+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

"Қадим" маҳалласининг "Анзират буви"си

фахрийлар - фахримиз

  Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг барча қуйи тузилмалари ва республикамиздаги 9 минг 150 та маҳалла фуқаролар йиғинида "Бувижонлар мактаби" жамоатчилик кенгашлари ташкил этилган. Улар томонидан нотинч оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, қўни-қўшни, қариндош-уруғлар ўртасидаги низоларни бартараф этиш, ажримларнинг олдини олиш, ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш борасида кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Кўпни кўрган, бой ҳаётий тажрибага эга, намунали фарзандлар тарбиясида бошқаларга ўрнак бўлган нуроний ва фаол онахонларга маҳалла фуқаролар йиғинларидаги нотинч оилалар, тарбияси оғир, жиноятчиликка мойиллиги бор ёшлар бириктирилган бўлиб, улар нафақат ёшларга ҳаётдан сабоқ беришади, балки касб ўрганиши, ишга жойлашиши, шахсий бизнесларини бошлаши борасида ҳам амалий ёрдамлар кўрсатади.

Мавлудахон Абдураҳмонова ана шундай "Бувижонлар мактаби" онахонларидан.

- Азалдан бобо-ю бувили хонадонларда тарбия топган фарзандлар меҳру оқибатли, саховатли, виждонли бўлиб камолга етишган. Демак, тарбияда ҳаётий тажрибага бой кексаларимизнинг ўрни беқиёс. Шу боис, фаол онахонларнинг "Бувижонлар мактаби" жамоатчилик кенгаши атрофига бирлашганлиги хайрли ташаббусларнинг қамровини кенгроқ олиш, кўнглида эзгу истаклари мужассам бўлган ҳар бир кексанинг ижтимоий ҳаётда янада фаол бўлишига шароит яратиб бермоқда, - дейди Мавлуда опа. - Энг асосийси, бу тузилманинг ҳар бир маҳаллада ташкил этилганлиги, атрофига кўпроқ ёши улуғ аёлларни бирлаштиргани айни муддао, қолаверса, катта куч сифатида хайрли ишларга тамал тошини қўяди.

Қарийб 30 йилдан бери Асаканинг "Қадим" маҳалласида яшаб, эл-юртнинг корига яраб, одамларнинг яхши-ёмон кунларида елкадош бўлиб келаётган Мавлуда опани пенсионерлик гаштини суриб, тинчгина уйда ўтиришига қўйишмади. "Қайноналар кенгаши" туман раҳбари сифатида фаолият олиб борган Мавлуда опа "энди бўлди, ишламайман" деб турганида туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раиси Муқаддасхон Қурбонова:  "Сиз бизга кераксиз, опа, ёрдам бермасангиз бўлмайди",  деб қолди.

Жорий йилда Мавлуда опа жамоатчилик асосида ишлайдиган "Бувижонлар мактаби" кенгашига раис бўлди. 9 нафар фидойи аёлдан иборат гуруҳ аъзолари асосан қизларни турмушга тайёрлаш, келин-қайнона муносабатларида сабр-қаноатли бўлишни тушунтириш ва оилаларни мустаҳкамлаш бўйича маҳаллаларда, ўқув масканларида тарғибот ишларини ташкил этмоқда. Бундан ташқари, оилавий ажримлар, эрта ва шаръий никоҳлар, аёллар ҳамда вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, эр-хотин, қайнона-келин, ота-она ва фарзандлар орасидаги муносабатларни яхшилаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, фуқаролар, айниқса, опа-сингилларимизнинг чет давлатларга ишлаш учун ноқонуний чиқиб кетишларига чек қўйиш, фарзанд тарбиясига эътиборсиз қараётган оилалар билан алоҳида иш олиб бориш борасида ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда.

