ўрилган эди. Беихтиёр кўзларимга ёш келди. Айрим пайтларда эстрада йўналишидаги баъзи бир хонанда қиз-аёлларимизнинг очиқ-сочиқ кийинишлари, саҳнада беўхшов қилпиллашларини кўриб, ҳайратдан ёқа ушлайман. Қани миллийлик, қани одоб-андиша?! Қани ўзбек санъати, миллий қадриятларга ҳурмат, қани кийиниш одоби?
Ўзбек қизларининг ўзлари миллий либосларимизни кийишдан ор қилсалар, ўзбекона кийимларни урфдан қолган, деб ҳисобласалар, ҳатто кийиниш борасида ҳам ғарбга тақлид қилсалар, бу билиб, англаб туриб, жаҳолатга юз буриш билан баробар эмасми?
Тўғри, фуқароларнинг қандай кийиниши, юриш-туриши билан боғлиқ ҳолатлар қонунда ёзилган эмас. Бу борада ҳар бир кишининг ўз ихтиёри, хоҳиш-истаги бор. Бироқ, бу дегани, ўзбошимчалик, ҳаёсизлик, бебошлик қилиш мумкин, дегани эмас. Айрим ёшларимиз шунчалик беҳаё кийинадиларки, кўрган одам кўзини олиб қочади ёки ерга қарайди. Беихтиёр атрофингдаги эркаклардан ҳижолат тортасан. Гўёки шу кийимларни ўша ёш эмас, худди ўзинг кийиб олгандек. Гўё улар бизга қараб, "сизлар мураббий ўқитувчиларсиз, онасиз, қизларга айтсангиз бўлмайдими? Бундай либослар киймасин" деяётгандек туюлади.
Бундай кийинган қизларни "беҳаё" дейишдан ҳижолат бўламан. Чунки у ҳам бизнинг қизимиз, бизнинг фарзандимиз, ўзбек деган миллат вакиласи. Бу ҳақда жуда кўп гапириляпти. Аммо минг афсуски, ўзимиз истагандек натижаларга эриша олмаяпмиз. Демак, бу нарса кийиниш маданиятини юксалтириш борасида ҳали қиладиган ишларимиз кўп эканлигини кўрсатади. Менимча, ёшларимизнинг бундай "қулоқсиз" бўлиб улғайишларига, биз катталар, ота-оналар айбдормиз, улар билан етарли даражада тарбиявий иш олиб бора олмаяпмиз.
Бир ривоят ҳақида эшитгандим. Кунларнинг бирида машҳур табибнинг ҳузурига бир ота-она ташриф буюриб, фарзандининг қулоқсизлигидан шикоят қилибди. "Фарзандимизга асал мумкин эмас, аммо у қулоқ солмайди, "емагин"десак, қайтанга кўпроқ еб қўяди", дейишибди. Табиб уларга болани қирқ кундан сўнг олиб келишларини буюрибди. Қирқ кун ўтгач, ота-она боласини яна табиб ҳузурига олиб келибдилар. Табиб боланинг бошини силаб туриб, "Энди асал емай тургин болам, хўпми?!" - дебди. Бола "хўп!" дебди. Шундан сўнг у асални умуман, оғзига олмабди.
Бундан ҳайрон бўлган ота-она табибдан ахир бу гапни ўтган сафар ҳам айтишингиз мумкин эдику, қирқ кундан сўнг айтишингизнинг боиси нимада, деб сўрашибди. Шунда табиб: "Болангизни олиб келишингиздан олдин мен ҳам асал еган эдим. Ўзим еб туриб, унга "ема" деб айтсам, бу болага таъсир қилмас эди. Сиз кетганингиздан сўнг мен қирқ кун асал емадим. Асал менинг танамдан бутунлай чиқиб кетгачгина, болага асал емасликни тайинладим. Аввал ўзим амал қилдим, шунинг учун бу болага таъсир қилди", деган экан. Бундан шундай хулоса қилишимиз керакки, кийинишда, тарбияда аввало, ёшларга ўзимиз катталар, зиёлилар ибрат, намуна бўлишимиз керак.
