+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ИНСОН МАНФААТЛАРИ ЙЎЛИДА

10- (сон) 2017 йил - халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

     Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида ижтимоий ҳаётимизнинг барча йўналишларида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

"Ислоҳотлар ислоҳот учун эмас, халқ манфаати учун" деган ғоя асосида бу борада амалга оширилаётган ишлар халқимизни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этишга, фуқароларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқаришга, қолаверса, юртдошларимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада ошириш, одамлар  қалбида жамиятдаги жараёнларга даҳлдорлик ҳисси билан яшаш, юртга садоқат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Халқ билан очиқ мулоқот қилиш барча соҳаларнинг мутасадди раҳбарлари зиммасига катта масъулият ва вазифалар юкламоқда. Буни Шаҳрихон туманида ташкил этилган Халқ қабулхоналари фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

- Халқ қабулхоналари халқ билан мулоқотни йўлга қўйиш, инсон манфаатларини таъминлаш учун ташкил этилган экан, фуқароларимизнинг ҳар бир мурожаати имкон қадар ижобий ҳал этилмоқда, - дейди Шаҳрихон тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси  Фаридахон Турдиева. - Президентимиз таъкидлаганидек, жамиятимизда адолат устиворлиги қарор топаётганлигини ҳар бир фуқаро англаб, ҳис этмоқда. Шу ўринда келиб тушаётган мурожаатлар ва айтилаётган муаммоларни ижобий ҳал этилишига давлат ташкилотлари билан бир қаторда, жамоат ташкилотлари ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Дарҳақиқат, бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда "Маҳалла" ҳайрия жамоат фонди туман бўлинмаси, "Камолот" Ёшлар ижтимоий ҳаракати туман кенгаши, туман Фермерлар уюшмаси, Маънавият тарғибот маркази туман бўлинмаси фаол қатнашмоқда. Туманда ечимини топмаган айрим масалалар юзасидан вилоят ҳокимлигида ташкил этилган Халқ қабулхонасига  мурожаат килинмоқда.

Вилоят ҳокимлигида ташкил этилган Халқ қабулхонасида мурожаат қилувчилар учун барча қулайликлар яратилган. Фуқароларни қабул қилиш ва мурожаатларни кўриб чиқиш, мурожаат билан боғлиқ ҳужжатларни электрон тартибда юритиш ишлари тизимли йўлга қўйилган. Бу каби қабулхоналар вилоятнинг ҳар бир туман ва шаҳарларида белгиланган кунларда фаолият юритмоқда.  

Айни кунларда ишсиз фуқаролар, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган ишлар ҳам самарали олиб борилмоқда. Жумладан, чорвачилик, паррандачилик, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, иссиқхоналар ташкил этиш истагидаги фуқароларга имтиёзли кредитлар ажратилиб, тадбиркорлик, оилавий бизнесни йўлга қўйишлари учун зарур барча шароитлар яратиб берилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, олиб борилаётган ана шу ишлар замирида аҳоли даромадларини ошириш, уларнинг турмуш  фаровонлигини юксалтиришдек эзгу мақсад мужассам. Қолаверса, бу каби   хайрли ишлар давлатимизнинг ўз фуқароларига кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрлигининг ёрқин намунасидир.

Зафарбек ИКРОМОВ,

 

вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи.

СЕШАНБА - ОИЛАЛАРНИ МУСТАҲКАМЛАШ КУНИ

10- (сон)

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ҳафтанинг ҳар сешанбаси вилоятимизда оилаларни мустаҳкамлаш куни деб белгиланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича оилалардаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий муҳитни ўрганиш мақсадида вилоятимизнинг туман, шаҳар ва маҳаллаларида фаолият кўрсатаётган ишчи гуруҳлар, хотин-қизлар қўмиталари фаоллари ҳамкорлигида ҳафтанинг ҳар бир куни оилалардаги, хотин-қизлар ўртасидаги долзарб муаммоларни ўрганиш ва хал этишга қаратилган тадбирларни амалга  ошириш белгиланган.

