+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ШОҲ ВА ШОИР БОБУР МИРЗОГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТИЛДИ

Кеча Андижон шаҳри марказидаги Бобур майдонида улуғ бобомиз, ўзбек мумтоз адабиётининг забардаст вакили, буюк давлат арбоби, моҳир саркарда, олим ва шоир Заҳриддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилди.

Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда шоир ва ёзувчилар, бобуршунос олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ижодкор ёшлар иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари Бобур ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, улуғ шоирга юксак эҳтиром кўрсатди. Ижодкор ёшлар Бобурнинг ғазал ва рубоийларидан намуналар ўқиди.

***

Шунингдек, вилоят ҳокимлигида "Бобуршуносликнинг янги уфқлари: муаммо ва ечимлар" мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ҳам бўлиб ўтди.

Тадбирда мамлакатимизда кейинги йилларда халқимизнинг бой маданий мероси, айниқса, улуғ бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур томонидан яратилган нодир, бебаҳо илмий асарларнинг жаҳон тараққиёти, илм-фани ривожидаги аҳамияти, илмий салоҳияти, инсоният тафаккурининг, халқимиз, айниқса, ёш авлод маънавияти, маданиятини юксатиришдаги ўрни ва роли ниҳоятда муҳим эканлигини таъкидланди.

Бобур сиймоси, унинг ижоди, илмий меросини тарғиб этиш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида сўз юритилди. Шунингдек, анжуманда "Бобурнома" асари итальян тилига таржима қилиниб, чоп этилганлиги айтиб ўтилди. Иштирокчиларга ушбу китобнинг тақдимот тадбири ёритилган видеоролик намойиш этилди.

Бобур номидаги халқаро жамоат фонди раиси ўринбосари Рустамжон Мамасолиев фонд томонидан 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва жорий йилдаги режалар хусусида маълумотлар берди.

Анжуманда "Навоий ва Бобур", "Бобуршоҳ асарларида мурожаат усуллари", "Бобурнома" асарининг инглиз тилига таржимаси хусусида" сингари қатор мавзулардаги маърузалар тингланди.

Тадбирда Туркия, +озоғистон, +ирғизистон, Озарбайжон, Россия  давлатларидан келган бобуршунос олимлар иштирок этиб, Бобур ҳаёти, ижоди ҳақида фикрлар билдирди.

Мазкур анжуман Бобур илмий-ижодий меросини ўрганиш, тадқиқ ва тарғиб этиш борасидаги ишларни янада юқори      босқичга кўтаришга хизмат қилади.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

"БИЗ ЗЎРАВОНЛИККА ҚАРШИМИЗ"

Танлов

Андижон давлат чет тиллар институти ректори, профессор Дилшодбек Рустамов ташаббуси билан олийгоҳимизда ўтказилган танлов шундай номланди.

Танловни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, талаба ёшларнинг бугунги кунда ўта долзарб масалалардан бирига айланган зўравонликка қарши муросасиз муносабатини шакллантириш, ана шу иллатга қарши курашдаги фаолликларини ошириш ҳамда унинг аянчли оқибатларини кенг жамоатчиликка етказиш кўзда тутилган.

Танловда институтнинг турли факультетлари талабалари иштирок этиб, мавзу доирасида ўзлари чизган расмлар, видероликлар ва саҳна кўринишларини намойиш этишди.  Ҳар бир қатнашчи ўзининг индивидуал қараши ва ижодий ёндашуви орқали мавзуни очиб беришга ҳаракат қилди.

Айниқса, бир гуруҳ иштирокчилар томонидан тайёрланган оилавий зўравонлик мавзусидаги саҳна кўринишлари бадиий савияси, таъсири, тарбиявий аҳамияти нуқтаи назардан томошабинларга манзур бўлди. Қизиқарли ва ўзига хос кўринишлар орқали зўравонликнинг  жисмоний, маънавий ва руҳий зарарлари кўрсатиб берилди.

