+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ЖИНОЯТГА ЖАЗО МУҚАРРАР

Огоҳлик

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси ҳамда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ҳамкорлигида ҳафтанинг ҳар чоршанба куни "Темир йўлларда хавфсиз кун" профилактик тадбири ўтказилиб келинмоқда.

Тадбирда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, темир йўлнинг икки томонида ўрнатилган бетон девор, темир панжара, тўсиқларнинг яроқлилиги, фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан яратилган пиёдалар ўтиш жойлари ҳамда ноқонуний қурилган савдо шохобчалари, маҳаллий аҳоли томонидан темир йўл атрофига ташлаб кетилган маиший чиқиндиларни ҳудудий ҳокимлик ва мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда бартараф этиш масалалари ҳал этилмоқда.

 Профилактик тадбирлар давомида мунтазам равишда тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамасдан, фуқароларнинг фирибгарлар тузоғига тушиб қолиш ҳолатлари кузатилмоқда.

2020 йилнинг 11 июль куни  Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармасига фуқаро У.С.дан ариза тушган. Унга кўра, 2019 йилнинг октябрь ойида Самарқанд вилояти Оқдарё туманида яшовчи фуқаро Достон Бўтаев уни "Ўзбекистон темир йўллари" АЖга ишга киритиб қўйишини айтиб, фирибгарлик йўли билан 1700 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини олган. Аммо, шу кунга қадар ишга жойлаштириб қўймасдан алдаб юрган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Достон Бўтаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов харакатлари олиб борилмоқда.

Албатта, фирибгарлик сингари жирканч жиноятнинг олдини олиш, бу иллатни таг-томири билан йўқотиш учун барчамиз ҳушёрликни оширишимиз, турли алдовларга ишонмаслигимиз керак.   

А.ТАНГРИБЕРДИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Транспортда ХТББ ТБ бошлиғи ўринбосари.

Н.FУЛОМОВ,

 Ўзбекистон Республикаси ИИВ Транспортда ХТББ ТБ

 

катта терговчиси.

Устозлар

Қатра

Устозлар ҳақида ёзиш жуда ҳам    қийин, мушкул иш. Боиси, улар энг мўътабар, энг табаррук инсонлар. Уларнинг меҳнатлари щу қадар бебаҳо-ки, тарозида тортилмайди, ўлчов билан ўлчанмайди.

Шу боис халқимиз уларни "Устоз - отангдек улуғ" деб атайди. Бу нақлнинг маъноси шуки, бу ҳаётда энг улуғ инсонлар - устозлар. Ўйлаб кўринг, устозсиз инсоннинг ўзи йўқ, бўлмаган бу ҳаётда. Ҳар бир инсон кимнидир устозим, дея фахр билан тилга олади, эслайди.

 Сиз ҳам болалигингизни, ўқувчилик йилларингизни зўр ҳаяжон, зўр энтикиш билан ёдга оласиз. Завқланиб гапирасиз. Қўлингиздан тутиб, илк бор ёзишни, ўқишни ўргатган устозингиз ҳамиша қалбингиз тўрида.

- Тўғри юр, тўғри тур, одобли бўл, - деган ўгитларини ҳеч унутмайсиз, ҳеч унута олмайсиз. Болаларча шўхликларингизга берган танбеҳлари-чи? Ҳамма сўзлари фақат яхшиликка, фақат тўғриликка эди. Ниятлари эса сизни ҳалол, пок, билимли инсон қилиб тарбиялаш эди, холос. Бўйингиз бўйларига етганида ҳам, ўтганида ҳам улар сизни ўз ўғил-қизидек кўришди. Мулойим гапиришди. Ҳар бир ютуғингиздан чин кўнгилдан қувонишди, ютуқларингизни ўз ютуқлари, деб билишди. Қайғули кунларингизда эса ёнингизда бўлишди, кўнглингизга таскин беришди.

