Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Пак Кин Хэ - Жанубий Корея Республикасининг 11- президенти ва бутун Корея ярим ороли тарихидаги биринчи президент аёл саналади.
Таъкидлаш жоизки, Пак Кин Хэга президентлик ҳаёти болаликдан таниш. Сабаби у Корея Республикасининг 1963-1979 йиллардаги президенти Пак Чон Хининг тўнғич фарзанди эди. Отасининг президентлик фаолияти, унинг ҳаёти, мамлакатни бошқариш борасидаги олиб бораётган ишлари билан яқиндан таниш бўлган. Бўлажак президент Пак Кин Хэ узоқ йиллар мамлакатдаги энг йирик партиялардан бири бўлган Буюк миллий партияга етакчилик қилган (2012 йилда мазкур партиянинг номи "Сэнури" дея ўзгартирилади).
Пак Кин Хэ 1952 йил 2 февралда Тэгу шаҳрида бўлғуси президент Пак Чон Хи оиласида таваллуд топган. Кейинчалик унинг Жи Ман исмли укаси ҳамда Се Ён исмли синглиси дунёга келган. Ўқиш ва изланишдан сира чарчамайдиган Пак Кин Хэ 1970 йилда Сеулдаги "Муқаддас қалб" номли қизлар ўрта мактабини тамомлаб, 1974 йилда Соган университетига кириб таҳсил олади ва электротехника мутахассислиги бакалаври даражасига эришади. Сўнг у 1987 йилда Тайванддаги Хитой маданияти университетини, 2008 йилда Кореядаги етакчи KAIST илмий-техника институтини ҳамда 2010 йилда Соган университетини тамомлаган. Шунингдек, у 1981 йилда пресвитериан коллежида христианлик дини қоидалари бўйича ҳам таҳсил олган.
1974 йил 15 августда Кин Хэнинг отаси президент Пак Чон Хига суиқасд уюштирилади. Натижада Пак Чон Хи қаттиқ жароҳатланади, рафиқаси Юк Ён Су эса вафот этади. Шундан сўнг Пак Чон Хи бошқа уйланмайди ва мамлакатдаги биринчи хоним мақоми амалда унинг катта қизи Пак Кин Хэга ўтади. Бу ҳолат 1979 йил 26 октябргача, яъни отасининг вафотига қадар давом этади.
Буюк миллий партия томонидан 1998 йилда Корея Республикаси парламенти - Миллий Кенгашга ўтказилган сайловда Пак Кин Хэнинг номзоди қўйилади ва илк бор депутатликка сайланади.
2004-2006 йилларда Буюк миллий партия вакиллари Пак Кин Хэ етакчилигида 40 мартадан кўп турли даражада ўтказилган сайловларда юқори овоз олиб, ғалабага эришади ва Кин Хэ кенг жамоатчилик томонидан "сайловлар қироличаси" деб аталади. Бироқ 2007 йилда ўз номзодини мамлакат Президентлиги учун илгари сурган Пак Кин Хэ партиянинг ички сайловларида Ли Мён Бакка мағлуб бўлади. Шу тариқа Ли Мён Бак 2008-2013 йилларда Корея Республикаси президентлигига сайланади.
2011 йилга келиб, Буюк миллий партия рейтингининг тушиб кетиши натижасида партиянинг номи "Янги қутблар партияси" маъносини англатувчи "Сэнури" деб ўзгартирилади. Шу йилнинг 19 декабридан Пак Кин Хэ партиянинг Фавқулодда қўмитасига раис (амалда партия етакчиси) этиб сайланади. Унинг саъй-ҳаракатлари билан партия фаолиятида катта ижобий ўзгариш рўй беради. 2012 йилги сайловларда Сэнури парламентдаги 300 ўриндан 152 тасини эгаллаб, Пак Кин Хэнинг президентлик сайловида қатнашишига етарли замин ҳозирлайди.
Бу сафар партиянинг ички сайловларида Пак Кин Хэ рақибларини катта фарқ билан ортда қолдириб, Сэнури партиясидан президентликка номзод сифатида кўрсатилади. 2012 йилнинг 19 декабрида бўлиб ўтган мамлакат Президенти сайловида сайловчиларнинг 51,55 фоиз овозини олиб, нафақат Жанубий Кореядаги, балки бутун шимоли-шарқий Осиёдаги биринчи президент аёл сифатида ўз номини тарихга муҳрлайди. Сайловчилар Пак Кин Хэни меҳрибон, хотиржам ва ишончли эканлиги учун унга овоз берганликларини айтиб ўтадилар.
Жаҳоннинг кўплаб оммавий ахборот воситалари Жанубий Кореядаги президентлик сайлови натижалари мамлакатни янги тараққиёт марраларини эгаллашида муҳим қадам бўлишини илгари сурадилар. Бундан ташқари, хориж мамлакатларида истиқомат қилувчи кўплаб корейслар ҳам Пак Кин Хэни Жанубий Кореянинг янада гуллаб-яшнаши гарови сифатида қарши олдилар.