Жумладан, ҳафтанинг сешанба куни оилаларни мустаҳкамлаш куни деб эълон қилинди. Ўтган сешанба куни ҳам вилоятдаги 868 та маҳалла фуқаролар йиғинларида оилавий муаммолар билан ажралиш арафасига келиб қолган оилалаларни мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар ўтказилди.

Натижада, шу куннинг ўзида маънавий муҳит барқарорлиги бузилган ёки ажрашиш остонасида турган вилоятимизнинг турли маҳаллаларидаги 20 тадан ортиқ оилалардаги муаммолар жамоатчилик аралашуви ва иштирокида бартараф этилиб, ана шу оилаларнинг тикланишига эришилди.

Бу борада айниқса, Андижон шаҳридаги Фаробий, Қорасув шаҳридаги Учтегирмон, Хонобод шаҳридаги    Мустақиллик, Андижон туманидаги Нўхатак, Асака туманидаги Ганчиюз, Балиқчи туманидаги Саҳоват, Хўжаобод туманидаги Тўраобод, Избоскан туманидаги Қораянтоқ маҳаллаларида эътиборга молик ишлар амалга оширилди.

Оилаларда маънавий муҳит   барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлашга қаратилган бу каби хайрли ишлар бундан буён ҳам режа асосида тизимли давом эттирилади.

 

 

Мадина КОМИЛЖОНОВА

Оламни яшанатар юртим баҳори!

10- (сон)

Жилғага бош эгди қаҳратон қори,

Шаббода сочида куртак ифори,

Бойчечак - кўкламнинг кўрки, охори.

Бу ажиб чиройнинг йўқдур такрори,

Оламни яшанатар юртим баҳори!

 

Қалдирғоч ортидан қир ошар осмон,

Офтобга қучоғин кенг очар осмон,

Гоҳ булут кафтидан дур сочар осмон.

Ювилгай заминнинг гарду ғубори,

Оламни яшнатар юртим баҳори!

 

Майсалар либосин айлагай кўз-кўз,

Буғдойзор бахмали - эртанги ризқ-рўз,

Ҳар туни Қадр эрур, ҳар куни Наврўз.

Шодликка лиммо-лим шому наҳори,

Оламни яшнатар юртим баҳори!

 

Эй, меҳри қуёшга тафт берган элим,

Қалбимга шижоат-шахд берган элим,

Ҳар бир ўғил-қизга бахт берган элим.

Сенгадир қутловим, кўнглим изҳори,

Оламни яшнатар юртим баҳори!

 

 

Азизбек АНВАР.

БОЛАЛИКНИНГ ҚУДРАТИ

(9- сон) Ҳикоя

Лев ТОЛСТОЙ, рус адиби.

Ўлдириш! Отиш! Ҳозироқ отиш керак, ярамасни!...Ўлдириш!... Калласини олиш керак! - дея оламон ичидан аёл ва эркакларнинг баланд-паст овозлари эшитиларди.

Тумонат кишилар кўчадан оёқ-қўли боғланган бир одамни олиб борарди. Қаддини тик тутган, баланд бўйли бу одам шаҳдам қадам ташлаб юрарди. Унинг истарали, лекин важоҳат тўла юзида атрофдагиларга нисбатан алам ва жаҳл зоҳир эди.

Бу одам халқнинг зулмкор ҳукуматга қарши қилаётган урушида ҳукумат аскарлари томониида туриб жанг қилаётган кишилардан бири эди. Уни тутиб олишиб, дорга осиш учун майдонга олиб кетишаётганди.

- Нима қилиш керак? Куч ва ғалаба ҳар доим ҳам биз томонда эмас экан. Энди улар ҳукмрон. Пешонага ўлиш ёзилган бўлса, ўламиз, на илож! - деган хаёллар оғушида бораётган бу одам атрофда бўлаётган ҳайқириқларни эшитиб, совуққина кулиб қўйди.

- Бу шаҳар нозири, эрталаб ҳам бизга қарши ўқ узаётганди! - дея қичқирди оломон ичидан кимдир.