Фарзандларимизга "миллий либос - фахримиз" эканлигини уқтиришдан олдин ўзимиз миллийликка амал қилайлик. Қизлари учун сеп-сидирға йиғаётган аёллар, бугун сандиғингизда миллий матолардан нималар бор? Ўғлининг йиртиқ шим кийиб, сочини «гел»лаётганини кўрган отанинг ўзида миллий дўппи борми? Бозордан турли замонавий либослар сотиб оласиз, аммо миллий байрамларимизда ҳеч бўлмаса чопон кийиб белингизни боғлайсизми? Ёки миллий чопонимиз фақат аза ва маъракаларда кийиб туриш учунгина кийим жавонимизда сақланяптими? Ўзбекона кийинишга, миллийлигимизни сақлаб қолишга авваламбор, ўзимиз риоя қилсак, фарзандларимизнинг ғарб маданиятига тақлид қилиб кийинишларига ҳожат қолмайди. Ахир қуш уясида кўрганини қилади-ку, шундай эмасми?!
Талабаларимиз ўқишга албатта дўппи, атласу адрас кийиб борсин, демоқчи эмасман. Демоқчи бўлганим, турли очиқ-сочиқ, йиртиқ-ямоқ кийимлар кийгандан кўра, оддий, арзон нархдаги матолардан ўзларига ярашадиган, юришга қулай, ўта узун ҳам, калта ҳам бўлмаган либослар тикдириб кийсалар, йигитларимиз эса турли бачкана урфларга берилмай, ҳақиқий эркакларга мос ва хос либосларда юрсалар, нур устига нур бўлар эди.
Ўктамхон РАҲМОНОВА,
Асака саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.
Хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатлари доимий эътиборда
(47-сон) 2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили
Туманимизда 34 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг деярли ярмини хотин-қизлар ташкил этади. Таъкидлаш жоизки, бўзлик опа-сингилларимиз туман ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча жабҳаларида фаол иштирок этиб, самарали меҳнатлари билан юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Жамият кўзгуси, соғлом келажак бунёдкорлари бўлган муҳтарама аёлларимизнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ишларидаги ўрни ва роли ниҳоятда катта. Юртимизда бўлгани каби туманимизда ҳам уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, саломатликларини сақлаш, ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Туманда турли соҳаларда фаолият олиб бораётган фаол ва етакчи хотин-қизларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш, уларни қўмита атрофига жипслаштириш мақсадида қўмитамиз қошидаги "Сиёсатчи аёл", "Раҳбар аёл", "Ҳуқуқшунос аёл", "Фермер аёл", "Ижодкор аёл", "Аёл ва спорт" сингари жамоатчилик уюшмаларига жалб этганмиз. Шунингдек, меҳнат жамоалари, таълим муассасалари ҳамда маҳаллаларда қўмитанинг бошланғич ташкилотлари фаолияти ҳам самарали йўлга қўйилган. Касб-ҳунар коллежлари, умумтаълим мактабларида иш олиб бораётган "Ораста қизлар" тўгараклари машғулотлари эса қизлар билан олиб борилаётган ишлар самарадорлигини оширишга яқиндан ёрдам бермоқда.
Туман "Аёллар маслаҳат маркази"да ҳуқуқшунос Замирахон Абдураҳимова, руҳшунос Машҳура Холмуҳаммедова томонидан олиб борилаётган ишлар, Холисхон Исақова раҳбарлик қилаётган "Қайноналар мактаби" жамоатчилик уюшмаси, Иродахон Ҳасанова етакчилигидаги "Ёш лидер қизлар" тўгараги фаолияти ҳам алоҳида эътирофга сазовор. Ана шу уюшмаларнинг масъул ходимлари томонидан ҳафтанинг белгиланган кунлари хотин-қизлар қабул қилиниб, уларнинг таклиф ва муаммолари ўрганилмоқда ва имкон қадар ижобий ҳал этилмоқда.
"Аёллар маслаҳат маркази"да "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, хотин-қизлар билан мулоқотни тизимли ташкил этиш мақсади ҳафтанинг ҳар шанба куни туман хотин-қизлар қўмитасининг алоҳида қабули ўтказилиб келинмоқда. Бу давлат идоралари билан халқ ўртасидаги тўсиқни бартараф этиш, хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш, ижтимоий фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Оилавий ажримлар масаласи айни кунда қўмитамиз олдида турган энг долзарб ва оғриқли масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Бу борада фаолларимиз, бошланғич ташкилотларимиз етакчилари томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда зарур барча ишлар олиб борилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, жорий йилнинг ўтган даврида оилавий ажримлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камайган.
Ажримлар ўрганилиб, таҳлил қилинганда энг аввало ёшларимизнинг оилавий ҳаётга руҳан тайёр эмаслиги, бесабрлиги, шошқалоқлиги, борига шукр қилмасликлари, оила аъзоларига, айниқса, қайнота-қайнонага бўладиган муомала-муносабат ҳақида етарли тушунчага эга эмасликлари сабаб бўлаётганлиги аён бўлмоқда. Янада ачинарлиси, айрим қизларимиз ўта эрка, ҳатто, эрни, қайнона-қайнотани иззат-ҳурмат қилишни ҳам билмайди.
