+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ИНСОНИЙЛИК МАРКАЗИ

ННТлар фаолиятидан

Замон қанчалик илгариламасин, сунъий интеллект қанчалик ривожланиб, дунёни эгалламасин, барибир, инсонлар орасидаги  меҳр-оқибат, ишонч йўқолмайди.   Дунёда ҳеч бўлмаса битта яхши одам қолганда ҳам, ер юзида ҳаёт давом этишига асло шубҳа йўқ.

Шундай бўлса-да, баъзан одамлар орасидан инсоф, оқибат, меҳр, диёнатнинг кўтарилиб бораётганини кўриб, ўйга толасан киши. Мен ҳаётда ўз ўрнимни топиш, малака ва маҳоратимни, иш тажрибамни ошириб бориш мақсадида Республика "Истиқболли Авлод" ижтимоий ахборот марказининг Андижон вилоят бўлимига ишга кирдим. 

Ишга кирганимга ҳали  кўп бўлмаса-да, бу ерда амалга оширилаётган, умуман марказ олиб бораётган савобли ва   хайрли ишларни кўриб ишимга бўлган меҳрим янада ошди.

Марказимиз Одам савдосига қарши курашиш ва зўравонликнинг бошқа турлари жабрдийдаларига ёрдам бериш билан шуғулланади. Иш асносида кўплаб инсонларнинг ҳаёт тарзи билан танишдим. Ҳаёт қийинчиликсиз бўлмаслиги аниқ. Аммо, мана шу қийинчиликка ўз яқинлари, дўстлари томонидан йўлиққан инсонларни кўриб, ҳайратим ошди. Мени кўпроқ ўйлашга, фикр юритишга, ишимга масъулиятлироқ ёндашишга ундади. 

Марказимиз томонидан адашганлар, алдов йўли билан сотиб юборилган, чет элларда қийналаётганларнинг ўз юртига, оиласи бағрига қайтиб келиши учун муайян ишлар амалга оширилмоқда. Мақсадимиз, ўзи ёки яқинлари ана шундай аянчли холга тушиб қолган юртдошларимизга кўмак бериш.

Марказимизнинг ишонч телефони куну тун ишлаб туради. Яъни,  +998 95 201-94-94  рақамли телефонга қўнғироқ қилсангиз, марказ оператори дарҳол Сизга жавоб беради,  муаммоингиз ўрганиб чиқилади. Агар зарур бўлса, малакали ҳуқуқшунос Сизга маслаҳат беради. Энг муҳими, марказдаги барча хизматлар бепул.

 Бундан ташқари, чет давлатларга ишга кетмоқчи бўлган фуқароларнинг одам савдоси ва фирибгарлик жиноятларига тўқнаш келмаслиги учун уларнинг бу борадаги билим ва тушунчасини, саводхонлигини ошириш бўйича ҳам турли тадбирлар мунтазам ўтказиб борилади. Бу албатта, қанча-қанча инсонларнинг тўғри йўлдан адашмаслигига ёрдам беради. Шу боис ҳам, мен ушбу марказни "Инсонийлик маркази" деб номладим. Минг афсуски, бугун одамлар орасида нафс қули бўлган, инсофсиз кишилар оз эмас. Унутмайликки, ҳаётда номаи амолига яхшиликни муҳрлагувчи диёнатли инсонлар ҳам жуда кўп. Илойим, юртимизда ана шундай инсонлар кўпаяверсин. Ҳеч бир инсон кўргуликлар гирдобига тушиб қолмасин.                                     

Мунира МУҲАММАДЖОНОВА,

 "Истиқболли Авлод" ИАМ Андижон вилояти PR ходими.            

Қийинчиликлар сабаб ўқий олмаганман, аммо, хат-саводим бор, - дейди 85 ёшлик Мақсуда буви Отабоева

Фахрийлар-фахримиз

 

Пахтаобод туманининг Кўктўнлик маҳалласида истиқомат қилувчи бу нуроний онахон ҳамиша бирор юмуш билан банд. Ҳали қарасангиз, кўча бошидан челакда сув ташиган, ҳали қарасангиз томорқа ишлари билан тимирскиланаёган бўлади.

