+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Уюшмаган ёшларга кўмак

ЖАНГЧИ-ФАХРИЙЛАР ФАОЛИЯТИДАН

Андижон шаҳридаги Хўтанариқ маҳалла фуқаролар йиғинида Ўзбекистон жангчи-фахрий ва ногиронлар уюшмаси вилоят бўлими томонидан Олий Мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида "Маҳалладаги уюшмаган ёшларга ижтимоий-маънавий кўмак кўрсатиш ва уларни касб-ҳунар эгаллашида фахрийлар иштироки" мавзусида тадбир ўтказилди.

Тадбирда лойиҳа раҳбари, жангчи- фахрий ва ногиронлари бўлими раиси Р.Усманов, жангчи фахрийлар Ж.Мусаев, У.Долимов, П.Рўзиматов, З.Ғаниев, Хўтанариқ МФЙ раиси А.Холбердиев, Андижон шаҳар ҳокими ёрдамчиси Ш.Шоҳназаров, ёшлар етакчиси Г. Юнусов, касб ўргатиш бўйича мутахассислар Р.Тиллабоева, Д.Қорахўжаева, Г.Холматова, Я.Раҳимов, М.Маткаримов, Н.Аҳмедовалар ҳамда маҳалла хотин-қизлар фаоллари, ота-оналар иштирок этишди.

Тадбирда лойиҳа доирасида маҳаллаларда иш билан банд бўлмаган ёшларнинг касб-ҳунар эгаллашига кўмаклашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирди. Жумладан, ошпазлик, қандолатчилик, тикувчилик, эркаклар ва аёллар сартарошлиги учун зарур жиҳозлар, новвойлик учун керакли маҳсулотлар лойиҳа маблағи ҳисобидан олиб берилгани ва бу ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётганлигини таъкидлади.

Лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган мутахассислар ўз касб- ҳунарларини ёшларга сидқидилдан ўргатди. Бу борада фаоллик кўрсатган тикувчилик ва қандолатчилик касби мутахассислари Г.Холматова, Н.Аҳмедованинг намунали фаолияти алоҳида эътироф этилди. Улардан ҳунар ўрганган ёшлардан тикувчи С.Аҳмадалиева, қандолатчи Н.Ҳакимжонова, Н.Аҳмедовалар ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.

Вилоят бўлими томонидан касб-ҳунар эгаллаш икки ойлик ўқув босқичини тўла тамомлаган ёшларга сертификатлар топширилди. МФЙ раиси А.Холбердиев давлатимиз томонидан ёшларга берилаётган бундай имтиёз ва имкониятлар уларнинг ҳаётда ўз ўринларини топиб олишида муҳим эканлигини айтиб ўтди.

Тадбир сўнггида лойиҳани амалга оширишда ҳамкорлик қилаётган МФЙ раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва бошқа фаолларга бўлимнинг фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалари топширилди.

         Раҳимжон УСМАНОВ,

Ўзбекистон жангчи-фахрий ва ногиронлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари.

БОТУЛИЗМДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ

Мутахассис минбари

Ёз фасли келиши билан бозорларда мева ва сабзавотлар сероб бўлиб хонадонларда улардан консерва тайёрлаш тараддуди бошланади. Бироқ савдога чиқарилаётган барча маҳсулотларни ҳам истеъмол қилиш ва консерва тайёрлаш учун яроқли деб бўлмайди. Чунки уй шароитида консерва заводларидаги сингари юқори босим остида, 120-125 градус иссиқликда ўтказиладиган стерилизация жараёнини бажариб бўлмайди. Шунинг учун айнан шундай сифат сертификати ва ёрлиқларга эга бўлмаган, яъни истеъмол учун яроқсиз бўлган маҳсулотларни бозорлардан, кўча-кўйлардаги савдо расталаридан, дўконлардан харид қилмаслик лозим.

Мевалар пишиб етилган бугунги кунда пишиб ўтиб кетган мевалар, айниқса,  ўрик, туриб қолган қулупнайни истеъмол қилмаслик лозим. Умуман, ҳар қандай мевани истеъмол қилганда унинг айнимаганлигига, ювиб ейишга алоҳида эътибор қаратиш керак.

Ботулизм шўралари билан зарарланган мева-сабзавот ёки унинг консервасидан истеъмол қилган одамда касаллик пайдо бўлиш жараёни икки соатдан саккиз-ўн кунгача чўзилиши мумкин. Ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, қорин соҳасида оғриқ пайдо бўлиши, жисмлар кўзга иккита бўлиб кўриниши (диплопия), ютиш ва гапириш қобилиятининг пасайиши, бўйин ва оёқ мушаклари заифлашиши касалликнинг клиник белгиларидир.