- Биз, хотин-қизлар масаласида ўзимиз кутган натижага эришиш учун оиланинг ҳар бир аъзоси - оналар, қайноналар, келинлар, қизлар билан бевосита ва мунтазам иш олиб боришимиз зарур. Қолаверса, бу оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, муаммоларнинг олдини олишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. "Қарс икки қўлдан чиқади" деганларидек, бу борада ҳамкорлик, тизимлилик ва изчиллик албатта, бўлиши керак.

Кенгашимиз ўз йўналиши доирасидаги ишларни изчил давом эттиради. Мақсадимиз муҳтарама оналаримиз, келинлару қизларимиз, барча опа-сингилларимиз ҳаётдан рози, бахтидан масрур бўлиб яшасин, - дейди Мавлудахон Абдураҳмонова.

Мавлуда опа ўз қишлоғининг "Анзират буви"си. Тиниб-тинчимас онахон маҳалладаги совчилик, қўйди-чиқди, тўй-тўркин, маърака-ю маросим, қўйингки, одамларнинг барча яхши-ёмон кунларида иштирок этади. Нафақат иштирок этади, балки бош-қош бўлади.

Куни кеча М.Абдураҳмонова "Адолат"СДП томонидан ўтказилган "Адолатли қайнона" танловининг туман босқичи ғолиби бўлди. Партиянинг туман кенгаши раҳбари Меҳринисо Каримова Мавлуда опани табриклар экан, ҳар бир маҳалланинг шундай бувижониси бўлиши лозимлигини таъкидлаб, куюнчак, тиниб-тинчимас онахон эзгу ишларда ҳамиша бардавом бўлишини тилади.

 

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Давлат хизматлари агентлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармалари ўртасида  ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президентимиз ташаббуси билан юртимизда ёшларга алоҳида эътибор қаратилиб, уларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда вилоятимиз аҳолисининг қарийб 58 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Бутун мамлакатда бўлгани каби вилоятда ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни интеллектуал салоҳиятларини юксалтириш, иқтидор ва имкониятларини юзага чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.

Вилоятдаги мутасадди идоралар ҳамкорлигида ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлигини ривожлантириш борасидаги ишлар ана шу йўналишдаги ишларга ёрқин мисолдир.

Давлат хизматлари ҳамда Ёшлар ишлари агентликлари вилоят бошқармалари ҳамкорлиги доирасида волонтёрлар тайёрлаш ва бошқа қатор йўналишларда тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган.

 

 

Кумуш ҲАМИДЖОНОВА,  жамоатчи мухбир.

Қораянтоқнинг моҳир теримчиси

ибратли аёлларимиз

- Сумбула-ю, сумбула,

Ўраб олай гул билан...

Кенг пахтазорда янграган бу яллани эшитган одам беихтиёр қулоқ тутади.

Улфатхон опа эса пахтазорга кирар-кирмас, ҳеч кимга эътибор бермай, қўшиғини баралла айтганча, ишга тушиб кетади. Лўппи-лўппи очилган оппоқ пахталарни чаноқдан эпчиллик билан териб олар экан, бир зумда этагини тўлдиради.

- Эсимни танибманки, даладаман, - дейди Улфатхон Сиддиқова. - Онам илғор теримчи эди. Унинг ёнига тушволиб кичик шойи рўмолимни тугиб, жажжи қўлларим билан пахта терардим. Рўмолим тўлиши билан дарров онамнинг этагига тўкардим. Терган  пахталаримни кўрган бригадир бобом эркалатиб мақтаб ҳам қўярди,  койиб ҳам қўярди. Лекин, боғча опам мени дарров қўлимдан ушлаб, хона ичкарисига олиб кириб кетарди. У пайтларда теримчилар болаларини далага олиб келишарди, махсус ташкил этилган дала боғчада тарбиячимиз турли шеърлар, қўшиқ, лапарлар айтиб берарди. Адабиёт, санъатга қизиқишим шу ерда уйғонган.

