Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Ёшим 82 да. Ёшлик йилларим ғоят қийинчилик даврларга тўғри келди. Отамдан сўнг, онам шўрлик бир этак бола билан қолди. Ўн ёшимдан қорин тўйдириш учун, бир бурда нон учун тонг саҳардан шомгача далага чиқиб, катталар билан бир қаторда меҳнат қилишга мажбур эдик. Айниқса, Иккинчи жаҳон уруши даврида не-не қора кунларни кўрмадик? Кундузлари далада ишлаб, кечалари онам билан маҳалла аёлларига кийим тикиб, тирикчилик ўтказардик.
... Тақдир мени шунчалар сийлаганки, Ўзбекистондек тинч, бағрикенг, жаннатга қиёсласа арзийдиган юртда туғилганман. Мустақиллик сабаб ёруғ кунларни кўриш менга ҳам насиб этди. Юртимизда биз кексаларни эъзозлаш борасидаги хайрли ишларни кўриб, бошим кўкка етади. Икки йилдан буён саломатлигимизни тиклаш учун ҳукуматимиз томонидан бепул берилаётган йўлланма билан сиҳатгоҳларга боряпман. Ҳозир соғлигим анча яхшиланган. Ўзимни анча тетик ва бардам ҳис этяпман. Телевизор кўриб мамлакатимизда, чет давлатларда рўй бераётган воқеалардан хабардор бўлиб тураман. Қолаверса, фарзандларим, набираларим кундалик янгиликларини гапириб беришади.
Ёшим бир жойга етган бўлса-да, Ватанимизнинг келажаги, эртанги куни қандай бўлиши билан барибир қизиқаман. Кўпни кўрган, иссиқ-совуқ кунларни бошидан кечирган кекса инсон сифатида айтишим мумкинки, мамлакатнинг эртанги куни энг аввало, уни бошқарадиган раҳбарга боғлиқ. Шундай экан, у адолатпарвар, халқпарвар, ғамхўр, тиниб-тинчимас инсон бўлиши керак. Куни кеча бўлиб ўтган сайловда кўп йиллардан буён халқимиз тинчлик-осойишталиги, ҳаётининг фаровон бўлиши учун фидойилик билан меҳнат қилиб келаётган инсонга овоз бердим. Сайлов натижаларига кўра, у энг кўп овоз олиб, Президент бўлиб сайланганлигини эшитиб, жуда қувондим.
Илойим, мамлакатимизнинг янги президентига куч-қувват берсин, халқ хизматидан асло чарчамасин.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов билан бир даврда яшаб, у киши етакчилигида, шу инсон ишлаб чиққан ва Ватанимизни юксак чўққилар сари етаклаган тараққиётнинг "Ўзбек модели"ни амалга оширилиши даврига, у киши етакчилигида олиб борилган улкан ишларга бевосита гувоҳ бўлдик. Узоқни кўра олувчи у зотнинг "Ким эдигу, ким бўлдик?" деган сўзлари асосида тарихга бир назар ташлайлик.
Улуғ Соҳибқирон Амир Темурдан бошқа одил подшони фақат эртаклардан биламиз. Халқимиз асрлар давомида ўз подшолари ва хонларининг ўзаро урушлари, четдан келган босқинчиларнинг қирғини, талончилиги ва хўрлашларидан бошқа нимани кўрди? Бор будимизни талаб, қишлоқ ва шаҳарларимизни вайронага айлантириб кетишса ҳам халқимиз шукрона келтириб, эртанги кунга умид билан қараб яшаган ва яна ўзининг самарали меҳнати билан юртимизни жаннатга айлантирган.
Ислом Каримов мамлакатнинг биринчи раҳбари сифатида иш бошлаган кунидан Ўзбекистонда авваллари бўлмаган бир тартибни жорий этди: ўзидан илгари ишлаган раҳбарлар камчилигини байроқ қилишни ноўрин ҳисоблаб, бизни бағрикенгликка, кечиримли бўлишга ўргатди. Эски яраларни қўзғаш, ўтмишдаги аламлар учун ўч олиш эмас, балки тарихни чуқур ўрганиб, ундан хулоса қилиб, янги вазифаларни белгилаб, уни бажариш учун қатъият ва интизом билан ишлаш, келажакка умид ва ишонч билан қарашни юрагимизга сингдирди. Янги ишни яхшилик билан, яхши ният билан бошлаш керак, деб ҳамма ўтганларни, хусусан, азиз-авлиёлар, улуғ бобокалонларимизнинг қабр-мақбараларини, зиёратгоҳларини обод қилди. Ўтганларни эъзозлаш, кексаларни қадрлашдек, халқимизнинг қадим анъаналарига қайта жон бахш этди.
У киши давлат раҳбари бўлган даврдан бошлаб республика миқёсида ўтказилган барча анжуманларда кўтарилган ҳамма масалаларнинг мақсади мамлакат мустақиллигини таъминлашга, жамиятни янгилашга катта эътибор қаратди. 1989 йил 19 августдаги маърузасида "Жамиятни янгилаш учун курашаётган барча соғлом кучларни бирлаштириш зарур"лигига алоҳида тўхталди. Жамиятни янгилаш учун курашаётганлар орасида Ислом Каримов раҳбарлигидаги Ўзбекистон мустақиллигини, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва Ватан равнақини кўзлаган соғлом кучлар билан бирга, ўша даврда майдонга чиққан ва тўс-тўполондан фойдаланиб, ҳокимиятни эгаллашни мақсад қилган қора ниятли кучлар ҳам бор эди.
Тожик шоири Лойиқ Шералининг шеърида айтилганидек, "Ҳар бир кўчадан мен подшоман", деб чиқиб келганлар дастлабки йилларда қўшни давлатларда нималарни содир этмади? Қанча бегуноҳ одамлар, қанча кекса-ю ёшлар қувғинда сарсон-саргардон бўлмади? Муҳтарам Президентимиз уларнинг барча тури ва тўдаларининг кимлигини, мақсадини аввалдан билган. Лекин энг муҳими, уларнинг орасидаги соғлом кучларни кўра билиш, уларни ёвуз ниятлилардан ажратиш ва ўз атрофига бирлаштириш вазифасига қаттиқ киришди. Халқни тўғри йўлга бошлади.
