+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ҲУРМАТЛИ ФУҚАРОЛАР!

 

Мутахассис огоҳлантиради!

 

Мамлакатимизда фуқароларнинг биометрик паспортларини идентификацион ID карталарга алмаштириш жараёни давом этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими томонидан бу борадаги ишлар белгиланган тартиблар асосида олиб борилмоқда. 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспортсиз ёки идентификацияловчи ID картасиз ёхуд ҳақиқий бўлмаган паспорт билан яшаши маъмурий жавобгарликни келтириб чиқаради. 

Шунинг учун фуқароларимиздан муддати тугаган биометрик паспортларни кечиктирмаган ҳолда идентификацион ID карталарга алмаштиришларини сўраймиз. 

 

Юртдошларимиз ўзларининг фуқаролик бурчи ва масъулиятини ҳис этган ҳолда мазкур жараёнга жиддий ёндашишларини илтимос қиламиз. 

 

А. ЖАЛИЛОВ,

 Балиқчи тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи.

ХУРМАТЛИ ЮРТДОШЛАР!

Сизга вилоятимизда янги очилган юрак-қон-томир ва сурункали ички касалликларни самарали даволашга ихтисослаштирилган хусусий клиника ўз хизматларини таклиф этади. Шифохонада:

-      олий тоифали шифокорлар, ҳамширалар томонидан малакали хизмат кўрсатилади;

-      тинч-осуда дам олиб, даволанишингиз учун зарур барча шароитлар яратилган;

-      шу жойнинг ўзида дорихона мавжуд бўлиб, зарур дори-дармонларни нисбатан арзон нархларда сотиб олишингиз мумкин;

-      беморларга бепул нонушта ва икки маҳал сифатли иссиқ овқат берилади.

 Шунингдек, клиникада кордиолог, нефролог, невропотолог шифокорларининг малакали текширувлари амалга оширилади.

 Клиникада тўлақонли тиббий хизматлар кўрсатилишини таминлайдиган энг замонавий тиббий жиҳозлар, хусусан, сурункали ички касалликларни аниқлаб, даволашга мўлжалланган Ҳиндистон давлатидан олиб келинган  тиббий  техника ва ускуналар мавжуд. Сиз малакали тиббий хизмат кўрсатилишини, маблағингиз тежалишини истасангиз, клиникамизга албатта, келинг.

Манзил: Андижон шаҳри, Фитрат кўчаси, 92-уй. Мўлжал: "Ватанпарвар"

ташкилоти биноси ва "Анҳор" мазар маркази ёнида. Телефон: Қ998 90 170 14 00.

ОЗИШ, ҚОМАТНИНГ ЧИРОЙЛИ БЎЛИШИ УЧУН НИМАЛАРГА ЭЪТИБОР БЕРИШ КЕРАК?

аёлларга тавсия

Чиройли қомат учун

Ҳар бир аёл кўркам қадди қоматга, гўзал хуснга эга бўлишни истайди. Айниқса, бугунги кунга келиб, аёлларнинг асосий муаммоси ортиқча вазн бўлиб, қоматни сақлаш мақсадида турли парҳезлару машқларни бажаришга эринишмайди. Лекин баъзан тинка қуриганда, сеҳрли таёқча бўлсаю, бир зумда 5-10 килога оздириб қўйса деб, орзу қилиб ҳам қўямиз. Бундай сеҳрли таёқча бўлмаса-да, бир неча осон усуллар шундай мўъжиза кўрсатиши мумкин.

Мазкур йўналишда иш олиб бораётган дунёдаги бир гуруҳ етакчи мутахассислар озиш йўллари ва вазиятларни ўрганиб чиқиб, улар энг осон беш усулини аниқлашган. Қуйида ана шу усулларни сизнинг эътиборингизга ҳавола этамиз.

 

Кўпроқ ухланг!

"Ланcэт" илмий журналида ёзилишича, уйқусизлик семиришга сабаб бўлар экан.   Уйқуга тўймаслик гормонал меъёрнинг бузилишига олиб келади. Айниқса, иштаҳани босувчи ва жисмоний фаолликни оширувчи лептин гормони миқдори камайиб кетади. Дарвоқе, лептин сўзи юнон тилидан "озиш" маъносини англатади. Унинг ўрнини кўпроқ овқат талаб этувчи гормон эгаллаб боради.

 

Табассум қилинг!

Ишонасизми, 10 дақиқа мириқиб кулганимизда, 50 калорияни йўқотар эканмиз. Бу дегани бир бўлак шоколадга тенг қувватни чиқариб юборамиз. Бир йилда кулги билан 2 килогача вазндан қутилиш мумкин. Кулгини енгил югуриш билан тенглаштириш мумкин. Мутахассисларнинг тушунтиришича, кулганда юрак қисқариши икки баробарга ошиб, организмга кислород кўпроқ кирар экан. Шунингдек, қорин мушаклари ва ўпка фаолияти яхшиланади. 10 дақиқалик кулги 3 дақиқалик бажарилган жисмоний машқларга тўғри келади.

