+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

"БЕДАВО" ДАРД ДАВОСИ

(47-сон) ҳаёт - ибрат мактаби

Бир мамлакатда подшоҳнинг гўзал ва ақлли қизи бўлиб, у тўсатдан хасталаниб қолибди: оёқ-қўлининг ҳаракати заифлашиб қолган экан. Қанча-қанча табибларнинг эса даволашга уринишларидан натижа бўлмабди.

Бир куни саройга нуроний қария ташриф буюриб, маликанинг дардини даволаш сирини билишини айтибди. Сарой аҳли дарҳол сергак тортибдилар ва ундан ёрдам беришини, маликани даволашни сўрашибди. Шунда қария беморнинг қўлига тол новдаларидан тўқилган, усти мато билан ёпилган сават тутқазиб: "Саватни олгин-да, ундаги нарсага ғамхўрлик қил, Худо хоҳласа, тузаласан", - деб уқтирибди.

Малика шошиб матони  кўтармоқчи бўлибди, аммо заиф жони устун келиб нигоҳлари билан сават ичига боқибди. Сават ичидаги нарсани кўриб ҳайратдан қотиб қолибди: унда хасталикдан заифлашиб қолган, зўрға нафас олаётган чақалоқ ётган экан. Бирданига маликанинг қалбида раҳм-шафқат уйғонибди. Танасидаги оғриқни енгиб чақалоқни қўлига олишга интилибди. Маликада ғайритабиий куч пайдо бўлиб болани базўр қўлига оларкан, уни аста-секин тебрата бошлабди.

Орадан ойлар ўтаверибди, малика болага парвона бўлибди: уни овқатлантирибди, суюб-эркалабди, ўйнатибди. Болага меҳри тушгач, дардларини унутиб, тунлари ухламай уни парваришлашда давом этибди.

Яна кун ва ойлар ўтибди, бола кулибди, тетиклашиб юриб кетибди. Уни кўриб малика қувонганидан болани даст кўтариб олибди. Сўнг, енгил ҳаракатлар  қила бошлабди. Аввалгидай унга ҳеч қандай оғриқ азоб бермай қўйибди.

...Бола билан ўтган йиллар мобайнида малика секин-аста соғайиб кетган экан!

Ҳа, ҳаётнинг қоидаси асли шу - бировга меҳр бериб, меҳр топади, киши. Бахт улашиб, саодатга эришади!

 

Ихтиёржон АБДУРАҲИМОВ,

 

Андижон шаҳри.

«Оҳ»нинг етмас манзили бўлмайди

(47-сон) Ҳикоя

Хизмат сафаридан  қайтган Мадина қўл остидаги ходимлар билан бир-бир кўришиб ўз хонасига йўналди. Қабулхонада  ўтирган ёрдамчи қиз тезгина ўрнидан туриб раҳбарини қаршилади:

 

- Ассалому алайкум, Мадина опа! Яхши келдингизми?

- Ваалайкум ассалом, Дилнозахон! Мадина яқин келиб, сўрашиш  учун қўл узатди.

- Сафарингиз яхши ўтдими?

- Шукр, яхши ўтди.

- Мадина опа, чой дамлайми, қаҳвами?

- Кўк чой дамлай қоласизми, дегандим. Йўлда бироз қон босимим кўтарилгандек...

Ёрдамчи қиз  патнисда чой олиб кириб:

- Мадина опа, сиз йўғингизда бир аёл уч-тўрт марта қўнғироқ қилиб сизни сўради. Жуда зарур иши бор экан.

- Ким экан у? Одатдаги иш таклифи бўйича сўраган мижозлардан биридир-да, деган хаёлда йўқлигида иш столида тўпланиб қолган ҳужжатларни бир-бир кўздан кечирганча сўради.

- Билмадим... Овози аллақандай ташвишли эди. Қачон келишингизни, қаердалигингизни, телефон рақамингизни сўради. Бермадим. Менимча у эски танишларингиздан бўлса керак...

- Рақамини олганмидингиз? 

- Ҳа, ёзиб қўйгандим. Ҳозир олиб кираман.

Ёрдамчи қиз чаққонлик билан коридорга чиқиб, бир парча қоғоз олиб чиқди.

- Мана бу рақами...

- Яхши, раҳмат, Дилнозахон...

Ёрдамчи қиз хонани тарк этди. Мадина қоғозга ёзилган рақамларга қараб ўйга толди. Ким экан бу аёл? Эски танишлариданмикан? Ёки бирор курс-дош дугонасимикин? Собиқ синфдошларидан бирими? Қариндошларими? Бирор битмаётган ишида ёрдам сўрамоқчидир-да. Ишлар юришиб, номи танилганидан бери бунақалар тез-тез мурожаат қилиб турибди-ку! - хаёлидан ўтказди у.

Хизмат сафарида юрганида ишхонасида ҳам ишлар кўпа-йиб кетган. Уларни саранжомлагач, ёрдамчиси берган рақамга қўнғироқ қилишни кўнглига тугиб қўйди. Компьютерни энди ёққан эди, эшик тақиллаб ёрдамчи қиз кўринди:

Мадина опа, телефонни оласизми? Боя сизга айтган аёл...

Мадина боши билан тасдиқ ишорасини бериб, стол устидаги телефон гўшагини кўтарди:

- Лаббай, ассалому алайкум!

- Ваалайкум ассалом...

- Эшитаман?

- Мадина опа, мен Азизаман...

- Узр, қайси Азиза?

- Ҳалиги... Ўткир аканинг аёлиман...

-Айбга буюрмайсиз, синглим, қандай танишлигимизни эслатиб юборсангиз, ҳеч эслолмаяпман.

-Ҳалиги... Нима десамикан...- Гўшакнинг нарёғидаги аёл чайналди. Ўткир ака билан сизлар...