Танловнинг ва иштирокчи талабаларнинг мақсади, шунчаки таъсирчан томоша кўрсатиш эмас, балки айни пайтда кенг жамоатчиликни ташвишга солаётган зўравонликка қарши нафрат уйғотиш, талабаларда ҳақ-ҳуқуқини таниш, келгусида зўравонликларнинг олдини олиш кўникмасини янада мустаҳкамлашга қаратилди. Буни танлов давомидаги талабаларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини қай даражада билиш борасидаги савол-жавоблар яққол кўрсатди.  

Расмлар, видеороликлар, зўравонликлар талқин этилган саҳна кўринишларидаги таъсирчан лавҳалар нафақат талаба ёшларда катта таассуротлар қолдирди, балки ҳакамлар ҳайъатининг ҳам эътирофига сазовор бўлди.

 Қизиқарли ўтган танлов якунида иштирокчи талабалар институт раҳбарияти томонидан эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Мен ҳам мазкур танловнинг қатнашчиси сифатида айтишим мумкинки, бу шунчаки саҳна намойишлари эмас, балки талабаларни зўравонликка қарши кураш йўлида янада жипслаштиришга хизмат қилган тадбир бўлди.

Биз талабалар мазкур йўлда бирлашсак, ҳамжиҳат бўлсак, бир куч бўлсак, зўравонликнинг ҳар қандай кўринишларини бартараф этишимиз мумкин. Қолаверса, зўравонликка, турли иллатларга қарши курашиш орқали биз инсон қадри, шаънини улуғлаш, адолатли жамият барпо этиш ишига ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшамиз.

 

Хуршидахон АБДУХАЛИЛОВА,

Андижон давлат чет тиллари институти талабаси.

ҲАРБИЙЛАР ВА ЎҚУВЧИЛАР "ЗАКОВАТ"ДА БЕЛЛАШДИ

Интеллектуал беллашув

Марҳамат туманида ҳарбий хизматчилар ва ўқувчи ёшлар жамоалари ўртасида "Заковат" интеллектуал беллашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли  Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги - Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан  ўтказилган беллашувда Ўзбекистон Республикаси ДХХ Чегара қўшинларининг Марҳамат туманидаги ҳарбий қисм аскарлари ва Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Марҳамат тумани ихтисослаштирилган мактаби ўқувчиларидан тузилган жамоалар ўзларининг билим ва иқтидорларини намойиш этдилар.

Ҳарбий қисм раҳбарияти ташаббуси билан ташкил этилган "Заковат" беллашуви муддатли ҳарбий хизматчилар ва ўқувчи ёшларнинг билим, интеллектуал салоҳияти, эркин фикрлаш ва тафаккур дунёсини янада бойитишга хизмат қилди.

 Қизиқарли баҳслар асосида ўтган беллашувнинг ғолиб ва иштирокчи жамоалари муносиб рағбатлантирилди.

Якунида маданий тадбир намойиш этилиб, иқтидорли ёшлар томонидан шеърлар ўқилди, қўшиқ ва рақслар ижро этилди.

Асадбек САЙФУЛЛАЕВ,

лейтенант.

ЁШЛАР ТАРБИЯСИ - МУҲИМ ВАЗИФА

МУЛОҲАЗА

Бугунги кунда фуқаролар, айниқса, ёшлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатлари таҳлили шуни кўрсатадики, ана шундай ҳолатларнинг юзага келишига кўпинча юртдошларимиз, ёшларимизнинг ҳуқуқий билимлари етарли эмаслиги, бу борада улар зарур билим ва тушунчага эга эмасликлари сабаб бўлмоқда.

Ёшларимизнинг ҳали тўлиқ шаклланмаган онг ва тафаккурига қатор хориж давлатларида содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар, интернет орқали тарқалаётган, миллий маънавиятимизга ёт ғоялар, ваҳшийлик ва зўравонликни   тарғиб қилувчи видео тасмалар, "оммавий маданият" кўринишлари салбий таъсир этаётганлиги албатта, бугун барчамизни ташвишлантиради. Бундай   ҳолатларнинг олдини олиш, ёшлар тарбияси эса асло кечиктириб бўлмайдиган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Ана шундан келиб чиқиб, туман судлари томонидан жорий йилда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда маҳаллалар, меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий билимларини бойитишга қаратилган турли тадбирлар ўтказилиши бўйича режалар белгилаб олинган.

