+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Бор вужудим ҳайратга солиб, жаранглайди баҳор кулгуси

(11- сон) Шеърият гулшани

 

ВАТАНИМ МАДҲИ

Тонг саҳар жилмаяр бобо қуёшим,

Тиним билмай ишлар далада деҳқон.

Атрофингга назар сол, эй юртдошим,

Тинчлик нашидасин сўрайлик ҳар он.

 

Тилларда янграсин Ватан қўшиғи,

Боболарнинг ўгити дилларда мудом.

Порласин юрт узра тинчлик чироғи,

Туғилган бу юртда Мирзо Бобур ҳам.

 

Аждодлар изидан борайлик шаҳдам,

Тинчликнинг байроғи ҳилпираб турсин.

Дадил бўлсин қўйилган ҳар битта қадам,

Болаларнинг кулгусига нур диёр тўлсин.

 

Қанот ёзиб учсин кўкларга қушлар,

Фарзанд учун соғ бўлсин ота-онаси.

Ҳофизлар ҳамиша бахтни куйласин,

Мудом янграб турсин шўх таронаси.

 

Холидахон ЮНУСОВА,

Жалақудуқ саноат ва транспорт

коллежи ўқувчиси.

 

ОНА

Яна келаяпман пойингга чўкиб,

Бошим эгилганда юпатгин сен ҳам.

Кўкда юлдузларни териб битталаб,

Бўйнингга маржондек тақиб қўярман.

 

Авзойи бузилса базан фалакнинг,

Тақдирдан синовлар келганда гоҳо.

Сен писанд қилмаган мингта гуноҳим,

Лек бошим эгади биргина хато.

 

Кел, хаста кўнглимга зиёни кирит,

Бошимни силайсан миннатсиз кулиб.

Дарду-андуҳларим учирсин еллар,

Ёрит йўлларимни шамчироқ бўлиб.

 

Зилдай оғирлигим сенга билинмас,

Ўзингни бир бора ўйламабсан-а?

Дуолар қилибсан сўраб бахтимни,

Ўзингга ҳеч ҳам бахт сўрамабсан-а?

 

Дилёрбек ҚЎЧҚОРОВ,

Андижон шаҳри.

 

Ҳаёт қўшиFи

Зумрад баҳор уйғониш фасли,

Мағлуб бўлди қишнинг аччиғи.

Муштоқ дилим торларин чертиб,

Янграмоқда ҳаёт қўшиғи.

 

Қуёш дадил кўтарар бошни,

Вужудимни қучар оташи.

Шодланаман кўзим ўнгида,

Бошланади ҳаёт кураши.

 

Эркалатиб майин саболар,

Мажнун  толнинг сочин силайди.

Боларилар тўплаган кучин,

Яна эзгу ишга сарфлайди.

 

Яшил майса, ялпиз, чечаклар,

Бўй чўзади қуёшга қараб.

Ўсма қўйиб қизлар қошига,

Қўшиқ куйлар сочларин тараб.

 

Бодом, ўрик, шафтоли, олма,

Қийғос гуллар кўзни қувнатиб.

Шўх болалар югириб тинмай,

Бекинмачоқ ўйнар яйрашиб.

 

Капалаклар қанотларига,

Зеб беради ойна олдида.

Кўкси тўла оташ муҳаббат,

Ҳаётидир уни олдинда.

 

Шохлардаги нозик гулғунча,

Булбулларнинг розин тинглайди.

Қизғалдоқлар, ҳам бойчечаклар,

Қўл силкитиб мени имлайди.

 

Қалдирғочлар бироз олар тин,

Учиб келган узоқ юртлардан.

Ишга шўнғиб кетишдан олдин,

Хол сўрайди қариндошлардан.

 

Боғу-дала, ҳар бир чорбоғдан,

Таралади меҳнат чолғуси.

Бор вужудим ҳайратга солиб,

Жаранглайди баҳор кулгуси.

 

Фаридахон ҲОШИМОВА

 

ЎЗБЕК АЁЛИ

Фарзанди сўраса борини берган,

Агар бемор бўлса жонини берган,

Меҳр-оқибатда тенги йўқ инсон,

Ўзбек аёли бу, ўзбек аёли.

 

Эрта тонгда туриб сигирин соққан,

Сўнг эшик супуриб, ўзига боққан.

Гўзалликда у тенги йўқ инсон,

Ўзбек аёли бу, ўзбек аёли.

 

Эрта тонг онасин аҳволин сўрар,

Юртга ризқ бергувчи даласин кезар.

Меҳнатла қадр топган у инсон,

Ўзбек аёли бу, ўзбек аёли.

 

Эркакнинг кучи бор билакларида,

Фақат эзгу ишлар бор тилакларида.

Юртим обод бўлсин деган у инсон, 

Ўзбек аёли бу, ўзбек аёли.

 

Бириси шифокор, бири олима,

Бири санъаткор-у, бири шоира.

Илму зиёга ҳамроҳ у инсон,

Ўзбек аёли бу, ўзбек аёли.

 

Оила, фарзанд унинг бори, борлиғи,

Удир миллат кўрки, ори номуси.

Дили, тили бирдай покиза инсон,

Ўзбек аёли бу, ўзбек аёли.

