Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари қошида шоир ва носир Fани Мажид раҳбарлигидаги "Нафосат" ижодкорлар клуби кўп йиллардан буён самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.
Клуб машғулотларида мактаб ўқувчисидан тортиб 90 ёшни қоралаган катта ёшдаги ижодкорларгача қатнашиб келади. Айниқса, клуб аъзолари орасида ёш ижодкор қизлар ва аёлларнинг сафи ортиб бораётганлиги қувонарлидир.
Кейинги йилларда клуб аъзоларининг самарали ижодлари улар томонидан чоп этилган шеърий ва насрий китоблар орқали ўқувчиларга тақдим этилди. Мухтасар айтганда, ижод шавқи билан яшаётган "нафосат"чилар чиройли ижод намуналари билан ўз мухлисларини баҳраманд этиб келмоқда. Қуйида клуб аъзолари ижодидан намуналарни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш - долзарб вазифа
(48-сон)
Фикр
Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, бу ишларнинг барчаси инсон, унинг манфаати ва турмуш фаравонлигини оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Маълумки, Ўзбекистон аҳолисининг аксарият қисмини ёшлар ташкил этади. Уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ислоҳотлар жараёнидаги муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Шу боис ҳам кенг жамоатчилик томонидан бу борада зарур ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, ёшларни ёт ғоявий ва мафкуравий хуружлар таъсиридан, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ишлар кўлами тобора ортиб бормоқда.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов "Ўзбекистон давлатининг буюк келажаги ҳозирги кунда, асосан мактабларда, олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таълим олаётган истеъдодли, иқтидорли ва ташаббускор ёшларга боғлиқ. Чунки бу ёшлар мамлакатимиз иқтисодиёти, маданияти ва ишлаб чиқариш соҳаларида ижод қиладиган, келажагимиз пойдеворини яратадиган ёшлардир" деган эдилар.
Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётда муносиб ўринларини топишлари учун мустаҳкам ҳуқуқий база шаклланган. Хусусан, 2016 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги қонуни бу борадаги ишларни янада юқори даражага кўтаришда дастуриламал бўлмоқда.
Мазкур қонун 4 боб, 33 моддадан иборат бўлиб, ана шу йўналишдаги ишларни тартибга солади. Қонунда ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, бу борада давлат органлари, жамоат ва нодавлат ташкилотлари, жамоатчилик институтлари вазифалари белгилаб берилган. Айниқса, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда жамоатчилик назорати масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
Бугун мамлакатимизда ёшларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқаришлари учун барча шароитлар яратилган. Бироқ глобаллашув жараёни шиддат билан давом этаётган, турли ғоявий курашлар авж олган таҳликали бир шароитда ота-оналар, маҳалла, устозлар, кенг жамоатчиликнинг ҳушёр ва огоҳ бўлиши талаб этилади. Зеро ёшларимиз ана шундай таҳдидлар таъсирига тушиб қолмасин.
Бугунги кун ёшлари нафақат фаол, балки юқоридаги каби таҳдидларга қарши тура оладиган билимдон, юксак маънавиятли бўлишлари керак. Юртбошимиз таъкидлаганидек, болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан ўзимиз тарбиялашимиз лозим. Бунинг учун ёшлар билан кўпроқ гаплашиб, уларнинг қалбига қулоқ солиш, дардини билиш, муаммоларини ечишда амалий ёрдам кўрсатишимиз, айниқса, уюшмаган ёшлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Бу вазифани самарали амалга оширишда биз асрлар мобайнида шаклланган миллий анъаналаримизга, аждодларимизнинг бой меросига таянмоғимиз лозим.
Фарзандларимизнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни, хорижий тилларни эгаллашлари, ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб, ҳаётдан муносиб ўрин эгаллашлари учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этишимиз керак.
Юртимизда болалар спорти йилдан йилга ривожланмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, республика, халқаро миқёсдаги турли мусобақаларда юқори натижаларга эришаётган ёшлар сафи тобора ортиб бормоқда.