Шу ўринда кўпни кўрган халқимиз ўзи танлаб, сайлаган Президентимиз билан якдил бўлиб, барча носоғлом кучларни яккалаб қўйди. Диний экстремистик оқим вакилларининг қора ниятлари бир қатор ҳудудлардаги воқеалар мисолида аҳолининг, айниқса, адашганларнинг кўзини очди.
1991 йил декабрида диний экстремистлар билан бўлиб ўтган воқеани кўпчилик кўрган. Нафақат Фарғона водийси ёки Ўзбекистон, балки Марказий Осиё ҳудудини ҳозирги Сурия ва Ироқ мамлакатларидаги каби вайронага, одамларнинг ҳаётини жаҳаннам азобига айлантиришни мақсад қилиб қўйган диний экстремистлар тўдаси хайқириб турган жойга Президентимиз ҳеч бир ҳимоясиз дадил кириб боришини айтинг. Ўз ҳаётини, ширин жонини ўйлаган инсон бу ерга яқин йўламаган бўларди.
Жамиятда шундай кишилар ҳам борки, улар ўз яқинларининг номуси, ори ва осойишталиги йўлида жонини қурбон қилиб, тикиб қўяди. Минглаб, миллионлаб одамлар орасидан юз йилда бир марта дунёга келадиган шундай шерюрак инсон бу Ислом Абдуғаниевич эди. Унинг туғма дипломат, қатъиятли, чуқур билим ва ўткир ақлга эга инсонлигини, вазиятни ҳар қандай ҳолатда ҳам бош мақсадга йўналтира оладиган кучли мантиқ эгаси эканлигини ўз кўзимиз билан кўрдик.
Ислом Абдуғаниевич барча оғир вазиятларда ҳар бир ҳудудга шахсан ўзи бориб, ҳолатни бартараф этиб келган. Мамлакатимизда содир этилиб, катта жангларни келтириб чиқаришни мақсад қилиб қўйган ўнлаб уриниш ва террорчилик ҳаракатларини тўхтатди. Ахир бу ҳаракатлар бир қатор Араб мамлакатлари, Грузия, Украина, Тоғли Қорабоғ ва бошқа ҳудудлардаги каби кўплаб бегуноҳларнинг қони тўкилишига олиб келувчи улкан фалокат ҳақидаги шум хабарлар эмасмиди? Халқимизни балою-қазолардан, офату фалокатлар уфуриб турган жаҳаннам комидан омон сақлаб олиб чиққан, бугунги обод диёрда тўқ ва фаровон ҳаёт ато этган ким? Бу фидоийликлар учун бу улуғ зот неча марта Ўзбекистон қаҳрамони унвонига лойиқ эди?
Мустақиллик арафасида қишлоқ аҳолисининг атига 5 фоизи канализация ва тоза сув билан, 50 фоизи ичимлик суви билан таъминланган эди. Демак, қишлоқ аҳолисининг қолган 50 фоизи қаттиқ ва яроқсиз сувни ичган. Бунга ўша даврдаги кўпчилик раҳбарлар одатдаги ҳол деб қараган.
Ислом Абдуғаниевич бундан қарийб 26 йил аввал ушбу оғир турмуш шароитини чуқур ўрганиб, уни ўнглаш ва халқаро меъёрлар даражасига етказиш ниятида бўлган. Ўтган қисқа даврда бу яхши ният рўёбга чиқиши учун катта ишлар қилингани кўпчиликка маълум. Лекин у қандай ўзгарди, бунга қандай эришилди? Республика ва маҳаллий бюджетнинг аҳволи ҳар томонлама танг бўлиб турган даврда бу қандай уддаланди?
Давлат раҳбари "қийин аҳволдан чиқишнинг йўли, энг аввало, ишларнинг аҳволига ҳолис баҳо бериш, республикадаги вазиятни соғломлаштиришнинг конкрет ва аниқ-пухта программасини ишлаб чиқишдан иборат", деб таъкидлади ва ривожланишнинг узоқ муддатга мўлжалланган дастури "Ўзбек модели"ни ишлаб чиқди.
Белгиланган дастур ва программалар механизми ишга тушурилмас экан, мақсадлар саробга айланиб қолаверади. Шунинг учун ҳам Ислом Каримов "Ишни биринчи галда ҳаётимизнинг барча соҳаларида қатъий тартиб ва интизом ўрнатишдан, раҳбар кадрларни жой-жойига тўғри қўйишдан, уларга нисбатан талабчанликни оширишдан бошлади."
Қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатлари, дастурларда олдинга қўйилган вазифалар ижросини таъминловчи ижро ҳокимияти бўлиб, унинг фаолиятини аниқ бошқаришга алоҳида эътибор қаратди. Лекин собиқ иттифоқ даврида етишиб чиққан раҳбарларнинг кўпчилиги эскича фикрлар эди. Буни ўзгартириш осон кечмади. Аввалига Президентимиз олдида хўжалик механизмини дадил бошқариб кетадиган ижро ҳокимиятини ташкил этиш вазифаси турар эди. Дастлабки йилларда ҳукумат раҳбари лавозимида ишлаган шахслар ишни тортмади.
Ва ниҳоят, Шавкат Миромонович ижро ҳокимияти тепасига бош бўлиб келгач, бу тизим қисқа муддатда юқоридан қуйигача такомиллашди ва узлуксиз ишловчи механизмга айланди. Энг муҳими, бу инсон ҳар бир ишни, у қайси соҳага тегишли бўлмасин, албатта Ислом Каримов билан маслаҳатлашиб амалга оширди. Давлат бошқаруви билан ижро ҳокимияти ва суд ҳокимиятининг вазифаларини тўла ва аниқ белгилаш ташаббуси билан чиқди. Мамлакатда ижро интизомини ўрнига қўйди. Унинг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига тегишли тузатиш ва ўзгартишлар киритилди ҳамда мамлакатда конституциявий қонунлар қабул қилинди. Кейинги ўн уч йилда иқтисодиётни ривожлантиришга ички ва чет эл инвестициялари кенг жалб этилди. Дунёда молиявий-иқтисодий инқироз авж олган даврда ҳам ялпи ички маҳсулот ўсиши 8 фоиздан кам бўлмади.
