+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ИНСТИТУТДА "СУМАЛАК САЙЛИ"

Бугун кўнгилларга хушнудлик бахш этиб юртимизда баҳор шабадаси эсмоқда. Қуёшнинг илиқ тафтидан баҳра олаётган замин, дов-дарахтлар яшил либосини киймоқда. Зилол сувлари шилдираб оқаётган ариқлар бўйларида, далаларда кўкатлар бош кўтариб, кўкка бўй чўзмоқда.

Кўклам арафасида вилоятимизнинг меҳнат жамоалари, таълим муассасалари, маҳалла, қишлоқ ва шаҳарларида хонадонлар, кўча ва гузарлар, ҳудудларни ободонлаштириш ишлари, хашар тадбирлари, Наврўз, сумалак сайллари ўтказилмоқда.

Ушбу тадбирлар халқимизнинг азалий удумларини, одамлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамламоқда.  Андижон давлат педагогика институтида  ўтказилган "Сумалак сайли" ҳам ана шундай тадбирлардан бири бўлди.

 Халқимизнинг қадим байрами Наврўзи олам арафасида юртдошларимиз қалбида шукроналик, элимизга тинчлик, бир-бирларига омонлик тилайдилар. Баҳор ташрифига ҳамоҳанг тарзда, қолаверса, Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 февралдаги "2025 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида  институтда ташкил этилган "Сумалак сайли"да профессор-ўқитувчилари, ишчи-ходимлар, талабалар иштирок этди.

Тадбир очилишида сўз олган институт ректори, профессор Бахтиёржон Расулов барчани кириб келаётган баҳор фасли, Рамазон ойи билан самимий муборакбод этди.

Тадбир давомида байрамона дастурхон ёзилиб, катта дошқозонда сумалак тайёрланди, турли баҳорий таомлар пиширилди. Эзгу ниятлар ила дуолар қилинди. Шўх куй-қўшиқлар, рақслар тадбирга ўзгача файз бағишлади.

Таниқли санъаткорлар, иқтидорли талаба ёшлар томонидан намойиш этилган концерт дастури иштирокчиларга хуш ва байрамона кайфият улашди.

"Сумалак сайли" баҳорий янгиланиш, меҳр-оқибат рамзи сифатида институт жамоасининг бирдамлигини яна бир бор намоён этди.

Шу кунларда вилоятимизнинг барча ҳудудларида баҳорни, Наврўзни тараннум этишга бағишланган бу каби тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

ИЛК СЕВГИ

Ҳикоя

Тоғ бағрига баҳор келди,

Ишқ ёндирди юрагимни.

Ахтараман, келар билгим,

Керакмасми? Керагимни?

 

Қўлларим қалтираб, йиғлашдан ўзимни тўхтата олмай, унга атаб ёзган шеърларим тўла кўк ҳошияли дафтарни йирта кетдим. Ҳаёлимдан ширин суҳбат қуриб кетаётган Шохруҳ ака ва Дурдона кетмасди.

Дугонам Азизанинг чақирганини, ҳатто ёнимга келганини ҳам сезмай қолибман.

- Нега йиғлаяпсан? Бу қанақа дафтар?

Азизанинг гапларидан ўзимга келдим.

-      Майли, қўяверинг, эътибор берманг, Азиза.

-      Тур ўрнингдан қўйлар кетиб қоляпти, кетдик, - деди дугонам.

   Мен қўй боққани келганимизни ҳам унитибман. Очиғи, мактабда хаёлларим эгаси, қалбимни мавҳ этган Шоҳруҳ акани бошқа қиз билан кўриб ўзимни йўқотиб қўйгандим.

Ўша куни мактабдан қайтаётган эдик, унга узоқдан кўзим тушиб қолди.  У бошқа синфда ўқийдиган Дурдона билан суҳбатлашиб, ёнма-ён кетаётганди. Рашкми, аламми, билмадим? Кайфиятим тушиб, кўнглим алланечук ғалати бўлиб кетди.

Бироз тин олдим, нега қайғураяпман ўзи, деган фикр ҳаёлимдан ўтди. Сўнг уни бошқа ўйламайман, деб ўзимга-ўзим ваъда бердим.

...

Лекин ҳар сафар уни кўрсам барчаси ёдимдан чиқиб кетар, ўзимни йўқотиб қўярдим. Хаёлимда эса беихтиёр унинг қиёфаси, нигоҳи гавдаланаверарди.