 

Ифорлардан нафас олинг!

Хушбўй хидли шамлар олиб, пиёлага бир неча томчи эфир мойидан томизинг ва унинг исидан нафас олинг ва мўъжизани пойланг. Одатда ортиқча вазндан халос бўлишга қора мурч ҳамда янги янчилган имбир яхши ёрдам беради. Цитрус (лимон, мандарин, апельсин ва ҳ. к.) ифори организмдаги моддалар алмашинувини тезлаштиради. Бинафша ва занжабил (ваниль) иси иштаҳани йўқотади.

Занжабил овқат ҳазмини меъёрлаштиради. Ялпиз, лимонўт, сандал дарахти мойи кишини бўшаштириб, хавотирларни тарқатади. Айниқса, парҳез тутган аёллардаги асабийликни (истаган таомни истеъмол қила олмаган аёллар кўпинча асабийлашишади) босиб, кўнгилни тинчлантиради. Ароматли (эфир) мойларни атир сифатида қўллаш ёки ванналарга қўшиш, кийим жавонига қўйиб, кийимлар исини яхшилаш ҳам мумкин.

 

Кийимларингизни янгиланг!

Агар янги кийимлар қанчалик қиммат бўлса, озишга бўлган иштиёқ шунчалик катта бўлади. Негаки кўркам кийимни тезроқ кийиш истаги ҳар бир аёлга хос. Бундан ташқари, қиммат нарсани озгунга қадар жавонда туришига кўз қиймайди. Шу сабабли аёллар тезроқ озишга ҳаракат қилишади ва одатда бунинг уддасидан чиқишади ҳам.

 

Севиб яшанг!

Физиологлар севгини мураккаб биологик кимёвий жараён деб билишади. Бу маълум маънода гормонал портлаш бўлиб, одамнинг иштаҳасига таъсир этиб, киши томоғидан егулик ўтмай қоларкан. Бундан ташқари, гормонларнинг бу тарзда ишлаши овқатнинг тез ҳазм бўлишига ёрдам беради. Қарабсизки, ортиқча вазндан асар ҳам қолмайди.

Нигорахон САЙДАЛИЕВА тайёрлади.

КЎП МЕВА ЕСАНГИЗ, СОҒЛОМ БЎЛАСИЗ

Саломатлик сирлари

Мевалар инсон организми учун зарур бўлган асосий витаминларни, дармондориларни сақловчи ва уни етказиб берувчи маҳсулотлар ҳисобланади. Уларни истеъмол қилиш нафақат соғлиқни мустаҳкамлайди, балки тиббий дори-дармонлар ўрнини ҳам босади.

Мевалар инсон организми учун муҳим бўлган С витаминининг табиий манбаи ҳисобланади. Меваларда асосан, калий, кальций, магний, фосфор ва темир каби моддалар мавжуд бўлиб, юрак-қон томир, буйрак ва бошқа хасталикларнинг олдини олади. Қуруқ мевалардан туршак, қора олхўри, майиз ва шафтоли айниқса, ўрик таркибида калий моддаси кўп миқдорда сақланади. Мевалар инсон организмини темир моддаси билан таъминловчи асосий манбаа ҳисобланиб, уларнинг таркибидаги темир моддаси ҳар қандай тиббий дори-дармонга нисбатан инсон организми томонидан осон ва яхши қабул қилинади. Айниқса, шафтоли, анжир, ўрик, олма, олхўри ва хурмо темир моддасига бой мевалардир.

Ўсмир ҳамда ёш болаларнинг меваларни қай тарзда истеъмол қилиши уларни жисмонан куч-қувватга тўлишишида, ақлан ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.

Асосан, калий моддасига бой меваларни мунтазам равишда қабул қилиш қон босими кўтарилишининг олдини олади ва инсульт хавфини қисқартиради. Бу борада тузни маълум миқдорда чеклаш мақсадга мувофиқ. Шифокорларнинг фикрича, калий фойдали бўлишига қарамай, меъёрдан ортиқ қабул қилинса, саломатликка салбий таъсир кўрсатади. Албатта, барча нарсада меъёр устун бўлгани каби меваларни истеъмол қилишда ҳам меъёр афзал.

Шунингдек, мевалардан тайёрланган шарбатлар ҳам узоқ умр кўришнинг муҳим воситалардан бири саналади. Анор, узум, апельсин, олма шарбатлари таркибида организм қаришини секинлаштирувчи ҳамда тери ва соч ҳолатини яхшиловчи   антиоксидантлар мавжуд. Шарбатдаги витамин ва минераллар организмдаги бутун тизимлар фаолиятини яхшилайди. Анемия ва юрак хасталикларининг олдини олишда ёрдам беради, иммун тизимини мустаҳкамлаши ҳисобига юқумли касалликларни бартараф этади.