Президентимизнинг "Биз бўлмаган жойда бизнинг ўрнимизга ёшлар ва халқ билан бошқалар шуғулланади. Буни унутмаслигимиз керак", деган сўзларига асосланиб, Республика Маънавият ва маърифат Кенгаши раиси сифатида маънавиятни янада юксалтиришга, маънавий-маърифий ишларни узлуксиз давом эттиришга етакчилик қилди. Натижада мамлакатда каттадан кичик раҳбарнинг ҳаммаси - вазирдан тортиб ҳокимлар ва бошқа қуйи тизимдаги энг кичик раҳбаргача сиёсатчи сифатида маънавий-маърифий ишларни ўз тизимида ташкил этди.
Ислом Абдуғаниевич бутун ҳаёти давомида халқимиз, Ватанимизнинг манфаатидан бошқа нарсани ўйламаган, кўнгил яқинлари билан руҳ ва тан роҳати йўлида дам олиб, маишат қилиш ўрнига умрининг охирги сониясида ҳам халқи бахтини, мамлакат ривожини ўйлаган. Давлат раҳбари сифатида ҳеч бир яқин ёки йироқ қариндошига, таниш-билишига бирор ҳудуд, ишлаб чиқариш комплекси, бошқа иншоот ёки юқори мартабани тортиқ қилмади. Ҳамма нарсани халқига берди.
"Тошкентни юксак тараққиёт ва маданият шаҳрига айлантиришимиз керак", деб қилган маърузасидан 18 йил кейин Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Халқаро Ислом ташкилоти Тошкентни - "Ислом маданияти пойтахти", деб эълон қилганига нима дейсиз?
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан, унинг жойларда ўтган саммитлари минбарларидан туриб терроризмга қарши ҳушёр бўлиб, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликда курашиш, акс ҳолда бу бошқариб бўлмайдиган кучга айланиши тўғрисида олдиндан айтган фикрларичи? Дунёнинг турли ҳудудларида бугун одамларнинг бегуноҳ тўкилаётган қонлари ҳақида олдиндан башорат қилмадими?
Ислом Каримовни ўз ибораси билан таърифлаганда, подшо десак, халқига бахт ато этган подшоларнинг шаханшоҳи, Буюк инсон десак ҳеч янглишмаймиз. ҳар бир мазлумнинг бошини силаган камтарин инсон, ёшларнинг ғамхўри бўлган миллат отаси эди.
Ушбу фикрлар мамлакатимиздаги ҳар бир фуқаронинг кўнглидан ўтаётгани аниқ. Шу ўринда яна бир фикр: Ислом Абдуғаниевич қайси ҳудудга бормасин, у жойга аввало ҳукумат вакиллари бориб, барча соҳаларда тозалик, ободончилик, тартиб-интизом, намунавий уйлар, янги ишлаб чиқариш тармоқлари ҳолатини юқори даражада эканини кўришар ва албатта, ҳукумат раҳбари ўзи бориб, учрашув ўтказиладиган жойгача кўриб чиқар, айтиладиган сўзларнинг эгалари билан учрашиб, сўзларини ўзи эшитиб, қаноат ҳосил қилмагунича кўнгли тинчимас эди.
Бунинг боисини энди тушундик. Шавкат Миромонович ҳеч биримиз ўйламаган ишларни олдиндан кўриб, устози Ислом Каримовнинг юрагига ҳар бир яхши нарса ором беришини, ўтмишдаги оғир курашлар таъсирида юраги қатларида тўпланган дардларга малҳам бўлишини билиб, кўнгли тўладиган яхши ишларни кўрсатиш орқали халқимизга меҳру-муҳаббати янада ортиши билан боғлиқ ишларни ташкил этар экан.
Энди ўша кўп нарсани олдиндан билолмаганлар - сиз билан бизнинг ҳар биримиз мамлакатда бошланган улуғ ишларнинг узлуксиз, юқори суръат билан давом этиши учун ҳозирдан ҳамма соҳада пешқадамлар сафида бўлишимиз шарт. Ана шунда Ислом Каримов бошлаган ишларни давом эттираётган янги давлат раҳбарини қўллаб-қувватлаш орқали марҳум Президентимиз руҳини янада шод этган бўламиз.
Илоҳим Ислом Каримовнинг охиратлари обод бўлсин!
Бугун халқимиз ишончини оқлаб, мамлакатимиз раҳбари этиб сайланган инсон биринчи Президентимиз томонидан бошланган барча эзгу ишларни давом эттириб, Ўзбекистонни жаҳондаги энг ривожланган давлатлар қаторига ўтиши йўлида астойдил меҳнат қилишига асло шубҳа йўқ.
Давлатимизнинг янги раҳбари куни кеча буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича халқаро ижодий танлов ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилганлиги Ўзбекистондаги ҳар бир фуқаронинг кўнглидаги иш бўлганлигини алоҳида эътироф этиш ўринлидир. Ушбу қарор улуғ йўлбошчи бошлаган улуғвор ишлар унинг шогирдлари томонидан давом эттирилишига ёрқин бир мисолдир.
Яратган ана шундай улуғ йўлбошчиларни ато этган халқимизнинг ҳар бир куни байрамга айлансин.
(50- сон, 2016 й.) Касаба уюшмалари ва хотин-қизлар
Мамлакатимиз Бош қомусининг 59-моддасида "Касаба уюшмалари ходимларининг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этадилар ва ҳимоя қиладилар." деб қатъий белгилаб қўйилган. Ана шу ҳужжатга кўра, юртимизда касаба уюшмалари томонидан фуқароларнинг, хусусан, хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, соғломлаштириш, кўнгилли дам олишларини ташкил этиш сингари қатор йўналишларда олиб борилаётган ишларда касаба уюшмалари ташкилотларининг ўрни ва роли муҳим аҳамиятга эга.
Шу боис ҳам бугунги кунда касаба уюшма ташкилотлари фаолиятини кучайтириш, самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада меҳнаткашлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда.
Айни кунда Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси тасарруфидаги 3,5 мингга яқин бошланғич ташкилотларда фаолият юритаётган 552 минг нафарга яқин аъзоларнинг 307 минг нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, фаолликни таъминлашга қаратилган зарур ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, вилоят бирлашмасида ташкил этилган "Жамоа келишувлари ва шартномаларини кенг жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш бўйича" комиссияси таркибига хотин-қизлар комиссиясининг 2 нафар аъзоси киритилган ва айни кунга қадар улар жамоа шартномаларининг экспертизадан ўтказилишида иштирок этмоқдалар.
