Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
«Мен етмиш ёшдан ошганимда тўрт ҳарфданиборат бўлган "Меҳр" сўзининг маьноси нақадар буюк,нақадар чуқурлигини эндигина англамоқдаман.
...Меҳрни ўлчаб бўлурми зар билан инжу билан»
Эркин Воҳидов.
Катта ўғлим касаллиги туфайли оламдан эрта ўтиб кетди. Ундан тўрт нафар ёш бола қолди.
Турмуш ўртоғидан эрта айрилган келиним фабрикага ишга кириб, яхшигина маош олиб, болалари биланчиройли яшаётган эди. Нима бўлдию, келинимиз Туркияга бориб ишлаб келадиган бир аёл билан танишиб, ўша ёққа бориб ишлашни хоҳлаб қолди. Биз ҳаммамиз келинга, ёш болаларингизни ташлаб кетманг, ҳаётинглар чиройли ўтябди, агар бирон камингиз бўлса биз ёрдамлашамиз, деб қайта-қайта айтиб, тушунтира олмадик.
У қаршилигимизга, ҳатто фарзандларининг "онажон, кетманг" дейишларига қарамасданТуркияга ишлагани жўнаб кетди. Ноилож, ортидан: "Аллоҳим мушкулларини осон, йўлларини равон қилсин,фарзандлари бахтига соғ-омонуйига қайтсин" деб дуолар қилиб қолдик. Ахир биз фарзандимиздек бўлиб қолган келинимизга ҳеч қачон ёмонликни раво кўрмаймизку.
Мана, келинимизнинг кетганига ҳам ярим йилдан ошди. Тўрт нафар фарзанди - набираларимиз биз билан қолди. Ҳозирда яшашимиз ёмон эмас, бировдан кам жойимиз йўқ. Набираларимнинг хаммаси ҳам эсли-хушли, одобли, ўқишлари яхши.
Аллоҳга шукурлар бўлсинки, набираларимни бошқа болалардан кам қилмасдан тарбиялаяпмиз. Оиламиздаги ҳаммамиз, уларнинг руҳиятини кўтариш, оталари йўқлигидан, онаси ёнларида эмаслигидан кўнгиллари ўксимаслиги учун қўлимиздан келганча ҳаракат қиляпмиз, дилбандларимиздан ширин сўзимиз, меҳримизни аямаймиз. Катталари айтган сўзимиздан чиқмасликларидан, кичикларининг оппоқада, бувижон деб эркаланишларидан кўнглимиз тоғдай кўтарилади.
Набираларимнинг катта ёшдагилари ота-онаси йўқлигини сездирмасдан юришибди. Аммо, энг кичигимиз, эндигина 2- синфда ўқийдиган Азизбегим, онаси йўқлигини сездириб қўйяди. Чунки Азизбегим онаси кетгунича ундан асло ажрамаган, ҳатто мактабга ҳам кўп пайтларда онаси - келинимиз олиб бориб, олиб келарди. Отаси йўқлиги учун онасига жуда боғланиб қолган эди.
Азизбек онаси кетганидан кейин бир неча кун йиғлади, инжиқлик қилди. Бора-бора кўникди, лекин лоқайд, кўзлари маъюс, сертажанг бўлиб, ўқишга ҳам қизиқиши пасайиб кетди. Ўқитувчиси ҳам "ўқишга қизиқмаяпти, ўзлаштиришга ёрдам беринглар" деб бир неча бор айтиб кетди. Бизни унинг ҳар замон, ҳар замонда "бошим қисиб оғриябди" деб, бошини чангаллаб ўтириб олиши, кўзидан тинмай ёш оқиши жуда ҳам ташвишга соларди. Докторларга кўп учрадик, асабдан дейишди. Улар ёзиб берган дорилар эса кор қилмаяпти.
Шундай пайтларда биз унга: "Болам оппоқдадангникига бориб ўйнаб келгин" деб қудамизникига юборамиз. Улар ҳам набирамизни бошига кўтаришади. Ҳар тугул кўнгли ёзилсин, деймизда. Бориб, анча яхши бўлиб келади.
Тўғри, ҳозир уяли телефон деган мато бор. Набираларим кунаро онаси билан телефон орқали гаплашиб туришади. Азизбек эса онаси билан гаплашганида йиғлайди, кўз-ёш тўкади.
Шундай пайтларда Азизбекка, қани энди бор вужудим меҳр бўлиб қолсаю, бутун меҳримни набирамга бериб, унга тасалли берсам, кўнглига шодлик, қувонч бахш эта олсам, деб Яратгандан сўрайман. Аммо афсуски, на менинг, ака-опаларинг меҳри онасининг меҳричалик бўлолмас, онаси берган меҳрни ҳеч ким беролмас экан.
