+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ТАЪЛИМ-ТАРБИЯДА МУҲИМ ЖИҲАТ

Эътибор

Мен мактабгача таълим ташкилотида тарбиячилик қиламан. Ҳафтанинг деярли беш  кунида эрталабдан кечгача болалар қуршовидаман. Боланинг онги, қалби гўё тоза варақ мисоли оппоқ. Унга нимани ёзсак, шу билан  бойиб боришини узоқ вақтлардан буён шу  соҳада ишлаш билан тушуниб етганман.

Демак, боланинг ёшига мос фикрлар, ғоялар  билан ёндашишни касбимиз тақозо этади. Болажонлар... Улар доимо ҳаракатда, бир зум  тек туришмайди. Гоҳ  расмлар чизгиси, гоҳ ўйинлар ўйнагиси келади. Қизиқувчан, кўп  саволлар бериб, анча нарсаларни билиб олишни исташади. Ҳар бир саволга ёшига  муносиб жавоблар бераётиб, эртакларга, мақолларга, ҳикояларга тўхталаман. Улар  ҳайратланиб, берилиб, бутун вужуди қулоққа айланиб тинглашади.

Эсимда, тарбиячиликнинг илк куни эди. Бир  гуруҳ  болалар даврасида улар билан  ўйин-танишув машғулотини ўтказаётгандик. Машғулот якунланганда, кимдир этагимдан  тортди. Ўгирилдим.  Тенгқурлари орасида бўйлари кичик, қорачадан келган, қотмагина  болакай менга қараб турарди:

-  Опа,  менинг исмимни сўрамадингиз-ку!

Ўйин билан овора бўлиб, уни қолдириб кетган эканман. Унинг кайфиятини кўтаришга ҳаракат қилиб,  дарров қучоқладим.

 - Исминг нима?

- Муҳаммадаюб...

 - Жуда чиройли исминг бор экан, кел, ёнимга ўтир, - уни ёнимга жойлаштирдим-да,  кейинги машғулотни бошладик...

Шунда мен ҳар бир болага эътибор зарурлигини англагандим...

Булоқбоши туманининг чекка ҳудудларидан бири – Тўғрисув маҳалласидаги 21- давлат мактабгача таълим ташкилотида фаолият олиб бораётганимга қирқ тўрт йилдан зиёд вақт бўлди. Муассасада еттита гуруҳда икки юз ўн нафар бола  тарбияланмоқда. Менинг тайёрлов гуруҳимда эса ўттиз нафар болажон таълим-тарбия олмоқда. Масканга  туманнинг Чақар, Дўлан, Барса, Гўштемас  каби олис маҳаллаларидан болалар йиғилган  бўлиб, ҳар тонг уларни ота- оналар  машғулотларга етказиб келадилар.

Айни кунларда муассасаларда машғулотлар “Илк қадам” (3-7 ёшгача бўлган  болаларнинг билим, кўникмаларини ошириш кўзда тутилган) давлат ўқув дастури  асосида йўлга қўйилган. Тайёрлов гуруҳи тарбияланувчилари туманимизнинг 8-, 9-, 31-умумтаълим мактабларининг 1- синфларига йўналтирилади. Машғулотлар миллий  анъаналаримизни ҳам ўргатишга асосланган. Яқинда, Наврўз арафасида муассасада  мактабгача таълим ташкилотлари  вилоят семинари ўтказилди. Тарбияланувчилар боғча  ҳовлисида миллий ўйинлардан тўптош, арқонда сакраш, варрак учириш, ҳалинчалак учиш  сингари ўйинларни меҳмонларга намойиш қилиб бердилар. “Илк қадам” дастуридан  келиб чиқиб, муассасада марказлар   фаолияти йўлга қўйилган. Улар қуриш-ясаш,  сюжетли ролни драмалаштириш, тил ва нутқ, фан ва табиат, санъат марказларидан иборат. Болалар  ўз  хоҳиш-истакларига кўра, марказлардан бирини  танлаб олишади.