2013 йил 25 февралда янги президент - Пак Кин Хэнинг Сеулда бўлиб ўтган инаугурация маросимига 70 минг киши таклиф этилади. Инаугурация маросимининг расмий қисмида Пак Кин Хэ Корея Республикаси президентлиги қасамёдини қабул қилиб, ўз фаолиятининг "янги умидлар даври" деб номланувчи тўрт тамойилини - иқтисодий ўсиш, халқ бахт-саодати, маданий тараққий этиш ва тинч бирлашуви асосидаги ривожланиш дастурини ҳамда "халқнинг бахт-саодати даври" декларациясини эълон қилади.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Пак Кин Хэ ҳаёти давомида оила қурмаган ва унинг фарзандлари йўқ. Бу масала кўтарилганида у ҳазиллашиб, мен ўз мамлакатимга турмушга чиққанман, дея гапириб ўтади.
Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида масофа узоқ бўлса-да, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари янада мустаҳкамланди. Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлиги халқларимиз ўртасидаги қадимий дўстликдан қувват олади. Афросиёб деворида акс этган Самарқанд ҳукмдорининг қадимги Корея - Чосон элчисини қабул қилиш маросими мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар узоқ тарихга бориб тақалишидан далолат беради. Эл-юртга садоқат, аждодлар мероси ва қадриятларини эъзозлаш, меҳр-оқибат, бағрикенглик, очиқкўнгиллик, саховат, каттага ҳурмат, меҳнатсеварлик каби фазилатлар ҳам ўзбек ва корейс халқлари учун бирдек хосдир. Бир пайтлар тақдир тақозоси билан юртимизга келиб қолган ўн минглаб корейсларга ўзбек халқи меҳр-оқибат ва ҳурмат кўрсатиб, бошпана берганини корейс халқи ҳеч қачон унутмайди.
Пак Кин Хэнинг Корея Республикаси Президенти сифатидаги илк давлат расмий ташрифини 2014 йил 16 июнда айнан Ўзбекистондан бошлангани ҳам бежиз эмас.
Пак Кин Хэ бошқа давлат раҳбарларидан кўра анча эрта - 45 ёшида катта сиёсат майдонига қадам қўйган бўлса-да, ўзининг моҳир сиёсатчилиги, давлат бошқарувидаги маҳорати, халқчил сиёсати, мамлакат иқтисодиётини юксалтиришдаги жонбозлиги билан Жанубий Корея халқининг ишончи ва меҳрини қозонди. Айни кунда Пак Кин Хэ бошчилигида Корея Республикаси дунёдаги ривожланган давлатлар қаторида юксалиш йўлидан дадил бормоқда.
Аллоҳ таоло инсонларга сон-саноқсиз неъматларни ҳадя қилди. Инсон танаси, жисмидаги маълум вазифани бажарадиган аъзоларининг ҳар бири соғлом бўлмоғи муҳимдир.
Умр ва ҳаёт инсонларга берилган бир омонат ҳисобланиб, шариатимиз инсонга умрини хайрли ишлар қилишига, ёмонликдан сақланишига буюради. Кишига берилган азиз неъматлардан бири тил, сўзлаша олиш неъматидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ Таоло Қуръони каримда: "Ахир, Биз унга икки кўз, тил ва икки лаб (ато) қилмадикми?!" (Балад сураси, 8-9-оятлар) дея Яратганнинг марҳаматига мушарраф бўлишда тилнинг ўрни катта эканлигига ишора қилади.
Инсоннинг сўзига, муомала маданиятига қараб, унинг инсонийлик мақомига баҳо берилади. Қалб ва тил гўзаллиги инсонийликни кўрсатадиган муҳим жиҳатлар ҳисобланади. Улардан бири хатога йўл бошласа, бошқа аъзолар ҳам у сабабли гуноҳга ботади. Тил ёлғон қасами билан бошқа аъзоларни дўзах оташига дучор қилади. Айнан тилнинг ножўя ҳаракати аёлларни эридан, болани отадан, акани укадан айириши, дўстни душманга айлантириши, мўмин бандаларнинг қалбига озор етказиши мумкин. Мўминнинг қалби эса Аллоҳнинг назаргоҳидир. Ҳақиқий мусулмон нажот ва бахтиёрлик тилини ножўя сўзлардан тийиш ва ҳасад қилмасликда эканлигини яхши англаши керак.
Бир ривоятда ёзилишича, кечани ўтказиб, тонг отганидан сўнг тана аъзолари тилга шундай деб айтар экан: "Бизнинг ҳақимиз учун Худодан қўрққин, чунки бизни ихтиёримиз сендадир, агар сен тўғри ва ҳалол бўлсанг, бизлар ҳам тўғри ва ҳалол бўламиз. Агар сен нотўғри қадам қўйсанг, биз ҳам нуқсонли бўламиз". Ана шу ривоятдан келиб чиқиб, тилни ёмон сўзларга одатланиб қолишдан сақлаш зарур.
