Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
АҲОЛИДАН ТЎЛОВЛАР УЧУН ПУЛ УНДИРАЁТГАН СОХТА ХОДИМЛАРГА АЛДАНИБ ҚОЛМАНГ!
Огоҳлик!
Давлат ёнғин назорати хизмати ходимлари талаби билан фуқаролардан тўлов олиниши тўғрими? Бу саволга Адлия вазирлиги мутахассислари жавоб беради.
Аҳоли орасида, айниқса, туманларда махсус форма кийиб юрган ёки шу либосга жуда ўхшаш кийимдаги шахслар ўзларини "давлат ёнғин назорати хизмати ходими" сифатида таништириб, фуқаролардан 20-40 минг сўм атрофида ноқонуний йиғим ундираётгани ҳолатлари кузатилмоқда.
Шу ҳақдаги мурожаатлар ўрганилганда, ушбу ҳаракатлар турли хил шаклда ташкил этилган, асосан номида "ёнғин", "олов", "қарши курашиш", "хавфсизлик", "ҳимоя" каби сўзлардан иборат бўлган ва ёнғиннинг олдини олиш акс этган турли хил рамзлар туширилган муҳр-штамплардан фойдаланиб келаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилаётгани маълум бўлди.
Мазкур ҳолат бўйича Адлия вазирлиги айрим шахслар томонидан ўзларини "давлат ёнғин назорати хизмати ходими" сифатида таништирган ҳолда, ёлғон маълумотлар асосида фуқаролардан мажбурий тўлов тўланишини талаб этиш ноқонунийлигини маълум қилади.
Фуқаролар мажбурий тарзда қуйидаги коммунал хизматлар:
- ичимлик суви;
- иссиқлик энергияси ва иссиқ сув;
- электр энергияси;
- табиий газ таъминоти;
- сувоқава хизмати учун тўловларни белгиланган тартибда тўлаб бориши лозим.
Шу ўринда такроран маълум қилинадики, ёнғин ва унинг олдини олиш билан боғлиқ бирон-бир тўлаб борилиши шарт бўлган тўлов қонунчиликда мавжуд эмас.
Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ, формали кийим-бош кийиб юриши назарда тутилган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ҳарбий хизматчилари ҳамда ходимларининг тасдиқланган намунадаги ҳарбий, идоравий ва махсус формали кийим-бошини бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахслар томонидан кийиб юриш учун жавобгарлик белгиланган.
Шундай экан, дуч келган одамга тўлов учун пул беришдан кўра тўловни банк ёки электрон хизматлар орқали тўлаш мақсадга мувофиқ.
Вилоятимизда тест синовларини бир сменада 4 минг 50 нафар абитурент топширади
долзарб мавзу
Андижон вилоятидан мамлакатимиздаги олий ўқув юртларида ўқиш истагини билдирган жами 106 минг 697 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган. Шундан 96 минг 57 нафар абитуриент бевосита Андижонда ўтказиладиган тест синовларида иштирок этади.
Вилоятда тест синовларини ўтказиш учун Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, "Баркамол авлод" стадионлари, Теннис корти майдонлари танлаб олинди.
Айни кунда тест синовларига тайёргарлик ишлари қизғин олиб борилмоқда. Хусусан, бир пайтда 4 минг 50 нафар абитурент тест синовида қатнашиши учун жой ҳозирланди. Айниқса, тест синови жараёнида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, белгиланган санитария-гигиена талабларига риоя этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга видеокузатув жиҳозлари ўрнатилди.
- Тест синовларини белгиланган талаблар асосида ҳамда юқори савияда ўтказиш учун зарур барча ишлар амалга оширилмоқда, - дейди Давлат тест маркази Андижон вилоят бўлими бош мутахассиси Рустам Азимов. - Тест синовлари ҳудудига киришдан олдин абитуриентлар дезинфекция йўлагидан ўтказилади. Уларнинг ҳар бири янги тиббий қўлқоп ва ниқоб билан таъминланади. Шунингдек, абитуриентларни киритиш ва шахсини аниқлашда шахсни идентификациялаш воситалари (видеофиксация, бармоқ изи сканери) дан фойдаланилади.
Тест синовлари 2 сентябрдан бошланади ва кунига 2 марта ҳаво салқин пайтларда, яъни эрталаб 8.00 дан 11 00 гача ҳамда кечки пайт 17.00 дан 20.00 гача бўлган вақт мобайнида ўтказилади.