Пахта даласида Улфатхон опага ўхшаш кўнгилли теримчилар кўп. Энг илғорлари кунига 100-150 килограмдан пахта теради. Улфатхон опа бу борада барчасини ортда қолдиряпти. Ёши олтмишни қоралаб бораётган бўлса-да, суяги далада қотгани учун пахта териш унга чўт эмас. Ҳар йили мавсумда кўнгиллилардан бўлиб далага отланади. Бу йил ҳам кунига 160-180 килодан пахта териб, илғорлар сафида бормоқда. Ҳар сафар этак тўла пахтани тортаётган тарозибон пахтанинг чўғини кўриб "чарчамадингизми, опа", дея сўраб қўяди.

- Мени биров "пахта тергани чиқинг", деб айтиб киргани йўқ. Усиз ҳам яхши ҳақ тўланаётгани учун теримчилар тўлиб кетган. "Илғор теримчи бўла туриб нега мен имкониятимни бой беришим керак. Ҳамманглардан кўп териб, кўп пул топаман" дедим-да, этагимни белимга тугиб, далага отландим. Мана, худога шукр, теримда илғорлар қаторидаман.

Улфатхон опанинг 5 фарзанди бор. Айни кунларда унинг 3 ўғли ва 2 қизи ҳам кунига 100 -150 килодан пахта теришмоқда.

- Ўсмирлик давримдан пахта териб келаман. У пайтлари ноябрь-декабрь ойларида ҳам пахта терардик. Совуқда қўлларимиз ёрилиб кетарди. Қийинчилик кўп бўлган. Лекин, меҳнатимизга яраша ҳақ берилмаган. Бугун ҳаммаси ортда қолди. Ҳозир шароитлар яхши. Терган пахтамизга пешма-пеш ҳақларимизни оляпмиз. Иссиқ овқатлар, чойлар узилмайди. Шундай замонларга етганимизга минг шукр! - дейди илғор пахтакор.

Жорий йил вилоятимиз давлатга пахта топшириш йиллик режасини муддатидан олдин бажарди. Оқ олтин хирмонининг тез фурсатларда юксалишида эса Улфатхон опа каби моҳир теримчи аёлларнинг ҳам муносиб ҳиссалари бор.

 

Гулнора МАҲКАМОВА,

 

Избоскан тумани, Қораянтоқ қишлоғи.

Соҳибахон - Андижоннинг энг ишбилармон аёли

"Ишбилармон аёл - 2020"

Андижон шаҳридаги "Карвонсарой" меҳмонхонасида "Ишбилармон аёл - 2020" республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. 

Кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилган тадбирда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, айниқса, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, ишбилармон хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси Андижон вилоят кенгаши томонидан "Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили"га бағишланиб, қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда тадбиркор, фермер ҳамда ҳунарманд хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш, ишбилармон хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ўтказилган танловда унинг туман ва шаҳар    босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 нафар ишбилармон аёлнинг фаолияти, тақдим этган ҳужжатлари кўриб чиқилди.

Якуний натижаларга кўра, белгиланган шартлар асосида энг юқори баҳо олган Балиқчи туманидаги "Коинот" фермер хўжалиги раҳбари, "Шуҳрат" медали соҳибаси Соҳибахон Худойбердиева ғолиб деб топилиб, танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

- Мен каби кўплаб тадбиркор опа-сингилларимизга рағбат бераётган ушбу танловда ғолиб бўлганлигимдан беҳад мамнунман, - дейди танлов ғолибаси С. Худойбердиева. - Энг аввало, мазкур танлов фаол ва тадбиркор аёллар фаолияти, уларнинг илғор тажриба ва иш услублари билан танишиш имконини берди. Бу келгусидаги фаолиятимизни янада самарали олиб боришга ёрдам беради. Қолаверса, ғолиблик менга масъулият юклайди, янада шижоат билан меҳнат қилишга ундайди.