Азизбекнинг аҳволиниўнглаш, унинг руҳиятидаги ўзгаришларни тузатиш учун нима қилсак экан, деб кўп ўйланаман. Ўйланиб-ўйланиб, шундай хулосага келдим. Менимча, Азизбекка ҳеч кимдан, ҳеч қандай ёрдам керак эмас, фақатгина унга "она меҳри" керак, холос. Қани энди шуни келиним англаб,фарзандлари ёнига қайтса эди.
Ҳаётда жуда кўп нарсаларни, қийинчиликларни кўрдим, яхши-ёмон одамлар билан гаплашдим. Минг афсуски, ҳаётда кўпчилик кишилар ўтган умридан, ҳаётдаги воқеа-ҳодисалардан ибрат олиб яшашни билмас экан. Азизлар, атрофимизга назар солайлик, ҳаётдан ибрат олиб яшашни ўрганайлик. Зотан, шундагина адашмаймиз, қоқилмаймиз. Шу ўринда ҳурматли газетхонлар, ота-оналар, опа-сингиллар, фарзандларимиз, қизу келинларимиздан ҳар бир ишни қилишдан олдин, унинг охири нима билан тугашини обдон ўйлаб қилишни унутмасликларини илтимос қилардим.
Ўйламай қилган ишимиз яқинларимиз, умуман, ҳеч бир инсон қалбига озор етказмасин.
Она тили - жуда кенг ва буюк тушунча. Авваламбор, тил инсоннинг миллий ва маънавий бойлиги ҳисобланади. Нега айнан она тилим деб қадрлаймиз. Нима учун ота тилим, бобо тилим, деб мурожаат қилмаймиз.
Чунки она тилимиз бешикда ётган чоғимиздаёқ оналаримиз айтган аллалар орқали вужудимизга, руҳиятимизга сингиб кетади. Мен онам алласи билан вужудимга жо бўлган она тилимга бўлган муҳаббатимни ушбу мисралар орқали изҳор этаман:
Онам алла айтган юракдан жўшиб,
Мовий кенгликларда унган гулимсан.
Қўшиқлар куйланган дардларин қўшиб,
Мени бийрон қилган она тилимсан.
Она тилимиз миллатимиз кўзгусидир. Унда бизнинг кўхна тарихимиз, бугунимиз ва буюк келажагимиз жонланади. Шу ўринда буюк бобомиз Абдулла Авлоний сўзларини эслайман. Бобомизнинг:"Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадурған ойнайи жаҳони - она тили ва адабиётидир" дея айтган фикрлари менимча, она тилига берилган энг юксак таърифдир.
Бугун биз ёшлар улуғ ва буюк неъмат - она тилимизга, адабиётимизга бўлган муҳаббатимизни амалда кўрсатишимиз, уни асраб-авайлаш, софлигини сақлаш учун билим, куч-ғайратимизни аямаслигимиз лозим. Кўча-кўйда, интернет тармоғида чет эл ёзувида ёзилган рекламаларга, тилимиз қоидаларини бузган афишаларгаэътиборсиз қарамаслигимиз, ўзимизнинг қатъий муносабатимизни билдиришимиз, бонг уришимиз, бундай ҳолатларга нисбатан чора кўрувчи ваколатли идоралар вакилларини тинч қўймаслигимиз керак.
Агар эътибор берсак, жуда кўп тадбиркорлар корхоналарини турли хорижий номлар билан номлаб, иш бошлаган. Улар бундан нимани кўзлаганлигини англаш қийин. Эҳтимол, хорижлик инвесторлар, ҳамкорларни жалб этиш учун шундай қилгандир. Лекин улар бу иши билан тилимизга, миллатимизга ҳурматсизлик қилишаётганликларини билишармикан!? Бундай йўл тутииш шубҳасиз, ҳато. Биз шундай йўл тутишимиз керакки, чет элдан келган меҳмонларда корхоналарга қўйилган номларга, тилимиз жозибасига қизиқиши, тилимизни ўрганишга, ҳурмат қилишга иштиёқ уйғонсин.
Ҳар бир миллат ўз она тилини улуғлайди, кўкка кўтаради. Боиси, она тилини кўкка кўтарган миллатни ўзгалар ҳурмат қилади, дунё миқёсида ўша тилнинг ўрни ва қадри юксак бўлади. Мен она тилимизни ана шундай тиллар қаторидан ўрин олишини жуда-жуда истайман.
Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини оширишга, миллий қадрият сифатида улуғлашга астойдил ҳаракат қиламан. Тенгдошларимни, барча ёшларни ана шу мақсад йўлида бирлашишга чақираман.
Жаҳон адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшган Навоий, Бобурдек улуғ бобокалонларимиз эъзозлаб, ижод қилган гўзал она тилимиз жозибаси асрлар оша ўз охорини йўқотмасин.
Президент, ижод ҳамда ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги тасарруфидаги Муҳаммад Юсуф ижод мактаби ҳақиқий иқтидор ва истеъдодлар мактабига айланган.