Бирлашма тизимидаги хотин-қизлар комиссияси томонидан жамоаларда хотин-қизлар фаоллигини таъминлаш, уларнинг маънавиятини юксалтириш, ҳуқуқий маданияти, айниқса, меҳнат ҳуқуқлари соҳасидаги билим ва савияларини оширишга ҳамда меҳнат билан боғлиқ масалаларга қаратилган "Аёл ва ҳуқуқ", "Меҳнат қонунчилигини ўрганамиз", "Меҳнат қонуни ва хотин-қизлар", "Ҳуқуқингизни биласизми?", "Хотин-қизлар меҳнати қадрланади" каби мавзуларда тарғибот-ташвиқот ишлари, давра суҳбатлари, семинарлар ташкил этилаётганлиги ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.
Аёл, энг аввало, она. Биз ҳар қадамда мана шу масалага алоҳида эътибор билан ёндашамиз. Бу борада меҳнат жамоаларида аёллар учун белгиланган имтиёзларнинг бажарилиши, улар учун зарур, қулай ва хавфсиз иш шароитлари яратилиши жуда муҳимдир. Вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасаларда қабул қилинган жамоа шартномаларида ёшлар ва хотин-қизлар учун қўшимча имтиёзлар ва кафолатлар, жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг "Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Конвенциясига биноан оналикни ҳимоя қилиш юзасидан аниқ мақсадга йўналтирилган тадбирлар олиб борилишига оид бир неча бандлар киритилишига эришилган. Шу билан бир қаторда касаба уюшмалари томонидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари тўланиши устидан жамоатчилик назорати олиб борилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳар бир аёл эътибор ва ғамхўрликка муносиб. Айниқса, жамият ҳаётида самарали ва фаол иш олиб бораётган аёлларни рағбатлантириш, касбий маҳорати билан барчага ўрнак бўлган меҳнат фахрийларини эъзозлаш олдимизда турган вазифаларимиздан биридир. Бу борада комиссия хотин-қизлар билан ишлашни янада яхши ташкиллаштиради, белгиланган устивор йўналишлар бўйича янада самарали фаолият олиб боради.
(50- сон, 2016 й.) 8 декабрь - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун
Ҳар қандай давлатнинг бош қонуни Конституция ҳисобланади. Конституция сўзи луғавий жиҳатдан "Низом", "Қоидалар тўплами" деган маънони англатади. Лекин мазмун-моҳиятига кўра, ушбу ҳужжат мамлакат, унинг фуқаролари ҳаётида жуда муҳим ва катта аҳамиятга эга эканлигини алоҳида эътироф этиш лозим.
Мамлакатимиз Бош Қомусида жамият ва давлат, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари тузилиш ҳамда фаолиятининг асосий принциплари, уларнинг ваколатлари, фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва бурчлари, жамият ва шахс ўртасидаги муносабатлар белгилаб берилган. Амалдаги барча қонунлар ва бошқа ҳужжатлар Конституция негизида ва унга мувофиқ тарзда қабул қилинади.
Таъкидлаш керакки, 1992 йил 8 декабрда XII чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг XI сессиясида қабул қилинган Конституциямиз мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик давлат қуриш ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этишнинг ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 6 бўлим, 26 боб, 128 моддадан иборат бўлиб, унда мамлакатимизни ҳуқуқий, демократик жиҳатдан ривожлантиришнинг асосий принциплари белгиланган. Халқимизнинг асрий орзулари, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган ва кам бўлмайдиган озод ва обод Ватан равнақи тамойиллари, юртимиз фуқароларининг бурч, ҳақ-ҳуқуқ ва манфаатларини ўзида мужассам этган Конституциямиз халқаро ташкилотлар ва экспертлар томонидан эътироф этилганлиги эса мустақил давлатимизнинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузини оширмоқда ва мустаҳкамламоқда. Бир сўз билан айтганда, Бош қомусимиз "Кучли давлатдан - кучли фуқаролик жамиятига ўтиш"нинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.
Барчамизга яхши аёнки, истиқлол йилларида миллий давлатчиликни шакллантиришнинг пухта ҳуқуқий асослари яратилди, давлат хокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд хокимияти тармоқлари ташкил этилди, ижтимоий ва фуқаролик жамияти институтлари фаолияти йўлга қўйилди, иқтисодиётни эркин бозор муносабатларига ўтказиш жараёни амалга оширилди, миллий ва умуминсоний қадриятларимиз, тарихий ва бой маданий меросимиз тикланди. Бир сўз билан айтганда, миллий тикланиш ва тараққиёт йўлидан дадил одимламоқдамиз. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Конституцияси сиёсий партиялар ва жамоат бирлашмалари фаолияти учун мустаҳкам қонуний базага асос солди. Айни пайтда мамлакатимизда 4 та сиёсий партия ва 2 мингдан зиёд жамоат бирлашмалари фаолият кўрсатмоқда. Бош Қомусимизда кафолатланган маънавият сохасидаги муносабатлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш ўринлидир.
Истиқлол даврида халқимизнинг ўтмишига оид кўплаб ҳақиқатлар, миллий қадрият ва анъаналаримиз, шахси, илмий, бадиий ижоди ўз даврида етарли баҳоланмаган улуғ алломаларимиз номи тикланди, унутилаёзган миллий байрамларимиз маънавий мулкимизга айланди. Азиз авлиёларимизнинг қаровсизликдан нураб деярли йўқ бўлиб кетиш арафасига келиб қолган мақбаралари, масжид ва мадрасалар тубдан таъмирланди.
Бош қомусимизда ёшларимизнинг илм олиш ҳуқуқи ҳар томонлама кафолталанганлигини алоҳида қайд этиш ўринли. Конституциямиз асосида 1997 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги қонуни ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига кўра, мамлакатимизда замонавий ўқув ва ишлаб чиқариш ускуналари билан жихозланган касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар, ихтисослашган махсус мактаб-интернатлар, умумтаълим мактаблари, мактабдан ташқари ва мактабгача таълим муасассасаларининг бунёд этилгани, умуман, таълим тизими тубдан ислоҳ қилинганлиги ёшларимизнинг юксак салоҳиятли инсонлар бўлиб камол топишига, Ватанимиз тараққиётини янада юксалишига хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари Бош қомусимиз ҳимоясида ўзаро ҳамжиҳатлик ва тотувликда яшаб меҳнат қилмоқда. Уларнинг ўз тили, миллий анъана ва урф-одатларини давом эттиришлари, Ўзбекистон фуқароси сифатида эмин-эркин яшашлари Бош қомусимиз билан кафолотланган.