Муоз ибн Жабал (р.а) бир куни Расулуллоҳ (с.а.в) билан саёҳатга чиққанида Пайғамбаримиздан "Ё Расулуллоҳ! Мени жаҳаннамдан узоқлаштирадиган ва жаннатга яқинлаштирадиган бир амални айтинг", деб сўради. Улар: "Аллоҳга ибодат қилиб, Унга ширк келтирмайсан. Намоз ўқийсан, закот берасан, рамазон рўзасини тутасан, ҳажга борасан" деди ва "Сенга яхшилик эшикларини кўрсатайми?" деб сўради. Муоз ибн Жабал: "Ё Расулуллоҳ, кўрсатинг" дегач, Пайғамбаримиз (с.а.в): "Рўза жаҳаннамга пардадур, садақа хатоларни кетказади, ҳудди сув оловни ўчиргани каби кечаси ўқиладиган намоз яхшиларнинг белгисидир", дедилар. Сўнг ушбу оятни келтириб ўтдилар: "Уларнинг ёнбошлари (ибодат қилиш учун) ўриндиқларидан ажраб турар (оз ухлашади). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо қилурлар ва биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилурлар" (Сажда сураси, 16-оят).
Муҳаммад (с.а.в): "Бу диннинг боши Ислом, устуни намоз, чўққиси жидду жаҳддир. Буларни бутунлаштирадиган нарса тилдур" дедилар ва қўллари билан Муоз (р.а)нинг тилини кўрсатдилар.
Муоз (р.а) "Ё Расулуллоҳ! Биз гапирганларимиз учун жавоб берамизми?" деб сўради. Расулуллоҳ (с.а.в) "Эй, Муоз! Инсонларнинг бурунларидан тутиб, юзтубан оловга отилишларига сабаб уларнинг тиллари бўлмасдан нима?" деб хитоб қилдилар.
Дарҳақиқат, Муҳаммад (с.а.в) биз - умматларини тилни ножўя сўзлардан асрашга, иложи бўлмаганида сукут сақлашга буюрганлар. Яъни: "Кимки Аллоҳ таолога ва охират кунига имон келтирган бўлса, фақат яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин" дея марҳамат қилганлар.
Динимиз тилга, сўзлашишга алоҳида эътибор беришга ундашининг, уни бефойда ва гуноҳ бўладиган сўзларни айтишдан қайтаришнинг сабаби тил қалбга яқиндир. Қалб эса имон маскани ҳисобланади. Демак, инсон иродали, соф ва маънавиятли бўлса, унинг тилидан ҳам фақат ширин сўзлар чиқади. Тил ёмон гапларни кўп гапирса, инсоннинг қалби ҳам қорая бошлайди ва натижада имони сусаяди. Бу ҳақда Пай-ғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) Абу Зар (р.а)га қилган васиятларининг бирида: "Сукут сақлашни ўзингга одат қилгин, чунки сукут сақлашлик, биринчидан шайтонни қувади, иккинчидан, динингни сақлашингга ёрдам беради" деганлар. Мутафаккирларимиздан бири Абдулла Авлоний эса: "Агар журму гуноҳ бўлсин десанг оз. Тилингни сақла ғийбатдан қишу ёз" деб ёзган эди.
Аллоҳ таоло барчаларимизга тили, дили бир ва гўзал бўлган бандалари қаторида бўлишлигимизни насиб этсин.
ЮРТБОШИМИЗ НОМИ, ОЛИБ БОРГАН БУЮК ИШЛАРИ ҲЕЧ ҚАЧОН УНУТИЛМАЙДИ
(39- сон, 2016 й. Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига)
Умримнинг деярли ярми собиқ мустабид тузум миллий-диний қадриятларимиз таъқиб ва тазйиқларга учраган шўролар даврида ўтган. Ўша замонда илмли кишилар хор бўлган, халқимизнинг Наврўз ва Ҳайит каби миллий-диний байрамлари нишонланмаган, улуғ аждодларимизнинг бебаҳо илмий мерослари йўқ қилинган.
Юртимиз Истиқлолга эришгандан сўнг мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида ана шундай қабиҳ ишларга чек қўйилди. Ўзбекистонда илм-фан, миллий, диний, тарихий қадиятларимиз улуғланди.
Ўтган йигирма беш йил ичида Юртбошиси ортидан ёруғ манзиллар сари дадил қадам ташлаган халқимиз тарихан қисқа давр ичида жуда катта ютуқларга эришди. Ана шу ютуқларнинг барчаси улуғ юртбошимиз номи билан бевосита боғлиқдир. Минг афсуски, улуғ ишларга бош бўлган миллатимиз отаси энди йўқ. Бироқ Ўзбекистон халқи улуғ инсон бошлаб берган эзгу ва хайрли ишларни давом эттиради.
Шундай яхшиликлар, эзгу ишлар бошида туриб, 25 йил ичида диёримизни озод ва обод ўлкага айлантирган, дунёга танитган, тинч ва фаровон ҳаётимизга тамал тошини қўйган Юртбошимиз шаънига дилимиздаги энг чиройли сўзларни изҳор этамиз, у кишига ўзимизнинг чексиз миннатдорчиигимизни билдирамиз. Оғир жудоликдан кейин Юртбошимиз ёшлар билан ўтказган суҳбатларнинг бирида: "Шундай тинч ўлка, дориломон замонда яшаётган ҳар бир ёш, қолаверса, ҳар бир фуқаро истиқлолни мустаҳкамлашга илм, спорт, санъат ёки бошқа бир соҳада кўзга кўринарли ютуқлари билан юрт равнақига ўз ҳиссасини қўшиши лозим" дегандилар. Давлатимиз раҳбарининг ана шу пурмаъно сўзларидан "Ватан, Мустақиллик менга нима берди деб эмас, балки мен Ватанга, Мустақилликка нима бердим дея яшанглар!" деган маънони уқаман.