 Кимсанхон НИШОНОВА,

Шаҳрихон туманидаги

 Тўлқин МФЙ маслаҳатчиси.

 

БАҲОР СОFИНЧИ

Қиш сўнгида мудрарми борлиқ,

Яна қалбни чулғар энтикиш.

Табиатдан олганми ёрлиқ,

Ухлатганди, қор ёғдириб қиш.

 

Ноз уйқудан уйғотмоқ керак,

Шуни истар соғинган диллар.

Уйғонолмас ҳатто, бир терак,

Куртак ёзса, алмашур йиллар.

 

Бир оз чидаб, кутгин юрагим,

Бош кўтариб, қутлар бойчечак.

Қуёш бобо тинглаб тилагим,

Нурин сочса, кулар мойчечак.

 

Олқишладик капалак қорни,

Қайдин энди зерикмоқ бунча.

Кутмоқдамиз мана баҳорни,

Туҳфа этар бизга гулғунча.

 

Давлатхон ВАЛИЖОН қизи

 

Бу юрт шундай юрт эрур

Меҳмондўст инсонлари,

Оқ кўнгил улар бари,

Бахтлидир ёшу-қари,

Бу юрт шундай  юрт эрур.

 

Нонни азиз дейишар,

Ушоғини ўпишар,

Халол луқма ейишар,

Бу юрт шундай юрт эрур.

 

Дер: куч- адолатдадир,

Душман аросатдадир,

Дўстлар халоватдадир,

Бу юрт шундай юрт эрур.

 

Юз марта эшитмасдан,

Бир марта кўриб кетинг,

Ўзбекистон диёрим,

Мехридан тўйиб кетинг  

Моҳларойим КАРИМОВА,

АДУ қошидаги 5- академик лицей ўқувчиси.

 

ҲАЁТ

Мен сени кун-у тун ўйлайман ҳамон,

Юрсам ҳам, турсам ҳам хаёлимдасан.

Лек гам ва қайғумга эмассан шерик,

Сенинг номинг билан яшарман тирик.

 

Юракдан бу дардни қандай чиқарай?

Барибир бир куни унутгум сени.

Ҳаёт не бўлса ҳам давом этаркан,

Аламлар бўғзимдан тутгуси мени.

 

Севги хотирада қоларкан мангу,

Яқин кўнгиллар ва покиза диллар.

Ҳаётнинг аччиғин тотмаган ким бор?

Тақдир чорлайверар, турли манзиллар.

Зайнабхон МАНСУРОВА,

Пахтаобод тумани.

 

Кўклам нафаси

Баҳор келиб тоғлар бағрида,

Пайдо бўлар оҳу излари.

Очилади қир-у адирда,

Момоқаймоқ-қуёш қизлари.

 

Қизил гулдан чеккаларига,

Нақш солинган бахмал чопонлар.

Азим тоғлар елкаларида,

Ял-ял ёнар, кўзларни олар.

 

Ўпар қуёш ернинг юзини,

Андишадан қизарар лола.

Баракадан очади сирни,

Сумалакка тўла пиёла.

 

Моможонлар қизлар қошига,

Қалдирғочнинг чизар расмини.

Танти ўзбек йигит ёшида,

Нишонлайди баҳор базмини.

 

Зулхумор ОРИФЖОНОВА

 

АЙРИЛИҚ

Армонлар қалбимга келтиради ғам,

Гумонлар кўзимни ёшлайди яна.

Бу дарддан юрагим йиғлайди фақат,

Сени унутолмасам нима қилай айт?

 

Юрагим соғинчдан эзилиб кетса,

Кўзларим доимо сени изласа.

Соғинч сатрларда исминг айтиб зор,

Сени унутиш мен учун бекор.

 

Сўрама, унутиш бўлмайди осон,

Кўзларим ортингдан пойлар изингни.

Юрак бу соғинчдан сўкилар чок-чок,

Соғинч гирдобига ташлама мени.

Дилафрўз РАҲМАТЖОНОВА,

Марҳамат қурилиш ва индустрия

касб-ҳунар коллежи ўқувчиси.

 

ОНАЖОНИМ

Қошингизга келдим қувониб аста,

Онажон сизни дилдан муборак этай.

Қўлимда сиз севган гуллардан даста,

Бошим эгиб, сизга таъзимлар қилай.

 

Шу дамда қувонсин маъюс чеҳрангиз,

Ғамлар ортда қолсин, қайғу чекинсин.

Қувонч қамраб олсин, кулгичларингиз,

Туганмас меҳр ила ёнсин қалбингиз.

 

Ўтиниб сўрайман, йиғламанг асло,

Гавҳардай кўзингиз ҳеч ёшланмасин.

Тўкилган бу ёшлар қувончданми ё,

Мунис чеҳрангизга кўзлар тегмасин.

Гулжаҳон ИСМОИЛОВА,

Хўжаобод туманидаги 12- умумтаълим мактаби ўқувчиси.

 

Зуҳрага

Намхуш лабларингни ўпиб йиғлайман,

Хайрият, бор экан менга бу имкон.

Бошимдан селларин қуяди осмон:

Пешонанг шўр экан, ошиқи нолон.

