+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

05 Сен 2019

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ - ЭЗГУЛИК МЕВАСИ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Инсоннинг бахт ва саодатга эришиши учун энг муҳим омил бу - тарбия. Экинлар суғорилиши қанчалик муҳим бўлса, инсон боласи учун ҳам тарбия шу даражада зарур ҳисобланади. Фарзандларни илмли, одоб-ахлоқли, гўзал тарбияли қилиб камолга етказиш ота-онанинг бурчидир. Ота-она ана шу масъулиятли вазифани тўлиқ адо этса, нафақат инсоний бурчини адо этган бўлади, балки яратганнинг раҳматини олишга сазовор бўлади.

Фарзанд тарбияси шундай нозик бир масалаки, ҳар бир ота-онадан бу борада алоҳида эътибор ва хушёрлик талаб этилади. Зотан, фарзанд Аллоҳ Таоло томонидан инсонларга берилган энг улуғ неъматдир.

Ҳаётимиз мазмуни, қалбимиз қувончи бўлган дилбандларимизни яхши тарбияли қилиб ўстирмоғимиз жоиздирки, Аллоҳ Таоло ўз каломида шундай дейди: "Кейин, қиёмат кунида ҳар бир неъматдан албатта сўраласизлар". Демак, мўмин банда берилган барча неъматлар қатори фарзанд тарбияси баробарида ҳам сўроққа тутилар экан.

Сарвари коинот пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) шундай деган эдилар: "Фарзандларингизни ҳурмат қилинг!" Албатта, фарзандларимиз ўз фикр-мулоҳазасига эгадирлар. Уларни фақат қорнини тўйдириш, устини бут қилиш билан ота-она бўйнидаги вазифа чекланиб қолмайди. Балки, фарзандларни илмли ва ҳунарли бўлиб, вояга етишлари учун керакли шарт-шароитларни яратиб бериш, унинг интилиш ва қизиқишларига қараб йўналиш бериш ҳам ота-онанинг биринчи галдаги вазифаларидандир. Айниқса, оталар бироз  қаттиққўлроқ, оналар эса эътиборлироқ бўлишлари фарзандлар тарбиясида муҳим аҳамиятга эгадир.

Ривоят қилишларича, қайсидир бир ўрмонда ота шер улғайиб қолган уч нафар болаларини ов қилишга ўргатиш вақти етганлигини билиб, уларни паст овоз билан ёнига чақирибди. Аммо шерваччалар оталарининг чорловига эътибор беришмабди. Шунда ота шернинг жаҳли чиқиб, бор овози билан ўкирибди. Унинг овози бутун ўрмонни титратиб юборибди. Ҳайрат ва қўрқув аралаш шернинг болалари отаси олдига чопиб келишибди.

Дарҳақиқат, фарзанд тарбиясида отанинг алоҳида ўрни бор. Талабчан ва тартибли бўлган ота фарзандларини ҳам шундай бўлишга ундайди. Шундагина улар масъулиятли бўлиб улғайишади. Оилада боланинг тарбиясига бироз эътиборсизлик қилинса, тарбия кескин издан чиқиши мумкин.

Бир куни ёш болакай бир бурда нонни тишлаганча ўртоқлари ёнига ўйнагани отланибди. Уйидан чиқишда кучуги олдига югуриб келиб, қўлидаги нонга интила бошлабди. Кучукка раҳми келган болакай қўлидаги бир бўлак нонни унинг олдига қўйди. Буни кўрган онаси жаҳл билан болани койиди: "Ахир уйимизда бошқа нон йўқ бўлса, охирги бўлагини ҳам сен итга берасанми, сен бола одам бўлмадинг, бошга битган бало бўлдинг..." Бу овозларни эшитиб турган ён қўшниси бўлган яна бир кичик болакай онасидан сўради: "Энди Абдулла ўртоғим одам бўлмай қоладими?" Шунда она: "Ҳозирча одам, аммо онаси унинг одам бўлишини хоҳламаяпти", дея жавоб берибди.

Бу каби койинишлар, болага ёмон таъсир кўрсатади. Унинг хулқ-атвори бузилишига олиб келади. Фарзанд бирор ишни хато қилса, унга буни нотўғри эканлигини ётиғи билан тушунтириш афзал.

Донишмандлардан бири шундай деган: "Мураббий бир жиҳатдан табибга ўхшайди. Табиб касални бартараф қилиш учун бунга керакли дори дармонларни тавсия қилади. Мураббий эса нодонлик касаллигининг олдини олиш учун лозим бўлган даволарни қўллайди".

Ҳар бир ота-она фарзандига туганмас мерос қолдирмоғи лозим. Бу мерос тарбия, илм ва ҳунардир. Илм ва ҳунар ҳар қанча фойдаланган билан тугамайдиган ва ҳеч ким тортиб ололмайдиган катта бойликдир. Бу ҳақида имом Fаззолийнинг бир ҳикмати бор: "Савдо қилиш мақсадида танишларим билан сафарга отландим. Йўлда карвонимизни қароқчилар тунаб кетишди. Шунда қароқчилар бошлиғи ёнига бориб: "Олган нарсаларинг орасида сизларга кераксиз бўлган бир тўрва бор, уни қайтарсанглар", дедим. У мендан тўрвам ичида нима борлигини сўради. Шунда: "Унда менинг бор илмим ва жуда кўп китоблардан олиб ёзилган изоҳ ва шарҳларим бор. Умрим давомида топган қадрли бойлигим", дея жавоб бердим. Қароқчи кулиб: "Олиб қўйиши мумкин бўлган нарсангни "менинг илмим"       дейишга уялмайсанми, унинг илмини қайтариб беринглар", деб ёнидагиларга буюрди. Бундан қаттиқ мулзам бўлдим. Ва сафардан қайтиб, уйдан ташқарига чиқмай, ҳар куни ўша ёзган шарҳ ва изоҳларимни ёд олиб, ҳеч қандай ўғри ёки қароқчи ололмайдиган жойга ақлимга, хотирамга жойладим".

Албатта, фарзандлар ёшлигидан ҳунар эгалламаса, келажакда қийин вазиятга тушиб қолиши шубҳасиз. Дарахт қанчалик яхши парвариш қилинса, унинг мевалари, албатта, ширин ва тотли бўлиб етилади. Фарзандларни ҳам кўз қорачиғимиз каби асраб-авайлаб парваришласак, улар шунча гўзал тарбияли бўлиб, камол топишади. Зеро, фарзанд тарбияси - эзгулик мевасидир.

 

Лолахон ТОЖИМИРЗА ҳожи қизи

Прочитано 1218 раз