Абитурентлар 22 августдан бошлаб abitur.dtm.uz сайтига ўз логин ва паролини киритиб, шахсий кабинетга кириб, ДТМ рухсатномасини кўчириб олишлари мумкин.
Абитуриентлар тест синовига албатта, паспорти билан келишлари лозим. Шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар билан улар синовга қўйилмайди.
КОРХОНА, ТАШКИЛОТ РАҲБАРЛАРИ ҲАМДА ҲИСОБЧИЛАРИ ДИҚҚАТИГА!
2020 йил август ойи якуни бўйича қуйидаги давлат статистика ҳисоботларини хато ва камчиликларсиз белгиланган муддатдан кечиктирмай интернет тармоғи орқали электрон шаклда тақдим этишингизни сўраймиз:
1. "1-molia shakli" (ойлик) ҳисобот давридан кейинги ойнинг 18-санасидан кечиктирмай;
2. "1-K shakli (ойлик)" ҳисобот давридан кейинги ойнинг 5санасидан кечиктирмай.
Шунингдек, давлат статистик кузатувларини ўтказишда зарур бўлган давлат статистика ҳисоботларини белгиланган муддатларида тақдим этмаган, ҳисобот маълумотларини бузиб кўрсатган юридик шахсларнинг мансабдор шахслари Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси 215-моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирамиз.
Мурожаат учун телефон рақамлари: (74) 228-29-77, 224-82-48
Андижон вилояти статистика бошқармаси.
КОРХОНА, ТАШКИЛОТ РАҲБАРЛАРИ ҲАМДА ҲИСОБЧИЛАРИ ДИҚҚАТИГА!
2020 йил август ойи якуни бўйича қуйидаги давлат статистика ҳисоботларини хато ва камчиликларсиз белгиланган муддатдан кечиктирмай интернет тармоғи орқали электрон шаклда тақдим этишингизни сўраймиз:
1. "1-K shakli (ойлик)" ҳисобот давридан кейинги ойнинг 5санасидан кечиктирмай.
Шунингдек, давлат статистик кузатувларини ўтказишда зарур бўлган давлат статистика ҳисоботларини белгиланган муддатларида тақдим этмаган, ҳисобот маълумотларини бузиб кўрсатган мансабдор шахслар Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси 215-моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирамиз.
Мурожаат учун телефонлар: (74) 761-11-42, 224-82-92.
Улуғнор тумани статистика бўлими.
Андижон туманида фаолият юритаётган "TRANS AVEO" масъулияти чекланган жамияти Жамият таъсисчиларининг 21.08.2020 йилдаги Умумий йиғилиши баёнига асосан ўз фаолиятини тўхтатмоқда.
Жамият фаолияти бўйича барча эътирозлар жамият томонидан (Манзили: Андижон тумани, Чорбоғ МФЙ, Чорбоғ кўчаси) 1 ой муддат ичида қабул қилинади.
Ватан ҳақида сўз борганида, мен уни нафақат ўзим туғилиб ўсган азиз маскан, балки кўхна тарихга эга юрт, йилдан-йилга юксалиб бораётган мамлакат, фарзандларнинг бахтли келажагини таъминлайдиган улуғ диёр сифатида ҳам қадрлайман.
Мен шу заминд ўсиб-улғайдим, ўқидим, ишладим. Бугун эллик йиллик ҳаётим сўқмоқларига қараб туриб, мен учун онам каби меҳрибон ва қадрли бўлган, озод ва обод Ватаним ҳақида ўйламасликнинг иложи йўқ. Ахир шу юртда ўз ўрнимни топдим, узоқ йиллар таълим соҳасида меҳнат қилдим, ўзимга маслакдош дугонаю дўстлар топдим. Яқинларим билан тинч-осуда ҳаёт кечирдим.
Мен тарихчи сифатида юртим ўтмиши - тарихини яхши биламан, шунингдек, бугунги кунда ўзга мамлакатлардаги ҳаёт, уларда яшовчи инсонлар кечмиши ҳақида ҳам кўп маълумотга эгаман. Тўғри, улар орасида гўзал мамлакатлар ҳам бор, кишининг ақлини олгувчи фусункор диёрлар мавжуд. Бироқ, мен ҳеч қачон ўзга юртга ҳавас қилмаганман, Ватанимнинг гўзал табиати, кўзни қамаштирувчи қуёши, шифобахш ва ёқимли ҳавоси, ширин булоқлари мени ўзига асир этган. Айниқса, мен туғилиб ўсган Ширмонбулоқ қишлоғи таърифига сўз ожиз.