 

Олдингда хўп дея кўниб турибман,

Лек мажол йўқ сенсиз қадам ташлашга.

Азобда дилимни тиғлаётирман,

Қурбим етармикан сенсиз яшашга?

 

Нега бундай қилдинг, садоқат, вафо,

Қаерларда қолди, ўйлагин бир он.

Менга келганида армонми дунё,

Тақдирим ўйинчоқ, севгим-чи, арзон?

 

Қанчалар азобдир сендан айрилмоқ,

Ўзинг ҳам бир куни йиғларсан юм-юм.

Кечир қилган бўлсам агар бир гуноҳ,

Яхши кунларимиз эслагин бир зум.

 

Бўлди сўз бераман, хурсанд яшайман,

Йиғилар йиғилмас энди сатримда.

Эртага барибир тегиб кетасан,

Жоним, узоқроқ тур бугун бағримда?

 

 

Икромжон АСЛИЙ

Дил номалари

(11- сон)

Олтиной ҚУРБОНОВА,

Акциядорлик тижорат Халқ банки Куйганёр филиали  бўлим бош мутахассиси.

Банк тизимида фаолият олиб бораётганимга 21 йил бўлди, жамоадошларим билан кўп йиллик меҳнат йўлини босиб ўтдим. Шу боис ҳам уларнинг ҳар бири яқинимдек бўлиб қолган. Қолаверса, Дониёр Исмоилов раҳбарлик қилаётган филиалимизда фаолият кўрсатаётган 00 нафар ходимнинг меҳнати қадрланади, айниқса, ёш кадрларнинг тизим ишини пухта эгаллашларига алоҳида эътибор қаратилади.  

Айни кунда 500 дан зиёд юридик шахс ва минглаб фуқароларга хизмат кўрсатаётган филиалимизда "Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун хизмат қилади" деган шиорга қатъий амал қилинади. Ана шундан келиб чиқиб, мижозларга хушмуомала бўлишга, уларга юқори савияда банк хизматлари кўрсатишга интиламиз. 

Филалимизда эл-юрт фаровонлигини, туман иқтисодиётини юксалтириш, хусусан, коллеж битирувчилари бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар ҳамда оилавий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, омонатларини сақлаш борасида  эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

Аёл шижоати ва ҳалол меҳнати билан жамиятда ҳурмат ва эътибор топа олар экан. Буни ўз фаолиятим давомида англаб етдим. Жамоадаги ўрним, оилам тинчлиги кучимга куч бағишлайди, доимо ғайрат билан ишлашга, бахтиёр яшашга имкон беради.

Бугунги шодиёна, яъни азиз аёлларимиз байрами билан туманимиз, вилоятимиз хотин-қизларини муборакбод этаман. Илоҳим оиламиздаги тинчлик-хотиржамлик ҳеч биримизни асло тарк этмасин.

 

Наргизахон ҚОДИРОВА,

Избоскан туманидаги 26-умумтаълим мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари.

Андижон давлат университетида педагогика ва бошлан-ғич таълим методикаси мутахассислигини эгаллаб, 1994 йили бошланғич синф ўқитувчиси сифатида педагоглик фаолиятимни бошлаганман.

Ўқитувчилик шарафли касб. Мен ушбу касбни танлаганимдан ҳеч қачон афсусланмайман. Шукурки, самарали меҳнатларим туфайли ҳамкасбларим, эл-юрт орасида ҳурмат эътибор топдим.

Бугун мактабимизда таълим-тарбия, маънавий-маърифий ишлар намунали йўлга қўйилган. Бунда жамоамиздаги ҳар бир ходимнинг муносиб ҳиссаси бор.

Ҳаётда нимага эришган бўлсам, яқинларимнинг, оиламнинг, жамоадошларимнинг кўмаги, қўллаб-қувватлаши билан эришдим. Ҳар қандай шароитда улар менга суянч ва танян бўлишади. Уч ўғлим ва бир нафар қизим менинг бахтимдир. Севган касби билан эътибор топиш, яқинлар ардоғида бўлиш  аёлнинг бахтидир. Мен ана шундай бахт насиб этган, озод ва обод элнинг бахтиёр аёлларидан бири эканлигимдан    фахрланаман. 

Фасллар келинчаги баҳор ташрифи ҳамда аёллар байрами билан барча опа-сингилларимизни муборакбод этаман. Бахт ва омад уларни ҳеч қачон тарк этмасин.

  

Ферузабону МАТКАРИМОВА, 

Улуғнор қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси.

Бугун мамлакатимизда биз ёшларнинг ҳар томонлама етук ва баркамол, жисмонан соғлом вояга етишимиз учун кенг имкониятлар яратиб берилган.

Мен ҳам юртимнинг фаол ёшларидан бири сифатида берилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, бир қанча ютуқларга эришдим. Ўтган йили "Бахт бекати" номли илк китобим нашрдан чиқди. Ўзбекистон телевидениесида бир неча бор чиқишлар қилдим. Энг қувонарлиси, "Зулфияхоним ижодида Ватан туйғуси" сарлавҳали ижодий ишим билан "Исиқлол фарзандлари" республика радиотанловида 1-ўринни эгалладим . Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар саралаш вилоят, республика босқичида фаол иштирок этдим, кўплаб  дўстлар орттирдим. Дарсдан, турли машғулотлардан бўш вақтларимда ижод билан шуғулланаман,  лойдан турли ҳайкалчалар ясайман, миллий қўғирчоқларимда ўзбек қизларининг тимсолини гавдалантиришга ҳаракат қиламан.