Оиланинг мустаҳкам оила бўлиб шаклланишига сабр-қаноат билан эришилади. Тилни тия олмаслик, қайнона қайнаганда бир гапдан қолмай гап қайтариш, эрни ўзига бўйсундиришга уриниш ҳолатлари учраётганлиги барчамизни бирдек ташвишга солади. Бу каби ҳолатлар бутун оилани парокандаликка юз тутишига, парчаланишига олиб келаётир. Ўртада норасида гўдаклар ота ёки она меҳридан бенасиб бўлиб қолмоқда. Бу бизни турмуш қуриш арафасидаги ёшлар, айниқса, қизлар билан янада жиддий иш олиб боришимизни тақозо этади. Энг аввало, қизларимиз тарбиясига, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз керак.
Туманимиздаги мавжуд 25 та маҳалла фуқаролар йиғинида фаолиятимизнинг барча йўналишлари бўйича жамоат ва давлат идоралари, айниқса, оила-маҳалла-таълим муассасаси ҳамкорлиги тизими яратилган бўлиб, самарали ишлар олиб борилмоқда. Маҳаллаларда "Орасталик - умр безаги", "Остонаси тиллодек бўлсин", "Балоғат ёшидаги қизларнинг репродуктив саломатлиги", "Қайнонам менинг - онам менинг" мавзуларида йиғилиш, давра суҳбатлари мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Уларда кўпни кўрган, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган онахонларимиз томонидан ёшларга панд-насиҳатлар, оиланинг муқаддаслиги, оилавий ҳаётнинг муҳим қоидалари ҳақида зарур тушунчалар берилмоқда. Шифокорлар иштирокида ўтказилаётган тадбирларда эса саломатликни асраш, балоғатга етмасдан турмуш қуришнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзи, ҳомиладорликка оид жараёнлар ҳақида кенг тушунчалар бериб борилмоқда.
Қўмитамиз томонидан маҳаллаларда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Барча маҳалла фуқаролар йиғинларида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борувчи махсус жамоатчилик марказлари ҳамда "Саломатлик бурчаклари" ташкил этилиб, белгиланган ҳафта кунларида аҳолининг тиббий маданиятини оширишга қаратилган ишлар олиб борилмоқда. Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлигини муҳофаза қилиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида туман ҳокимлигининг ишчи гуруҳлари шакллантирилди. Ишчи гуруҳлари томонидан ҳар бир хонадонда "Саломатлик дафтарлари" ташкил қилинди.
Вилоят ҳокимлиги ташаббуси ҳамда "GM Uzbekistan" корхонаси хомийлиги билан туманимизда янги "Диагностика маркази" иш бошлади. Ушбу марказда Корея, Германия, Россия, Хитой давлатларидан келтирилган замонавий аппаратлар ёрдамида аҳолига 9 нафар малакали мутахассис тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Бу касалликларга эрта ва аниқ ташҳис қўйиш имконини бериш билан бирга, қўшимча 20 та янги иш ўрнини яратди.
Оилалар фаровонлигини таъминлаш, уларнинг иқтисодиётини кўтаришга кўмаклашиш, хотин-қизларни иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида ҳам бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, жорий йил давомида ишсиз, бироқ ишлашни хоҳловчи 77 нафар хотин-қиз рўйхати шакл-лантирилиб, уларни иш билан таъминлаш чора-тадбирлари белгиланди.
Туманимизда миллий қадрият ва анъаналаримизни тиклаш, мазмунан бойитиш борасида ҳам ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида "Ибратли келин", "Алла", "Ибратли оила" кўрик -танловлари, шунингдек, туманда хотин-қизларни спортга жалб этиш мақсадида "Тўмарис" аёллар спартакиадаси ўтказилди. Қизларни билим олишга бўлган қизиқишларини ошириш, узлуксиз таълимнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ва касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида "Қиз бола бўлғуси оила бекаси, келажагимиз эгасидир" шиори остида "Қизлар фестивали " ташкил этилди. Фестивалда туманимиз қизлари ҳеч кимдан кам эмасликларини, ҳар соҳада илғор, фаол эканликларини турли кўргазмалар орқали намойиш этдилар.
Туманимизда аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юлдузхон Гулматова, Гулнорахон Раҳимова сингари ўнлаб опа-сингилларимиз банкдан кредит олиб, ўз тадбиркорликларини йўлга қўйди.