Ўтказиладиган тадбирларимизда аҳоли, хусусан, ёшларнинг ҳуқуқий билим ва тушунчаларини ошириш, миллий қадриятларимиз, халқимизнинг ўзига хос урф-одат, анъаналарини кенг  тарғиб этиш, миллий мафкура ва маънавиятимизга салбий таъсир этувчи омиллар, "оммавий маданият" кўринишлари, диний ақидапарастлик ғоялари таъсиридан сақланиш, салбий ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Агар биз, умуман, кенг жамоатчилик мазкур йўналишдаги зарур тарғибот-тушунтириш ишларини ўз вақтида олиб бормасак, ёшларимиз тарбияси, маънавияти издан чиқиши, содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар ортиши, бу ҳолат вақтлар ўтиб тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин.

Шу боис, бу ишга нафақат ҳуқуқ-тартибот, маънавият, таълим соҳаси вакиллари, балки ота-оналар, зиёлилар, умуман, кенг жамоатчилик жиддий эътибор қаратиши керак. Шундагина биз ёшларимизни ҳар хил салбий иллатлардан ҳимоя қила оламиз. Қолаверса, чиройли тарбия олган, ҳуқуқий билимдон, бирор касб, ҳунарни бошидан тутган, салоҳиятли ёшларимиз, шубҳасиз, келажакда ота-онасига, устозларига раҳматлар келтирадиган, юрт равнақига муносиб хизмат қиладиган инсонлар бўлиб камол топади.

 

Нодирбек МИРЗАЖОНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Булоқбоши туман суди раиси.

Марказда байрам шукуҳи

Тадбир

Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Андижон вилояти Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказида байрам тадбири ўтказилди.

Инсон қадрини улуғлаш, кексаларга меҳр-оқибат, эҳтиром кўрсатиш халқимизнинг азалий қадриятларидан ҳисобланади. Қолаверса, ёши улуғ инсонларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Буни Андижон шаҳридаги "Саховат" кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ихтисослашган интернат уйида ўтказилган саховат тадбири мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Тадбирда сўз олган марказ директори Отабек Исмоилов ва бошқалар марказда истиқомат қилаётган отахон ва онахонларни байрам билан муборакбод этиб, барчаларига соғлик-саломатлик тилади.

Тадбирда  марказда самарали иш олиб бораётган эркак ходимлар марказ раҳбарияти томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар. Шунингдек, раҳбарият томонидан барча отахонларга байрам совғалари тарқатилди.

Тўкин ва файзли дастурхон атрофидаги суҳбат, "Ўзбекнаво" ижодий уюшмаси хонандаси Муқаддасхон Алихонова томонидан ижро этилган шўх қўшиқлар иштирокчиларга хуш ва байрамона кайфият улашди.

 

Мая УСМАНАЛИЕВА,

меҳнат фахрийси.

Ёнғин хавфсизлигини таъминлашга барчамиз масъулмиз

Огоҳлик

Янги ҳаёт тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари томонидан туман худудидаги аҳоли яшаш жойлари, корхона, ташкилотлар ҳамда ижтимоий соҳа    объектларида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, хусусан, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида тарғибот-тушунтириш ҳамда амалий ишлар олиб борилмоқда.

Объектлар белгиланган тартиблар доирасида ўрганиб чиқилмоқда. Ўрганишлар натижасида ёнғин хавфсизлигини таъминлашга оид белгиланган қоидаларнинг бузилиши, йўл қўйилган хато ва камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли таклиф ва тавсиялар берилмоқда. Шунингдек, корхона, ташкилот ва муассасалар иши-ходимлари иштирокида мулоқот ва суҳбатлар ўтказилмоқда.