Саидахон НАЗИРОВА, шифокор.

Ўқувчилар кутубхонада саёҳатда бўлди

Китоб тарҒиботи

Андижон шаҳридаги 7-умумтаълим мактаби 8-синф ўқувчилари Марҳамат туманидаги  "Келажак нури" кутубхонасида саёҳатда бўлди.

Китоб инсоннинг энг яқин дўсти. Қолаверса, жамият ривожи ва инсон камолотида унинг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Шу боис ҳам мактабимизда ўқувчи ёшларни китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш, китобхонликни тарғиб этишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилади.

Марҳамат туманидаги машхур "Келажак нури" кутубхонасига саёҳат ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан бири бўлди.

Ўзига хос дизайн асосида қад ростлаган, гумбаз шаклидаги маҳобатли кутубхона билан танишиш асносида ушбу зиё масканида 150 минг нусха китоб борлиги, биринчи қават электрон кутубхона бўлиб, 50 дан ортиқ катта мониторли компьютерлар ўрнатилганлиги, бу ерда исталган китобини электрон нусхада ўқиш мумкинлигини билиб олдик.

Кутубхонага қилинган қизиқарли саёҳат ўқувчиларимизда унутилмас таассуротлар қолдирди.

Фотимахон ХАЖАХОДЖАЕВА,

Андижон шаҳридаги 7- умумтаълим мактаби мусиқа фани ўқитувчиси.

FИЙБАТ - ГУНОҲЛАРНИНГ ЭНГ КАТТАСИДИР

Аллоҳ таоло томонидан инсонга ер юзидаги бошқа маҳлуқотларга берилмаган улуғ неъматлар ва фазилатлар берилган. Улар - онг, тафаккур, тил, сўзлашиш каби қатор фазилатлардир. Булар орқали инсон ҳайвонлардан фарқли равишда, азизу мукаррамдир. Хусусан, нутқ кишига ўз фикри, қарашлари ва ҳис-туйғуларини бошқаларга тушунтириш имконини берувчи воситадир. Ундан қандай фойдаланиш эса ҳар бир кишининг идроки, билими ва одоб-аҳлоқига боғлиқ.

Бугун орамиздаги айрим кишилар ана шу нутқи, яъни гап-сўзлари билан кимларгадир зиён-заҳмат етказади, ўзгалар дилига озор беради. Афсуски, ҳозирги кунда ҳаётимизда, одамлар ўртасидаги муносабатларда авж олиб бораётган ғийбат, туҳмат, бўҳтон каби иллатлар инсонларнинг ҳаётига салбий таъсир кўрсатмоқда. Кимларнингдир тинч ҳаётини остун-устун қилмоқда, кимларнингдир ширин оиласини бузиб юбормоқда. Бундай ҳолатларнинг келиб чиқишининг асосий сабаби албатта, илмсизлик, бекорчилик, ёхуд ана шундай ҳолатлар содир этаётган инсонларда одоб-аҳлоқ тушунчаларининг шаклланмаганлигидир.

Айрим ҳолларда хасад ва душманлик йўлида ўйлаб топилган уйдирмалар элга ёйилиб, шарм ҳаёли, ор-номусли аёлларнинг номи қора бўлиб қолаётганлиги ҳам жуда ачинарлидир. Муқаддас динимизда инсон ўзининг замондоши, юртдоши, маҳалладоши ёинки, қўни-қўшни ва бирон яқин кишисига ёмонликни раво кўриши, тили, қилган амали билан зиён етказиши катта гуноҳ саналади. Тил бизга яхши сўзлар айтиш, меҳр улашиш учун берилганлигини асло унутмайлик. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай марҳамат қилган: "Эй мўминлар, кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгаларнинг ортидан) жосуслик қилиб юрманглар ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўзининг ўлган биродарини гўштини ейишни яхши кўрурми? Ана ёмон кўрдингизми? (Бас гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз!) Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи, меҳрибондир" (Ҳужурот сураси, 12-оят).

Ривоят қилинадики, Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: "ғийбат зинодан ҳам ёмонроқдир". Саҳобалар ҳайратланиб: "Қандай қилиб, ё Расулуллоҳ", дейишди. У киши айтдилар: "Киши зино қилиб, сўнгра тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади, ғийбатчини ғийбат қилинган кимса кечирмагунича, Аллоҳ унинг гуноҳини кечирмайди". Бу ҳадисдан кўринадики, ғийбат гуноҳларнинг энг каттасидир.