Мадинанинг юраги бир қалқиб кетди. Ўткирнинг хотини нега уни излаяпти? Орадан неча йил ўтиб кетди. Жароҳатлар ўрни битган бўлса-да, хотиралар буткул унутилмаган, эсига тушганда кўнгил оғриқлари янгиланар, қалбининг тубидан дуоибадга ўхшаган "оҳ" сизиб чиқарди.

- Хўш? - Бир зумда ўзини йиғиштириб, овозига жиддий тус берди.

- Дадаси бетоб... - Аёлнинг овози титраб кетди. - Оғир хаста...- Чидаёлмади. Ҳўнграб юборди аёл.

- Мендан нима ёрдам истайсиз?- Гарчи кўнгли бузилган бўлса-да, Мадина аёлга сир бой бермасликка уринди.

- Опажон,- аёлнинг овози илтижоли чиқди.- Дадамиз сизни сўраяптилар. Илтимос, бир мартагина келинг. Сизни кўриб қолсинлар, балки...- Гўшакдан йиғи эшитилиб турар, Мадина аёлга нима жавоб қилишни билмай, ўйга ботган эди.

- Боришдан олдин ўзим сизга қўнғироқ қиламан.

Ўкириб йиғламаслик учун лабларини қаттиқ тишлаб олган Мадина кўзларини катта-катта очган кўйи қаршисидаги мониторга термулиб қолди. Охири излаб қолибди-да! Хор қилган одамингга бир куни зор бўласан, деганлари чин экан. Қай аҳволда ташлаб кетган эди, қай аҳволга тушганида излабди. Ажабо, нега излабди экан? "Ҳеч қачон йўлим сен билан кесишмайди!" деб керилганди-ку? Мадина ҳатто тасодифан у билан учрашиб қолишни истамай, хаёлларидан, юрагидан уни буткул ўчириб юборганди. Қандай боради? Қай кўз билан у мунофиқнинг кўзларига қарайди? Бормаса-чи? Борса нима бўлади?..

Мадина шу хаёллар билан икки кунни ўтказди. Ишхонада ҳам, уйида ҳам қўли ишга бормас, ўйчан, камгап бўлиб қолди. Учинчи кун юрак ютиб Ўткирнинг хотини берган манзилга, онкология диспансерига йўл олди. Ичкарига кираётганида таниш овоздан чўчиб тушди:

- Мадина опа!..- Ўгирилиб қарамаса-да, таниди - ишхонасига қўнғироқ қилган аёл. Яъни Ўткирнинг хотини. Турган жойи-да тўхтади. Аёл бир зумда қаршисида пайдо бўлди:

- Раҳмат, опажон! Келишингизни билардим!

Мадина истар-истамай аёл билан салом-алик қилди. Бироқ одамийлик юзасидан истаса-да, Ўткирни сўрашга тили бормади. Тўғрироғи, дилидаги истак тилига чиқмади. Индамай аёлнинг орқасидан юриб кетди. Ичкарига кирган эдилар, аёл сўз қотди:

- 32- хона, Мадина опа. Ҳув ана, коридорнинг охиридаги эшик. Ўзингиз бора қолинг. Сизда муҳим гаплари борга ўхшайди. Анчадан бери сизга илҳақ ётибдилар!..

- Кечирасиз, синглим, менга халат берасизми?, - дея Мадина ҳамширага мурожаат қилди.

Хонага яқинлашгани сари юраги увишар, қалбидаги тушунарсиз ҳиссиётлар; бир пайтлари жонидан ортиқ кўрган инсонидан нафратми, ижирғанишми ё шафқатгами ўхшаш алланечук туйғулардан вужуди титрарди. Эшик очилган заҳоти димоғига урилган қўланса ҳиддан кўнгли беҳузурланиб, боши айланиб кетди. Эшик олдида бир муддат туриб, ўзини ўнглаб ичкарига қадам қўйди. Оппоқ чойшабда, бир тутам бўлиб ётган, сочлари, қош-киприклари тўкилиб, афт-ангори бир аҳвол эркакнинг кўзларини айтмаса ҳеч қаери Ўткирга ўхшамасди. Мадина алам устида Ўткирни  қарғаган, уни абгор, хароб ҳолатда кўришни орзу қилган бўлса-да, ҳеч қачон ҳозирги қиёфада кўришни тасаввур қилмаган эди. Салом бериш, ҳол сўрашни ҳам унутиб тошдай қотиб турар, Ўткирнинг нурсиз кўзлари қаршисидаги сулув аёлга тикилган, хасталик сарғайтирган юзларига ёш думалади...

- Аллоҳ шифо берсин! - Мадина салом-аликдан сўнг саломатлик тилади. - Мени йўқлабсиз, тинчликмиди?!

Овозидаги кескинлик оҳанги ўзига ғалати туюлди чоғи, чуқур "уҳ" тортиб, беморнинг бош томонидаги курсига омонат ўтирди.

- Ўзинг нима деб ўйлаяпсан?...- Беморнинг хаста товуши инграгандек чиқди.

- Гапингизни гапиринг, - Мадина кескин оҳангда унинг сўзини кесди.

- Ҳа, биламан...- Бемор синиқ жилмайди. - Сенга қойил, таниқли тадбиркор аёлсан. Бир пайтлари орзу қилардинг таниқли, қўли узун тадбиркор аёл бўлишни, инсонларга ёрдаминг тегишини истардинг.   Орзуларингга эришдинг, лекин менсиз...

- Шуни айтмоқчи бўлиб чақиртирганмидингиз? Мадина унга нафрат билан қаттиқ тикилди. Нигоҳидан: "Сен мендан шафқат тиланаяпсанми?! Бир пайтлари бу дунё қайтар дунёлигини, хор қилганингга зор бўлишингни айтганимда нималар дегандинг?! Бошинг ёстиққа тегиб, инсоф битиб қолдими сенга?! Балки касал бўлмаганингда ҳеч қачон эсламасдинг мени?! Сендан нафратланаман! Оғир касал экансан-ку, қаршимда ўлиб ётганингда ҳам  нафратланаман сендан!" деган иддаолар ёғилаётганини Ўткир тушуниб турганди.