Айниқса, туман ҳудудида янги барпо этилаётган объектлар қурилиш майдонларида ишчи-хизматчилар, мутахассисларга фавқулодда вазиятлар ҳамда ёнғинлар келиб чиқишининг олдини олиш, белгиланган тартибларга амал қилиш, носоз ва қўлбола электр жиҳозларидан фойдаланмаслик, электр энергиясидан фойдаланишда техника хавфсизлиги, меҳнат муҳофазаси қоидаларига амал қилиш бўйича тушунтиришлар берилмоқда.

 Азиз юртдошлар! қишнинг бугунги аёзли кунларида хонадонингиз, меҳнат жамоангиз, иш олиб бораётган масканларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилайлик. Ёнғинлар келиб чиқишининг олдини олишга нафақат нафақат биз, балки ҳар бир фуқаро масъулдир. Огоҳ ва хушёр бўлайлик, Соғлигимизни, ҳаётимизни, мол-мулкимизни ёнғин балосидан асрайлик.

 

Мухтор ЖОЛДИБАЕВ,

Тошкент шаҳар Янги ҳаёт тумани ФВБ бўлими кичик инспектори, катта сержант.

 

Пенсия ёшига етган фуқарога пенсия "автоматик" тарзда тайинланади

Мутахассис минбари

 

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Марҳамат тумани бўлими томонидан Пенсия таъминоти тизимига ахборот технологияларини фаол жорий қилиш орқали фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар босқичма-босқич интерактив ва проактив шаклга ўтказилмоқда.

Хусусан, тизимда:

2024 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар жорий этилди:

фуқаролар пенсия тайинлашни сўраб қўшимча равишда Давлат хизматлари марказига ташриф буюрган ҳолда ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали онлайн мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди.

Шунингдек, фуқаро жамғарган пенсия маблағларини Халқ банкининг мобил иловаси орқали олиш имконияти яратилди.

Бунда, фуқароларга пенсия тайинланганидан сўнг  жамғарган пенсия пулини олиш учун Пенсия жамғармасидан қоғоз шаклидаги сертификат бериш тартиби бекор қилинди.

Шунингдек, 2025 йил 1 мартдан бошлаб:

пенсия ёшига етган фуқароларга пенсиялар "автоматик" тарзда, яъни ҳеч қандай ҳужжат талаб этмаган ҳолда ва фуқаронинг мурожаатисиз тайинланади;

фуқаронинг шахсига оид барча маълумотлар вазирлик ва идораларнинг электрон базаларидан олинади.

Ушбу қулайликларнинг йўлга қўйилиши натижасида:

Биринчидан, фуқаролардан пенсия тайинлаш учун қўшимча ҳужжатлар йиғиш учун Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмасига мурожаат қилиш талаб этилмайди.

Иккинчидан, пенсия ёшига етган фуқаронинг телефон рақамига "пенсия тайинланганлиги ва унинг миқдори" тўғрисида маълумот юборилади.

Шунингдек, пенсияга чиқмасдан иш фаолиятини давом эттириш истагида бўлган ёки пенсия миқдоридан норози бўлган фуқароларга "автоматик" тайинланган пенсияни тўхтатиш ҳуқуқи берилмоқда.

Фуқарога "автоматик" пенсия тайинланганлиги ёки пенсия тайинланиши рад этилганлиги ҳақида СМС хабар юборилади.

Фуқаро пенсия тайинланганидан, пенсия миқдоридан ёки пенсия тайинланиши рад этилганидан норози бўлган тақдирда Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига тегишли тартибда ариза билан мурожаат қилишлари мумкин бўлади.

 

Буважон ҲОСИЛОВ,

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Марҳамат туман бўлими бошлиғи вазифасини вақтинча бажаруви. 

Юртимизда шахмат янада ривожланади

Мутахассис мулоҳазаси

Инсониятнинг ақлу тафаккури ила яратилган кишини ҳар тамонлама фикрлаш ва дунёқарашини ривожлантиришга кўмаклашувчи шахмат ўйини минг йиллардан буён миллионлаб инсонларнинг кўнглига завқ бериб келмоқда. Шахмат ўйини ихтиро қилингандан сўнг барча даврларда кўплаб буюк саркардалар, фотиҳлар, олиму-фузалолар, давлат арбоблари томонидан катта қизиқиш билан ўйнаб келинган. Ушбу ўйиннинг ривожланиш босқичларида бизнинг юртимиз, хусусан, улуғ алломаларимизнинг ҳам алоҳида ўрни ва роли бор, десам асло муболаға бўлмайди.