Балиқчи туманидаги 5- умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Марварид Шодмоналиева ҳам ана шундай ютуқларга эришаётган ёш спортчилардан биридир. У 4 йилдан буён миллий спортимизнинг белбоғли кураш тури билан шуғулланиб келади. ҳали ёш бўлса-да, ўзининг иродаси, тиришқоқлиги, қолаверса, курашнинг нозик жиҳатларини пухта ўрганаётганлиги туфайли яхши натижаларни қўлга киритмоқда.
Дастлаб туман мусобақаларида ғолибликни эгаллаган Марварид кейинги йилларда вилоят республика мусобақаларида ҳам ютуқларни қўлга киритмоқда. Жумладан, 2015 йилда Жалақудуқ туманида ўтказилган 2002-2003 йилларда туғилган қизлар ўртасида ўтказилган вилоят биринчилигида ўз вазн тоифасида ғолиб бўлди.
- Марварид ўз устида тинимсиз изланиб, машғулотларда фаол иштирок этиб келади, - дейди Марвариднинг устози, спорт устаси Зулфизар Тўраева.- У 2015 йилда белбоғли кураш бўйича вилоят ва республика чемпиони деган шарафли номга эга бўлган бўлса, 2016 йилда Навоий шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги республика кубоги баҳсларида ҳам зафар қучди. Жорий йилда эса республика чемпионатида 48 кг. вазн тоифасида фахрли иккинчи ўринга сазовор бўлди.
Халқаро спорт майдонларида мамлакатимиз байроғини юксакларга кўтаришдек улуғ мақсад сари интилаётган курашчи қизимиз ўз орзуларига етишишига ишонамиз. Чунки унда мустаҳкам ирода, қалбида ўзига, ғалабага бўлган ишонч мустаҳкам.
Гавҳарой Абдулҳамидова Асака туманидаги 36-умумтаълим мактабининг 8-синфида таҳсил олади, санъатга ўзгача меҳр қўйган. У ўзбек миллий чолғуларидан бўлган чанг созини чалиш билан шуғулланади. 2010 йилда Ниёзботир қишлоғидаги болалар мусиқа ва санъат мактабига ўқишга кириб, устози Нодирахон Қўшмақовадан чанг чалиш сирларини пухта ўрганиб келмоқда.
Гавҳарой мактабнинг энг фаол ва аълочи ўқувчиларидан бири, 1-синфидан буён синф сардори бўлиб келади. Бўш вақтларида китоб ўқийди. Мактабда ташкил этилган волейбол ҳамда ёш ижодкорларнинг "Ниҳол" тўгараклари машғулотларига қатнашиб келади. Шунингдек, турли тадбир ва кўрик-танловларда фаол иштирок этади. Унда актёрлик маҳорати яхши шаклланган. Андижонда Заҳириддин Муҳаммад Бобур йили муносабати билан ташкил этилган "Бобур билимдонлари" кўрик-танловида Хонзодабегим ролини ижро этиб, танловнинг вилоят босқичида муваффақиятли қатнашди.
Гавҳарой Ёшлар иттифоқининг мактабдаги бошланғич ташкилоти сардори сифатида тенгдошлари фаоллигини ошириш ҳамда турли саналар муносабати билан қатор тадбирлар ўтказилишида ташкилотчилик қилиб, ўқувчилар маънавиятини юксалишига ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Гавҳарой келажакда билими, маҳорати ва иқтидорини янада юксалтириб, етук мутахассис бўлиш, ўзбек санъати довруғини дунёга танитишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Эзгу мақсадлар йўлида дадил бораётган иқтидорли Гавҳаройга ижодий парвозлар тилаймиз.
Андижон индустриал педагогика коллежида фалсафий ва оқилона қарашлар акс этган асарлар орқали ёшларнинг маънавиятини, мустақил фикрлаш салоҳиятини юксалтириш, уларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш, мутолаа маданиятини юксалтиришга бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Президентимизнинг жорий йил 13 сентябрдаги "Китоб маҳсулотлари чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича коплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган мазкур тадбир очилишида сўз олган Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Р. Жўрабоева сўз олиб, китобнинг инсон камолотидаги ўрни ва роли ҳақида гапирди.