Мухтасар айтганда, ўқиб, изланиб, ота-онам, устозларим ишончини оқлашга интилиб яшаяпман. Ёш авлодни ҳамиша қўллагувчи Ўзбекистондай жаннатмонанд юрт фарзанди эканлигимдан чексиз фахрланаман. Келажакдаги орзуларим бир дунё. Ўзим танлаган соҳанинг етук мутахассиси бўлиб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаман.

 

Халқаро хотин-қизлар байрами билан барча оналаримизни, азиз ва муҳтарам аёлларимизни ёшлар номидан муборакбод этаман. Ҳар кунингиз байрам бўлсин, лабингиздан кулгу, юзингиздан табассум аримасин. 

АЁЛ - ЖАМИЯТ КЎРКИ

(11- сон)

Қайси юртда аёл, она бахтли экан, шу юртда тўкин-сочинлик, қут-барака бўлади. Жумладан, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳамда соғлигини муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Балиқчи тумани хотин-қизлар қўмитаси томонидан ҳам бу борада эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда туманда истиқомат қилаётган 189 мингдан ортиқ аҳолининг 93 минг нафардан зиёди хотин-қизлардир. 205 та корхона, ташкилот ва  муассасада хотин-қизлар бошланғич ташкилоти самарали фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, 64 та таълим муассасаларидаги «Ораста қизлар», 65 та маҳалладаги "Ораста қизлар давраси", 28 та мактабгача таълим муассасасидаги "Зумрадойлар давраси" тўгаракларига 32 мингдан зиёд қизлар жалб этилган. Маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида комиссия ва секторлар самарали фаолият олиб бормоқда.

 "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб номланган жорий йилда қўмитамизга мурожаат қилган 25 нафар аёлнинг муаммоси ижобий ҳал этилди.  Тадбиркорлик ва ҳунармандлик билан шуғулланаётган юзлаб хотин-қизларнинг фаолият юритишлари учун зарур шароитлар яратиб берилмоқда. Айниқса, оилавий бизнес, уй меҳнати ва касаначиликни йўлга қўйиш борасидаги ишларни алоҳида эътироф этиш керак. Коллежларни битираётган 1264 нафар қизнинг ишга жойлашишлари учун 4 томонлама шартномалар тузилди. Аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш, оналар ва болалар соғлигини яхшилаш, аёлларни спортнинг оммавий турларига жалб қилиш борасидаги ишлар ҳам самарали йўлга қўйилган.  

  Хотин-қизларимизнинг ўз истеъдод ва иқтидорларини намойиш этишлари учун барча шароитлар яратилган бўлиб, улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.            Бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари раислари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг диний маърифат, маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, отин аёллар билан ҳамкорликда маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида, таълим муассасаларида хотин-қизлар фаоллигини ошириш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида ҳам тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда.  

 Мухтасар айтганда, туманимиз хотин-қизлари мустақил юртимиз равнақи йўлида сид-қидилдан меҳнат қилмоқда.

 Гўзалхон ДЕҲҚОНОВА,

Балиқчи  туман ҳокими  ўринбосари,  хотин-қизлар  қўмитаси  раиси. 

 

БОБУРИЙЛАР СУЛОЛАСИНИНГ АЁЛЛАРИ

(11- сон)

Андижон давлат университетида "Бобурийлар салтанатининг ривожланишида аёлларнинг ўрни" мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, "Олима" уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда адабиётшунослар,  ўрта-махсус ва олий таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган олималар, тадқиқотчилар, магистрлар ҳамда иқтидорли талаба ёшлар иштирок этди.

Анжуманда истиқлол йилларида мамлакатимизда хотин-қизларнинг илм-фан билан шуғулланишлари, илмий-тадқиқот ва изланишлар олиб боришлари учун зарур шароитлар яратиб берилганлиги, бунинг самараси ўлароқ, олималар сафи кенгайиб, фаолиятлари юксалиб бораётганлиги, шунингдек, улуғ аждодларимизнинг бебаҳо илмий меросини ўрганиш, тарғиб этиш борасида  кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

 - Айни кунда вилоятдаги олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларда 150 нафарга яқин олима фаолият юритмоқда, - дейди вилоят "Олима" уюшмаси раиси, педагогика фанлари доктори Шоҳидахон Юсупова. - Уларнинг 12 нафари фан доктори, қолганлари турли йўналишлар бўйича фан номзоди соҳибаларидир. Хусусан, Ханифа Солихова, Тўхтахон Муҳитдинова, Лолахон   Саидбоева, Салима Мирзаева, Шоҳида Шаҳобиддинова, Дилоро Набиева, Махфуза Юсупова сингари фан докторларининг тилшунослик, тиббиёт, педагогика, қишлоқ хўжалиги йўналишларидаги илмий, амалий тадқиқот ва инновацион ишланмалари мамлакатимиз илм-фани ривожида салмоқли ўрин тутади.