Ана шундай хайқириқлар билан оломон тўхтамай уни етаклаб борарди. Аммо кечаги тўқнашувда халок бўлганларнинг жасадлари ётган кўчага келганларида, оломон баттар жазавага тушди.

-  Чўзишни хожати йўқ! Ярамасни ҳозироқ ва шу ерда отиб ташлаш керак, майдонга олиб бориб ўтирамизми? - деб қичқирди баъзи кишилар.

Тутқун қовоғини уйганча, бошини яна ҳам баландроқ кўтариб олди. У атрофидаги оломондан қаттиқ нафратланарди.

- Ҳаммасини отиш керак! Айғоқчиларниям! Шоҳларниям! Руҳонийларниям! Мана бундай ярамасларни ҳам ўлдириш керак, - деди оламон ичидаги аёллардан бири.

Лекин оломонни бошқариб келаётганлар уни майдонга олиб бориб, ўша ерда жазосини беришга қарор қилгандилар.

Майдонга яқин қолганда, оломон ҳам бир оз тинчиган бир пайтда, ёш боланинг баланд йиғиси эшитилди.

-        Ота! Отажон! - дея ҳиққилаганча чамаси олти ёшли болакай оломонни ёриб ўтиб, тутқин ёнига ошиқарди.

 -  Ота!  , Улар сизни нима қилишмоқчи? Тўхтанг, тўхтанг, мени ҳам бирга олиб кетинг, дея уларнинг ортидан югурарди.

 Болакай югуриб келаётган томондаги ҳайқириқлар тиниб, гўёки кўринмас бир куч оламонни ажратар, ҳамма болага йўл берар ва у отасига тобора яқинлашиб келарди.

Вой, бу боланинг ёқимтойлигини қаранг! - деди оломон ичидан бир аёл.

- Кимни чақиряпсан? - сўради    бошқаси эгилиб.

- Отамни! Отамнинг ёнига ўтказиб юборинглар мени! - деб ҳиққилларди болакай.

- Болакай, ёшинг неччида?

- Отамни нима қилмоқчисизлар? - деган гапни у  қайта-қайта айтарди.

- Бор уйингга болакай, онангнинг ёнига бор, - деди бир киши.

 Бу гапни эшитиб турган тутқуннинг юзидаги алам кучайиб:

-  Унинг онаси йўқ! - деб бор овози билан қичқирди унга жавобан.

Ҳеч нимага эътибор бермай, оломон орасидан ўтиб, отасига етиб олган болакай, унинг қўлларидан маҳкам ушлаб бўйнига осилиб олди.

Оломон ичидаги баъзи кишилар ҳамон: "Ўлдириш! Осиш! Отиш керак, ярамасни!"- деб қичқиришарди.

Ота ва боланинг бир-бирига меҳрли ҳолатини кўриб, ҳамма бир зум тинчиб, уларга қараб  қолдилар.

- Нега уйдан кетдинг? - сўради ота ўғлидан.

- Улар сизни нима қилишмоқчи? - дерди болакай тинмасдан.

- Биласанми, нима қиласан, - деди ота.

- Нима?

- Катюшани танийсана?

- Қўшнимизними? Албатта, танийман.

- Хўш, унда уникига бориб тургин. Мен эса...мен ҳам бораман.

- Сизсиз кетмайман, - деб болакай янада қаттиқроқ йиғлаб юборди.

- Нега бормас экансан?

- Улар сизни ўлдиришади.

- Йўғ-ей, ҳеч нима қилишмайди, улар шунчаки...

Шунда тутқун кўтариб олган болани қўлидан тушириб, оломонни бошқараётган кишига яқинлашди.

-  Илтимос,- деди у, - мени қаерда ва қандай хоҳласангиз ўлдиринг, лекин унинг олдида эмас, - деб қўллари билан болакайни кўрсатди.  Икки дақиқага қўлларимни ечиб, қўл ушлашиб туринг, шунда мен унга сиз билан айланиб юрганимизни, дўстим эканлигингизни айтаман, у кетади. Ўшанда ... ўшандан кейин майли не кўйга солсангиз ҳам.

Бошқарувчи рози бўлди.