Тажрибали педагог Шоҳистахон Нурматова раҳбарлик қилаётган мактабимизда 300 нафардан зиёд иқтидорли ўқувчи таҳсил олади. Мактабимизда ўқувчиларнинг ўқиши, ижод қилиши учун зарур барча шароитлар яратилган. Иқтидорли ва фаол ўқувчиларимиз ёзги таътил даврида ҳам турли тадбирлар, ижодий танловларда фаол қатнашиб, ўзларининг билим ва иқтидорларини янада бойитди. Жумладан, чекка чекка қишлоқларга ижодий сафарлар уюштирди, уюшмаган ёшлар билан учрашувлар ўтказди, болалар оромгоҳларида адабий тадбирларда қатнашдилар.
Мактабмизда 40 яқин фан, спорт ва ижодий тўгараклар ташкил этилган. "Бобур издошлари", "Муҳаммад Юсуф издошлари" "Ёш нотиқ", "Шеърият шайдолари" номли ижодий тўгараклар машғулотларида нафақат ушбу мактаб ўқувчилари, балки вилоятдаги жуда кўп иқтидорли ёшлар қатнашиб келади.
Яратиб берилаётган кенг имкониятлар натижасида иқтидорли ўқувчилар сафи тобора кенгаймоқда, улар эришаётган ютуқлар кўлами ҳам ортиб бормоқда. Мактабимизнинг кўплаб ўқувчилари билимлар беллашуви, фан олимпиадаси,турли ижодий танловларнинг вилоят, республика босқичлари ғолиб ва совриндорлари қаторидан ўрин олди.
Ўқувчиларимиз ижод намуналари жамланган "Ижод боғидан гулдаста","Улуғимсан Ватаним" китоблари нашр этилди. Фаол ўқувчиларимизда бири Акмалжон Абдурҳмонов "Мард ўғлон" давлат мукофотига сазовор бўлди. Яна бир ўқувчимиз Моҳизода Туропова "Ўзбекистон ёшлар форуми" доирасидаги танловда "Ёш таржимонлар кенгашини ташкил этиш" лойиҳаси билан фахрли 1- ўринни эгаллади.
Мактабимизнинг кўплаб ўқувчилари вилоят, республика миқёсидаги ижодий танловлар, Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар саралаш танловининг туман, шаҳар ва вилоят босқичида фаол иштирок этди.
Бир сўз билан айтганда, бадиий ижод, адабиёт соҳасидаги истеъдодли ёшларнинг юзага чиқариш учун кенг имкониятлар яратиб бераётган Муҳаммад Юсуф ижод мактаби ўқувчилари келажакда юртимиз равнақи учун муносиб хизмат қиладиган етук инсонлар бўлиб камол топади.
Уйимизда бир бешик бор, уни бувижоним жуда авайлайди. Гарчи бешик эскириб кетган бўлса-да, оиламизда янги чақалоқ туғилса, албатта унга бир маротаба ётқизиб, кейин ўзимизнинг бешигимизга белайдилар.
Бир куни бувимдан қизиқиб сўрадим: Бувижон нега бу эскирган бешикни ҳанузгача ишлатиб келамиз. Ахир уйда дадамнинг, менинг бешигим ҳам борку. Улар янгидай турибди, қолаверса, мустаҳкам. Шундай бўлса-да, оиламизда янги чақалоқ туғилса, сиз доим шу бешикка биринчи бўлиб белайсиз, бунинг бирор сабаби борми?
Шунда бувижоним ўйчан ҳолда нигоҳларини бир нуқтага қадаган кўйи жавоб берди:
-Доно қизим мени, зийраккинам, албатта бунинг сабаби бор болажоним. Бу бешик мен учун жуда қадрли. Чунки бу бешикни менинг акам сафарга борганда олиб келган. Анча йиллар илгари Абдулҳамид исмли акам буни менгаҚирғизистоннинг Ош пирим деган жойидан олиб келган. Унга дастлаб дадангни белаганман. Ўшанда акам яхши ниятлар, эзгу тилаклар билдириб буни менга ҳадя қилганлар. Ҳозир акам гарчи биздан олисда бўлсалар-да, шу бешикни кўрганда акамни ёдга оламан. Соғинганимда шу бешикка яқин бораман. Акамни ёнимдагидек ҳис қиламан.
Болажоним, акам ўқимишли, зиёли инсон бўлган. Ушбу бешикка ҳар бирингизни белашимнинг сабабларидан яна бири, бешикка белаган зурриёдимиз акам сингари юрт корига ярагувчи, ватанпарвар, маърифатпарвар ва мард бўлишини хоҳлайман. Яхши ниятлар билан шу табаррук бешикка ётқизаман. Сизлар ҳам келажакда яхши инсонлар бўлиб, эл-юрт орасида фақат яхши ном билан олинишингизни истайман.