Яна бир ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): "Сизлар ғийбат нима эканлигини биласизларми?" дедилар. Саҳобалар: "Аллоҳ ва расули билгувчироқ", деб жавоб бердилар. Ҳазрат айтдиларки, "Биродарингизни ўзи ёмон кўрган нарса билан зикр қилмоғингиз", дедилар. Шунда: "Агар айтган сўзимни биродаримда кўрган бўлсам-чи?" дея саҳобалар сўрадилар. Расулимиз "Агар ундаги бор нарсани айтган бўлсангиз, ғийбат қилган бўласиз, агар унда йўқ нарсани  айтган бўлсангиз, туҳмат қилган бўласиз", деб жавоб бердилар.

Доноларнинг айтишича, инсон бир гуноҳ қилганда унинг қалбига бир қора нуқта тегар экан. Магарки, гуноҳ қилишдан тийилмаса, қалбини буткул қора доғ қоплаб олар ва қалби қулфланиб қолар экан. Бундай қалб эгалари асло яхшилик ва эзгуликни кўра олмай, умр бўйи гуноҳлар ва хатолар ичра яшаб дунёни тарк этадилар. Ҳаётдаги ўзларининг ана шундай қабиҳ амаллари туфайли қиёматга қадар дўзах азобида қолурлар.

Азизлар! Шундай экан, бизга бир бора бериладиган ҳаётимизда аъмолимизга кечирилмас гуноҳ бўлиб киргувчи ғийбат қилишдан йироқ бўлайлик.

Салимжон ШОКИРОВ,

Андижон шаҳридаги "Ҳонақо" жомеъ масжиди имоми.

Коррупцияга қарши курашиш - муҳим вазифа

Ҳуқуқшунос минбари

Бугунги кунда коррупцияга қарши кураш масаласи бутун дунёда бўлгани каби республикамизда ҳам энг долзарб ва муҳим масалалардан бири ҳисобланади.

Маълумки, коррупция ўзига тамагирликни қамраб олган ҳолда жамиятнинг маънавий устунлари ҳамда демократик принципларини емириб, мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий тараққий этиши учун улкан хавф туғдиради. Шу боис ҳам ушбу иллатга қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш билан боғлиқ ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришга қаратилган бир қатор муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул килинган. Жумладан, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми яратилган ҳолда 2017 йил 3 январда Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни қабул қилинди ҳамда шундан сўнг бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар доирасида коррупциянинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

"Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуннинг 3-моддасига кўра, коррупция - шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини, ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир, дея таъриф берилади.

Қонуннинг 5-моддасида эса коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари кўрсатиб ўтилган бўлиб, улар - аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, унга имкон берувчи сабаблар, омиллар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашдан иборат.

Қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари сифатида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти белгиланган бўлиб, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга оширишлари назарда тутилган.

Бинобарин, коррупцияга қарши курашишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбия масалалари Қонуннинг бир нечта моддаларида ўз ифодасини топган. Чунки ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти юксак, ҳуқуқий таълим-тарбияси етук, маънавиятли инсонлар жамият ривожига соя солувчи иллат - коррупцияга йўл асло қўймайдилар.

Коррупцияга қарши курашишда кенг жамоатчилик, ҳар бир фуқаро фаол бўлиши керак. Шундагина ушбу иллатни ҳаётимиздан бутунлай чиқариб ташлашимиз мумкин бўлади.

 

Давронбек РАСУЛОВ,

Андижон вилояти статистика бошқармаси бош юрисконсульти.

АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ НАТИЖАЛАРИ НИМА БЕРАДИ?

Қарор ва ижро

Мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш тадбирга тўлақонли тайёргарлик кўриш, сифатли ва шаффоф ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йил 11 ноябрда "Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйҳатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилиниб, республикамизда аҳолини рўйҳатга олиш тадбири 2023 йилнинг  ноябрь ойида ўтказилиши белгиланди.

Аҳолини рўйхатга олиш - Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг муайян ҳудудларида ўтказиладиган, белгиланган санада аҳолининг демографик ва ижтимоий-иқтисодий тавсифларини белгиловчи, шахсга доир маълумотларни йиғиш ва уларга ишлов бериш ҳамда якуний маълумотларни тарқатиш ва фойдаланишнинг даврий жараёни ҳисобланади.

Аҳолини рўйхатга олишнинг асосий мақсади, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш прогнозларини ишлаб чиқиш, демографик кўрсаткичларни ҳисоблаш ва прогнозлаш, меҳнат ресурслари жойлашуви ва улардан фойдаланишни ўрганиш ҳамда илмий тадқиқотлар олиб бориш учун аҳоли тўғрисида ишончли ва холис ахборотларни олиш ҳисобланади.