Инсон ҳуқуқ ва эркинлкларини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг "Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатлари" деб номланган 10-боби муҳим аҳамиятга эгадир. Чунки, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳаётдаги рўёби, уни ишончли амалга оширилиши мураккаб жараён ҳисобланади. Истиқлолнинг асл моҳияти - инсонни ва унинг ҳаётини улуғлашдир. Бош қомусимизнинг 13-моддасида Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний қадриятларга асосланиши, инсон ва унинг ҳаёти, эркинлиги шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги қатъий белгилаб қўйилган.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Бош қомусимиз - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси дунёда ҳеч кимдан кам эмаслигимизни, тенглар ичра тенглигимизни, келажаги буюк давлат қуришга бел боғлаган бағри кенг, кўп миллатли Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатловчи ҳужжат сифатида бизнинг йўлларимизни чароғон этувчи юлдуздир. Суверен ва демократик давлат қуриш йўлидан қатъий бораётган Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси конституциямиз билан фахрланади. Чунки, у бахтимизнинг қомусидир.
Зулхумор ЖЎРАЕВА,
Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси Марҳамат туман Кенгаши етакчи мутахассиси.
Жорий йил 5 декабрь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Президент сайловининг дастлабки натижаларига бағишланган онлайн тарзидаги тадбири бўлиб ўтди.
Андижон олимпиа захиралари коллежида ташкил этилган ушбу тадбирда ЎзЛиДеп фаоллари, тадбиркорлар ва ишбилармонлар, турли соҳа вакиллари, санъат ва маданият намояндалари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Йиғилганлар Президент сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказига онлайн тарзида боғланиб, сайловнинг дастлабки натижаларини кузатиб борди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг дастлабки натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Миромонович Мирзиёев 15 миллион 906 минг 724 овоз, яъни сайловда иштирок этган сайловчилар умумий сонининг 88,61 фоиз овози билан ғалаба қозонгани ҳақидаги хабар йиғилганлар томонидан қарсаклар билан кутиб олинди.
Тадбирда Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов етакчилигида ўтган 25 йилда мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида беқиёс ўзгаришлар амалга оширилгани, миллий давлатчилигимизнинг мустаҳкам асослари яратилиб, демократик ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамияти шакллантирилгани, бозор иқтисодиёти тамойиллари ривожлантирилганини, бундай кенг кўламли ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.
Видеомулоқотда Андижон вилояти ҳокими Ш. Абдураҳмонов, Хўжаобод туманидаги Бирлашган қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Т. Йўлдошева сўз олиб, вилоятимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнлари юксак савияда ўтганлиги, андижонликлар ушбу муҳим сиёсий жараёнда фаол қатнашганликларини айтиб, Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайлангани билан самимий табрикладилар, Ватан тараққиёти ва халқ манфаати йўлидаги эзгу ишларида муваффақиятлар тиладилар.
Тадбирда она Ватан, мустақиллик, бахт, юртимиздаги тинчлик ва фаровонликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.
У пайтда университетнинг сўнгги курсида ўқирдим. Кичик курсда ўқийдиган Зиёда эс-ҳушимни ўғирлаганди. У ётоқхонада турар, ҳар куни эрталаб ўқишга кетаётганимда, эшигига бир дона қизил атиргул қистириб ўтардим. Атиргулларнинг ҳаммаси деярли бир хилда - чиройли ва муаттар эди. Ҳар тонгда тиқилинч автобусда одамларнинг қарашидан хижолатда кўзимни деразадан узмасликка ҳаракат қилар эканман, атиргулнинг хушбўй ҳиди димоғимга урилар эди. Бир куни ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, гулни эшикка қистирмоқчи бўлганимда, ўша қиз ичкаридан чиқиб қолди.
Тўғриси, ўша пайтда қочиб кетишнинг иложи бўлганда, албатта, бошим оққан томонга қочган бўлардим. Лекин бунинг сира иложи йўқ эди.
- Ўзим, - дея ғўлдирадим.
- Бу гуллар кимга ахир, - деди у бироз зардали, бироз илтижоли овоз билан.
- Наҳотки, билмасангиз, - дедим кўзларим жавдираб. У бошини қуйи эгди. Шунда қайси дугонаси унинг кўнглига шубҳа солди экан, дея ўйлай бошладим. У назаримда, ўша лаҳзаларда ожиз, ўксик ва чорасиз эди.
- Бу гуллар фақат сиз учун, - дедим. Мен ортиқча гапиролмасдим. Чунки юрагимда энг катта сирни очаётгандим. Бу сир шу қадар ардоқли эдики, фақат шу қизнинг ўзигагина, у мендан илтижо қилиб сўрагандагина айтишим мумкин эди. Аммо у хонасига кириб кетар экан, аксинча "Кетинг" дея фармон берди.
Орадан кунлар ўта бошлади. Бир сония бўлсин, ортидан эргашишдан ўзимни тиёлмасдим. У қаерга борса, мен ўша ерда эдим. У ким билан нимани гаплашганини сўраб олар, нимаики истаса, муҳайё қилар, фақат унинг ўзи билан гаплашишга юрагим бетламасди. У гоҳида ғамзали қараб қўяр, гоҳида умуман бепарво эди. Лекин у ҳам мени яхши кўришини ич-ичимдан ҳис қилардим. Гоҳида қиз бола ҳам шу қадар мағрур бўладими, дея ҳайратга тушардим.
Ёзги таътил ҳам бошланди. Ўқишим тугади, қишлоққа жўнадим. У ҳам амалиётни ўташ учун ўз вилоятига кетди. Онам "Мана ўқишинг битди, энди уйлантирайлик", дея маслаҳат солдилар. Зиёдани кўрмаганимга ўн кундан ошгани учун жоним ҳиқилдоғимга келиб турганди. Ойимга "Ўйлаб кўрайлик-чи!?" дедим-да, сафарга отландим.