Юқоридаги ишларни амалга оширишда албатта, бошланғич ташкилотларимиз етакчилари, фаолларимиз, айниқса, маҳалла фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари ҳамда отинойиларимизнинг кўмагини алоҳида эътироф этишим лозим. Улар билан ҳамжиҳатликда туманимиз хотин-қизлари фаоллигини ошириш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, аёллар жиноятчилигининг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, бир сўз билан айтганда, опа-сингилларимиз турмуш фаровонлигини ошириш борасида ижобий натижаларга эришилмоқда.
Андижон миллий ҳунармандчилик ва ижтимоий иқтисодиёт коллежида "Вояга етмаганлар ўртасида турли салбий ҳолатларнинг олдини олишда психологларнинг роли" мавзусида ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамкорлигида "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда вилоятдаги олий ўқув юртлари психолог олимлари, таълим муассасалари директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, амалиётчи-психологлари иштирок этди.
Тадбирда муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев етакчилигида мамлакатимизда ёшлар, уларнинг камолоти, пухта билим олиши ва касб-ҳунар эгаллашлари учун кенг имкониятлар яратилганлиги, шунингдек, ўрта махсус таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия, касб-ҳунар ўргатиш жараёнларини давр талаблари даражасида олиб бориш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
- Вилоятимиздаги мавжуд 117 академик лицей ва касб-ҳунар коллежида 2017-2018-ўқув йилида 103 ихтисослик йўналиши бўйича 94 минг нафардан зиёд йигит-қиз таҳсил олмоқда, - дейди вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Фурқатбек Бузруков. - Ўқувчиларимиз ўртасида ҳуқуқбузарликлар ҳамда турли салбий ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Хусусан, мазкур семинар ҳам ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга, таълим муассасаларидаги илғор иш тажрибаларини оммалаштиришга, психолог мутахассислар билим ва малакаларини янада бойитишга ёрдам берди.
Семинарда таълим муассасалари психологларининг касбий малакасини ошириш, суицидга доир билим ва тушунчаларини бойитиш, ўсмир ёшлар билан ишлаш жараёнида диагностик иш услубларидан кенг фойдаланиш, шунингдек, ёшларнинг нутқ, кийиниш, муомала одоби ва маданиятини янада юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлар муҳокама этилди, келгусида амалга оширилиши зарур муҳим вазифалар хусусида сўз юритилди.
Тадбир қатнашчилари Андижон миллий ҳунармандчилик ва ижтимоий иқтисодиёт коллежи ўқувчилари ўртасида турли салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, ўзаро тажриба алмашдилар. Ташкил этилган тренинг машғулотларида семинар мавзуси доирасида мутахассисларнинг қатор маърузалари тингланди.
Иштирокчилар томонидан маърузалар ҳамда мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Хусусан, таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ўқувчиларнинг турли ёт ғоялар, "оммавий маданият" кўринишлари таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш, таълим муассасаси - оила - маҳалла ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, "Қизларжон" клубларини ташкил этиш орқали қизларни турмушга тайёрлаш, уларнинг соғлом турмуш тарзи кўникмаларини янада бойитиш зарурлиги таъкидланди.
- Ушбу тадбир бизнинг мавзу доирасидаги билим, тажриба ва тушунчаларимизни янада бойитди, - дейди Қўрғонтепа индустриал педагогика коллежи амалиётчи психологи Феруза Мадолимова.- Ишонаманки, ўрганган билим ва тажрибаларимиз келгусидаги фаолиятимизнинг самарали бўлишида ёрдам беради.
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олишди.
Семинар ишида вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова иштирок этди.
Зилзилалар, асосан ер куррасининг учта сейсмик камарида бўлиб туради. Улар Тинч океани, Ўрта ер денгизи - Осиё ва Ўрта Атлантика сувости тоғ тизмалари сейсмик камарларидир.
Тинч океани - сейсмик камарига дунёда бўладиган жами зилзилаларнинг тахминан 80 фоизи тўғри келади. Уларнинг маркази континент ва океан ер қобиқлари туташган минтақаларда жойлашган.
Ўрта ер денгизи-Осиё - сейсмик камарида тахминан 15 фоиз зилзилалар содир бўлади. У ғарбда Атлантика океани қирғоқларидан бошланиб, Ўрта ер денгизи, Кавказ, Марказий Осиё минтақалари орқали жанубий-шарқ йўналишида давом этиб, Тинч океани билан туташади.