Дарҳақиқат, биргина 2016 йилда вилоятда 7 нафар олима фан доктори ва доцент илмий даража ҳамда унвонига сазовор бўлди. Бу борада "Олима" уюшмаси вилоят бўлими томонидан иқтидорли қизларнинг ўз илмий-интеллектуал салоҳиятларини намоён этишлари учин амалий ёрдам кўрсатиш, илм-фан билан шуғулланаётган хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, илмий изланиш ва ютуқларини кенг тарғиб этиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, олий ўқув юртлари, илмий марказлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган илмий ва маърифий     лойиҳалар, ўтказилаётган семинар ва кўрик-танловлар, олималарга услубий ва маънавий кўмак берилаётганлиги уларнинг илмий изланишлари самарадорлигини ошириш, амалиётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жумладан "Олима" уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан ўтказилган мазкур анжуман ҳам ана шу йўналишдаги ишларга бир мисолдир.

- Бобурийлар сулоласида аёларнинг ўрни ва роли ниҳоятда катта бўлган, - дейди Андижон давлат университети доценти Дилдора Абдуллаева.  Жумладан, Бобур Мирзонинг қизи Гулбаданбегим ўзининг "Хумоюннома" номли асарида Бобур салтанати ва авлодлари аёллари ҳақида шундай маълумотлар беради: "Бобурнинг севимли хотини Моҳимбегим сарой аёллари ичида энг доно ва билимдон бўлиб, ички ва   ташқи сиёсат бобида шоҳга ўринли маслаҳатлар     бериб турган. Акбаршоҳнинг онаси Хадичабону давлат ишларини  бошқаришда фаол иштирок этиб, катта обрў-эътиборга сазовор бўлган".

 Умуман, Бобурий маликалар орасида ЖаҳонароБегим, Аржуманбону, Нуржаҳонбегим, Зебуннисобегимдек оқила, доно аёллар  нафақат давлатни бошқариш ишларида фаоллик кўрсатган, балки санъат, адабиёт, илм-фан ва маданият ривожига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган.

Анжуманда "Бобур ҳаёти ижоди - маънавият кўзгуси", "Бобурниннг илм-фан ва санъатга эътибори", "Бобурийлар сулоласи бошқарувида хотин-қизларнинг ўрни ва роли" сингари қатор мавзуларда маърузалар ўқилди. Иштирокчилар томонидан маърузалар, Бобур ижодий меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, анжуман доирасида республикамиздаги турли олий ўқув юртлари олималарининг 70 дан ортиқ илмий мақолалари киритилган "Бобурийлар салтанатининг ривожланишида аёлларнинг ўрни" номли китоб тақдимоти ўтказилди.

Якунда талабалар томонидан адабий компазиция         намойиш этилиб, Бобурнинг ғазал ва рубойиларидан намуналар ўқилди, куй ва қўшиқлар ижро этилди.

Зиёда АЗИМОВА,

Андижон давлат университети "Олима" уюшмаси раиси.

 

Суратда: тадбирдан лавҳа.

ИҚТИДОРЛИ ҚИЗЛАР САФИ КЕНГАЙМОҚДА

(11- сон) Иқтидорли қизларимиз

Бугун юртимизда ёшларнинг ўқиши, касб-ҳунар эгаллаши, ўз иқтидор ва салоҳиятларини намоён этишлари учун кенг имкониятлар эшиги очиб берилган. Бу борада вилоятимизда, хусусан, вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошидаги "Иқтидорли қизлар клуби" томонидан ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.

Адабиёт, маданият, санъат, таълим, фан, спорт йўналишлари бўйича 300 нафардан зиёд иқтидорли қизларни ўз сафига бирлаштирган клубимиз вилоят хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан 2006 йилда ташкил этилган. Иқтидорларни излаш, юзага чиқариш ва сафларини кенгайтириш мақсадида айни кунда вилоятимиз туман ва шаҳарларида ҳам клубимиз бўлимлари самарали фаолият кўрсатмоқда.

Қизларимизнинг иқтидор, қизиқиш ва фаоллигини янада ошириш учун турли йўналишлар бўйича ўтказилаётган машғулотларимизга таниқли кишилар, ўз соҳасининг етук мутахассислари таклиф этилмоқда. 

Клубимизга аъзо бўлган  иқтидорли қизларнинг аксарияти ўз соҳалари бўйича катта муваффақиятларга эришиб келаётганликлари барчамизни қувонтиради. Қўлга киритилган ютуқлар сарҳисоб қилинганда "Зулфия" номидаги Давлат мукофоти соҳибаларини алоҳида этироф этиш лозим. Бугунги кунда 17 нафар иқтидорли қизимиз ана шу нуфузли мукофотга сазовор бўлдилар. Улардан санъат йўналишида Муҳаббатхон Каримова, таълим йўналишида Рушана Рустамова, Саидабону Абдусаломова,  адабиёт йўналишида Гўзалой Абдуллаева, Ойдиной Абдумуталибова,  санъат йўналишида Севара Фозилжонова сингари мукофот соҳибалари иқтидорли қизлар сафини кенгайтириш ишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқда.