Аҳолини рўйхатга олишнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

- аҳолининг соғлиғини   мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва болалар учун шарт-шароитларни яхшилаш, оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича чораларни ишлаб чиқиш мақсадида, аҳоли таркибидаги, демографик вазиятдаги ўзгаришларни баҳолашга доир маълумотлар базасини кенгайтириш;

- шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, меҳнат ресурсларини жойлаштириш ҳамда улардан фойдаланишнинг узоқ, ўрта ва қисқа муддатли прогнозлари ва дастурларини тайёрлаш;

- аҳолини рўйхатга олиш даври оралиғидаги аҳоли сони ва таркибининг жорий ҳисобини, ҳисоб-китобларини ҳамда прогнозларини амалга ошириш;

- ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича илмий тадқиқотларни амалга ошириш.

 

Андижон шаҳар рўйхатга олиш бўлими.

ИСЛОҲОТЛАР ХАЛҚИМИЗГА ЯНАДА КЕНГ ЭРКИНЛИКЛАР БЕРАДИ

  Инсон манфаатлари Қонун ҳимоясида

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган тантанали маросимда сўзлаган маърузасида муҳим вазифалар билан бир қаторда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар изчил давом эттирилишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистон шароитида аҳолининг тинч эркин ва фаровон яшашларида, инсонларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашда,  кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтилишида суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг аҳамияти ниҳоятда катта.

Аслида кейинги йилларда Президентимиз таклиф ва ташаббуси билан республикамиз суд-хуқуқ тизимида туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Янги Ўзбекистон шароитидаги ислоҳотлар жараёни халқаро ҳамжамиятнинг ҳам диққат марказида турибди. Бу соҳадаги янгиланишлар хорижлик эксперт ва кузатувчилар томонидан ҳам алоҳида эътироф этилмоқда.

Жумладан, вилоятимизда ҳам фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, хусусан, суд ва прокуратура идоралари фаолиятини такомиллаштириш бўйича ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Ана шу ўзгаришларни шахсан ўзим адвокатлик фаолиятим жараёнида бевосита кузатиб боряпман. Айниқса, адвокатура тизимининг ҳуқуқий асоси, жамиятдаги мавқеи тобора ортиб, судлов жараёнидаги иштироки кучайиб бораётгани, биз адвокатларни қувонтирмоқда, қолаверса, уларнинг ўзига бўлган ишончини ошираётир.

Қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Адвокатура тўғрисида"ги қонуни адвокатлар манфаати қонуний ҳимоясини кучайтириш, фаолиятини янада юқори босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Бу ўз навбатида суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар жараёнини янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қарори билан Ўзбекистон Республикасининг конститутциясига ўзгариш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонун  лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасига қўйилгани ҳам фикримиз исботидир. Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси муддати узайтирилгани эса кенг ва оммавий муҳокамаларга йўл очиб берди. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши жараёнида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 116-моддаси кенг муҳокама қилинди. Шунга кўра, 116-модда таҳрир этилди. Натижада ҳар бир фуқаронинг малакали юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқи кафолатланадиган бўлди, ҳатто, қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам бепул кўрсатилиши белгилаб қўйилди.

Демак, ушбу моддага кўра тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдамга бўлган ҳуқуқ кафолатланади. Бу каби ўзгартириш ва қўшимчаларни кўп йиллик тажрибага эга адвокат сифатида қизғин қўллаб-қувватлайман. Адвокатурани ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланганлигидан эса  беҳад хурсандмиз.

Демократик принципларни шакллантириш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш йўлидаги юқоридаги каби ислоҳотлар шубҳасиз, халқимизга янада кенг эркинликлар беради.

Маннобжон ЮНУСОВ,

Андижон шахридаги "DILEMMA-EFFEKT" aдвокатлик бюроси бошлиғи.

Тажрибали адвокат кЎмаги билан адолат Қарор топди

Мустақиллик шарофати ва ҳукуматимиз томонидан мамлакатимизда хусусий бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Бундан унумли фойдаланган, иш юритиб ҳам оиласи, ҳам жамият учун фойда келтираман деган кўплаб инсонлар тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, меҳнат қилмоқда.

Жумладан отамиз Ҳабибулла хожи Жалолов ҳам ана шундай яхши ниятлар билан тадбиркорликка қўл урди. Оилавий тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун "Кўчмас мулк савдо хизмати" МЧЖнинг 2012 йил 17 апрелдаги олди-сотди шартномасига асосан, ўзимиз яшаб турган ҳудуддаги чорвачилик фермаси бино иншоотларини нақд пулга сотиб олди. Сўнг қонунлар ҳамда тегишли ҳужжатлар асосида 6,3 гектар ер майдони ва бир неча бино-иншоотларга эга бўлган ҳолда балиқчилик йўналишида фермер хўжалиги ташкил этди. Албатта, асосий мақсад, оиламиз даромадини ошириш, қолаверса, халқимиз дастурхонини шифобахш балиқ гўшти билан тўлдиришга ҳисса қўшиш, бир қанча фуқаронинг бандлигини таъминлаш эди.

