+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

МЕҲР МУҲАББАТ ШУЪЛАСИ

(16 - сон) Ҳикоя

Тошкент тиббиёт академияси тингловчиси Масрурбек Зоҳидов уйланди. У Назокатнинг ишларидан, юриш-туришидан, ота-онасига бўлган эҳтиромидан хурсанд. Кийим-кечаги аввалгидан ҳам кўркам, одатда тартибсиз сочилиб ётадиган турли қўлланма ва луғатлари саранжомланиб, алифбо тартибида дид билан терилди, ҳаётига ўзгача мазмун кирди. Бироқ, шундай бўлса-да, куёвбола юрагининг бир четидаги аллақандай ғашлик тарқалиб кетгани йўқ. Унинг шу кунларда бошдан кечирган, кечираётган ҳолати фақат ва фақат ўзигагина аён.

Тўй баҳона таътил олган Масрурбек олис-яқиндаги жўралари билан дийдорлашди. Яқинлари қазо қилган синфдош ва маҳалладошларининг уйларига бориб кеч бўлса-да кўнгил сўради. "Айбга буюрмайсизлар, узоқнинг иши қийин, насиб қилса, бир кун қайтиб келиб давраларингизни тўлдираман", таскин берди у дўстларига. Дўстлар ҳам гина қилиш инсофдан эмаслигини билиб, оғизларига чим босишди. Ниҳоят, у ота-онасидан оқ фотиҳа олиб, келинчак билан қайдасан Тошкент, дея йўлга чиқди. Уни кўрганларнинг кими ҳавас, кими ҳасад билан кузатиб қолдилар.

Келин-куёв кўп қаватли уй олдига етиб келганларида, офтоб аллақачон уфққа бош қўйиб, само кўрфазида ярим ой эринибгина шуъла сочарди. Чарчаб келган бўлишларига қарамай, келинчак дарров чой қўйиб, овқатга уннади. Ошхона тарафдан эшитилган "жиз-биз", пиёздоғ иси димоғини қитиқлади. Тезроқ етиб олиш мақсадида йўлда тезгина тамадди қилганлари боис, Масрурнинг таомга эҳтиёжи бор, боз устига бироз чанқаган ҳам эди. У қалбига ором бермаётган туйғуларини босиш ва ўзини чалғитиш учун диванга ёнбошлаган кўйи бош томонида турган "Алкимёгар"ни қўлига олди. Бироқ, уч-тўрт саҳифа ўқигач, ҳафсаласи етмай, китобни қўйиб, шоир дўсти яқинда совға қилган китобни ўқишга тутинди. Масрур  гарчи шеър ёзмаса-да, ҳийла таъби назми борлиги учун  Навоийдан тортиб Муҳаммад Юсуфгача ўқиган, мана бу китобни туҳфа қилган дўстини эса алоҳида қадрларди. У дўстининг тўй оқшомида ўқиган бағишловини эслади. Кўзлари ёниб икки ёшга бахт-иқбол тилагани, қўша-қўша фарзандларга эга бўлинглар, дея ният билдирганлари кўз олдидан ўтди.

- Овқатингиз тайёр бўлдими? - сўради Масрур ниҳоят ўйлар гирдобидан қутулиш учун китобни бир четга қўяркан.

- Бир зум сабр қилсангиз, бўлди, - деди нарёқдан Назокат. - Чой дамлаб берсам, ичиб турасизми?!     

Масрур жавоб бермади. Аста бориб, дарпардани сурди-да, деразани очди. Юзига ёқимли тунги ҳаво урилди. У чуқур нафас олди. Ўз наздида жону жаҳони шу тариқа ором топгандек бўлди. Келинчакнинг "чой дамлаб қўйдим", деган илтифотига ҳам парво қилмай, самога сочилиб ётган юлдузларни томоша қилишда давом этди. Ой боягидан анча юқорилаб кетибди. У бироздан сўнг булут ортига яширинди.  Пастда эса одамлар у ёқдан-бу ёққа ўтмоқда. Вақт алламаҳал бўлаётганига қарамай, машиналар қатнови камайган эмас. Гўёки юқоридаги юлдузларнинг бир қанчаси ерга тўкилиб тушгандек. Ҳозир Масрурбекнинг қалби ҳам  мана бу осмон каби хира тортган. Кўз олдидан Гулруҳнинг чеҳраси кетмаётир.