Бувимнинг бу сўзларидан шуни англадимки, бу бешикка белаш орқали акасига бўлган меҳр-муҳаббатини кўрсатади, қолаверса, келгусида бизни ҳам бир-биримизга меҳрибон бўлишимизни хоҳлайди. Бувим каби кексаларимизнинг бу каби тутимлари бизга ибрат бўлсин. Ҳаётда бир-биримизга меҳрли бўлишимиз, яқинларимизни йўқлаб туришимиз ва ҳамиша кексаларнинг насиҳатларига қулоқ тутмоғимиз лозим.
Нафс барибир қўймайди, имконсиз ердан имкон қидиртиради. Гоҳ ғофил қилиб, гоҳ гуноҳкор, гоҳ талончи қилиб мақсадга чорлайверади. Бир, икки, деган саноқ, борини кўриш, шукур қилишдан сизни нари олиб кетаверади. Янги ният, янги режа, янги ўй..
Яхши яшаш ёмон эмас, мазза қилиб ўйнаб кулиш гуноҳмас, аммо унга имкони йўқ бўлса, борига сабр қилишдан кўра, эришиш қутқуси юракни эзаверади. Нега "мен" эмас, нега "менда йўқ", нега, нега, нега...
Уфф, намунча ҳаваслар кўп, олам зеблари нақадар чегарасиз, қай бирига эриша оламан бу кетишда, дейди ақл. Аммо, нафс барибир кучли...
"Инсон буюк бир мўъжиза ва унинг ичида ҳамма нарса ёзилган. Бироқ, зулмат ва пардалар борки, улар ёзувларни ўқишга имкон бермайди. Зулмат ва пардалар, турли-туман машғулотлар инсоннинг дунё ишлари борасида олган тадбирлари ва кўнгилнинг сўнгсиз орзуларидир..."
Нафсдан қочиш учун Ҳаққа илтижо қиламан. Нафсимдан ғолиб қил, дунёни кўзимга жозибадор кўрсатма, борига шукур келтиришга куч бер, деб дуо қиламан. Ва сўнггида бир сўз келади тилимга:
Алҳамдулиллоҳ..
Агар Аллоҳ эшитмаганида, дуоларимни қабул этмаганида мен Нафс деган душманга енгилиб, маҳв бўлар ва дунё сеҳру жодулар сари югуриб кетардим...
Таниқли ижодкор, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Дўстлик" ордени соҳиби Фарид Усмоннинг 15 дан зиёд шеърий ва насрий китоблари нашр этилиб, китобхонлар эътиборига ҳавола этилган. Ижодкорнинг гўзал ва бетакрор туйғулар тараннум этилган шеърий мисралари, турли тақдирлар, тарих, ҳаёт ҳақидаги ўзига хос мушоҳадалари баён этилган насрий асарлари нафақат китобхонлар, балки кенг жамоатчилик томонидан фақат илиқ фикрлар билан кутиб олинган. Айниқса, "Ёшлик ғазаллари", "Ҳаёт ва хаёл", "Бобур салтанати", "Топганларим" номли китоблари алоҳида эътибор ва эътирофига сазовор бўлган.
Фарид Усмоннинг Тош- кентда нашрдан чиққан "Хонлар тарихи" деб номланганнавбатдаги янги китоби ҳам китобхонлар учун яна бир туҳфа бўлди. Мазкур тарихий эсседа муаллиф хонлар тарихи тўғрисида Бобурнинг холаваччаси Муҳаммад Ҳайдар Мирзонинг "Тарихи Рашидий" асарига таянган ҳолда фикр юритган. Асарда юртимиз тарихининг муайян давридаги қонли урушлар, тахт учун курашлар, талон-тарожликлар, беҳуда қон тўкишлар ҳақида сўз юритади. Жумладан, Туғлуқ Темурхон, Чингизий хонлар, Шайбонихон, Султон Саидхон, қўйингки, тарихимизда ўтган бир қатор хонлар ҳукмронлиги, уларнинг атрофидаги тарихий шахслар, ўша даврлардаги воқеа-ҳодисалар ҳақида жуда кўп қизиқарли маълумотлар, ўзининг шахсий фикр-мулоҳазалари баён этилади.
Ушбу китобдан тарихимиз, тарихимизда алоҳида ўрин тутган шахслар, уларнинг ҳаёти, фаолиятиҳақида кўп маълумотларни олишимиз мумкин. Яхшиси, сиз ҳам ушбу китобниўқиб чиқинг. Ундан нафақат тарихий маълумотлар, балки улкан маънавий, руҳий озуқа оласиз.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев фаолиятининг дастлабки йиллариданоқ тиббиёт соҳасида туб ислоҳотларнинг, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини юксалтириш борасидаги ишларнинг ташаббускори бўлмоқда. Бу албатта, мамлакатимиз тараққиёти ва аҳоли саломатлигини таъминлашда катта аҳамият касб этаётир.
Жумладан, Президентимизнинг 2022 йил 26 январдаги "Юрак қон-томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида аҳолига кўрсатилаётган кордиологик ва кордиожарроҳлик хизматлари сифатини янада яхшилаш бўйича долзарб вазифалар белгилаб берилди.