 Кунлар эса жуда ҳам тез ўтиб кетди, жуда ҳам тез. Худди, кино тасмасидек. Беғубор болалик, қадрдон мактаб,      синфдошлар ҳаёти ортда қолди. Бугун ҳам улар сизни кўп эслашади, кўп гапиришади. Ютуқларингизни эшитиб бошлари осмонга етади. Сиз билан доимо фахрланишади: - Менинг ўқувчим, мен ўқитганман. Зўр, қобилиятли бола эди, - дея ғурур билан гапиришади сиз ҳақингизда. Аслида, улар жуда ҳам содда, оддий одамлар. Қалбларида ғубори йўқ. Улар ҳаётида кеккайиш, манмансираш деган нарсанинг ўзи бўлмаган. Улар сизга таълим-тарбия, яхшилик меҳрини беришган. Ширин сўзлашган. Лекин… ўрни келса ўзлари бир чимдим меҳрга, бир оғиз ширин сўзга зор-интизорлар бу ҳаётда. Буни билганлар бор, билмаётганлар бор.

Балки, сиз бугун оддий бир касб эгаси, балки машҳур одамсиз. Эҳтимол. юқори амал шохсупасидасиз. Биргина ўтинчим - устозларингизни эсланг, улардан саломингизни, бир оғиз ширин сўзингизни аяманг. Ахир, улар қалбингизда яшамоқда, мангу яшайверади…

Устозлар - жонимизнинг қариндошлари.

 Абдураҳим БОЗОРБОЕВ

Ўқитувчига кўрсатилаётган эътибордан беҳад мамнунмиз

Давр шиддат билан ўтаётган, илм-фан, технологиялар тобора юксалиб бораётган бугунги кунда келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодни замон талабларига мос, билимли ва зукко қилиб тарбиялаш ўқитувчидан улкан масъулиятни, шунингдек, ўз устида доимий изланишни, ўқиб-ўрганишни талаб этади.

Дарҳақиқат, бугунги кун муаллими ўқувчи кўнглига йўл топиш, қалбига эзгулик уруғини қадаш, уни катта ҳаётга тайёрлаш учун изланиб ишлаши лозим. Шундагина у ўз олдига қўйилган вазифани адо эта олади.

Мактабимиз 2017-2018 ўқув йилида капитал таъмирдан чиқарилган. Ўқувчи ёшларнинг пухта билим олиши учун зарур барча шароитлар яратилган. Кенг, ёруғ, замонавий синф хоналари, компьютер, ўқув лаборатория хоналари зарур жиҳозлар билан таъминланган.

Қолаверса, ўқитувчиларнинг самарали иш олиб бориши учун ҳам зарур барча шароитлар яратилган. Яратилган қулайликлардан унумли фойдаланиб,  жамоамизда меҳнат қилаётган эллик нафарга яқин малакали ўқитувчилар ўз фан ва йўналишлари бўйича ўқувчиларга пухта билим бериб келмоқдалар.

Фаолиятларида замонавий педагогик технологиялар, илғор дарс услубларидан кенг фойдаланишга, билим ва малакаларини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, кейинги йилларда ўқувчиларимизнинг фанларни ўзлаштириш даражаси тубдан яхшиланди.

Пандемия муносабати билан жорий ўқув йилида ўқувчиларимизнинг маълум қисми онлайн, яна бир қисми эса анъанавий  машғулотлар орқали янги ўқув йилини бошлади. Таълим жараёнида юзага келган бугунгидан мураккаб бир шароитда ҳам ўқитувчиларимиз даврга, шароитга мослашиб, зарур билим ва кўникмаларни эгаллаган ҳолда ўз фаолиятларини самарали юритиш учун бор имкониятларини ишга солади.

Шу ўринда мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан биз ўқитувчиларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва эҳтиромдан беҳад мамнунмиз. Бизга билдирилган эътибор ва ишончга муносиб бўлишга, олдимизга қўйилган вазифани муносиб даражада адо этишга ҳаракат қиламиз. Қолаверса, яқинлашиб келаётган Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан юртимиздаги барча захматкаш касб эгаларини бутун жамоамиз номидан муборакбод этаман.

 

Шоирахон ОТАХОНОВА,

Марҳамат туманидаги

 32-умумтаълим мактаби Технология фани ўқитувчиси.