Касалликни хонадон шароитида ўз билганча даволаш қатъиан маън этилади. Беморда юқорида таъкидланган белгилар пайдо бўлганда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш шарт. Акс ҳолда, хасталикнинг оғир шакллари, юрак, қон-томир, нафас тизими касалликлари юзага чиқиши ва беморнинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин.

Ҳар қандай касалликнинг олдини олиш инсоннинг ўз қўлида. Қолаверса, ушбу хавфли хасталикка чалинишдан эҳтиёт бўлиш керак, унинг келиб чиқишининг олдини олиш чораларини кўриш муҳимдир.

Достонбек СОЛИЖОНОВ,

Андижон вилояти ФВВ ҳокимият ҳузуридаги " Қабуллар уйи" биноларида ёнғин хавфсизлигини таъминлашни ташкил этиш бўлинмаси катта инспектори, катта сержант.

ҲАДИС ТЎПЛАМЛАРИ ТУРЛАРИНИ БИЛАМИЗМИ?

Муҳаддис уламолар ҳадис жамлашда бир неча услублардан фойдаланишган. Бу борада янги ҳадис ўрганаётган толиби илмлар, ҳадис мутахассислари ҳамда ҳадис тахрижи билан шуғулланадиган олимларга жуда мос келадиган турли услубларни яратганлар. Улар ўн турлидир.

Биринчи тур ҳадис тўпламлари ўз ичига боб шаклида тартибланган, яъни бир боб остида келтирилган бир мавзуга тегишли ҳадисларни, уларни қамраб оладиган мазмундаги китобларни, жомеъ,сунан, мусаннаф, мустадрак, мустахраж тўпламларни олади.

Иккинчи тур ҳадис тўпламлари саҳобалар исми тартиби билан ҳадислар жамланмаси бўлиб, уларда саҳобийнинг исми остида бир жойга ўша саҳобийнинг барча ривоятлари жамланади.

Учинчи тури муъжам тўпламларидир. Муъжам мусталаҳ илмида: "Муаллиф ҳадисларни шайхларининг тартиби билан тўплашига айтилади". Одатда ҳадислар алифбо тартибида жамланади.

Тўртинчи тур ҳадис тўпламлари ҳадисда келган биринчи калиманинг бош ҳарфлари асосида алифбо тартиби билан ҳадислар жамланган тўпламлардир, бешинчиси эса жомелар мажмуси бўлган тўпламлар ҳисобланади.

Олтинчи тур ҳадис тўпламлари заваоид тўпламларини жамлайди. Уларда икки ҳадис тўпламидан бирида бўлмаган ҳадислар бўлса, биринчи китобдаги бор ҳадислар зоида (ортиқча) деб олинади ва улар алоҳида қилиб жамланади.

Еттинчи тур ҳадис тўпламлари тахриж китоблар деб номланиб, уларда ҳадислар тахриж қилиб ёзилади.

 Жуз тўпламлари саккизинчи тур ҳадис тўпламлари сирасига киради. Жуз мусталаҳ истелоҳида: "Бир ровийнинг ривоятларини жамлашдан иборатдир. Ровий саҳоба ёки ундан  паст табақадаги ровиой бўладими фарқи йўқдир".

Тўққизинчи тур ҳадис тўпламлари машийха тўпламлари бўлиб, бу каби туркумларда муҳаддислар ўз шайхларининг   исмларини жамлайдилар. 

Ва сўнгги ўнинчиси илал тўпламларидир.Унда мусанниф иллатли - маълул ҳадисларни жамлайди. Иллатларини баён қилади. Илал услуби муҳаддисликнинг энг чўққисидир. Бу катта маҳорат ва куч талаб қилади.

Ҳабибуллоҳ ОЛИМЖОНОВ,

Тошкент ислом институти талабаси.

 

 

 

Тинчликни қадрлайлик

Шаҳрихон туманидаги 48- умумтаълим мактабида мазкур мактабнинг ҳамда 56-умумтаълим мактабининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилари Озодахон Олимова ва Гулҳаё Муталова ҳамкорлигида мактаблардаги "Нафосат" ижодкорлар клуби, "Чўлпон издошлари"  тўгараги аъзолари иштирокида "Тинчликни қадрлайлик" деб номланган адабий, маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбирни мактабнинг Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Р. Мамажонов очиб, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизнинг қадрига етиш кераклиги, ўқувчи ёшларнинг жамиятдаги жараёнларга дахлдорлик ҳиссини ошириш муҳимлиги ҳақида гапирди.