Қадим даврлар ва яқин ўтмишда содир бўлган кучли зилзилалар инсониятга катта талофатлар етказгани кузатилган. Масалан, 1556 йил Хитойдаги Шанси зилзиласидан 830 минг, 1737 йил Ҳиндистондаги Калькутта зилзиласида 300 минг, 1923 йил Япониядаги Кантода 142 807, 1970 йил Перуда бўлган зилзилаларда 70 минг, 1976 йил Хитойдаги Тяньшан зилзиласида 240 минг киши ҳаётдан кўз юмган. Зилзила даҳшатларини тасаввур қилиш учун яқиндагина Японияда, Хитойда, Ҳиндистонда, Эронда, Туркияда бўлиб ўтган зилзилаларни ёки 1948 йилги Ашхобод, 1949 йилдаги Хайит зилзилаларини эслаб ўтиш кифоя. Табиий офат юз минглаб одамларни ҳаётдан олиб кетган. Умуман, инсоният тарихида кучли зилзилалар кўп бор содир бўлган. Қуйида уларнинг айримлари ҳақида маълумотлар келтириб ўтамиз.
Тибет-Ассамда 1950 йили юз берган зилзиланинг кучи 8,6 балга тенг бўлган. Ушбу зилзила оқибатида 1500 киши нобуд бўлган. Унинг таъсири Хитойнинг Сичуан, Юннан вилоятлари, ҳатто Ҳиндистоннинг Калькутта шаҳрида ҳам сезилган. Ер кўчиши оқибатида дарёларнинг йўли тўсилган ва сув тошқини кўплаб қишлоқларни вайрон қилган. Тибетда юзага келган ушбу зилзила Ассам номи билан машҳур бўлган.
Суматра ороли шимолида 2005 йили 8,6 баллик зилзила юз берган. Мингдан ортиқ киши ушбу офатдан ҳалок бўлган ва юзлаб инсонлар тан жароҳати олган. Кўплаб талофатлар Индонезиянинг Суматра шимолидаги Нияс минтақасида бўлган. Зилзила маркази Ҳинд океани тубида бўлган.
Альяскадаги Рат оролларида 1965 йили юз берган 8,7 баллик зилзила ўта даҳшатли бўлган. Зилзила баландлиги 10 метр бўлган цунамини юзага келтирган. Шиддатли зилзиланинг зарарлари у қадар кўп бўлмаган. Зеро, у аҳоли кўп яшамайдиган, узоқ Алотиян оролида юзага келган. Цунами таъсири ҳатто Япония қирғоқларида ҳам сезилган.
Эквадорнинг денгиз билан туташ қирғоқларида 1906 йилда юз берган 8,8 баллик зилзила ҳам катта талофатлар келтирган. Унинг оқибатида кучли цунами вужудга келган, қурбонлар сони 500 дан 1500 нафарга етган. Цунами Марказий Америка соҳиллари бўйлаб чўзилган ва унинг таъсири Франциско ороллари, ҳатто Японияга етган. Ушбу зилзила Назако ва Жанубий Америка туйнукларида юзага келган.
2010 йилда Чилининг Майола минтақасида содир бўлган 8,8 баллик зилзила ҳам катта талофат ва қурбонларга сабаб бўлган. Шу ўринда таъкидлаш керакки, Чили дунёда энг кўп зилзилалар кузатиладиган мамлакат ҳисобланади. 2010 йилдаги зилзила оқибатида 700 киши ҳалок бўлиб, 220 минг аҳолининг турар-жойлари вайрон бўлган. Зилзила етказган иқтисодий зарар эса 30 миллион долларни ташкил этган.
Россиянинг Камчатка ярим оролида 1952 йилда 9 баллик зилзила юз берган. Дунёда биринчи бор 9 баллик кучга эга зилзила Камчатканинг шарқий соҳилларида юз берган. Бу зилзила баландлиги 13 метрга етадиган цунамини келтириб чиқарган ва Калифорниянинг Корсент шаҳрига қадар етиб борган. Қурбонлар бўлмаган бўлса-да, ушбу зилзила Гавайи ороллари иқтисодиётига 1 миллион долларлик зиён етказган. 1923 йилда ҳам Камчаткада 8,5 баллик зилзила юз берган эди.
Япониянинг шарқий Ҳонсью соҳилларида 2011 йилда 9 баллик зилзила содир бўлган. Ушбу зилзила кучли цунамини келтириб чиқариш натижасида қарийб 29 минг киши нобуд бўлган. Япониянинг атом электр станцияларидаги айрим ядро реакторлар ҳам ушбу зилзиладан зарар кўришади. Бу Япония тарихида юз берган энг кучли зилзила ҳисобланади.