Боягина китоб саҳифалари ортидан мўралаб тургандек бўлган қиз қиёфаси энди булутлар ортида намоён бўлгандек. Бирга кечган оқшомлар, кўпинча араз билан тугайдиган мулоқотлар, ўжар қизнинг кишибилмас қийноқлари, нозлари, баҳоналари... Неча карра ўтган хиёбонлари... Энди улар Масрурни то умрбод таъқиб этаверадигандек, оромини ўғирлаб, тинчлик бермайдигандек эди гўё.

Масрур пойтахтга илк бора келганида танишган бу кибор феълли қиз билан бир неча йил гаплашиб юрди. Афтидан, унга Масрурнинг қалбан тобелиги ёқарди. У қизни чин дилдан севгани боис, Гулруҳ қанча озор етказса-да, ундан олислаб кетмасди. Йўқ, қиз инсофга келмади  - унинг тош қалби юмшамоғи учун йўл тополмаган йигит чорасиз қолди. Охирги бор учрашган кунда ота-онаси уйлантириш пайида эканлигини, уникига совчи юборишини айтди. Елкасидан caл пастроқда турган тилларанг сочларини шамоллар ўйнаётган Гулруҳ бамайлихотир: Мени хали бери турмушга чиқиш ниятим йўқ, - дея  Масрурнинг туйғуларини, гапларини топтади.  Йигитнинг қалбида икки туйғу ғалаён қиларди:  бupи нафрат, бири севги. У гўё икки ўт орасида қолгандек эди. Ниҳоят, у Гулруҳ билан орани очиқ қилди. Чунки Масрур қанчалик севмасин Гулруҳда унга нисбатан чин севги, самимийлик йўқ эди.

 ... Масрур бир қарорга келди. Қарори шу бўлдики, бир  вақтлар фан олимпиадасида бирга қатнашган мана шу қизни - Назокатни танлади. Гоҳ-гоҳ кўришиб қоладиган, икки-уч телефонда гаплашган ва    пойтахтдаги олийгоҳлардан бирида таълим оладиган Назокатни зимдан сўраб-суриштирди. Қиз қандай қабул қиларкин, деб иккиланмади - таваккалига уйларига совчи юборди. Борди-келди, "нон ушатди"дан сўнг, мана, бугун ўша қиз уйида чой дамлаб турибди!

- Шамоллаб қолманг, яхши йигит, овқат пишди, - деган      майин овоз Масрурнинг хаёлини куз шамоллари тўзғитган барглардек ҳар тарафга сочиб юборди. Масрур ортига боқиб, ҳайратда қолди - хонтахта устига барқут дастурхон ёзилган, нон ушатилган, ликопда ҳозиргина сузилган таомнинг ҳовури чиқиб турарди. У енгилгина тановул қилди-да, ётоқхонага кириб кетди. Ҳарир парда ортидан боқиб турган ой нимқоронғи хонани ёритарди-ю, йигитнинг қалбини ёритмоқдан ожиз эди. Бироқ, шунга қарамай, у энди Гулруҳни ўйлашни истамас, бир ёқдан бунинг нафи йўқ деб билса, иккинчи тарафдан бу ҳолни жуфти ҳалоли Назокатга хиёнат деб биларди. Қолаверса, энди у барча-барчасига кўникиши керак. Унинг толиққан кўзларига уйқу  инди...

...Бугун Масрурнинг дарслари ҳаддан зиёд кўпайиб кетди. Боз устига, илмий раҳбари - академик Миржалол Асадуллаевич чақириб қолди.

- Бу дейман, жа-а "асал ойи" чўзилиб кетди-ку, - деди у самимий жилмайиб, - назаримда, бизларни бутунлай унутиб юбордингиз шекилли...

- Йўғ-е, устоз, унчаликмас, қишлоққа бориб келдим, ҳамма сизга салом айтди, - деди у.

- Ҳа, баракалла, қалай, келинчак яхшими, хизматда-иззатдами?

- Ҳа, раҳмат.