- Мендан нима ёрдам керак?! Кутилмаганда Мадинанинг овози кибрли янгради.- Нима қилишим керак, сизни эшитаман!

- Менга энг катта ёрдаминг - узримни қабул қил, мендан рози бўлгин, Мадина...- Ўткирнинг овози қалтираб, охирги сўзларини зўрға гапирди...- Орага бир муддат совуқ сукунат чўкди. Мадина ноқулай аҳволда қолган, қаршисидаги инсонни кечирай деса қалби истамас, кечирмай деса инсонийликдан бўлмасди.  Кўз олдида бир тутам бўлиб, қўланса ҳид ичида ётган шу одамни деб кўнгли бир умрга чил-чил синди. Ишончи, меҳр-муҳаббати, ҳурматига таҳқир билан жавоб берган, бутун умрини барбод қилган эркакка, инсон зотига бўлган ишончини поймол қилган бу кимса бошқача ҳолатда Мадинага рўпара келиб узр сўраганида юзига тупуриб юборишдан ҳам тоймасди. Лекин ҳозир...

- Мендан рози бўлгин, Мадина. Биламан, турмуш қилмадинг. Номардлигим сенга қимматга тушди. Аммо чорасиз эдим, чорасиз, Мадина! Бир томонда муҳаббатим, бир томонда оқ сут берган онам турганида мен ожиз она розилигини танладим.

Онангиз менга уйланишингизга рози бўлмаслигини қалбимга киришдан олдин билмасмидингиз? Мен онангизни билмасдиму, она сизники, қалб сизники!   Сизга осилиб олмагандим, кўнглимга йўл топгунингизча ўлиб бўлгандингиз. Мен аҳмоқнинг бир хатоим - сизга ишонганим ва энг катта хатоим ўша тунда ижара уйимга сизни киритганим... Бу гуноҳим учун ўзимни кечирмайман, аммо Аллоҳдан ҳар тун йиғлаб авф сўрайман. Сиз эса ҳануз номардлигингизча қолибсиз! Шу аҳволингизда ҳам ўзингизни эмас, онангизни айбдор қиляпсиз. Сизга ҳатто раҳм- шафқат раво эмас!

Мадина: "Мана, жазоингни Аллоҳ ўзи берибди!" демоқчи эди-ю, тилини тишлади.

- Мен бир умр ўзимдан наф-ратланиб яшадим. Биласизми, ўзимни бахтга, муҳаббатга лойиқ кўрмадим! Атрофимда мени севганлар, турмуш қуриш таклифини қилганлар кўп эди. Лекин мен истамадим. Чунки турмуш қурсам бир умр тилим қисиқ, эрим, яқинларим олдида юзим шувит яшашим керак эди. Сиздан қолган жароҳатни бағримга босиб, ёлғиз яшашни афзал кўрдим. Балки, бола кўтарган, ўғлини ўйнатган, қизининг сочларини тараган аёлларни кўрганимда қалбимдан сизиб чиққан "оҳ"им амалингизга дуойибад бўлиб ёғилгандир?! "Оҳ"нинг етмас манзили бўлмайди, деганлари рост экан! Тунлари ухлаб қолгунимча йиғлаб, тонгда уйқудан кўз очган заҳотим кўз ёш тўкардим. Билмадим, билмадим, ҳар қандай ҳолатда ҳам агар сизнинг ўрнингизда мен бўлганимда рози-ризолик сўраёлмасдим. Агар ризолик сўрашга ўзингизни ҳақдор билсангиз ва мени кечиришга мажбур санасангиз, майли кечирганим, рози бўлганим бўлсин!

Мен ҳам кимнингдир севимли ёри бўлишим, чимилдиққа келин бўлиб, фарзандлар дунёга келтиришим, болаларимга гўзал тарбия беришим мумкин эди. Аммо сиз сабаб дунё неъматларидан бебаҳра ўтдим. Айтинг, айтинг менга, сиз ўзингизни кечира оласизми?!..

- Мадина, илтимос, турмуш қургин. Ҳали ҳам кеч эмас. Ўлим остонасида сендан илтижо қилиб сўрайман, турмушга чиқ!

- Энди кеч... Мадина оғир тин олди. Сўнг оҳиста «тақдиримда битилган бўлса турмушга чиқаман», дея пичирлади.

 Шу онда Мадина бемор  умрининг сўнги дамларини яшаётганини ҳис қилиб, юраги увишди. Ва гарчанд тилига чиқаришни истамаса-да, кўнглининг тубидан сас чиқди: - Хотиржам бўлинг, сиздан розиман!..

Ортиқ гапга ҳожат қолмагани учун Мадина оҳиста хонани тарк этди. Бир сўз демай эгнидаги касалхона халатини Азизага ечиб берди-да, қадамини тезлатиб юриб кетди. Кайфияти нохуш аммо, юрагидаги оғир юкдан халос бўлган, руҳи енгил эди. Машинасига ўтириб енгил тин олди. Бир муддат хаёлга чўмиб қолди ва жажжи сумкачасидан қўл телефонини олиб таниш рақамга хабар жўнатди: "Ота-онамнинг олдиларига ўтиб розиликларини ололсангиз, таклифингизни қабул қиламан..."  Телефонни сумкасига солиб, касалхона томонга бир кўз ташлади-да, машинасини ўт олдирди...

 

 

Умида АДИЗОВА   

ХУРМОНИНГ 10 ФОЙДАЛИ ХУСУСИЯТИ

(47-сон) Шифобахш неъматлар

Куз неъмати - хурмо таркибидаги глюкоза ва фруктоза моддаларининг кўплиги туфайли унинг икки-уч донасига ҳар қандай киши бемалол тўяди.