Шимолий Суматранинг ғарбий қирғоғида 2004 йилда 9,1 баллик зилзила юз берган. Ушбу зилзила натижасида юзага келган цунами оқибатида Жануби - Шарқий Осиё ва Африка шарқидаги 14 мамлакатда 227 минг нафардан зиёд киши ном-нишонсиз йўқ бўлиб, 1,7 миллион киши бошпанасиз қолган. Ушбу зилзила юзага келтирган цунами тарихдаги энг кучли цунами сифатида қайд этилган.
Альяскада 1964 йили 9,2 баллик зилзила юз берган. Ушбу кучли зилзила ва у келтириб чиқарган цунами оқибатида 128 киши ҳалок бўлган, 311 миллион доллар миқдорида иқтисодий зарар кўрилган. Зилзила марказидан 120 километр узоқликда бўлган Анкориж шаҳрига катта талофат етган. Ернинг силкиниши 3 дақиқа давом этган.
Чилида 1960 йили 9,5 баллик зилзила юз берган. Дунёдаги энг кучли зилзила сифатида қайд этилган ушбу зилзила оқибатида 5000 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлган, миллионлаб инсонлар бошпанасиз қолган. Зилзила вужудга келтирган цунами оқибатида Гаитида 61, Японияда 138 ва Филиппинда 32 киши ҳалок бўлган.
Ўзбекистон ҳам юқори балли зилзилалар бўлиб турадиган сейсмик жиҳатдан фаол ҳудудлардан ҳисобланади.
Тарихий маълумотларга қараганда, 838-839 йилларда Фарғонада, 942 йилда Бухорода, 1208-1209 йилларда Урганчда, 1490 йилда Самарқандда, 1494 йилда Наманганда, 1620 йилда Ахсикентда, 1821-1822 йилларда Бухоро ва Самарқанд яқинида, 1902 йилда Андижонда, 1966 йилда эса Тошкентда кучли зилзилалар бўлиб ўтган. Булар орасида энг кучли зилзилаларга тўхталиб ўтамиз:
Ахсикент зилзиласи. Зилзила 1620 йилда Намангандан 5-15 км. жануби-ғарбда содир бўлган. У қадимий шаҳар Ахсикентни тўла вайронага айлантирди. Шаҳар кейин қайта тикланмаган. Ҳозирда шаҳар қолдиқлари сақланган холос.
Андижон зилзиласи. Андижонда 1902 йили содир бўлган 9-10 баллик зилзила халқимиз бошига тушган энг қора кунлар ва аянчли воқеаларга сабаб бўлган. Зилзила туфайли ўша пайтда шаҳар тўла вайрон бўлган. Минглаб одамлар халок бўлган ва бошпанасиз қолган.
Тошкент зилзиласи.1966 йилнинг 26 апрелида соат 5 дан 23 дақиқа ўтганда рўй берган. Ўчоғи ер сатҳига яқин бўлгани сабабли 8-9 балли силкинишлар кузатилган. Кўплаб бино ва иншоотлар жиддий талофат кўрди. Ер силкиниши 10-12 сония давом этди. Ушбу зилзилада қурбонлар сони камлиги эса силкинишларнинг бўйлама бўлганлиги билан изоҳланади. Бўйлама тебранишларда бинолар бирданига йиқилмайди. Аммо ҳодисадан кейин юрак ва асаб хасталиклари туфайли қурбонлар сони кўпайган.
Балиқчи туманида адабиётга, шеъриятга кўнгил қўйган ёшлар жуда кўп. Уларнинг аксарияти қўлига қалам олиб, бугунги гўзал ва фаровон ҳаётимиз, истиқлол ҳадя этган буюк бахтни куйлашга ҳаракат қилмоқдалар. Айни кунда туманнинг ҳаваскор истеъдодли ёшлари ижодкор Барно Ҳайдарова раҳбарлигида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими қошидаги "Ёш қаламкаш" адабий тўгарагида ўзларининг билим ва маҳоратларини ошириб боришмоқда. Қуйида уларнинг ижод намуналаридан баҳраманд бўласиз.
Баҳор қуёшининг илк нурлари улкан дарахт новдаларига ўз тафтини берди. Бундан роҳатланган новдалар эриниб бўлса-да, кўзларини очди, атрофга боқишди. Табиат ниҳоятда гўзал, мафтункор эди. Қушлар овози борлиқни тутган...