Танловда иккинчи ўрин жалақудуқлик ҳунарманд, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш маркази раҳбари Одинахон Юсупова ҳамда Пахтаобод туманида асаларичилик билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркор Олмахон Хусановага, 3-ўрин шаҳрихонлик, дўппи тикувчи ҳунарманд Ҳавасой Турсунбоевага насиб этди. Шунингдек, танловда қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Fолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчилари томонидан ташаккурнома  ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Умидахон ИСАЕВА,

 

O'zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши Аёллар қаноти бўлими мудири.

Янги иш тизими белгиланди

Долзарб масала

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 8 октябрь куни жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Хотин-қизлар ва ёшлар - аҳолининг катта қисми, ижтимоий масалаларнинг аксарияти ҳам улар билан чамбарчас боғлиқ.

Сўнгги йилларда ушбу икки йўналиш бўйлаб Ўзбекистонда давлат сиёсатини маҳалла даражасигача юритадиган вертикал тизим яратилди. Ёшлар масалалари бўйича ҳар бир туманда алоҳида ҳоким ўринбосари, унинг 3 нафаргача мутахассиси, Ёшлар ишлари агентлиги бўлимининг 3 нафар ходими, вилоятда ҳам ҳоким ўринбосари, унинг 4 нафар мутахассиси, Ёшлар ишлари агентлиги бошқармасининг 11 нафар ходими ажратилди.

Хотин-қизлар масалалари бўйича ҳар бир маҳаллада алоҳида раис ўринбосари, туманда - маҳалла ва оила бўлими бошлиғи ўринбосари ва 2 нафар мутахассиси, вилоятда эса 8 нафаргача штат бирлиги берилди.

Бундан ташқари, ёшлар масалаларини ҳал этишга Президентнинг Халқ қабулхоналари, хотин-қизлар масалаларини ҳал этишга эса Касаба уюшмалари бириктирилди.

Лекин жойларда ушбу идоралар, тўртта сектор ишни самарали ташкил эта олмаётгани юзасидан кўплаб саволлар туғилмоқда.

Шу боис видеоселектор йиғилишида хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича янги иш тизими жорий этилиши таъкидланди.

Маълумки, юртимизда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати, яъни "темир дафтар" тузилган эди. Энди худди шунингдек, ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида "ёшлар дафтари" ва "аёллар дафтари" шакллантирилади. Бу рўйхатлар "темир дафтар"дан алоҳида бўлади. Унга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар киритилади. Бунинг натижасида улар билан тизимли, манзилли иш йўлга қўйилади.

Мутасаддиларга ушбу тизимнинг намунавий шаклини ишлаб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва ҳар бир вилоятнинг биттадан шаҳар ва туманида, яъни 28 та ҳудудда синовдан ўтказиш вазифаси қўйилди.

Сектор раҳбарлари ва мутасадди идоралар вакилларига ҳар бир маҳалладаги ҳолатни ўрганиш, ёшлар ва аёллар билан бирма-бир мулоқот қилиб, эҳтиёжларини, қизиқишларини аниқлаш ҳамда шу асосда манзилли чоралар кўриш бўйича топшириқлар берилди.

- Бундан кейин одамларнинг уйига бориб, ишга муҳтожларни ишга жойлаштириш тизимини яратишимиз керак. Энди қайси жойда раҳбарлар уйма-уй юриб, масалаларни ҳал қилса, ўша жойда вазият ўзгаради. Энг асосий мақсад - иқтисодий барқарорликдан натижадорликка ўтиш, - деди Президент.

Ишсиз ёшлар ва хотин-қизларда мотивация уйғотиб, касбий кўникмалар шакллантириш, психологик, ҳуқуқий, тиббий ва молиявий кўмак бериш муҳимлиги таъкидланди.

Масалан, оилавий психолог хизмати ва туман адлия бўлими орқали ҳуқуқий маслаҳатларни бепул ташкил қилиш мумкин. Ёлғиз кекса аёллар билан патронаж ҳамширалар, ёшлар, маҳалла ва оила бўлимлари ишлаши лозимлиги қайд этилди.