Тадбирда коллеж педагогик жамоаси, ўқувчилар, ижодкорлар, Андижон шаҳридаги китобхон оила вакиллари иштирок этиб, китоб тарғиботини кучайтириш, ўқувчиларнинг китобга, китоб мутолаасига бўлган қизиқишларини янада ошириш хусусида фикр алмашдилар.
Маънавият-инсонни Ҳазрати инсон қилиб тарбиялайдиган энг биринчи омил. Бошқача айтганда, маънавиятли инсоннинг қалб кўзи ҳамиша очиқ, маърифатга тўлиқ бўлади, аҳлоқ-одоби, она Ватанига бўлган муҳаббати, жамиятдаги жараёнларга даҳлдорлик туйғуси, олдига қўйган эзгу мақсадлари билан ҳам бошқалардан ажралиб туради. Бироқ бугунги глобаллашув даврида маънавиятимиз билан фахрлана оламизми? Юртдошларимизнинг, айниқса, ёшларимизнинг маънавияти, одоб-аҳлоқи, муомала маданияти ўзимиз истаган даражадами?
Ана шу каби саволлар назаримизда ҳар бир кишини ўйлантириши табиий. Айниқса, мафкуравий ҳуружлар, турли маънавий таҳдидлар, "оммавий маданият" кўринишлари авж олган бугунги кунда бу масала янада муҳим аҳамият касб этади. Маънавият - миллат таянчи. Шу боис ушбу масалага асло эътиборсиз қараб бўлмайди.
Қуйида маънавиятимиз билан боғлиқ кўринишлар, унга раҳна солиши мумкин бўлган иллатлар, улардан ёшларимизни асраш лозимлиги хусусида айрим юртдошларимизнинг фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашамиз.
Ўзганинг қалбига озор етказманг
Фаридахон Тошмирзаева, фахрий ўқитувчи:
- Умримнинг салмоқли қисмини ўқитувчилик касбига бағишладим. Касбим билан фахрланаман.
Маънавият ҳақида гапирадиган бўлсак, уни маърифат ва маданият тушунчаларидан айро тасаввур этиб бўлмайди. Ўқитувчи эса маънавиятли, ўз навбатида маърифатли ва маданиятли бўлиши лозим.
Орамизда фидойилар, ўз касбига муносиблар жуда кўп. Бироқ баъзан кўнгилни хира қиладиган ҳолатлар ҳам учраб туради. Фикримни ўқув даргоҳларидан бирида ўзим гувоҳ бўлган воқеа билан изоҳлай. Ўша куни бир ўқитувчи аёл дарсга кеч қолган ўқувчи қизни шунақа сўкдики… Ҳатто қиз боланинг шаъни, ғурурига тегадиган ёмон сўзларни ҳам оғзига олди.
Қиз бечора ўртоқларининг олдида бошини эгганча дув-дув кўз ёши тўкди… Ўша ўқитувчининг маънавияти яхши бўлганда эди бу қадар хунук ҳолатга йўл қўймас, ўқувчи қизнинг қалбига озор етказмаган бўлар эди.
Яна бир ҳолат. Бир куни "Дамас"га чиқдим. Унинг шофёри ва йўловчи ўспирин ўртасида шундай суҳбат бўлиб ўтди:
Бу каби ҳолатлар маънавиятсизлигимизнинг турли кўринишлари. Биз, айниқса, зиёлилар ҳар қадамда мана шундай ҳолатларга барҳам беришга, амалда ўзимиз бошқаларга ибрат бўлишимиз керак.
фарзанд тақдиридан устунми?
Айни пайтда нафақат ёшлар, ҳатто катталар ҳам телеэкранларда намойиш этилаётган бўлар-бўлмас сериаллар мухлисига айлангани сир эмас.
- Сериалнинг битта қисмини ўтказиб юборсам, худди бир нарсамни йўқотгандай ҳис қиламан ўзимни, - дейди уй бекаси бўлган аёллардан бири. Энг ёмони, у агар фарзанди битта дарсдан ёмон баҳо олиб келса ҳам ўзини бу қадар ёмон ҳис этмасмиш!