Дарахт новдалари бу гўзалликдан қувнаб аста бош кўтара бошлашди. Куртаклар нозик эди, чиройли эди. Улар қуёшга интилишди, ҳаётга интилишди. Бора-бора япроқларга айланишди.
Табиатга сахий ёз келди. Қуёш борлиқни иситгандан иситди, нурларини сочгандан-сочди. Япроқлар ўзларича ғарқ уриб пишаётган меваларни ундан тўсмоқчи бўлишди. Лекин қуёш нурлари гоҳ ўнгдан, гоҳ сўлдан келиб меваларни ўз нури билан ялаб ўтди, аллалаб ўтди. Меваларга бу хушёқар эди...
Она дарахтнинг мевалари кундан-кун тўлишар, чиройига чирой қўшиларди. Уларга паноҳ бўлаётган япроқлар ҳам чегарада тургандек ҳамиша сергак эдилар. Лекин кунлар келиб шохдаги тўлишган мевалар бандидан узилиб, бирин-кетин ерга қулай бошлади. Ҳа, табиатга олтин куз келган эди.
Ўша кундан япроқлар ўзгара бошлади. Она дарахтдаги катта-кичик япроқлар ранги сариқ, қизил тусга кирди. Буни ҳатто ўзлари ҳам сезишмай қолди. Буни фақат табиат ойнасигина кўриб турарди...
Одамзот эса кўп нарсага қодир. Улар узундан-узун, каттадан-катта нарвонларни олиб келишди, дарахт шохларига қўйишди. Хил-ҳил меваларни ҳеч қолдирмай сават-сават қилиб теришди. Уйларига олиб кетишди.Она дарахт енгил тортди. У хафа эмас, шод эди...
Эҳ, табиатнинг гўзаллиги. Нега мангу, нега абадий эмас?.. Шу дам қаердандир келган дайди шамолдан она дарахтнинг япроқлари бирин -кетин бандларидан узилиб ҳавода чархпалак бўлиб учишди. Қайси бири дарахт остидан, яна қайсилари эса узоқроқдан қўним топишди.Она дарахт титраб қолди...
Япроқлар - яқинларимиз. Улар бизга умр ўткинчилигини эслатиб туради.
Миллатимиз бой тарих ҳамда беқиёс маданиятга эга. Буни амалий ва бадиий санъат турлари мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин. Айниқса, миллий чолғуларимизнинг ўзига хослиги, жозибасига ҳар қандай кишининг ҳаваси келиши аниқ. Мен ана шундай миллий чолғу асбобларимиздан бири - чанг созини чаламан. Ҳозирда Андижон санъат коллежида чанг мутахассислиги бўйича таҳсил олмоқдаман.
Болалик чоғларим телевидение ва радио каналларда янграган мусиқалардаги чангнинг овозидан ҳайратга тушардим. Бу сеҳрли овоз мени оҳанграбодай ўзига тортарди. Чангда янграган мусиқа шу қадар жарангдор ва ёқимли эдики, мен шу чолғу асбобини бир кўриш, уни чалишни ўрганиш иштиёқида ёна бошладим. Менинг иштиёқим орзуга, ҳаёт йўлимдаги ягона мақсадга айланди. Шу сабабли мусиқа мактабига ушбу чолғу йўналиши бўйича таҳсил олиш учун ўқишга кирдим.
Чанг - менинг назаримда барча чолғуларнинг маликаси. У жарангдорлиги, торларининг кўплиги билан ҳаммада қизиқиш уйғотади. Мусиқа мактабида бу созни чалиш учун ўқувчилар алоҳида синовдан ўтадилар. Энг сабрли, ақлли ва зийрак ўқувчиларгина ушбу чолғу йўналиши бўйича ўқишга кирадилар. Чунки чанг сози 75 тордан иборат, уни ҳар бирини билиб чалиш, қайси тор қандай овоз чиқаришини ёдда сақлаб қолиш осон эмас.
Чанг сози жуда қадимий ва мураккаб чолғудир. Тарихий ва қадимий манбалардан маълум бўладики, чанг сози бир неча минг йиллик тарихга эга. Ёзма манбалар, хусусан, Алишер Навоийнинг буюк "Хамса"асари таркибига кирган "Саббаи Сайёр" достонида чанг чет эл чолғуси арфа тусида эканлиги, ўша даврда кўпроқ аёллар чалганлиги ҳақида айтиб ўтилади. Дастлабки чанглар ипак торли бўлиб, қўл билан тирнаб чалинган. ХVII асрдан кейин торларни уриб чалиш учун махсус таёқчалар ўйлаб топилган ҳамда шакли трапеция шаклида ясала бошлаган. Ўша даврда Дарвеш Али Чангий исмли мусиқашунос олим ҳамда моҳир чангчи яшаб ўтган.