...

Деразам олдидаги аттиргулларга термулганча  яна шеър ёза бошладим.

 

Сенинг каби юрагим, бағрим қон,

Туйғулар баҳридан ўта олмайман.

Севгилим мен сени севаман, ишон-

Деб ҳатто юзингга айта олмайман.

Азиза иккимиз қўйларни боқиш учун сой бўйига тушдик. Азиза ҳам мен каби шеър ёзишни ёқтирарди. Фақат у шеър ёзса, дафтар четларини гуллар билан безаб, расмлар чизиб тўлдирарди. Мен эса табиатнинг гўзаллиги, қушларнинг сайрашию сойнинг шилдирашига маҳлиё бўлиб, қалбим кечинмаларини муҳрлашни ёқтирардим. Азиза эса шеърларимни чиройли безатилган дафтарига кўчирарди.

...

+алин дарахтзор ичидан Шоҳруҳ аканинг шарпаси кўринди. Юрагим тез-тез урабошлади. У биз билан саломлашиб, Азизанинг ёнига бориб ўтирди. Азиза иккиси суҳбат қуриб ўтиришарди. У дугонамнинг қўлидаги дафтарга қизиқиб қолди. Уни олиб ўқишни бошлади. Буни кузата туриб, мен яна ўзмни ёмон ҳис қила бошладим. Ўрнимдан туриб, қўйлар томон кетдим.

Доим уни қизлар билан кўрсам, қалбимда ғалаён кўтарилади, азобланаман. Нега? Бу ҳолатни нима деб аташ мумкин?

Унга бўлган туйғуларимни тушиниб етолмаётгандайман.

...

- Мактабимизда тадбир бўлди. Тадбирда ўзим ёзган шеърлардан ўқидим. +арсаклар давомли бўлди. Кўнглимнинг тубида мени шоир қилган унинг суврати турарди. Нигоҳларим кўпчиликнинг орасидан уни излайди. У ҳам мени олқишлаяптимикан?

Суҳбатлашган ёки ёнма-ён келганимимзда гуноҳкор одамдай ҳар доим ундан кўзимни олиб қочаман. Ўша онда вужудимни, қалбимни титроқ босади.

...

Баҳорнинг илиқ кунлари, гулар қийғос очилган палла. Азиза мени мактаб орқасига етаклади. Ҳайрон бўлдим. Нега? Нима қиламиз у ерда? Сен юравер, дея мени тортқиларди.

Не кўз билан кўрайки қўлларида қизил атиргул тутиб, Шоҳруҳ ака турарди. Азиза тушмагур, нега бундай қилдия. Хаёлларим сочилиб кетди. 

Иккимиз ёлғиз қолдик. У менга атиргулни узатди. Уялиб ерга қарадим.

- Шоҳруҳ ака, ололмайман. У қўлимга атиргулни ушлатиб, маҳкам қисди.

- Малика! Мен сизни севаман!

 

Комила ТУРСУНОВА,

Жалақудуқ тумани.

УМР FАНИМАТ

мулоҳаза

Умрни оқар дарё дейдилар. Кунлар кетидан кунлар ўтади. Ойу йиллар ўтганини сезмай ҳам қоласиз. +арабсизки, кун келиб, ортингизда тарихга айланган даврлар қолади. Бугун ёшингиз анча улғайиб қолган, ўйга толасиз. Ўзингизга савол берасиз. Ҳаётда нималарга эришдим? Яхши-ёмон,     қувончлигу кўнгилсиз онлар бир-бир кўз олдингиздан ўтади.

Умрни, ўтган вақтни ортга қайтариб бўлмайди. Шу боис, Сиз ўтаётган умрингизнинг ҳар бир фурсатини қадрига етиб яшанг, фақат фойдали, хайрли ва савобли ишлар билан машғул бўлишга ҳаракат қилинг. Ҳаётда ўз ўрнингизни топишга интилиб, яхши касб-ҳунар эгаллашга интилинг. Мана шундай йўлдан юрган инсон ҳеч қачон   афсусланмайди.

Бугун сиз эл-юрт корига яраяпсиз. Ота-онангизнинг сўзларини ҳикмат биласиз. Уларнинг ҳурматини жойига қўйиб, дуоларини оляпсиз. Оилангизга, дўсту ёрларингизга садоқатлисиз. Одамларга яхшилик қилиш доимий одатингизга айланган.