-Соғлом бўламан, узоқ умр кўраман деган одам доим ҳаракатда бўлиши керак, - дейди Мақсуда буви. - Мен бекор ўтирсам касал бўпқоламан. Шунинг учун доим ўзимни ўзим иш билан банд қиламан. Кеча томга поя босдик. Маккасини қайириб олдик. Кўрганлар "ҳеч ҳам тинмайсиз экан-да" деб кетишади. Нима қилай, керак бўлганидан кейин қиламан-да.  Ҳаракат қилсангиз, қонингиз юришади. Мен шу пайтгача ҳеч бир жиддий  касал бўлмаганман.

Мақсуда буви раҳматли умр йўлдоши Тожиқўзи бува билан салкам 40 йил бир ёстиққа бош қўйди. Турмушлари давомида 4 қиз ва 4 ўғилли бўлдилар. Тўнғич ўғли Парпибой ака ҳозир 66 ёшда. Онахоннинг барча фарзандлари ўзидан тиниб-тинчиб, ували-жували бўлиб кетишган. Онахон бор давлатини 18 невара, 23 чевара, ва бир эваранинг соғлиги ва тинчлик-хотиржамлигида деб билади.

-Умр бўйи далада ишладим, - дея сўзлай бошлайди онахон. - Fўза чопардим, пахта терардим. Болаларим бултурдан бери пахта теримига чиқармай қўйишди. Унгача ҳар йили пахта теримида жавлон урганман.100 килодан кам термасдим. "Тоғангиз" ҳам колхозчи эди. Кейин бригадир бўлди. 22 йил бўлди оламдан ўтганига. Лекин, яхши яшадик. Уйимиздан нон-ош узилгани йўқ. Бировдан битта нон сўрамаганмиз.

Ҳозирги ёшлар бироз беқаноат.   Сабрни билмайди. Набираларим, маҳалладаги ёш қизларга кўп насиҳат қиламан: Борига шукр, йўғига сабр қилган аёлнинг хонадони тинч, оиласи мустаҳкам бўлади.

Онахоннинг болалик йиллари уруш даврларига тўғри келган. Бу ҳақдаги хотиралари билан ўртоқлашишини сўраганимда, қалин қорларда анча олисдаги мактабга пиёда борганлари, онаси тикиб берган халтасидаги шиша сиёҳдон, тушлик учун солинган зоғора нони, синф хонасидаги голланд печка мурғак хотирасига муҳрланганини айтиб берди.

-Мен атиги бошланғич синфни тамомлаганман, - эслайди Мақсуда буви.  - Кейин қийинчиликлар сабаб ўқий олмадим. Аммо, хат-саводим бор, китоб, газета ўқишни яхши кўраман. Почтальон газета обкелиб берарди. Кўпроқ "Муштум" ўқирдим. Ҳозир газета келмай қўйган. Неварамнинг шеър китоби чиққан, шуни ўқиб ўтирибман.

Маҳаллада бувининг ўзига яраша ҳурмати бор. Унинг меҳнатсеварлиги, хуш муомаласи ва ҳазил-мутойибаси қишлоқ аёлларини шу уйга чорлайверади.

Кўктўнлик маҳалласида Мақсуда бувига ўхшаган пиру бадавлат онахонлар талайгина. Онахон ўртоқларини бирма-бир санар экан, ҳар ой йиғилишиб машварат ўтказиб туришларини,  келаётган ҳафтада "гап" беришини айтиб қолди.

- Мунисхон, Зарифахонлар бор, улар ҳам саксонга етди. Хамидахон, Қорияхонлар етмишдан ошган. Ён қўшним Манзурахон 60 ни қоралаяпти, синглимдай бўпқолган. Саломатхон ҳам аста-секин бизнинг даврага қўшиляпти. Бизнинг йиғинимиз жуда мароқли ўтади, - дейди Мақсуда буви.

Кексалар бор жойда ҳамиша ризқ мўл, файзу барака бўлади. Мақсуда бувининг хонадони ҳам файзли, тароватли, унинг хонадонидан ҳеч одам узилмайди. Маҳаллаларимиз кўрки бўлган серғайрат, одамшаванда Мақсуда бувидек табаррук онахонларимиз ҳамиша соғ-омон бўлсин.

 

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Қўрғонча - Шаҳрихоннинг обод маҳаллаларидан бири

Обод манзиллар

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" ташаббуси юртимизда ободончилик борасидаги ишларни янги босқичга кўтарди, десак асло муболаға бўлмайди.