Бундан ташқари, избосканлик Ойгул Тожиддинова "Ҳунарманд" уюшмасининг аъзоси сифатида вилоят, республика доирасидаги кўплаб кўргазма ва танловларда қатнашиб, клубимиз нуфузини ошираётган бўлса, ҳазрат Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймоси туширилган либосларини кашта усулида тайёрлаган Муаззам Азимжонова ўз иқтидорини республика миқёсида намойиш этганлиги ҳам таҳсинга сазовордир. 

Клубимизнинг кўплаб қизлари ҳозирда турли олий ўқув юрт-ларида таҳсил олиш билан бирга, ўз иқтидорларини юксалтириб бормоқда.  Яна кўплаб қизларимиз турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб, юртимиз тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқда. Бир сўз билан айтганда, клубимиз иқтидорли қизлар учун тажриба ошириш ва маҳорат маскани бўлиб хизмат қилмоқда. 

Азиз аёлларимиз, гўзал ва лобар қизларимиз байрами бўлмиш Халқаро хотин-қизлар куни билан юртимизнинг барча қизларини муборакбод этаман. Уларнинг барчаларига ўқишда, ишда, ижодда улкан зафарлар ёр бўлишини тилайман. Қувонч ва бахт қизларимизнинг доимий ҳамроҳига айлансин.

 

Фотимахон АЛИЖОНОВА, "Иқтидорли қизлар" клуби  раиси.

ИШЧИ ГУРУҲЛАР САМАРАЛИ ФАОЛИЯТ ЮРИТМОҚДА

11- сон) 2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат   Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича оилалардаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий муҳитни ўрганиш мақсадида қатор масъул ташкилотлар вакилларидан иборат республика ишчи гуруҳи ташкил этилган бўлиб, айни кунда ишчи гуруҳ аъзолари раҳбарлигида Андижон вилоятининг туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган ишчи гуруҳлар томонидан белгиланган ишлар олиб борилмоқда.

Республика ишчи гуруҳи аъзоси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Саодат Боймирзаева бу борада олиб борилаётган ишлар хусусида қуйидагиларни  гапириб берди:

-  Маълумки, жорий йилда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, уларнинг орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ўрганиш ва ҳал этишда халқ билан мулоқот тизими йўлга қўйиилди. Ушбу тизим айниқса, оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизлар билан боғлиқ ҳаётий муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, уларни қўллаб-қувватлаш, оналар ва болалар соғлигини муҳофаза этиш сингари қатор йўналишларда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айни кунга қадар ишчи гуруҳ 868 маҳалладаги 523 минг 858  хонадонда бўлиб, 2 миллион  300 мингдан зиёд фуқаролар билан мулоқот ўтказдилар. Шунингдек, 1368 кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари, 2070 соғлиқни сақлаш, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлар фаолияти билан яқиндан танишилди.

Ишчи гуруҳларнинг оилаларни ўрганиш, фуқаролар билан мулоқотлари давомида аҳоли томонидан ижтимоий, иқтисодий ва маънавий  йўналишдаги қарийб 14 минг 600 та муаммо ва масалалар кўтарилди. Кўтарилган муаммо ва масалаларнинг 12511 таси ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ўз жойида ҳал этилди, фуқароларни қизиқтирган барча савол ва мурожаатларга зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди. Қолган 2063 масалнинг 64 таси республика, 127 таси вилоят, 1872 таси туман, шаҳар миқёсида ҳал этилиши белгиланиб, республика ва маҳаллий дастурларга киритилиши тавсия этилди.

Айниқса, оилаларнинг ўз даромадларини кўтариш борасидаги имкониятлари ўрганилиб, уларга бирор бир йўналиш бўйича оилавий тадбиркорликни йўлга қўйишлари учун амалий ёрдам кўрсатилмоқда,   банклардан кредит олишларига кўмаклашилмоқда. Хусусан, ишчи гуруҳ томонидан вилоятдаги 30 дан ортиқ оила вакилларига кредитлар ажратилиши тавсия этилган бўлса, айни кунда бир қатор оилалар тижорат банкларидан имтиёзли кредитлар олиб, муайян йўналишда иш бошладилар.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, иш жараёнида вилоятдаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари фаолияти, айниқса, давомат масаласи чуқур ўрганиб чиқилмоқда. Таълим муассасалари раҳбарлари, педагоглар ҳамда ота-оналар ҳамкорлигида ўқувчиларнинг дарсларга мунтазам қатнашишларини таъминлаш, хусусан, ота-оналарнинг масъулиятини ошириш  бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Бундан ташқари, ёшларни турли касб-ҳунарга ўргатиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, оилавий  ҳаётга тайёрлаш, турли ёт ғоялар, иллатлар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш, маънавий, сиёсий билим ва тушунчаларини янада юксалтириш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Умуман, вилоятда оилалардаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий муҳитни ўрганиш бўйича фаолият кўрсатаётган ишчи гуруҳлар томонидан белгиланган ишлар изчил ва тизимли олиб борилмоқда. Бу албатта, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилади.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ ёзиб олди.