Шунда тутқун болкайни яна қўлига олиб:

- Қани энди ақлли бола бўлиб, Катяларникига боргинчи.

- Сизчи?

- Мен эса мана бу оғайним билан яна бир оз сайр қиламиз, сен кетавер, мен ҳам орқангдан бораман. Борақолгин энди, ақлли боласан-ку.

Болакай отасига бир зум термулиб туриб, у ёқ бу ёққа қараб, ўйланиб қолди, кўзларидан ёш тинмай оқарди.

- Борақол тойчоқ, мен албатта, бораман.

- Тезроқ борасиз-а?

Болакай гапга кириб, кўзларини отасидан узмасдан орқага юра бошлади. Бир аёл уни оломондан олиб чиқиб қўйди.

Бола кўздан узоқлашганда асир:

- Энди тайёрман, ўлдираверинглар, - деди.

Шунда кутилмаган, тушунарсиз бир ҳолат, гўё мўъжиза содир бўлди. Раҳм-шафқатсиз, нафрат ва жазавага тушган оломон тинчиб, уларда ғалати бир руҳ уйғонди гўё. Бир аёл:

- Биласизларми, нима. Келинг, уни қўйиб юборақолайлик, - деди.

- Ҳа- я, Худога топширдик уни, - деди яна кимдир.

 - Қўйиб юборилсин, қўйиб юборилсин! - дея ҳайқира бошлади оломон.

Шунда мағрур, бераҳм, бир неча лаҳза аввал оламондан чексиз нафратланаётган бу одам юзларини қўллари билан беркитиб, ҳўнграб йиғлаб юборди ва оломон ичидан қўллари боғланган ҳолда югуриб чиқиб кетди. Уни ҳеч ким тўхтатмади.

 

Рус тилидан Гулруҳ УМАРОВА таржимаси.

МАШҲУР СУЛОЛА АСОСЧИСИ

(9- сон)

Заҳириддин Муҳаммад Бобур тарихимизнинг мураккаб сиймоларидан бири. У бу фоний дунёга келиб атиги 47 йил умр кўрган бўлишига қарамай, жаҳон тарихида ўчмас из қолдирди.

У моҳир сиёсатчи, ҳарб илми билимдони, қомусий олим сифатидаги бетакрор асарлар яратди, қолаверса, кўплаб инсоний фазилатлари, жасур ва мардлиги билан  асрлар давомида бутун инсониятга ибрат бўлиб келмоқда. Бобур ҳаёти ва фаолиятидаги ноёб тажрибалари билан Атилла, Юлий Цезар, Амир Темур, Напалеон каби буюк давлат арбоблари ва тарихий шахслар  қаторидан жой олди.

Бобур  қисқа муддат ичида ҳозирги Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш мамлакатларининг аксарият қисмини эгаллаган улкан салтанат барпо этди. Бу салтанатда бобурийлар сулоласи қарийб уч ярим аср ҳукмронлик қилдилар. Сулола вакилларидан Ҳумоюн Мирзо, Акбаршоҳ, Шоҳ Жаҳон, Аврангзеб Оламгир ва бошқа подшолар ўз адолати, халқпарварлиги билан тарихда қолдилар.

Бобур ва бобурийлар даврида Ҳиндистон иқтисодиёти ва маданияти гуллаб-яшнади. Бу даврда Тож Маҳал (Ҳиндистон), Шоҳиқальа (Покистон) каби бетакрор меъморий обидалар бунёд этилдики, улар ҳанузгача олам аҳлини лол этиб келмоқда.

Улуғ ҳукмдор сифатига эга бўлган Бобур шоир сифатида халқчил ва содда тил билан "Fазал бўстони"ни барпо этган эдики, ундаги ғазаллар орадан беш юз йилдан ортиқ вақт ўтган бўлишига қарамай, ўқувчи томонидан ҳеч бир изоҳ ва таржималарсиз ўқиб-ўрганилмоқда. Бобурнинг ёрқин истеъдоди унинг ворисларида ҳам намоён бўлган. Ҳазратнинг иккинчи фарзанди Камрон Мирзо ҳудди отаси каби гўзал ашъорлар битган. Оқила қизи Гулбаданбегим эса "Ҳумоюннома" асари билан    машҳур. Кейинги авлодлардан Зебуннисо бегим "Офтобий" ва "Зафар" тахаллуслари билан мумтоз адабиётга кирган бўлса, Шоҳ Олам ва Баҳодиршоҳ Зафарлар шеърият бўстони ривожига ҳисса қўшган шоирлар ҳисобланади.