Ишдан бўш пайтларим баъзан ижод ҳам қилиб тураман. Йилдан-йилга том маънода обод бўлиб бораётган, мислсиз ўзгаришларга юз тутаётган шу Ватан бағрида яшаётганим, унинг тараққиётига оз бўлса-да ҳисса қўшаётганимдан бахтиёрман. Менга ҳаёт, бахт берган, умримга мазмун киритган шу юрт фарзанди эканимдан қалбимда ифтихор туйғуси жўш уради. Мен ўзга юртда мана шундай бахтиёрликни асло туя олмас эдим.
Ҳамкасбларим билан тез-тез Ватан мавзусида суҳбат қурамиз, фикр алмашамиз. Биламанки, менинг ватанпарвар ҳамкасбларим ҳам ватанимиз билан ҳамиша фахрланишади. Тўғри, ҳар қандай мамлакат ҳаётида хато ва камчиликлар бўлиши табиий. Бусиз ривожланиш бўлмаслиги аниқ.
Юрт бошига тушган қийинчилик туфайли уни ташлаб кетиш - номарднинг иши. Ёки ижтимоий тармоқлар орқали ўз Ватани шаънини лойларга булғаб, у ҳақда бўлмағур сўзлар айтишдан миллатдошларимиз ор қилиши керак. Ҳатто жамиятнинг кичик бўлаги бўлмиш оилада ҳам нуқсонлар учраган пайти биз кайвони оналаримиз буюрганларидек оиламизнинг "яхшисини ошириб, ёмонини яшириб" ҳаётимизни давом эттирамиз.
Шундай экан, юртимиз бағрида шодланган пайтларимиз кулгуларимиз, бахтли онлар ҳаққи хафа бўлган кезларимиз эса қайғумизни яширайлик. Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғдир. Асосийси, Ватаннинг қувончлигу қайғули кунларида унинг бағрида бўлайлик, унга елкадош бўлайлик. Чунки, Ватан, мустақиллик бизга беқиёс неъматлар берди.
ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ВА СПОРТНИНГ ЁШЛАР ТАРБИЯСИДАГИ АҲАМИЯТИ
Мутахассис минбари
Республикамизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ жисмоний тарбия ва спорт ривожига алоҳида эътибор берилади. Мамлакатимизда биринчи бўлиб "Соғлом авлод учун" орденининг таъсис этилганлигининг ўзиёқ жисмоний тарбия ва спорт ривожига, соғлом авлод тарбиясига қаратилган эътиборнинг ёрқин намунасидир. Чунки, аҳолиси соғлом мамлакатнинг тараққиёти ҳам юқори бўлади.
Ёшларни жисмоний ривожлантириш ва тарбиялаш тадбирлари, жисмоний тарбия дарслари, спорт тўгараклари машғулотлари, жисмоний машқлар спорт билан мустақил шуғулланиш шаклларида бўлиши мумкин. Бундай тадбир ва машғулотлар ўқувчиларни жисмоний машқларга ўргатиш,жисмонан соғлом бўлиши ҳамда ҳаётий зарур бўлган ҳаракат бўйича малака ва кўникмаларини шакллантиришга қаратилган бўлади.
Жисмоний тарбия амалиётида таълимнинг оғзакилик ва кўрсатмалилик услублари қўлланилади. Ҳикоя, суҳбат ва буйруқ оғзакилик услуби ҳисобланади. Жисмоний машқлар ва ҳаракатларни бажариб кўрсатиш, шуғулланувчиларни бу ҳаракатларни бажаришларини таъминлаш ҳамда машғулотлар жараёнида кўргазмали қуроллардан фойдаланиш таълимнинг услубий асосларини ташкил этади.
Жисмоний тарбия, спорт ва соғломлаштириш машғулотларида асосан қуйидаги усуллардан кенг фойдаланилади:
Ёппасига шуғулланиш услуби: машқларни барча шуғулланувчилар бир вақтда бажарадилар.
Навбат билан шуғулланиш: бу усулда барча шуғулланувчилар дарсда машқларни бажариш учун навбатга бўлинадилар.