Академик  хонадонидаги суҳбат алламаҳалгача чўзилди - унга зарур топшириқларни уқтирди, яқинда ўтказилиши режалаштирилган болалар жарроҳлигига оид илмий-амалий анжуманга материал тайёрлаб бериши лозимлигини таъкидлади. Хуллас, у устози ҳузуридан бир олам қувонч билан чиқди. Айвони баланд темир ишком соясида, мармар кошинли ҳовуздаги сув аста чайқалиб турган бу хонадон ва унинг соҳибу соҳибалари Масрурга не йиллардан бери қадрдон. Мирзаали ака даставвал набирасини "эти сизга, суяги бизга, ўзингиз одам қилиб берасиз", деб  айни шу масканга бошлаб келганди. У гўё машинада юриб эмас, учиб борарди. Бироқ, бир ёғи толиқиш, қолаверса, ўзи истамаса-да кўнглидаги ғашлик унинг борлиғини қамраб олганди.

Уйга кирди, кийимларини алмаштириб, Назокат билан овқатланди - барибир кўзгa кўринмас ғашлик унинг беҳаловат этарди. Яна дераза олдига борди, пардани очди - энди само тамомила қоп-қоронғи, ҳали ой чиқиб улгурмаганди.

Шу лаҳза у елкасига тушган қўл тафтини сезди. Ёнига ўгирилди. Назокат турарди.

- Масрур ака, - деди у ялинчоқ оҳангда, - бир гап айтсам, хафа бўлмайсизми?

- Йўқ, - деди Масрур ички бир қизиқиш билан унга қараркан.

- Сиздан илтимос, ўша қизни унутинг, бутунлай унутинг!

- Нималар деяпсиз, қайси қиз? - сўради Масрур.

- Гулруҳни! Тўғри, илк муҳаббат деган гаплар ҳам бор, бироқ, ўзингизни қийнашдан нима фойда? Суймаганга суйкалиб яшашдан не хожат? Ишонинг, ўша Гулруҳдан ўн чандон кўпроқ меҳр бераман, қалбим, ҳаётим, борим сизники, фақат сиз уни ўйламанг.!

Назокат тўлиб-тошиб сўзларди. Назокат Гулруҳ билан аввал бир неча бор мулоқотда бўлганини, ҳаммасини билишини айтмади.. Масрур эса келинчакка гўё ўзга сайёралик одамга боққандек ҳайрат билан боқиб турар, рафиқасининг юз-кўзларида самимият, меҳр-муҳаббат шуъласи зоҳир эди. Ана шу шуъла гўё офтобга айланди-ю, Масрурнинг қалбидан бир қанча вақтдан бери кетмаётган қоронғуликни тарқатиб юборди...

 

 

Икромжон АСЛИЙ

"Мона лиза" портретида ким тасвирланган?

(16 - сон) Билиб қўйган яхши

Бир неча йил аввал италиялик археологлар Флоренция шаҳридаги ибодатхоналардан бирида қазиш ишларини олиб бораётганларида "Лиза Герардини" исми ёзилган қабрни топганлар. Мутахассислар томонидан Герардини буюк рассом Леонардо да Винчи билан қўшни яшаган ва унинг юз кўриниши дунёга машҳур Жаконда портрети учун асос қилиб олинган, деган фикр илгари сурилган.

Буюк мусаввир мўйқаламига мансуб "Жаконда" ёки "Мона Лиза" асарида кимнинг портрети тасвирланган, деган савол кўп йиллардан буён санъатшунос ва тарихчиларнинг баҳс-мунозараларига сабаб бўлиб келган эди. Энг кўп тарқалган тахминларга кўра, Мона Лиза бу флоренциялик бадавлат савдогарнинг рафиқаси Лиза Герардини дель Жаконда дейилади.

Топилган қабр ҳам илгари сурилган ана шу таҳминнинг асосли эканлигини тасдиқлади. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, аслида Леонардо да Винчи ўз портретларининг уларга асос қилиб олинган кишилар юз қиёфаларига жуда ўхшаш бўлишига интилмаганлигини таъкидлашади. Қолаверса, бу ҳақда рассом ўзининг санъат тўғрисидаги асарларида ҳам ёзиб ўтган.

