+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ДИЛАФРЎЗ - ТАНЛОВ FОЛИБИ

(10- сон)

Андижон шаҳрида "Йилнинг энг фаол адолатчи аёли" кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси вилоят кенгаши ҳамда партиянинг "Аёллар қаноти" кенгаши томонидан ўтказилган мазкур танловда унинг ҳудудий босқичларида ғолиб бўлган 6 нафар хотин-қиз иштирок этди.

Якуний натижаларга кўра, Пахтаобод туманидаги 13- умумий ўрта таълим мактаби директори ўринбосари Дилафрўз Маъмурова ғолиб деб топилиб, танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Танловда "Энг ташкилотчи аёл", "Энг фаол аёл", "Энг оқила аёл" сингари қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Fолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.

 

Элмурод АБДУЛЛАЕВ

ЎЗИДАН ЯХШИ НОМ ҚОЛДИРГАН АЁЛ

(10- сон)

Раҳимахон Низомутдинова Асака тумани ҳоким ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида 2010 йилдан буён самарали фаолият юритиб келаётган вилоятимизнинг илғор ва фаол аёлларидан бири эди. У бугун орамизда йўқ бўлса-да, ўзининг мазмунли ва ибратли ҳаёт йўли, амалга оширган эзгу ишлари билан ўзидан яхши ном қолдирди.

Р.Низомутдинова 1977 йилда Асака педагогика билим юртида амалиёт ўқитувчиси сифатида меҳнат фаолиятини бошлаган. Кейин мазкур билим юрти ёшлар бошланғич ташкилоти раиси, Асака тумани ёшлар ташкилоти котиби, тумандаги 23-боғча мудираси, Ниёзботир қишлоқ фуқаролар йиғини раиси, ва умрининг охирига қадар туман ҳокимининг ўринбосари вазифасида сидқидилдан меҳнат қилди. У меҳнат фаолияти, ҳаёти давомида  жуда кўп хайрли ишларга бош-қош бўлди, ота-онасига муносиб фарзанд, ибратли оила бекаси, ардоқли ёр, меҳрибон она, ўз ишининг етук мутахассиси, садоқатли дўст,  эл-юрт ишига камарбаста инсон сифатида жамиятда муносб ўрин топди, одамлар ҳурмат-эътиборини қозонди.

Раҳимахон Низомутдинова қаерда, қандай вазифада ишламасин, касбининг фидойиси, етук мутахассиси сифатида барча ишларни намунали тарзда йўлга қўя олди.  Қолаверса, ўзининг ташкилотчилиги, меҳнатсевар ва билимдонлиги, одамларни ўзининг ортидан эргаштира оладиган моҳир раҳбар эканлиги билан ажралиб турди.

Р. Низомутдинова жамоат ишларида фаол ва ташаббускор эди. У туман аҳолиси, айниқса, хотин-қизларининг оғирини енгил қилиш, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этиш йўлида самарали ишлар олиб борди.

Фаол ва ташаббускор, умри давомида эл-юрт равнақи йўлида самарали меҳнат қилган Раҳимахон Низомутдинованинг порлоқ хотираси ҳамиша ёдимизда қолади.

 

Андижон вилояти хотин-қизлар қўмитаси.

ШИФОКОРЛАРГА РАҲМАТ!

(10- сон) Миннатдорчилик мактуби

Қизим, Ўғилой Толибжонова яқинда вилоят кўп тармоқли болалар тиббий маркази кўз касалликлар бўлимида даволаниб чиқди. Ўз касбининг малакали мутахассилари бўлган бўлим шифокорларининг муолажалари яхши самара бериб, қизимнинг кўриш қобилияти анча яхшиланди. Умуман, бўлимда бемор болалар, уларни даволаниши учун зарур барча шарт-шароитлар яратилганлиги, шифокорларнинг ўз ишига масъулият билан ёндашишларидан барча ота-оналар беҳад хурсанд бўлмоқда.

Мен ҳам бутун оиламиз номидан бўлим бошлиғи Илёсбек Мўминов, бўлим ҳамширалари Дилрабо Fопирова, Рашида Усмонова, Ирода Жумабоева, Феруза Низомиддинова ва бўлимнинг барча ширинсўз шифокорларига ташаккур айтаман.  Доимо соғ-омон бўлишсин, элимиз, болажонларимиз соғлигини сақлаш йўлидаги ишларида ҳамиша омад ёр бўлсин.