Сериаллар хотин-қизларимизни ойнаи жаҳонга ипсиз боғлаб қўймоқда. Тан олиш керак, айрим аёллар ва қизлар кўр-кўрона бош қаҳрамонларга тақлид ҳам қила бошладилар. Улар нимаси билан ўзбек аёлларини ром этяпти? Инсофли, сабр-тоқатли, топармон-тутармон, уни севадиган, оилани қадрлайдиган эридан ажралиш, эмин-эркин яшаш, оилали бўлиб кетган собиқ севгилисини яна ўзига чорлаш, хуллас, аёл маънавиятига зид мақсадларига етиш учун ҳар қандай макр-ҳийладан қайтмайдиган аёлларга ҳавас қилиш мумкинми?
Албатта, йўқ. Бу жараёнлар, атамалар замирида маънавиятимизга етаётган улкан маънавий зарарни минг афсуски, кўра олмаяпмиз. Ёш қизларимизда оилали бўлгач ҳам сериалларда тарғиб этилаётган севги учун курашиш мумкин экан, деган хатарли тушунча шаклланиб қолмаслиги керак. Ўзбек аёли эри бўла туриб, хаёлида бировни тутиши… ҳеч бир ақлга сиғмайди. Бундан ортиқ маънавиятсизлик бўлмаса керак!
Шу ўринда ҳар бир оила катталари, қолаверса, кенг жамоатчилик сериалларни кўриш борасида жиддий мулоҳаза қилишлари керак. Акс ҳолда юқорида айтилганидек, бу нарса халқимиз маънавиятига тузатиб бўлмас даражада зиён етказиши мумкин.
Ўзбекча кийинган Алёна
Шаҳар мактабларидан бирида ўқитувчи бўлиб ишлайдиган дугонам ҳикоя қилади:
- Ўшанда қайсидир байрам муносабати билан мактабда тадбир ўтказдик. Ўқувчиларимни мактаб формасисиз, байрамона кийиниб келишларини айтдим. Синфимизда таълим рус тилида олиб борилгани учунми, аксарият ўзбек қизлари бўлган ўқувчиларим тор шим ва кофтада, айримлари калта кўйлакларда келишди. Аммо миллати рус бўлган Алёна исмли ўқувчимнинг атлас кўйлак ва лозимда, бошида дўппи билан келиши мени ҳайратлантирди. Либос унга шу қадар ярашгандики, ҳамманинг кўзи унда бўлди.
- Алёна, шундай кийиниш сенга ёқадими? - деб сўрадим тадбир ниҳоясида. У: "Жудаям ёқади, қаранг қандай чиройли! Мен очиқ ва тор тикилган кўйлакларни кийишга уяламан", деди.
Менимча, шундай қизлар қалбида маънавиятнинг минг бир жилолари яшайди. Нима дедингиз?
Раҳбар аёл маънавияти
Бу воқеани журналист ҳамкасбларимиздан бири сўзлаб берди:
- Хизмат тақозоси туфайли бир раҳбар аёлни излаб бордим. Ичкарида мажлис ўтказаётган экан, қабулхонада кутиб туришимга тўғри келди. Бу ерда мендан ташқари ёши улуғроқ бир отахон ҳам бор эди.
Орадан 20 дақиқалар ўтгач, мажлис тугади. Котиба қизга келганлигимни айтдим. У ичкари кириб чиқди-да, бошлиғи мени қабул қилолмаслигини айтди.
- Нега? - дедим мен.
- Кайфиятлари йўқ экан, - деди котиба бепарволик билан.
- Олис йўлдан яна келаманми, у кишининг кайфиятлари яхши бўлганида?
- Бу ерда турманглар, менинг вақтим йўқ! Ўзи проблемалар бошимдан ошиб ётибди!
Раҳбар аёл отахоннинг саломига ҳам алик олишни ўзига эп кўрмай, ташқарига чиқиб кетди. Отахон ҳам, мен ҳам ҳайрон бўлиб қолдик.
Мен-ку, майли аммо ёши улуғ отахонга беҳурматликни асло оқлаб бўлмайди. Бу унинг қабулига нечанчи бор келиши экан?