Демак, билингки, ўтаётган умрингиз бехуда кетмаяпти. Ота-онангизга раҳматлар олиб беряпсиз, одамларнинг ҳурматига сазовор бўляпсиз. Бундан шубҳасиз, кўнглингиз таскин топади. Дилингиз равшан бўлади. Эл кўзига ёруғ юз билан боқасиз.

 Ҳа, умр ғаниматдир. Ахир инсон дунёга бир маротаба келади. Шундай экан, ўтаётган умримизнинг ҳар фурсатини қадрига етайлик.

Аҳмаджон ЎТАНОВ, меҳнат фахрийси.

Марҳамат тумани.

Шеърият гулшани

Бобур ғазалига мухаммас

БАҲОР АЙЁМИ

                    

Муҳаббат аҳлининг дил жандаси оҳу фиғонидур,

Садоқат гулларин гулбарги чин ошиқни қонидур!

Ишқ олий эрур, аммо ҳавас - ҳис завқи фонийдур,

Баҳор айёмидур доғи йигитликнинг авонидур,

Кетур, соқий, шароби нобким, ишрат замонидур.

 

Гаҳи кўк узра ой дастонидин саргаштаи мажнун,

Гаҳи сеҳру саховатдин замин парвонаи мамнун,

Гаҳи раъно тикони - хори заҳмидин тўкилмиш хун,

Гаҳи саҳро узори лола шаклидин эрур гулгун,

Гаҳи саҳни чаман гул чеҳрасидин арғувонийдур.

 

Наҳот олам нурафшонлиғ топур вайрона диллардин?

Таашшуқларға минг таъқибу дашном ўнгу сўллардин! 

Васлдин шодланиб унгай жинон гулзори чўллардин,

Яна саҳни чаман бўлди мунаққаш ранги гуллардин,

Магарким сунънинг наққошиға ранг имтихонидур.

 

Тажарруд кўйида ўлсам нетай кўнгулни хунхори?

Не ғамким, сен анинг ёри, анингким кўк қадар зори!

Вужуд сандин йироқдир, руҳ-юракда ишқ зуннори,

Юзунг, эй сарв, жоним гулшанининг тоза гулзори,

+адинг, эй гул, ҳаётим боғининг сарви равонидур.

 

Калом - мумидду муовин эрур ул аввал-охирнинг,

Муҳаббат - мулки олам, туҳфаи Аллоҳи қодирнинг,   

Фазиҳат ўлмағай, Хуршида кўнгли ишқи соҳирнинг.

Не ерда бўлсанг, эй гул, андадур чун жони Бобурнинг,

/арибингға тараҳҳум айлагилким, анда жонидур. 

                                                                        

ХУРШИДА ВАҲОБЖОН қизи,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

 

МИРЗО БОБУР ЎЙЛАРИ

 

Турналар, хой турналар, баланд учган турналар,

Учиб ўтдингизмикан Андижоним устидан.

Мусофирлик тотган киши доим кун санар,

Юрт соғинчи уфурур унинг бўйи бастидан.

 

Жоҳил беклар дастидан аламзада халқимнинг,

Юзларида не маъно кўриб бунда келдингиз.

Авлодлари азалдан ўзи шоир қалбининг,

Юрагида жўш урган орзулари билдингиз.

 

Машшоқлар хонишида эслагандир ўғлини,

Водий бўйлаб таралгач, қўшиқ, байту навоси.

Боғлар безаб турганми унинг ўнгу сўлини,

Хануз роҳатбахшмикан Андижоним ҳавоси.

 

Ақлингизни олдими ишком тўла узумлар,

+урей-қурейингиздан жонлар тушар ларзага.

Юртингизни қўмсабсиз, бизга берсин тўзимлар,

+анотим бўлса эди қолмас эдим лаҳзага.

 

"Келиб эрдим бу томон ўз ихтиёрим бирла,

+айтмоқликка илож йўқ, ихтиёрим олдилар".

Фалакми, нон-насиба нетайин бир умрга,

Андижоним йўлига кўзни муштоқ қилдилар.

 

Мунаввара ТИЛЛАБОЕВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

 

НАВОИЙНИ Ў+ИМАСАНГ, ГАР

 

Ўзинг доно санама, бекор,

Билимдонлик бўлса-да шиор.