Шундан сўнг ижодкор ўқувчилар томонидан она Ватан,  тинчликни мадҳ этувчи шеърлар ўқилди, рақслар ижро этилди, саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Тадбир якунида мавзу доирасида ўтказилган "Энг яхши шеър", "Энг яхши мақола"  танлови ғолибларига эсдалик совғалар топширилди.

Озодахон ОЛИМОВА

Таниқли шоирларни хотирлаб

Андижон шаҳридаги 8-умумтаълим мактабида таниқли икки шоир - Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Олимжон Холдор ҳамда Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низомнинг хотира кечаси ўтказилди. Адабий кечани мактаб директори Инобатхон Ибрагимова кириш сўзи билан очди.

Мактабнинг юқори синф ўқувчилари шоирлар қаламига мансуб шеърлардан намуналар ўқишди. Шундан кейин кеча меҳмонларига сўз берилди. Шоир ва журналист Нажмиддин Икромий адиб ва драматург Олимжон Холдорнинг ижодий фаолияти ҳамда инсоний фазилатлари ҳақида сўзлаб, ўзининг шеърларидан ўқиб берди. Тадбирнинг яна бир меҳмони шоир Ориф Мели водий булбули деб ном олган Тўлан Низомнинг ҳаёти ва сермаҳсул ижоди ҳақида тўхталди. Сўнгра ўзининг ижод маҳсулларидан намуналар ўқиди. Тадбирда мактабнинг она тили ва адабиёт ўқитувчиси Н. Ортиқова, кутубхона мудираси Одинахон Ҳайдарова иштирок этишиб, ўз фаолиятлари ҳақида сўзлашди.

Восит АҲМАТХОНОВ

Маҳалла хотин-қизларига қулайлик

Қарор ва ижро

 

Қўрғонтепа тумани Норбўта маҳалласида "Аёллар бандлигини таъминлаш ва соғломлаштириш маркази"  фаолият бошлади.

Маҳалла аҳолиси, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида Марказ очилишига бағишланган тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда кейинги йилларда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш, турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини гапирдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022  йил 21 сентябрдаги  "Хотин-қизлар  бандлигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида тумандаги "Норбўта" маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган  "Аёллар бандлигини таъминлаш ва соғломлаштириш маркази" ҳам ана шу йўналишда олиб борилаётган ишларнинг бир намунасидир.

Туман оила ва хотин-қизлар бўлими ташаббуси, маҳалла раиси, хотин-қизлар ҳамда тадбиркорлар саъй-ҳаракати билан ташкил этилиб, иш бошлаган марказда маҳалла аёллари, қизларининг спорт билан шуғулланиши, мутахассислар томонидан олиб бориладиган соғломлаштириш машғулотларида қатнашиб, саломатликларини тиклашлари учун зарур барча шароитлар яратилган.

Маҳалла хотин-қизлари барча қулайликларга эга марказ барпо этилганлигидан, спорт билан шуғулланишлари учун зарур шароитлар яратиб берилганлигидан беҳад мамнун эканликларини изҳор этдилар.

 

Зилолахон РАҲМОНОВА,

Қўрғонтепа тумани ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими

бошлиғи.

Ҳунарманд, рассом, педагог аёл

Орамиздаги аёллар

Муборакхон Ўрозова Жалақудуқ туманидаги 13- болалар мусиқа ва санъат мактабида тасвирий санъат, чизмачилик фанларидан ёш авлодга сабоқ бериб келади.

У педагог бўлиш билан бирга ҳунарманд, рассом, қўли гул тикувчи ҳамдир.

Аёл Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Нодира, Увайсий каби буюк аждодларимиз тимсолидаги миллий қўғирчоқлар орқали болажонларнинг мурғак қалбларига алломаларимизга, амалий санъатимизга бўлган қизиқиш ва ҳурмат  туйғуларини муҳрлайди.

Шунингдек, "Лайли ва Мажнун", "Фарҳод ва Ширин" каби асарлар қаҳрамонларининг қовоқларга миниатюра ва наққошлик услубида сайқал берилган тимсоллари, қутичалар, кичик ҳажмли "Карвон", "Ипак йўли" деб номланган ҳайкалчалари, алоҳида дид билан ясалган гуллар, миллий кашталар орқали у аллақачон амалий санъатимизнинг моҳир усталаридан бири сифатида шаклланган. Унинг ижод намуналари турли ярмаркаларда намойиш этилиб, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар эътиборига тушган.