 1972 йилда Далварзинтепа (Сурхондарё)да олиб борилган археологик қазишмалар вақтида Кушон даври (I-II асрлар)-га оид шахмат доналари, 1977 йилда Афросиёб (Самарқанд)да ўтказилган тадқиқотлар чоғида эса VII-VIII асрларга тааллуқли 7 та шахмат донаси топилган. Абу Райҳон Берунийнинг "Ҳиндистон", Абдураззоқ Самарқандийнинг "Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн", Алишер Навоийнинг "Мажоил ул-нафоис", "Лисон уттайр" Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг "Бобурнома" ва бошқалар тарихий асарларда шахмат (шатранж)га оид қимматли маълумотлар бор.

Амир Темур даврида эса кучли шатранжчилар Самарқандда тўпланишган. Табризлик Али аш-Шатранжий (Оловиддин ат-Табризий) Самарқандда ўтказилган мусобақаларда ғолиб чиққан. У шатранж ҳақида китоб ёзиб, унга ўзининг ва XIV асргача Ўрта Осиёда яшаб ўтган кўплаб олия (гроссмейстер)ларни  киритган.

Али аш-Шатранжий Амир Темур билан ҳам шатранж ўйнаб турган. Шу ўринда шахматнинг ривожланишида буюк давлат арбоби, соҳибқирон Амир Темурнинг ҳам алоҳида хизматлари борлигини эътироф этиш ўринли. Тарихий манбаларда баён этилишича, Амир Темур шатранжга кучли меҳр қўйган. Жанглардан аввал ўзининг стратегияларини янада мустаҳкамлаш, жанг санъатини мукаммал ўрганиш  учун мунтазам Шатранж ўйнаб турган. Энг асосийси, у шахмат ўйинининг янги бир услубини яратган. Соҳибқирон яратган шахмат шатранжнинг каттароқ варианти бўлгани учун у "Шатранж ас-сагҳир" ("Кичик шахмат") дан фарқли равишда Шатранж Ал-Кабир (катта шахмат ёки Буюк шахмат) деб ҳам аталган. Гарчи у ўйин замонавий шахматга ўхшаш бўлса-да, пиёда ва сипоҳларнинг ҳар хил турлари борлиги билан ажралиб турган, уларнинг ҳар бири ўзига хос тарзда ҳаракатланган. Улуғ аждодларимизнинг ақлу тафаккури, шатранж ривожига қўшган ҳиссаси  бугун Янги Ўзбекистон ёшларининг шахматда қўлга киритаётган улкан ғалабаларининг тарихий асоси, десам адашмаган бўламан.  Кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан шахмат спортини ривожлантириш ва оммавийлигини оширишга алоҳида эътибор берилмоқда. Натижада юртимизда шахмат энг оммабоп спорт турларидан бирига айланди. Айниқса, лавлатимиз раҳбарининг 2021 йил 14 январдаги "Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга олиб чиқишда дастуриламал бўлмоқда.

Юртимиз ёшлари 2022 йил Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган 44- Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида 1-ўринни қўлга киритганликлари бутун дунёни ҳайратга солди. Яна бир тарихий воқелик, яъни  Халқаро шахмат федерациясининг қарори билан 2026 йилда Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси Ўзбекистонда ўтказилиши барчамизнинг қалбимизни фахр-ифтихорга тўлдиради.

2026 йилда юртимизда Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини юқори даражада ўтишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майда "2026 йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 46- Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига комплекс тайёргарлик кўриш ҳамда шахматни оммавий ҳаракатга айлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинган. Ҳозирда ана шу ҳужжат асосида Ўзбекистон шахмат федерацияси томонидан кенг кўламли тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда, мусобақага пухта ҳозирлик кўрилмоқда.