Очиғи, оилавий тадбиркорлик фаолиятини юритиш осон иш эмас экан. Биз бозор иқтисодиёти шароитида астойдил ҳаракат қилиб, йўқдан бор қилдик. Машаққатли мехнатимиз эвазига фаолиятимиз жонланди. Йилдан-йилга натижаларимиз, даромадимиз ортиб борди. Афсуски, тинч, белгиланган солиқларни ўз вақтида тўлаб, одамларга наф келтириб ишлаб юрган бир пайтимизда туман ҳокимлигининг кучли босимига учрадик.  Туманимиз раҳбари ва назорат ташкилотлари билан  тўқнашувлар бошланиб кетди.

Аниқроғи 2018 йилда туман хокимининг қарори билан бир гектар ер майдонимиз бошқа бир фуқарога теракчилик йўналишида фермер хўжалиги ташкил этиш учун 49 йил муддатга ижарага ажратилиб, ер биздан олиб қўйилди.

Зиддият шундан кейин янада авж олди. Биз ўз ҳақ-ҳуқуқимизни ҳимоя қилиш учун вилоятимизнинг юқори ташкилот ва идораларига мурожаатлар қилдик. Бироқ, ҳеч қандай ижобий натижага эриша олмадик.  Ваҳоланки, биз ёрдам сўраб борган идора ва ташкилотлар ҳам туман ҳокимлиги томонидан чизилган чизиқдан нарига ўта олмади ёки ўтишни хоҳлашмади. Бу орада туман ҳокимининг қахрига учраб, фойдаланаётган барча еримиз олиб қўйилди. Яъни, туман ҳокими қарори билан фермер хўжалигимиз ихтиёрида бўлган 5,3 гектар ер майдони туман ҳокимлиги захира ер фондига қайтарилди.

Ҳатто, халқ депутатлари туман кенгаши ҳам ёрдам бера олмади. Шу тариқа йиллар ўтди. Биз ноқонуний олиб қўйилган ерни қайтариб олиш учун ҳаракатдан тўхтамадик. Анчагина моддий зиён кўрдик, руҳий азобларга учрадик.

Охири суддан нажот кутишдан бошқа чорамиз қолмади. Қайси бир танишимизнинг маслаҳати билан малакали ҳуқуқшунос ёллаш, шу орқали судда масалани кўриш ва адолатни қарор топтиришга ҳаракат қилдик. Хуллас, Андижондан нажот топдик. Бизга билимдон, ўз ишининг моҳир устаси адвокат Маннобжон ака Юнусов билан ишлашни тавсия этишди.  Хайриятки, у киши биз билан ишлашга рози бўлди. 

2021 йил июль ойида Наманган туманлараро маъмурий судининг очиқ суд мажлисида судья У. Мадраҳимов томонидан ишимиз кўриб чиқилди. Суд жараёнида адвокат М. Юнусов ҳар бир жараён бўйича аниқ далилар, ҳужжатлар асосида туман ҳокимлиги биз фойдаланаётган ер майдонини ноқонуний тарзда олиб қўйганлигини исботлаб берди. Суд туман ҳокимининг бизнинг фермер хўжалигимизга тегишли ерни туман ҳокимлиги захира ер фондига қайтариш тўғрисидаги қарорини ноқонуний деб топди. Адолат қарор топди, лекин унга эришиш осон кечмади. Туман ҳокимлиги вилоят маъмурий судига аппелация шикояти ёзди. Вилоят суди ҳам туман ҳокими қарори ноқонуний деб топилган аввалги суд қарорини ўзгаришсиз қолдирди.

Адолатнинг қарор топишида ишончли ва малакали адвокат Маннобжон ака Юнусовнинг хизматлари жуда катта. Бунинг учун биз бутун оиламиз номидан у кишига, жамоасига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Яна кўп йиллар адолат йўлида халқимизга, одамларга хизмат қилиш насиб этсин.

 

Маликахон ЖАЛОЛОВА, Наманган вилояти Норин туманидаги "Норинлик Асадулло Саъдулло» кўп тармоқли фермер хўжалиги вакиласи.

 

Миннатдорчилик мактуби

малакали ва профессионал ҳуҚуҚий хизматдан мамнунман

Асли андижонликман. Кўп йилдан бери пойтахт вилоятида истиқомат қиламан. Мен 2018 йилнинг баҳорида ўзим яшаб турган тумандаги собиқ Давлат нотариал идорасига онамдан қолган мерос мулк - уй-жойга қонун бўйича меросга бўлган хуқуқ тўғрисида гувоҳнома олиш учун ариза бердим. Афсуски, ушбу идорада менга қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома нотўғри расмийлаштирилиб берилганди.