 Мазкур ташаббус доирасида амалга оширилаётган ишлар натижасида  хаминқадар кўринишдаги қишлоқ ва маҳаллалар қиёфаси тубдан ўзгариб, янгича замонавий кўринишга эга бўлмоқда. Электр, табиий газ, ичимлик суви таъминотидан ташқари тор ва қинғир-қийшиқ кўчалар кенгайтирилиб, асфальт ва шағал ётқизилмоқда. Яратилаётган қулайликлар аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалишига, фуқароларимиз қалбида эса эртанги кунга ишонч туйғусини мустаҳкамламоқда.

Шаҳрихон туманидаги  Қўрғонча маҳалласида 5 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Аввал маҳалладаги аксарият йўллар, қолаверса, мактаб, боғчаларнинг аҳволи талабга асло жавоб бермасди.

Қўрғонча маҳалласи 2019 йилда "Обод маҳалла" дастурига киритилди. Маҳаллада кенг кўламли ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Бу ишлар  учун 12,5 млрд. сўм маблағ сарфланди.

- Маҳалла ҳудудида бешта - "Қўрғонча", "Эшон кўча", "Мулладўст", "Файзиобод"  ҳамда "Иброҳим-50" кўчалари мавжуд, - дейди Қўрғонча МФЙ раиси Азизахон Раҳимова. - Дастур доирасида маҳалламизга 7 км.масофадан янги ичимлик суви тармоғи тортиб келинди, янги сув қудуғи қурилди. Мавжуд 2 та сув қудуғи реконструкция қилинди.  Бундан ташқари, 1,2 километр асфальт йўл таъмирланди, 6,7 километр тупроқ йўллар шағалланди.

- Авваллари ёзда чанг, қишда лой кўчамизда юришга қийналар эдик, - дейди меҳнат фахрийси Солижон Тўраев. - Айниқса, набираларимизни мактабга жўнатгач йиқилиб, кийимлари лой бўлмадимикан, деб минг бир хадикда ўтирар эдик. Шукр, бугун кўчаларимиз шағалланди. Амалга оширилган ишлардан беҳад мамнунмиз.

Маҳаллада табиий газ, электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида 2 та янги трансформаторлар ўрнатилиб, мавжуд 8 та трансформатор пункти, шунингдек,  1,2 километр масофадаги табиий газ қувурлари таъмирланди. Газ таъминотини яхшилаш мақсадида 349 та хонадонга суюлтирилган газ баллонлари тарқатилди.

Айниқса, маҳалла ҳудудидаги 63-умумтаълим мактаби ҳамда 40-мактабгача таълим ташкилоти бинолари капитал таъмирланиб, кўркам ва замонавий кўринишга эга бўлгани ўқувчи ва ўқитувчиларни, қолаверса, бутун маҳалла аҳлини беҳад қувонтирди.

 Обод маҳалла одамларининг қалби ҳам обод, маданияти ҳам юксак бўлади. Бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг кўламда олиб борилаётган ободончилик ишлари қишлоқларимиз ҳусни ва тароватини ўзгартириб, одамларнинг турмуш даражасини юксалтираётганидан барча юртдошларимиз қатори қўрғончаликлар ҳам беҳад хурсанд эканликларини уларнинг гап-сўзлари, нигоҳларидан англаб олиш қийин эмас.

Юртимизда, Андижонимизда мана шундай обод маҳаллалар сафи ортаверсин.

 

Кумуш ҲАМИДЖОНОВА,

 

жамоатчи мухбир.

Фуқароларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилмоқда

Жараён

Шаҳар ҳокими Б.Ҳайдаров бошчилигида тузилган ишчи гуруҳ томонидан Андижон шаҳар маҳаллаларида "Ёшлар дафтари" ҳамда "Аёллар дафтари"ни шакллантириш бўйича  ҳар бир хонадонга кирилиб, фуқаролар билан суҳбат ўтказилмоқда, уларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилмоқда.

Айни кунга қадар, Андижон шаҳрининг 1-сектори ҳудудидаги 8 минг 52 та хонадонга кирилди, фуқаролар билан суҳбатлар ўтказилди. Ўрганиш давомида 6 минг 851 нафар ёшлар ҳамда 6 минг 578 нафар аёл хатловдан ўтказилди.

Шаҳарнинг 2-сектор ҳудудидаги маҳаллаларда ҳам Аёллар ва Ёшлар дафтарларини шакллантириш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда. Ўтказилаётган хатлов жарёнида фуқароларнинг мурожаатлари ўрганилиб, уларни ижобий ҳал этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, фуқаролар мурожаатига асосан, Навоий шоҳкўчасидаги носоз оқава сув қувури ўша вақтнинг ўзида таъмирлаб берилди.