Биргина терма жамоа аъзоларини мусобақага тайёрлаш борасида олиб борилаётган ишларга эътибор қаратадиган бўлсак, шахматчиларимизнинг йирик        халқаро турнир ва мусобақаларда қатнашиши ва рейтинг очколарини ошириб боришлари учун барча имкониятлар яратиб берилмоқда. Бу албатта, терма жамоа аъзоларининг доимий спорт формасида бўлишларига замин яратмоқда.

Амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатлар замирида Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига пухта тайёргарлик кўриш ва юқори даражада ўтказиш мақсади ётади.

Шахматни ривожлантириш, оммалаштириш, ёш спортчиларни саралаб олиш ва тарбиялаш, халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эриша оладиган рақобатбардош спортчиларни тайёрлашда шубҳасиз, Халқаро шахмат академиясининг ўрни ва роли ниҳоятда катта.

Катта тажриба ва маҳоратга эга бўлган мураббийлар жамоаси томонидан тайёрланаётган спортчиларимиз бугунги  кунда Осиё ва жаҳон чемпионатларида    совринли ўринларни қўлга киритишмоқда. Хусусан, академиянинг Андижон вилоятида таҳсил олаётган ўқувчилари ҳам жорий йилда юқори натижаларга эришдилар. Жумладан, Абдулборий Абдувалиев, Абдулқодир Баҳодиров ўз ёш тоифаларида Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионатларида совринли ўринларни қўлга киритишди. Бундан ташқари, 5 ташаббус олимпиадаси, Марказий Осиё чемпионати ва бошқа халқаро мусобақаларда Амалия Китьян, Одинахон Юлдошбоева, Иззатулло Акраев, Иқболжон Аҳмаджонов сингари ўқувчиларимиз муносиб иштирок этишди.

Ўзбекистон Шахмат федерацияси томонидан 2025 йил календар режадан ўрин олган мусобақаларда иштирок этувчи ўқувчилар сони ҳам аввалги йилларга нисбатан бирмунча ортди.

Куни-кеча вилоятимиз марказидаги универсал спорт мажмуасида 7-17 ёшли ўқувчилар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионати мусобақаларида ҳам андижонлик ёш шаҳматчилар муваффақиятли иштирок этишди. Мамлакатимизнинг 900 нафар ёш шахматчиси қатнашган мазкур мусобақаларда вилоятимиз вакиллари умумжамоа ҳисобида фахрли ўринларни бирини эгаллади. Ишонамизки, спортчиларимизнинг йил бошидаги ушбу муваффақияти кўлга киритиладиган кўплаб ютуқларнинг дебочаси бўлади.

Нажмиддин  УМАРОВ,

Халқаро шахмат академияси Андижон вилояти мураббийи, олий тоифали мураббий, ФИДЕ арбитри.

МАЪНАВИЯТ ВА МАЪРИФАТ ЎЧОFИ

Китоб ва кутубхона

Инсон камолоти, жамият тараққиётида илм булоғи бўлган китобнинг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Китоб асрлар оша йўлчи юлдуз бўлиб инсониятни  нурли манзилларга етаклаётган улкан маънавий хазинадир. Ушбу хазинани қадрлаб, ўзлаштириб олаётган жамият, миллат ва давлатлар ривожи тобора юксалиб бормоқда.   

Бежиз Президентимиз  "Китобсиз тараққиётга, юксак маънавиятга эришиб бўлмайди", дея таъкидламаган. Зеро, китоб энг яхши дўст, энг доно маслаҳатчи, беминнат ҳамроҳ. Ҳар саволингизга жавоб бергувчи, ҳар муаммоингизни ечгувчи  улкан хазинадир.

Ҳаёт йўлларида тентираб қолган, муаммолар гирдобига тушган кимсаларга савол бергим келади. Китоб ўқийсизми? Охирги марта кутубхонага қачон боргансиз? Жавоби аниқки, у китоб ўқимайди. Кутубхонага умуман, қадам ранжида қилмаган. Билсангиз, кутубхона нурхона. Унинг ўзгача жозибаси бор. Бир марта кирдингизми, сўнгра ушбу маскан сизни оҳанрабодек ўзига тортаверади.