Тадқиқотчилар Лиза Герардинининг қабрини авлиё Урсула монастири ҳудудидан топишди. Жаконда шу ерда 1542 йилда вафот этган эди. Кейинчалик франциялик ва канадалик антропологлар бош суяк бўйича жасаднинг юз қиёфасини тиклашади. Шундан сўнг у Да Винчи портрети билан таққосланиб, улар ўхшаш эканлиги аниқланган. Шу тариқа тасвирий санъат тарихидаги сирли жумбоқлардан бирига ойдинлик киритилди.

 

 

Хосиятхон тайёрлади.

УМИДЛАР СЎНГАН КУН

(16 - сон) Ҳаёт – ибрат

Унинг орзулари чизган суратларига монанд эди. Тонг чоғида қуёшнинг тоғлар ортидан кўтарилиб келишини кузатиб, юраги завққа тўлар, ҳовлисидаги гулларнинг нақшинкор япроқларига, табиатдаги бир-бирига ярашган рангларга боқиб, ҳайратланар, Яратганнинг чеварлигига тасаннолар айтарди... Ва бундай бетакрор гўзалликни қоғозда тасвирларди.

У ҳовлисида шундай гўзал, ранг-баранг гулларни ўстирардики, кўрган одам беихтиёр қойил бу қизга дерди. Бўш қолди дегунча эса гулларнинг расмини қайта-қайта чизишдан эринмасди. Гулларига термулганча хаёл суришни яхши кўрарди. Хаёлларида у чизган суратлар бутун дунёга машҳур бўлиб кетар, асарлари дунёнинг    машҳур музейлари деворларини безаб турарди.

...Орзулари у билан улғайди. Бошқа барча истаклар бу орзу олдида қийматсиздек туюларди унга. Ниҳоят, бир кун онасига дилидагини айтди:

- Аяжон, коллежни битириб, рассомлик олийгоҳига ҳужжатларимни топширсам, нима дейсиз?

Онаси қизининг сўзларидан қувонмади ҳам, хафа бўлгани ҳам сезилмади. Худди арзимаган гапдек қабул қилди, бепарво жавоб қайтарди:

- Бошқа институт қуриб қолганми, қизим? Расмларинг нима берарди сенга? Қолаверса, ўқигандан кўра, турмушга чиққанинг яхши, қизим. Сен бўлсанг, қаёқдаги хаёллар билан юрибсан?!

-      Ўқийман, десам ёмонми, ая?

- Билмадим, эртага Гулсум холанг келаркан. Сени дугонасининг ўғлига сўраяпти. Жуда яхши оила экан, ўғли ақлли, топишиям ёмон эмас экан, қийналмайсан, қизим.

-      Ая, ахир мен...

- Қизим, энди ёш бола эмассан. Хаёлларга берилишни бас қил. Қиз бола яхши оиланинг бекаси бўлса, келинлик уйини яшнатиб турса, унинг бахти шу. Даданг ҳам рози бўлиб турибдилар. Қайсарлик қилиб, ишни чувалаштирма. Сингилларингнинг ҳам бўйи етай, деб турибди.

...Ҳовлисидаги гуллардан ҳам чиройли келин бўлди у. Ҳар тонг гуллар юзини ювган шабнамлар, ажабки, бу кун унинг юзларига ҳам ярашиб турарди. Бири-биридан гўзал орзулар эса шабнам томчиларига қўшилиб, бир зум жилоландию сўнг қуёш нурларига сингиб кетди...

Кўзгуга боқаркан, у илк бор аччиқ кулимсиради:

- Нима бўлибди шунга? Орзуларидан кечган бир менми? Ана, ҳамма бахтиёр яшаб юрибди-ку...

Ўша ондан унинг юрагини хайрату ҳаваслар тарк этди, турмушга кўнди, кўникди. Бош-қалар қатори яшай бошлади.

...Тўйдан уч кун ўтиб ҳовлига чиққан синглиси ҳайратдан қотиб қолди. Ҳовлидаги барча гуллар сўлиб, эгилиб қолган, баъзилари ҳатто, қовжирай бошлаганди.