Ҳазрат Бобур нодир истеъдоди, беқиёс инсоний салоҳияти билан жаҳон аҳлини ҳайрат ва эҳтиромига сазовор бўлган. Ана шу ҳислатлари билан у халқимизни,  миллатимизни дунёга танитди. Биз авлодлар у қолдирган адабий меросини ўрганиб, асраб-авайлашимиз ва уларга лойиқ ворис бўлмоғимиз лозим.

 

Умидахон РАШИДОВА,

 

Асака педагогика ижтимоий-иқтисодиёт коллежи ўқитувчиси.

ТАРИХНИНГ МАШҲУР АЁЛЛАРИ ЗЕБУННИСО БЕГИМ

(9- сон)

2017 йил Андижонда Заҳириддин Муҳаммад Бобур йили

Зебуннисо бегим Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг авлодларидан, Абу Зафар Муҳиддин Муҳаммад Аврангзеб (тахтбезаги) Оламгирнинг қизи, таниқли шоира ва маърифатпарвар инсон бўлган.Унинг онаси Дилрасобону Шоҳнавозхоннинг қизи бўлиб, унинг авлодлари Бобурнинг қизи Гулбаданбегимга бориб туташади. Зебуннисо бегим 1639 йилнинг февраль ойида Деҳлида туғилган.

Зебуннисо бегим ўз замонасининг фозила аёлларидан бири Ҳафиза Марям Бону қўлида савод чиқарган. Отаси Зебуннисонинг шоирлик истеъдодини пайқаб, унга ўз даврининг етук олимларидан Мулло Муҳаммад Саид Ашраф Исфахоний ва Мулла Жевонни муаллим қилиб тайинлайди. Зебуннисо устозлари таъсирида нафақат шоира, балки, етук олима, уста танбур чертувчи-созанда ва хаттот бўлиб етишади. У ўзбек, араб, форс тилларининг сарфу наҳв (морфология ва синтаксис)ини, фиқҳ (қонуншунослик), мантиқ, фалсафа, тарих фанларини пухта ўзлаштиради. қуръонни бир неча маротаба ҳуснихатда кўчирган ва ёддан қироат билан ўқиган. Араб ва форс тилларини чуқур ўрганиб, шу тилларда ҳам ижод қилган. Хусрав Деҳлавий, Навоий ва Бобур асарларини синчиклаб ўрганган.

Ҳиндистон олимлари, шоирлари ва санъат аҳилларига кўп      ғамхўрликлар қилиб, уларга ҳомийлик кўрсатган. Ўша замоннинг кўп олимлари Зебуннисодан маош олар эдилар. Шу сабабли, тарихчилар унга юксак баҳо бериб, "Олами Ислом" тазкирасида Зебуннисо бегим отаси ҳукмдорлик билан қозонмаган шуҳратни илм ва одоб билан қозонган, дея фикр билдирган.

Зебуннисо кўплаб истеъдодли шогирдлар тарбиялаган. Шарқнинг машҳур шоири Мирзо Абдуқодир Бедил ўз қизини Зебуннисо бегим тарбиясига топширган. Натижада у шоира даражасига етишган.

Шоира ижодининг шаклланиши ва камолга етишида адабий муҳитнинг таъсири кучли бўлган. Акаси Аъзамшоҳнинг адабиётга қизиқиши, уйида бўлиб турадиган мушоиралар унда шеъриятга ҳавас уйғотади. Етук шоир ва олимлар билан танишиш, мулоқот, ўтаётган мушоиралар шоира ижодига илҳом бағишлади.