-        Замон билан ҳамнафас қадам ташламаган инсон жамиятдан, инсонлар эътиборидан четда қолади, қолаверса, "бир товуққа ҳам дон керак, ҳам сув керак", деган мақол бор, - дейди Муборакхон опа. - Аёлларимизнинг талаб ва таклифларидан келиб чиқиб, шогирдларим билан рўмол ва шарфларимизга замонавий услубда безак бериб савдога чиқараяпмиз. Кийган кўйлакларига мослаб тикиб бераётган бош кийимлар аёлларимизга жуда маъқул келяпти.

Муборакхон Ўрозова - табиат шайдоси. Жанубий Оламушук шаҳарчасининг сўлим табиати, бетакрор манзаралари унинг натюморт жанридаги суратларида ўз аксини топган. Бу борада у турмуш ўртоғи, таниқли рассом, Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси Рустамжон ака Ўрозовнинг тажрибасига, қўллаб-қувватлашларига суянади.

Эр-хотин - мисоли қўш кабутар. Санъатнинг жуфт қаноти ўз ижоди ва бебаҳо санъат асарлари билан юртимиз жамоли, тарихи, анъана ва қадриятларини дунёга ёйишга ҳисса қўшиб келмоқда.

-        Юртимизнинг биз бормаган қир-адири, тоғлик қишлоқлари қолмади, - дейди Рустамжон ака. - Санъат одамларимиз. Табиатдан илҳом оламиз. Борлиқ мўъжизалари билан истеъдод бир-бирини тўлдиришига имкон берамиз.

Айни пайтда Муборакхон опа сайёҳлар учун совғабоп миллий буюмлар тайёрлаш бўйича ўқув қўлланма тайёрлаш устида иш олиб бормоқда. Мақсади халқ амалий санъати, миллий ҳунармандчилигимиз анъаналарини келажак авлодга қолдириш.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

 

Вилоятда ичимлик суви таъминоти яхшиланмоқда

Ислоҳотлар жараёни

"Андижон сув таъминоти" масъулияти чекланган жамияти томонидан ҳудудларда ичимлик сув таъминотини яхшилаш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, истеъмолчиларга оқава сув хизматини кўрсатиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, жорий йил давомида ичимлик ва оқава суви таъминотини яхшилаш мақсадида 1 минг 322 километр узунликдаги ичимлик сув тармоғи тортиш, 207 дона сув қудуғини қуриш ва реконструкция қилиш ишларининг бажарилиши белгиланган.

Ана шу ишлар амалга оширилиши билан вилоятда аҳолининг ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 86,9 фоиздан 88,3 фоизга етказилади.

Барча манбалар ҳисобидан жорий йилнинг 1-чорагида 460 километр ичимлик сув тармоғи ва 55 дона сув қудуғи қуриш, 50 дона сув қудуғини реконструкция қилиш режалаштирилган. Ана шу давр мобайнида мутахассислар томонидан 463 километр ичимлик сув тармоғи тортилди, 55 дона сув қудуғи қурилиб, 50 та мавжуд сув қудуғи реконструкция қилинди.

Тан олиш керак, вилоятнинг айрим ҳудудларида узоқ йиллар давомида тоза ичимлик суви таъминотида ўзига хос муаммолар мавжуд эди. Ана шу ҳудудлардаги аксарият аҳоли сувни узоқ масофадан ташиб келишига тўғри келган бўлса, айрим истеъмолчиларга сув ташувчи махсус транспорт воситалари орқали хизмат кўрсатиларди. Жорий йилда қатор ҳудудларда ана шу муаммо бартараф этилди.

Қарийб уч минг нафар аҳоли истиқомат қилаётган Жалақудуқ туманидаги Қаламбек маҳалласида ўттиз йилдирки, аҳолини ичимлик суви муаммоси қийнаб келар эди. Маҳалла ҳудудига 5 километр масофадан сув қувури тортилди, 1 та сув қудуғи ва 30 тонна сиғимга эга бўлган сув тўплаш иншооти ўрнатилди. Натижада маҳалла аҳолисини қийнаб келаётган муаммо бартараф этилиб, аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи тўла қондирилди.