Аслида нотариус менга мархум онамдан қолган мерос - уй-жойнинг 2Ғ3 қисмини ажратиб бериши керак эди. Лекин у қонун талабини бузди.

Натижада анча оворагарчиликларни бошимдан ўтказдим. Негаки амалдаги қонун бўйича нотариуснинг нотўғри иши фақат суд тартибида бекор қилиниши кўрсатилган. Шу тариқа нотариус ва унинг тарафдорлари ишнинг суд тартибида кўрилишига жиддий тўсқинлик қилишни бошланди. Натижада ўзим яшаб турган тумандаги суд идорасига қайта-қайта мурожаат этиб, ижобий натижага эриша олмадим. Хаттоки, иш юзасидан ёзган даъво аризаларим турли баҳоналар билан ўз вақтида олинмасдан ойлар давомида сарсон бўлдим.

Ноиложликдан, руҳий тушкинликка тушиб қолдим. Қолаверса, доимий стресс, асабийлашишдан эски, сурункали касаллигим янада кучайди.

Аслида мен ҳам II гуруҳ ногирониман, якка яшовчи, боқувчиси йўқ аёлман. Маҳалла фуқаролар йиғинида "Аёллар дафтари"га киритилганман.

Шу тариқа йиллар давомида Тошкент ва Андижон ўртасида сарсон-саргардон бўлиб, қатнаб юрдим. Хайриятки, орамизда имон-этиқодли, яхши одамлар ҳам бор экан. Тақдир мени уларга рўпаро қилди.

 Кунларнинг бирида вилоят суд идораси олдида турган эдим. Суд жараёнида муаммоли иши ижобий ҳал бўлган нотаниш аёл олдимга келиб, аҳволимни кўриб, унга ёрдам берган адвокатга мурожаат қилишни маслаҳат берди.

Мен унинг таклифини бажонидил қабул қилдим. Чунки менинг муаммоим бўйича аввалги суд ишларида қатнашган адвокатлар менга кўнгилдагидек ёрдам беришмаганди.

Ўша аёлнинг тавсияси билан ўз ишининг билимдони, юқори малакали адвокатлар Барчиной Тожибоева ҳамда Маннобжон Юнусов билан учрашдим, уларга муаммоларимни айтдим.

Ана шу адвокатларнинг ҳуқуқий маслаҳатлари ва амалий ёрдамлари билан Андижон вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича суд ҳайъатига даъвогар бўлиб, аппеллация шикояти ёздим.

Шикоятим қабул қилиниб, вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов хайъати очиқ суд мажлисида судья Муқаддамхон Аҳмадалиева раислигида адвокатлар иштирокида ишим кўриб чиқилди. Охир-оқибат, одил судлов таъминланиб,  малакали адвокатлар кўмаги билан мақсадимга эришдим, мени йиллар давомида қийнаган муаммо ечилди, адолат қарор топди.

Қисқаси, мен тажрибали, малакали адвокатлар Барчиной Тожибоева ҳамда Маннобжон Юнусовдан беҳад мамнунман.  Уларнинг сидқидилдан кўрсатган малакали ва профессионал ҳуқуқий хизмати туфайли ўз мақсадимга эришдим.

Халимахон КАРИМЖОНОВА,

II гуруҳ ногирони, Тошкент вилояти.

 

Азиз юртдошлар!

Агар сизда бирор бир масала юзасидан адвокат хизматига эҳтиёж туғилса, ҳеч иккиланмай Андижон шаҳри, Бобур шохкЎчаси, 1-уйда жойлашган "DILEMMA-EFFEKT" aдвокатлик бюросига мурожаат қилинг. Маннобжон Юнусов раҳбарлигидаги малакали ҳуқуқшунослар Сизнинг муаммоингизни ижобий ҳал этишга, албатта ёрдам беради. Тел: 99890 253 07 81

 Мақолаларни журналист Сафарали Абдураҳимов тайёрлади.

 

Шеърият гулшани

ВАТАН   ҲИССИ....

 

Ватан асли нима ? Ватан-бу она,

Куйлайсан шод бўлиб сен ёна-ёна.

Ватан асли нима ? Муқаддас-туйғу,

Сўзлайсан, ғурур-ла сен бериб урғу.

 

Ватан сўзи эгиз, онага қиёс,

Бошқа сифат топмам, удир беқиёс.

Оналарнинг изи жаннатдир бешак,

Юрт тупроғи ҳам беҳиштдан дарак.

 

Ватандир табаррук, буюкдир буюк,

Ҳар сиқим тупроғи биз учун суюк.