 

Зилола АВАЗОВА

АҚЛЛИ ҲИМОЯ

(16 - сон) Ҳикмат

Ёши улғайиб қолган жанг санъати устаси қайтиб майдонга тушмасликка қарор қилди. Бироқ бир куни уни ёш ва манман бир полвон олишувга чорлади. Уста бунга эътибор қаратмади, жим ўтираверди. Ёш   жангчи энди уни масхаралашга, аждодларини ҳақоратлашга тушди. Аммо бу ҳам кўзланган натижани бермади.

Охир-оқибат ёш полвоннинг ҳафсаласи пир бўлди, қўлини ювиб қўлтиғига урди-да, кетди.

Қария устанинг шогирдлари унинг хатти-ҳаракатидан ҳайрон қолди, айримлари эса таъна қила бошлади:

- Наҳот сизга ўзингизнинг ёки аждодларингизнинг шаъни қадрли бўлмаса?!

Устоз бу саволга савол билан жавоб берди:

- Агар сизга бирор нарса совға қилишса, лекин уни олмасангиз, ҳадя кимда қолади?

- Эгасининг ўзида қолади-да! - дейишди улар.

- Ҳасад, ғазаб ва нафрат ҳам худди шундай. Агар биз уни қабул қилмасак, у эгасида қолади.

 

 

ОРИФЖОН тайёрлади.

СЎЗ ҚАДРИ БИЛАН АЗИЗДИР

Сабоқ

Инсонларнинг бир-бирлари билан мулоқоти улуғ неъматлардан биридир. Дилдан суҳбатлашиш, мулоқот қилиш албатта, ҳар қандай кишига завқ беради. Мулоқотда баҳслашишлик эса яхши фазилатлар сирасига кирмайди.

Дарвоқе, кишининг маънавияти даражаси, унинг инсонийлигини суҳбатидан ҳам билиб олиш мумкин. Одамнинг сўзидан, муомаласидан унинг қандай инсон эканлиги ва нияти намоён бўлади.

"Ўз вақтида фикр билдириш катта санъат талаб қилганидек, ўз вақтида сукут сақлаш ҳам маҳорат ва илмлиликнинг бир кўринишидир", - дейди бир донишманд. Албатта, ҳеч кимга гап бермай суҳбат мавзуини улаб кетавериш шахсиятпараст кишиларга хосдир. Лекин кўп гапириш билан кўп гап айтиш   бошқа-бошқа нарса. Киши суҳбатни шундай олиб бориши керак-ки, уни тинглаётганларнинг ҳар бири ундан наф олсин, билими яна-да бойисин.

Бир киши ўқувчилик даврини эслаб шундай дейди: "Биология фанидан сабоқ берадиган ўқитувчимиз биз - ўқувчиларга ниҳоятда гўзал сўзлар билан мурожаат этарди. Нутқи ҳам ширали эди, дарсга ҳаммамизни қизиқтира оларди..."

Дарҳақиқат, кўп ўйлайдиган одам иложи борича кам гапириб, кўпроқ фикр беришга интилади.

Зеро, бизга сабоқ ва билим берадиган сўз азиздир, биз ана шундай сўз айтгувчи инсонни қадрламоғимиз зарур.

Исомиддин ШАМСИДДИНОВ,

 

Андижон шаҳри.

ҚАТРАЛАР

(16 - сон)

меҲмонхона

Минг йилми, миллион йилми, ой ўша-ўша, офтоб ўша-ўша! Осмон ҳам ўша-ўша! Фақат одамларгина ўзгариб туради. ҳар кун, ҳар соат, ҳар дақиқа ва ҳатто, ҳар сонияда ўзгаради: кимдир келади, кимдир кетади. Дунё - бу меҳмонхона.

Ажаб,  омонатгина бу дунёда бунчалар ҳам дунё талашмасак...?

 

Юрак

У шундоққина сиз билан, ёнгинангизда яшайди. Қўл узатсангиз етади, аммо ушлаб бўлмайди, жон билан баробарки, ташлаб бўлмайди. Аслида ундан содиқ дўст йўқ, қувонсангиз қувониб, қайғурсангиз ранж чекадиган, жони оғрийдиган. Сиз ундан, у сиздан айро яшамайди, яшолмайди: келар йўл ҳам, кетар йўл ҳам битта!