Ёлғон эрур сенда номус, ор,

Навоийни ўқимасанг гар.

 

Ўтган умринг увол, беҳуда,

Сенга раҳмим келади жуда.

Яшаяпсан қандай осуда?

Навоийни ўқимасанг гар.

 

Дардинг бўлса бойлик ҳамда пул,

Охир ундан қолур фақат кул.

Шодлик очмас дилда асти гул,

Навоийни ўқимасанг гар.

 

Сен кучингга ишонма, асло,

Нотавонсан, бошда минг ғавғо.

Ҳеч пишмайди бошласанг савдо,

Навоийни ўқимасанг гар.

 

Менинг сўзим олмагин оғир,

Сенинг учун куйяпман ахир.

Орзуларинг бўлғуси сағир,

Навоийни ўқимасанг гар.

 

Наргиза ОРИПОВА,

Бўстон тумани.

"Бобурдек сев Ватанни"

Булоқбоши туманидаги 55- ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида "Бобурдек сев Ватанни" деб номланган адабий, маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Шоҳ ва шоир, қомусий олим ва йирик ҳарбий саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ДХХ Чегара қўшинларининг туманда жойлашган ҳарбий қисм раҳбарияти ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда ҳарбий қисм зобит ва аскарлари, ўқитувчилар, ўқувчи ёшлар иштирок этди.

 Тадбирда сўз олганлар  шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти, фаолияти, ижодининг ўзига хос қирралари хусусида гапирди. Айниқса, Ватан ишқи, ватан соғинчи билан яшаган шоирнинг Ватан, ватанпарварлик, юртни улуғлаш ҳақидаги ғазал ва рубойилари ҳақида алоҳида сўз юритилди. Шунингдек, Бобур ижодини, шеъриятини ўқиш,  ўрганиш юртдошларимиз, хусусан, ёшлар қалбида ватанпарварлик, юртга садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.

-      Бобур шеъриятини жуда яхши кўраман, - дейди оддий аскар Сарвар Сулаймонов. - Шу боис, унинг кўплаб ғазал ва рубойиларини ёд олганман. Уларни қанчалик кўп ўқисам, шунча кўп маънавий руҳ оламан.

Тадбир давомида ҳарбий хизматчилар, ўқувчилар томонидан Бобур ижодидан намуналар ўқилди. Ватан, тинчлик ҳақида қўшиқлар ижро этилди.

 

Бобуржон ОЛТИБОЕВ,

катта лейтенант.

Бобур ижодида Ватан соғинчи

Мутолаа

Заҳириддин Муҳаммад Бобур деганда кўз олдимизда ўзбек адабиётининг Алишер Навоийдан кейинги буюк намоёндаси гавдаланади. Машҳур муаррих Мирзо Ҳайдар таъбири билан айтганда, "Туркий шеърни Амир Алишердан кейин ҳеч ким Бобур ёзган даражада ёзган эмас". Дарҳақиқат, Бобур ижоди мумтоз сўз санъатимизда Навоийдан кейинги алоҳида босқични ташкил этади. У адабиётни ҳаётга, адабий тилни халқ тилига яқинлаштирди. Шоир меросининг ҳайратланарли даражада ҳаётийлиги, кўнгилга яқинлиги, туйғуларни табиий ва самимийлиги шундандир.

Бобур соҳибдевон шоир бўлса-да, унинг девони бизгача мукаммал ҳолда етиб келмаган. Ҳозиргача шоирнинг 119 ғазал, 1 маснавий шеъри, 209 рубоийси, 10 дан ортиқ туюқ ва қитъалари, 50 дан ортиқ муаммо ва 60 дан зиёд фардлари аниқланган. Девони таркибидан умумий ҳажми 270 байтдан иборат 8 маснавий ҳам ўрин олган.

Шоир ижодида Ватан соғинчи асосий мавзуга айланган. Кўплаб рубоийларида бунга гувоҳ бўламиз. Бобур ватанини кўпинча севимли бир "ёр" образи каби тасвир қилади, ёрни диёрга, ёр ҳажрини диёр фироғига тенг қўяди, бу икки образни "ёр" билан "диёр"ни кетма-кет тизади ёки бири орқали иккинчисини ифодалайди, диёрсиз ёрни, ёрсиз диёрни кўз олдига келтира олмайди. Ёридан жабр, диёридан жафо кўради, ёрни соғинади, диёрини қўмсайди:

 

Кўпдин бериким ёру диёрим йўқтур,

Бир лаҳзау бир нафас қарорим йўқтур.

