+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

27 Дек 2018

ЯНГИ ЙИЛ ҲАР БИР ОИЛАГА ТИНЧЛИК-ХОТИРЖАМЛИК ОЛИБ КЕЛСИН

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Бир неча кундан сўнг ҳаётимизнинг яна бир йили тарихга муҳрланади. Якунланаётган 2018 йилда мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ишлар ҳақида ҳар қанча гапирсак камлик қилади.

Мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат, айниқса, тадбиркорликка, хусусий ва оилавий бизнес ривожига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, уларнинг самарали фаолият юритишлари учун зарур шарт-шароитлар, кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, айниқса, жойларда одамларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш, юртдошларимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, ҳаётидан рози бўлиб яшашларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар Ватанимиз тараққиётини янада юқори босқичга кўтармоқда.

Муҳтарам юртбошимиз ташаббуси билан жорий йил 2 февралда қабул қилинган "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги тарихий Фармони жамиятнинг энг асосий бўғини бўлган оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ҳаётдаги ўрни ва нуфузини, турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим дастуриламал бўлди. Чунки ҳаётимизнинг нечоғли мазмунли ва фаровон бўлиши энг аввало, оила билан боғлиқ. Зеро, оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодлар соғлиги ва давомийлигини таъминлайдиган, миллий қадрият ва урф-одатларимизни асраб-авайлайдиган, шу билан бирга, келажак авлод қандай инсон бўлиб камол топишига таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғи ҳисобланади.

Фармонга асосан, "Оила" илмий-амалий маркази янада такомиллаштирилди, кенгайган таркибда ва янгича мазмунда фаолияти йўлга қўйилди. Маҳалла фуқаролар йиғинларида  хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар иш бошлаганлиги эса маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, одамларни, айниқса, опа-сингилларимизни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Бутун Ўзбекистонда бўлгани каби якунланаётган йилда вилоятимизда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳам барчамизни қувонтиради. Янги-янги корхоналар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, мактаблар, тиббиёт муассасалари, равон йўллар, тураржой бинолари қад ростлади. Жумладан, умумий қиймати 472 миллиард сўм бўлган 3 мингдан ортиқ объект ишга туширилди, 1 минг 900 га яқин хизмат ва намунавий лойиҳалар асосидаги арзонлаштирилган уйлар барпо этилди.

Бугун ҳатто чекка-чекка маҳаллалар кўрки, камолига ҳар қандай кишининг ҳаваси келади. Айниқса, "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" дастурлари доирасида амалга оширилган ишлар натижасида жуда кўп маҳаллалар қиёфаси  тубдан янгиланди.  Дастурга асосан, вилоятдаги 9 минг 292 аҳоли хонадони, жумладан, 65 та кўп қаватли уйда таъмирлаш ишлари бажарилди.

Дастурлар доирасида ижтимоий соҳа объектларида 176 миллиард 605 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиши белгиланган. Айни кунга қадар уларнинг 30 дан ортиғи қайта реконструкция қилинди, 60 дан ортиғи мукаммал таъмирланди. Ижтимоий соҳа объектларининг аксариятида ишлар якунига етказилиб, фойдаланишга топширилган. 

"Ҳар бир оила - тадбиркор", "Ёшлар - келажак бунёдкори" дастурлари асосида амалга оширилган кенг кўламли ишлар натижасида кўплаб опа-сингилларимизнинг бандлиги таъминланди. Улар энди нафақат ўз оилаларига даромад келтириш, балки юртимиз тараққиётига ҳам муносиб ҳисса қўшиш имконига эга бўлдилар.

Жисмоний имконияти чекланган фуқаролар, қийин шароитларда яшаётган  хотин-қизларни ижтимоий муҳофаза қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги ана шу тоифадаги юртдошларимизни эртанги кунга бўлган ишонч ва умидини оширмоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида ногиронлиги бўлган ва қийин шароитларда яшаётган 318 нафар аёлнинг  уй-жой билан таъминланганлиги фикримизга мисолдир. Муҳтарам юртбошимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган бу каби хайрли ва эзгу ишлар кўлами янада ортишига асло шубҳа йўқ.

Келгуси йил барча босма нашрлар қатори газетамиз таҳририяти учун ҳам оғир синов йили бўлади. Чунки, газетага кутилган даражада обуна қилинмади. Биз мухлисларимиздан мана шундай қийин вазиятда келгуси йил учун обуна бўлиб таҳририятимизни қўллаб-қувватлашларини илтимос қиламиз. Имкон қадар ижодий анъаналаримизни давом эттирган ҳолда вилоятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги воқеалар, хотин-қизлар ҳаёти, фаолларимизнинг илғор ишлари, ижодкор опа-сингилларимиз ижод намуналари билан газетхонларни мунтазам таништириб борамиз. Бундан ташқари, саҳифаларимизда оила мустаҳкамлигини таъминлаш, қайнона-келин муносабатлари, оилада турмуш маданиятини шакллантириш, хотин-қизларимиз фаоллигини ошириш, уларнинг тиббий, ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, ҳаётимизга доғ бўлаётган салбий ҳолатлар, кўпларни қийнаётган муаммолар, умуман, турли-туман мавзулардаги қизиқарли мақолалар бериб борилади.

Газетамизнинг янада мазмунли ва қизиқарли чиқишини таъминлашда сиз азиз муштарийларнинг таклиф ва мулоҳазаларига таянамиз. Шу боис, газетамиз хусусида сизларнинг таклиф ва тавсияларингиз билан ўртоқлашишга ҳамиша тайёрмиз.

Янги йил ҳар бир хонадонга тинчлик-хотиржамлик олиб келсин, юртимиз учун барқарор ривожланиш, инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлайдиган йил бўлиб қолсин.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Прочитано 1257 раз