  Узоқ  йиллар давомида тўпланган тажрибаларим, бир неча йиллик кузатувларим,  болалар биялан ишлаш жараёнида орттирган ўзимга хос услубларимдан келиб чиқиб,  матбуот саҳифаларида қатор мақолалар, услубий қўлланмалар чоп эттиришга муваффақ  бўлдим. “Шоҳ ва шоир Бобур” деб номланган рисолам улуғ бобокалонимиз Заҳириддин  Муҳаммад Бобурнинг мураккаб ҳаёт йўли, ижодига бағишланган бўлиб,  тарбияланувчиларга шоир ҳақида машғулотларда қандай тушунчалар бериш кераклиги  ҳақида, Бобур ижодини қандай саҳналаштириш мумкинлиги ҳақидаги тавсиялар ўрин  олган. Бу китоб вилоятнинг кўплаб тарбия муассасалари тарбиячиларига қўлланма  сифатида тақдим этилди.

Болаларнинг иқтидори, истеъдоди боғча ёшидан кашф этилади. Боғчамизда  байрам кунлари ташриф буюрган ота-оналар эътиборига болалар ижоди: расмлар, болалар ўзлари тўқиган эртак қаҳрамонлари суратлари, кашта,  тўқилган буюмлар кўргазмалари ҳам намойиш этилади. Ҳар бир боланинг кун давомида қай ҳолатда бўлганлиги,  қандай натижаларни қўлга киритаётганлиги, ўзини тутиши ва ривожланиш кўрсаткичлари муассасада ташкил қилинган ота-оналар учун махсус стенд ва эълонлар бурчакларида,  мониторинг ойналарида акс этади. Бу ота-оналарнинг биз тарбиячиларга бўлган ишончини оширади, фарзандининг тарбиясига, келажагига бефарқ бўлмасликка ўргатади.

Турсуной ЖАЛИЛОВА,

Булоқбоши туманидаги  21- давлат  мактабгача таълим ташкилоти катта гуруҳ тарбиячиси, II даражали “Соғлом авлод” ордени соҳибаси.

БУГУН ҲАРАКАТ ҚИЛИШ ВАҚТИ!

Мулоҳаза

Агар юрагингизда бирор орзу бўлса, унга эришиш учун "кейин ҳаракат қиламан" деманг! Ҳар қандай орзунинг амалга ошиши кичик қадамлардан бошланади. Ҳа, кичик қадамларингиздан бошланади. Ўйлаб таваккал қилишдан қочманг. Ўзингизни кучингиз, вақтингиздан келиб чиқиб, таваккал қилиб йўлингизда давом этинг. Бу орзуга интилишнинг илк қадамларидир.

Ҳаёт - фақат мажбуриятлардан иборат эмас. Ҳаётда сизнинг ҳам хоҳишларингиз, армонларингиз, ҳис-туйғуларингиз ҳисобга олиниши керак.

Умр бизга нима учун берилган? Яхши яшаш учун, авлодлар қолдириш учун. Ундай бўлса нега яхши яшаш учун зарур бўлган амалларни қилмаслигимиз керак? Эзгу ва хайрли ишларга камарбаста бўлиб, бу йўлдан дадил боришимиз керак.

 Шундай экан, бугун орзуларингиз йўлида биринчи қадамни ташланг. Бирор китоб ёзмоқчимисиз? Бошланг. Тил ўрганмоқчимисиз? Биринчи дарсни ўтинг. Сафарга чиқмоқчимисиз? Чипта учун маблағ йиғишни бошланг. Ҳа, ҳаммасини бошлаш керак. Энг муҳими, бошлаб олишда. Кейин, у ёғи ўзи давом этиб кетаверади. Интилсак, ҳаракат қилсак бас.

Вақтни кафтимизда ушлаб туролмаймиз. Вақт бизни кутмайди. Орзуларни "кейинга" сурган сари, уларнинг оғирлиги юрагимизни тобора эзаверади. Масъулият кучайиб борган сари орзулар сусайиб, ўз кучини йўқота бошлайди. Ҳаёт олдинлаган сари туйғулар, хоҳишлар ўзгариб бораверади. Имкониятлар қўлдан чиқади.

 Бугун эса бошлашдан   қўрқманг, чунки ҳозирги ҳаракатларингиз келажагингизни белгилайди! Ўтмишингизга боққанда, эссиз, шу ишни қилмаган эканман-а, деган армон бўлишига йўл қўймаслик учун ҳозир бошланг.