Олмада мис ва руҳ моддалари кўп бўлса, хурмо ўз таркибидаги натрий, калий, магний, кальций, темир моддаларининг кўплиги бўйича биринчи ўринда туради. Пишган хурмо меваси ошқозон-ичак тракти, жигар фаолияти, кўриш қобилиятини яхшилайди, тери ва жинсий безлар фаолиятини тартибга солади. Қуйида келтирилган маълумотлар    орқали хурмонинг муҳим ўн хусусияти ҳақида батафсил билиб олишингиз мумкин.

1. Саратонга қарши. Хурмо қовоқ, календула, чаканда, ўрик ва бошқа сабзавот ҳамда мевалар каби ёш ўтиши билан юзага келадиган ўсимталарнинг ўсишига тўсқинлик қилади. Меваси таркибида бета-каротин миқдори кўп бўлиб, у ҳужайра тузилмаларини шикастловчи эркин радикалларга қарши курашишга қодир жуда кучли антиоксидант ҳисобланади. У терининг кексайишига қарши курашади. Хурмодаги бета-каротин моддаси помидор, қовоқ ва қизил булғор қалампирига қараганда жуда кўп.

2. Буйракдаги тошлардан халос этади. Хурмо таркибидаги магний моддаси буйракда тошлар ҳосил бўлиш эҳтимолини камайтиради, организмдан нат-рий тузлари чиқишига ёрдам беради. Ушбу мева пешоб ҳайдаш хусусиятига ҳам эга.

3. Юрак фаолиятини мустаҳкамлайди. Хурмо юрак касалликларига эга кишилар учун жуда фойдали, чунки унда калий моддаси кўп бўлиб, у бемалол валокордин препарати ўрнини босиши мумкин. Ҳар куни 2-3 дона хурмо мевасини истеъмол қилсангиз, юрак   хасталиклари сизни умуман безовта қилмайди. Бундан ташқари,     атеросклерозга қарши курашда ҳам хурмо катта ёрдам беради.

4. Қон томирлар учун. С ва Р  витминларига бой хурмо меваси қон томирларига ижобий таъсир кўрсатади, уларнинг мўртлигини камайтиради. Шифокорлар хурмони варикоз ва милклар қонашидан азият чекувчиларга ҳам тавсия этади.

5. Стафилококка қарши. Хурмо ичак таёқчаси, олтингранг стафилококка қарши бактерицид таъсирга эга.

6. Диареяда фойдали. Хурмо шарбати сурункали диареядан халос бўлишда ёрдам беради. Бунинг учун 6 дона пишган хурмони бўлаклаб кесинг, уларни 3 стакан қайнаб турган сувга солиб, 20 дақиқа давомида қопқоғи ёпиқ ҳолда сақланг. Қайнатмани докада сузиб олиб, 0,5 литр миқдорда ҳар 4 соатда ичиб турсангиз, яхши самара беради.

7. Гипертония ва шишларга қарши. Гипертония ва шишлардан халос бўлишда ёрдам беради. Бунинг учун  хурмо баргларини ювиб, қуритасиз ва ҳовончада майдалалаб, 5-7 кун давомида ҳар куни 2 маҳал овқатдан кейин чой қошиқдан қабул қилиш яхши фойда беради.

8. Анемияга қарши. Хурмо меваси темир моддасига бой, шу боис унинг шарбатини кунига 2 маҳал овқатдан олдин 50-100 мл.дан қабул қилиш тавсия этилади. Бундан ташқари, у асаб тизимини тинчлантиради, кишининг иш лаёқатини оширади.

9. Йўталга қарши. Томоқни бир дона пишган хурмо меваси шарбатига 3,5 ош қошиқ қайнатилган сув қўшган ҳолда чайиш жуда фойдали.

10. Юз учун ниқоб. Хурмо пўстлоғи ва тухум сариғидан тайёрланган ниқоб ҳуснбузарларга мойил тери учун энг мақбул восита ҳисобланади. Бундан  ташқари, хурмо юз терисининг тонусини оширади, теридаги дастлабки кексайиш аломатларига қарши курашади.

Тавсия: хурмо таркибида енгил ўзлаштириладиган қандлар миқдори кўп бўлгани боис, у семириш ва қандли диабет касалликларига чалинган кишиларга тавсия этилмайди.

 

Тайёрловчи: Минурахон БОЗОРОВА, шифокор.

ҚЎШНИНГ СЕНИ ЯХШИ ДЕСА, ЯХШИСАН...

(47-сон)

Ислом таълимоти, шариат аҳкомларига кўра, қўни-қўшниларнинг бир-бирларига  нисбатан ўзаро ҳақ ва ҳуқуқлари, бурч ва масъулиятлари борки, ана шу амалларни чиройли тарзда адо этишлик бандани улуғ даражотларга етказади.

Муборак ҳадису шарифда шундай баён этилади: «Кунларнинг бирида бир киши пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан сўрабди: Ё Расулуллоҳ мен ўзимни яхши ёки ёмон инсон эканлигимни қаердан билсам бўлади? Шунда Муҳаммад (с.а.в.): "Агар сени қўшниларинг яхши деб айтаётган бўлсалар, у ҳолда сен яхшисан, мабодо қўшниларинг сени ёмон деб гапираётган бўлсалар, бас, унда сен ёмонсан" дедилар».

Яна бир ҳадисда эса қиёмат куни Аллоҳ инсонларнинг яхши ёки ёмон эканликларига қўни-қўшниларни гувоҳ қилиб қўяди, дейилади. Доно халқимизда "Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни афзал" деган ҳикматли гап бежиз айтилмаган.

Юқоридаги ҳадислардан маълум бўладики, қўни-қўшничилик одобларида ва ҳақ-ҳуқуқлари борасида ўта    ҳушёр бўлмоғимиз муҳимдир. Ўзаро муомала-муносабатда қўшнининг ҳурматини юқори сақлашлигимиз, қўшничилик ришталарининг мустаҳкам бўлишига астойдил ҳаракат қилмоғимиз лозим. 