- Мурожаатим эътиборсиз қолдирилмаганидан хурсандман, - дейди Исломобод маҳалласида яшовчи, 2-гуруҳ ногирони М. Мираҳмедов. - Оиламиз "темир дафтар"га киритилган. Шароитимиз оғир бўлгани учун маҳалла томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари берилди, шу билан бирга, "Нуронийлар жамғармаси"дан ҳам моддий ёрдам ажратилди. Бунинг учун шаҳар, вилоят ҳокимлари, бундай хайрли ишга бош қўшаётган барча инсонларга миннатдорчилик билдираман.

Аҳмад Яссавий, Янги турмуш ва Бобосадин маҳаллалари аҳолисига 7 тонна арзонлаштирилган ун тарқатилган бўлса, Андижон ва Тўққизариқ маҳаллаларидаги 200 та хонадонга суюлтирилган газ баллони тўлдирилган ҳолда етказиб берилди.

 

Абдужалил АБДУРАҲИМОВ,

 

Андижон шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати раҳбари.

Избоскандаги сайёр қабулда 140та мурожаат ижобий ҳал этилди

Муаммо, мурожаат ва ижро

Избосканда тумани ҳокими ҳамда сектор раҳбарлари томонидан фуқароларнинг сайёр қабули ўтказилди.

Избоскан туманида 58 минг 400 га яқин оила таркибида 236 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Айни кунда тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, маҳаллаларнинг "темир дафтар"ига қайд этилган оилалар,  шунингдек, "аёллар" ва "ёшлар" дафтарларига киритилган фуқароларнинг муаммоларини аниқлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш орқали даромад манбаини шакллантириш, турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Сектор раҳбарлари турли муаммолардан азият чекаётган, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ва бошқа масалалар бўйича мурожаат қилган 158 нафар фуқаро билан бевосита суҳбатлашди. Мурожаатларнинг 140 таси шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди, 18 та мурожаат мутасадди ташкилотларга ўрганиш учун юборилди.

Жумладан, мурожаат қилувчиларнинг 32 нафарига маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган қисми маблағлари ҳисобидан қурилиш материаллари, 50 нафарига вилоятдаги тиббиёт муассасаларида даволанишлари учун йўлланма, 43 нафарига 1 тоннадан кўмир берилди. Бундан ташқари, мурожаатларга асосан, 5 нафар фуқарога ногиронлик аравачаси, 3 нафар фуқарога кир ювиш машинаси, телевизор ҳамда эшитиш мосламалари топширилди.

- Пандемия сабаб оиламиз моддий жиҳатдан бироз қийналиб қолган эди, - дейди Марказ маҳалласида яшовчи Барчиной Тўхтаназарова. - Қиш яқинлашяпти, кўмир олишга ҳеч имкон қилолмаяпмиз. Шу боис, сайёр қабулда кўмир олишим учун ёрдам берилишини сўраб, мурожаат қилдим. Кутмагандим, мурожаатим шу куннинг ўзидаёқ ҳал бўлди. Оиламизга бир тонна кўмир берилди.

Президентимиз ташаббуси билан одамларнинг муаммо ва ташвишларини ҳал этиш, оғирини енгил қилиш йўлида олиб борилаётган бу каби ишлар, фуқароларга кўрсатилаётган эътибор юртдошларимизнинг турмуш фаровонлигини оширишга, давлатга, эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.

 

Гуллола САТИМОВА,

 

Избоскан тумани ҳокимлиги бош мутахассиси.

Шаҳрихон туманида аёллар ва ёшлар муаммолари ўрганилмоқда

Кун мавзуси

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 8 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳалла фуқаролар йиғинларида "Ёшлар дафтари" ва "Аёллар дафтари"ни шакллантириш юзасидан қатор вазифа ва топшириқлар берилган эди.

Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш борасида Шаҳрихон туманида ҳам қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, туман ҳокимлиги, мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамда маҳалла фаолларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилди. Ишчи гуруҳлар аъзолари тумандаги 76 маҳаллада уйма-уй юриб, ёшлар ва хотин-қизларнинг муаммолари ўрганилиб, "ёшлар дафтари" ҳамда "аёллар дафтари" шакллантирилмоқда.