Бугунги кунда Президентимиз топшириғи билан Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси тубдан ўзгартирилмоқда. Бу ерда халқаро талабларга тўла жавоб берадиган тиббий муассаса барпо этилади ва шубҳасиз, энг замонавий ва илғор тиббий жиҳозлар, асбоб-ускуналар билан таъминланади.
Президентимизнинг юқоридаги қарорида маҳаллий ҳокимият ва тиббиёт идораларига беморлар учун қулай шарт-шароитлар яратиб берилиши алоҳида кўрсатиб ўтилган. Ана шундан келиб чиқиб, вилоятимиз марказида юрак қон-томир касалликлари келиб чиқишининг олдини олиш, хасталикни барвақт аниқлаш ва самарали даволаш учун янги даволаш муассасаси барпо этилди. Яъни мамлакатимизда биринчи бўлиб Республика ихтисослаштирилган кордиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Андижон филиали биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Шу ўринда Андижон давлат тиббиёт институтида янги ўқув жиҳозлар билан таъминланган Симулацион марказнинг ташкил этилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Марказда талабаларга ўта оғир ҳолатлардаги беморларга замонавий усулларда шошилинч тез-тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича зарур билимлар берилмоқда, амалий кўникмалар шакллантирилмоқда. Шунингдек, АДТИ клиникаси кардиология бўлимида янги кордиология реанимация пости - бўлинмаси очилди. Эндиликда янги постда олти нафар олий тоифали шифокор фаолият кўрсатмоқда. Натижада клиникада кунига юрак хасталиклари билан оғриган ўнлаб ўта оғир ҳолатдаги беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, уларни қисқа муддатда даволаш имконияти яратилди.
Ваҳоланки, клиникамизда илгари кордиореаниматолог ихтисослиги бўйича мутахассис фаолият юритмас эди. Амалиётда айнан ана шу мутахассисга талаб ва эҳтиёж юқори эканлигидан келиб чиқиб, вилоятда биринчилардан бўлиб, хорижда мазкур йўналиш бўйича ўз ҳисобимдан малака ошириб қайтдим.
Юқорида қайд этилган қарорда тиббиёт соҳасига, хусусан, юрак, қон-томир касалликлари келиб чиқишининг олдини олиш ва даволаш йўналишида хусусий тиббий муассасалар ташкил этиш бўйича ҳам вазифалар белгиланган. Ана шундан келиб чиқиб, Андижон шаҳар ҳокимлигининг кўмаги ва қўллаб-қувватлаши билан Андижон шаҳридаги Фитрат кўчасида икки қаватли янги қурилган замонавий бинода вилоятимизда ягона бўлган хусусий кордиология ва сурункали ички касалликларни даволашга мўлжалланган клиника ўз фаолиятини бошлади.
Клиника фаолият бошлагангандан сўнг ўтган қисқа давр ичида мингга яқин киши даволанди. Бу ерда даволаниш учун зарур барча шароитлар яратилган. Энг асосийси, мазкур хусусий клиникада малакали мутахассислар - Муҳиддин Абдураҳмонов, Тўлқинбой Исоқов сингари шифокорлар, Ҳайитхон Насриддинова, Мадинахон Қобулова каби ҳамширалар иш олиб бормоқда. Янада аниқроқ айтадиган бўлсам, мен фаолият олиб борётган тиббиёт институтининг ички касалликларпропедевтикаси кафедраси ҳозирда институт клиникасида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги сабабли айнан янги иш бошлаган хусусий клиникага кўчиб ўтган.
Шу ўринда таъкидлашим керакки, тадбиркор, фидойи инсон Абдуллажон Солиев томонидан ташкил этилган мазкур хусусий клиникада асосий эътибор даромад топишга эмас, аввало, халқимиз саломатлигини сақлашга, беморларни дарддан фориғ этишга қаратилган. Бу ерда даволанган кўплаб беморлар буни дилдан ҳис этади.
Кафедрамизнинг профессор-ўқитувчилари нафақат ўқитиш, илмий йўналишларда, балки ўтказиладиган турли тадбирлар, жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этади. Бунга жуда кўп мисоллар келтиришим мумкин. Масалан, вилоят ҳокимлигининг ташаббуси, институтимиз раҳбариятининг қўллаб-қувватлаши билан шахсан ўзим Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманида бўлиб, ўн беш кун давомида аҳолини тиббий кўриклардан ўтказиш, даволаш жараёнларида иштирок этиб қайтдим.
Кафедрамиз ўқитувчи-шифокорлари вилоят ҳокимининг сайёр қабуллари ва бошқа турли тадбирлар доирасида Қўрғонтепа, Улуғнор, Марҳамат, Пахтаобод туманлари, шунингдек, Хонобод шаҳрида ўтказилган тиббий кўрикларда фаол иштирок этди. Айниқса, Жаҳон саломатлик куни муносабати билан Андижон шахридаги Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган анъанавий тиббий кўрикда юзлаб юртдошларимизни бепул тиббий кўрикдан ўтказди.