Сарвиноз МАМАСОЛИЕВА,

Андижон давлат чет тиллар институти магистри, "Журналистик маҳорат мактаби" тингловчиси.

ЎЗИНГИЗГА ТЕГИШЛИ МАЪЛУМОТЛАРНИ АЛБАТТА, РАҚАМЛАШТИРИНГ

мутахассис тавсияси

     Кейинги йилларда мамлатимизда барча соҳалар рақамлаштирилмоқда, турли хизматлар ўзаро интеграциялашмоқда. Бу орқали энг аввало, фуқароларга катта қулайликлар яратилмоқда, мамлакатимиз бўйича маълумотлар базаси шакллантирилиб, ҳар қандай маълумотни юртимизнинг исталган жойидан тез ва осон олиш имконияти яратилди.

Ушбу жараён барча соҳаларда изчил амалга оширилмоқда. Агар сизнинг ҳам  маълумотларингиз рақамлашмаган бўлса, буни дарҳол амалга оширинг. Бу сизга келажакда ишончли равишда автоматик пенсия тайинланишини таъминлайди.

Ҳурматли фуқаролар!

Бугунги кунда ишлаётган бўлсангиз, иш жойингиздаги кадрлар бўлимидан меҳнат фаолиятингиз тўғрисидаги барча маълумотларни my.mehnat.uz тизимига киритиб қўйишларини талаб қилинг.

 Агар айни пайтда ишламаётган бўлсангиз, Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимларига мурожаат қилиб, меҳнат дафтарчангиздаги ёзувларни тегишли базага киритиб, бепул рақамлаштириб олинг. Бу келгусида сизнинг пенсияга чиқишингиз билан боғлиқ оворагарчиликларнинг олдини олади.

 

Буважон ҲОСИЛОВ,

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси

Марҳамат тумани бўлими бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи.

FОЛИБЛАР САФИ КЕНГАЙМОҚДА

Спорт

Бир неча йилдирки,   Қўрғонтепа туманидаги 37- умумтаълим мактаби қошида тажрибали спортчи Шоҳруҳбек Ҳакимов мураббийлигида "Ватанпарвар" у-шу спорт клуби фаолият кўрсатмоқда. Ўтган давр ичида ушбу клубдан у-шу спортининг кўплаб иқтидорли вакиллари етишиб чиқди. Клубнинг кўплаб тарбияланувчилари вилоят, республика ва халқаро мусобақаларда совриндорлар қаторидан ўрин олдилар.

Жумладан, яқинда   Ўзбекистон мезбонлигида бўлиб ўтган Марказий Осиё чемпионатида клуб аъзоси Нозимахон Ҳакимова фахрли 1-ўринни эгаллади. Шунингдек, кейинги йилларда клуб аъзоларидан Авазбек Муҳаммаджонов, Абдулҳамид Одиловлар Брунея Султонлигида бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иккинчи ва учинчи ўринларга сазовор бўлдилар.

Клубнинг яна бир истеъдодли спортчиси Аҳрорбек Одилжонов Ўзбекистоннинг беш карра чемпиони ва "Қирғизистон Оппен" халқаро турнирининг 18 ва ундан юқори ёшдаги иштирокчилари ўртасида фахрли  биринчи ўринни қўлга киритган.

Ўтган йили Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида клуб вакиллари Муҳаммадқодир Нурмуҳаммедов ва Муҳаммадислом Иномовларнинг учинчи ўринни эгаллаганликлари клубнинг навбатдаги ғалабаларидан бири бўлди.

Клуб, қолаверса, мураббий Шоҳруҳбек Ҳакимов фаолиятидан нафақат тарбияланувчилар, балки уларнинг ота-оналари ҳам мамнун бўлишмоқда. Ишонамизки, ушбу клубда у-шу сирларини ўрганаётган ёшлар келажакда яна кўплаб ютуқларни қўлга киритадилар.

 

Зулфия ҲАКИМОВА,

Қўрғонтепа тумани.