Ҳа, Ватан ва Мустақиллик бизга қисқа вақт ичида улкан имкониятлар эшигини очиб берганига ҳар биримиз гувоҳмиз.
Энг улуғ ва энг азиз Мустақиллик мафкурасини тараннум этиш, аждодларимиз орзу этган Истиқлолни мустаҳкамлаш ва Аллоҳ раҳматига олган Юртбошимиз Ислом Каримов бошлаб берган аниқ йўлдан юриш, у кишининг буюк истак-ғояларини рўёбга чиқариш учун қўлмиздан келганча хизмат қилиш бизнинг фуқаролик бурчимиздир.
Айниқса, биз педагоглар навқирон авлод вакиллари қалбига фидокорлик, озод ва жаннатмонанд юртда яшаётганликларидан фахрланиш туйғуларини сингдириш, уларни янги-янги ютуқлар сари илҳомлантиришимиз керак. Яна фарзандларимизга юртимиздаги тинчлик-осойишталикнинг қадрига етишга, бу неъматни ёмон кўзлардан авайлаб-асрашга ўргатишдан асло чарчамаслигимиз лозим.
Улуғ Йўлбошчимиз ғояларига садоқат тимсоли сифатида мактабимизда ўрнатилган Президентимизнинг катта портрети олдида таъзим бажо келтириш, остига гуллар қўйишни ўзимизга одат қилиб олдик. Мактабимизда ҳар чоршанба ва жума кунлари ўтказиладиган "Маънавият соатлари"да Президентимиз Ислом Каримовнинг ҳикматли сўз ва иборалари жамланган "Ватан ва халқ мангу қолади!" номли аудиодискни ўқувчиларга эшиттиряпмиз. Ўн беш нафар синф раҳбарларимиз ташаббуси билан президентимизнинг ибратли ва ҳикматли сўзлари битилган "Юртбошимиз сўзлари қалбларда яшар" номли хотира дафтари тутилди. Улар тарбиявий соат дарсларини ана шу ҳикматли сўзлар асосида ўтказмоқдалар. Мактабимиз жамоасининг аксариятини аёллар ташкил этганлиги учун хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти томонидан "Болажон Президентимиз" номли суратли альбом тайёрланди. Унда хотираси юраклардан мудом ўчмас Ислом Абдуғаниевичн Каримовинг мустақиллик йилларида гўзал Андижонимизга ташрифлари чоғида ўқувчилар, талабалар билан тушган суратлари жамланган.
Юқоридаги каби ишлар орқали биз марҳум юртбошимизга бўлган чексиз ҳурматимизни изҳор этамиз, у кишининг мўътабар номи, улуғ ишларини ёш авлод - ўқувчиларимиз қалбига муҳрлаймиз. Зеро, мамлакатимизнинг биринчи Президенти каби улуғ инсонлар ҳеч қачон ўлмайди.
Бугунги кунда ёш болаларнинг пневмания (зотилжам) касаллиги билан хасталаниш ҳолатлари бир мунча кўпайиб бормоқда.
Пневмания касаллиги ўпка тўқималарини ўткир яллиғланиши билан кечадиган хасталик бўлиб, болаларда оғир ўтиши билан характерлидир. Бу хасталик кўпроқ 3 ёшгача бўлган болаларда кузатилади. Рахит, эксудатив диатез, камқон, озғин, сунъий овқатлар билан ўсаётган болалар касалликка ўта берилувчан бўладилар. Хасталик, айниқса, чақалоқларда, нимжон болаларда ўта оғир ўтиши кузатилади.
Бу касаллик баҳор, куз ва қиш ойларида кўп учраб, вируслар, микроблар, замбуруғлар чақиради.
КАСАЛЛИКНИНГ БЕЛГИЛАРИ
Бурун оқиш, битиш, йўтал, ҳароратнинг кўтарилиши, безовталик, яхши ухламаслик, яхши эммаслик хасталикнинг асосий белгиларидир. Бир ёшгача бўлган болаларда йўтал кучайиб, кўнгил айниши, хансираш, бурун катакларининг керилиши, бурун юз учбурчаклари кўкариш, нафас олиш ва чиқариш қийинлашиши, ҳароратнинг юқори даражага чиқиши, нафас олишида кўкрак қафасини пастки қисми ичига тортилиши кузатилади.
Баъзан чала, нимжон, ўта қувватсиз болаларда ҳароратнинг кўтарилмаслиги, она кўкрагини олмаслиги, оғиздан кўпик чиқариши, тери ранги ўта оқариб, оёқ-қўлларини совуш ҳолатлари ҳам юз бериши мумкин.