Хулоса қилиб айтганда, кейинги йилларда нафақат Марказий Осиёда, балки бутун дунё миқёсида юрак, қон-томир касалликларига чалиниш ҳолатлари ортиб бормоқда. Янада аҳамиятлиси, касаллик тобора ёшариб бормоқда. Бу албатта, биз тиббиётчиларни, кордиологларни жиддий ташвишга солади. Бу каби кўнгилсиз кўрсаткичларнинг камайиши учун энг аввало, юртдошларимиз соғлом турмуш тарзи тамойилларига амал қилишлари, тез-тез шифокорлар кўригидан ўтиб туришлари муҳимдир. Айниқса, юрак безовталанишидан азият чекаётган инсонлар зудлик билан шифокорларга мурожаат қилишлари лозим. Унутмайлик, юраги соғ киши узоқ ва бахтли ҳаёт кечиради.
Халқимиз саломатлиги - биз шифокорлар учун ҳама нарсадан устун. Бу борада зиммамизга юклатилган барча ишларни сидқидилдан адо этамиз.
Баҳтияржон ДАУЛЕТБАЕВ,
Андижон давлат тиббиёт институти ички преподовтикаси касалликлар кафедраси доценти, тиббиёт фанлари номзоди.
Клиникага Ҳавасим келди
Андижон шаҳри, Фитрат кўчаси, 92-уйда жойлашган замонавий хусусий клиникада бўлганимда бу ердаги покизалик, тартиб-интизомга ҳавасим келди.
Айниқса, шифокорларнинг дилкашлиги, ширинсуханлиги кайфиятингизни кўтаради. Улар сизга ҳамиша ўз яқинларидек ғамхўрлик кўрсатишади. Жамоада қатьий интизом қарор топган. Бир сўз билан айтганда, олий тоифали кордиолог - реаниматолог Бахтияржон Даулетбаев раҳбарлик қилаётган мазкур тиббий муассасасида барча ишлар намунали йўлга қўйилган.
- Клиникамизда ётиб, даволанувчилар учун барча шароитлар яратилган, шу боис ҳам мижозларимиз сони тобора ортиб бормоқда, - дейди Б. Даулетбаев. - Бу ўз навбатида зиммамизга катта масъулият юклайди. Доимо изланишдамиз. Бизга билдирилган ишонч ва ҳурматга лойиқ бўлишга ҳаракат қиламиз.
Ҳақиқатдан хам клиникада юқори малакали, тажрибали тиббиёт ходимлари хизмат қилмоқда. Муҳими, бу даргоҳда инсоннинг дардини олиш, уни касалликдан халос этиш асосий мақсадга айланган. Қолаверса, кўрсатилган хизматлар учун тўловлар ҳам нисбатан арзон.
Биз айрим беморлар билан суҳбатлашдик.
Ўзини Дилфузахон Рўзиохунова деб таништирган аёлнинг дил сўзлари эътиборимизни тортди. У 72 ёшли онаси Дилоромхон Шариповани даволаш учун олиб келган экан:
- Андижон шаҳридаги Обиҳаёт маҳалласида истиқомат қиламиз, - дейди Д. Рўзиохунова. - Мазкур клиникада онажонимизнинг саломатлиги анча яхшиланди. Бунинг учун шифокорларга раҳмат.
Ойсарахон Қобулова 87 ёшда. Бу табаррук онахон Булоқбоши туманидаги Қумариқ маҳалласида истиқомат қилади. У набирасининг қаровида муолажалар олаётган экан. Онахон ётган бир кишилик палатага кириб, унинг сиҳат-саломатлигини сўрадик. Онахон шарт-шароитлардан, шифокорлардан хурсанд эканлигини таъкидлади.
- Мен Манзурахон Туркбоеваман, - дейди клиникада даволанаётган яна бир онахон. -Ёшим 73 да. Жалақудуқ тумани, Тешиктош қишлоғиданман. Фарзандларим клиникада шароитлар яхшилиги, энг асосийси, тажрибали, малакали мутахассислар фаолият юритаётганлиги учун олиб келишди.
Ҳақиқатдан ҳам шундай экан. Ўзингиз кўриб турибсиз, ҳозир аҳволим яхши. Тўловлари ҳам баланд эмас. Дори-дармонлар шу ердаги дорихонада бор, нисбатан арзон нархларда сотиб оляпмиз.
Биз клиникада ётиб даволанаётган бир қанча киши билан суҳбатлашганимизда, уларнинг барчаси муолажалар самара бераётганлиги, шароитларнинг яхшилигини таъкидлаб, шифокорларга ўз миннатдорчилигини билдирдилар.
Хусусий клиникада нафақат вилоятимиз аҳолиси, балки қўшни Фарғона, Наманган, ҳатто Қирғизистоннинг Ўш, Жалолобод вилоятларидан ҳам кўплаб беморлар келиб даволанаётганлигига гувоҳ бўлдик.