Ишсиз ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш ҳокимнинг инвестиция бўйича ўринбосари, туман ва шаҳар бандлик бўлими, Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш маркази, Бош вазир қабулхоналари ва банкларнинг энг муҳим вазифаси бўлиши кераклиги айтилди.

Ўз меҳнати, иродаси билан катта ютуқларга эришган машҳур шахслар билан учрашувлар ташкил этиб, ёшлар ва хотин-қизларга кучли мотивация бериш, чет тили, касб-ҳунар ва бизнесга ўргатадиган аудио ва видео материаллар тайёрлаб тарқатиш ҳам яхши самара беради.

Йиғилишда "ижтимоий шартнома" тажрибасини кенг қўллаш муҳимлиги айтилди. Бунда, аввало, фуқаро касб ўрганиши, ишга жойлашиши, ўзини ўзи банд қилиши учун давлат томонидан моддий ва ижтимоий кўмак кўрсатилади.

"Дафтар"лар билан ишлашда нодавлат нотижорат ташкилотлари имкониятларидан самарали фойдаланиш лозимлиги қайд этилди. Улар билан ҳамкорликни кенгайтириб, жазони ўтаб қайтганларнинг ижтимоий мослашуви, ёшлар ва аёлларни психологик қўллаб-қувватлаш, уларни чет тиллари ва касб-ҳунарга ўқитиш муҳимлиги айтилди.

Бу ишларга "Маҳалла ва оила" илмий-тадқиқот институти, Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтининг салоҳияти сафарбар этилади. Бундан ташқари, аҳолини тадбиркорликка ўқитиш ва микромолиявий хизматлар кўрсатишдан иборат комплекс дастурларни амалга ошириш учун нодавлат нотижорат ташкилотларга йиллик 4 фоиз ставкада қарз маблағлари ажратилади.

Йиғилишда мўлжалдаги чора-тадбирларни амалга ошириш учун уларни барқарор молиявий манбалар билан таъминлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўрганишлардан маълум бўлишича, эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 55 фоизи ўрта маълумотли. Ишсиз ёшларнинг ҳам кўпчилиги замонавий билим ва ҳунарларни эгалламаган.

- Ёшлар ва хотин-қизларни меҳнат бозорида талаб юқори касб-ҳунарларга тайёрлашни тизимли йўлга қўйсак, уларнинг муносиб иш топишига кўмаклашсак, кўплаб ижтимоий ва иқтисодий муаммолар ҳал бўлади. Бунинг учун нафақат давлат таълим муассасалари, балки мингдан зиёд нодавлат касб-ҳунар таълими марказларини ҳам жалб қилиш зарур, - деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилганидек, бу борада мутлақо янги тизим жорий қилиниб, нодавлат касб-ҳунар таълими марказлари орқали ёшлар ва аёлларда касбий кўникмаларни шакллантириш, уларни молиявий қўллаб-қувватлашга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар миқдоридаги маблағ йўналтирилади. Шунинг 10 миллиони ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитишга, 90 миллиони эса ўқув курсларини тамомлаб, сертификат олганларга имтиёзли кредитлар учун сарфланади. "Ижтимоий шартнома" орқали нодавлат касб-ҳунар ўқув курсларини битирадиган ёшлар ва аёлларга таълим харажатлари учун 1 миллион сўмгача субсидия берилади.

Яна бир масала - Касб ва лавозимлар классификатори бугунги замон ва меҳнат бозори талабларига мос келмайди. Мисол учун, унда 2 минг 484 та, яъни 70 фоиз хизматчи лавозими бўйича олий маълумот талаб этилади. Хусусан, маълумотлар базаси билан ишлайдиган мутахассис, веб дизайнер каби ихтисосликларга олий малака талаби қўйилган. Ушбу  касбларни IT-марказларда ярим йилда яхши ўрганиш мумкин.