У жуда олис қишлоқда турар экан. То уйини сўраб боргунимча келганимдан бутун қишлоқ аҳли огоҳ бўлди. Зиёда мени дарвозаси олдида кўриб, эсанкираб қолди. Ичкарига таклиф қилди. Мен бироз овлоқ жойда гаплашиб олармиз, деган умидда таклифига кўнмадим. У кийиниб чиқиш учун уйига кириб кетди. Лекин биз борадиган, одамлар кўзидан пана жойнинг ўзи йўқ эди. Қишлоқ ўртасидан ўтган ариқ кўприги устида учрашадиган бўлдик. Мен айтадиган гапларимни ичимда такрорлаб турардим. Ҳали ўн дақиқа ҳам ўтмай, қишлоқ йигитларидан уч-тўрттаси атрофимни ўраб олди. Улар нима сабабдан, кимнинг олдига келганимдан огоҳ бўлишган эди. Бирпасда ёқалашиб кетдик. Мен ҳозир улар ўнта бўлса ҳам ҳеч нарсадан қўрқмасдим. Менга у қизга рўбаро бўлишдан шу ўнта бола билан уришиш осонроқ эди. Лекин кўп ўтмай, оғзи-бурним қон бўлди. Бу ҳолатда энди ким билан учрашаман, дея баттар жаҳлим чиқиб кетди. Катта-кичик тошларни олиб, аямай ота бошладим. Йигитлар бирма-бир ўзларини четга олишди. Мен шу бўйи, шу ғазабда қизнинг уйига юриб кетдим. Атрофимдагилар орқамдан кела бошладилар. Кимдир гап етказган шекилли, уйдан қизнинг отаси чиқиб келди. Бир қўлимда тош, кўйлагим қон, шимим чанг-тупроққа беланган эди.
- Мен қизингизни олдига келдим, уни яхши кўраман. Унга уйланаман, - дедим дарғазаб.
- Уйга киринг, меҳмон, - деди отаси фарғонача илтифот билан. Мен унинг отасини ғойибдан ҳурмат қилар, у ҳақда кўп яхши гапларни эшитгандим.
Шу пайт ичкаридан Зиёда чиқди. Унинг кўзлари жиққа ёшга тўлганди. Отасининг ёнига келди-да, менга қараб:
- Кетинг, - деди. Бу сўз барча жанжалимизга хотима ясаган эди. Билмадим, ўшанда қандай тилим айланди? Уни қаттиқ сўкиб, ортга бурилдим. Автобусда кела-келгунча йиғлаб келдим. Орадан ўн беш кун ўтиб, ўзим мутлақо билмайдиган қизга уйландим.
Тўйимдан бир кун олдин Зиёданинг дугонаси қоғозга ўроғлиқ "Ўткан кунлар" китобини бериб кетди. Китоб ичидан қуриб, қовжираб кетган бир дона атиргул чиқди. Мен қачонлардир унга совға қилган атиргулни танидим...
Орадан йиллар ўтди. У ўғлининг исмини Аҳмад қўйди. Мен эса қизимга Зиёда деб исм қўйдим. Унинг исмини шу қадар севардимки, бу номдан гўзалроқ, жозибалироқ, айтсам юрак-юрагим зирқираб кетадиган бошқа бирорта исм мен учун йўқ эди.
Орадан йиллар ўтди. Бир куни юрагим оғриб, шифохонага тушдим. Уйдагиларга - умуман ҳаммага сафарга кетдим, деб хасталигимни яширдим. Оғир операцияга киришим керак эди. Бундай оғир синовдан фақат бир ўзим матонат билан ўтишим, атрофимдагилар қийналмаслиги шарт эди.
Шифтга қараб ётарканман, кўзимдан дув-дув ёш оқарди. Наҳотки, энди бари тугаса. Танамдаги азоб бир оғриқ берса, дилимда яна бир оғриқ бор эди: "Наҳотки, бу дунёга келиб, муҳаббат нималигини билмай ўтиб кетсам", дердим.
Шу бўйи бошим тошдай қотиб, ухлаб қолибман. Юзимни кимдир силаётганидан уйғониб кетдим. Кўзим юмуқ, кимнинг қўли эканлигини билолмасдим. Умуман, билишни ҳам истамасдим. Менга яқин одамларни бир-бир кўз олдимдан ўтказа бошладим. Эслаганларимнинг бирортаси ҳам кўзимни очириш учун истак уйғотмасди. Менга ҳеч кимнинг қўли керакмас эди. Балки, қизим келдимикан, дея ичимда бир қувонч ярқ этди. Юзимда ўзгариш рўй бера бошлади.
- Туринг, Аҳмад ака, - деган нотаниш овозни эшитиб, ҳафсалам баттар пир бўлди. Овоз яна хукмфармо равишда янгради:
- Туринг, уйқучи!
Кўзимни очдиму, қаршимда Зиёда турганини кўрдим. Кўзларимга ишонмадим. Унинг ёнида бир болакай ҳам бор эди. Мен ҳайрон бўлиб бошимни кўтардим:
- Ия, сизмисиз?!
- Ҳа, мен. Бу ўғлим Аҳмад.
Биз алламаҳалгача гаплашиб ўтирдик. Мени қандай топиб келганини, ҳаёти қандай кечаётганини суриштирдим. Суҳбатимиз узоқ давом этди. Биз илк бор танишганимиздан то бугунга қадар неча бор кўришиб, неча бор суҳбатлашган бўлсак, ҳаммасини йиғиб келганда, бугунгичалик чиқмасди. Ўн беш йил ўтибгина илк бор бемалол гаплашиб ўтиришимиз эди. У кетар олди сумкасидан битта қуриб қолган атиргул олиб узатди... мен атиргулни танидим. Бу мен қачонлардир унинг эшигига қистириб кетган атиргуллардан эди.
- Сизга жуда кўп атиргул совға қилганман, ҳаммасини бирма-бир олиб келсангиз, ҳаётимнинг охиригача улгурармикинсиз? - дедим ҳазиллашиб.
- Мен улгурмасам, ўғлим Аҳмаджон қизингизга совға қилиб улгурар, - деди у.