 

Шундай қилиб, шоир ижодида "ёр" образи янги моҳиятга эга бўлиб, у "диёр" образини синонимига, нисбати ва рамзига айланди.

Бобур ўз юртини қолдириб Ҳиндистонга кетганини бир "хатолик", "юзи қаролиқ" деб билади, бу ишидан қаттиқ пушаймон бўлади:

Толе йўқки жонимға балолиғ бўлди,

Ҳар ишниким айладим хатолиғ бўлди.

Ўз ерин қўйиб, Ҳинд сори юзландим,

Ё раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.

Шоҳ ва шоир бўлган буюк бобоколонимиз Мирзо Бобур юрагида бир дард билан яшади. Ватанини севди, дийдорини кўришга интизор бўлди. Тақдирнинг аччиқ қисмати ўлароқ, ундан дардчил сатрлар мерос қолди. Бундай сатрлар эса мангуликка дахлдордир.

Нигора Юнусова,

Андижон шаҳар 2-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернат директори.

Башариятнинг буюк боболари

Ифтихор

Жонажон ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирган буюк боболаримиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Чунки, улар ўзининг ибратли ҳаёти, бой маънавий мероси, ўлмас асарлари билан нафақат халқимиз, балки бутун инсоният тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган.

Улардан иккиси - шеърият мулкининг султони Алишер Навоий ҳамда шоҳ ва шоир, олим ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида сўз кетганида шубҳасиз, қалбимиз фахрга тўлади. Башариятнинг буюк боболари, деб тан олинган бу зоти шарифлар бир диёрдан чиққан икки қуёш мисоли орадан асрлар ўтса-да, маънавият, адабиёт, илм-фан осмонида мудом нур сочиб келмоқдалар.  Шу боис, ҳар йили февраль ойида ушбу мутафаккирларнинг таваллуд саналари халқимиз томонидан катта тантана билан нишонланади. 

Навоий ҳазратлари инсон ҳаётининг деярли барча жабҳаларига тааллуқли илмларни эгаллаган ва мана шу билганларини юксак бадиият билан мангуликка муҳрлаб кетган қомусий алломадир. Навоий даҳосининг буюклигини исботлаш ҳақида у яшаган даврдан бошлаб бугунги кунимизгача юзлаб, минглаб китоблар яратилган, сонсиз тадқиқотлар олиб борилган. Бироқ, бир нарса аниқки, аслида Навоийнинг буюклиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Шунинг учун ҳам ҳали ҳеч ким Навоий ижод уммонининг тубига етиб бора олган эмас.

Навоий ҳар жиҳатдан барча даврлар кишиларига, авлодларга ибрат бўладиган улкан адабий, илмий мерос қолдирди. Муҳими, биз ижтимоий-сиёсий  ёки ахлоқ-одоб масаласи бўладими, илм-маърифат бобида, ёйинки, руҳиятимизда кечаётган, бизни қийнаётган турли муаммоли масалалар бўладими ҳамиша Навоийдан ўзимизга керакли, кўнглимизга таскин берадиган жавоблар топа олмиз. Бунинг сабаби эса, Навоий ҳазратларининг илмда, ижодда, давлат бошқарувида юқори мақомда туриб, бутун башариятнинг дарди билан ҳаёт кечирганлигидир. Бу каби юксак мартабага Навоий ҳазратлари албатта, ўқиб-ўрганиш, юксак тафаккур, катта ҳаётий тажриба орқали эришган.

Ҳамиша халқ дарди билан яшаган, оддий халқ ҳаётидан  узилиб қолмаган, шоир ёзган ҳар бир мисрасида инсоний фазилатларни улуғлаган, кишиларнинг одобига путур етказувчи иллатларни қоралаган.  

Инсоният тарихида ўзига хос из қолдира олган қомусий аллома ҳазрат Навоийнинг ҳаёт йўли, улкан ҳаётий тажрибалари унинг асарларида ўз аксини топган. 