 

 

Абадиятга дахлдорлик

Бир донишмандга, "Нега устозингизни ўз отангиздан-да зиёдроқ эъзозлайсиз?", - дея савол беришганида, у "отам, яратган изни билан мени дунёга келтирган бўлса, устозим мени юксалиб, осмон қадар бўй чўзишимга, ўсиб, камолотга етишимга сабабчидир", деб жавоб берган экан. Дарҳақиқат, устозлар, ўқитувчи ва мураббийларнинг етук кадрлар камолотида, миллат келажагини бунёд этишдаги ўрни ва роли беқиёс.

Ҳасанбой муаллимнинг пенсияга чиққанига 10 йилдан ошди. Бироқ, маҳалладагилар уни ҳалиям "Ҳасанбой домла" деб чақиришади. Фаолияти давомида юзлаб ўқувчиларни ўқитиб, кўплаб ўқитувчиларга устозлик қилган фахрий муаллим асли педагоглар сулоласидан. Қизиғи,  унинг фамилияси ҳам Домлажонов. Дадаси Домлажон ака ҳам, онаси Ибохон ая ҳам бутун умр ўқитувчиликнинг нонини еб, касбини ардоқлаб ўтишди, фарзандлари ота касбини эгаллашлари учун бор имкониятларини аяшмади. 

Ҳасанбой Домлажонов Хонобод қишлоғида туғилиб ўсди. Қишлоқдаги 7-ўрта мактабни тамомлади. Ўша пайтлар олий ўқув юртига кириш учун икки йиллик иш стажи талаб этиларди. Ҳасанбой аввал қишлоқдаги пахта қабул қилиш пунктида, сўнг "Тарандубитель" заводида ишчи бўлиб ишлади. 1962 йили Самарқанд давлат университетининиг ўзбек ва тожик филологияси факультети талабалигига қабул қилинди.

Университетни муваффақиятли тамомлагач, Хонобод шаҳридаги 1-, 36-умумтаълим мактабларида она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси сифатида иш бошлади. 1977 йилдан то 2009 йилгача эса шаҳардаги ўзи ўқиган 2-умумтаълим мактабида фаолият олиб борди.

Фаолияти давомида шаҳар, вилоят, республика фан олимпиадаларига ўқувчиларни тайёрлаб, юксак натижаларга эришди. Халқ таълими тизимида "устоз-шогирд" анъаналарига содиқ қолиб, ўнлаб ўқувчиларига педагоглик сирларини ўргатди. 2001 йили Ўзбекистон ўқитувчиларининг 1-анжуманида делегат сифатида иштирок этди.

Домланинг халқ таълими ривожи олдидаги меҳнатлари зое кетмади. 1993 йили "Ўзбекистон Халқ маорифи аълочиси" кўкрак нишони, 1997 йилда эса Ватанимизнинг юксак мукофоти - "Дўстлик" ордени билан тақдирланди.

- Ҳаёт йўлим ўқитувчилик билан боғланганидан, "домла" деган шарафли номга сазовор бўлганимдан жуда хурсандман, - дейди Ҳасанбой Домлажонов. - Шогирдларим, айрим собиқ ўқувчиларим билан ҳозир ҳам борди-келди ришталаримиз узилмаган. Кўришиб турамиз, байрамларда йўқлаб келишади. Энг муҳими, нафақага чиққан бўлсам ҳам ўзимдаги бор билимларимни келажак авлодларга шогирдларим орқали еткиза оляпман, деб ҳисоблайман. Абадиятга дахлдорлик дегани балки шудир, аслида?

Ҳар йили мамлакатимизда 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни сифатида кенг нишонланади. Зотан, ёш авлодни комил инсон этиб тарбиялаш йўлида меҳнат қилаётган ўқитувчи ва мураббийларни ҳар қанча ардоқласак, ҳурмат қилсак оз.

Биз ҳам фурсатдан фойдаланиб, барча устозлар, муҳтарам мураббийларни қутлуғ айём - Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимиздан муборакбод этамиз!