Гуруҳ усули: бу усулда шуғулланувчилар гуруҳларга бўлинадилар, ҳар бир гуруҳ ўқитувчи топшириғига биноан машқларни мустақил бажаради.
Дарс жараёнида юқорида қайд этилган барча усуллардан кенг фойдаланаман. Чунки, ўқувчилар машғулотлар давомида бажараётган ҳаракатлар мазмун ва мақсадини тушуниб боришлари керак. Қолаверса, машғулотларда мунтазам қатнашиш организмнинг юқори даражада жисмоний ривожланишига ёрдам беради.
Aёлларга нима керак? Бугунги ўзбек аёли нега ўзгариб бормоқда?
Мулоҳаза
Аёл! Биз уни ардоқлаб муқаддас аёл, дунёдаги энг буюк зот - Она деб атаймиз. Зеро, ҳадиси шарифларда ҳам "жаннат оналар оёғи остидадир" деб бежиз айтилмаган.
Чунки, аёл бир қўли билан бешикни, бир қўли билан дунёни тебратади. Бунга шонли тарихимиздан ва бугунги кунларимиздан кўплаб мисолар келтиришимиз мумкин. Бироқ, бугун булар ҳақида эмас, балки ҳаммамизни ўйлантираётган, қалбимизни бир четида оғриқ бўлиб турган муаммолар ҳақида сўз юритмоқ жоиз. Боиси, кейинги пайтларда аёлларимизнинг дарду ҳасратлари кўпайиб, улар бироз аламзада бўлиб қолгандай, нозик юрагини нимадир кемираётгандай. Нега бундай? Ахир бизлар олам аҳлини ҳайратга солган Тўмарис, Зебуннисо, Сароймулкхоним, Нодирабегим, Қурбонжон додҳо каби буюк аждодларимизнинг ворисларимиз-ку!
Хўш, бугунги ўзбек аёли нега ўзгариб қолди? Нега баъзи аёлларимизнинг кўзлари бахтдан чақнамайди? Нега аксарият опа-сингилларимиз олам ва одам ҳақида, глобал муаммолар ҳақида қайғуриш, сиёсат майдонида жавлон уриш ўрнига ўз қобиғига ўралиб олди? Нега айрим аёлларимиз шарқона урф-одатларимизга риоя қилиш ўрнига европалашиб бормоқда? Нега бугунги ўзбек аёллари ажойиб кўкрак туморлар, зебигардонлар, уч қаторли шокилалар, тўрт қатору беш нишонли маржонлар ўрнига алламбало хорижий тақинчоқларга интилишмоқда? Нега бошларида ҳарир рўмоллар ҳаволанмаяпти?
Нега гўзал бир хилқат бўлган аёл шаънига нолойиқ ишлар қилишни ўзи учун ор деб билмаяптилар? Нега оталикни белгилашлару ажралишлар, ўз фарзандидан воз кечишлар йўқолмаяпти?
Бугуннинг аёлига нима керак?
Эр, мол-дунё, уй-жой, фарзандми? Ёки соя-салқин, гўзал манзараларга бой сиҳатгоҳлару, кафе-ресторанлардаги базму жамшидларми? Аёл учун оиласи азизми? Ёки ҳашаматга бурканган тўкис ҳаёт?
Айрим аёлларимизнинг тирикчилик баҳона хорижий давлатларга ишлаш учун кетаётганлиги сир эмас. Ўша аёл жонини жабборга бериб, ҳаттоким қулдай ишлаб, ёзни ёз, қишни қиш демай пул топиб ҳам келди дейлик. Лекин ойлаб, йиллаб уйида бўлмаган аёлнинг фарзандлари тарбияси ҳақида ким қайғуради? Уларни ким оқ ювиб, оқ тарайди? Ким болаларнинг ўқиши, юриш-туришини рисоладагидек бўлишини таъминлайди? Энг муҳими, ким уларга оналик меҳрини беради? Аёл хориждан бир амаллаб топиб келтирган пуллар мана шу маънавий кемтиклар ўрнини боса олармикин?
Хуллас, бугуннинг аёлига нима керак? Нега унинг халовати йўқ? Халқимизнинг достону эртакларида, қўшиқларида, шоиру ёзувчиларнинг асарларида осмон қадар улуғланган аёлларимизга нима бўлди? Уларнинг юксак тоғлар каби виқорлари қаерда қолди?