Муоз ибн Жабал (р.а.)дан ривоят келтирилади: "Расулуллоҳ (с.а.в): Қачон уйингда бирор шўрва каби таом пиширсанг, сувини кўпроқ қуй ва қўшнинг-нинг оила аъзоларига ҳам бир миқдор насиба бериб, йўқлаб тур, деганлар" (Муслим ривояти).

Қўни-қўшничилик ҳаққини адо қилишлик аввало, улар билан хуш муомалада бўлишлик, бозордан олиб келган мева-чева ва бошқа нарсалардан имконият даражасида қўшнига ҳадя қилишлик, тўй ёки бирор бир маросим қилаётган бўлса, олдиндан имкон қадар қўшнига  ёрдам беришлик, касал бўлса кўришлик, бировлар қўшнисини ғийбат қилаётган бўлса, дарҳол уни тўхтатишлик, бир сўз билан айтганда, ҳар бир ишда қўшнининг ҳурматини сақлашлик буюрилади.

Минг афсуски, бугунги кунда баъзи бир қўни-қўшнилар арзимаган сабаблар туфайли бир-бирлари билан уришиб, йиллаб гаплашмай юрадилар. Бундай ҳолатлар нафақат шариатимиз, балки инсонийликка ҳам зиддир.

Донолардан бири ёзиб қолдирган ҳикоятда шундай воқеа зикр этилади: "Кунларнинг бирида салафи солиҳлардан бирининг уйига меҳмон келади. Уй эгаси хонадонида сичқон  кўпайиб кетганлигини айтади. Шунда меҳмон: биродар шунга ҳам ғам чекасизми, бунинг йўли осон. Бир мушук олиб келиб,    уйингизга қўйиб юборинг, ҳамма сичқонлар қочиб кетади, ташвишдан буткул қутиласиз, деди. Уй эгаси: биродар гапингиз тўғри, лекин мен сиз айтгандай қила олмайман, чунки бу ишни қилсам ҳамма сичқонлар қўни-қўшниларимнинг уйларига ўтиб кетади. Мен бу қилмишим билан қўшниларимга озор етказиб қўяман, ўзимга раво кўрмаган нарсани қўшнимга қандай раво кўрай?" деган экан".  Ушбу ҳикоятдан хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола.

Аллоҳ таоло барчамизга қўни-қўшнилар билан аҳил-иноқ, иттифоқликда яшашликни, уларнинг ҳақларини чиройли тарзда адо этишликни насиб этсин. 

Валижон Сиддиқбоев,

 

Андижон шаҳри бош имом хатиби.

ГИЁҲВАНДЛИК - АСР ВАБОСИ

(47-сон) Мутахассис минбари

Гиёҳвандлик инсониятни жарга етакловчи вабодир. Инсон гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилар экан, тиббиёт нуқтаи назаридан қараганда нафақат ўзининг соғлигига, балки дунёга келадиган зурриёдининг ҳаётига ҳам жиддий таҳдид солади. Бундан таш-қари, ушбу иллат  фуқароларнинг ҳаёти, соғлигига зиён етказувчи турли нохуш ҳолатлар, номусга тегиш, ўғирлик, талончилик, босқинчилик сингари жиноятларни содир этилишига, иқтисодиёт ривожига, шунингдек, ёшларнинг онг-шуури, маънавияти, жамият негизи ҳисобланган оилалар барқарорлигининг бузилишига олиб келади.

Республикамиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан боғлиқ жиноятлар содир этилишининг олдини олиш, ушбу жиноятга қарши кураш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда. Гиёҳвандлик моддаларини сақлаш, сотиш, истеъмол қилиш сингари ноқонуний хатти-ҳаракатлар аниқланиб, ўша ҳолатлар бўйича айбдор, деб топилган шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилмоқда. 

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят ички ишлар бошқармаси Тергов бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан боғлиқ 157 жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилди. Ушбу жиноятни содир этганлар орасида аёлларнинг борлиги эса ташвишли ҳолатдир. Жамиятда аёл кишининг асосий     вазифаси оила мустаҳкамлигини таъминлаш, фарзандлар тарбияси, уларни соғлом ва баркамол вояга етказиш    бўлса-да, минг афсуски, айрим аёлларимиз шу турдаги жирканч жиноятларни содир этганлигини асло оқлаб бўлмайди. Уларнинг бундай хатти-ҳаракатлари нафақат ўзлари, балки оиласи, яқинлари, фарзандлари учун исноддир.

Ҳеч бир шахс гиёҳванд бўлиб дунёга келмайди, шахснинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши учун энг аввало, оиласида, яшаётган маҳалласида, таҳсил олаётган таълим муассасасида яхши муҳит    шаклланган бўлиши зарур. Бу борада оила вакиллари, ота-она, кенг жамоатчилик, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари масъулиятни ҳис этган ҳолда ҳамкорликда иш олиб боришлари турли салбий ҳолатлар ва жиноятчиликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатимизнинг аксарият ёшлари  илм-фан, таълим, спорт, санъат соҳаларида ўзларининг юксак салоҳиятларини намоён этиб, юксак марраларга эришиб келаётган бир пайтда улар орасида гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларини истеъмол қилишга ружу қўйиб, ушбу иллат ботқоғига ботиб бораётган айрим ёшлар ҳам йўқ эмас. Халқимизда "Қозонга яқин юрсанг, қораси юқади" деган ҳикматли гап бежиз айтилмаган. Шу маънода ёшларимиз муқаддам ушбу турдаги жиноятларни содир этиб, судланган, тузалиш йўлига кириш ўрнига уларни наркотик моддалар истеъмол қилишга ундаётган шахслардан огоҳ бўлишлари, бундай шахслар қопқонига тушиб қолишдан эҳтиёт бўлишлари керак.

Гиёвандлик воситалари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир этувчи бошқа моддаларни ҳар қандай шаклда истеъмол қилишга жалб этганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 274-моддасида жиноий жавобгарлик белгиланган.