Навоий ижодининг муҳлиси сифатида айта оламанки, унинг асарларини қанча кўп ўқисак, ўргансак, тадқиқ этсак кам. Негаки, Ҳазрат Навоийнинг ўлмас маънавий-адабий мероси яна  асрлар давомида кишилар қалбига яхшилик, эзгулик уруғини сочаверади.

Муборак номи тарих зарварақларига олтин ҳарфлар билан зикр этилган буюк боболаримиздан яна бири, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурдир. У қолдирган адабий мерос ҳам  асрлар оша авлодларнинг кўнгилларига шеър завқини улашиб, башариятнинг маънавияти ва тафаккур олами юксалишга хизмат қилмоқда.

Ижодида ҳеч кимга ўхшамаган ифодаларни баён эта олган шоиргина абадиятга даҳлдор бўлади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам гўзал рубоий ва ғазаллари, "Бобурнома" ва бошқа илмий асарлари билан ўз номини абадиятга муҳрлаган, ўлмас асарлар яратган бетакрор ижодкордир.

Мураккаб ҳаёт йўли, турли синовлар, ватан доғи, ён-атрофдагиларнинг ҳиёнати уни ҳар жиҳатдан тоблади. У бир қўлида қалам тутган бўлса, иккинчисида қилич тебратди. Ҳиндистондек улкан сарҳадда адолат ва маънавият чироғини ёқди. Ҳиндистон ривожида улкан роль ўйнаган Бобурийлар сулоласига асос солди.

Унинг "Бобурнома"дек дурдона асари, бир қанча ғазал ва рубоийлари ҳали ҳамон адабиётнинг оддий мухлисларидан тортиб, адабиётшунос мутахассисларнинг ҳам юксак эътироф ва эътиборларига сазовор бўлиб келмоқда. Шоир шеърияти мавзу кўламининг кенглиги, ифода йўсинининг ўзига хос гўзаллиги, бетаркрор ташбеҳлари сабаб   халқимиз қалбига сингиб кетган.

Мухтасар қилиб айтганда, ҳар икки улуғ аждодимизнинг ҳаёти ва ижоди биз авлодлар учун ҳали кўп асрлар давомида ўрганишга арзийдиган улкан маънавий бойликдир. +олаверса, Навоий ва Бобур ижодини қанча кўп ўқисак, маънавиятимиз, тафаккуримиз юксалиб бораверади.

 

Наргиза ОРИПОВА,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Бўстон тумани бўлинмаси бош мутахассиси.

 

Ҳазрат Алишер Навоийга эҳтиром

Тадбир

Андижонда буюк мутафаккир, сўз мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллигига бағишланган адабий тадбир бўлиб ўтди.

 Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекис-тон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида Андижон давлат университетида ўтказилган тадбирда ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этди.

Жаҳон адабиёти равнақига улкан ҳисса қўшган улуғ аллома, сўз мулкининг султони Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини, унинг бебаҳо адабий мероси, инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган асарларини ўрганиш, кенг тарғиб этиш борасида юртимизда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, улуғ аллома таваллуд топган кун муносабати билан ҳар йили мамлакатимиз бўйлаб адабий кечалар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиши, Навоий сиймосига эҳтиром кўрсатилиши анъанага айланган. 

Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Комилжон Комилов, Андижон давлат университети ректори Бахтиёр Акбаралиев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Хуршида Ваҳобжон қизи, адабиётшунос олимлар, ижодкорлар сўз олиб, ўзбек тилининг асосчиси, буюк мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг ҳаёти, ижоди, ижодий меросининг аҳамияти ҳақида гапирди.

Навоий бобомизнинг нафақат адабиёт, балки миллий маданиятимиз, мусиқа ва санъатимиз ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси, шунингдек, унинг асарларида акс этган миллий қадриятлар, инсонпарварлик, ахлоқий ва тарбиявий тамойиллар, гўзал ва бетакрор  ғоялар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганлиги алоҳида таъкидланди.

Ижодкор, иқтидорли ёшлар Навоийнинг ғазал ва рубоийларидан намуналар ўқиди.

З.М.Бобур номли вилоят драма театри, вилоят маданият   бошқармаси қошидаги мақомчилар ансамбли санъаткор ва хонандалари, талаба ёшлар томонидан Навоийнинг ҳаёти, фаолияти акс эттирилган саҳна кўринишлари намойиш этилди, унинг ғазаллари билан айтиладиган қўшиқлар ижро этилди.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

ИНСТИТУТДА "ОИЛА КУНИ"

Ташаббус

Андижон давлат чет тиллар институтида "Оила фаровонлиги мамлакат тараққиётининг ўлчовидир" шиори остида "Оила куни" тадбири ўтказилди.