Қадимда бир донишманд фарзандига: "Бир йил ҳосил олмоқчи бўлсанг, экин эк, ўн йил ҳосил олмоқчи бўлсанг, дарахт эк, бир умр ҳосил термоқчи бўлсанг фарзанд тарбияла" деб насиҳат қилган экан. Демак, инсон ҳаётининг қандай ўтиши кўп жиҳатдан унинг тарбиясига боғлиқ экан. Тарбия ҳар қандай давлат ва жамият учун ҳам ҳамма замонларда ҳам долзарб масала бўлиб келган. Аслида оила, тарбия ва маънавият тушунчаларини бир-биридан айро тасаввур этиб бўлмайди. Оила тарбиянинг асосий ўчоғи ҳисобланади. Ота-она маънавий бой бўлсагина фарзандлар ҳам ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб камол топади.
Бўлар бола бошидан...
Ўттиз йилдан ортиқ болалар боғчасида тарбиячилик қилдим, - дейди меҳнат фахрийси Азиза Норалиева. - Ўтган йиллар давомида қанча-қанча болаларга тарбия берган бўлсам, уларнинг орасида феъ-атвори, қизиқиши бир хилда бўлган болани учратмаганман. Ҳар бири бир олам эди.
Бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. Бунга анча йиллар бўлди. Ўшанда гуруҳимдаги бир бола ўйинчоқ машинани пачоқ қилибди. Буни кўрган ёрдамчи тарбиячи болани жазолабди. Мен уни койидим ва бола билан гаплашдим. Тўрт яшар бола: "Мен уни бузмоқчимасдим, уни қандай ясалганини билмоқчийдим", деганида ёрдамчимнинг қандай катта хатога йўл қўйганини англаганман. Эртаси куни болага уйдаги болаларим ўйнамай қўйган машиналарни олиб келиб бердим. Бола ҳаммасини бузиб кўрди…
Ишонасизми, мана шу бола ҳозир конструктор, машина заводида ишлайди. Бўладиган бола бошидан маълум, деб шунга айтадилар-да. Айтмоқчи бўлганим, ҳар бир ота-она фарзанди қизиқишига жиддий муносабатда бўлиши керак. Унинг болалигидаги қизиқиши келгуси ҳаётида катта роль ўйнайди.
Вақт қадрини биладиган бола
- Бир куни таҳририятга нуфузли танловда ғолиб бўлган чамаси ўн тўрт ёшлардаги болани устози олиб келди, - дея ҳикоя қилади ҳамкасбларимиздан бири. - Суҳбат асносида боладан бўш вақтларида нималар билан машғул бўлиши ҳақида сўрадим. Бундан аввалги саволларимга бийрон-бийрон жавоб бераётган бола бироз ўйланиб қолди.
- Бўш вақтимда… Бўш вақтимда мен… Тўғриси, бўш вақтнинг ўзи йўқ менда. Мактабдаги дарслардан сўнг икки соат спорт тўгарагига қатнашаман. Кейин яна қўшимча фан тўгарагига бораман. Кечки овқатдан сўнг ярим соат ота-онам, укаларим билан суҳбатлашаман, кейин инглиз тилини мустақил равишда ўрганаётганим учун луғат ёдлашга киришаман. Кейин бир соат бадиий китоб ўқийман… Қанийди, кун янаям узунроқ бўлса. Шунда балки бўш вақтим бўлармиди?
Боланинг жавобидан яйраб кетдим. Ҳозирданоқ кундалик ҳаётини аниқ режа асосида, фақат фойдали ишларга сарф этаётган, вақтнинг қадрини англаётган болага ҳавасим келди.