Бир айби баъзан ақлдан пешгирлик қилмоқчи бўлгани, мен мавжудман, овозим ҳам бор... дегани. Бу билан у ақл деб номланган мавҳумотнинг қудратини унутиб қўйса-да, сизга яхшилик тилайди. Унга қулоқ тутиб, гоҳ бахтга бурканасиз, гоҳ...

У сизнинг вужудингиздаги  юрак аталмиш мўъжизадир.

Орзу

Унинг ўзига етиб бўлсаям охирига етиб бўлмайди. Шундоққина биттасига етсангиз,  бошқаси пайдо бўлади. Сўнг... Яна бошқаси... Хуллас, охири кўринмайди. У истак бўлиб инсонни олдинга қистаб туради. унга интилиб, унга талпиниб умрнинг сўнгги бекатига етиб келганини сезмай қолади киши.

 

Қизиқ, инсоннинг ҳаёти тугаса ҳам истаги - орзуси тугамайди, ҳатто васиятига ҳам сингиб кетади у.

Лола ЎРОҚОВА

 

 

ОИЛА - МУҚАДДАС ҚЎРFОН

(16 - сон) Мулоҳаза

Оила - муқаддас даргоҳ. Буни ҳар бир инсон доимо ёдда сақламоғи, англамоғи ва уни асраб-авайламоқлиги лозим.

Жамиятимизда янги оиланинг барпо этилиши энг гўзал, бир умр киши ёдида қоладиган муҳим воқеа ҳисобланади. Шу боис ҳам, ана шу қувончли кун тўй қилиниб, барча қариндош-уруғлар, дўстлар билан биргаликда нишонланади. Ҳеч ким, ҳеч қачон бир  муддат яшаб, кейин ажрашиш учун оила қурмайди.  Оила деган улуғ даргоҳ катта мақсадлар, орзу-умидлар устига қурилади.

Оила қуриш инсон зиммасига ўзига хос бурч ва масъулиятлар ҳам юклайди. Энг аввало, ҳар бир инсон ўз оиласини муқаддас билиб, уни асраши, авайлаши, ардоқлаши лозим. Шунда оилаларимиз мустаҳкам бўлади. Оилалари мустаҳкам жамият барқарор ривожланади, гуллаб-яшнайди.  

Оилаларимизнинг бахтли, саодатли бўлиши учун турмуш ўртоғимиз билан биргаликда фарзандларимизни тарбияли, одоб-ахлоқли қилиб вояга етказишимиз даркор. Мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаган-ларидай:  "Фарзандларимиз биздан кўра кучли , билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт '' деган шиорга амал қилиб яшашимиз лозим.

Оила ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилади: "Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлига яхши муносабатда бўлганингиздир ''. Демак, ҳар бир инсон ўз оиласининг  бахт-саодатга эришиши йўлида, энг аввало, аҳли аёлини ардоқлаши, қолаверса, фарзандлари тарбиясига алоҳида эътибор қаратмоғи лозим. Ҳар қандай кишининг аҳли оиласи  тинч-тотув, осойишта ҳаёт кечирса, кўнгли хотиржам бўлади.

Минг афсуски, бугунги кунда арзимас сабаблар туфайли айрим оилаларнинг пароканда бўлаётганлиги, ҳатто, бузилиб кетаётганлигидан ҳам кўз юма олмаймиз.   Аслида арзимас сабаблар бир бахтли оилани, муқаддас никоҳни бузилишига,  шириндан-шакар фарзандларни етим бўлиб қолишига олиб келаётганлиги ана шундай ҳолатга йўл қўяётган кишиларнинг оилага бўлган юзаки муносабатнинг натижасидир.  Қолаверса, бу гарданимизга улкан гуноҳ бўлиб юкланади.

Ҳар бир инсон ўз оиласини турли таҳликалардан, низолар келиб чиқишига сабаб бўладиган ҳолатларда сақлашга алоҳида эътибор қаратиши зарур.  Юртимиздаги оилалар тинч-тотув ҳаёт кечирса,  албатта, Ватанимиз янада юксалади, ҳаётимиз осуда ва фаровон бўлади, бизга берилаётган ризқ-рўз янада зиёда бўлади.                                                                    

Ҳайдарали НОРМИРЗАЕВ,

 

Саййид Муҳийддин махдум номидаги Андижон ўрта махсус ислом билим юрти талабаси.