КЕРАКЛИ МАСЛАҲАТЛАР
Болаларда юқоридаги каби белгилар кузатилса, ота-оналар бепарво бўлмасдан шифокорга мурожаат қилишлари лозим. Акс ҳолда зотилжам белгилари кучайиб, болани оғир ҳолатга олиб келиши мумкин. Дарҳол шифокор кўрсатмаси асосида шифохонага ётқизилиб, керакли, тиббий ёрдам олиши лозим.
КАСАЛЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ
Касалликка чалинмаслик учун соғлом турмуш тарзига амал қилиш лозим. Болаларни ёшига тўғри келадиган овқатлантириш, чиниқтириш, уй ҳавосини тез-тез шамоллатиб туриш, хона ҳароратини 22-24 даражада сақлаш, болани ўта иссиқ ва совуб кетишига йўл қўймаслик керак.
Юқорида айтилган тавсияларга риоя қилсак, фарзандларимизнинг зотилжам билан касалланишининг олдини олган бўламиз.
Мамлакатимизда аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифатини юксалтириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, мустақиллик йилларида мазкур соҳага кўрсатилаётган алоҳида эътибор туфайли турли хасталикларни эрта аниқлаш, самарали даволаш борасидаги ишлар кўлами йилдан-йилга юксалиб бормоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, қишлоқ врачлик пунктларига кўрсатилаётган эътибор, уларнинг фаолиятини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар натижасида чекка-чекка ҳудудларда ҳам аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш борасида ижобий натижаларга эришилмоқда. Мазкур йўналишда Андижон туманида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Бугун туманда 24 та қишлоқ врачлик пункти самарали фаолият олиб бормоқда. Кейинги йилларда уларнинг барчасида капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Барча қишлоқ врачлик пунктлари "Саломатлик-1", "Саломатлик-2" лойиҳалари доирасида замонавий тиббий жиҳозлар ва зарур асбоб-ускуналар билан тўла таъминланди.
Айни кунда тумандаги Қўнжи, Ровот, Истиқлол, Чилон, Завроқ қишлоқ врачлик пунктлари фаолияти намунали ташкил этилган.
- Ровот, Бахрин, Қумкўча, Тўққизбоғ маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи 14 минг нафардан зиёд аҳолига хизмат кўрсатаётган врачлик пунктимиз туманнинг чекка ҳудудида жойлашган, - дейди "Ровот" қишлоқ врачлик пункти мудири Зарифахон Ёқубова. - Муассасамиз ЭКГ, лаборатория, физиотерапея ва бошқа зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланган.
Шифокорларимиз томонидан "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 августдаги "2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлигини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда ҳомиладор, фертиль ёшидаги аёллар ва болаларни тиббий кўрикдан ўтказиш, эмлаш борасидаги ишларнинг тизимли ва изчил олиб борилаётганлиги натижасида қишлоқ аҳолисининг репродуктив саломатлик кўрсаткичлари кескин яхшиланмоқда.
Дарҳақиқат, қишлоқ врачлик пунктида лабораториянинг ишга туширилганлиги, шу ерни ўзида биохимик, яъни беш хил таҳлил натижаларини олиш имконини берди. Бу касалликнинг, унинг даражасини аниқлашда муҳим аҳамият касб этади, қолаверса, беморларнинг биохимик таҳлиллар учун туман марказига бориб келишларига чек қўйди.
- Кейинги йилларда қишлоқ врачлик пунктимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати тубдан яхшиланди, - дейди Баҳрин маҳалласида яшовчи уй бекаси Дилфузахон Мадумарова. - Айниқса, турли қон таҳлилларини олиш имкони яратилганлиги мен каби кўплаб аёлларнинг туман марказига бориб келиши, ортиқча овора бўлишига чек қўйди. Биз оналарнинг, айниқса, фарзандларимизнинг соғлигини сақлаш учун яратилаётган бу каби қулай шарт-шароитлардан беҳад хурсандмиз.
Қишлоқ аҳолиси учун патронаж хизматини яхшилаш мақсадида қишлоқ врачлик пункти қўшимча тарзда зарурий жиҳозлар, шунингдек, патронаж сумкалари ҳамда дори-дармонлар, зарур реактивлар билан мунтазам таъминланиши ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бир сўз билан айтганда, қишлоқ врачлик пунктининг моддий-техника базаси тубдан яхшиланганлиги, тиббий хизмат сифатини ошириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар самараси ўлароқ, пунктга аҳоли қатнови сезиларли даражада ортмоқда, айниқса, шифокорлар томонидан маҳаллаларда оналар ва болалар соғлигини муҳофаза қилиш, репродуктив саломатлик, соғлом оилани ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, аҳолининг тиббий билимларини юксалтиришга қаратилган тарғибот ва тушунтириш ишлари натижасида барча йўналишлар бўйича ижобий кўрсаткичларга эришилмоқда.
Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмаси тизимидаги муассасаларда 2786 нафар хотин-қиз фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 441 нафарини врачлар, 1751 нафарини ўрта, 594 нафарини эса кичик тиббиёт ходимлари ташкил этади.