Пахтаобод туманидаги Андижон маҳалласига эса 3,2 километр масофадан янги сув қувури тортилди, мавжуд 1 та сув қудуғи реконструкция қилиниб, маҳалла аҳолисининг ичимлик суви билан боғлиқ муаммоси бартараф этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 октябрдаги "2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида биргина Балиқчи туманида 21 та маҳаллада ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Айни кунга қадар қатор маҳаллаларда ишлар якунига етказилиб, маҳаллалар аҳолисининг ичимлик суви таъминоти тубдан яхшиланди. Жумладан, туманнинг Шўр маҳалласида 2,2 километр узунликдаги ичимлик суви тармоғи тортилиб, 2 та сув қудуғи реконструкция қилинди.

Марҳамат туманидаги Алитепа маҳалласида ҳам катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Маҳалланинг сув таъминотини яхшилаш учун 6,5 километр янги сув тармоғи тортилиб, 1 та сув қудуғи ва сув тўплаш иншооти қурилди.

Йил якунига қадар аҳолининг  ичимлик суви таъминотини яхшилаш билан боғлиқ белгиланган барча ишлар тўла бажарилади. Энг муҳими, аҳолининг  ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи қондирилиб, турмуш шароитлари янада яхшиланади.

Марҳабо НАСРИДДИНОВА,

"Андижон сув таъминоти" МЧЖ матбуот хизмати раҳбари.

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат

ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди

гранти асосида "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони"  лойиҳаси доирасида чоп этилди.     

ЭНГ ИБРАТЛИ ОИЛА

Танлов

Андижон шаҳрида "Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи" республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиблари тақдирланди.

Халқаро оила куни муносабати билан вилоят ҳокимлиги, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган танлов ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбирда сўз олганлар томонидан мамлакатимизда оилаларни қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, унинг жамиятдаги ўрни, роли ва нуфузини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

- Оилаларимиз қанчалик  барқарор ва мустаҳкам бўлса, жамиятимиз шу қадар юксалиб бораверади, - дейди Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари Гулнорахон Абдуллаева. - Шу боис ҳам, оилаларни янада мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни улуғлаш мақсадида ўтказилган танлов ана шу йўналишдаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, ибратли оилаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Танловнинг маҳаллалар кесимида ўтказилган босқичида 2 минг 700 дан зиёд оила қатнашди. 

Танловнинг вилоят босқичида туман ва шаҳар босқичларида ғолиб деб топилган 16 оила иштирок этиб, оилани мустаҳкамлаш, соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни қарор топтириш, фарзанд тарбияси, китоб мутолааси, жамиятдаги намунали фаолияти бўйича белгиланган   шартлар асосида ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди.

Якуний натижаларга кўра, Марҳамат тумани Хўжаариқ маҳалласида яшовчи Ойзодахон ва Ортиқали Ҳусановлар оиласи биринчи ўринга сазовор бўлиб, танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Танловда Хўжаобод тумани Бешкарам маҳалласида яшовчи Муҳайёхон ва Баҳодиржон Ғофуровлар оиласига иккинчи, Балиқчи тумани Жасорат маҳалласида яшовчи Замирахон ва Мўйсинжон Расуловлар оиласига учинчи ўрин насиб этди.

Ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, турли номинациялар бўйича ғолиб, деб топилганлар танлов ташкилотчиларининг диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Фахриддин Ибайдуллаев

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат

ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди

гранти асосида "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони"  лойиҳаси доирасида чоп этилди.     

Бизга чалинмоқда сўнгги қўнғироқ

Оҳ! Бугун қалбларда чуқур ҳаяжон,

Қўлларда гуллару кўзда ёш - маржон.

Наҳот, тарк этармиз мактабим шу чоқ,

Бизга чалинмоқда сўнгги қўнғироқ.

 

Онадек меҳрингга талпиндик, шошдик,

Шўхликлар бағрида гоҳ тўлиб-тошдик.

Мактабим, тафтингга тўймадик, бироқ

Бизга чалинмоқда сўнгги қўнғироқ.

 

Ахир сенда ўтди олтин чоғимиз,

Барг ёзиб гуллади севги боғимиз.

"Хайр" деёлмасмиз, лабларда титроқ,

Бизга чалинмоқда сўнгги қўнғироқ.

 

Айро бўлмоқдамиз сендан ушбу дам,

Мустақил ҳаётга қўярмиз қадам.

Мактабжон, сўнгги бор илк кундайин боқ,

Бизга чалинмоқда сўнгги қўнғироқ.

Давлатхон ВАЛИЖОН қизи