Китоб - маънавият сарчашмаси

(16 - сон) Муносабат

Китоб инсон ақлини чархлашга, идрокини теранлаштиришга, тафаккурини ўстиришга хизмат қилади. Китоб ўқиган одам маънан баркамолликка эришибгина қолмасдан, турли давраларда яхши суҳбатдош, яхши ҳамфикр бўла олади.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 январдаги "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда  тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойиши мамлакатимизда китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш билан боғлиқ хайрли ишларни амалга ошириш мақсадида қабул қилинган бўлиб, унинг замирида халқимиз маънавий дунёсини кенгайтириш, дунёқараш ва салоҳиятини юксалтириш, ҳар томонлама етукликка ундашдек эзгу мақсадлар мужассам.

Биз буюк аждодлар, илм-у урфон донишмандлари авлодимиз. Улардек ақлу идрокка, комилликка етишиш учун    китобдан яхшироқ дўст ва устоз топиб бўлмайди. Ёшлар келажагимиз эгалари экан, аввало, уларда мутолаага бўлган катта қизиқишни уйғота олишимиз даркор. Бугунги кун ёшлари энг мураккаб асарларни ҳам ўқий олиш билан бирга, уларда берилаётган мазмун-моҳиятни чуқур таҳлил қилишга қийналмасликлари керак. Бунинг учун биринчи галда ҳар қандай асарни англаб уқиб ва иштиёқ билан мутолаа қилишга ўргансин.

Китоб инсонни эзгуликка ундайди, ҳаётда сабрли бўлишга чақиради, мақсад сари етаклайди. Бир донишманд "Ўзимдаги барча яхши фазилатлар учун китобдан миннатдорман", деган экан. Дарҳақиқат, у бизни тарбиялашга қодир, юксак марраларни забт этишимизда кўмакчи. Келинг, китоб мутолаасига фарзандларимизни, ўқувчиларимизни, ҳатто атрофимиздагиларни ҳам чақирайлик. Зеро, китоб - тафаккур чироғи, маънавий йўлбошчидир.

 

Индира АЛМАТОВА,

 

Андижон шаҳри.

ЁШЛАР ВА ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТ

(16 - сон) Мутахассис минбари

Ёшлар - юртимиз келажагининг эгаларидир. Шу боис ҳам уларни ҳар жиҳатдан етук ва баркамол, юксак салоҳиятли қилиб тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устивор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Қолаверса, бугунги глобаллашув жараёни ёшларнинг интеллектуал билим ва салоҳиятини, ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришни тақазо этади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 12 августда қабул қилинган, Сенат томонидан 2016 йил 24 августда маъқулланган, 4 та боб, 31 моддадан иборат Ўзбекистон Республикасининг "Ёшларга оид Давлат сиёсати тўғрисида"ги Қонуни бу борадаги барча муносабатларни тартибга солади. Қонунда ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ҳаёти ва соғлигини сақлаш, маънавий интеллектуал, жисмоний ва аҳлоқий жиҳатдан камол топиши, уларда ватанпарварлик, фуқаролик туй-ғусини шакллантириш, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёт ғоялар ва иллатларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашларга эга қилиб тарбиялаш, ҳуқуқий билим ва мада-ниятини юксалтириш билан боғлиқ қатор масалалар белгиланган.

 Жумладан, Қонуннинг 10-моддасида ёшларнинг таълими ва тарбияси сифатини ошириш, ўқув жараёнига таълимнинг замонавий шакллари ва усулларини жорий этиш чора-тадбирларини кўриш,  таълим муассасаларида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни таъминлаш мақсадида спорт секциялари, фан, техника тўгараклари ва ижодий тўгараклар, клублар ташкил этиш,  ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш масалалари белгилаб берилган. Ана шу йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш борасида айни кунда 800 нафарга яқин ўқувчи таҳсил олаётган лицейимизда ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

Ўқувчилар ўртасида ўтказилаётган "Ўз ҳуқуқингизни биласизми?", "Ҳуқуқ билимдонлари", "Ёшлар ва ҳуқуқ" сингари тадбир ва танловлар, шунингдек, ҳуқуқшунослар иштирокидаги учрашув ва давра суҳбатлари ўқувчиларимизнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини янада юксалтирмоқда.