Биз севган, ардоқлаган Кумушбиби ва Раънолар борми?
Буюк хилқат бўлган аёллар ҳамма даврларда ҳам, ҳозир ҳам ҳамиша ардоқда бўлган. Уларнинг ҳусни малоҳати, латофати-ю назокатини, севгида садоқатини, оилада оқила ва тадбиркорлигини шарафловчи жуда кўп қўшиқ ва достонлар битилган. Наҳотки барча замонларда ҳам буюк ва суюк бўлган аёлларимиз ўзлигини унутиб бораётган бўлсалар?
Менимча, аёл бекордан-бекорга тубанлашмайди. Аёл беҳудага қўполлашмайди. Аёлнинг паймонаси тўлиши ва у ёвузга айланиши учун сабр косаси лиммо-лим тўлган бўлиши керак. Меҳрдан мосуво, ишончдан йироқ, эътибордан олис, ёлғиз бошига фоний дунё ташвишлари, рўзғор халтаси юкланган, кўнгли чок-чокидан сўкилиб тамом бўлган аёл ўзлигини унутади, назокатидан кечади, аламзадаликни шиор қилади, пул топади, мол-дунёга ҳирс қўяди. Ҳаммасига эришганида эса, ўткинчи дунё лаззатларидан юпанч топади.
Менимча, бугуннинг аёлига тоза муҳаббат, самимий меҳр, беғараз ёрдам, беминнат таъминот, беғубор садоқат, тоғдай суянч ва таскин-халоват керак. Ана шунда аёлдаги шукроналик, фидойилик ва ишонч кўзимизни қамаштиради. Унинг чексиз меҳридан баҳраманд яшаймиз.
Андижон шаҳридаги "Қурувчи - 97" хусусий корхонаси қарийб йигирма уч йилдан буён фаолият юритиб келади. Ўтган йиллар давомида жамият қурувчилари томонидан ўнлаб умумтаълим мактаблари, боғчалар, кўп қаватли, намунали лойиҳалар асосида уйлар ҳамда бошқа кўплаб объектлар барпо этилди.
Энг асосийси, ана шу объектлар ўзига хос қиёфаси, сифати, пишиқ-пухта барпо этилганлиги билан барчага бирдек манзур бўлмоқда. Кейинги икки йил ичида корхона қурувчилари томонидан Қўрғонтепа тумани Дардоқ массивида 10 та коттеж, Пахтаобод тумани Гулистон массивида 24 квартирали кўп қаватли уй, шунингдек, 6-мактабгача таълим ташкилоти барпо этилган бўлса, 19-умумтаълим мактаби капитал таъмирланди.
Жорий йилда корхона қурувчилари Хўжаобод тумани Иттифоқ массивида барпо этилаётган микромассивда бир, икки ва уч хоналардан иборат 5 қаватли уй қурмоқда. Мазкур массивда бир неча босқичда 35 та, биринчи босқичда 330 квартирали 11 та кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган. Айни пайтда ҳудудда қурилиш ишлари авж паллага кирган.
... Кун иссиқ. Шундай бўлса-да, адир ҳудудидаги қурилиш майдонида ишлар жуда қизғин. Массивдаги Қурилиш штабидан "Қурилиш - 97" хусусий корхонаси объектини сўраганимизда мутасаддилар микромассивнинг энг юқорисида, томи ёпилаётган уй, дея жавоб беришди.
Техникалар тинмай ишлаётган қурилиш майдонларидан ўтиб, адирнинг энг юқорисида уй томон юрдик. Бу ерда барча ташкилотлар томонидан қурилиш ишлари бир пайтда бошланган бўлса-да, қайсидир уйнинг учинчи, тўртинчи қавати кўтарилаётган бир вақтда "Қурилиш - 97" корхонаси қурувчилари уйнинг томини ёпаётгани эътиборимизни тортди. Бу албатта, ишларнинг тез ва самарали олиб борилаётганлигидан нишона.
Ҳақиқатдан ҳам объектда иш қизғин. Бир гуруҳ қурувчилар бино томини ёпиш ҳаракатида, яна бир гуруҳ ташқи фасадга ишлов бермоқда, ичкари хоналарда эса пардозлаш ишлари авжида.