Шу ўринда Жиноят кодексининг тегишли бандларига кўра, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўз ихтиёри билан топширган шахс, топширилган гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни тайёрлаганлиги, олганлиги,  шунингдек, уларни сақлаганлиги, ташиганлиги ва жўнатганлиги учун жиноий жавобгарликдан озод қилинади. Қонунчилигимиздаги ушбу норма аввало, қонунчилигимиз инсонпарварлик принципларига асосланганлигини кўрсатади, қолаверса, юртимизда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда тарқалиши, турли жиноятлар содир этилишининг олдини олишга хизмат қилади. 

Мухтасар айтганда, инсонни таназзулга етакловчи гиёҳванд-лик иллатига қарши курашиш, унинг олдини олишда жамиятнинг ҳар бир аъзоси фаол иштирок этиши керак.

 

 Нодирбек СОДИҚОВ,

 

 вилоят ИИБ  ҳузуридаги тергов бошқармаси катта терговчиси, майор.

Мехр

(47-сон) Дил туFёни

Оиламизда беш киши яшаймиз. Отам ишчи, онам уй бекаси. Мен ва икки укам бор,  укаларим ҳам, мен ҳам мактаб ўқувчисимиз.

 Сокин тунлардан бири эди. Ҳамма уйқуда, укаларим билан ўз хонамизда эдик. Мен ва кичик укамнинг кўзимизга уйқу инмасди. Менинг нималарнидир ёзгим келар, укам эса тинмай гапириб, мени ўзига қаратишга ҳаракат қилар эди. Охири бир идишга тўплаган ўйинчоқларини дафтарим ёнига сочди. Ичидан эса 500 сўм пул чиқди.

- Пулни қаердан олдинг?, - дея дарҳол укамни сўроққа тутдим. Пул чиқишини кутмаган укам «аям берди», деди.

-Алдама, уни қаердан олдинг, - дея яна савол бердим. 

- Тўпламоқчиман, - дея жавоб берди жажжи укам. Бироз ўтиб,  пулни менга тутқазди.             -Ушланг, сиз ишлатарсиз,                   -деди. Укажонимнинг менга бўлган меҳрибончилигидан кўнглим алланечук бўлиб кетди. Унинг нозик қўллари ва умидли кўзларига қараб, «ўзинг ишлатасан», дедим. У бўлса, «майли олиб қўяман, яна кўпайтириб сизга бераман» деб, пулни идишлар ичига солиб қўйди.

Шу онда укам билан ўртамиздаги меҳр-муҳаббат туйғусини юракдан ҳис этдим. Қаранг, жажжигина укажоним менга яхшилик илиняпти! Бу воқеа ҳаётимга ўзгача маъно олиб келди. Укамни бағримга босиб, пешонасидан ўпдим. Мен ҳам шу ондан бошлаб ўзгаларга қўлимдан келганча ёрдам беришга, яхшилик улашишга аҳд қилдим.

Истардимки, мана шундай меҳр-оқибат ҳар бир оилани, ҳар бир инсон кўнглини ёритгувчи нурга айлансин.

 

Гуласал НУРМУҲАМЕДОВА

Ватан учун яшамоқ керак!

(47-сон)  Дил туFёни

Ватан шу қадар муқаддас тушунчаки, уни ҳис этиш учун кимлардир деярли бутун умрини сарф этади. Кимлардир сўз гавҳаридан инжулар териб, таърифу тавсифлашга ҳаракат қилади. Яратганнинг назари тушган жаннатмонанд Ўзбекис-тон менинг Ватанимдир. Бугун айрим давлатларда содир бўлаётган нохушликлар, қирғинбаротларни кўриб, юртим тинчлигига, обод ва фаровон ҳаётимизга шукроналар келтираман.

Ҳар тонг уйғониб, оиламиз аъзолари дастурхон атрофида жамулжам бўламиз. Осойишта ҳаётимиздан масрур бўлган ота-онам, тўрида савлат тўкиб ўтирган бобом ва бувим қўлларини дуога очадилар: "Эй Роббим, илоҳим юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!" Кўнглимга яқин бўлган бу дуолар ватанимга бўлган муҳаббатимни янада оширади.

Биз мустақил, озод ва обод  юрт - Ўзбекистон фарзандларимиз. Давлатимиз томонидан биз ёшларни илм олишимиз, ўз истеъдод ва салоҳиятимизни тўлақонли намоён этишимиз учун кенг имкониятлар яратиб берилган. Шу ўринда мен тенгдошларимга баралла айтмоқчиман: "Ватан учун муносиб фарзанд бўлайлик, унга муносиб хизмат қилайлик". 

Биз ёшлар юртнинг келажагимиз. Шундай экан, Ватан равнақи, унинг порлоқ истиқболи учун хизмат қиладиган инсонлар бўлиб камол топиш йўлида бор имкониятларимизни ишга солайлик. Вақтлар келиб биздан ота-онамиз, яқинларимиз, Ватанимиз фахрлансин. 

 

 Ҳилола ҚАЮМОВА

 

Илм - инсонни бахт-саодатга етказади

(47-сон) Мулоҳаза

Ёш авлодни ҳар жабҳада билимли, қобилиятли, маънавий етук, комил инсон қилиб тарбиялашда илмнинг ўрни беқиёс. Зеро, билимли ёшлар Ватанимиз келажаги ҳисобланади. Она Ватанимиз - Ўзбекистоннинг ҳар соҳада юксак тараққиёти билимли ёшларга боғлиқдир.

Инсоннинг олган билими унинг ҳаёти қай даражада бўлишида муҳим аҳамият касб этади. Минг афсуски, бугунги кунда айрим тенгдошларимиз кўпроқ ўқиб, илм олиш ўрнига ўзларининг қимматли вақтларини интернет тармоқларида турли ўйинлар ўйнаш, телефонда соатлаб гаплашиш, бировларни ғийбат қилиш сингари бемаъни ва фойдасиз ишларга сарфлаётганликларини кўриб, ачинасан киши.