Бирлашма хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти томонидан аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга қулай иш шароитлари яратиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, опа-сингилларимизни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда.
Бошланғич ташкилотимизнинг 7 нафар хайъат аъзоларининг ҳар бирига алоҳида вазифалар тақсимланган. Улар бирлашма тизимидагидаволаш-профилактика муассасалари хотин-қизлар бошланғич ташкилотлари раислари билан ҳамкорликда белгиланган ишларни амалга ошириб келмоқда. Айниқса, "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, шаҳардаги 74 та маҳалла аҳолиси саломатлигини сақлаш, уларнинг тиббий билим ва саводхонлигини юксалтиришга қаратилган тадбирлар, шунингдек, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва коллежларда"Хавфсиз йуналиш" шиори остида ўқувчилар билан савол-жавоб ва мулоқотлар ўтказилиб, олган билимлари юзасидан тестлар ўтказилди. "Репродуктив саломатлик", "Соғлом турмуш тарзи", "Эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари", "Шахсий гигена қоидалари" мавзуларида 33 та коллежда учрашувлар ташкил қилинди.
Бирлашма тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари томонидан шу кунгача 61681 нафар туғиш ёшидаги аёллар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, экстрогенетал касалликлар аниқланган аёлларнинг 20746 нафари амбулатор тартибда, 596 нафари стационар шароитида соғломлаштиришга жалб қилинди. Шаҳарда фертиль ёшидаги аёллар ўртасида исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш борасидаги ишлар ҳам изчил олиб борилмоқда.
Қўмитамиз қошида "Ораста қизлар" тўгараги самарали фаолият олиб бормоқда. Тўгарак машғулотларида ёшларга гиёҳвандик, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари ҳақида кенг маълумотлар берилмоқда.
Вилоят онкология диспансери онкогинекологлари ва шаҳар тиббиёт тизимида фаолият олиб бораётган акушер-гинекологлар ҳамкорлигида хавфли ўсма ва ўсмаолди касалликларини аниқлаш мақсадида ўтказилган худудий кўрувлар ҳам ижобий натижалар берди. Кўрув натижасида 4 нафар аёлда ўсмаолди касаллиги аниқланиб, улар соғломлаштиришга жалб этилди.
Аҳоли орасида юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, гўдаклар ногиронлиги ва ўлимини камайтириш мақсадида шаҳар прокуратураси ҳамда Андижон давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда "Фарзандлари соғлом юртнинг келажагипорлоқдир" мавзусида тадбирлар ўтказилди. Бунинг натижасида йилнинг биринчи ярмида болалар ўлими ҳолатлари кескин камайди.
Бундан ташқари, бошланғич ташкилотимиз "Энг намунали хотин-қизлар қўмитасининг бошланғич ташкилоти" танловининг республика босқичида ғолиб чиқиб, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасининг 1- даражали дипломи билан тақдирланди.
Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасаларида 1600 нафар ҳамшира фаолият юритмоқда, улардан 389 таси олий тоифали, 96 нафари биринчи, 163 нафари иккинчи тоифали, 1000 нафари эса мутахассислардир. Шунингдек, сафимизда 20 нафари бош ҳамшира, 77 нафари олий маълумотли ҳамширалар меҳнат қилади. Жорий йилда ҳамшираларимиздан 123 нафари малака оширди, 26 нафари турли ўқув машғулотларида қатнашди, 207 нафар ҳамшира эса тоифа олиш учун тегишли ҳужжатларни тақдим этган.
Бирлашмамиз тизимида фаолият кўрсатиб келаётган ўрта тиббиёт ходимларидан 95 фоизи "Ахборот-комуникация технологияларини ўрганиш" курсларида ўқиб, махсус сертификат олишган. Ҳамшираларимиз аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, фуқароларнинг тиббий маданияти ва саводхонлигини оширишга қаратилган тадбирларда ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Жорий йилнинг биринчи ярмида 689 нафар ўрта тиббиёт ходимлари томонидан маҳаллалар ва таълим муассасаларида 2177 маротаба суҳбатлар ўтказилиб, 795 маърузалар ўқилди.
"Жаҳон бозори", Марказий деҳқон бозори, темир йўл вакзали радиоузеллариорқали соғлом турмуш тарзини шакллантириш, турли хасталиклар келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган 60 дан ортиқ эшитиришлар олиб борилди. 2016 йилнинг 1 мартдан 1 апрелига қадар шаҳардаги барча даволаш профилактика муассасаларида "Патронаж ойлиги" эълон қилинди. Шу муносабат билан 1- оилавий поликлиникада вилоят семинари ташкил этилди.
Бирлашмамиз ўрта тиббиёт ходимлари вилоятимизда ўтказилаётган турли танловларида ҳам фаол қатнашиб келмоқда. Жумладан, "Ҳамшира - 2016" кўрик-танловининг шаҳарбосқичида 2- оилавий поликлиника ҳамшираси Дилфуза Қамбарова ғолиб чиқиб, танловнинг вилоят босқичида фахрли ўринни эгаллади. Бирлашмамиз тизимида фаолият юритаётган Муяссар Сойипова, Мавжуда Ризаева, Зилола Арипова, Феруза Воҳидова сингари ҳамшираларимиз ўзларининг фаолликлари билан ҳамкасбларига намуна бўлиб келмоқда.
