+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

21 Сен 2017

ЕТИМГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ УЛКАН САВОБДИР

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

(39-сон)

Ислом динида жамият ҳаётининг барча жабҳаларида адолат, тенглик, меҳрибонлик, раҳм-шафқат ғояларини жорий этиш буюрилади. Динимиз жамиятнинг меҳрга муҳтож қатламларидан бўлган етимлар ҳақида ҳамиша қайғу-ришга, уларга ғамхўрлик ва меҳрибонлик кўрсатишга чақиради.

"Етим" деб шариатда балоғат ёшига етмай отаси вафот этган сағир ва сағираларга айтилади. Ҳадиси шарифда "Балоғат ёшидан сўнг етимлик йўқ" дейилган. Қуръони карим оятлари, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ривоят қилган ҳадиси шарифларда етимларга қарашли молларни тасарруф қилишда исроф ёки хиёнатга йўл қўймаслик алоҳида таъкидланади.

Абу Умомадан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ (с.а.в): "Ким Аллоҳ азза ва жалла учун бир етимнинг бошини силаса, қўли нечта сочининг устидан ўтса, унинг ҳаққига шунча ҳасанот ёзилади. Ким ўз ҳузуридаги етим қизга ёки болага яхшилик қилса, мен ўша одам билан жаннатда мана бундай бўламан" деб икки бармоқларини яқинлаштирдилар.

Етимга яхшилик қилиш, унинг бошини силаш, унга хайру-эҳсонлар ҳадя этишлик  нақадар улуғ  мақом, қанчалик буюк мартаба эканлигини юқоридаги ҳадисдан билиб олишимиз мумкин. Албатта, инсон бошидаги сочларнинг саноғига етиш қийин. Бироқ етим болага ҳеч қандай ёрдам беролмаса-да, унинг бошини силаб қўйишнинг ўзи беҳисоб савобга муносиб амал экан. Етимнинг бошини силаш билан бирга, уни тарбиялаган, едириб-ичирган, кийинтирган, бошпана берган, илму маърифат ўргатган кишига ёзиладиган ҳасанотларнинг миқдори эса беҳисобдир.

Етимни таомга чақириш ва унга ўз таомидан едириш ҳам катта савоб амаллардан саналади. Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) қачон таом еса, ёлғиз емас, олдига бир етимни таклиф қилиб, у билан бирга таомланар эди. Ҳар таомда дастурхонга, албатта бева-бечоралар, фақир-мискинларни ҳам таклиф қиларди. Бир куни таом келтирилгач, одатича етим болани чақиришни сўради. Қараса, етим бола йўқ экан. Бироз кутиб туриб, сўнг таомни ўзи еди. Таклиф қилинган етим бола эса    овқат тугаганда келиб қолди. Шунда ибн Умар (р.а.) унга ҳам овқат келтиришни буюрди. Бироқ овқат қолмаган экан. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар болага асал билан толқон олиб келишларини буюрди. Сўнг болага: "Ма, буни ол. Аллоҳга қасамки, кам бўлмадинг", деб чиройли муомала қилди. Ибн Умар (р.а.) овқатга кечикиб келган етим болани таомсиз қолдирмасликка ҳаракат қилди. Унинг кўнглини олишга уринди.

Тарихдан маълумки, иккинчи жаҳон уруши йилларида халқимиз оиласидан, ватанидан  айрилган кўплаб етим болаларни ўз қарамоғига олган. Қийинчиликларга қарамай, уларни камситмасдан, ўкситмасдан ўз фарзандлари қаторида едириб-ичирган, тарбия-лаган. Халқимизнинг етимпарварлиги, болажонлиги тарихга муҳрланган. Яратганнинг беҳисоб ажру савобларига етказадиган миллатимизнинг ана шу ўзига хос қадриятини қалбларимизга жо қилайлик.

Ҳаётимиз давомида атрофимиздаги етим-есирларга меҳрибонлик, раҳм-шафқат кўрсатайлик, айниқса, меҳрибонлик уйларидаги кўнгли ўксик норасидалар холидан хабар олайлик, уларга қўлимиздан келганча ёрдам ва   шафқат кўрсатайлик. Аллоҳ барчаларимизни ана шундай улуғ савоб амалларни адо этиб, икки дунё саодатига мушарраф бўлишлигимизни насиб этсин.

Абдурашид ҚОДИРОВ,

Избоскан туманидаги "Умар ибн Ҳаттоб" жомеъ масжиди имоми.

Жасур СУЛТОНОВ,

 

имом ноиби.

Прочитано 2543 раз Последнее изменение 21 Окт 2017
Шу рубрикадаги бошка янгиликлар: « ШОН-ШУҲРАТНИНГ ОFИР ЮКИ "ТЎНFИЗ ҚАВМИДА КЕТГАНЛАР" »