ТОЛИБЖОНОВлар оиласи,

 

Андижон шаҳри. 

БИЛЛУР ГУЛДОН

(10- сон) Ҳикоя

Катта иморат   пастида бозор қизийди. Қўшни кампирлар пастаккина курсичаларда ўтирадилар, эрмак учун, савдо қиладилар. Олдиларида турфа буюмлар ёйилган, ранг-баранг пуфаклардан тортиб, банка қопқоқлари-ю, чинни идишларгача.

Биров пайпоқ тўқиганча олдидаги эски қўғирчоқ, сирли кастрюлга аҳён-аҳён ўтиб қолган ўткинчиларни чорлайди. Бирови олдидаги нарсаларни уёқ-буёққа суриб қўйган бўлади. Биров бепарво, қўлларини чалмаштирганича ўтиради.

Шу ердан ўтиб кетаётган қиз беихтиёр тўхтаб қолди. Ана шу эски буюмлар орасида бир гулдон унинг эътиборини тортди. Қиз энгашиб қўлига гулдонни олди. Биллур гулдон нафислиги, чиройли безаклари билан унинг кўзини яйратди. Аста бармоқлари билан гулдонни чертди. Гулдондан кўнгил тубига бориб тегадиган ажиб нозик овоз таралди.

 - Эҳтиёт бўл, қизим, - деди қотмагина кампир унга юзланиб. Афтидан, кампир идиш эгаси бўлса керак, куюнчаклик билан қўшиб қўйди: - Бунақа биллур ҳозир топилмайди. Чехларники. Ўҳў, буни бир пайтлар эрим олиб келганди. Шундай қиммат, шундай қиммат… Роса койигандим ўзиниям.

Қиз гулдонни қўлида авайлаб томоша қилди. Биллур қуёшда жилва қилди.

- Қанча деяпсиз? - сўради қиз гулдонни қўлидан қўймай.

Кампир ютинганча индамай қолди.

- Қанча? - қиз уни эшитмади, деб ўйлаб саволини такрорлади.

- Матлуба, сенга гапиряпти, - кампирнинг ёнида ўтирган ҳамроҳи уни туртиб деди. - Айтсанг-чи нархини.

Кампир гўёки гулдонни қайтиб олмоқчидай, беихтиёр қўлларини қизга силкиди.

- Гулдонни ростдан олмоқчимисан?

- Олмасам, сўрармидим, бувижон, - деди қиз кулиб.

- Бу гулдон не-не бахтли кунларни кўрмаган… - кампир хаёлга толди. -  У бахт келтиради.

- Майли, бахт келтира қолсин, шунинг учун ҳам сотиб олмоқчиман-да, - деди қиз яна мийиғида кулиб. - Ахир қанча нархи?

Кампир ўйланиб қолди.

- Матлуба, савдоси келганда, нега жим ўтирибсан, айтсанг-чи?

Кампир қизга юзланди:

- Гулдонни қайтиб бера қолинг, қизим.

Қиз ҳайрон бўлиб қолди. Атрофдагилар ҳам унга таажжубланиб қарашди.

- Сотишдан айнидингизми? Ё пули етмайди деб ўйлаяпсизми? - деди қиз жон-дили билан.

- Йўқ, йўқ….

- Матлуба, нега бундай қиляпсан? - деди унга ҳамроҳи куюниб.

- Гулдонни сотмоқчи эмасман… фикримдан қайтдим.

- Ие, нега? - деди қиз ажаблангандан-ажабланиб. - Сотмоқчи бўлмасангиз, нега олиб чиқдингиз?

Атрофдагилар ҳам чувиллашиб кетишди.

- Бера қол, қизим… - деди  кампир қизга ёлвориб, гўёки у гулдонни олиб, қочиб кетадигандай.

Қиз ноилож истамайгина гулдонни унга узатди. Кампир қадрдон гулдонини шоша-пиша олиб, қоғозга ўради. Қиз орқасига қарай-қарай нари кетди.