 Ҳар бир янги ниҳол яхши парвариш қилинса, кутилгандек мева беришини барчамиз биламиз. Шу маънода юртимизда биз ёшларнинг ўқишимиз, пухта билим олишимиз учун барча шароитлар яратилган. Илм эгаллашга қизиқтириш барчамизнинг улкан вазифамиздир. Бу долзарб масалага халқимиз азал-азалдан алоҳида эътибор қаратиб келган.

Шарқ адабиётида ҳам азалдан ёшларни илм олишга даъват этиш, илм инсонни бахт-саодатга етказувчи восита эканлиги ҳамда комил инсонни тарбиялашдаги аҳамияти хусусида кўплаб асарлар яратилган.

Мумтоз адабиётимизнинг Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Яссавий, Аҳмад Югнакий, Алишер Навоий каби буюк даҳолари ҳам ўз асарларида илм инсон ҳаётида  муҳим эканлигини  таъкидлаганлар. Айниқса, Аҳмад Югнакийнинг ''Ҳибат ул-ҳақойиқ'' асаридаги илм олишнинг фазилати тўғрисида битилган ибратли баёнларни алоҳида эътироф этиш ўринли. Югнакийнинг ушбу асари ўзидан олдинги дидактик адабиёт анъаналарини изчил ва ижодий давом эттиргани билан ҳам қимматлидир. Асар инсонларга исломий одоб-ахлоқ қоидалари, маънавий-ахлоқий камолот сирларидан сабоқ беради. Илм ўрганиш инсонни саодатга элтувчи восита эканлиги уқтирилади.

Асар муқаддимасида илм олишнинг инсон учун қанчалик муҳим эканлиги баён этилиб, илмли ва илмсиз кишиларнинг хусусиятлари ўзаро таққосланади. Яъни, илмли инсонлар доимо керакли сўзни сўзлайдилар, уларнинг сўзи бошқалар учун ибрат бўлиши, илм билан инсон саодатга эришиши, илмсизлик эса кишини тубанлаштириб, ҳалокатга етаклаши баён этилади.

Дарҳақиқат, илмли, юксак маънавиятли, одоб-аҳлоқли инсонлар яшайдиган жамиятда ёмонликка асло ўрин қолмайди. Чунки улар ҳар бир ишни ақл билан бажарадилар. Илм шундай бебаҳо хазинаки, у соҳибини ҳеч қачон тарк этмайди, шу билан бирга уни юксак мартабаларга етказади.  Илмсизлик эса инсонга ҳаёти давомида кўплаб қийинчиликлар, муаммоларнинг юзага келишига сабаб бўлади. Илмсиз инсон муаммо ва қийинчиликлар  олдида ожиз қолади. Илмли инсон вафот этганидан кейин ҳам бажарган эзгу амаллари билан инсонлар қалбида яшайверади. Шунинг учун ҳам ҳар бир инсон ҳаётда имкон қадар илм олишга интилмоғи керак.

Илм шундай нурки, у инсоннинг ҳаёт йўлини ҳамиша ёритади. Ўз соҳибини эзгу ишлар қилишга, она юрт тараққиёти учун  фидойи бўлишга ундайди. Ушбу фикрлардан ҳар биримиз, айниқса, биз - ёшлар керакли хулоса чиқаришимиз, олтиндан қиммат вақтни исроф қилмасдан илм эгаллаб, келажакда комил инсон бўлишга астойдил  ҳаракат қилмоғимиз зарур. Шундагина ота-онамизга, юртимизга муносиб хизмат қиладиган инсон бўлиб камол топамиз.

 

Моҳинур  ҲАМИДОВА,

 

АДУ талабаси.

Бобур ижоди - тарбия ва ибрат мактаби

(47-сон) 2017 йил - Андижонда З. М. Бобур йили

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан Андижонда жорий йил  "З. М. Бобур йили" деб эълон қилиниши халқимизнинг улуғ аждодларга бўлган эҳтиромининг ёрқин намунасидир.

Ушбу ташаббус натижаси ўлароқ, улуғ бобокалонимиз, шоҳ ва шоир, давлат арбоби, моҳир саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва фаолияти халқимиз орасида янада кенг тарғиб этилмоқда, унинг асарлари чуқур ўрганилмоқда.

Бобомиз Бобур Мирзонинг ҳаёт йўли жуда қийинчиликларда ўтган, ана шу қийинчиликлар уни ҳаётда тоблаган, иродасини метиндай мустаҳкам қилган. Қолаверса, у мураккаб ижтимоий-тарихий даврда яшаган ижодкор сифатида ҳам ўзига хос ижод мактабини ярата олган.

Бобур лирикаси ўзбек тили ва адабиётининг ривожига муносиб ҳисса қўшди. Шоир асарларининг тили содда, халқчил ва равон бўлганлиги билан ҳам эътибор қозонган. Бобурнинг аксарият шеърлари гўё хижрон азобида куйган қалб ва кўзининг ёшлари билан ёзилгандай. Уларда она юрт соғинчида адо бўлган фарзанднинг, ёр фироқида азоб чеккан ошиқнинг, ўз хатоларини англаб етган комил инсоннинг дардлари ифодаланган:

Даврон мени ўткарди сар-у сомондин,

Айирди мани бир ёлла хон-у мондин .

Гаҳ бошима тож, гаҳ балойи таъна,

Неларки бошима келмади даврондин.

 

Бобур ҳаёти ва ижодини ўрганишда унинг "Бобурнома" асари биз учун ниҳоятда қимматли манба ҳисобланади. У "Бобурнома"да кўп қиррали ижодкор: шоҳ, шоир, саркарда, табобатшунос, тарихчи, геог-раф сифатида намоён бўлади.