Бу маскан нақд хазинанинг ўзи. Ҳар қадамда уймалашган китобхонларга кўзингиз тушади. Бу ерда хоҳлаган мавзудаги - хоҳ илмий, хоҳ тарихий, хоҳ бадиий китоблар сизга мунтазир. Илмий китобларни ўқиб билимингизни оширинг. Тарихий китобларни мутолаа қилиб дунёқарашингизни кенгайтиринг, Бадиий      китоблар эса маънавиятингизни бойитади, оқ-қорани танийсиз, ахлоқан покланасиз. Диний      китобларни ўқиб руҳан етук инсонга айланасиз.

Бир кунда ярим соат китоб ўқиган одам ҳаёт йўлларида сарсон бўлмайди. Улар ҳар қандай қийин ҳолатда ҳам ортиқча асабийлашмайди. Китоб ўқиган инсоннинг сўз бойлиги, муомала маданияти юксалади. Шунингдек, унда қийинчиликларга қарши курашишга кўникма ҳосил бўлади. Тушкунликка тушишдан сақлайди.

Китоб мутолааси оила даврасида олиб борилса ота-оналар ва фарзандларнинг ўзаро муносабатлари яхшиланади. Ота-она ёрдамида китоб ўқиган болалар одоб-ахлоқли,  маънан юксак бўлиб тарбияланади. Яна улар меҳр-шафқатли бўлиб улғаядилар, ота-онага меҳрибон, эл-юрт ишига камарбаста, Ватанга садоқатли бўлади. Қолаверса, кўп китоб ўқиган болалар орасидан ҳуқуқбузар ва жиноятчилар чиқмайди. Аксинча, жамиятдаги жараёнларга даҳлдорлик ҳисси билан яшайдиган, тинчликнинг қадрига етадиган, миллий қадриятлар, аждодлар меросини асраб-авайлайдиган инсонлар бўлиб камол топади. Ҳа, китоб шундай садоқатли ва беминнат дўст. Китобга ҳамроҳ бўлган инсон фақат ютади.

Зеро, Юртбошимизнинг "Дунёда ҳар қайси давлат, ҳар қайси миллат биринчи навбатда ўзининг интеллектуал садоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса, аввало инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти китоб ва кутубхоналарда", деган гапларини бутун халқимиз, айниқса, ёшларимиз дилдан англаб, китобга меҳр қўйса, ўқиб илм олса, шубҳасиз, юртимизнинг, халқимизнинг эртаси янада порлоқ бўлади.

 

Наргизахон ОРИПОВА,

республика Маънавият ва маърифат маркази Бўстон тумани бўлинмаси

бош мутахассиси.

"Жадидлар изидан"

Тадбир

Булоқбоши туманидаги 14- сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида "Жадидлар изидан" деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, Булоқбоши туман ахборот-кутубхона маркази, республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими вакиллари, ўқувчи ёшлар иштирок этган тадбирда халқимизни илм-маърифатга чорлаган, миллий озодлик йўлида курашган, жон фидо қилган жадид боболаримизнинг ибратли ҳаёти ҳақида сўз юритилди. Хусусан, жадидчилик ҳаракатининг илғор вакилларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти, фаолияти, илмий-ижодий мероси ҳақида маълумотлар берилди.

Тадбирда ўқувчилар томонидан намойиш этилган бадиий дастур - ижро этилган куй, қўшиқ ва рақслар барчага кўтаринки кайфият бағишлади.

Ўқувчи ёшлар қалбида тарихимиз, жадид боболаримизга, миллий қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилган мазкур тадбир сўнгида "Жадидлар изидан" кўрик-танловининг республика босқичи   совриндори, тумандаги 11- умумтаълим мактаби ўқувчиси Шодиёна Раҳматжоновага эсдалик  совғалар топширилди.

Умидахон ЭГАМБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.