 

Масъума АҲМЕДОВА

БОЙ БЎЛИШ БУРЖГА БОFЛИК...МИ?

(10- сон) ХОҲ ИШОНИНГ...

Пул ҳар бир одамга куч ва эртанги кун учун ўзига бўлган ишончни оширади. Бироқ у ҳеч қачон ўз-ўзидан қўлимизда пайдо бўлиб қолмайди. Астрологларнинг таъкидлашича, кишининг қай даражада пул топиши, бой ёки камбағал бўлиши кўп жиҳатдан буржга боғлиқ бўлиб, айрим буржлар ўз соҳибларига янада кўпроқ пул келтириши мумкин экан.

Қуйида мунажжимларнинг турли бурж вакилларини пул топиш, унга муносабат борасидаги имкониятлари ва қарашлари ҳақидаги фикрлар билан танишасиз.

Қўй

Ушу бурж вакиллари тинимсиз меҳнат қилиш орқали пул топишади. Ҳатто, баъзилари нафақага чиққанларида ҳам ишлашади. Аслида улар пул борасида "пулим йўқ" дейишни билишмайди. Доим қариндош-уруғ ва яқинларига пул беради, тартиб билан ҳаражат қилишга эътибор қаратмайдилар. Шу сабаб улар ҳеч қачон ортиқча маблағ жамғара олишмайди.

Бузоқ

Ушбу бурждагилар ўз қадрини яхши билишади. Ҳеч қачон текинга ишлашмайди. Улар пулни топиш билан бирга, ақл билан ишлатишни ҳам билишади. Бу уларнинг энг катта ютуғи. Шу боис, уларнинг пулсиз қолишлари унчалик кўпга чўзилмайди.

Эгизаклар

Улар ҳамиша ўз ақлига таянган ҳолда пул топишга ҳаракат қилишади. Битта ўқ билан иккита қуённи урмоқчи бўлишади. Лекин кўп ҳолларда бунинг уддасидан чиқишмайди. Пулни ўйламасдан сарф қилишгани учун доимо пулга муҳтожлик сезиб яшашади.

Қисқичбақа

Ушбу бурж вакиллари ҳеч қачон пулсиз қолмайди. Ҳар доим қора кунга атаганлари бўлади. Улар кўп пул топишга ва яхши яшашга уринишади. Оиласини ҳам доимо яхши таъминлашга жон-жаҳди билан ҳаракат қилишади. Фақат тинимсиз ҳаракат билангина пул топишлари мумкин.

Арслон

Ушбу бурждагилар ҳаммадан яхши яшашни, яъни шохона ҳаёт кечиришни хоҳлашади. Бироқ камдан-кам ҳоллардагина ўз ниятларига етишадилар. Улар ҳамиша юқори маош тўланадиган жойда ишлашга интилишади. Бунинг учун кечаю кундуз ишлашга ҳам рози бўладилар.

Паризод

Ушбу бурж вакиллари бир умр тинимсиз меҳнат қилишади. Лекин уларнинг меҳнати ҳар доим ҳам қадрланмайди. Бундан улар руҳан азобланади. Лекин керакли жойларга (билим олиш, соғлигини тиклаш, оиласи учун зарур жиҳозлар олиш каби) пулларини аямасдан сарф қилишни ҳам билишади.

Тарози

Ҳамиша ҳам жон куйдириб меҳнат қилмаса-да, пул топишнинг уддасидан чиқишади. Улар ўзига ҳомий топишга устаси фаранг. Пулни сарфлашда эса бир тийин устида ҳам бош қотиришади.

Чаён

Улар табиатан туғма молиячи ва бошқарувчи бўлишади. Аъло даражадаги ташкилотчи бўлишгани учун кўпроқ бозорда фаолият юритишади. Уларнинг ҳамиша қўшимча даромад (масалан, уйни ижарага, тадбиркорлик бўйича маслаҳатлар бериш каби) оладиган манбаи бўлади. Умуман олганда, улар пулдан пул қилишни яхши билишади. Қарилик гаштини ҳам бемалол суриши мумкин.

Ўқотар

Бу одамларнинг қўлида ҳеч қачон пул турмаслиги аниқ. Улар ҳамиша чўнтагида охирги пули қолгунча ишлатишади. Кўпинча улар ўзларини худди пули кўп бой одамдай тутишади. Бироқ айрим ҳолларда ўз алдовларининг "қурбони"га айланишади.