Муаззам СОБИРЖОН қизи

Меҳри ҳамиша қалбларимизда

Бу ёруғ оламда муаллим каби ўзлигидан кечиб, ўзгани камолга етказишга тайёр бўлган фидойи касб эгаси топилмаса керак. Тан олайлик, ҳеч бир киши шогирдининг бахт-саодати ва толеидан устози каби хурсанд бўлмайди, қалби қувончга тўлмайди. Муаллим сийрати поклик, самимият, садоқат, меҳр-муҳаббат, хуш одобу хушхулқ, беғуборлик, соддадилликка йўғрилиб кетган.

Менинг устозларим аслида жуда кўп. Илк бор ҳарф танитган биринчи устозим, шеъриятнинг бетакрор оламига қизиқтирган адабиёт муаллимам, дунё тилларини ўрганишимга туртки берган инглиз тили ўқитувчим, яна журналистика оламига кириб келишимга сабабчи бўлган устозларим ва ҳоказо. Уларнинг барчаси мен учун азиз ва мўътабар. Ана шу устозларимдан бири - Муҳаммад Юсуф ижод мактаби директори, менинг иқтидор ва имкониятларимни юқори баҳолаган, менга ишонч билдирган устозим Шоҳистахон Нурматовадир.

Шоҳиста опа 1993 йили Андижон давлат университетининг она тили ва адабиёти йўналишини тамомлади. Педагоглик фаолиятини Андижон шаҳридаги 21-умумтаълим мактабида бошлади. Кейинроқ 7-умумтаълим мактабига ишга ўтди. Ижодкорлиги, ўз ишига масъулият билан ёндошиши, креатив фикрлашлари боис, аввалига илмий бўлим мудири, сўнг мактаб директорлигига тайинланди.

Президентимиз фармонига асосан, 2017 йилда Андижон шаҳрида Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган ижод мактаби фаолият бошлади ва Шоҳистахон Нурматова ижод мактабининг биринчи раҳбари этиб тайинланди.

Ўтган йиллар давомида устозимиз Шоҳистахон Нурматованинг қўллаб-қувватлашлари ва саъй-ҳаракатлари билан мактабдаги 46 нафар ўқувчининг ижод намуналари "Умид ғунчалари" номли альманах тўпламдан жой олди, 24 нафар ижодкор  ўқувчи ёшларнинг илк шеърий тўпламлари бепул нашр этилди. Ҳозирда яна 56 нафар ижодкор ўқувчининг шеър, ҳикоя ва бадиалардан иборат тўплами чоп этишга тайёрланмоқда.

- Мақсадимиз, ёш ижодкорларни ҳамиша қўллаб-қувватлаш, уларга соғлом ижодий муҳит яратиш, - дейди Шоҳистахон Нурматова. - Ўқувчиларимизнинг аксарияти ижодкор ёшлар. Келажакда улардан Ватанимиз равнақи учун хизмат қилувчи, она тилимиз ривожига салмоқли ҳисса қўшувчи олиму фузалолар, таниқли шоир ва адиблар етишиб чиқишига ишонаман.

 "Халқ таълими аълочиси", "Мустақилликнинг 25 йиллиги" ҳамда "Конституциямизнинг 25 йиллиги" кўкрак нишонлари соҳибаси, меҳрибон устозимизнинг кўп йиллик самарали меҳнатлари муносиб тақдирланиб, Истиқлолимизнинг 29 йиллик байрами арафасида у "Соғлом турмуш" медали билан мукофотланди.

Ҳар йили 1 октябрь санасида устозларимизни анъанавий касб байрамлари билан табриклашга одатланганмиз. Гарчи мактабни битириб, мустақил ҳаёт сари йўл олган бўлсак-да, ўқитувчиларимиз ўгитлари доимо қулоғимизда, меҳри эса қалбларимиздан аллақачон жой олиб улгурган. Фурсатдан фойдаланиб, моҳир педагог, жонкуяр раҳбар, салоҳиятли муаллима Шоҳиста опа ва у орқали барча устозларимизни Устоз ва мураббийлар куни билан чин дилдан табриклаймиз.

Мурғак қалбларга зиё улашишдан асло чарчаманг, фидойи устозлар.

Каримжон ИКРОМОВ

МУНОСИБЛАР FОЛИБ БЎЛДИ

маҳалла футболи

Андижон шаҳрида "Футболимиз келажаги" ҳамда "Маҳаллада футбол" мусобақаларининг вилоят босқичи ўйинлари бўлиб ўтди.