Дарвеш Али Чангий мусиқага оид рисолаларида чанг сози тарихига оид кўплаб маълумотларни келтирган. Жумладан: Чанг қадимий чолғу бўлиб, Месопатамиядан то Хитойгача ишлатилган. Бухорода (ХVII аср) Шайбонийхонлардан бўлган Хўжаи Калон (Буюк Хўжа, Шайх Хўжа Саад) оғир дардга чалинади. Табиби уни даволай олмай, касалликни енгиш учун чанг созида куй тинглашни тавсия этади. Дарвеш Али Чангий уч ой давомида Хўжа Саад қошида чанг чалади ва у тузалиб кетади.
ХХ аср бошларида А. Петросян ўзбек халқ чолғуларини такомиллаштириш жараёнида чанг созини ноталаштиради ва оилаларини яратади. Чанг оиласи 5 турдан иборат.Улар "чанг писсоло", "чанг прима", "чанг тенор"нинг икки хил тури ва "чанг бас" турларидир.
Ўтган давр мобайнида кўплаб чанг сози усталари етишиб чиқди. Фозилжон Харратов, Рустам Неъматов, Фахриддин Содиқов, Фазилат Шукурова, Аҳмад Одилов, Анвар Лутфуллаев шулар жумласидандир. Мен эса уларнинг изидан бориб, улардек етук санъаткор бўлмоқчиман ва созимнинг овозини бутун дунёга танитишни истайман.
Бугун мустақил юртимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни ижодий фаолиятини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, мамлакатимиз биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти иқтидорли қизларимизга кенг қанот бермоқда.
Болалигидан тасвирий санъатга меҳр қўйиб, бўш вақтларида турли расмлар чизишни ёқтирадиган Малика Содиқова ҳам ана шундай иқтидорли ёшлардан бири. У Асака туманидаги 6- умумтаълим мактабининг 8-синфида таҳсил олади. Мактабнинг аълочи ўқувчиларидан. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотининг "Ёш ижодкорлар" йўналиши бўйича мактаб сардори. У бўш вақтларида бадиий китоблар ўқиб, тасаввурида жонланган асар қаҳрамонларини қоғозга туширишни, табиат манзараларини тасвирлашни ёқтиради.
Малика кўпроқ рангтасвир ва қаламтасвир (графика)да ижод қилади. Тасвирий санъат йўналиши бўйича туман ва вилоят миқёсида ўтказилаётган турли кўрик-танловларда иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Жумладан, шу йили тумандаги ёзги оромгоҳларда дам олаётган ўқувчилар ўртасида ўтказилган асфалтьга расм чизиш танловида 1-ўринни олди. Шунингдек, жорий йилнинг октябрь ойида юртимизда ташкил этилган Корея маданияти кунлари фестивали доирасидаги расмлар танловида қатнашиб, совриндор сазовор бўлди. Қолаверса, Билимлар беллашувининг туман босқичида математика ва информатика фанлари бўйича юқори ўринлардан бирини қўлга киритди.
- Қизим беш-олти ёшлигидаёқ турли гуллар ва нақшларни чизиб менга кўрсатарди, - дейди ёш рассомнинг онаси Маъмурахон Эргашева. - Чизганларини мақтаб уни рағбатлантирсам, эртаси куни ундан-да яхшироқ суратларни чизарди. Улғайсанг ким бўласан?- деб савол берсам, "Мен улғайсам, зўр рассом бўламан. Ҳамма мени расмларимни кўргани келади..." - дерди қизалоғим. Фарзандимдаги бу қобилиятни англаб, уни ривожлантириш мақсадида туманимиздаги 11- сон болалар мусиқа ва санъат мактабига олиб бордик. У ерда Шокиржон Ҳакимов раҳбарлигида рассомчилик сирларини эгаллаб келмоқда. Устозлари бераётган сабоқлари қизимни келажак сари дадил қадам ташлашга ундади. У кун сайин бу соҳага қизиқиб, дилдан меҳр қўйиб бормоқда. Яқинда тикувчига шогирдликка бергандим, ижодкорлиги сабаб тез фурсатларда ўзига либослар тикишни ўрганди. Бўш вақтларида инглиз ва рус тили тўгаракларига бориб бу тилларни мукаммал ўрганишга аҳд қилди.
Орзулари осмон қадар баланд иқтидорли қизга ижодий баркамоллик тилаймиз.