Ҳаёт бебаҳо неъмат, уни қадрлаш ўз қўлимизда

Мутахассис минбари

Мамлакатимизда  бугунги  кунда  ижтимоий  ҳаётнинг барча  соҳаларида  кўплаб ўзгариш  ва янгиликлар  содир  бўлаётгани сир эмас. Бундай ўзгаришлар жамият аъзоларининг  сиёсий - ахлоқий, маданий-иқтисодий ҳаёт тарзини янада яхшилаш, ҳар бир инсоннинг муносиб турмуш  даражасига эга бўлиши, эркин ва фаровон яшаши учун шарт-шароитлар яратишдан  иборатлиги  билан муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Ҳар биримиз ҳаётимиз давомида кўплаб кўнгилсиз воқеа ва ҳодисаларни бошимиздан кечирамиз. Буларга мисол қилиб,  бахтсиз никоҳлар, ота-она ва фарзандлар келишмовчилиги, қайнона-келин муносабатлари, ишхонадаги келишмовчиликлар, касбий жароҳат, хотин-қизлар ва вояга етмаганлар, ногиронлиги бўлган шахслар ёки бошқа   шахсларнинг тазйиқ ва зўровонликка учраши, техноген, табиий ва экологик тусдаги фавқулодда вазиятлардан жабрланганлар, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп, нотиббий дори воситаларини истеъмол қилувчи ва алкоголизм, гиёҳвандликка йўлиқиш каби турли хил ҳолатларни айтиш мумкин. Инқирозли вазиятларда инсон баъзан  кучли стресс, депрессияга тушиб, руҳий тушкунлик ҳолатларини бошдан кечиради. Мана шундай вазиятларда  киши руҳшунос ёрдамига эҳтиёж  сезади.

Ҳозирда ривожланган давлатларда руҳан соғлом инсонлар ҳам руҳшуносларга мурожаат қилишиб, ўзларининг кучли томонларини, иқтидорларини аниқлаб, ўзига ишончини мустаҳкамлаб, танлаган соҳаларида муваффақиятларга эришаётганликлари маълум. Бугунги кунда ижтимоий хизматда психологик ёрдамнинг аҳамияти ва ўрнини қуйидагичаи зоҳлаш мумкин.

Хизматнинг бу тури инсонга ички имкониятларини очишга ёрдам беради. Ижтимоий      ҳимояга муҳтож одамлар руҳиятида босим бўлади. Улар ўзининг салоҳияти, ички ресурсларини англаб етмаслиги ёки тўғри бошқара олмаслиги мумкин, чунки қийинчилик туфайли ўзини таҳлил қилиб кўрмаган бўлади.   

Психологик ёрдамнинг асосий вазифаси ҳам инсон ўз имкониятларини очишига ёрдамлашишдир.Шу муносабат билан, Андижон вилоятининг  Булоқбоши туманида ҳам "Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ташкил этилган бўлиб, марказда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган фуқаролар учун профессионал психологик хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилган. Фаолият давомида оғир вазиятга тушган оилалар комплекс тарзда ўрганилиб, уларнинг ижобий ижтимоийлашувига эришилмоқда.

Ҳаёт ҳар биримизга берилган олий неъматдир, уни борида  қадрлаб яшаш эса ўз қўлимизда. Мамлакатимизнинг юксалиши баркамол, маънавий етук авлод қўлида экан, биз уларнинг ҳам жисмонан, ҳам руҳан соғлом бўлиб камолга етишларига алоҳида эътибор беришимиз лозим. Нафақат ёшларга балки, барча аҳолига ҳар қандай оғир вазиятлардаги муаммонинг ечимини тўғри топишларида кўмаклашишимиз ва уларни руҳан соғлом бўлишларида бир воситачи бўлмоғимиз лозим. Бизнинг фаолият ва ҳаракатларимиз негизида ҳам ана шу мақсад ётади.

 

Дилшода ҲАСАНОВА,

 Булоқбоши тумани

«Инсон» ижтимоий хизматлар  маркази  психологлар  гуруҳи бош мутахассиси. 

КОРРУПЦИЯНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

Қонун ва ижро

Ҳар бир фуқаронинг биринчи галдаги вазифаси бўлиши керак

Маълумки, бугунги кунда коррупция дунё миқёсида кенг жамоатчиликни ташвишга солаётган глобал муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий зарар етказиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади.