Кутубхоначи, таржимон, банк агенти, реклама мутахассиси каби кўплаб вазифаларга ҳам олий маълумот талаби қўйилган. Меҳнат бозорида бундай касблар бўйича 4 мингга яқин вакансия мавжуд.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига Касб ва лавозимлар классификаторида олий маълумот талаб қиладиган мутахассисликлар ва лавозимларни қисқартириш вазифаси қўйилди.

Ҳокимларнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосарлари "Ёшлар дафтари" бўйича, маҳалла ва оила масалалари бўйича ўринбосарлари "Аёллар дафтари" бўйича масъуллиги белгиланди.

ЎзАдан олинди.

 

 

Хотин-қизлар ва ёшлар муаммолари ўрганилмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 8 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳалла фуқаролар йиғинларида "ёшлар дафтари" ва "аёллар дафтари"ни шакллантириш юзасидан қатор вазифа ва топшириқлар берилган эди.

Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш борасида Қўрғонтепа туманида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, туман ҳокимлиги, мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамда маҳалла фаолларидан иборат Ишчи гуруҳлар тузилди. Ишчи гуруҳлар аъзолари уйма-уй юриб, ёшлар ва хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганмоқда. Ўрганишлар доирасида "Ёшлар дафтари" ҳамда  "Аёллар дафтари" шакллантирилмоқда.

- Коронавирус пандемияси туфайли ҳаётимизда юзага келган иқтисодий мураккаб бир шароитда юртимизда ижтимоий ва моддий кўмакка муҳтож ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда, - дейди Қўрғонтепа тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг 1-ўринбосари Ферузахон Абдуллаева. - Юртбошимиз топшириғига асосан, уларнинг билим олиш, касб эгаллашга бўлган эҳтиёжи, иштиёқи ўрганилиб, тегишли дафтарлар шакллантирилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад, ёшлар ва опа-сингилларимизни ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, умуман, уларни қийнаётган муаммоларини бартараф этишга кўмаклашишдир.

Қўрғонтепа туманидаги    Чимён, Дардоқ маҳаллаларида Ишчи гуруҳ таркибига кирган мутахассислар, маҳалла фаоллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш, "ёшлар" ва "аёллар" дафтарларини шакллантириш юзасидан қатнашчиларга кенг тушунча ва маълумотлар берилди.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

 

 

Вилоят ҳокими қўшимча имтиёз асосида ўқишга қабул қилинган қизларни қутлади

Вилоят ҳокимлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамкорлигида вилоят Ёшлар марказида Халқаро қизлар кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Кенг жамоатчилик вакиллари, фаол ва иқтидорли ёшлар, қўшимча имтиёз асосида олий ўқув юртларига талабаликка қабул қилинган қизлар, уларнинг ота-оналари иштирокида ўтган тадбирда мамлакатимизда ёшлар, хусусан, хотин-қизларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги, уларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини намо-йиш этишлари учун барча имкониятлар яратиб берилаётганлиги таъкидланди.

Президентимиз ташаббуси билан жорий йилда хотин-қизлар учун  қўшимча имтиёз асосида олий ўқув юртларига кириш учун тавсияномалар берилди. Жумладан, Андижон вилоятида ҳам кам таъминланган ҳамда ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандлари бўлган 1 минг 418 нафар хотин-қизга ана шундай тавсияномалар берилган эди. Уларнинг 85 нафари имтиёз асосида мамлакатимизнинг турли олий ўқув юртларида давлат гранти бўйича ўқиш имконига эга бўлди.

Тадбирда вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов қўшимча имтиёз асосида ўқишга қабул қилинган  қизларни табриклади, уларга вилоят ҳокимлигининг диплом ва эсдалик совғаларини топширди.

 - Мен қўшимча имтиёз берувчи тавсиянома асосида Андижон давлат университетининг "Вокал санъати: анъанавий хонандалик" йўналиши бўйича давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиндим, - дейди Пахтаобод тумани,  Тошқўрғон маҳалласида яшовчи Бегойим Абдупаттаева. - Бунинг учун мана шундай имконият берган Юртбошимизга мингдан-минг раҳмат айтаман. Келажакда фақат аъло баҳоларга ўқиб, яхши мутахассис бўлиб етишишга, юртбошимиз ишончини оқлашга, юртимиз равнақи учун муносиб ҳисса қўшишга астойдил ҳаракат қиламан.