Зебуннисо мураккаб, зиддиятли бир даврда яшаб, ижод этди. Мамлакатдаги нотинч ҳаёт, салтанат учун курашнинг авж олиши шоира дунёқарашини тубдан ўзгартирди. Зебуннисо ижодида ижтимоий-фалсафий фикрлар чуқур илдиз ота бошлади. У ўз шеърларида табиат тасвири орқали инсоннинг орзу-умидларини, адолат ва ҳақиқатни куйлади. Тўғриликни, софдилликни тарғиб қилди, алдамчи, фирибгарлардан нафратланди. Зебуннисо ижодининг кўп қирралари Бедил фалсафасига ҳамоҳанг. Шоира инсоннинг гўзаллиги унинг фойдали ишида, меҳнатида, қадр-қиммати унинг мақсадида деб билади.

Зебуннисонинг асосий машғулоти шеърият, мусиқа, илм бўлган. У бутун ҳузур-ҳаловатини, тақдир ва бахтни, кишилар орзу қилган жаннатни китобда - илмда деб билган.

1922 йилда чоп этилган "қобул" журналининг 10-сонида Зебуннисо бегим ҳақида шундай маълумот учрайди: "Зебуннисо бегимнинг чиройли бир девони бўлган. Яна тасаввуф фалсафасига оид "Мунис ул-арвоҳ" асари ҳам бор. Тафсир соҳасида 769 варақни "Зеб ат-тафсир" ("Гўзал тафсирлар")ни ёзди. Бундан ташқари, илоҳиётга доир "Зеб ан-нашаот" номли асар ёзиб, уни устози хотирасига бағишлаган. Ҳиндистон мусулмонлари орасида муҳим дастуриламал бўлиб қолган. "Фатавойи оламгирий" ("Шариат қонунлари мажмуаси") асарини форс тилига таржима ҳам қилдирган. Кўриниб турибдики, Зебуннисо бегим ўз замонасининг оқила ва зукко қизи, ўша муҳитнинг баркамол зиёлиси эди.

Шоиранинг шеърий мероси бизгача тўлиқ етиб келмаган. 8000 мисрали бир девони (ғазаллари) етти қасидаси, беш таржеъбанд ва бир мухаммасигина сақланиб қолган. Зебуннисо асарлари қўлёзмаси дунёдаги кўплаб кутубхоналарда сақланмоқда.

Зебуннисо бегимнинг ҳаёт йўли қизиқарли воқеаларга бой. Унинг насли ота тарафидан ҳам, она тарафидан ҳам Бобур подшоҳга бориб туташади. Демак, у шоҳ қизи, боз устига ақл ва идрокда тенгсиз, юксак шеърий истеъдод соҳибаси, назм мулкининг маликаси, маликалар ичра энг гўзали...

Зебуннисо бегим ҳусну латофат ва малоҳатда беназир, фазилатда беқиёс бўлиб, 63 йиллик умри давомида ўзига муносиб, ҳамдард ёр топа олмади. У 1702 йилда Деҳлида вафот этди. У Деҳлидаги "Зарзарий" қабристонига амир Ҳусрав Деҳлавий ёнига дафн қилинган.

Марҳабо МУРОТОВА,

Жалақудуқ агросаноат касб-ҳунар коллежи ахборот-ресурс маркази мутахассиси.

ҚАРИНДОШЛАРИМИЗГА ҲАМИША ЯХШИЛИК ҚИЛАЙЛИК

(9- сон) Мулоҳаза

Бугунги кунда орамизда арзимаган сабаблар туфайли ўз яқинлари, ҳатто, туғишганлари билан юз кўришмас бўлиб кетаётган айрим кишиларни кўриб таажжубга тушамиз. Бу каби ҳолатлар инсоний муносабатларга ҳам, диний таълимотларимизга ҳам мутлақо зиддир. Ваҳоланки, муқаддас динимизда жамиятнинг барча аъзолари ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик ришталарини қарор топтириш улуғ ва савобли иш экани баён этилади.