Оила ва оилавий қадриятлар, оила билан боғлиқ ибратли анъаналарни улуғлаш, оила - муқаддас маскан эканлигини тарғиб этиш мақсадида ўтказилган тадбир чин маънода оилани улуғлаш байрамига айланиб кетди.

Институт профессор-ўқитувчилари, уларнинг оила аъзолари, меҳмонлар иштирокида тадбир очилишида сўз олган институт ректори Дилшодбек Рустамов ва бошқалар томонидан мамлакатимизда оилани мустаҳкамлаш, оилавий қадрият ва анъаналарни улуғлаш борасида кўплаб ишлар олиб борилаётганлиги, қолаверса, оила халқимиз томонидан асрлар оша улуғланиб келинаётган, ҳар бир инсон учун энг муқаддас маскан эканлиги таъкидланди.

Дастлаб тадбир иштирокчи ва меҳмонлари томонидан институт ҳудудидаги «Оила боғи»га манзарали дарахт кўчатлари экилди. 

Шундан сўнг институт ўқитувчилари, ходимлари, уларнинг оила аъзоларининг саломатликларини мустаҳкамлаш, келиб чиқиши мумкин бўлган касалликларни аниқлаш ва олдини олиш мақсадида бепул тиббий кўрик ўтказилди.

Институтда фаолият олиб бораётган "Ибрат" талабалар театр студияси томонидан турли эртаклар, мультфильмлар қаҳрамонлари иштирокидаги театрлаштирилган томошалар болажонларга олам-олам қувонч бағишлади.

Оилаларда соғлом турмуш тарзи кўникмаларини мустаҳкамлаш, энг кучли спортчилар оиласини аниқлаш "Отам, онам ва мен - спортчилар оиласимиз" шиори остида ўтказилган "+увноқ стартлар" спорт мусобақаси қизиқарли баҳсларга бой бўлди.

Таниқли шоира Марҳабо Каримова иштирокида "Мен ва менинг оилам" мавзусида ўтказилган психологик-тренинг иштирокчиларга улкан маънавий озуқа берди. Машғулотда оила, айниқса, аёл киши учун энг муқаддас маскан эканлиги, оилада аёлнинг ўрни, унинг оилани бошқа аъзолари билан муносабатлари хусусида сўз юритилди.

Шунингдек, "Оила куни" тадбирлари доирасидаги эркаклар ўртасида ўтказилган ош - палов тайёрлаш танлови, 6-15 ёшли болалар иштирокидаги "Арт-терапия" машғулотлари, оилавий жамоалар қатнашган "Заковат" интеллектуал ўйини иштирокчиларда унутилмас таассуротлар қолдирди.   

Институт жамоаси, уларнинг оила аъзоларига улкан мотивация, байрамона шукуҳ хадия этган "Оила куни" тадбирлари якунида фаол иштирокчилар, ўтказилган танловлар, спорт мусобақалари ғолиб ва совриндорлари институт раҳбарияти томонидан муносиб рағбатлантирилди.

 

Зуҳриддин УМРЗОҚОВ

 

Улуғимсан, ўзинг

Ватанда туғилган неча шоирлар,

Тамал тошин қўйган кўҳна заминга.

Нодира, Чўлпону Мирзо Бобурлар,

Яратган боғлари ўхшар чаманга.

 

Бирма-бир уларни айласам таъриф,

Тенг бўлолмас, ҳатто улуғ тоғлар ҳам.

Кўплари ёш кетди, кўплари ғариб,

Шеърлари гўёки гавҳар - ёқут, шам.

 

Муҳаммад Юсуфдек асл шоирлар

Униб, ўсди сенинг тафтли бағрингда.

Туғилди тенгсиз Усмон Носирлар,

Зулфия - улғаяр беланчагингда.

 

Олис ўтмишингга назар соламан,

+адим довон ошган бу мумтоз баёт.

Сенинг қучоғингда илҳомланаман,

Бизга аталгандир асли бу ҳаёт.

 Ферузабону МАТКАРИМОВА,

Улуғнор тумани.