Дил номалари

(11- сон)  

Мавлудахон ҚУРБОНОВА, "Маҳалла" ҳайрия жамоат

фонди Асака туман бўлинмаси раҳбари.

Жамиятнинг равнақи оилалар тинчлиги, фаровонлиги билан белгиланади. Оиланинг мустаҳкамлиги эса кўп жиҳатдан аёлга боғлиқ. Ана шундан келиб чиқиб фаолиятимизда хотин-қизлар масаласига алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.

Бугун туманимиздаги 73 та маҳалла фуқаролар йиғинида барча йўналишларда ишлар уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини, оилалар мустаҳкамлигини, аҳоли бандлигини таъминлаш, хусусий ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, томорқадан унумли фойдаланиш, кўча, гузар ва хонадонлар покизалигини сақлаш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, қайнона-келин муносабатлари, ёшларни оилага тайёрлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, сиёсий, ҳуқуқий билимларини бойитиш борасида маҳалла маслаҳатчилари, отин аёллар, фаоллар ва жамоатчилик вакиллари ҳамкорлигида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ана шу ишлар самараси ўлароқ Шодлик, Олақанот маҳаллалари "Энг намунали фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари", Файзобод маҳалласидаги 285-сонли милиция таянч пункти "намунали ички ишлар органларининг таянч пункти"танловларининг вилоят босқичида ғолиблар қаторидан жой олди.

Мен 8 март байрами билан барча аёлларимизни табриклайман. Уларнинг юрт равнақи йўлида олиб бораётган ишларида муваффақиятлар тилайман.

 

Зарифахон АШУРОВА,  Жалақудуқ тумани

Охунбобоев почта алоқа тармоғига қарашли Марказ алоқа бўлими бошлиғи.

Асли касбим иқтисодчи, кўп йиллар турли корхона ва ташкилотларда меҳнат қилдим. 2005 йилдан буён Охунбобоев почта алоқа тармоғида ишлаб келаман.

Одамлар билан ишлаш жуда мароқли, шу боис касбимни ёқтираман, қолаверса, зиммамдаги вазифани ўз вақтида, сидқидилдан адо этишга ҳаракат қиламан.  Фаолиятимизнинг асосий йўналиши бўлган  почта жўнатмалари,  кунлик хат-хабарлар, обуна нашрлари, нафақа пулларини эгаларига етказиш борасида аҳолига хизмат кўрсатиб келамиз. Бу борада жамоамизнинг ҳар бир аъзоси сидқидилдан меҳнат қилади. Моҳирахон Давлатова, Нодирахон Нурохунова, Дилрабо Фозилова, Гулчеҳра Исмоилова, Дилором Мадраҳимова, Замирахон Жўрабоевалар сингари ҳамкасбларим фаолиятидан кўпчилик мамнун.

Аёл учун чинакам бахт  - севимли касби билан машғуллиги, оиласи тинчлиги, севимли инсони билан  умргузаронлик қилиши, фарзандлар камолини кўришида, деб биламан. Таъкидлашим керакки, яхши жамоа  билан ишлаб келмоқдаман. Бу ҳам инсонга руҳ бағишлайди. Бу   бахтга муяссар бўлишимнинг бош сабаби оиламнинг тўкислиги деб биламан.

Мен аёлларимизни оилада, ўзлари меҳнат қилаётган жамоасида ҳурмат ва қадр топишларини истар эдим. Қутлуғ байрам арафасида юртимизнинг барча аёлларига тани сиҳатлик, бахт ва омад тилайман.

 

Лолахон БОЗОРОВА,

Қўрғонтепа тумани кўп тармоқли  марказий поликлиникаси мудири.

Кўп тармоқли туман марказий поликлиникасида меҳнат қилаётган 283 нафар шифокор-ходимларимиз 10 минг нафардан зиёд  аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Барчамизга яхши маълумки, аҳоли, айниқса, оналар ва болалар соғлигини сақлаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада туманимизда ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, мен раҳбарлик қилаётган кўп тармоқли поликлиникада фуқаролар саломатлигини сақлаш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур барча шароитлар яратилган. Ҳудудимиздаги аҳоли соғлиги доимий назоратга олинган.

Бундан ташқари, шифокорларимиз томонидан мактаб, коллеж ўқувчиларининг соғлигини муҳофаза қилиш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.  Таълим масканларида "Саломатлик - туман бойлик", "Соғлом турмуш тарзи", "Шахсий гигиена қоидалари", "Тоза қўллар", "Руҳий баркамоллик - жисмоний етуклик" каби қатор мавзуларда ўтказилаётган тадбирлар тар-ғибот ишлари самарадорлигини оширишга яқиндан ёрдам бермоқда.

Эл соғлигини сақлашдек шарафли ишда самарали фаолият юритишимда менга яқинларим, оила аъзоларим ҳамиша кўмак беришади. Уларнинг борлиги, тинчи, камоли менинг бахтимдир.

Аёллар байрами арафасида опа-сингилларимизга энг аввало, соғлик-саломатлик  тилайман.

 

 

МУКОФОТ МУБОРАК!

(11- сон)

Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида мамлакатимиз Президенти фармонига асосан юртимизнинг энг иқтидорли қизларидан бир гуруҳи Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.