Вилоят жисмоний тарбия ва спорт, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари ҳамда Футбол ассоциацияси ҳамкорлигида маҳалла болалари ўртасида ўтказилган мусобақанинг вилоят босқичи ўйинларида  ҳудудий босқичларда ғолиб бўлган жамоалар ўзаро куч синашди.

Мусобақалар очилишига бағишланган тантанали тадбирда юртимизда  ёш авлодни ҳар жиҳатдан етук, жисмонан соғлом ва баркамол униб-ўсишлари, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, айниқса, болалар футболини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди.

9-12 ёшли болалар ўртасидаги "Футболимиз келажаги" мусобақаси вилоят босқичи финал ўйинларида Андижон шаҳрининг "Истиқлол", Андижон туманидаги "Дўстлик", Балиқчи туманидаги "Истиқлол" ҳамда Избоскан туманидаги Алишер Навоий номли маҳаллалар жамоалари ўзаро куч синашди.

Олимпия тизимида ўтказилган ўйинлар финалида "Дўстлик" маҳалласи жамоаси "Истиқлол" маҳалласи жамоасини 4:3 ҳисобида мағлуб этиб, биринчи ўринга сазовор бўлди. Учинчи ўрин Балиқчи тумани "Истиқлол" маҳалласи жамоасига насиб этди.

* * *

13-14 ёшли болалар ўртасида ўтказилган "Маҳалламизда футбол" мусобақаси вилоят босқичи ўйинларида Булоқбоши туманининг "Соҳибкор", Шаҳрихон туманининг "Муллабой", Пахтаобод туманининг "Учкўза",  ҳамда Андижон туманинг "Дўстлик" маҳаллалари жамоалари ғолиблик учун баҳс олиб борди.

Финалда булоқбошилик ёш футболчилар шахрихонлик тенгқурлари устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақа ғолибига айланди. Учинчи ўрин учун ўйинда "Дўстлик" маҳалласи жамоаси "Учкўза" жамоасини мағлубиятга учратди.

Якунда мусобақалар ғолиб ва        совриндорлари, турли номинациялар бўйича энг яхши деб топилган ёш футболчилар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

 

 

АЖРАТИЛГАН МАБЛАFЛАР ЭГАЛАРИГА ЕТКАЗИЛМОҚДА

Шу кунларда вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида эҳтиёжманд оилаларнинг 16 ёшгача бўлган фарзандларига ажратилган пул маблағлари ўз эгаларига  тарқатилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 26 августдаги "Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида Андижон шаҳар прокурори К.Асқаров раҳбарлигида 2-сектор ҳудудидаги маҳаллаларда белгиланган ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда. Яъни, маҳалла фуқаролар йиғинларида "Темир дафтар"га киритилган эҳтиёжманд оилаларнинг 16 ёшгача бўлган фарзандларига ажратилган пул маблағлари белгиланган тартиблар асосида тарқатилмоқда.

- Кўрсатилган кўмакдан кўнглимиз тоғдай кўтарилди, - дейди Андижон шаҳридаги Маориф маҳалласида яшовчи Ш. Воҳидов. - Тўрт нафар фарзандимга 500 минг сўмдан, жами 2 миллион сўм пул берилди. Ушбу маблағ анчагина камларимизни тўлдиришга ёрдам беради. Қийин шароитда яшаётган биз каби оилаларга кўрсатган эътибор ва кўмаги учун юртбошимиздан чексиз миннатдормиз. Fариб кўнгилларга шодлик улашаётган барча инсонларнинг боши омон бўлсин.

Моддий ёрдам пулини олиш учун маҳалла идорасига чиқиш имкони бўлмаган оилаларга сектор раҳбари ва мутасаддиларнинг ўзлари уларнинг хонадонларига олиб бориб бермоқдалар.

Абдужалил Абдураҳимов,

 

Андижон шаҳар ҳокимлиги Матбуот котиби.