- Йўқ, уни сиздан кўра уддабуронроқ қилиб тарбиялаяпман. Сиз билан ҳозирдан таништириб қўяётганим ҳам бежиз эмас, - деди у.
- Илоё, шу кунлар насиб қилсин, - дедим ютиниб. У кетди. Шифохонада анча вақт ётиб чиқдим. Лекин тўлиқ соғайиб кетишимга умид йўқ эди.
У бирма-бир икки бора келтирган иккита атиргулни уйимнинг ҳеч ким билмайдиган жойида сақлаб қўйибман. Мабодо, бир кун ҳаётдан кўз юмсам, уларни бошим устига қўйишади.
Зиёда эса тақдир тақозоси билан фарзандларимиз бир-бирларига кўнгил қўйишса, никоҳ тўйлари куни неча йиллардан буён ўзида сақлаб келаётган атиргулларни уларнинг сандиқларига сеп сифатида қўймоқчи.
ТОШ АСРИ АЁЛЛАРИ - ЭРКАКЛАР БИЛАН ТЕНГМА-ТЕНГ ОВ ҚИЛГАН
(49- сон, 2016 й.) Тарихнинг сирли жумбоқлари
Жамиятда аёлларнинг ўрни беқиёс. Улар ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида эркаклар билан тенгма-тенг меҳнат қилишмоқда.
Аёлларнинг иштирокисиз бирор-бир соҳани тасаввур қилиб бўлмайди. Аммо уларнинг меҳнати ўтмишда, мисол учун, тош асрида қандай бўлган? Улар бола опичлаган, ҳайвон терисига бурканган, ўчоқ ёнидан нари силжимайдиган итоаткор бўлишганми ёхуд эркаклар билан овда баб-баравар қатнашган довюрак эдиларми? Тош асри аёлларининг турмуш тарзига оид бу ва бошқа саволлар кўпдан буён олимларнинг эътиборини ўзига жалб этаётир.
Кейинги йилларда археологлар ибтидоий одамлар яшаган манзилларда тош асрида яратилган кўплаб аёллар акс этган сирли ҳайкалчаларни топишга муваффақ бўлишди. Европа қитъасининг деярли барча қисмидан топилган бу ҳайкалчаларнинг суяк, тош, буғу шохлари ва сополдан ясалганлиги аниқланган. Улардан айримларининг ёши 30 минг йилга тенглиги тахмин қилинмоқда. Тош асри ҳайкалтарошлари аёлларнинг аксариятини дўмбоқ ҳолатда тасвирлашган. Нодир топилмаларни ўрганиш асносида мутахассислар тош асри аёллари ҳақида мутлақо кутилмаган хулосаларга келдилар. Археологларнинг илгариги тасаввурларига кўра, тош асрида эркаклар ов қилишган, аёллар эса ғор ва унгурларда бола боқиб кун кечиришган. Масалага жиддий ёндошган олимлар бу манзара воқеликка унчалик тўғри келмайди, деб ҳисобладилар. Муз асри бўйича йирик мутахассис, АҚШлик олима Ольга Соффер қадимда одамларнинг ҳаёт-мамоти биринчи галда аёлларга боғлиқ бўлган, деган тахминни илгари сурмоқда. Мазкур далил эса узоқ ўтмишда овчилик тўр воситасида олиб борилганлиги билан изоҳланади. Ольга Соффернинг фикрича, тўр тортишда аёллар ва болалар ҳам фаол қатнашганлар. Олима ибтидоий одамлар манзилларидан бирида тўғри чизиқ шаклидаги жуда кўп сопол синиқларига дуч келган. Кейин эса бошқа мутахассислар ёрдамида бундай сопол асбоблар тўр тўқишда ишлатилганлигини аниқлашга муваффақ бўлди.
Юқори палеолит манзилларида сақланиб қолган суяк қолдиқларининг 50 фоизга яқини майда ҳайвонлар: қуён, тулки, турли кемирувчиларга тегишли экани ҳам олимлар томонидан аниқланди. Хуллас, ўша даврда жамият аёллар иштирокидаги овчиликдан катта наф кўрган. Яқин-яқингача қадимги одамлар озуқасининг 90 фоизини гўшт ташкил этган деган асосий фикр мавжуд эди. Эндиликда мутахассислар бу фикрни янглиш ҳисоблашмоқда. Тош қуролларини ўрганаётган олимлар бундай қуроллар орасида илдиз ковлаш учун мўлжалланганлари ҳам борлигини аниқладилар.
Аёллар истеъмол қилиш мумкин бўлган барча илдизларни ердан ковлаб олишган, мевалар, қурт-қумурсқалар йиғишган, балиқ овлашган ва бошқа ҳаётий зарур юмушлар билан машғул бўлишган. Баъзи тахминларга қараганда, истеъмол учун мўлжалланган озуқаларнинг 50-70 фоизи аёллар томонидан тайёрланган. Бундан тош асридаги тирикчиликда аёллар эркакларга қарам бўлишмаган, деган хулоса келиб чиқади.
Тош асрига оид аёллар тасвирланган сирли ҳайкалчалар ҳақида таниқли олима, итальян археологи Маргарита Муссининг таъкидлашича, улардан аёллар етакчилик қилган аллақандай русумларда фойдаланилган. "Аёллар ўзлари яшаган даврнинг маънавий етакчилари бўлишган", дейди олима. Улар ўз овининг бароридан келишига, беморларнинг соғайишига ёрдам берадиган русумларни адо этишган.
Хуллас, сўнгги археологик топилмалар тош асри аёлларининг оилавий турмушдаги ўрни анча юқори бўлганини, улар бола туғиш ва ўстириш билангина чекланмай, балки иқтисодий ва маънавий ҳаётда ҳам фаол қатнашганларидан далолат бермоқда. Археологлар тош асри аёлларининг ижтимоий мавқеини ўрганишни тўхтатишгани йўқ.
Меҳр туйғулар ичида энг гўзалидир. Айниқса, ота-онанинг фарзандига бўлган муҳаббатининг чеки бўлмайди. Яхши тарбия кўрган, меҳрга қонган инсон улғайганда ота-онасига ҳам меҳр кўрсата олади. Бунинг учун, аввало, ота-онанинг ўзи дилбандига меҳр бермоғи, эркаламоғи, ўпиб-суймоғи лозим.
Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан шундай марҳамат қилинади: "Мўмин Аллоҳнинг дўстидир, фарзанди Аллоҳнинг туҳфаси. Кимга Парвардигор Исломда фарзанд берса, уни кўпроқ ўпсин, чунки ҳар бир ўпишига шаҳиднинг савоби бордир. Ҳар бир ўпишига Жаннатда бир уй бордир".
Фарзандларга меҳр ва раҳмдиллик билан қарамоқ зарур. Негаки инсонийлик, оқибат мана шу туйғулар замирида шаклланади, ривож топади. Меҳр билан инсонлар юксалади, камолотга эришади. Меҳрсиз одамлар яхшиликдан қочадилар, бу эса уларнинг роҳат кўрмаслигига сабаб бўлади. бундайлар охиратда ҳам Яратганнинг туҳфаларидан бенасиб қоладилар. Зеро, меҳрсиз меҳр кўрмайди, дея бежиз айтмайдилар.
Ривоят қилинишича, кунларнинг бирида ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) жамоат билан намоз ўқиётган эдилар. Набиралари имом Ҳусайн Расулуллоҳ сажда қилиб турганларида, бўйнига миниб олди. Расулуллоҳ (с.а.в.) саждани узайтирдилар. Сабабини сўраганларида, , ул зот шундай жавоб бердилар: "Неварамнинг завқи бузилмасин деб, саждадан туришга шошилмадим". Расули Акрам (с.а.в.) нинг бу ҳаракатида ибратли жиҳатлар бор: 1. Аллоҳ таолога яқинлик (Яратганга энг яқин пайт саждада турмоқлик). 2. Болага шафқат ва яхшилик. 3. Умматига шафқат ва марҳамат ўргатиш. Зотан, ҳадиси шарифларда боланинг ҳиди жаннат Ҳидидан эканлиги таъкидланади.
Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан марҳамат қилинади: "Агар мўмин киши фарзандлари билан бирга овқатланса, бир қул озод қилганнинг савоби ёзилади ва унинг учун шаҳар барпо этилади, яна Аллоҳ таоло унга номаи аъмолини ўнг томонидан беради".
Меҳрли инсонларнинг диний ўлчовлари ва мезонлари бўйича қадри баланд ва олийдир. Ривоят қилишларича, Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) болаларга меҳр ва шафқат кўрсатмаганларни хуш кўрмас эдилар. Болаларига нисбатан марҳаматли бўлмаганларни қаттиқ қоралардилар. Бир куни ул зоти шарифнинг олдиларига қабиланинг катталаридан бири келди. Бу вақтда Расулуллоҳ (с.а.в.) набираларини ўпиб эркалардилар. Келгувчи одам буни кўриб: "Ё Расулуллоҳ, менинг ўн нафар ўғлим бор. Шу пайтгача ҳеч бирин ўпмаганман", деди. Унга жавобан Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай дедилар: "Аллоҳ таоло сенинг қалбингдан марҳаматни чиқариб юборган бўлса, мен нима ҳам қила олардим? Марҳамат этмаган кишига марҳамат бўлмайди, меҳр кўрсатилмайди". Яна дедилар: "Фарзандларини яхши кўриш дўзахдан пардадир. Улар бирга овқатланиш дўзахдан паноҳ топиш ва уларга икром кўрсатиш жаннатга ўтишга рухсатномадир".
Шундай экан, фарзандларимизга меҳр кўрсатайлик. Меҳр берган меҳрсиз ўтмас деганларидек, меҳримизни дилбандларимиздан дариғ тутмайлик. "Меҳрибонлик уй"ларининг кўплаб очилишига, меҳрга зор болаларнинг кўпайишига йўл қўймайлик. Яратганнинг иродаси билан етим қолган болаларга давлатимизнинг бундай ғамхўрлиги кераклигини инкор этиб бўлмайди, аммо ота-онаси айби билан тирик етимликка маҳкум этилаётган гўдакларнинг меҳрга зор юраклари қақшамасин. Меҳр уруғи ўрнига қаҳр уруғи унмасин.
Oнaжoним, Сизни ҳaққин-гизгa қaнчa илиқ сўзлар айтсам ҳам камлик қилади. Axир, сиз эмaсми, мени шу дaрaжагa еткaзгaн. Axир, сиз эмaсми, мен учун рўё бўлгaн дунёлaрдaн бу дунёгa келтиргaн.
Шоирлик касб эмас, бу кўнгил иши. Шу боис ҳам шеъриятга бўлган иштиёқ ҳеч қачон сўнмайди ва бу ҳеч бир мажбуриятсиз қўлга қалам тутиб ёзишга ундайверади.
Вилоятимизда эса бу каби иштиёқмандлар талайгина. Асакалик ёш ижодкор Шоҳсанам Эргашева ҳам болалик пайтиданоқ шеърлар машқ қила бошлаган. Унинг ижодий намуналари матбуот нашрларида чоп этиб келинмоқда. Ш. Эргашева бугунги кунда вилоят ҳамда республика кўрик-танловларида иштирок этиб, маҳоратини синовдан ўтказмоқда. Яқинда унинг мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишланган "Мен буюк юрт фарзандиман!" номли шеърий тўплами "Истиқлол нури" нашриётида нашрдан чиқди. Ушбу мўъжаз китобга Ватан, ота-она, дўстлик, меҳр-оқибат, севги-муҳаббат ҳақидаги шеърлари киритилган бўлиб, "Нурли заминлар", "Ватан сени улуғлашга сўзим етмас", "Самарқанд", "Бардош", "Ўзбекчилик" каби шеърларини алоҳида таъкидлаш жоиз. Тўпламдаги шеърий сатрлар содда ва самимийлиги билан ажралиб туради, ўқувчини фикрлашга, мулоҳаза юритишга ундайди.
Ижодкор изланишдан, ўқиб-ўрганишдан чарчамасагина унинг ёзган нарсалари янада сайқалланиб бораверади. Шоҳсанам Эргашева ҳам ушбу сўзларга амал қилган ҳолда, ижод йўлида изланиб, интилиб боришига ҳақиқий ижодкор бўлиб етишишига ишонамиз.
Ш.Эргашеванинг "Мен буюк юрт фарзандиман!" номли китоби ҳам шеърият мухлисларига манзур бўлади, деб умид қиламиз.