шифокорларга раҲмат
Андижон шаҳридаги кордиология ва сурункали ички касалликларни даволашга ихтисослаштирилган хусусий клиникасига келганимда аҳволим анча оғир эди. Ёнимда қизим менга қараб турди.
Хайриятки, Аллоҳнинг иноятию, клиника шифокорларининг саъй-ҳаракатлари билан саломатлигим тез кунларда сезиларли даражада яхшиланди. Мана, орадан ўн кун ўтиб, яна оилам, фарзанд ва набираларим бағрига аввалгидек эсон-омон қайтдим. Бундан беҳад мамнунман. Шу сабабли хусусий клиниканинг фидойи шифокорларига сидқидилдан миннатдорчилик изҳор этаман. Айниқса, тиббиёт фанлари номзоди, доцент Бахтияржон Даулетбаев, ҳамшира Асалой Абдумуталлипова, умуман, клиниканинг барча шифокор ва ходимларига кўпдан кўп раҳматлар айтаман.
Рўзихон МАДУМАРОВА,
Шаҳрихон тумани, Полосон маҳалласи, II гуруҳ ногирони.
Ҳурматли юртдошлар!
Сизга вилоятимизда янги очилган, ягона юрак, қон-томир ва сурункали ички касалликларни самарали даволашга ихтисослаштирилган хусусий клиника хизматларини таклиф этамиз. Бу ерда:
- олий тоифали шифокорлар, ҳамширалар кун-у тун хизматингизда;
- тинч-осуда дам олиб, даволанишингиз учун зарур барча шароитлар яратилган;
- шу жойнинг ўзида дорихона мавжуд бўлиб, зарур дори-дармонларни нисбатан арзон нархларда сотиб олишингиз мумкин;
- беморларга бепул нонушта ва икки маҳал сифатли иссиқ овқат берилади.
Шунингдек, клиникада кордиолог, нефролог, невропотолог шифокорларининг малакали текширувлари амалга оширилади.
Азиз юртдошлар! Клиникада тўлақонли тиббий хизматлар кўрсатилишини таминлайдиган энг замонавий тиббий жиҳозлар, хусусан, сурункали ички касалликларни аниқлаб, даволашга мўлжалланган Ҳиндистон давлатидан олиб келинган тиббий техника ва ускуналар мавжуд. Сиз малакали тиббий хизмат кўрсатилишини, маблағингиз тежалишини истасангиз, клиникамизга албатта, келинг.
ЗАМОНАВИЙ МАКТАБ ФОРМАСИ: ИЖТИМОИЙ ТЕНГЛИКНИ ТАЪМИНЛАЙДИ
Ягона мактаб формаси мактабларимизда таълим олаётган ўқувчиларнинг кийиниш маданияти, тартиб-интизомга амал қилиш кўникмаларини мустаҳкамлаш, саломатлигини муҳофаза қилишга, шунингдек, ўқувчилар ўртасида ижтимоий тенгликни таъминлашга ёрдам беради.
Республика ҳукумати қарори билан вилоятимиздаги мактабларда мактаб формасини жорий этилишини таъминлаш бўйича ўқувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчишахслар орасида давлат умумий ўрта таълим муассасаларига мактаб формасида келишнинг афзалликлари тўғрисида тушунтириш ҳамда мазкур жараённи босқичма-босқич амалга ошириш бўйича зарур тайёргарлик юмушлари олиб борилмоқда.
Вилоятдаги 767 умумтаълим мактабида ота-оналар билан ўтказилган 1 мингга яқин учрашувларда, шунингдек, маҳаллаларда ўтказилган турли тадбирлар доирасида ҳамда педагогларнинг ўқувчилар ота-оналари билан мулоқотлари жараёнида мактаб формасини жорий этиш тартиблари, мактаб формасининг дизайни, қулайлилиги, санитария қоидалари ва гигиена нормативларига мослиги юзасидан тушунтиришлар ўтказилди.
Ўтказилган барча учрашув ва тадбирларда тадбиркорлар ўзлари тайёрлаган маҳсулотлар - мактаб формалари билан иштирок этди.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, умумтаълим мактаблари учун ягона мактаб формасига мослашув жараёни учун маълум вақт кераклиги инобатга олинган ҳолда ягона мактаб формаси босқичма-босқич жорий этиб борилади. Янги ўқув йилидан бошлаб ота-оналарга ягона мактаб формасини харид қилиши учун мажбурий талаб қўйилмайди ва мактабга ягона формада келмаган ўқувчиларга нисбатан эътирозлар билдирилмайди. Бундан ташқари, мактаблар маъмурияти томонидан ота-оналар мактаб формасини айнан бирор бир тадбиркордан, корхонадан харид қилишни мажбур этишларига асло йўл қўйилмайди.