 

Тадбир сўнгида намойиш этилган бадиий дастур барчага хуш кайфият улашди.

ҚАДАМЛАР - ЭРТАНИНГ ЁРУF ИМКОНИ

Бир кафт тупроғинг-да зийнатдан устун,

Қорачиқларимда туғилган Ватан.

Сенга тиғ урсалар - юрак пора, хун,

Меҳри тан-танимга йўғрилган Ватан.

 

Мусаффо осмонинг - орзу макони,

Бу кўҳна заминдир аждодлар ётган.

Қадамлар - эртанинг ёруғ имкони,

Қўллар қадоқлари меҳнатда қотган.

 

Тандирдан узилган насиба иси,

Токда ялтираган бир шингил узум.

Қариндош, қўшнининг ўғилу қизи,

Барида тафтинг бор юртим-юлдузим.

 

Бағрингда яйраган бахтли қизингман,

Имконлар ичида сезилмас камим.

Дея олай бир кун: "Айтар сўзингман!"

Ардоғимсан менинг, кўҳна Ватаним!

 

Зилола РЎЗИБОЕВА

МАҚСАДИМИЗ: ХОТИН-ҚИЗЛАР ВА ЁШЛАРГА КЎМАКЛАШИШ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 8 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳалла фуқаролар йиғинларида "ёшлар дафтари" ва "аёллар дафтари"ни шакллантириш, уларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан қатор вазифа ва топшириқлар берилган эди.

"Адолат" социал-демократик партиясидан туман, шаҳар, вилоят кенгашларига сайланган депутатлар хотин-қизлар ва ёшлар муаммоларини ўрганиш бўйича жойларда тузилган Ишчи гуруҳлар билан ҳамкорликда мазкур йўналишдаги ишларни ташкил этиш бўйича яқин ҳамкорлик қилмоқда.

Ўтган қисқа вақт ичида уйма-уй юриб ўрганишлар давомида депутатларимиз ташаббуси билан 12 нафар ёш ишга жойлаштирилди.  Партиямиз фаоллари, депутатлари томонидан бу борадаги ишлар бундан буён ҳам изчил давом эттирилади. Мақсадимиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар ва ёшларга, уларнинг муаммоларини ҳал этишга кўмаклашишдир.

 

Малоҳатхон МУСАЕВА,

 

"Адолат" СДП вилоят кенгаши раиси ўринбосари.

Вилоятимиз пахтакорлари пахта топшириш шартномавий режасини республикада биринчилар қатори бажарди

Жорий йилда андижонлик пахтакорлар 79 минг 391 гектар майдонга чигит экиб, парвариш қилди. Белгиланган агротехник тадбирларнинг ўз вақтида сифатли ўтказилганлиги,  деҳқонларнинг самарали меҳнатлари эвазига пахтадан мўл ҳосил етиштирилди.

 Йиғим-терим ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш учун вилоятда         2 минг 392 та терим отряди шакллантирилди. Вилоят пахтакорлари томонидан 15 сентябрдан "оқ олтин"ни йиғиб-териб олиш ишлари бошланиб, ҳар гектардан 31,7 центнердан ҳосил олиниб, давлат омборларига 251 минг 773 тонна пахта топширилди. Белгиланган режа 16 октябрда мамлакатда биринчилар қатори бажарилди.

Эришилган муваффақиятга вилоятимизнинг барча туманлари муносиб ҳисса қўшди. Айниқса, Булоқбоши, Марҳамат, Пахтаобод, Улуғнор, Балиқчи туманлари пешқадамлар сафида бўлди.

Вилоятимиз пахтакорларининг зафари муборак бўлсин!

 

 

Сожида САИДОВА