Жон-фидо бўлайлик токи танда жон,

Покиза ҳар жонда бўлсаки иймон.

 

Ватан бошланади ҳар остонадан,

Ҳар бир уй, хонадон, ҳар бир хонадан.

Бошланади Ватан томирда қондан,

Сен дунёга келган, туғилган ондан.

 

Абдурашид  ЭРГАШЕВ,

Асака туманидаги 26- умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

 

 

ЎЗБЕГИМ ҚИЗЛАРИМИЗ

 

Сочни майда ўрамиз,

Бошга дўппи киямиз.

Қошдан ўсма узмаймиз,

Ўзбегим қизларимиз.

 

Эрта тонгда турамиз,

Атлас кўйлак киямиз.

Уйни тоза тутамиз,

Ўзбегим қизларимиз.

 

Сочни калта кесмаймиз,

Иболи, оқила, билмдонмиз.

Сохта қошлар чизмаймиз,

Ўзбегим қизларимиз.

 

Зулфиянинг издошимиз,

Томариснинг авлодимиз.

Улардек доно, мард бўламиз,

Ўзбегим қизларимиз.

 

Муслимахон САТИМОВА,

Пахтаобод туманидаги

8- умумтаълим мактаби ўқувчиси.

 

 

БОЛАГИНАМ БОЛАСИ

Ҳаёт қизиқ эканда,

Ҳамма болам деркан-да.

Боласи учун ҳатто,

Жонини берарканда.

 

Мен ҳам шуни туяман,

Боламга кўп куяман.

Аммо болам боласин,

Боламдан кўп суяман.

 

Аллоҳ шундай яратган,

Мен нима ҳам қилайин.

Уларнинг ҳаммасига,

Узоқ умр тилайин.

                                                

Комил МАШРАБ,

Андижон шаҳри.

 

 

ХИЛОЛ

 

Нур таратиб кўкда ой пари,

Сузиб юрар булут оралаб.

Уйқум қочса кўзимдан нари,

Ўтираман қоғоз қоралаб.

 

Деразамдан мўралар хилол,

Гўё келган хабар олмоққа.

Дегим келар: кетма, мен-ла қол,

Шеърим битсин, кўчирай оққа.

 

Гоҳ кўриниб, гоҳи кўринмай,

Қўриқчидай туради сергак.

Айланади тонг қадар тинмай,

Само ичра ул гўзал баргак.

 

Донохон ИБРАГИМОВА,

Андижорн шаҳри.

 

 

ҚАДР

 

Қадринг билмагандан излама қадр,

Кун келса бўлолмас ёнингда ахир.

Кўкка бўй чўзса ҳам, ерда юрса ҳам

Умримиз манзили оддий бир қабр.

 

Кибрдан йироқ юр, бўлма хасадгўй,

Ҳеч ким паст санама - ўз ҳолига қўй.

Инсон тақдирида турфа-хил юмуш,

Бир кун аза бўлса, бошқа куни тўй.

 

Бу фоний дунёда омонатдир жон,

Яхши инсонларнинг қалбида иймон.

Қадринг билмагандан бўлмагин хафа,

Ишониб охири бўлма пушаймон.

 

Оқибатхон МАДАМИНЖОН қизи,

Булоқбоши тумани.

 

 

ЗАмонни айбламанг

 

Замон шундай деманг, одамлар,

Замон ҳали ўзгаргани йўқ.

Қувонч келса ёки аламлар,

Замоннинг ҳеч бунда айби йўқ.

 

Қандай ўтган бўлса бу йиллар,

Яна шундай ўтиб боради.

Бизни чорлар интизор йўллар,

Ортимиздан тариҳ қолади.

ДИЛДОРБЕГИМ,

Андижон шаҳри.

 

 

ЎЗБЕКИСТОН БАЙРОҒИ

 

Темур бобом мерос қилган,

Қадим кўҳна байроғим,

Кубро бобом эъзоз қилган,

Сенсан асли кўз қароғим.

 

Сенда софлик мужассамдир,

Сендадир миллат шаъни.

Ҳилпирасанг само узра,

Шудир ватан юксалгани.

 

Фахр тўлар дилларга,

Кўрсак сени ҳар замон.

Кўтаради кўкларга,

Ғолиб қиз-у, ҳар ўғлон.

 

Озод юрт, обод ватан,

Бўлгай тилларда достон.

Сен юксакка бўй чўзсанг,

Яшнагай Ўзекистон.

 

Мустақиллик рамзисан,

Сен ҳурликнинг маёғи.

Ҳилпирайвер тоабад,

Ўзбекистон байроғи.

 

Марҳабо МИРХОДЖАЕВА,

Асака туманидаги 11-умумтаълим мактаби тарғиботчиси.