МЕНИНГ МАҲАЛЛАМДА ЖИНОЯТ СОДИР БЎЛМАСЛИГИ КЕРАК

профилактика инспектори фаолиятидан

Мамлакатимизда фуқаролар тинчлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш борасида мутлақо янги тизим шакллантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳар ҳафтанинг пайшанба куни -"Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни" этиб белгилангани ижобий самара бермоқда. Айниқса, маҳаллада бу борадаги профилактика ишлари самарадорлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 "Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак", деган туйғуни ҳар бир фуқаро, айниқса, ёшлар онгида шакллантириш, бефарқлик, лоқайдликка барҳам бериш, пировардида, ҳар бир оила, таълим муассасаси, ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

"Яхши" маҳалла фуқаролар йиғинига ишга тайинланганимга бир йилдан ошди. Шундан буён "хавфсиз шаҳар" концепциясига асосан маҳалла ҳудудида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, ёшлар бандлигини таъминлаш, ҳудуднинг ободончилиги ва осойишталигига эътиборни қаратиш, нотинч оилалар билан ишлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқдаман. Аслида профилактика инспектори шуғулланадиган алоҳида йўналиш йўқ. Лекин, бизнинг маҳалла фуқаролар йиғини билан ҳамкорлик тизимимизда ёшлар масаласи, диний-маърифат, ахлоқий тарбия масалалари, тадбиркорлик фаолияти, оилавий бизнесни ривожлантириш,  вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари, жамоатчилик назорати каби масалалар муҳим ўрин тутади.

Ҳудудимиздаги 750 оила таркибида 4 минг 400 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Улардан 4 таси нотинч оила сифатида рўйхатга олинган. Мазкур оилаларга ҳудуддаги энг ибратли, обрўли хонадон вакилларидан мураббийлар бириктирилган. Оилалар холидан тез-тез хабар олиниб, доимий равишда тарғибот ишлари  олиб борилади.

Юртимиздаги пандемик вазият ҳар биримиздан ҳушёрликни, ишимизга ўта масъулият билан ёндошишни, фуқароларнинг соғлиги ва ижтимоий ҳолатидан доимо хабардор бўлиб туришни тақозо этади. Ҳудудимизда "Шинам" қурилиш моллари бозори жойлашганлиги боис, фуқароларнинг карантин талабларига қатъий риоя этишлари, бозор ҳудудида масофа сақлаш, санитария-гигиена қоидаларига амал қилишларини қатъий назорат қилишга тўғри келади. Айрим фуқароларимизнинг ўз саломатликларига жуда беэътибор бўлаётганликлари, ҳатто ниқоб тақишга ҳам амал қилмай қўяётганликлари бор гап. Шу боис, бозор маъмурияти билан биргаликда мунтазам назорат ишларини олиб бораяпмиз.

Ҳудудимизда жойлашган таълим муассасаларида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, дарсга қатнашмаётган талаба ва ўқувчиларни дарсларга жалб қилиш, бу борада ўқитувчилар, ўқувчилар, уларнинг ота-оналари билан доимий профилактик суҳбатлар олиб борамиз. Тўғри, ҳозир барча таълим муассасаларида ҳам анъанавий дарслар олиб борилаётгани йўқ. Бироқ, бу дегани - ёшлар қимирламай уйда ўтирибди, дегани эмас. Шу боис, жиноятчиликка мойил ёшлар билан иш олиб бориш, носоғлом муҳитда тарбия топаётган ўқувчиларни аниқлаш, уларга психологик-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ортга суриб бўлмас вазифаларимиздандир.

Маҳалла фуқаролар йиғини билан ҳамкорликда профилактик тадбирларни кучайтириш орқали ҳудудимизда жиноятчилик сезиларли даражада пасайди.

Эл, маҳалла тинч бўлса одамлар ҳам тинч-фаровон яшайди. Маҳаллада жиноятчиликлар содир бўлса, фуқароларнинг тинчи бузилади. Бунинг олдини олиш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш эса энг аввало, сизу бизнинг ҳамкорлигимизга, огоҳ ва ҳушёрлигимизга боғлиқ.

 

Мирзакалон ҚОДИРОВ,

 

Андижон шаҳридаги Яхши МФЙ профилактика инспектори.