Тоғ эчкиси

Қайсар, бир умр фақат ўз мақсадлари йўлида ишлайди. Лекин улар бир умр тарки дунё қилиб яшашлари ҳам мумкин. Доим атрофидаги одамларни ҳам қашшоқ деб ўйлашади. Аммо эътиборли томони шуки, бор пулини бекорга совуришмайди. Уларнинг ёнида доим маълум миқдорда пул бўлади.

Қовға

Бу бурждагилар яхши пул ишлаб топишади. Лекин пул уларнинг ҳаётида биринчи ўринда эмас. Улар дўстларига қарз бериб туришлари ва ҳатто, қарз бергани ёдидан ҳам кўтарилиши мумкин.

Балиқ

Балиқ буржидагиларнинг ҳаётида пул иккинчи даражали. Улар одатда камтарона ҳаёт кечиришади. Ҳеч қачон пулнинг ортидан қувишмайди. Ҳар қандай нарса тақдир билан боғлиқ, деган тушунча уларнинг онгига сингиб кетган.

 

 

Умида АДИЗОВА тайёрлади.

ТАТИРОВКА АЖАЛ ЧИЗГИЛАРИ

(10- сон) мулоҳаза

Бугунги кунга келиб ер юзида "татировка" деб аталган танага расм чизиш одати анча кенг тарқалган. Дастлаб бу "санъат асари" дея ғарб мамлакатларида "донг таралди". Улар асосан, мусиқанинг рок йўналишида ижод қилувчилар  ва   уларнинг  мухлислари белгиси сифатида елка, қўллар ва тананинг турли қисмларида акс эттирилган.

Бу каби чизгилар авваллари ғарб мамлакатларида кенг ёйилган бўлса, ҳозирга келиб, шарқ мамлакатлари ва ҳатто, юртимизда ҳам кузатиш мумкин. Эътибор берсак, уларни кўпроқ ёшлар орасида учратамиз.  Шу ўринда савол туғилади: бу "гўзаллик"ни минг азобда танага жойлаштиришдан қандай  наф бор? Татировкалар инсонларга ҳам  маънан, ҳам жисмонан катта зарар келтиради. Унинг маънавий зарарлари ҳақида айтадиган бўлсак, чизгиларда асосан тиғли анжомлар, йиртқич ҳайвонлар ва бошқа ваҳшиёна суратлар акс этган. Уларни бир сўз билан ёвузлик нишонаси       дейиш  мумкин.

 Танасига бундай суратни чизиб олган шахс ҳақида ҳеч кимда ижобий фикр туғилмаслиги аниқ. Қолаверса,бундай кўринишни ваҳшийликка даъват қилиш, инсон онгини заҳарлаш деб баҳолаш мумкин. Энди татировканинг инсон саломатлигига кўрсатадиган зарари хусусида тўхталсак, бу ҳақида жуда кўп гапириш мумкин. Аммо биз улардан айримларинигина келтириб ўтамиз. Бу "санъат асари" терининг остига игна билан ранг бериб чизилганлиги сабабли уни чизиш жараёнида теридаги миллионлаб ҳужайралар нобуд бўлади. Яхши дезинфекцияланмаган асбоблар орқали ОИТС, ОИТВ, сил каби хавфли касалликлар юқиши, бундан  ташқари, саратон, турли тери касалликларига чалиниш эҳтимоли жуда юқори бўлиши тиббий  текширувлар  жараёнида  исботланган.

Татировка инсон танасида бутун умрга қолади. Ҳатто ҳозирда таклиф  қилинаётган лазер нурлари ҳам бу "безак"нинг зарарли оқибатларидан қутилишга кафолат бера олмайди. Шунга қарамасдан, орамизда танасига татировка чиздирувчилар борлиги ачинарлидир. Янада ташвишлиси эса улар орасида қизлар ва аёлларнинг борлигидир. Баъзи аёллар танасига татировка чиздираётган бўлса, айрим қиз-аёллар қош, кўз, лабларига "татуаж" билан "оро" беришмоқда. "Татуаж" ҳам татировкадан деярли фарқ қилмайди. Вақт ўтгач, уларнинг ҳар иккиси  ўзининг аянчли асоратларини кўрсатади, аммо кейин кеч бўлади.