- Президентимиз ташаббуси билан юртимизда ижтимоий ва моддий кўмакка муҳтож ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда, - дейди Шаҳрихон тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Бахтиёр Алимов. - Видеоселектор йиғилишида берилган топшириққа асосан, уларнинг билим олиш, касб эгаллашга бўлган иштиёқи, имконияти, бандлиги, умуман, ижтимоий аҳволи ўрганилиб, тегишли дафтарлар шакллантирилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад, ёшлар ва опа-сингилларимизни ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, умуман, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашишдан иборат.

Тумандаги 1-сектор ҳудудида жойлашган "Абдусамат" маҳалласида Ишчи гуруҳ таркибига кирган мутахассислар, маҳалла фаоллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, "ёшлар" ва "аёллар дафтар"ларини шакллантириш юзасидан қатнашчиларга кенг тушунча ва маълумотлар берилди. Бу мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил  этишга яқиндан ёрдам бермоқда.

Мазкур сектордаги "Янги ҳаёт", "Бувайда", "Қайрағочгузар" сингари маҳалла фуқаролар йиғинларида бу борадаги ишлар намунали ташкил этилган.

- Маҳалламизда 2 минг 677 нафар аҳоли яшайди, - дейди "Абдусамат" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мухторжон Тўхтаев. - Аҳолининг аксарият қисмини аёллар ва ёшлар ташкил этади. Тузилган Ишчи гуруҳ маҳалланинг ҳар бир кўчасида уйма-уй юриб, уларнинг муаммолари, қизиқиш ва имкониятларини ўрганмоқда. Шундан келиб чиқиб, зарур чора-тадбирлар белгилаб оламиз.

Умуман, тумандаги барча маҳаллаларда аёллар ва ёшлар муаммоларини ўрганиш белгиланган тартиблар асосида изчил олиб борилмоқда. Ҳозирга қадар 2 минг нафарга яқин аёллар ва ёшлар билан суҳбатлар ўтказилди.

Муаззам

ИБРОҲИМОВА

Вилоят Ҳокимининг ташаббуси билан ўтказилган сайёр қабулда кўплаб мурожаатлар ижобий Ҳал этилди

Сайёр қабул

Андижон шаҳридаги А. Навоий номли маданият ва истироҳат боғида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, шунингдек, туман, шаҳар ҳокимлари, вилоят ташкилотлари раҳбарлари иштирокида сайёр қабул ўтказилди.

Турли муаммолардан азият чекаётган, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ва бошқа масалалар бўйича мурожаат қилган фуқароларнинг аксарияти билан  вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари бевосита суҳбатлашди, одамларнинг муаммолари   тингланди. Мурожаатларнинг аксарияти шу ернинг ўзида ҳал этилди.

- Бу каби қабулларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, Президентимиз олдимизга қўяётган энг биринчи вазифа - одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминлаш, уларнинг оғирини енгил қилишга кўмаклашиш,  - дейди вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов.  - Қолаверса, бу каби мулоқотлар бизгача етиб келмаётган муаммолардан хабардор бўлишга имкон беради, одамларнинг давлатга, эртанги кунга умид ва ишончини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Эрта тонгдан бошланган қабул давомида вилоят ҳокими 180 нафар фуқарони қабул қилди.

- Алоҳида уй-жой қилишга ҳеч имкон қилолмаяпмиз, - дейди Марҳамат туманидаги Йўламатол маҳалласида яшовчи Барнохон Умарова. - Сайёр қабул бўлишини эшитиб, уй-жой масаласида ёрдам сўраб келгандим.  Минг раҳмат, вилоят ҳокими дардимга қулоқ тутди. Туман ҳокими, мутасадди идоралар раҳбарларига топшириқлар берди. Менга бу масалада ёрдам бериладиган бўлди.

Сайёр қабул давомида ишга жойлашиш, йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви билан таъминлаш, электр симёғочлар ўрнатиш ва эскирган трансформаторларни алмаштириш, имтиёзли кредит олиш, суюлтирилган газ баллонлари ажратилиши, даволаниш учун имтиёзли йўлланма  ва ногиронлик аравачалари, моддий ёрдам олиш, уй-жой ажратилиши, тадбиркорликни йўлга қўйиш учун ер, имтиёзли кредит олиш  ва бошқа масалаларга оид 750 дан зиёд мурожаатлар қабул қилинди.