Бобурнинг маърифатпарварлик жиҳатлари ҳам диққатга сазовордир. У ҳаётида ҳар қандай вазиятда ҳам доимо олим ва фозиллар, санъаткорлар билан бирга бўлишга, улар билан маслаҳат қилишга, ўз билимини тинмай оширишга интилган. Ўз фарзандларига ҳам ана шу хусусиятларини синдиришга ҳаракат қилган. Бобур айниқса, давлатни бошқаришда маслаҳат кенгаши билан иш тутиш лозимлигини уқтирган.

Бобурнинг фарзандлари Ҳумоюн, Камрон ва Гулбаданбегим ҳам шоир, адиб, етук, юксак салоҳиятли кишилар бўлиб камол топди. Бобур учун Ватандан узоқда, ғурбатда яшаш ниҳоятда оғир эди. Бунинг устига узоқ вақт сарсон-саргардонликни бошдан кечириш, дўстларининг хиёнати,  душманларига қарши узлуксиз кураш олиб бориш унинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатади. Бобур оғир аҳволи, соғлиғи ёмонлашганлиги ҳақида шундай ёзади:

 

Жисмимда иситма кунда маҳкам бўладур,

Кўздин ўчадур уйқу, чу охшом бўладур.

 Ҳар иккаласи ғамим бирла сабримдек,

Борган саъйи бу ортадур, ул кам бўладур. 

 

Бобур Мирзо ўзи подшо бўлгани учун ҳеч кимга тобе эмас эди, ижод жараёнида ҳам ўзини мустақил ҳис қилар ва эркин қалам тебратарди.

Бобур асарларидан баҳраманд бўлган инсон қалбида ўзлигини англаш, аждодларига ҳурмат, улардан фахрланиш туйғулари мустаҳкам жой олади. Зеро, Бобурдек буюк истеъдод соҳибларининг ижоди ёш авлод учун тарбия ва ибрат мактаби бўла олади.

 

 Гулҳаё МЎМИНЖОНОВА,

 

АДУ талабаси.

ФАРЗАНДИНГИЗДАН МЕҲРИНГИЗНИ АЯМАНГ!

(47-сон) Психолог маслаҳати

Болага нима дейиш мумкин-у, нима деб бўлмайди!

Фарзандларимизнинг баркамол, етук шахс бўлиб шаклланиши, ўз мақсадлари сари интилувчан, мустақил ва иродали бўлиб улғайишида ота-она тарбияси муҳим роль ўйнайди. Агар кузатсангиз, ота-онанинг маслаҳатлари боланинг ҳаётда қўядиган ҳар бир қадамида ўз аксини топади. Баъзан фарзандимизнинг журъатсиз, омадсизлигидан хафа бўламиз. Билайликки, бунда бизнинг ҳам айбимиз бор.

Ота-она томонидан айтиладиган баъзи сўз ва иборалар болани шахсий ҳаётига салбий таъсир кўрсатади, болада ўзига бўлган ишончни синдиради, ҳаётда мустақил, етук шахс бўлиб       улғайишига тўсқинлик қилади. Олим ва психологлар олиб борган тадқиқотларга кўра, қуйидаги сўз ва иборалар ана шу тоифага киритилган:

- Кучли одамлар йиғламайди;

- фақат ўзинг ҳақингда ўйла, ҳеч кимни аяма;

- сенинг бу қилиғинг сени даданг (онанг) га ўхшатади;

- жинни;

- сен бўлмасанг яхши эди;

- даданг(онанг) га ўхшаган омадсиз бўлиб ўсасан;

- қулоқ солмасанг касал бўласан;

- сенга шунча куч кетказдик, сен эса...

- сенинг ишинг бўлмасин;

- ҳеч кимга ишонма, ҳамма алдоқчи;

- бундай қилсанг, ҳеч ким сен билан дўст бўлмайди;

- доим шуни ҳаммадан ёмон бажарасан;

- аёллар эркакларга қараганда саводсиз бўлади;

- сен ёмонсан;

- яхшиликка ишонма, дунё у қадар гўзал эмас аслида.

Ушбу насиҳатларни асосан кучсиз, ҳаётда ўз ўрнини топа олмаган ота-она боласига сингдиради.

Болангизни бахтли ва ўзига ишонган бўлиб вояга етишини истасангиз, қуйидаги сўзларни ундан аяманг:

- Сенда яхши фазилатлар жуда кўп;

- йиғлайвер, енгил тортасан;

- қанча берсанг, шунча оласан;

- даданг(ойинг)қандай ажойиб инсон;

- сен бизнинг бахтимизсан;

- ҳар бир инсон ўз йўлини ўзи танлайди;

-сен соғломсан;

-биз сени яхши кўрамиз,тушунамиз;

-сенинг фикринг биз учун қизиқ;

- сен одамларга қандай муносабатда бўлсанг, улар ҳам сенга шундай муносабат билдиради;

- ҳамма хато қилади, яна бир уриниб кўр;

- тозаликка риоя қилсанг, соғлом бўласан;

- ҳаммаси ўз қўлимизда;

- ўзингни севишни бил, шунда сени сева олишади;

- сен кўп нарсага қодирсан;

- сенсиз нима қилар эдик;

- сендан хурсандмиз;

Айб, уят ва қўрқув ҳислари ҳеч қачон инсонни бахтли қила олмайди. Болани ерга уриб, унинг иши танқид қилинаверса, бола улғайиб ўзига ишонмайдиган ва масъулиятсиз бўлиб қолади. Болага қўл кўтариш, уни камситиш кучсиз инсонни ўстиради. Айрим вазиятларда болага танқид ёки маслаҳат ўрнига оддийгина меҳр ёрдам беради. Фарзандингиздан меҳрингизни аяманг, у ҳеч қачон ортиқчалик қилмайди.

Неъматхон ЙЎЛДОШЕВА,

 

Хўжаобод тумани "Аёллар маслаҳат маркази" психологи.