Айни кунда Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар, шунингдек, мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган Президентимиз фармон ва қарорлари, ҳукумат қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда вилоятсоғлиқни сақлаш бошқармаси буйруқ ва топшириқлариижросини таъминлаш бўйича муайян ишлар олиб борилмоқда.
Айни кунда бирлашмамиз тизимида фаолият олиб бораётган 4 та шифохона, 9 та поликлиникада меҳнат қилаётган 618 нафар шифокорларимиз, 1600 нафар ўрта тиббиёт ходимлари - ҳамшираларимиз Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи 420 минг нафарга яқин аҳолига сифатли тиббийхизмат кўрсатиб келмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг биринчи ярмида 23 минг 300 нафардан ортиқ фуқаро бевосита шифохоналарда даволанган бўлса, 174 минг нафарга яқинфуқарополиклиникаларимиз хизматидан фойдаланди, шифокорларимиз 247373 нафар беморнинг уйига бориб тиббий хизмат кўрсатди.
Кейинги йилларда деярли барча тиббий муассасаларимизда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиб, беморлар учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Хизмат кўрсатиш сифати ва савияси тубдан яхшиланди. Хусусан, 2015-2016 йилларда "Саломатлик-3" лойиҳаси доирасида тизимдаги даволаш профилактика муассасалари автоклав, қуритиш шкафи, центрофуга, электрон ЭКГ, дистиллятор, офтоларингориноскоп, вакциналарни сақашга мўлжалланган махсус совуткичлар, гинекологик, хирургик жамлама сингари 22 турдаги замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди. 1-, 7- поликлиникаларда зарарсизлантириш бўлимлари ишга туширилди. Натижада касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш имкониятлари янада кенгайди. Айниқса, гепатит, грипп, ўткир юқумли ичак касалликларининг олдини олиш ва даволашда яхши натижаларга эришилмоқда.
Йилнингбиринчи ярмида 62 минг нафарга яқин фертиль ёшидаги аёллар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, экстрагенитал касалликлар аниқланган беморлар соғломлаштиришга жалб қилинди.
Шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси томонидан 1828 нафар никоҳланувчи ёшлар тиббий кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, шифокорларимиз маҳаллаларида истиқомат қилувчи ногиронлар, якка-ёлғиз яшовчилар, уруш ва меҳнат фахрийлари хонадонларига бориб, соғликларини доимий назорат қилмоқдалар. Шаҳардаги умумтаълим, ихтисослаштирилган ва махсус мактабларда таҳсил олаётган 60 минг нафарга яқин ўқувчилар ўртасида 9 турдаги соха мутахасислари томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилганлиги келажагимиз эгалари бўлган ёшлар саломатлигини сақлашга қаратилган ишларнинг бир намунасидир.
Маҳаллалар ҳамда таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, фуқаролар, айниқса, ёшларнинг тиббий билим ва саводхонлигини ошириш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, "Эрта турмушнинг салбий оқибатлари", "Тўғри овқатланиш - саломатлик гарови", "Йод танқислиги касаллиги", "Руҳий саломатлик", "Камқонлик - хасталикларнинг боши", "Гиёҳвандлик - аср вабоси"сингари қатор мавзулардаги учрашув, давра суҳбати ва тадбирлар мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширмоқда.
Бирлашмамиз эришаётган ютуқларга тизимимиздаги барча тиббий муассасалар муносиб ҳисса қўшмоқда. Кўплаб шифокорларимиз фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётганликлари барчамизни қувонтиради. Хусусан, шаҳар болалар шифохонаси шифокори Илёсбек Ашуров, ҳамшира Гавҳарой Тешабоева, Исторахон Тешабоева, 1-туғруқ комплекси бош шифокори Оксана Елецкая, 2- туғруқ коплекси шифокори Моҳирўя Алимова, 3- оилавий поликлиника бош шифокори Мухаррамхон Раҳмонова, умумий амалиёт шифокори Ф. Бурундуқова, ҳамшираМ.Тоштемирова, 5- оилавий поликлиника ҳамшираси Муяссар Абдураҳмоновалар самарали меҳнатлари учун "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги" кўкрак нишони билан тақдирландилар.
Халқимиз, фуқароларимиз саломатлиги мамлакатимизнинг энг катта бойлиги. Ана шу бойликни асраб-авайлаш йўлида зиммамизга юклатилган вазифани аъло даражада бажариш учун бор имкониятларимизни ишга солиб меҳнат қиламиз.
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Андижон шаҳар кенгаши томонидан мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллиги муносабати билан 140 нафар уюшма аъзоларига озиқ-овқат маҳсулотлари ва 132 нафар аъзога эсдалик совғалар берилди. Шунинг-дек, Андижон давлат тиббиёт институти қошидаги 2- сон академик лицейининг иқтидорли ўқувчиси Иброҳимжон Усупжоновга касаба уюшмаси стипендияси тақдим этилди.