Ҳаётимиз давомида инсонларга доимо меҳр-мурувват кўрсатишимиз, дўстона ва хуш муомалада бўлишимиз, айниқса, қариндош-уруғларимиз билан алоқаларни чиройли олиб боришимиз муҳимдир. Ҳар бир инсон ўз оиласи, яқинлари билан қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаши ва бу борада зиммасидаги бурчларини асло унутмаслиги керак.

Инсон табиатан ана шу риштага суянади ва ундан куч-қувват олади. Ҳаёт муаммоларини ечишда қариндошларига таянади, улар билан ҳаёти тинч ва осойишта кечади. Қариндошлар ўртасидаги муносабатлар раҳм-шафқат, ўзаро манфаатлар мослиги асосида бўлишлиги ҳам муҳимдир. Зеро, динимизда ҳам  қариндошлик муносабатлари баланд тутилади, энг авволо, ота-онага яхшилик қилишлик буюрилади.

Имом Бухорийдан келтирилган ҳадисда шундай дейилади: Расулуллоҳ (с.а.в)     марҳамат қиладилар: "Силаи раҳм қилмаган, яъни қариндошлари билан алоқани узган одам жаннатга кирмайди. Силаи раҳм доимий борди-келди эмас, балки узоқлашиб кетган қариндош ҳолидан хабар олишдир".

Қариндошлар билан ҳамиша яқин алоқада бўлиш, қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш инсон ризқи ва умрини зиёда қилади. Қолаверса, уларга меҳр-мурувват кўрсатиш орқали Яратганнинг раҳматига сазовор бўлишимиз, эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топа олишимиз ҳаётнинг инкор этиб бўлмас ҳақиқати эканлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Ҳар бир ўзини ҳурмат қилган инсон  қариндошларга нисбатан бағрикенг, олийжаноб, меҳр-оқибатли ва ҳамжиҳат бўлишдек халқимизнинг азалий қадриятларини улуғлаши, ана шу ўлмас анъаналаримизга амал қилиши лозим.

 

Маҳмуджон РАҲИМОВ,

 

Избоскан тумани.

У КЕЛАДИ

(9- сон) Дил туFёни

Кутаман. Кўзларингни яна бир-бор кўришни истайман. Кутаман. Сен билан яна дийдор кўришмоқ учун хайралашамиз. Нигоҳларинг мен билан кетади. Менинг кўзларим эса сенда қолиб кетади. Кунларни тунларга, тунларни кунларга улаб, сен билан учрашмоқликни интизор кутаман. Хижронлар кўзларимга маржон-маржон ёшлар илади.

Қўлга қалам олиб, сенга мактуб йўллайман. Фироқнинг оташидан яралган, изтиробнинг оловида тобланган соғинч бўлиб юрагим ёнади. Қуёшга беланган умидимни кўз ёшимга чаяман. Булутлардек оппоқ орзуларимни беланчакка солиб овутаман. Кутиш азобида қолган қалбимга таскин излайман: у келади. Бир қучоқ севги тўла гулдастаси билан келади. Меҳр тўлган қароқлари киприкларим билан яна тўқнаш келади. Севгимиз тўлдирилган қадаҳларда яна ишқ майидан бирга қониб ичамиз.

У келади. Бу гал қолгани келади. Бир умрга қолгани келади. Армонлар юрагига пайкон йўллаб, мени соғинч сахросидан олиб кетади. Орзулар маликаси этиб тайинлайди менинг султоним. Баҳор гуллари билан безанган қасримизда фаришталар иккимиз учун никоҳ ўқишади. Ўша оқшомда буткул хижронлар билан хайрлашамиз ва висолгоҳ гўшангамиз бўлади...

Ана у келди. Буни қадам товушларидан сезаяпман!

 

 

МЕҲРИНИГОР

Тўёна

(9- сон) Қатра

Гулмира бир неча йил муқаддам бешик тўйи қилганида келин аяси унга юз минг сўм тўёна берган эди. Энди улар тўй қилишяпти, ўғил уйлантиришмоқда. Олинган тўёнани қайтариш керак. Қайтарганда ҳам, одатда, ёнига қўшиб қайтариш лозим бўлади. Аксига олиб, нафақа пули ҳам рўзғорга ишлатиб юборилганди. Энди нима бўлади? Тўёнани қайатрмасликнинг иложи йўқ. Кейинги ой нафақа пули чиққунча тўй кутиб турмайди. Бирор кишидан қарз кўтариб туришдан ўзга чора йўқ.