Қабул давомида ечими маълум вақт талаб этадиган мурожаатлар бўйича тегишли ташкилотларга аниқ кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, турли даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбарларнинг аҳоли вакиллари билан мулоқотлари одамларнинг орзу-истаклари, талаб ва эҳтиёжларини ўрганиш, уларга кўмак бериш, мавжуд муаммоларни ўз жойида ечимини топишга имкон бермоқда.

 

Фахриддин

 

ИБАЙДУЛЛАЕВ

Боғ аро гулларга пайваста дилим

Боғ аро гулларга пайваста дилим,

Аммо  гул ишқида хуморман хумор.

Оқшомлар ҳилолдек дил ёқсам дейман,

Кўнгилдан тўкилган алёрман алёр....

 

Билсам, менинг каби чорасиз йўқдир,

Соғинчга дил берган  соғинчи борман.

Бироқ, дийдор учун кўнгил боғлаган,

Кузларда шивирлаб турган баҳорман....

 

Баҳорман тоғларга қизғалдоқ сочган,

Тонгларни уйғотган насимман маҳзун.

Оқшомлар қўйнига тўкилиб ҳар тун,

Эртаклар айтаман узундан узун...

 

 Боғ аро гулларга пайваста дилим,

Гулдайин яшайман гуллар фаслида.

Бироқ соғинч намлар ҳар дам қароғим,

Соғинчдан яралган дилман аслида....

 

    ХУРШИДАБОНУ

ИШ ҲУЖЖАТЛАРИНИ ЮРИТИШ БЎЙИЧА ИЛFОР ТАЖРИБАЛАР ЎРГАНИЛДИ

Хўжаобод туманида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Ички ишлар вазирликлари ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолиятини самарали ташкил этиш, йиғинларда иш дафтарларини юритиш, бу борадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Андижон вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси, туман, шаҳар бўлимлари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, профилактика инспекторлари, шунингдек, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида "Обод ва  хавфсиз маҳалла" концепцияси доирасида ташкил этилган семинар очилишида кейинги йилларда мамлакатимизда маҳалла тизими нуфузини ошириш, маҳаллани обод ва хавфсиз масканга айлантириш борасида тизимли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

- Семинарни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, маҳалла фаолиятини самарали ташкил этиш, иш ҳужжатларини юритиш бўйича илғор тажрибаларни оммалаштириш, - дейди Маҳалла вазирлиги бошқарма бошлиғи Дилшодбек Хасанов. - Қолаверса, бу борада намунали деб топилган Хўжаобод тумани тажрибаси билан яқиндан танишишдан иборат.

 Иштирокчилар ташкил этилган кўргазмалар орқали Хўжаобод туманидаги 37 та маҳалла фуқаролар йиғинида иш ҳужжатларини юритиш бўйича олиб борилаётган намунали ишлар билан танишди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган "Фуқаролар йиғинларида иш ҳужжатлари ва уларни юритишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги йўриқнома" бўйича маҳаллаларда фуқаролар йиғини фаолиятини тартибга солишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар йиғма жилди, фуқаролар йиғини мажлисининг, фуқаролар йиғини кенгаши мажлисининг ҳужжатлари, шунингдек, йиғин қошидаги қатор комиссия ва жамоатчилик тузилмалари фаолиятига оид ҳужжатлар юритилиши белгиланган.

Бундан ташқари, фуқаролар йиғинларида "Маҳалла паспорти", "Хонадон дафтари", "Тўй ҳашамларни ўтказишни рўйхатга олиш дафтари", "Хонадон томорқа паспорти", "Умра ва ҳажга кетувчиларни рўйхатга олиш дафтари", "Кириш ва чиқиш ҳужжатларини рўйхатга олиш дафтарлари", "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қайд этиш дафтари" "Фуқароларни қабул қилиш дафтари" сингари қатор иш дафтарлари юритилади.

Семинар доирасида "Обод ва хавфсиз маҳалла" концепциясини амалга ошириш, самарали фаолият юритиш юзасидан белгиланган Рейтинг бўйича юқори балл олган вилоятдаги қатор маҳалла фуқаролар йиғинларининг раислари ва профилактика инспекторларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Ҳар бир туман, шаҳардан Рейтинг бўйича энг юқори бал олган маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, профилактика инспекторлари вилоят ҳокимининг диплом, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. 