Иллатнинг илдизи
"Аксарият жиноятларнинг келиб чиқиш сабабларига чуқурроқ назар ташланса, улар бўш вақтнинг кўплиги, ишсизлик, кўчаларда бемақсад юриш оқибатида келиб чиққанини кўриш мумкин. Бу фикрни кўп йиллар ўқитувчилик қилган, болаларига тўғри тарбия бериб, бугун уларнинг роҳатини кўраётган Шоҳидахон ая Машрабова ўз мулоҳазалари билан шундай давом эттиради:
- Чиндан ҳам, ўғил-қизи бўйи етиб қолган бўлса ҳам, ҳамон бир ишнинг бошини тутмаган оталар, бир жойда муқим ишлашдан кўра енгил-елпи даромад топишни кўзлаган оналар орамизда қанча? Улар фарзандларига қандай қилиб ўрнак бўла олади, Эртага уларнинг болалари ҳам кўча безори бўлмайди, деб ҳеч ким кафолат бермайди.
Ҳар куни тушдан сўнг кўчада юрган ўсмир болаларни учратаман. Бир куни уларнинг гап-сўзларига қулоқ солдим. "Бекзод, юр, менда зўр диск бор, бизникидаги компьютерда кўрамиз. Юравер, ҳозир уйда ҳеч ким йўқ. Аям ҳам, дадам ҳам ишда", деди бир йигитча. Унга биргина Бекзод эмас, яна учта бола ҳам қўшилди. Унинг қўлидаги қандай диск, уни қаердан олган, улар биргаликда нималарни кўришади, бу саволларга жавоб тополмадим…
Ўсмир дискни қаердан олди? Унинг қўлидаги ота-онасидан яшириб кўришга чоғланган диск уларнинг маънавиятига етказадиган зарарини ҳеч нима билан ўлчаб бўлмайди. Агар дискдаги тасвирлар жангариликни ёки аҳлоқсизликни тарғиб қилса, ўша ўсмирлар ундаги кўринишлардан "сабоқ" олмайди, деб ҳеч ким айта олмайди.
Тарбия беролмаган ким?
- Бир аёлни танийман, дейди ўқитувчи Дилоромхон Исмоилова. - Бозорма-бозор юриб, оёқ кийимларини сотади. Бир неча йиллар аввал мактабнинг юқори синфида ўқийдиган қизини ҳам ёнига олди, унга ҳам бозорда юришни ўргатди. Кейин иккинчи қизини ҳам. Коллежда ўқийдиган бу қизининг муаллимлари уни дарсларга юбориши зарурлиги ҳақида гапиришса, уларни жеркиб, беҳурмат қилибди: "Сенлар менга битта нон бериб қўймайсанлар, бола меникими, унга ўзим хўжайинман!". Фарзанди ўқиб, билим олиши керак. Бунинг учун унинг ўзи етарли шарт-шароит яратиб бериши лозим. Бу аёл жамиятдаги ўзининг бурч ва вазифаларини ангаб етганида эди у фарзанди келажаги, тақдиридан кўра тирикчиликни устун қўймасди!
... Орадан кўп вақт ўтмай катта қизи турмушидан ажрашиб келди. Ўзи турмушга чиққанига олти ой ҳам бўлмаганди. Кейин кичиги ҳақида ножўя гаплар тарқалди. Шундагина аёл коллежга арз-дод қилиб келди: "Қизимга тарбия беролмагансизлар" деб…
У каби оналар оғриқли нуқтамиз эмасми? Улар қачон оналик, фарзанд, айниқса, қиз бола тарбияси масъулиятини ҳис этишаркин?
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугун ўсиб келаётган ёш авлод Ўзбекистоннинг келажаги, эртасидир. Шунинг учун уларнинг тарбияси, маънавияти, одоб-аҳлоқи масалалари ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги керак. Бу борада эришган натижаларимиз салмоқли бўлса-да, олдимизда амалга оширадиган вазифалар ҳали жуда кўп. Мазкур жараёнда ота-она, оила, маҳалла, таълим муассасаси яқин ҳамкорликда иш олиб борсагина кутилган натижаларга эриша оламиз. Зотан, маърифатпарвар олим Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот... масаласидир. Бу ҳақиқатни шу жамиятда яшаётган ҳеч бир инсоннинг унутишга ҳаққи йўқ.
ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШДА ОМБУДСМАННИНГ РОЛИ ЯНАДА ОРТАДИ
(48-сон)
2017 йил - «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»
Андижон шаҳридаги "Ҳамкор" бизнес марказида "Давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришда Омбудсманнинг роли" мавзусида семинар бўлиб ўтди.
"Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастури ҳамда "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси"да белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатимиздаги лойиҳалар координатори, вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда давлат бошқаруви, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, жамоат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, Омбудсман фаолияти самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини юксалтириш, мазкур йўналишларда халқаро норма ва меъёрларни ҳаётга татбиқ этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
- Ўзбекистонда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда, - дейди Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори маслаҳатчиси Сабина Синжерян. - Шундай бўлса-да, миллий қонунчиликни такомиллаштириш, белгиланган ишларни халқаро меъёр ва андозалар, асосида ташкил этиш ана шу йўналишдаги ишларни юқори босқичга кўтаришга ёрдам беради.
Тадбирда мутахассисларнинг йил дастури ҳамда "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси"да белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда давлат ҳокимияти органлари фаолияти", "Давлат ва аҳоли ўртасидаги мулоқотни кенгайтиришда Европада ҳавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг роли, унинг давлат ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлиги масалалари", "Омбудсман тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, Омбудсманнинг давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашдаги роли" сингари қатор мавзуларда маърузалар тингланди.
Иштирокчилар томонидан мавзу доирасидаги ишлар самарадорлигини ошириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жараёнларида Омбудсман иштирокини кенгайтириш, шунингдек, унинг давлат, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
- Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Андижон вилоятида 35 нафар фуқаро ўз ҳуқуқларининг бузилиши ва бошқа турли масалалар бўйича мурожаат қилди, - дейди (Омбудсман)нинг вакили Абдумутал Абдуллаев. - Мурожаатлар бўйича тегишли давлат идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хатлар юборилиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган зарур ишлар олиб борилди. Омбудсман аралашуви билан 24 мурожаат ижобий ечимини топди.
Якунда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова иштирок этди.
* * *
вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг сайёр қабули ташкил этилди. Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғинлари, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида бўлиб ўтган мулоқотда (Омбудсман) иштирокчиларни фаолияти давомида келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили ва олиб борилган мониторинг натижалари асосида тайёрланган ҳисоботи билан таништирди.
Андижон шаҳридаги "Тошкент премиум" тантаналар саройида "Нафосат - 2017" республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Тадбир очилишида сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, ишбилармон хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлаб, танлов иштирокчиларига омадлар тилади.
Вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, "Тадбиркор аёл" уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ўтказилган мазкур танловда унинг туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 15 нафар модельер дизайнер ва стилистлар ўз коллекциялари билан иштирок этди.
- Хотин-қизларининг кийиниш маданиятини юксалтириш, улар ўртасида миллий ва замонавий кўринишдаги, халқимизнинг азалий анъаналарига мос кийимларни кенг тарғиб этиш мақсадида ўтказилган мазкур танловда дизайнерларимиз фаоллик ва катта қизиқиш билан иштирок этди, - дейди "Тадбиркор аёл" уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Саидахон Муҳитдинова. - Қолаверса, танлов опа-сингилларимизнинг кийиниш услубига янгича кўриниш ва тамойилларни жорий этиши билан ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Иштирокчилар дизайнерлик фаолияти, миллий кўринишдаги либослар тайёрлашга замонавий ёндашиши, соҳани ривожлантириш бўйича илғор тажриба ва таклифлари, шунингдек, етакчи аёл, талаба қиз, ижодкор аёл тимсолларида либослар эскизи намойиши ҳамда эркин мавзу шартлари бўйича ўз истеъдод ва маҳоратларини намойиш этди.
- Ушбу танлов мен каби ёш дизайнерларга рағбат ва қанот бағишлайди, - дейди танлов ғолибаси М. Раимжонова. - Энг аввало, танлов моҳир дизайнер-тикувчи ва стилистларнинг илғор тажриба, иш услублари билан танишиш имконини берди. Бу келгусидаги фаолиятимизнинг янада самарали бўлишига ёрдам беради.
Шунингдек, танловда "Йилнинг энг яхши модельер-дизайнери", "Энг яхши миллий йўналишдаги модельер-дизайнер", "Энг ёш модельер-дизайнер" сингари қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.
Fолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчилари томонидан диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.
- Ўзим тайёрлаган либосларда миллийликни замонавийлик билан уйғунлаштиришга ҳаракат қиламан, - дейди танловнинг энг ёш қатнашчиси, Пахтаобод енгил саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Нозима Мадаминова. - Оиламизда либослар дизайни соҳасида ижодий муҳит шаклланган, болалигимдан ранг-баранг кўйлаклар эскизини чизиб, тикиш севимли машғулотимга айланган. Танловда тажрибали дизайнерлардан соҳанинг ўзига хос сирларини ўргандим. Коллежни тамомлаб, дизайнерлик йўналиши бўйича олий ўқув юртида ўқиб, келажакда шу соҳанинг етук мутахассиси бўлишни ният қилганман.
Танлов доирасида миллий қадриятларимиз акс этган ҳунармандчилик маҳсулотлари, шунингдек, атлас, адрас сингари матолардан тайёрланган либослар кўргазмаси барчада катта таассурот қолдирди.
ўз сафига 7 дан 35 ёшгача бўлган қизларни бирлаштиради
Андижон педагогика коллежида таълим муассасаларида "Қизларжон" клублари фаолиятини самарали ташкил этиш, мазкур йўналишдаги илғор иш тажрибаларини оммалаштириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги "Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят хотин-қизлар қўмитаси, ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбирда таълим муассасалари раҳбарларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари раислари, амалиётчи психологлари, фаол ва иқтидорли ўқувчи қизлар иштирок этди.
Семинарда мамлакатимизда ёшлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, яратиб берилаётган кенг имкониятлар, кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик туфайли ёшларнинг фаоллиги ортиб бораётганлиги таъкидланди
- Бугунги кунда ёшлар, айниқса, қиз бола тарбияси, уларнинг замонавий билим ва ҳунарларни эгаллаши, юксак маънавиятли, одоб-ахлоқли инсон бўлиб вояга етказиши муҳим масалалардан ҳисобланади, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова. - Айнан "Қизларжон" клуби фаолияти қизларимизни одоб-ахлоқ тамойиллари асосида тарбиялаш, уларни оилага тайёрлаш, касб-ҳунарга ўргатиш, кийиниш ва муомала маданиятини, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини юксалтириш, онги ва қалбини турли ғоявий таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этади.
Айни кунда вилоятдаги барча таълим муассасасларида "Қизларжон" клублари ташкил этилиб, самарали фаолият юритмоқда. Вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан клублар фаолиятини мувофиқлаштириш ва такомилаштириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда.
"Қизларжон" клуби фаолияти орқали фаол ва иқтидорли қизлар сафини кенгайтириш, ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, уларнинг халқимизнинг одоб-ахлоқ меъёрлари, миллий қадриятларимиз ҳамда истиқлол ғояларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, оилавий ҳаётга тайёрлаш, турли ёт ғоялар, "оммавий маданият" таъсирига тушиб қолишларининг олдини олинмоқда.
Клублар машғулотларида талаба ва ўқувчи қизларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, пазандалик, бичиш-тикиш сингари рўзғор юмушларини, шунингдек, гигиена ва соғлом турмуш тарзи қоидаларига амал қилиш оилавий ҳаётга тайёргарлик борасидаги билим ва кўникмаларни пухта ўзлаштириб олишлари учун зарур шароитлар яратилган.
Айниқса, клуб етакчилари томонидан "Тенгдош-тенгдошга" шиори остида олиб борилаётган тарғибот ва тушунтириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада ҳар бир қиз илғор ўқувчилар сафида юришга, ўқишда, жамоат ишларида фаол бўлишга интилмоқда.
- "Қизларжон" клуби фаолияти доирасида ўтказиладиган машғулот ва тадбирларга коллежимизнинг барча қизлари жалб этилган, - дейди Андижон педагогика коллежи ўқувчиси Дилноза Мухторжонова. - Ўтказилаётган тўгарак машғулотлари бизни мустақил ҳаётга тайёрланиш борасидаги билимларимизни янада бойитмоқда.