МАРҲАМАТ ТУМАНИДА УЧТА МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТИ ИШ БОШЛАДИ

Марҳамат туманининг "Янги ҳаёт", "Шўрқақир" ва Fафур Fулом маҳаллаларида янги мактабгача таълим ташкилотлари барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.

 "Янги ҳаёт" маҳалласида тадбиркор Тоҳиржон Болтабоев томонидан барпо этилган, умумий лойиҳа қиймати 5 миллиард 850 миллион сўм бўлган "Fуломжон хожи ота" давлат хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти 300 нафар болани ўз бағрига олади.

Барча қулайликларга эга мазкур муассасанинг ишга тушиши билан 40 та янги иш ўрни яратилди.

Тумандаги Шўрқақир маҳалласи Ипак йўли кўчасида тадбиркор Хайитхон Яқубова томонидан қуриб битказилган "Дилдорахон қувноқ болажон" номли" давлат хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти ҳам 100 дан зиёд болажонни ўз бағрига олади.

Fафур Fулом маҳалласи ҳудудида барпо этилган икки қаватли, замонавий қиёфага эга "Аср Зиё Болажон" номли давлат хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти эса тадбиркор Дилшодбек Мўминов томонидан бунёд этилди. Жами 240 ўринли мазкур муассасанинг қурилиш, жиҳозлаш ишлари учун  4 миллиард 750 миллион сўм маблағ сарфланди. Муассасанинг иш бошлаши билан 40 нафар фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлди.

Янги иш бошлаган юқоридаги муассасаларда болаларни мактаб таълимига тайёрлаш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳар жиҳатдан етук ва баркамол вояга етишлари учун зарур барча шароитлар яратилган. Уларда мусиқа, спорт, гимнастика, инглиз, рус тиллари тўгараклари фаолияти ҳам йўлга қўйилади.

- Айни кунда Марҳамат туманида 29 давлат, 13 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти, шунингдек, 100 та уй боғча мавжуд, - дейди Марҳамат тумани мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Сайёрахон Шамшиева. - Умуман, туманда болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш 48,5 фоизга етказилган.

 

 

Турсунбой ИСМОНОВ

"ШИРМОНБУЛОҚ ФАХРИ" ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИ ОЛТИ ИШ КУНИДА РЕЖАНИ БАЖАРДИ

Булоқбоши туманида фаолият юритаётган 100 та фермер хўжалиги ҳамда "Хўжаобод файз М" кластер корхонаси томонидан жорий йилда 2 минг 829 гектар майдонида "Андижон - 35" навли чигит парвариш қилиниб, мўл ҳосили етиштирилди. Айни кунларда туманда ҳосилни йиғиб-териб олиш ишлари қизғин давом этмоқда.

 Туманнинг Бакир Ражапов массивидаги "Ширмонбулоқ фахри" фермер хўжалиги пахтакорлари олти иш кунида қабул пунктига 92,7 тонна пахта топшириб, режани 104,7 фоизга бажаришга эришди.

- Жорий йил эрта баҳорда 25,7 гектар ерга чигит экканмиз, - дейди  "Ширмонбулоқ фахри" фермер хўжалиги раҳбари Муборакхон Исроилова. - Белгиланган агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилгани, умуман, хўжалигимиз аъзоларининг самарали меҳнатлари эвазига пахтадан мўл ҳосил етиштирилди.

Биринчи теримдаёқ белгиланган 88,5 тонна ўрнига 92,7 тонна пахта топшириб, режани ортиғи билан уддаладик. Юзимиз ёруғ бўлди. Далаларимизда ҳали ҳосил кўп. Теримни давом эттириб, юртимиз пахта хирмонининг янада юксалиши учун ҳаракат қиламиз. 

Булоқбошилик пахтакорлар томонидан жорий йилда давлатга 9 минг 700 тонна "оқ олтин" ҳосили топширилиши режалаштирилган. Шу кунларда тумандаги "Ҳасанов Сойибжон шижоати", "Абдуҳошим Нурматов", "Сарвонтепа фахри" сингари илғор фермер хўжаликлари ҳам юқори маррани забт этишга яқин турибди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