Ушбу нуфузли мукофот Андижон педагогика коллежи ўқувчиси Илтижо Тоштемировага ҳам насиб этди.

Ўқишда, жамоат ишларида фаол Илтижонинг адабиёт сирларини пухта эгаллашга, ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлишга интилиши, бу борада катта ютуқларга эришгани унга омад келтиргани бежиз эмас. Чунки у ижодга дадил кириб келаётган истеъдодли ёшлардан бири сифатида кўпчиликнинг эътибор ва эътирофини қозонган.

 

Илтижони ушбу юксак мукофот билан   муборакбод этамиз!

АЁЛ МАДҲИЯСИ

(11- сон) МУНАВВАРА

Яратганнинг мўъжизаси эрур аёл,

Ул чароғбон Ватаннинг ҳар жойидадир.

Аёл гоҳи офтоб эрур, гоҳо ҳилол,

Жаннат асли оналарнинг пойидадир.

 

У Тўмарис бўлди элнинг достонида,

Жангга кириб, ёвни енгиб ғолиб қайтди.

Ор-номус деб, фидо бўлган ўғлонига,

Фиғон айлаб, кетар чоғда алла айтди.

 

Олов бўлди, қалов бўлди, жони фидо,

Бир жонини мингга бўлиб, қолди бутун.

Юрагига нурлар ато этди Худо,

Буюк Темур бешигини тебратган кун.

 

Хоксор аёл андишага бўлиб тимсол,

Бўстонидан бир ғунчасин олдирмади.

Навоийдек авлиёни туққан аёл,

Тарихларда номини ҳам қолдирмади.

 

Олис йўллар этса ҳамки ҳолин абгор,

Шоҳ Бобурнинг юрагига бўлди малҳам,

Вафо пеша бўлмаганда Қутлуғнигор,

Ер юзига кўрк бўлмасди Тожмаҳал ҳам.

 

У Нодира, у Увайсий, Анбар отин,

Самарбону бўлди қўлга қалам олиб.

Гул баргидан яратганми аёл зотин,

Бўстон этди, назми, дардин куйга солиб.

 

Не синовлар ўтди, сабр суянч бўлди,

Жангга кетган ёрин қирқ йил кутди аёл.

Ёрти кўнгли билан, юртга юпанч бўлди,

Қирқ жон ила, қил кўприкдан ўтди аёл.

 

Армонлардан орзуларга бериб қанот,

Fам андуҳин матонат-ла мавҳ этолди.

Йўли вафо, ёри эди сабру-сабот,

У ўзбекнинг Зулфияси бўлиб қолди.

 

Тебратади миллатнинг бешигин аёл,

Истиқлолга эгиз аёл деган ном ҳам.

Бу фаровон юртда ҳеч ким кўрмас завол,

Бу миллатнинг оналари кўрмайди ғам.

 

Ҳунарманддир, дунё ичра ўз номи бор,

Олтин унар тупроғидан, деҳқон аёл,

Тадбиркордир, муаллимдир, у шифокор,

Қаҳрамондир, пахлавондир, боғбон аёл.

 

Аёлини сийлаган юрт кам бўлмайди,

Она дуо қилса, создир ҳар ишимиз.

Бу Ватанда энди дарду-ғам бўлмайди,

 

Ўз элини жондан суяр Юртбошимиз.

ВИЛОЯТ ХОТИН-ҚИЗЛАРИГА БАЙРАМ ҚУТЛОВИ

11- (сон)

Қадрли опа-сингиллар, меҳрибон онахонлар!

Сизларни нафис ва беғубор баҳорнинг илк байрами, азиз аёлларимиз эъзозланадиган 8 март - Халқаро хотин-қизлар байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Халқимиз, айниқса, аёлларимиз қалбига яқин бўлиб қолган ушбу байрам арафасида шуни алоҳида таъкидлашни истар эдимки, мамлакатимизда, жумладан, вилоятимизда хотин-қизларнинг мавқеи ва нуфузини кўтариш, турмуш фаровонлигини ошириш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ишончим комилки, бундан буён ҳам  бу каби хайрли ва ибратли ишлар изчил давом эттирилади.

Азиз ва лобар опа-сингиллар, мўътабар онахонлар! Бугун андижонлик аёллар илм-фан, ижод, тадбиркорлик, спорт, қўйингки, ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳаларида ўзларининг фаолликлари билан юртимизнинг энг  илғор вакилалари қаторидан ўрин эгаллаб келаётганликлари қувонарлидир. Ушбу файзли байрамда  барчангизга аввало, тани сиҳатлик, узоқ умр, бахт-саодат, оилангизга тинчлик-хотиржамлик, дастурхонингизга   қут-барака, юртимиз равнақи, фарзандларимиз тарбияси йўлида олиб бораётган ишларингизда улкан ютуқлар тилайман.

Қалбингиздаги жамики эзгу ниятларингиз ижобат бўлиб,    фарзандларингиз камолини, аёллик, оналик бахтини кўриш насиб  этсин.

Сизларни баҳорий кайфият ҳеч қачон тарк этмасин, байрамингиз муборак бўлсин.

М. П. ЮНУСОВА,

вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.