- Умумий лойиҳа қиймати 5 миллиард 863 миллион сўм бўлган мазкур объектда ишлар 90 фоиз якунига етказилди, - дейди "Қурилиш - 97" хусусий корхонасининг ёш, фидойи ва ташаббускор раҳбари Дилнозахон Тўланова. - Ҳар бир ишнинг сифатли бажарилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Белгиланган ишларни ўз муддатида якунлаш учун ишчилар масъулият билан, сидқидилдан меҳнат қилмоқда. Насиб этса, уйни яқин кунларда фойдаланишга топширамиз.
Дарҳақиқат, айни кунда 50 нафар доимий ишловчи ишчи-хизматчи, яна 50 нафар мавсумий ишчининг ҳар бири ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан бажармоқда. Жамият раҳбари эса аёл киши бўлишига қарамасдан ҳамиша ишчилар орасида. Иш жараёнида ишчилар билан гаплашади, уларнинг кўнглини кўтаради. Раҳбарнинг ана шу эътибори, самимияти барчани самарали ишлашга ундайди.
Прораб Анваржон Аббосов, бригада бошлиғи Бахтиёржон Ахборалиев ишларни сифатли бажарилишини, барча жараёнлар белгиланган стандартлар асосида амалга оширилишини назорат қилиб боради.
- Уйнинг адир ҳудудида қурилаётганлиги қурувчи ва мутахассислардан катта масъулиятни талаб этади, - дейди Дилнозахон Тўланова. - Чунки, тупроқнинг юмшоқлиги, ўтириб қолиш эҳтимоли юқорилигидан келиб чиқиб, бу борада қатор ҳорижий давлатларнинг тажрибаларини ўргандик, қурилиш ишлари мазкур йўналишдаги илғор технологиялар асосида олиб борилмоқда, ҳар бир жараён мутахассислар томонидан доимий назорат қилиб борилмоқда.
Корхонада ишларни самарали ташкил этиш, ишчиларга қулай шароитлар яратиш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Ишчи-хизматчилар махсус иш кийимлари билан таъминланган, иш жараёнида техника, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилинмоқда. Иссиқ овқат, дам олиш хоналари ташкил этилган. Ишчиларга ўз вақтида иш ҳақлари бериб борилиши эришилаётган ютуқларда муҳим омил бўлмоқда.
Шу ўринда алоҳида эътироф этиш керакки, корхона раҳбарининг ташаббуси ва саъй ҳаракати билан корхонанинг ўзида шлакоблок, газаблок, акфа эшик-ромлар тайёрлаш цехларини ташкил этиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Бу албатта, барпо этилаётган янги иншоотлар таннархининг янада арзон бўлишига хизмат қилади.
- Бугун мамлакатимизда биз хотин-қизларга ўз салоҳиятимизни тўлақонли намоён этишимиз учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда, - дейди корхона раҳбари Д. Тўланова. Ана шу имкониятлар самараси ўлароқ мен каби кўплаб хотин-қизлар қурилиш, ишлаб чиқариш, қўйингки, турли соҳаларда самарали иш олиб бормоқда, юртимиз равнақига, халқимиз турмуш фаровонлигининг юксалишига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Аёл киши бўла туриб, қурувчилик касбини танлаганимдан асло афсусланмайман. Чунки мен отамнинг касбини давом эттиряпман. Асли касби қурувчи-архитектор бўлган дадам Латифжон Режавалиев узоқ йиллар Пахтаобод тумани қурилиш ташкилоти раҳбари бўлиб фаолият юритган.
Болалигимдан дадам билан қурилиш майдонларига кўп борар эдим. Техникаларнинг ишлашига катта қизиқиш билан қарар эдим. Кўркам, чиройли бинолар барпо этаётган қурувчиларга ҳавас қилардим. Шукрки, йиллар ўтиб, ўзим ҳавас ва орзу қилган касбда ишлаяпман. Катта ва кўп йиллик тажрибага эга падари бузрукворим маслаҳат беради, билмаганларимни ўргатади.
Мактабни фақат аъло баҳоларга, Андижон машинасозлик институтини қизил дипломга тамомлаганман. Онам Қумрихон Каримова педагог бўлгани учун институтни тамомлаганимдан сўнг мени ҳам шу соҳада ишлашимни истади. Бироқ, ота касбига бўлган қизиқишим устун келиб, 2013 йилдан буён қурилиш соҳасида ишлаб келяпман.