Маънавиятимизга, ҳам     соғлигимизга жиддий зарар етказадиган ушбу иллатдан узоқ бўлайлик. Яқинларимизни, айниқса, ёшларимизни унга ружу қўйишларига асло йўл қўймайлик. Шундагина кўплаб нохушликларнинг олдини олган бўламиз.

 Мадина АКБАРОВА, талаба.

СЕРҚИРРА ЁШ ИЖОДКОР

(10- сон) Ижодкор ёшларимиз

Розия Шукурова болалигидан шеърлар, қатралар, эртак ва ҳикоялар ёзиб келади.  Айни кунда Андижон давлат университети хорижий тиллар факультети француз тили ва адабиёти йўналишида таҳсил олаётган ёш ижодкор таржима билан ҳам шуғулланмоқда. Қуйида унинг француз ва инглиз тилларидан қилган таржималаридан намуналар билан танишасиз.

Паул ЭЛУАРД, француз шоири

ОЗОДЛИК

Бўш қолмас дафтарлар ва менинг китобчам,

Ҳаттоки барҳаёт дарахтларга ҳам,

Ёзилар тупроғ-у қор бағрига ҳам,

Сенинг номинг!

 

Жўшиб оқаётган қонда ва сувда,

Йўқолган қоғозлар, сахро қумида,

Учратаман барча саҳифаларда,

Сенинг номинг!

 

Вужудим сокинликка эришган дамда,

Бошимдан кулфатлар ариганида,

Боқий муҳрланган у хотирамда,

Сенинг номинг!

 

Менга куч бергувчи бир сен эмасми?!

Ҳаётнинг маъносин англамоқ учун.

Мен гўё дунёга келганман асли,

Сени  ОЗОДЛИК деб атамоқ учун.

 

          ШАББОДА

        (Инглиз халқ эпоси)

Варракларни кўкка кўтариб,

Қушлардек учишга ундайсан.

Чор атроф-у майсалар юзин,

Нозанин сочларидек силайсан.

Шаббода кун бўйи эсгайсан,

Шовқинли қўшиқлар куйлайсан.

 

Эркалигингу шўхликларинг,

Ёдга солиб турар борлигинг.

Чақирдинг, нафасинг ҳис этдим,

Ва лек кўролмадим кўзларинг.

Шаббодада кун бўйи ўйнайсан,

Шовқинли қўшиқлар куйлайсан.

 

Шу қадар мағрурсан, кучлисан,

Билмайман кекса ё ёшлигинг.

Суронлар солади тоғу боғларда,

Мендан-да ортиқ бебошлигинг.

Шаббода кун бўйи эсгайсан,

Шовқинли қўшиқлар куйлайсан.

 

Розия ШУКУРОВА таржимаси.

ЯХШИ ИНСОН НОМИ УНУТИЛМАЙДИ

(10- сон) Хотира

Инсон ҳаёти давомида қилган меҳнати ва яхши амаллари билан қадр ва эъзоз топади. Бундай кишиларнинг ёди узоқ вақтгача инсонлар хотирасида муҳрланиб қолади. Ана шундай ҳаёт йўлини босиб ўтган инсонлардан бири устоз, раҳматли Фозилжон Самиевдир. У инсон умрининг кўп қисмини ёш авлод таълим-тарбиясига бағишлади. Андижон қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежига раҳбарлик қилди.

Устоз Фозилжон Самиев ҳалоллиги, меҳнатсевар, талабчан, айниқса,  жамоадошларига нисбатан хушмуомалалиги, ҳар қандай шароитда ҳам уларга қўлидан келганича ёрдам кўрсатиши, яқинларига маслаҳатгўй, оилапарвар, меҳрибон ва дилкаш инсон сифатида нафақат ҳамкасблари, балки кенг жамоатчилик орасида катта ҳурмат-эътибор топа олган инсон эди. 