Шу боис, унга қарши курашиш масаласи муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, бу борада республикамизда ҳам зарур чоралар кўрилиб, кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда.

Коррупцияга қарши муваффақиятли кураш тизимини барпо этишда халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш, унга танқидий ёндашган ҳолда миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш лозим бўлади.

Коррупция ўзига тамагирликни қамраб олган ҳолда жамиятнинг маънавий устунлари ҳамда демократик принципларни емириб, мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий тараққий этиши учун улкан хавф туғдиради.

Этимологик жиҳатдан “коррупция” - лотинча “corruptio”, яъни “бузиш, сотиб олиш, пора эвазига оғдириш” деган маъноларни англатади. Коррупция шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш демакдир.

Мамлакатимизда  коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш билан боғлиқ ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришга қаратилган бир қатор муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул килинган.

Хусусан, 2017 йилнинг 3 январида ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш  тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди ҳамда бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда коррупциянинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари сифатида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти белгиланган бўлиб, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга оширишлари назарда тутилган.

Бинобарин, коррупцияга қарши курашишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбия масалалари қонуннинг бир нечта моддаларида ўз ифодасини топган. Чунки ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти юксак бўлган ва ҳуқуқий таълим ва тарбия жиҳатдан етук бўлган инсонлар салбий иллат бўлмиш коррупцияга йўл қўймайдилар.

Бу борада, давлатимиз раҳбари кўплаб маъруза ва чиқишларида лоқайдлик, бепарволик, порахўрлик, коррупция, сохтакорлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилишга қарши кураш бутун жамиятнинг бош мақсадига айланиши кераклиги тўғрисида таъкидлаб ўтган.

Ҳозирда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини ошириш Агентлик билан бир қаторда барча ташкилотларнинг, шу жумладан, банкларнинг ҳам устувор вазифаларидан биридир.

Коррупциянинг олдини олишга қаратилган ислоҳотларни амалга ошириш доирасида “ўзмиллийбанк” АЖ тизимида банк ходимларининг ҳуқуқий онгини ошириш, тарғибот-ташвиқот тадбирларини янада жонлантириш ҳамда самарадорликка эришиш, қонун устуворлигини таъминлаш масалаларида тааллуқли ишларни олиб бормоқдалар. 

Коррупция шундай иллатки, уни бир ёки икки департамент, тузилма саъй-ҳаракати билан йўқ қилиб бўлмайди. қачонки, барча ходимларимиз, жамоа бўлиб унга қарши биргаликда курашиб, унинг илдизларини йўқ қилишга киришилсагина ижобий натижага эришиш мумкин.

Жойларда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишларнинг ҳолатини комплекс ўрганиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлаб бориш учун банкнинг коррупцияга қарши курашиш комиссияси фаолиятини кучайтириш муҳимдир. Ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, банкда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатга эришиш, ушбу йўналишдаги қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларидан унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Ваҳоланки, бугун ҳар бир банк ходимининг феъл-атворига Ўзбекистон Республикаси қонунларига бўйсуниш ва уларни ҳурмат қилиш одобини  сингдириб бориш ўта муҳим вазифадир.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, коррупция ва порахўрлик жамият барқарорлигининг муҳим асоси бўлган адолатнинг йўқолишига олиб келади. Мамлакатимиз мустаҳкамлиги, халқимиз фаровонлиги, юртнинг ривожи ва гуллаб яшнашини, обод бўлишини истаган ҳар бир фуқаро пора олиш ва бериш иллатидан халос бўлиши, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланиши, бир сўз билан айтганда, коррупцияга қарши муросасиз бўлиши лозим.

 

Озодбек ТЎХТАСИНОВ,

“Ўзмиллийбанк” АЖнинг Андижон вилояти Бош бошқармаси бошлиғи в.б.

 

Зафаржон ТЎЙЧИЕВ,

“Ўзмиллийбанк” АЖнинг Андижон вилояти Бош бошқармаси коррупцияга қарши курашиш комплаенс-назорат бош мутахассиси.

 

Марказ кўмагида хотин-қизлар ўз тадбиркорлигини йўлга қўйдилар

Жараён

Андижонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали ҳудудларда гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизларнинг касб-ҳунар ўрганишларига кўмаклашиш ҳамда танлов ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда мамлакатимизда аҳолининг эҳтиёжманд қатламини, айниқса, “Аёллар дафтари”га киритилган ҳотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунар ўргатиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

 “Сабр” республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази, хусусан, Андижон Маҳаллий ривожланиш маркази томонидан Европа иттифоқи ҳамда Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш федерал вазирлиги молиявий кўмагида амалга оширилаётган «Фуқаролик жамияти иштироки орқали ҳудудларда гендер ислоҳотларига кўмаклашиш» лойиҳаси доирасида танлаб олинган Олтинкўл туманидаги Ижтимоият ва Бўстон маҳаллаларида истиқомат қилувчи, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган 90 нафар хотин-қиз қандолатчилик, тикувчилик, каштачилик, компьютер саводхонлиги ва аёллар сартароши ҳунарларига  ўқитилди.

Марказ ташаббуси билан аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини ривожлантириш, бизнес лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида касб-ҳунар  курслари битирувчилари учун ташкил этилган танловда қатнашган бир гуруҳ хотин-қизлар ўзларининг микробизнесларини йўлга қўйиш ва ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ҳамда бизнес ғоялари билан иштирок этдилар.

Тадбирда ана шу танловда ғолиб деб топилган 8 нафар хотин-қиз тақдирланиб, уларга ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишлари учун қандолат маҳсулотлари тайёрлашда фойдаланиладиган жиҳозлар ҳамда тикув машиналари топширилди.

-Марказнинг тикувчилик курсини муваффақиятли тамомладим, - дейди Олтинкўл тумани Бўстон маҳалласида яшовчи Зарифахон Жўраева. – Ўрганган ҳунарим бўйича хонадонимда тадбиркорликни йўлга қўйиш бўйича лойиҳа билан танловда иштирок этиб, ғолиблар қаторидан ўрин олганлигимдан  хурсандман. Менга тикув машинаси берилди. Энди тикувчилик билан шуғулланиб, даромад топиш имконига эга бўлдим.

Тадбирда “Сабр” республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази раҳбари Мавлуда Ширинова, Андижон вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси раҳбари Аброрбек Аҳмадалиев танлов ғолибларини муборакбод этди. Улар билан мулоқотда белгиланган йўналишларда ўз тадбиркорликларини самарали юритиш юзасидан таклиф ва тавсиялар берди.

Шунингдек, Марказ ҳамда вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси ўртасида хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш борасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича фикрлашиб олинди.

 

Наргиза МИРЗАЛИМОВА,

“Сабр” республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш марказининг Андижон Маҳаллий ривожланиш маркази раҳбари.

ГАВҲАРОЙ – ТАНЛОВҒОЛИБАСИ

Танлов

Андижонда “Ҳамшира – 2025” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Бутунжаҳон саломатлик куни тадбирлари доирасида ўтказилган танловда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт тизими ривожини, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва савиясини юксалтириш, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини, шифокорларнинг, айниқса, ўрта тиббиёт  ходимларининг касбий малакасини ошириш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Айни кунда вилоятдаги тиббиёт муассасаларида 33 минг нафарга яқин ўрта тиббиёт ходими фаолият олиб бормоқда. Уларнинг касбий малакасини юксалтириш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш, фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Йил ҳамшираси» кўрик-танлови вилоят босқичида танловнинг туман, шаҳар ва тармоқ босқичларида ғолибликни қўлга киритган 19 нафар ҳамшира иштирок этиб, белгиланган шартлар асосида ўз билим ва маҳоратларини намойиш этди.

Якуний натижаларга кўра, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали ҳамшираси       Гавҳарой Ҳамидова биринчи ўринга сазовор бўлиб, танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга       киритди.

 Танловда Андижон вилояти травматология-ортопедия шифохонаси ҳамшираси Иродахон Эсонова иккинчи, Республика тез тиббий ёрдам маркази вилоят филиали ҳамшираси Садоқат Холбоева учинчи ўринга лойиқ деб топилди.

- Танловда ғолиба бўлиш менга катта масъулият юклайди, - дейди Гавҳарой ҳамидова. – Ушбу муваффақият нафақат менинг, балки мен меҳнат қилаётган жамоанинг эришган ютуғи, деб ҳисоблайман.Ғолиблик  мени халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида янада шижоат билан меҳнат қилишга ундайди, менга куч ва ишонч бағишлайди. Энди танловнинг мамлакат босқичида ҳам ғолиблар қаторида бўлишга ҳаракат    қиламан.

/олиб, совриндор ва танловнинг барча иштирокчилари вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Зуҳриддин УМРЗОҚОВ

Меҳмондўстим, ширин сўзлигим, ўзбек

Бир калом, саломим ўзбек тилимда,

Ихлос, эътиқодим жону дилимда,

Меҳр, сабрлилар яшар элимда,

Кичик кўнгилгинам, ўзлигим ўзбек,

Майдонда мард, битта сўзлигим ўзбек.

 

Ҳазрат Навоийнинг ғазали жоним,

Бобурийлар юрти жон Андижоним,

Тилимда тиловат, Қуръон - иймоним,

Ҳокисор, буғдойранг юзлигим ўзбек,

Бағри тўла ўғли-қизлигим ўзбек.

 

Истиқлол қуёши кўрсатар жамол,

Топган луқмасию нон-тузи ҳалол,

Қомуси, ҳуқуқи кўксида шамол,

Холис ният, қутлуғ излигим ўзбек,

Истарали қора кўзлигим ўзбек.

 

Бунда инсон олий, кенгдир имконлар,

Хайри эҳсонларга тўла маконлар,

Гуллари жилмайса, сўлар тиканлар,

Ўзига бек бўлган ўзлигим ўзбек,

Меҳмондўстим, ширин сўзлигим ўзбек.

 

МукаррамаҒАНИЖОН қизи

АНДИЖОНДА “САЛОМАТЛИК ТАДБИРЛАРИ” ЎТКАЗИЛДИ

Бутунжаҳон саломатлик  куни муносабати билан вилоятимизнинг барча тиббиёт муассасаларида саломатлик, тиббий кўрик тадбирлари ўтказилди.

Кейинги йилларда юртимизда халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини юксалтириш, айниқса, оналар ва болалар, ногирон, ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаролар соғлигини муҳофаза қилишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан Бутунжаҳон саломатлик куни муносабати билан ўтказилган саломатлик тадбирлари ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан бири бўлди.

Даволаш муассасаларининг тажрибали ва малакали шифокорлари иштирокидаги бепул тиббий кўрикларда аҳолининг саломатлиги назоратдан ўтказилди.

Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмасининг 3- оилавий поликлиникасида ташкил этилган бепул тиббий кўрикка ҳам кўплаб фуқаролар ташриф буюрдилар.

-Кунлик 500 қатновга мўлжалланган поликлиникамиз Андижон шаҳрининг 18 та маҳалласида истиқомат қилувчи 61 минг нафардан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади, - дейди поликлиника бош шифокори Муҳаррамхон Раҳмонова. – Саломатлик тадбири юқори савияда ўтказилди. Кўрикка поликлиникамиз шифокорларидан  ташқари, вилоят тиббий муассасаларидан ҳам тажрибали шифокорлар таклиф    этилди.

Тадбир давомида аҳолининг саломатлиги 14 турдаги тор ихтисослик бўйича мутахассислар, шунингдек, оилавий поликлиника шифокорлари томонидан текширувлар ўтказилди. Айниқса, оналар ва болалар ҳамда ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш, тарғибот-тушунтириш ишлари самарадорлигини ҳамда аҳолининг тиббий билим ва маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Жараёнда фуқаролар УЗИ, ЭКГ,   рентген текширувларидан ўтказилди, улардан турли лаборатория таҳлиллари     олинди.

Бу каби кўриклар вилоятнинг барча туман, шаҳар марказий ҳамда оилавий поликлиникаларда бўлиб ўтди. Тадбирлар давомида аҳолининг тиббий билим ва маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш,  тарғиб этиш юзасидан суҳбатлар    ўтказилди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