Қурувчилик, отамнинг касбини танлаб асло кам бўлмадим. Касбимдан ҳамиша фахрланаман. Турмуш ўртоғим Дилмуроджон Тўланов ҳар бир ишда мени қўллаб-қувватлаб туради. Ҳозир уч нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказяпмиз. Қизларим Шоира, Диёра ва Сарвинозлар мактаб ўқувчилари.
Ҳа, ҳаётидан бахт топган, ўз ишининг фидойиси бўлган ёш аёл раҳбарлик қилаётгани учун ҳам "Қурилиш - 97" хусусий корхонаси юқори натижаларга эришмоқда, қолаверса, бу жамоанинг фидокорона меҳнатлари, аҳиллиги самарасидир.
Фуқаролик жамияти, эркин ва демократик давлат шаклланишида аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданияти қай даражада эканлиги муҳим омилларидан бири саналади.
Бугун ҳар бир кишининг жамиятимиздаги мавжуд қонунчилик амалиётини яхши билиши, қонунларни қабул қилинишидаги умумхалқ муҳокамаларида фикрлари, таклифлари билан иштирок этишлари уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражаси билан чамбарчас боғлиқ. Бундан ташқари, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданияти мамлакатимизда жамоатчилик назоратини амалга оширишда ҳам алоҳида ўрин тутади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январдаги "Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида"ги Фармони ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтармоқда. Ушбу Фармон билан "Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш Концепцияси" қабул қилинди.
Концепцияда фуқаролар онгида "Жамиятда қонунга ҳурмат руҳини қарор топтириш - демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир!" деган ҳаётий ғояни мустаҳкамлаш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, энг аввало, таълим - тарбиянинг тизимли ва узвий равишда олиб борилишига алоҳида эътибор қаратиш, ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини, одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириб бориш, уларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш каби муҳим вазифалар белгиланган.
Халқимизнинг узоқ йиллардан бери ўзининг пурмаъно ҳикматини йўқотмаган нақллари бор: "Бола азиз, одоби ундан азиз", "Бир болага етти маҳалла ота-она" каби. Маҳаллаларимизда, ўзимиз яшаб турган кўчамизда улғаяётган ёшлар тарбиясига барчамиз бирдек масъулмиз. Албатта ёшларимиз, фарзандларимиз тарбиясида сусткашликка йўл қўйсак, бунинг салбий асоратини йўқотиш ўта қийин кечади.
Бунинг учун ёшлар онгига яхши - ёмон, тўғри - нотўғри, ҳалол - ҳаром ва шу каби бошқа ҳуқуқий тушунчаларни сингдириш, педагоглар, тарбиячи ходимлар ва ота-оналар ўртасида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш, ҳуқуқий онг ва маданиятни ривожлантиришга мўлжалланган тадбирлар таъсирчанлигини ва бу борадаги ишлар кўламини ошириш сингари қатор масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлашни истардимки, қайси давлат ёшларнинг ҳуқуқий тарбияси борасида ишлар кўлами ва самарадорлигини етарли даражада таъминламас экан, ундай давлатда қонунларни менсимаслик аломатлари ва бунинг натижасида турли қонунбузилиш ҳолатлари, ҳуқуқбузарликлар, жиноятлар сони ортиб бораверади.
Мамлакатимиз ўзининг бой тарихий меросига таянган ҳолда такрорланмас давлатчилик йўлини белгилаб олган. Биз бу йўлдан борар эканмиз, ёшларимизнинг ҳуқуқий тарбияси долзарб масала бўлиб қолаверади. Зотан, ўзбек педагогикасининг ёрқин намоёндаси А.Авлоний таъкидлаганидек: "Тарбия - биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё фалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир".
Избоскан туманида "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастурига асосан ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган бир гуруҳ 11-синф битирувчиларига кредит сертификатлари топширилди.
Вилоят ҳокими ташаббуси билан вилоятимиз ёшларига ўз лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан кредитлар ажратилаётгани ёшларнинг бандлигини таъминлаш билан бирга, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиб, мустақил даромад топиш имконини бермоқда.
Тумандаги 1- ва 3- секторлар раҳбарлари томонидан ана шу имкониятдан унумли фойдаланишга бел боғлаган бир гуруҳ ёшларга кредит олиш учун сертификатлар тантанали равишда топширилди.