Касаба уюшма кенгаши бундай хайрли ишларни давом эттириб, халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш Андижон шаҳар бўлими билан ҳамкорликда Избоскан, Қўрғонтепа туманларида пахта йиғим-теримида иштирок этаётган ва биринчи терим ўн кунлиги якуни бўйича йиғим-теримида фаол қатнашган Андижон шаҳридаги қатор умумтаълим ва мактабгача таълим муассасаларининг ходимлари бўлган 78 нафар илғор теримчиларни эсдалик совғалар билан тақдирлади.
"Туш...бу -туш, фақат туш, уйғонишим керак, албатта, уйғонишим керак..."
Алижон ўзининг нимқоронғу хонасида ўтирганини сезиб турса ҳам, ҳатто нохуш бир ҳидни димоғига туйса ҳам, бу даҳшатли воқеалар ўнгида рўй берганини тан олгиси келмасди. Ахир қандай қилиб...
Кўз олдига ўғлининг эндигина тили чиққан пайтлари келарди. Хотини: "Адаси" деб мурожаат қилса, Fанижон ҳам ширингина қилиб: "Адаси" деб қўярди. Бу гапни бир кунда бир неча марта такрорлашиб, ҳар гал мазза қилиб кулишарди. Биринчи қадам ташлаганлари... Хонтахтани ушлаб, оёқлари титраб, аста-секин ўрнидан турарди.
-Бунингизнинг жони жуда қадрли, - дерди хотини. Ҳақиқатан ҳам , сал каттароқ бўлгач, кўчада у ер-бу ерга тегиб бармоғи тилиниб кетса ҳам:
Алижоннинг юраклари узилгудай бўлди. Энди нима қилади? Энди қандай яшайди? "Fанижонни ўлдириб қўйибсизку, э, Худойим!" дея кўксига муштлаб йиғлаётган Ҳафиза кўз олдига дам-бадам келар... "Fаниш, Fаниш, кўзингни оч", дея додлаётган Ҳафиза... Энди хотини билан қизининг кўзига қандай қарайди? "Жаҳл устида..." деган баҳона оқлайдими қилмишини...
* * *
- Компьютер эмас, бир ғалва сотиб олибмизда, адаси. "Пароль" дегани бўлар экану, ўшанга қўйиб қўйинг... - Ҳафиза хуноби чиқаётган эрига қараб: - Ўзи юрагингиз ёмон, нима қиласиз сал нарсага асабийлашиб...
- Сенга сал нарсами бу? Янги компьютер... қотиб ётибди. "Мишка"сини минг айлантир, барибир, нимага? Анавиларинг ичини ҳар балога тўлдириб ташлашган. Бир пулга қиммат киноларми-ей, одам боласи нималигини англай олмайдиган мусиқа, қўшиқми... Ҳар хил алфозда тушган расмлар.... Компьютер эмас, ахлатхона!
- Вой, адаси-ей, нега ўз болаларингизни "анаавиларингиз" дейсиз?! Ҳаммасини ўчиринг-да, фақат ўзингизнинг лойиҳаларингизни қолдиринг.
- Ўзларига индамай ўчириб ташласам, қиёмат бўлади-ку! - Алижон асабийлашса, қон босими кўтарилиб кетишини билса-да, аччиқдан ўзини тўхтата олмади. Болалари бировдан кам бўлмасин деб, нафақага чиқса ҳам, ишидан узилмади. Директор ўзининг шогирди бўлгани учун ҳам лойиҳаларни уйига олиб келиб чизишга рухсат берди. Мукофот, у-бу қилиб компьютер олишга қарашиб юборди. Бу матоҳни олиб келган куниёқ Ҳафиза болаларига унга тегмасликни тайинлади. Аммо бу гап фарзандларга кор қилмади. Ўзлариники етмагандай, ўртоқлари ҳам "реферат" деб кунда-шунда бўлиб қолишди. Ўзи шунингсиз ҳам ота-болалар ўртасидаги танг муносабат баттар таранглашди.
Бундай ҳолатлар ортидаги тортишувларда Ҳафизанинг ҳам қон босими кўтарилиб кетади. "Уларнинг ёшида эҳтимол биз ҳам шунақа бўлгандирмиз. Ота-онамиз ҳамдилидан ўтганини ҳар доим ҳам сезавермаганмиз. Фожеага айлантирмаслик керак буни", Ҳафиза ўзини-ўзи сиқадиган ҳолатдан олиб чиқиб кетгиси келади.
* * *
Хонада сигарета дудлари сузиб юрарди. Алижон эшикдан кириши билан асабийлаша бошлади. Чунки эрталаб Ҳафиза:
-Адаси, кечқурун овқатга пиёз йўқ, - деганида:
-Ўғлингга айт, кўриб турибсанку, бир марта кўчага чиқсам, оёқларим шишиб кетяпти, - деб тўнғиллади.
Ота-онаси орасидаги гап-сўзни эшитиб турган Fанижон:
-Менинг вақтим йўқ, совуқдашилқиллаб бозор-мозор қилиб юргани. Таксига пул берсаларинг, бошқа гап, - деди.