2022-2023 ўқув йилида вилоятдаги умумтаълим мактабларига 590 мингдан зиёд ўқувчи келиши кутилмоқда. Шундан, 18 минг 893 нафарини кам таъминланган, 6 минг 410 нафарини "Аёллар дафтари"га киритилган, 899 нафарини "Ёшлар дафтари"га киритилган, 5 минг 511 нафарини "Темир дафтар"га киритилган оилалар фарзандлари ташкил этади.
Туман, шаҳар ҳокимликлари томонидан юқорида қайд этилган ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларга,шакллантирилган рўйхат бўйича маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳамда "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари" жамғармалари маблағлари ҳисобидан мактаб формасини сотиб олинишига кўмак берилиши кўзда тутилган.
Вилоятдаги тикувчилик корхоналари томонидан ўқувчилар сони ва эҳтиёждан келиб чиқиб, мактаб формасини тайёрлаш ишлари бошлаб юборилган. Ишлаб чиқарувчиларга мактаб формасини тайёрлашда матонинг ўқувчининг ёшига, санитария қоидалари, нормалари, гигиена нормативлари ва бошқа белгиланган талабларга тўлиқ жавоб бериши шартлиги юзасидан тавсиялар берилган.
Бугун ягона мактаб формалари вилоятдаги бозорлар, савдо мажмуаларида сотилмоқда. Умуман, вилоятда янги мактаб формасини жорий этиш борасидаги ишлар режа асосида олиб борилмоқда.
Гулҳаё ОМОНОВА,
Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича 2022 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги йиғилиш баёнига асосан, "Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли - 2022" ҳафталиги доирасида ўтказилгантанловда 40 нафардан зиёд ихтирочи, рационализатор ва олима аёллар ўзларининг ихтиро, инновацион ғоя, таклифва илмий ишланмалари билан иштирок этди.
Тадбирда сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнорахон Абдуллаева, Андижон машинасозлик институти ректори Умиджон Турдиалиев мамлакатимизда хотин-қизларга, хусусан, илм-фан билан шуғулланаётган опа-сингилларимизга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, уларга ўзларининг илмий-ижодий салоҳиятини тўлақонли юзага чиқаришлари учун зарур шароитлар яратиб берилаётганлигини таъкидладилар.
Аёл нафақат оила бекаси, фарзандлар тарбиячиси, балки жамиятнинг фаол аъзосидир. Эътироф этиш керакки, иқтидорли хотин-қизларимиз фан ва техника тараққиётининг барча йўналишларида ўзларининг илмий-амалий изланишлари, ихтиро, инновацион лойиҳа ва илмий ишланмалари билан янги техника, технология ва рақобатбардош маҳсулотлар яратиш жараёнларида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.
- Иқтидорли, юксак илмий салоҳиятга эга хотин-қизларни, шунингдек, улар томонидан олиб борилаётган илмий изланишларнинг асосий йўналишлари, ҳолати, даражаси ва аҳамиятини аниқлаш, ихтирочи ва рационализатор опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш мақсадида ўтказилган танловда ҳақиқатдан ҳам ўз соҳасининг мукаммал эгаллаган хотин-қизларимиз қатнашди, - дейди вилоят «Ихтирочи аёл» уюшмаси раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Моҳигул Жўраева. - Иштирокчиларнинг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиёти учун зарур бўлган инновацион лойиҳалари, илмий-техникавий ишланмалари, амалиётга татбиқ этилиши бўйича қизиқарли тақдимотлари нафақат ҳакамларда, балки кенг илмий жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди.
Якунда"Энг яхши ихтиро ва фойдали модель", "Энг яхши саноат намунаси, селекция ютуғи ва рационализаторлик таклифи", "АКТни ривожлантириш бўйича энг яхши инновацион лойиҳа", "Энг яхши бизнес-лойиҳа", "Ҳунарманд хотин-қизларнинг энг яхши инновацион лойиҳаси" сингари 10 та номинация бўйича тақдимотлар орасидан энг яхшилари ғолиб, деб топилди.
- Танловда "Техника олийгоҳларида мутахассислик фанларини ўқитишни физик ҳодисалар асосида модернизация қилиш ("Мехатроника ва робототехника" бакалавриат таълим йўналиши мисолида)" номли лойиҳа билан иштирок этиб, "Янги педагогик технологиялар бўйича энг яхши инновацион лойиҳа" номинацияси бўйича ғолиб бўлдим, - дейди Андижон машинасозлик институти мустақил тадқиқотчиси Саида Атажонова. - Мазкур лойиҳада "Мехатроника ва робототехника" таълим йўналишини ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш, техника соҳасида аёллар фаолиятини ривожлантириш, янги педагогик технология ва усуллар яратиш, замонавий ўқув адабиётларни нашр этиш билан боғлиқ ишлар амалга оширилиши белгиланган.
Барча номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчилари томонидан диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Раънохон ЮСУПОВА,
Андижон машинасозлик институти ректорининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси.