+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ҚАДРИЯТЛАРИНГ БОҚИЙ БЎЛСИН, НАВРЎЗ!

Байрам шукуҳи

Бутун мамлакатимизда бўлгани каби Андижондаги Боғи Бобурда ҳам  «Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!» деган бош ғоя асосида Наврўз байрами тантаналари бўлиб ўтди.

Эрта тонгдан янграган карнай-сурнай садолари, Деҳқон бобо, Наврўзой ва миллий либосдаги жарчилар барчани Наврўзи олам билан муборакбод этиб, Наврўз сайли шодиёналарига чорлади.

Боғи Бобур ҳудудида вилоятимиз туман, шаҳарларидан ташриф буюрган жамоалар, бошқарма, корхона ва ташкилотлар, муассаса ва маҳаллалар жамоалари томонидан ўзига хос саҳналар тайёрланиб, байрамона, баҳорий тарзда безатилди.

Кенг жамоатчилик вакиллари, фахрийлар, меҳмонлар, сайёҳлар иштирокида ўтган байрам сайли барчага хуш кайфият улашди.

Байрам тадбирларида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этиб, барчани халқимизнинг қадим ва навқирон байрами - Нарўзи олам билан муборакбод этди.

Она Ватанни севиш ва ардоқлаш, ҳаёт гултожи бўлмиш инсонни қадрлаш, Ватанга муҳаббат ва садоқат каби эзгу ғояларни ўзида мужассам этган Наврўз халқимизнинг энг қадимий байрамидир. Асрлар давомида эл-юртимизнинг олижаноб орзу-интилишларини ифода этиб келаётган Наврўз мустақиллик йилларида янгича маъно-мазмунга эга бўлиб, том маънода умумхалқ байрамига айланди. Шунинг учун ҳам ушбу қутлуғ айёмни ҳар бир хонадон, ҳар бир оила улкан орзу-ниятлар билан нишонламоқда.

Баҳорий таомлар, миллий ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари, театр жамоалари, турли ансамбллар, дорбозлар, аскиячилар, спортчилар, жажжи болажонларнинг чиқишлари байрам тантаналарига ўзгача файз киритди.

Бу йилги Наврўз байрами халқ сайли тарзида янада шукуҳли, миллий қадриятларимиз акс этган ҳолда ўтказилганлиги, халқ ўйинлари, фольклор санъатининг энг яхши намуналари, шўх қўшиқ ва лапарлар баҳорни, айниқса, Миллий марказлар вилоят бўлимларининг бадиий чиқишлари Наврўзни соғинган дилларга хушнудлик бахш этди.

 

Зуҳриддин УМРЗОҚОВ,

муаллиф фотосуратлари.

Шеърият гулшани

Туннинг Қора сочин онамга берсам

(Меҳрибон онажоним Маъмурахонга бағишлайман)

 

Меҳрнинг боғида, агар бир гул бўлса,

Унинг шудринглари онам кўз ёши.

Сўлғин, мурғак жуссам ғамларга тўлса,

Унинг дармонидур онам бардоши.

 

Саноқсиз тунларда уйқудан кечиб,

Меҳр сутин берган менинг онамдур.

Азобларга чидаб, боридан кечиб,

Сабрнинг совутин кийган онамдур.

 

Армонлар қучоқлаб мени ҳар ёнда,

Устунсиз осмондек, қовжираб турсам.

Қанийди имконим бўлса шу онда,

Туннинг қора сочин онамга берсам.

 

Зулхумор АКБАРОВА,

Марҳамат тумани.

 

Сизга таъзим, азиз  аёллар

 

Латофатда тенгсиз, гўзалсиз сизлар,

Ўзингиз  ожиза,  нозик хилқатсиз.

Лек меҳрингизга дунё ғарқ бўлар,

Сизга таъзим қиламан, азиз аёллар.

 

Фарзандин ўйлаб борини берган,

Ёв келса туриб, жонини берган,

Не сўрса, фарзанд муҳайё қилган,

Сизга таъзим қиламан, азиз аёллар.

 

Қанчалар бўлса-да оғир юкингиз,

Бировга сездирмай кулиб турасиз,

Осмонларга тенг дарду сабрингиз,

Сизга таъзим қиламан, азиз аёллар.

 

Ичингиз йиғлаб, кулиб юзингиз,

Ташвишларни матонатла енгасиз,

Улғайиб, вояга етган  ўғил-қизингиз,

Сизга таъзим қилар, азиз аёллар.

 

ДИЁРИМ МЕНИНГ

 

Яшнаб, гуллайвер Ватаним менинг,

Киндик қоним тўкилган остонам менинг.

Шаънингга шеър ёзиб, қўшиқлар куйлай,

Сен учун янграсин, навойим менинг.

 

Шаҳару қишлоқларинг чиройин очиб,

Гулларга  бурканур, гўзалдир олам.

Кўкламда очилар, ловиллаб, ёниб,

Беғуборим менинг, қирмизи лолам.

 

Оқ ювиб, ўстирган сен - ўша онамиз,

Парвонасан ўйлаб, бизнинг тинчимиз.

Дунёга ёйилсин шуҳратинг, шонинг,

Ўзбекистоним, гул диёрим менинг.

 

Мавлудахон ЁрҚулова,

Андижон шаҳар марказий шифохонаси

катта ҳамшираси.

 

 

БАҲОР

 

Фасли навбаҳор ўлкамизга қўйиб қадам,

Тунни қувиб, хуш тонгни қаршилар олам.

Субҳидам яшил майсаларга қўнар шабнам,

Баҳорни соғинар муштоқ кўнгиллар ҳар дам.

 

Заминни қамраган ўзгача бир тароват,

Кўклам дарахтларин эгаллаган салобат.

Бойчечак билан дўстлашгандир нафосат,

Худдиким, гўзаллик ўрнатади адолат.

 

Шу кунлар инсонга бахш этар халоват,

Боғ ичра очилган гул, чечаклар тумонат.

Табиат кўрсатар инсон учун саховат,

Шу он бизга ҳамроҳ бўлар меҳр, садоқат.

 

Гулшаной АБДУЛБОҚИЕВА,

Избоскан туманидаги 10- умумтаълим мактаби ўқувчиси.

ЮРИДИК АҲАМИЯТГА ЭГА ФАКТ: МАЗКУР ТУРДАГИ ИШЛАР СУДДА ҚАЙ ТАРТИБДА ҲАЛ ЭТИЛАДИ?

ҲуҚуҚшунос минбари

Бош Қомусимизнинг 55- моддасида ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.

Фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги амалдаги қонунчиликка кўра, буйруқ тартибидаги ишларни, даъво тартибидаги ишларни, алоҳида тартибда юритиладиган ишларни, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ ишларни ва чет давлат судларининг ҳамда чет давлат ҳакамлик судларининг (арбитражларининг) ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш ҳамда ҳал этиш тартиби белгиланади.

Хусусан, юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишлар суд томонидан алоҳида иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган ишлар жумласига киради. Алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича ариза шаклида судга мурожаат қилинади.

Юридик аҳамиятга эга бўлган фактлар, бу - фуқароларнинг ёки ташкилотларнинг шахсий, мулкий ҳуқуқлари юзага келишига, ўзгаришига ёки тугашига сабаб бўладиган фактлар ҳисобланади.

Аризачи юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни тасдиқлайдиган зарур ҳужжатларни бошқача тартибда олиши мумкин бўлмаган ёхуд йўқотилган ҳужжатларни тиклашнинг имкони бўлмаган тақдирдагина, суд ушбу фактларни аниқлайди.

Юридик аҳамиятга эга бўлган фактни белгилаш тўғрисидаги ишлар бўйича ариза аризачи яшаб турган жойдаги судга берилади.

Қайд этиш лозимки, амалдаги қонунларда белгилашнинг бошқача (судсиз) тартиби назарда тутилган фактларни белгилаш тўғрисидаги, жумладан, ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаганлик, партизан отрядида бўлганлик, жангларда ярадор бўлганлик, одамнинг ёшини белгилаш тўғрисидаги, олий ўқув юртини, техникумни, ўрта мактабни ва бошқа ўқув юртларини битирганлик, партия, касаба уюшмалари ҳарбий ҳужжатларни, паспорт ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан бериладиган гувоҳномаларни тегишлилиги фактларини белгилаш тўғрисидаги аризалар суд тартибида кўрилиши мумкин эмас. Бу каби фактлар суд тартибида аниқланмайди.

Суднинг ҳал қилув қарорида суд томонидан аниқланган факт, унинг қандай мақсадда аниқланганлиги, шунингдек, мазкур фактни аниқлаш учун суд қандай далилларга асосланганлиги кўрсатилиши керак.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида қайд этилиши ёки бошқа органларда расмийлаштирилиши лозим бўлган фактларнинг аниқланганлиги тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори ушбу органлар томонидан бериладиган ҳужжатларнинг ўрнига ўтмаганда, суднинг ҳал қилув қарори ана шундай қайд қилиш ёки расмийлаштириш учун асос бўлади.

Шу ўринда рақамларга тўхталсак, фуқаролик ишлари бўйича Бўстон туманлараро суди томонидан 2024 йил давомида тегишли аризалар асосида ана шу тоифага оид 191 та иш кўриб чиқилган. Шундан 177 та ариза қаноатлантирилган.

Хулоса ўрнида айтганда, фуқаролик суд ишларини юритишнинг асосий устувор вазифаси - фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқлари ва манфаатларини, шунингдек, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборатдир.

 

Хуршидбек

ИСОМИДДИНОВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Бўстон туманлараро суди раиси.

Ҳарбий қисмда китоб ярмаркаси

Тадбир

Ўзбекистон Республикаси ДХХ Чегара қўшинларига қарашли Хонобод шаҳридаги ҳарбий қисмда "Китоб инсоннинг энг яқин дўсти" шиори остида китоб ярмаркаси ўтказилди.

Тадбир очилишида сўз олганлар томонидан китобнинг жамият ривожи, инсон ҳаёти ва камолотидаги ўрни, аҳамияти муҳим эканлиги таъкидланди.

Маънавият ва маърифат маркази Хонобод шаҳар бўлинмаси ҳамда ҳарбий қисм раҳбарияти ҳамкорлигида аскарлар ва уларнинг оила аъзолари маънавияти ва тафаккурини юксалтириш, китобхонликни тарғиб этиш, китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш, китоб мутолааси орқали уларнинг қалбида юртга муҳаббат, бурчга садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган ярмаркада китоб савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан миллий ва жаҳон адабиёти намуналари бўлган 500 дан ортиқ номдаги бадиий, сиёсий китоблар  тақдим этилди.

 Китоб ярмаркасида ҳарбий хизматчилар томонидан ўзбек ва жаҳон адабиётининг нодир асарлари бўлган кўплаб китоблар харид қилинди.

Бобуржон ОЛТИБОЕВ,

катта лейтенант.

 

ҚИМОР КЕЛТИРГАН ТАШВИШ

Жиноят ва жазо

Мамлакатимизда қимор ёки таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

Ана шуни била туриб, Андижон туманида яшовчи фуқаролар Р.А., Р.Я. ва Х.Э.лар тумандаги Ҳақиқат маҳалласида жойлашган чойхонада қимор ўйини ташкил этишган ва қимор ўйнаётганликлари ички ишлар ходимлари томонидан аниқланган.

Ички ишлар ходимлари томонидан қимор ўйини даврасида бўлган жами 422 минг сўм пул ва 24 дона ўйин қартаси ашёвий далил сифатида олинган.

Ушбу ҳолат бўйича очилган иш Жиноят ишлари бўйича Андижон туман суди томонидан тумандаги "Саноат" МФЙ биносида ўтказилган очиқ, сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.

Суд жараёнида айбланувчиларнинг оила боқувчиси эканлиги, вояга етмаган фарзандлари борлиги, айбига иқрорлиги, бундай хатти-ҳаракатни қайта содир этмасликка ваъда берганликлари ҳисобга олиниб, уларнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари миқдорида, яъни 1 миллион 125 минг сўмдан жарима жазоси тайинланди.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этиш - ана шу ўйинлар буюмлари, шунингдек, ўйинга тикилган ҳамда ўйиндаги ютуқ бўлган пуллар, ашёлар ва бошқа қимматбаҳо буюмлар мусодара қилиниб, БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши қайд этилганлигини эслатиб ўтамиз.

Шунингдек, Жиноят кодексига кўра, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш, шу жумладан, ана шундай ўйинлар учун қиморхоналар ташкил этиш ёки уларни сақлаш - 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолананиши белгиланган.

Ҳар қандай жиноят, ҳуқуқбузарлик жазосиз қолмайди. Шундай экан, юртдошларимиз жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўймасликлари, айниқса, қимор ва тавакалчиликка асосланган ўйинларни ўйнамасликлари лозим. Акс ҳолда улар жавобгарликка тортилиши, жарима тўлаб, моддий ва маънавий зарар кўриши, ташвишга қолишлари аниқ.

Шоҳрух ВАҲОБОВ,

Жиноят ишлари бўйича Андижон туман суди раиси.

 

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш - муҳим масала

Профилактик тадбир

Мамлакатимизда одамлар, шу жумладан, ҳайвонларнинг соғлиги учун хавф туғдирадиган касалликлар тарқалишининг олдини олиш, эпизоотик ва эпидемологик вазият барқарорлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Мазкур йўналишда вилоятимизда ҳам зарур ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси Жамоат тарибини сақлаш бошқармаси Карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи, вилоят  ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида кенг қамровли профилактик, тарғибот-тушунтириш, ўрганиш ва мониторинг тадбирлари тизимли равишда амалга ошириб келинмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Булоқбоши тумани "Марказий деҳқон бозори"да ўтказилди. Деҳқон бозоридаги покизалик, санитария, гигеник ҳолат, аҳолига сифатли қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш, озиқ-овқат хавфсизлигини назорат қилиш, эпизоотик ва эпидемик вазият бақарорлигини таъминлаш юзасидан ўрганиш давомида асосий этибор гўшт,  гўшт, сут ва сут маҳсулотларининг сифати, уларни белгиланган меъёр ва тартиблар асосида сотилишига қаратилди.

Ана шу йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш, белгиланган тартибларга қатъий амал қилиш, мутасадди, сотувчи ва харидорларнинг  озиқ-овқат   хавфсизлиги, эпизоотик ва эпидемик вазият бақарорлиги борасидаги билим ва тушунчаларини бойитиш бўйича профилактик тушунтириш ишлари олиб борилди, улар билан суҳбатлар ўтказилди.

Бу каби тадбирлар энг аввало, халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш, қолаверса, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, турли юқумли касалликлар келиб чиқиши ва тарқалишининг олдини олишда шубҳасиз, муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ҳам, бу борадаги ишлар мутасадди ташкилотлари ҳамкорлигида тизимли равишда, изчил давом эттирилади. 

Бобурбек МАХАМАТОВ,

вилояти Ички ишлар бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси Карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходими, сафдор.

Туҳмат ва ҳақорат учун жавобгарлик қандай?

ҲуҚуҚшунос минбари

Ҳақорат қилганлик - шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситганлик ёки беодоблик билан қасддан таҳқирлаганлик учун қонунчиликда маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 41- моддасига асосан, ҳақорат қилган шахсга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солиниши белгиланган.

Агар ушбу ҳуқуқбузарлик бир йил ичида такроран содир этилса, ҳуқуқбузарга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланади.

Жиноят кодексига асосан, ҳақорат қилган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ҳақорат қилиш нашр қилиш, ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида жойлаштириш орқали амалга оширилса, ушбу ҳаракат учун айбдор:

базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Замон ривожлангани сари кишилар ўртасида мулоқот воситаларининг турлари ҳам ортиб бормоқда. Интернет аталмиш жаҳон ахборот тармоғидаги маълумотларнинг бири тўғри, бири қинғир мақсадни кўзлаган бўлса, яна бири кимнидир шаъни ва қадр-қимматини камситишга, бадном қилишга хизмат қилади.

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар орқали бир шахсга нисбатан бошқа шахс ёки гуруҳлар томонидан туҳмат қилиш ҳолатлари тез-тез учраб турибди.

Хўш, туҳмат ўзи нима, унга қонунларимизда қандай жазо белгиланган? Бу ҳақда қуйида қисқача тўхталамиз.

 

Туҳмат нима?

Била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш, шаъни, қадр-қимматини камситилишига олиб келувчи ёлғон маълумотлар бериш туҳмат ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суднинг пленум қарорига кўра, туҳмат деганда юридик ёки жисмоний шахсларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини пастга урувчи маълумотларни оммавий ахборот воситаларида, хизмат таърифномаларида, кўпчилик олдида сўзлаганда, мансабдор шахслар номига ёзилган аризаларда ёки бошқа, шу жумладан, оғзаки бўлса ҳам бир неча шахсга ёхуд бир кишига хабар қилиш тушунилади.

Бундай маълумотларни    шахснинг ўзига айтиш - маълумот тарқатиш дея ҳисобланмайди. Бадном этувчи дея, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини оёқ ости қилувчи, обрўни тўкувчи маълумотлар дея белгиланган.

 

Туҳмат учун жавобгарлик қандай?

Амалдаги қонун ҳужжатларида туҳмат қилган шахсга нисбатан унинг оғирлик даражасига қараб икки хил - маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 40- моддасига кўра, туҳмат қилганлик, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатганлик учун энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима белгиланиши мумкин.

Туҳматга оид ишлар бўйича суриштирув ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан кўриб чиқилади. Туҳмат қилган шахсга нисбатан жазо эса тегишли маъмурий суднинг қарорига мувофиқ қўлланилади.

Маъмурий суднинг қарорига асосан, туҳмат қилганликда ифодаланувчи маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган шахс бир йил ичида ушбу ҳаракатни такрор содир этса, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиши мумкин.

Муроджон МАМАДИЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Бўстон туман судининг тергов судьяси. 

Бахтим шул - ўзбекнинг Зулфиясиман

1 март - шоира Зулфия таваллуд топган кун

Таниқли жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ шоираси Зулфия - Зулфия Исроилова 1915  йилнинг 1 мартида Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Бетакрор ижоди, юксак инсоний фазилатлари билан садоқат ва вафо тимсолига айланган Зулфияхоним таваллуд топган кун, Яъни баҳорнинг илк куни ҳар йили мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланади.

Зулфияхоним ибратли ҳаёти, фаолияти, ижоди билан ўзига ҳайкал қўйган илғор Шарқ аёлларидан биридир.  У ўрта мактабни аъло баҳолар билан тамомлаб, 1931-1934 йилларда хотин-қизлар педагогика билим юртида таҳсил олди. Ана шу даврда  адабий тўгаракларга қатнаб, шеърлар ёза бошлаган эди.

1935 йилда З. Исроилова Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Тил ва адабиёт институти аспирантурасига ўқишга киради. Ўқишни тамомлаганидан сўнг, 1938-1940 йилларда "Ёшлар ва ўсмирлар адабиёти" нашриётида муҳаррир, 1941-1950 йилларда Ўзбекистон давлат нашриётида бўлим бошлиғи, 1950-1953 йилларда "Саодат" журнали бўлим мудири, 1954-1985 йилларда эса журналнинг бош муҳаррири бўлиб ишлади, айниқса, ижодкор, шоира сифатида минглаб адабиёт, шеърият мухлислари, халқимиз қалбидан чуқур жой эгаллади.

  Зулфиянинг "Мен иш қизи" номли илк шеъри 1931 йилда "Ишчи" газетасида эълон қилинган. 1932 йилда, яъни ўн етти ёшида унинг "Ҳаёт варақлари" деб номланган биринчи шеърлар тўплами нашр этилди. Шудан кейин унинг "Темирой" (1934), "Шеърлар", "Қизлар қўшиғи" (1938) шеърий китоблари нашрдан чиққан. Зулфияхоним "Уни Фарҳод дер эдилар" (1943), "Ҳижрон кунларида" (1944), "Хулкар" (1947) каби тўпламлари билан пешқадам шоирлар қаторидан жой олди.

Зулфияхоним шеърларида Ватанга муҳаббат, душманга   нафрат, ғалабага ишонч, севги, садоқат туйғулари, юрт ва табиат гўзалликлари ўзига хос оҳангларда тараннум этилган. Айниқса, шоиранинг "Менинг Ватаним", "Қўлимда қуролу устимда шинел", "Бизни кут" каби умидбахш шеърлари уруш даври ўзбек шеъриятининг руҳини ифодалаган энг сара  шеърлар қаторидан ўрин олган.

Зулфиянинг қисқа, лекин мазмунли оилавий ҳаёти, муҳаббати ҳам ўзига хосдир. Зулфия шоир Ҳамид Олимжонни севиб, у билан 1935 йилда оила қурди. Бироқ, орадан тўққиз йил ўтгач, турмуш ўртоғи фалокат туфайли ҳаётдан бевақт кўз юмади. У икки фарзанди билан бева қолади. Кейин эса умрининг охиригача Зулфия Ҳамид Олимжонга бўлган мухаббатини ардоқлаб, ёлғиз яшаб ўтади. Шу тариқа у ўзбек, умуман, Шарқ  аёллари учун вафо, садоқат тимсолига айланди.

Зулфияхоним Осиё ва Африка ёзувчиларининг тинчлик, бирдамлик шиори остида ўтган ҳаракатлари, халқаро анжуманларда кўп бор иштирок этган, кўплаб хорижий давлатларда бўлган. Халқаро миқёсдаги самарали фаолияти учун у халқаро "Жаваҳарлал Неру" (1968), "Нилуфар" (1971) мукофотлари, Болгариянинг "Кирилл ва Мефодий" ордени билан тақдирланган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти соҳибаси бўлган.

Шоиранинг юксак ижоди, самарали меҳнатлари эътирофи сифатида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти томонидан 1999 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилди. Ўзининг аъло хулқи, зукколиги, ташаббускорлиги, ўқишдаги, ижоддаги, хусусан,  адабиёт, таълим, фан, санъат, спорт, маданият каби қатор соҳаларда алоҳида ютуқларга эришган юртимизнинг 30 ёшгача бўлган қизлари ана шу мукофот билан тақдирланади.

Бир сўз билан айтганда, халқимизнинг ҳурмату эъзозини топа олган Зулфияхоним Гулбаданбегим, Зебинисо, Увайсий, Нодирабегим каби Шарқнинг оқила, олима, фозила аёллари бошлаган ўзига хос анъаналарни бойитиб, янги поғонага кўтара олди. Қолаверса, етук ижодкор, моҳир таржимон, атоқли шоира, муҳаррир ва жамоат арбоби сифатида ҳам эл-юрт ҳурмати ва эътиборини қозона олди.

Шу боис ҳам, севимли шоирамизнинг шахси, ҳаёти, ижоди  келажак авлод, айниқса, қизларимиз учун ибрат мактабидир.

Агар Зулфияхоним бугун ҳаёт бўлганида баҳорнинг илк кунида 110 ёшни қаршилаган ва албатта, ўзининг қуйидаги гўзал шеърий сатрларини такрорлаган бўларди:

Эъзозлар, ардоғлар учун ташаккур,

Асли Сиз офтобим, мен зиёсиман.

Тонгларингиз кулсин дориломон, ҳур,

Бахтим шул - Ўзбекнинг Зулфиясиман.

 

Муфазалхон ХОДЖАЕВА,

Андижон давлат университети Ахборот-ресурс маркази кутубхоначиси.

«ЁШ КИТОБХОН»: ҒОЛИБЛАР МАЪЛУМ БЎЛДИ

Танлов

Ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш, уларнинг китобхонлик ва китоб мутолааси маданиятини юксалтириш, маҳалла ёшлари ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш мақсадида ўтказилган "Ёш китобхон" танловининг вилоят босқичида унинг туман, шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган ёш китобхонлар иштирок этиб, ўзлариниг билим, иқтидор ва салоҳиятларини намойиш этди.

Якуний натижаларига кўра, танловининг 10-14 ёш тоифаси иштирокчилари ўртасида Андижон туманидаги Ойжамол маҳалласи вакили Самира Эркинова энг юқори балл олиб, биринчи ўринни эгаллади. Икинчи ўрин шаҳрихонлик Гулруҳбегим Зокиржоновага, учинчи ўрин эса Хонобод шаҳри вакили Фарангиз Шавкатовага насиб этди.

Танловининг 15-19 ёш доирасидаги иштирокчилари ўртасида  биринчи ўринни Хўжаобод тумани Ҳамза маҳалласида яшовчи Гулнигор Солиева, иккинчи ўринни Андижон тумани вакили Қундузой Мамасолиева, учинчи ўринни Марҳамат тумани вакили Дилнаво Абдуқодирова қўлга киритди.

Танловнинг 20-30 ёшли иштирокчилари ўртасида Жалақудуқ тумани Учкўча маҳалласи вакили Шоира Абдуваҳобова биринчи ўринга сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Балиқчи тумани вакили Севара Ўринқўзиевага, учинчи ўрин Андижон шаҳри вакили Мохирўя Маматовага насиб этди.  

Ўз ёш тоифасида ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар танловнинг республика босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилади.

- Қўлга киритган ушбу ютуғим мени янада руҳлантиради, қолаверса, зиммамга улкан масъулият юклайди, - дейди танлов ғолибларидан бири Гулнигор Солиева. - Энди танловнинг республика босқичида ҳам муносиб иштирок этишга, ғолиблар қаторидан жой олишга астойдил ҳаракат қиламан.

Танловнинг барча ёш тоифалари бўйича ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.

 

Зуҳриддин УМРЗОҚОВ

Мангу яшаб қолгин қалбимда, баҳор!

Баҳор! Соғинганим, баҳор, келдингми?

Муштоқ эдим сенга, эркам, билдингми?

Гул, лола-чечаклар олиб қучоққа,

Биз томонга шошиб-шошиб елдингми?

 

Ялпиз, гул-чечаклар - кўйлагинг алвон,

Оппоқ ўрик гули бўйнингда маржон,

Ол лола лабингми, сўйлагин, баҳор -

Кўзларим тўймас ҳеч ҳуснингга ҳайрон.

 

Борлиқни уйғотгин уйқудан, баҳор,

Қўшиқ айт севги, бахт, кулгудан, баҳор.

Сен ўзинг эмасми ёшлик - ишқ фасли,

Йўғрилган энг тоза туйғудан, баҳор.

 

Нигоҳим тўймайди боққаним сари,

Юракдан армонлар кетдилар нари.

Ўйлаб боқсам, ишқинг - дардинг, баҳорим,

Келган экан дилга сендан илгари.

 

Ошиқ ёр кутгандек кутдим интизор,

Кўркам чиройингга бўлиб дил хумор.

Кетмагил, сулувим, шу ўлкада қол -

Мангу яшаб қолгин қалбимда, баҳор!

 

Рўзихон ИМИНОВА,

Асака тумани.