Домла тажрибали ва ташкилотчи раҳбар, моҳир ва ташаббускор педагог, касбининг фидойиси сифатида коллеждаги таълим-тарбия иши ривожига улкан ҳисса қўшди. Айниқса, устоздаги самимийлик, камтарлик, ўзгаларни ҳамиша эзгу ишга ундаш сингари юксак инсоний хислатлар жамоадошлари, ўқувчи ва шогирдлари учун ҳақиқий ибрат мактаби бўлди.

Узтоз қисқа, лекин мазмунли ҳаёти давомида коллежимизда кўплаб эзгу ишларни амалга оширди. Хусусан, ёшларнинг пухта билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун зарур барча шароитлар яратилишига бош-қош бўлди, ёш иқтидорларни юзага чиқаришда жонбозлик кўрсатди. Шунинг учун ҳам унинг раҳбарлик даврида коллежимизда таҳсил олган ҳар бир ўқувчи ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини топа олди. Устоз бошлаган хайрли ишлар, ўзига хос анъанана бугун Дониёрбек Усмонов, Азизбек Миркомилов, Насибулло Мўминов , Муаззам Каримова, Мохинур Қосимова, Исмоил Маюнусов сингари устозлар, умуман, аҳил жамоамиз томонидан давом  эттирилмоқда.

Ф.Самиевнинг ҳаёти ва фаолияти давомида амалга оширган хайрли ишлари биз    шогирдлари, бугун ушбу жамоада ишлаётган ҳар бир педагог ва ходим учун ибратдир. Фидойи бу инсоннинг номи ҳамиша ёдимизда сақланиб қолади, хотираси қалбларимиздан ҳеч қачон ўчмайди.

Умида СОТВОЛДИЕВА.

БАҲОР СОFИНЧИ

(10- сон) Қатра

Бугун совуқ ҳар кунгидан ҳам танамизни жунжиктирмоқда. Қарғаларнинг қағиллаган овози борлиқни тутади. Мусичалар жунжикишиб, бир-бирининг пинжига суқилишади. Дарахтлар хўрсинишиб, шоҳларини елкаларига ташлаб олишган. Томларда қолиб кетган қорлар аста эрий бошлайди. Чак-чак этиб, кўлмаклар ҳосил қилишади.

Қуёш тонгда эринибгина заминга юз тутади. Гўё захарханда қилиб, кулганга ўхшайди. Совуқ барибир борлиқни тарк этмайди. Аммо юракларда баҳорга ташналик, илиқ кунларга интиқлик бор.

Намиққан ерлар остида гул-у майсаларнинг уруғлари униб чиқиш учун ўзида куч тўплайди. Меҳнаткаш чумолилар ўз инларида шижоат ва ғайратга тўлиб, хашарга шай туришибди. Гўё совуқни ҳайдамоқчи бўлгандай шаббода эсади,  баҳорни, илиқликни олиб келишга уринади. 

Гул табиатни уйғотиб, юракларни орзиқтириб, оламни яшиликка буркаб, қушларни сайратиб, дилларни яйратиб баҳор нафаси эсади. Шунда ҳаёт қанчалар завқли эканлигини дил-дилимиздан ҳис этамиз.

МЕҲРИНИГОР

 

Тун

(10- сон) кечинма

Тун, инсонларга нималарнидир эслаш, хатти-ҳаракатлари, гап-сўзларини мушоҳада қилиш  учун берилаётган имкониятга ўхшайсан. Кўз-ёшларни яшириш учун борлиқни қора либосга буркагансан. Менинг наздимда гўё иқрору таъзарруларга маконсан.

Инсон зоти борки, унинг қалб тубида яшириб келаётган, ҳеч ким билмайдиган сирлари бор. Ана шу сирлардан фақат ва фақат сен хабардорсан. Лекин сендан шуни ўтиниб сўрардимки, инсонлар қалбини сенга очганларида, меҳрибончилик қилиб, қаро рангингни уларга юқтириб қўйма. Зотан, инсоннинг қалби қора бўлса, ҳаётда фақат қаро йўлдан юришга мажбур бўлиб,  эзгу ва хайрли ишлардан йироқ бўлади. У чин маънода яхши инсон бўла олмайди.

Тун, сендан илтимос, инсонларнинг қалби қаро бўлишига йўл қўймагин.

 

Матлуба МЎМИНОВА.