 Ҳуқуқий маданият ёшларнинг инсоний фазилатларини соғломлаштирибгина қолмай, балки ҳуқуқ доирасидаги фаолиятини юқори босқичга кўтаради, жамият ҳаётининг турли жараёнларидаги фаоллигини янада оширади.

Ҳуқуқий маданият умумий маданиятнинг ажралмас таркибий қисмидир. Ёшлар онгида   ҳуқуқий билимларга эга  ва уларни амалиётда татбиқ эта оладиган ёшлар албатта, маданиятли ва билимли бўла олади деган қатъий ишонч бўлиши керак. Ўз иқтидор ва имкониятларини тўлақонли намоён этишлари, пухта билим олиш ва ҳунар эгаллашлари учун кенг имкониятлар яратиб берилган Ўзбекистон ёшларида ана шундай ишонч ва қатъият шаклланган.

Қалбида эртанги кунга умид ва ишонч, она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига ҳурмат, интилиш ва шижоатга тўла ёшлари бўлган озод ва обод юртимизнинг  келажаги порлоқдир.

Наргиза ТОЖИДДИНОВА,

АДУ қошидаги 2-сон академик лицей ўқитувчиси.

ЛИБОС - МАЪНАВИЯТ БЕЛГИСИ

(16 - сон) Мулоҳаза

Кўчалар ўқувчи, талаба ёшлар билан гавжум. Кимдир ўқишга, яна кимдир  бошқа бир иш билан қаергадир шошилади.

Ҳар куни одатдагидек эрталаб ишга, кечга томон уйга қайтаман. Диққатимни тортадиган бир манзарадан ҳар гал кўнглим хира тортади. Бу қизларимизнинг кийинишидир.

Миллатимиз - андишали, ориятли миллат. Азалдан қиз-аёлларимиз ҳаё билан либос танлаганлар. Бугун назаримда халқимизнинг азалий қадриятлари, момоларимизнинг удумлари  бироз унутилгандай. Айрим қизларимиз бу борада ибо билан кийинишни унутиб қўйишмоқда. Баъзан ўқувчи қизларнинг кийинишини кўриб, жаҳлим чиқади. Ўта калта юбка, тор шим кийган ўқувчиларга дакки бераман. Бундай кийиниш ўзбек қизларига ярашмаслигини, қолаверса, тор кийим кийиш саломатликка ҳам салбий таъсир кўрсатишини айтиб, тарбияга чақираман. Ахир биз педагоглар ёшларимизга билим бериш билан бирга, уларни одоб-аҳлоқли, юксак маънавиятли бўлишларига ҳам алоҳида эътибор қаратишимиз муҳимдир.

Эртага бошқа бир хонадонга келин бўладиган қизнинг европача кийимларга хирс қўйиши унинг келажакда яна ўша кийимларни кийишни кўнгли тусамаслигига ким кафолат беради?! Бунинг устига орият, уят деган юксак тушунчалар борлигини унутмаслик керак. Гоҳида машина ўриндиғида калта кўйлаги ёки юбкасидан хижолат тортиб, қўллари билан оёқларини беркитишга уринаётган қизларни кўриб, очиғи уялиб кетаман. Ахир қиз бола миллатимиз шаъни эмасми? Уларнинг мана шундай либос кийишларига ота-оналари эътиборсиз эканликлари мени янада ташвишга солади. 

Қадрли ота-оналар фарзандларимизни кийинишига ҳеч қачон эътиборсиз бўлмайлик. Азиз қизларжон, либос танлашда миллатимизнинг қадим анъаналарини, ҳаё, ибо ва андишани унутманг. Европага хос кийинишдан, кўр-кўрона тақлид қилишдан тийилинг. Ўзлигингизни, ўзбеклигингизни доимо ёдда тутинг!

Олтиной ЮНУСОВА,

АДТИ қошидаги 2-сон академик лицей ўқитувчиси.