Гулмира янгаси тўй қилишини эшитган эди-ю, лекин бунчалик тезлатиб юборишини кутмаганди. Қўни-қўшниларга сир бой бермаслик учун бошини эгиб, қариндошларидан қарз сўрашга киришди. "Ўзингда йўқ - оламда йўқ" деганлари рост экан. Бир ҳафтагача топилмади.

Одатда, тўёна тўй кунигача берилади. Аммо Гулмира тўй бошлангунча ҳам тўёна беришнинг иложини тополмади. Ҳижолатдан эзилиб юрди. Ниҳоят, никоҳ куни бир жиянидан келаси ой нафақа пулидан тўлаш шарти билан юз минг сўм ундириб, тўйхонага йўл олди. Гулмира кеннойиси ёнига бориб, минг ҳижолат билан тўёна кечикиб кетганига узр сўраб, пулни узатди. Ёшларга бахт тилади.

Тўй соҳибаси индамай пулни олди-ю, белбоғини узиб, санъаткорлар устидан сочиб юборди.

- Вой... Гулмира бундай бўлишини кутмаган эди. Бу нимаси? Берган пулини янгаси менсимадими? У атрофга жовдираб боқди. Назарида ҳамма унга қараб кулаётгандек эди. Ахир... ахир бу пулни топгунича бир ҳафта одамларга ялиниб, илтимос қилиб юрди. Бу ерда эса уни бир дақиқада сочиб юборишди.

Янгаси ҳеч нима бўлмагандек, шод кайфиятда нари кетди. Гулмира нима қилишини билмай, алам билан тўйхонани тарк этди.

 

Бахтиёр МАНСУРОВ  

FОЛИБ ВА СОВРИНДОРЛАР ТАҚДИРЛАНДИ

(9- сон) Иншолар танлови

Андижон шаҳар маиший хизмат касб-ҳунар коллежида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг   бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти асосида "Иқбол" газетаси таҳририяти томонидан "Соғлом она ва бола йили" давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантиришга, ана шу йўналишдаги тарғибот ишлари самарадорлигини оширишга қаратилган "Соғлом турмуш тарзи - саломатлигимиз гарови"  деб номланган лойиҳа доирасида ўтказилган иншолар танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими     бошқармаси бошлиғи ўринбосари И. Артиқбоев, "Иқбол" газетаси муҳаррири Ф. Ибайдуллаев, "Андижоннома" ва "Андижанская правда" газеталари бош муҳаррири С. Шукуров ва бошқалар сўз олиб, танловнинг аҳамияти, лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар хусусида гапирдилар.

Вилоятдаги академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш ва кенг тарғиб этиш,  ўқувчи ёшларнинг тиббий маданияти ва саводхонлигини юксалтириш мақсадида ўтказилган мазкур танловнинг вилоят босқичида туман ва шаҳарлардан тақдим этилган 60 дан зиёд ижодий ишлар кўриб чиқилди.

Якуний натижаларга кўра, биринчи ўринга Андижон давлат университети қошидаги 2-академик лицей ўқувчиси Садоқат Солижонова, иккинчи ўринга Андижон тиббиёт коллежи ўқувчиси Карима Мадибекова, учинчи ўринга Марҳамат қурилиш ва индустрия касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Дилафрўз  Раҳматжонова  сазовор бўлди.

Танлов ғолиблари ҳамда 32 нафар фаол иштирокчи диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Якунланган иншолар танлови ўқувчи ёшлар ўртасида     соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, уларнинг тиббий билим ва саводхонлигини ҳамда мазкур йўналишдаги тарғибот ишлари самарадорлигини оширишга ёрдам берди.

 

Гулмира ИКРОМОВА,

Андижон санъат коллежи ўқувчиси.

 

Суратда: тадбирдан лавҳа.