- Маҳалламиздаги 585 та оила таркибида 3 минг 200 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади, - дейди Хўжаобод туманидаги Кўприкбоши маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилмуроджон Зулунов. - Маҳалламизда белгиланган барча йўналишлар бўйича ишлар тизимли олиб борилмоқда. Фаолларимиз, йиғинимиз қошидаги турли комиссиялар аъзолари, профилактика инспектори ҳамда ҳудудимиздаги мактаб, боғча, корхона ва ташкилотлар ҳамкорлиги жуда яхши йўлга қўйилган. Бунинг самараси ўлароқ, жорий йилнинг 1-ярмида ҳудудимизда деярли жиноят қайд этилмади.

Аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож, "Темир дафтар"га киритилган оилалар билан ишлаш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маҳалладаги мавжуд 4 та кўчага видеокамералар ўрнатилган бўлиб, доимий назоратга олинган. Профилактика инспектори, лейтенант Ойбек Қосимов раҳбарлигида маҳалладаги фаол кўнгилли ёшлардан "Фидокор ёшлар" ҳамда Назорат-патрул жамоатчилик гуруҳлари тузилган бўлиб, кўча ва гузарларимизда, айниқса, тунги вақтларда тинчлик ва осойишталикни сақлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, семинарда иштирокчиларга мутахассислар томонидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган "Фуқаролар йиғинларида иш ҳужжатлари ва уларни юритишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги йўриқнома"нинг мазмун-моҳияти, маҳаллалардаги иш ҳужжатлари йиғма жилди, иш дафтарларини юритиш бўйича тавсия ва тушунчалар берилди.

Семинар қатнашчиларини қизиқтирган саволларга мутасадди ва мутахассислар батафсил жавоб қайтарди.

Мазкур семинар иштирокчиларнинг мавзу доирасидаги билим, тушунча ва тажрибаларини янада бойитишга ёрдам берди.

Фахриддин

 

ИБАЙДУЛЛАЕВ

ОШҚОВОҚ - КОНИ ФОЙДА

Шифобахш неъматлар

Ҳозир айни ошқовоқ пишган палла. Шу боис, ошқовоқнинг фойдали хусусиятлари ҳақида қуйидагиларни эслатиб ўтамиз.

Ошқовоқнинг гўштли таркибида 11 фоиз қанд моддаси, С1, В2, В1 витаминлари, никотин кислотаси, каротиноидлар, элатерицин А, фотостероллар, шунингдек, калий, фосфор, кальций, магний,темир каби микроэлементлар мавжуд.

Ошқовоқнинг уруғлари таркибидаги 50 фоиз мой, 35 фоиз ўсимлик оқсили, қанд, аминокислоталар, тирозин, фитин, салицил, олма кислотаси, кукурбитал фитостерини, смола, С, В витаминлари ҳамда каротоноидлар инсон организми учун жуда фойдалидир.

Ошқовоқ шифобахш полиз экини сифатида халқ табобатида ҳам кенг қўлланилади. Ундан тайёрланган қайнатма кўкрак оғриганда, қуруқ йўталда тавсия этилса, мевасининг гўштли қисмини сувда қайнатилгани сариқ касалида, буйрак, қувуқ касалликларида сийдик ҳайдовчи восита сифатида истеъмол қилинади. Унинг шарбати териси касалланган беморларга суртма дори сифатида берилади. Ошқовоқнинг юмшоқ қисми эзилиб, темиратки устига суртилса, шифо бўлади.

Буюк табиб Ибн Сино ошқовоқнинг қўрда кўмиб, пиширилганини қанд билан аралаштириб истеъмол қилиш қабзиятни яхшилашда фойдали эканлигини таъкидлаган. Унинг ширасидан томоқ оғриғи ва мия касалликларида фойдаланган.

Шарқ табобатида ошқовоқнинг қўрга пиширилганини қўл, оёқларнинг оғриган жойларига босиш тавсия этилади. Гўштли қисми куйдирилиб, ўсимлик ёғи билан аралаштирилган ҳолда битмаган яраларга суртилса, яхши малҳам бўлади. Гижжани даволашда қовоқ уруғини истеъмол қилиш тавсия этилади.

Жаннатмонанд юртимиз заминида ошқовоқнинг жуда кўп турлари етиштирилади. Юқорида таъкидланганидек, унинг фойдали хусусиятлари жуда кўп. Шундан келиб чиқиб, ҳам арзон, ҳам табиий ана шу неъматни кўпроқ истеъмол қилишни барчага тавсия этамиз.

Кумуш ҲАМИДЖОНОВА

 

тайёрлади.